Жума 29 Март 2024 | 19 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Аёл ва унинг жамият устиворлигидаги ўрни (2)

5460 марта кўрилган

Тўртинчи: Аёлнинг мусулмон жамиятини бунёд этишдаги роли

Мусулмон аёл мусулмон жамияти биносидаги энг биринчи устундир. Чунки, бу жамият оила биноси устига қурилади. Оила биноси эса жамият вужудидаги, балки бутун уммат вужудидаги энг муҳим бинодир. Мен одамлардан ажабланаманки, лой ва ғиштдан қуриладиган бино қурилишига қаттиқ эътибор беришади, у учун муносиб жой ва бинонинг пишиқ-пухталиги гарови бўлган яхши материаллар танлашади. Бироқ, эру-хотин, ўғил ва қизлардан ташкил топувчи оила биносига у қадар аҳамият қаратишмайди. Ҳолбуки, ғиштлардан қуриладиган бино фақат шу дунё саодатига тааллуқли, оила биноси эса дунё ва охират саодатига тааллуқлидир.

Ҳа, дўстларим, мусулмон хонадони ушбу ақида қалъаларидан бир қалъадир. Мусулмон отанинг ўзи бу қалъани омон сақлашга асло кифоя қилмайди, балки бу қалъанинг омонлиги учун болаларини Китобу Суннат асосида тарбия қиладиган она ҳам зарурдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Аёл киши эрининг уйида роъия (раҳбар) ва у ўз раиятидан масъулдир» (Бухорий: 13/100, Муслим: 18/29).

Она покиза тарбиянинг энг биринчи манбаидир, фотиҳ қўмондонларни, амалли уламоларни, содиқ даъват соҳибларини у етиштириб беради.

Аллоҳга қасам, яна Аллоҳга қасамки, биз дунёни ахлоқсиз ва енгилтак оналаримиз билан фатҳ қилмадик, балки биз дунёни покиза, диндор, олима, мужоҳида, сабрли, (эрларининг мол-мулкларини ва ўз иффатларини) сақловчи, тавба қилувчи ва ибодатли оналаримиз билан фатҳ этганмиз.

Ҳозир мен сизларга биз мусулмонлар барча замон ва маконларда фахр-ифтихор этадиган нуроний намуналардан айримларини ҳавола этмоқчиман. Суҳбатимизнинг бешинчи моддаси шу ҳақдадир.

Бешинчи: Олий намуналар ва покиза ўрнаклар

Ҳеч муболағасиз, мана шу мавзунинг бир ўзи ҳам қайта-қайта, бир неча суҳбатлар қилишга арзийди. Бироқ, мен бу ерда бир неча мисоллар келтириш билан чекланаман.

Келинг, бир неча дақиқаларимизни энг покиза ўрнак, аёллар оламидаги энг олий намуна билан, вафо рамзи, пайғамбарлар саййидининг жуфти, жоҳилиятда ҳам, Исломда ҳам тоҳира бўлган, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни энг биринчи бўлиб тасдиқ этган аёл ва у зотнинг илк завжалари бўлган, ер юзида илк бор Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга намоз ўқиган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга биринчи бўлиб фарзандлар ҳадя этган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан биринчи бўлиб жаннат хушхабарини эшитган, Қуръонни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейинги биринчи тингловчиси бўлган, биринчи бўлиб Жибрил воситаларида унга Парвардигор таолонинг саломи тушган, раҳм-шафқат дарёси, меҳр-мурувват чашмаси, иззат асоси ва иймон қалъаси бўлган зот билан – муҳтарама онамиз Хадижа розияллоҳу анҳо билан бирга ўтказайлик.

Аллоҳга қасам, яна Аллоҳга қасамки, ушбу мустаҳкам иймон қалъаси, ўз молини, қалбини ва ақлини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бахш этган бу мухлиса ва вафодор аёл тавсифига муносиб сўз топиш жуда мушкул!! Одамлар инкор қилиб турган пайтда у зотга иймон келтирган, одамлар ёлғончига чиқариб турган пайтда у зотни тасдиқлаган, одамлар маҳрум қилиб турган пайтда моли билан ёрдам кўрсатган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан энг катта мақтовга сазовор бўлган эдилар бу муҳтарама зот!

Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Сийрат ва тарих китобларини варақлаб кўрсак, Хадижа бинт Хувайлид онамиздек ўз турмуш ўртоқлари ёнида садоқат ва бардош билан турган бирон аёлни топиш мумкин эмас!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳиро ғорида эканлар, биринчи бор Жибрил алайҳиссалом у зот ҳузурларига тушганларидаги ҳолатни эсга олинг. Ўшанда Жибрил у зотни қаттиқ қисиб: «Ўқи!» деб амр этган, у зот: «Мен ўқий олмайман» деб жавоб берган эдилар.

