Якшанба 5 Май 2024 | 26 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Мусо алайҳиссалом қиссаси (3)

3483 марта кўрилган

18. Яна Миср сари.

Мусо келишилган муддатни ўтаб бўлгач, аҳли оиласи билан Миср томон йўлга тушди.

Қизнинг отаси билан хайр-хўшлашдилар. Чол уларни кузатиб қолди:

- Аллоҳ паноҳида асрасин, эй болаларим! Сафарингиз бехатар бўлсин.

Қоп-қоронғу, совуқ бир кечада Мусо аҳли оиласи билан йўлда борарди.

Саҳрода милт этган олов кўринмасди. Улар йўлни ёритишга, исинишга олов топа олмасалар нима қиладилар?.

Мусо баногоҳ Тур тоғи тарафда бир ёлқинни кўриб қолди.

«У аҳли оиласига: «Сизлар кутиб туринглар. Аниқки мен бир оловни кўриб қолдим. Шояд сизларга бирон хабар ёки исиниб олишларингиз учун у оловдан чўғ олиб келсам», деди».

Мусо узоқда кўринаётган олов томон кетди.

«Энди қачонки унинг олдига етиб келгач у муборак жойдаги водийнинг ўнг тарафидан - дарахтдан унга нидо қилинди: «Эй Мусо, албатта, Мен барча оламларнинг Парвардигори Аллоҳдирман».

«Мен сени (Пайғамбарликка) танладим. Бас, (ўзингга) юбориладиган ваҳийга қулоқ тут: Дарҳақиқат Мен Аллоҳдирман. (Ҳеч қандай) илоҳ йўқ, фақат Мен илоҳдирман. Бас, сен Менгагина ибодат қил ва Мени зикр қилиш учун намозни тўкис адо қил! Токи ҳар бир жон қиладиган саъй-ҳаракати сабабли жазоланиши учун (қиёмат) соати албатта келгувчидир».

Мусо алайҳис-саломнинг қўлида асо бор эди, Аллоҳ таоло деди:

- «Ана у - қўлингдаги нарса нимадир. Эй Мусо?».

Мусо алайҳис-салом соддадиллик билан «У асойим (ҳассам)» деди.

Сўнг у Аллоҳ таоло билан иложи борича узоқроқ суҳбатлашмоқ ниятида асонинг фойдалари ҳақида батафсил гапириб кетди:

«У асойим. Унга таянурман ва у билан қўйларимга барг қоқиб берурман. Яна унда бошқа ишларим ҳам бор».

«(Аллоҳ) айтди: «Уни ерга ташлагин, Эй Мусо. Бас, (Мусо) уни ташлаган эди, баногоҳ у юрадиган-жонли илон бўлиб қолди. (Аллоҳ) деди: «Уни ушла! қўрқмагин, Биз уни аввалги ҳолига қайтарурмиз». Аллоҳ таоло Мусо алайҳис-саломга яна бир оят-аломат берди: «Қўлингни қанотинг-қўлтиғингга тиққин, у ҳеч қандай зиён-заҳматсиз оппоқ-нурли бўлиб чиқур. Бу иккинчи мўъжиза (бўлур)».

19. Сен Фиръавн олдига боргин! Дарҳақиқат у ҳаддидан ошди

Шундан сўнг Аллоҳ таоло Мусо алайҳис-саломга ишга киришишни амр қилди. Аслида, Мусо мана шу иш учун яратилган эди.

Фиръавн Ер юзида ҳаддидан ошиб, туғёнга тушди, бузғунчилик қилди.

Унинг қавми Аллоҳга куфр келтирди. Улар ҳам ерда бузғунчилик билан машҳур эдилар.

Аллоҳ таоло эса бандаларига куфрни хоҳламайди. Пок Парвардигор Ер юзида бузғунчиликнинг ёйилишига рози бўлмайди.

Аллоҳ таоло Мусога Фиръавн ва унинг қавми олдига боришни буюрди.

«Албатта улар фосиқ қавм бўлган эдилар».

Лекин Мусо қандай қилиб улар олдига бора олади?!

Қандай қилиб у золимга рўбарў бўлади?! Ахир Мусо кечагина бир қибтийни ўлдириб қўймаганмиди?!

Мисрдан қўрқа-писа яширинча чиқиб кетмаганмиди?!.

Фиръавн жаллодлари ҳам, қаср аҳли ҳам уни яхши танийди-ку?!.

«(Мусо) деди: Парвардигорим! албатта мен улардан бир жонни ўлдириб қўйганман. Бас, (энди) мени ўлдиришларидан қўрқаман».

