Шанба 27 Апрель 2024 | 18 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Ростгўйлик, содиқлик

3101 марта кўрилган

Эй ўғлим, агар сен дўстингдан янги олган кийимининг нархини сўрасанг ва у сенга сотиб олган нархини тўғри айтса, у тўғри сўздир. Агар унинг нарҳига озгина бўлса ҳам қўшиб айтса, у ёлғончидир. Агар сенга бир дўстинг ваъда қилиб ваъдасида қатъий турса, у ваъдасига содиқдир. Агар ваъдасида қатъий турмаса, у ёлғончидир. Агар устоз бир ўқувчига уйда масала ечиб келишни топширса, у дангасалик қилиб бошқа ўқувчининг дафтаридан масала ечимини кўчириб олса ва устозига масалани ўзим ечдим, деса у ёлғончидир.

Агар мактаб директори бир ўқувчини гувоҳлик бериш учун чақирса ва у ўзининг энг қадрдон дўстининг зиёнига бўлса ҳам ҳақни айтса, у тўғри сўздир. Агар гувоҳлик беришда бирон нарсани қўшса ёки камайтирса у ёлғончидир.

Мана шу мисоллардан кўраяпсанки эй ўғлим, тўғрилик - сўз ёки амалнинг ҳақиқатга тўғри келишидир. Сен мактабга бормаслик учун ёлғондан ўзингни касал қилиб кўрсатишинг ёки билмайдиган нарсанг ҳақида хабар беришинг ёки ёлғон гапираётганини била туриб бировни ёлғон гапиришига индамай қараб туришинг буларнинг барчаси ёлғончиликдир.

Тўғри сўзлаш фойдаларидан: инсон одамларнинг муҳаббатини ва ишончини қозониши. Шунинг учун ростгўй ўқувчини ота-онаси ҳам, устозлари ҳам яхши кўрадилар. Одамлар ростгўй тижоратчи билан олди-сотди қилишни афзал кўрадилар. Тўғрисўз хунарманднинг олдига борадилар ва унинг номи машҳур бўлиб кетади. Агар ростгўйлик бўлмаганда халқларнинг аҳволи бузилиб кетиб, тарих, жўғрофия ва шунга ўхшаш китобларда етиб келган хабарларга одамларнинг ишончи йўқолган бўлар эди. Ростгўйлик инсонни омонат, очиқлик ва ваъдага вафо қилиш каби кўп фазилатлар билан сифатланишга чақиради.

Аллоҳ таоло айтади:

“Эй иймон келтирган кишилар, Аллоҳдан тақво қилинглар ва солиҳлардан-тўғри сўзловчилардан бўлинглар.”

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

"Мунофиқнинг аломати учта: агар гапирса ёлғон, гапиради, ваъда қилса, ваъдасида турмайди ва унга омонат қўйилса, хиёнат қилади".

Ҳикоя

Искандария шаҳрида болалар чўмилиш учун денгизга тушдилар. Ва ўзлари билан олиб келган коптокни сувда ўйнай бошладилар. Улар коптокни сувга отиб, орқасидан сузиб мусобақа ўйнардилар. Тўсатдан улардан бири чарчаб қолиб “қутқаринг, чўкаяпман!” деди. Улар уни қутқариш учун бир-бирлари билан мусобақалашиб келганларида у кулиб:

- Мен сизларни масхара қилаётган эдим. Мен моҳир сузувчиман. Сизларнинг ичингизда сузишда менга бас келадигани йўқ,- деди.

Иккинчи куни ҳам одатларига кўра сувда копток ўйнадилар. Улар ўйнаётганларида кечаги дўстларининг “қутқаринглар, чўкаяпман!” деб бақираётганини эшитдилар. Болалар у ўтган куни қилганидек, бугун ҳам бизни масхара қиляпти деб ўйлаб, унинг сўзига парво қилмадилар. Натижада у сувга чўкиб, ўз ёлғонининг қурбони бўлган ҳолида ўлди.