Ўша куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўрқувдан юраклари қалтираб, вафодор аёллари Хадижа ҳузурига кириб келиб: «Мени ўраб қўйинглар, мени ўраб қўйинглар!», дедилар. Шунда онамиз у зотни ўраб қўйдилар. Қўрқувлари бироз аригач, бўлган воқеани айтиб бердилар ва: «Ўз жонимга хавф қилиб қолдим, эй Хадижа», дедилар.

Шунда онамиз: «Йўқ, Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сизни ҳаргиз хорлаб қўймас. Зеро, сиз қариндош-уруғлар билан борди-келди қиласиз, етим-есирларни қўллайсиз, қашшоқларни фойдалантирасиз, келган меҳмонни чиройли кузатасиз, мусибатдорларга ёрдам қўлини узатасиз», дедилар.. Аллоҳу акбар.. Ҳа, бу фақат Хадижага муносиб сўзлардир!

Шунинг ўзи билангина кифояланмадилар. Балки, Хадижа у зотни ўзларининг амакиваччалари Варақа ибн Навфал ҳузурига олиб бордилар. У жоҳилиятда насроний динини қабул қилган, ибронийча хат-саводи бор одам бўлиб, Инжилдан Аллоҳ хоҳлаганича ибронийда кўчириб ёзар эди. Хадижа унга: «Эй амакимнинг ўғли, биродарингизнинг ўғлига бир қулоқ солинг» дедилар. Варақа: «Эй жияним, нималар кўраяпсиз?» деб сўради. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга ўзлари кўрган нарсаларни айтиб бердилар. Варақа: «Бу Аллоҳ Мусога нозил қилган Номус (Жаброил фаришта)дир, мен сизнинг ушбу умматга пайғамбар бўлишингизни умид қиламан», деди.

Шундан сўнг Аллоҳ таоло: «Эй (либосларига) бурканиб олган зот, туринг-да, (инсонларни охират азобидан) огоҳлантиринг!» (Муддассир: 1, 2) оятларини нозил қилди.

Шу билан Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар бўлдилар. У зотга иймон келтириш мусобақаси майдонида Хадижа онамиз жумҳур уламолар сўзларига кўра, биринчи ўринни эгалладилар, на биронта эркак, на биронта аёл у зотдан ўтиб кетолмади.

Ўша кундан эътиборан онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни даъватни етказишларида қўллаб-қувватлаш, ёрдам кўрсатиш ва мушрикларнинг озору азиятларига саботли бўлишга чорлашдек янги улкан вазифани бажаришга киришдилар, у зотга ўз ақллари, моллари, фикрлари, нафслари ва вақтларини бахш этдилар, Исломнинг илк нурлари онамизнинг муборак уйларидан таралиб, бутун оламга ёйилди.

Шундан сўнг Макка аҳли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан адоват ва озорларини кучайтириб юборди, Қурайш залолат ва туғёнга чўмди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қавмлари бўлмиш Бану Ҳошимни тўла уч йил иқтисодий қамалга олди. Ана шунча қамал даврида покиза ва собира жуфтлари Хадижа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларида елкама-елка туриб, бутун молларини сарфлаб, у зотни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб, келаётган озорларни кўтаришда теппа-тенг шерик бўлиб, сабр қилиб, рози бўлиб, савоб умидида турдилар, онамизнинг бу қадар фидокорликларидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг у зотга бўлган муҳаббатлари ва у зотни қадрлашлари яна ҳам ортди. Қамал тугаганидан сўнг кўп ўтмай онамиз Парвардигорларининг чорловига лаббай деб, розия ва марзийя бўлган ҳолда, халқлар саййиди тарафидан жаннатларда ва жаннатлардаги дарёлар устида Қодир Подшоҳ ҳузуридаги рози бўлинган ўринда бўлиш хабари билан хушхабарланган ҳолда дунёдан ўтдилар.

Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Яна бир гўзал ўрнак ва олий намуна соҳибаси содиқ ва собир мужоҳид аёл Асмо бинт Абу Бакр розияллоҳу анҳумо бўлиб, улар ҳам фидокорликнинг энг гўзал намунасини кўрсатган эдилар.