Мусо тилининг дудуқлигидан Парвардигорига шикоят қилди.

«(Мусо) деди: «Парвардигорим, қалбимни кенг қилгин; ишимни осон қилгин; тилимдан тугунни-дудуқликни ечиб юборгин. (Токи) улар сўзимни англасинлар. Менга ўз аҳлим-уруғимдан бўлган Ҳорун оғамни вазир қилгин. У билан белимни маҳкам қилгин. Ва уни ишимда (яъни пайғамбарлик ишида) шерик қилгин».

«Парвардигорим, мен улардан бир жонни ўлдириб қўйганман. Бас, улар мени ўлдиришларидан қўрқаман».

«(Аллоҳ) деди: «Қўрқманглар. Шак-шубҳасиз мен сизлар билан биргаман, эшитиб, кўриб тураман».

«Бас, сизлар унинг олдига бориб; биз Парвардигорнинг элчиларидирмиз. Сен Бану Исроил (қавмини) биз билан бирга қўйиб юборгин, уларни азобламагин» деб айтинг.

Аллоҳ таоло Мусо ва Ҳорунга Фиръавн билан юмшоқ муомалада бўлишни буюрди:

«Бас унга юмшоқ сўз сўзланглар! Шояд панд-насиҳат олса ёки (Менинг қаҳримдан қўрқса)».

Аллоҳ таоло ҳатто Фиръавндек ҳақ душманлари билан ҳам маълум чегарада туриб мулойим муомалада бўлишни хуш кўради.

20. Фиръавн ҳузурида

Мусо ва Ҳорун Фиръавн олдига келдилар. Сарой аъёнлари даврасида уни ҳаққа даъват қилдилар.

Мусо алайҳис-саломнинг бу журъатини кўриб мутаккабир Фиръавн ғоят дарғазаб бўлди.

- Эй бола! Сен ким бўлибсанки, менинг мажлисимда туриб менга ақл ўргатасан?! Сен дарёда оқиб келган ўша гўдак эмасмисан?! Биз сени сувдан қутқариб олиб тарбия қилдик, едирдик, ичирдик. Орамизда анча вақт яшадинг. Сўнг бир кишимизни ўлдириб бизга куфрони неъмат қилдинг.

Мусо ғазабланмади.

Мусо ёлғон гапирмади.

Мусо тонмади.

Мусо ҳар-хил узр-баҳоналар келтирмади.

Мусо қўрқмасдан, яширмасдан, виқорли туриб деди:

- Ҳа. Мен адашганлардан бўлиб мана шу ишни қилиб қўйдим. Сўнг сизлардан қўрқиб қочиб кетдим. Парвардигорим менга ҳукм ато этди. Мени Пайғамбарлардан қилди.

Мусо алайҳис-салом сўзларини давом эттирдилар:

- Эй Фиръавн! Сен мени боқиб олганингни миннат қиляпсан. Лекин, бир ўйлаб кўргин; Мен сенинг қўлингга қандай тушиб қолдим?!.

- Агар сен Бану Исроил гўдакларини қатлиом қилишга буюрмаганингда онам мени Нилга оқизмасди ва мен сенинг қўлингга тушмасдим.

- Сенинг шунчалик зулмларинг, зўравонликларинг олдида наҳот мана шу кичкина марҳаматинг эслашга арзиса?!

- Сен қавмимни ҳайвон қаторида кўрдинг.

- Уларни итдек ҳайдадинг, хорладинг! Даҳшатли азобларга солдинг. Энди мана шу қавмдан бир болани боқиб олган бўлсанг нима бўпти?!

- Яна тағин сен бу ишни ўзинг билмаган ҳолда қилгансан.

21. Аллоҳга даъват

Мусонинг ҳақ сўзларига ҳеч қандай эътироз билдира олмаган Фиръавн бошқача йўл билан мунозарада ютиб чиқмоқчи бўлди:

- Эй Мусо! Сен айтаётган барча оламлар Роббиси ким ўзи?

Мусо деди:

- У осмонлару ер ва улар ўртасидаги барча нарсаларнинг Роббисидир!

Бу жавобни эшитиб дарғазаб бўлган Фиръавн давра аҳлини ҳам гиж-гижлай бошлади.

- «Бас (Фиръавн) атрофидагиларга деди: (Унинг нималар деяётганини) эшитяпсизларми?».

Лекин Мусо ўз сўзини тўхтатмасдан Фиръавнга иккинчи зарбани берди.

«(Мусо) деди: «(У), сизларнинг Роббингиз ва аввалги оталарингизнинг (ҳам) Роббидир».

