Пайшанба 28 Март 2024 | 18 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Омонат

2997 марта кўрилган

Эй ўғлон, агар сен мактаб ховлисидан бирон нарса топиб олсанг, у сенинг қўлингдаги омонатдир. У сенинг мулкинг эмас. Агар сен эгасини қидириб топиб, унга нарсасини қайтариб бериш учун мактаб директорини олдига борсанг, сен “амин” – яъни омонатга вафодор инсон бўласан. Сени мактаб директори, устозлар, ўқувчилар яхши кўрадилар. Ва сени амин – омонатли деб атайдилар. Худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёшликларида амин - омонатдор деб номланганлари каби. Агар сен эгасини қидирмасдан уни ўзингники қилиб олсанг, сен хоин бўласан. Эҳтимол эгаси тасодифан уни сенда кўриб қолиб, сени ундан ўғирлаб олган деб ўйлар ва одамларнинг орасида сени хоин - ўғри деб гап тарқатар. Мана бунда сенинг келажагинг ва шарафингга катта зарар бўлади.

Агар бирон инсон мол, зеб-зийнат ёки китоблар каби бирон нарсани сенга омонатга қўйса, у нарса сенинг бўйнингда омонат ҳисобланади. Агар сен уни эҳтиёт қилиб, соғ-саломат сақлаб берсанг, сен ишончга сазовор бўласан. Агар сен ундан бирон нарсани камайтирсанг ёки унинг бирон ерига нуқсон етказсанг ёки эгасининг рухсатисиз уни ўзингга хос фойдага ишлатсанг ёки уни сўраб келса, сен уни инкор этсанг, сен одамларнинг орасида хиёнат қилувчи деб таниласан ва ҳеч ким сенга бирон нарсани омонатга қўймайди.

Агар бир киши сенга ўз сирини омонат деб айтса ва сен уни ҳеч кимга айтмасдан сир сақласанг, сен сирларни сир сақловчи омонатли одам бўласан. Агар сен ўша сирни одамлар орасида фош қилиб юборсанг, сен сир сақлай олмайдиган-сир эгасига хиёнат қилган одам бўласан.

Агар бир тижоратчини тарозидан урмасдан бирон нарса камайтирмай бераётганлигини кўрсанг, билгинки у омонатга вафодор тижоратчидир. Ҳамма одам уни яхши кўриб унинг олдига келадилар ва унинг номи шаҳарда машҳур бўлади. Агар бошқа тижоратчини тарозидан уриб қолаётганини кўрсанг, билгинки у хоиндир. Албатта одамлар унинг бу қилмишини билиб у билан олди-сотди қилмай қўядилар. Натижада унинг моли касод бўлиб, унга одамларнинг ишончи ва муҳаббати йўқолади.

Эй ўғлим, омонат бу одамлар ҳуқуқини ҳимоя этишдир. У кўп ишларни ўз ичига олади: улар жумласидан вожиб амалларни бажариш, сенга топширилган ишларни эгалари йўқлигида пухта қилиб қилишинг, қўшни қўшнисининг сирини сир сақлаши, доктор касалларнинг сирини сир сақлаши, инсон билмайдиган нарсаси ҳақида сўралчса, билмайман дейишлиги, тижоратчи яхши мол баҳосида пул олганида ёмон мол сотмаслиги ва агар сотиб олувчи ёши кичкина бўлса ёки нархни билмаса, молларнинг нарҳини кўпайтирмаслиги.

Омонатдор деб сифатланишнинг фойдаларидан:

Одамлар омонатдор одамга ишонадилар. Уни ҳурмат қиладилар ва у билан олди-сотди қилишни яхши кўрадилар. Шунинг учун ўз кийимлари ва озуқаларини омонат билан танилган тижоратчилардан сотиб олиб, хоин-ёлғончи тижоратчилардан ҳеч нарса сотиб олмайдилар. Натижада уларнинг насибаси камбағаллик ва ҳаётда муваффақиятсизлик бўлади.

Аллоҳ таоло айтади:

“Аллоҳ сизларни эгаларига омонатларни адо этишларингни буюради.”

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

"Сенга омонат топширган кишига омонатни адо эт ва сенга хиёнат қилган кишига хиёнат қилма!"

Ҳикоя

Бир камбағал одам бойларнинг биридан садақа сўради. Бой унга бир чақа бермоқчи бўлиб, сезмаган ҳолда чўнтагидан бир тилла танга чиқариб унга берди. Бу камбағал омонатга вафодор одам эди. Шунинг учун бойнинг орқасидан югуриб бориб унга деди:

- Эй ҳожам, сиз менга тилла танга бердингиз, эҳтимол бу янглиш бўлгандир.

Бой бу камбағал кишининг омонатдорлигидан ҳайратланиб, чўнтагидан бошқа бир тилла тангани чиқарди ва унга деди:

- Омонатдорлигинг ва тўғри сўзлигинг мукофоти учун мана бу тилла тангани ҳам ол!