Асмо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (ҳижратга) чиқиб, Абу Бакр ҳам у зот билан бирга чиқиб, ҳамма молини олиб кетганидан сўнг бобом Абу Қуҳофа бизникига кирди, унинг кўзи ожиз бўлиб қолганди. У деди: «Аллоҳга қасамки, ўйлашимча у (яъни Абу Бакр) сизларни ҳам жонидан, ҳам молидан маҳрум қилган бўлса керак». Шунда мен дедим: «Йўқ, эй отажон! У бизга кўп яхшилик (яъни мол) қолдириб кетди». Кейин кўмир парчаларини териб, отам молини қўядиган жойга қўйдим ва устига кийимимни ташлаб, унинг қўлидан ушлаб: «Эй отажон, мана бу мол устига қўлингизни қўйинг», дедим. У қўлини қўйди, сўнг: «Ёмон эмас, агар у сизларга буни қолдириб кетган бўлса, яхши иш қилибди», деди».

Асмо айтадилар: «Йўқ, Аллоҳга қасамки, отам бизга ҳеч нарса қолдириб кетмаган эди, лекин мен бу билан қарияни тинчлантиришни истаган эдим» (Ибн Исҳоқ, Аҳмад саҳиҳ санад билан ривоят қилганлар).

Ҳа, ажабга ўрин йўқ! Зотан, Асмо Ислом тарбияхонасида тарбия кўрган, уни Сиддиқ розияллоҳу анҳу Қуръон ва Суннат устида тарбия қилган эдилар!

Яна бир гўзал намуна соҳибаси ҳақида эшитинг..

У қози Шурайҳ ибн Шураҳбийлнинг аёли Умома бинт Ҳорисдир.

Бир куни қози Шурайҳ Шаъбий билан учрашиб қолибди..

Шурайҳни яхши билсангизлар керак деб ўйлайман. У Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу томонидан Кўфа қозилигига тайинланган ва олтмиш йил шу вазифада турган, адолати ва ростгўйлиги билан зарбул-масалга айланган Шурайҳ ибн Шароҳийл ёки Шураҳбийлдир.

Шаъбий эса улуғ тобиий, ўз асрининг алломаси бўлиб, ҳижрий йигирма саккизинчи йилда таваллуд топган. У ҳақда Саид ибн Зайд Макҳулдан шундай ривоят қилади: «Шаъбийдан кўра олимроқ кишини кўрмадим».

Хуллас, бир куни қози Шурайҳ Шаъбий билан учрашиб қолади ва Шаъбий Шурайҳдан уйидаги аҳволидан сўрайди.

Шурайҳ: «Йигирма йилдан бери аҳлимдан биронта ҳам ғазаблантирадиган нарсани кўрмадим», деб жавоб беради.

«Қандай қилиб?», сўрайди Шаъбий.

Шурайҳ шундай жавоб беради:

«Аёлим ҳузуримга кириб келган биринчи кечада унинг мафтункор гўзал ва соҳибжамол эканини кўрдим. Ичимда айтдимки, Аллоҳ азза ва жаллага икки ракъат намоз ўқийман.

Намозимдан салом бериб, кўрдимки, у ҳам менинг намозимни ўқиб, мен билан бирга салом бериб турибди.

Уй ёру дўстлардан холи қолгач, мен унга қўл узатдим. Шунда у: «Ўрнингиздан қимирламай туринг, эй Абу Умайя», деди. Сўнг сўз бошлади:

«Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Мен Унга ҳамд айтаман ва Ундан ёрдам сўрайман, Муҳаммадга ва у зотнинг аҳли ва асҳобига саловотлар айтаман. Ва баъд... Мен сизнинг хулқ-атворингиздан бехабар, (хонадонингизга) бегона аёлман. Менга ўзингиз яхши кўрадиган нарсаларни айтиб беринг, мен ўша ишларни қилай ва менга ўзингиз ёқтирмайдиган нарсаларни айтиб беринг, мен уларни тарк қилай»..

Кейин деди: «Дарҳақиқат, ўз қавмингиз ичида ҳам сизга муносиб аёл бор эди, менинг қавмимда ҳам менга муносиб эркак бор эди. Аммо, Аллоҳ бир ишни тақдир қилган бўлса, у албатта бўлади. Сиз (менга) эга бўлдингиз, энди Аллоҳ сизга буюрганидек иш қилинг, ё яхшилик билан олиб қолинг, ё эса чиройли суратда ажрашинг. Бу сўзимни айтарканман, ўзим учун ва сиз учун Аллоҳга истиғфор айтаман».

Ё Аллоҳ!! Қани, қай биримиз никоҳ кечамизда шу каби сўзларни эшитган?!..