Мана шу ерда ғазабланган Фиръавн ўзини тўхтата олмади:

«Албатта сизларга юборилган расулингиз аниқ мажнундир».

Мусо алайҳис-салом эса ўз сўзида ҳамон давом қиларди: «(Мусо) деди: Агар сизлар ақл юргизиб кўрсангизлар, (Аллоҳ) мағрибу машриқ ва улар ўртасидаги (барча) нарсанинг Роббисидир».

Фиръавн Мусо алайҳис-саломни ўзи учун аччиқ бўлган бу масаладан чалғитишни ният қилди.

У халқни Мусога қарши қилиб қўймоқчи бўлди.

«(Фиръавн) деди: «У ҳолда авваги ўтганларнинг ҳоли недур?»

Фиръавн ўзича ўйлади; Агар Мусо «аввалги авлодлар ҳақ устида бўлганлар» деса, «улар ҳам бут-санамларга сиғинишган» дейман.

Агар «улар адашган нодон кимсалар бўлган» деса, мажлис аҳлининг ғазаби келади ва у кишилар оталарини ҳақоратланган ҳисоблайдилар.

Лекин Мусо Фиръавндан ақллироқ эди. Роббиси унга илм ва ҳикмат берганди:

«(Мусо) айтди: «Улар ҳақидаги билим Роббим ҳузуридаги Китобда - Лавҳул Маҳфуздадир. Роббим адашмас ва унутмас».

Сўнг Мусо шу пайтгача Фиръавн қўрқиб-қочиб келаётган масала ҳақида сўз бошлади:

«У зот ерни сизлар учун бешик-қароргоҳ қилиб қўйди ва унда йўллар пайдо қилди ҳамда осмондан сув (ёмғир-қор) ёғдирди».

Лом-лим дея олмай қолган Фиръавн ғазабланган ва жавобдан ожиз қолган шоҳлар томонидан доимо айтиладиган маълум жумлаларни яна бир бор такрорлади. «(Фиръавн) деди: «Агар мендан ўзга илоҳни (ўзингга илоҳ қилиб) олсанг, албатта мен сени зиндонбандлардан қилурман!».

22. Мусонинг мўъжизалари

Фиръавн ўзининг ғазаб ўқларини бўшатгач, Мусо уни Аллоҳ ўқи билан отмоқчи бўлди.

«(Мусо) деди» Ёки мен сенга очиқ-ойдин нарса келтирсам-чи?!»

«(Фиръавн) деди: «Агар ростгўй кишилардан бўлиб, оят-мўъжиза билан келган бўлсанг, қани уни келтир».

«Шунда (Мусо тутиб турган) асосини ташлаган эди, баногоҳ у асо ростакам аждарга айланди. Кейин қўлини (қўлтиғидан) чиқарган эди, баногоҳ у қараб турганларга (кундан ҳам) оқ бўлиб кўринди».

Фиръавн яна гап топди.

«(Фиръавн) атрофидаги кишиларга деди: «Албатта бу уста сеҳргардир».

Мажлис аҳли ҳам унинг сўзини қувватлади:

«Бу очиқ сеҳр» дедилар».

«Мусо деди: «Сизларга ҳақиқат келган вақтда («Бу сеҳр»), дейсизларми?! Сеҳрми шу? Ахир сеҳргарлар муваффақият қозонолмайдилар-ку?!»

«Улар дедилар: «Сен бизларни ото-боболаримизни амал қилган ҳолда топган динимиздан буриш учун ва икковингиз еримизга эга бўлиб олиш учун келдингми?! Биз сизларга иймон келтиргувчи эмасмиз!».

Фиръавн халқни Мусо алайҳис-саломга қарши қайрамоқчи бўлди:

«Фиръавн айтди: «У сизларни ўз ерингиздан чиқармоқчи, нима дейсизлар?»

Шунда кишилар Фиръавнга қуйидагича маслаҳат бердилар:

- Сен мамлакатингдаги жами ўткир сеҳргарларни тўплагин. Улар Мусони мағлуб қилсинлар.

Шундай қилиб бутун Миср бўйлаб жарчилар тарқатилди:

- «Огоҳ бўлингизким, кимда-ким сеҳр (қилиш)ни билса, шоҳ ҳузурига борсин».

Мисрнинг турли бурчакларидан сеҳргарлар йиғилди.

Мусо алайҳис-салом билан сеҳргарлар байрам куни чошгоҳда учрашадиган бўлди.