Шурайҳ айтади: «Аллоҳга қасамки, эй Шаъбий, у менга шу мавзуда хутба қилиш мажбуриятини юклаб қўйди. Шундан сўнг мен дедим: «Аллоҳга ҳамд айтаман ва Ундан ёрдам сўрайман, Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига саловотлар айтаман. Ва баъд... Сиз шундай гапларни айтдингизки, агар шунда собит турсангиз, бу ўзингизнинг фойдангиз бўлади, агар қуруқ даъво қилаётган бўлсангиз, бу ўзингизга қарши ҳужжат бўлади. Албатта, мен фалон-фалон нарсаларни ёқтираман ва фалон-фалон нарсаларни ёқтирмайман. Қандайки бир яхшиликни кўрсангиз, уни ошкор қилинг, қандай бир ёмонлик кўрсангиз, уни яширинг».

«Қариндошларимнинг зиёратига қандай қарайсиз?», сўради у.

«Улар мени малоллантириб қўйишларни истамайман», дедим.

«Қўни-қўшниларингиздан кимлар ҳовлингизга бемалол киришини истайсиз, токи мен уларга изн берай ва кимларни ёқтирмайсиз, токи мен ҳам уларни ёқтирмай?», деб сўради.

«Фалончилар яхши одамлар, фалончилар эса ёмон одамлар», дедим.

Шурайҳ айтади: «Ўша кечани у билан чиройли ўтказдим. Йигирма йилки, у мен билан бирга яшаб келади. Шунча вақтдан бери мен унинг биронта ҳам ишини айбли санамадим, фақат бир марта уни итоб қилдим, шунда ҳам айб ўзимда эди».

Олтинчи: Табрик ва хушхабар

Мен Ислом қизига, иззат, шараф ва ҳаё пойдеворига, авлодлар бунёдкори ва мардлар тарбиячисига, асрлар мобайнида ибо ва ҳаё тахтида қўр тўккан, бир қўлида бешик тебратиб, иккинчи қўлида куфрнинг тахтларини ларзага солган, йиртқич ҳужумлар қаршисида метиндек тура олган, очиқ-сочиқликка чақирувчиларга ҳижобини маҳкам тутиш билан тик қарай олган, ботил ва ёлғонлар тўфони қаршисида қилт этмай тура олган мустаҳкам қалъага, Парвардигорининг Китобини бағрига маҳкам босган ва Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг байроқларини баланд кўтарган муслима синглимга табрик ва хушхабар йўллайман.

Эй тоза дур, эй садаф ичра яширин покиза гавҳар!

Бугун сен бошдан ўтказиб турганинг иккинчи ғариблик замонида мен сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан айтилган табрик ва хушхабарни етказмоқчиман. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда у зот шундай марҳамат қилганлар: «Ислом ғариб бўлиб бошланган ва қандай бошланган бўлса, ўшандай ғарибликка қайтади, ғарибларга жаннат бўлсин!».

Сенга табрикларимиз бўлсин эй Ислом қизи ва ҳижоб соҳибаси!

Шеър мазмуни:

Эй кечаги кунгача асралган дурру гавҳар,
Бугун сени эрмакка айлантириш истарлар.
Эй ҳур сингилжон, сени чўри қилмоқ исташар,
Ақлинг-у насабингдан айри қилмоқ исташар.
Тенг бўлурми Набийни ўзига муршид билган,
Бораётган кимсага Абу Лаҳаб изидан?!
Баробарми Заҳрони намуна деб кўрганлар,
Умму Жамил изин ё кўзларига сурганлар?!
Парво қилмагил синглим, шубҳалар бари абас,
Сен энг олий шариат ва дин узрадирсан, бас!
Сўргил: Кимман, аҳлим ким, нечук наслу-насабим?
Ғарбми менинг отам ё Исломми қиблагоҳим?
Дўстим ким, душманим ким, кимгадир ибодатим?
Аллоҳгами ё осий тоғутга итоатим?
Шу икки йўл бор фақат, синглим, йўқдир бошқа йўл,
Бас, истасанг жаннати, истасанг дўзахи бўл!
Раббинг йўли Исломдир, манҳажи эрур Қуръон,
У Аллоҳнинг нуридир, зиё сочар нурафшон.
Бас, Исломни маҳкам тут ва нафсингни юксалтир,
Фожирларнинг лой-балчиқ йўлларидан узоқ юр.
Ҳаё-номусинг асра, асло хорлама танинг,
Аллоҳ учун сабр қил, жаннат сенинг ватанинг.

Улуғ Парвардигоримиз Аллоҳ таолодан бутун башариятни Исломга чиройли суратда қайтаришини, Исломнинг нусрати ва муваҳҳидларнинг иззати билан кўзларимизни қувончга тўлдиришини сўраймиз.

2010 йил 20-июн