«Одамларга айтилди: «Сизлар тўплангувчимисизлар? Шояд биз, агар улар ғолиб бўлсалар, сеҳргарларга эргашсак».

23. Майдонга

Ваъда куни чошгоҳда одамлар тўп-тўп бўлиб майдонга чиқишди.

Эркагу аёл, ёшу қари барча майдонга ошиқарди.

Уйда беморлар ва юра олмайдиган кишилардан бошқа ҳеч ким қолмади.

Бутун шаҳар фақат сеҳр ҳақида гапирар эди;

- Усвоннинг энг катта сеҳргари ҳам келибдими?

- Ҳа, яна тағин Уқсур, ва Жийзанинг машҳур сеҳргарлари ҳам шу ерда.

- Нима деб ўйлайсиз - ким енгар экан?

- Мисрнинг энг зўр сеҳргарлари йиғилган бўлса, уларга ким ҳам бас кела олади?!

- Мусо ва унинг оғаси сеҳр қилишни қачон-қаерда ўрганибди-ки, бу машҳур сеҳргарлардан устун чиқса?!

- Мусо саройда катта бўлган бир йигит. Сўнг Мадянга қочиб кетганди. У Мисрда сеҳргарликни ўрганмаган эди. Мадянда эса сеҳрдан таълим берадиган ҳеч ким йўқ.

Майдонда Бану Исроилликлар ҳам юрагларини ҳовучлаб туришарди. Уларда умидга қараганда қўрқув ҳисси кўпроқ эди. Имрон ўғлига Аллоҳнинг ўзи раҳм қилсин!

Бану Исроилга Аллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин!

Майдонга кибру ғурур билан сеҳргарлар кириб келишди. Турфа либосларга бурканган бу одамларнинг қўлларида асо ва иплар бор эди.

Улар «бу кун бизнинг кунимиз» дея шод-хуррам келар эдилар:

- Бугун шоҳ бизнинг нималарга қодир эканимизни кўради. Одамларнинг ўзи бизнинг афзаллигимизга гувоҳ бўлади!

«(Шундан кейин) сеҳргарлар Фиръавн олдига келишиб: «Агар биз ғолиб бўлсак, албатта (катта) мукофот (берарсан)» дейишди».

«У: «Ҳа, (агар ғолиб бўлсангизлар) албатта сизлар менинг яқинларимдан бўласизлар» деди.

Шоҳлар берадиган мукофот мана шундай бўлади.

Кишилар шу мукофот билан алданади.

Ботир-паҳлавонлар шу мукофот билан овланади.

Сеҳргарлар Фиръавннинг ваъдасини эшитиб беҳад шод бўлдилар.

24. Ҳақ ва ботил

«Мусо уларга деди: «Сизлар ташлайдиган нарсангизни ташлангизлар».

«Бас (сеҳргарлар) иплари ва асоларини ташладилар ва «Фиръавн иззатига қасамки, албатта биз ғолиблардирмиз», дедилар».

Шунда кишилар ғалати нарсанинг гувоҳи бўлдилар; Майдонда илонлар судралиб юрарди. Ҳамма даҳшатга тушди. Ҳамма «Илон, илон» дея қичқириб ўзини орқага отди.

Мусо ҳам буларни кўриб турарди.

«(Улар қўлларидаги асо ва ипларни ташлаган эдилар) баногоҳ иплари ва асолари сеҳр қилганлари сабабли (Мусога) юриб кетаётгандек туюлди».

Мусонинг қалбига қўрқув кирди.

Ахир қандай қилиб ҳам қўрқмасин?!

Бу кун синов кунидир.

Имтиҳонда киши ё ҳурмат топади ва ё хорланади.

Худо кўрсатмасин, агар сеҳргарлар ғолиб чиқса-чи?!

Тўсатдан Мусо мағлуб бўлиб қолса-я?!

Унда нима бўлади?! Аллоҳ асрасин!!!

Бу ерда бир кишининг ғалабаси ҳақида гап бораётгани йўқ. Бу кунги ғалаба диннинг Фиръавн устидан қозонган ғалабасидир.

Аллоҳ таоло ўз пайғамбарига далда берди.

«Қўрқмагин. Албатта сен ўзинг ғолиб бўлувчисан. Қўлингдаги нарсани (яъни асойингни) ташлагин, улар қилган нарсаларни ютиб юборур. Уларнинг қилган нарсалари фақат бир сеҳргарнинг макри-ҳийласи холос. Сеҳргар эса қаерда бўлмасин зафар топмас».

«Қачонки улар (қўлларидаги нарсаларини) ташлаганларида (ва у арқон, асолар илонларга айланиб қолганида) Мусо деди: «(Мана шу) сизлар қилган иш сеҳрдир. Албатта Аллоҳ уни ботил қилади. Зеро, Аллоҳ бузғунчи кимсаларнинг ишини ўнгламайди. Ва гарчи жиноятчи кимсалар истамасалар-да, Аллоҳ ўз сўзлари (яъни амру фармонлари) билан ҳақиқатни рўёбга чиқаради».

«Биз Мусога «Асойингни ташлагин», деб ваҳий юбордик. Баногоҳ у (аждарга айланган ҳасса) уларнинг «уйдирма»ларини юта бошлади. Бас, ҳақиқат қарор топди, уларнинг қилган ҳаракатлари эса ботил бўлди».

Энди сеҳргарлар даҳшатга тушдилар;

- Бу нима ўзи?! Сеҳр нималигини, унинг аслини ва турларини биз яхши биламиз.

- Сеҳр қилишда бизнинг олдимизга тушадигани йўқ! Биз шу соҳанинг энг моҳирларимиз!

- Мусо кўрсатган нарса сеҳр эмас!

- Сеҳр эмас!

- Агар сеҳр бўлганида, биз ҳам унга қарши сеҳр қилардик, сеҳрга сеҳр билан жавоб берардик!

- Бизнинг ҳунаримиз унинг олдида ерпарчин бўлди. Худди қуёш қаршисида намлик қуриб битганидек буткул йўқолди.

- Бу қаердан, ким томонидан бўлиши мумкин?!

- Бу ёлғиз Аллоҳ томонидандир!

Сеҳргарлар Мусо алайҳис-саломнинг пайғамбарлигига ва Аллоҳ томонидан унга мўъжиза берилганига тўла амин бўлдилар.

«(Шу пайт) у сеҳргарлар сажда қилган ҳолларида ерга йиқилиб; «Барча оламларнинг Роббиси – Мусо ва Ҳоруннинг Роббисига иймон келтирдик», дедилар».

25.Фиръавн таҳдид қилади

Фиръавн ғазаб отига минди.

Фиръавн жойида ўтиролмай қолди.

Момоқалдироқ бўлиб гулдиради, яшин бўлиб чақнади..

Бечора Фиръавн! Бугун у кутмаган нарсалар бўлди.

У Мусони сеҳргарлар билан мағлуб қилмоқчи эди. Сеҳргарлар эса энди Мусонинг қўшинига айланди.

Фиръавн сеҳргарларни халқни Мусо алайҳис-саломга эргашишидан қайтаришлари учун йиққан эди. Ваҳоланки Мусога биринчи бўлиб шу сеҳргарлар иймон келтиришди.

Фиръавн отган ўқлар унинг ўзига келиб тегди...

Фиръавн ўзини кишиларнинг ақлига ҳам, қалбига ҳам ҳукмрон деб биларди. Фақат жасадлар ва тилларга ҳукми ўтишини унутиб қўйганди.

Унингча, Мисрда ҳеч ким Фиръавн изнисиз ҳеч нарсага иймон келтирмаслиги керак эди. Шу боис у кибр билан деди;

- «Мен изн бермай туриб унга иймон келтирдингизми? Шак-шубҳасиз у сизларга сеҳр ўргатган каттангиздир».

«Шубҳасиз бу (қилмишингиз) ушбу шаҳардан унинг аҳолисини чиқариш учун қилган макрингиздир».

Ва ниҳоят Фиръавн ўзининг садоғидаги сўнгги заҳарли ўқини отди.

- «Энди яқинда билурсиз - албатта оёқ-қўлларингизни қарама-қаршисига (ўнг қўл, чап оёғингизни) кесаман, сўнгра барчангизни дорга осаман».

Мўминлар Фиръавн отган заҳарли ўқларни иймон ва сабр қалқони билан тўсдилар.

- «Улар дедилар; «Зарари йўқ. Зеро, бизлар Роббимизга қайтувчидирмиз. Албатта бизлар (Мусога биринчи иймон келтирган кишилар бўлганимиз сабабли) Роббимиз хато-гуноҳларимизни мағфират этишини умид қиламиз».

Улар иймонлари билан собит туриб қизғинлик ила дедилар:

«Бизлар эса хатоларимизни ва сен бизларни мажбур қилган сеҳргарликдан иборат (гуноҳимизни) мағфират қилиши учун Роббимизга иймон келтирдик. Аллоҳ(нинг савоби) яхшироқ ва (азоби) узунроқдир». Ҳеч шубҳа йўқки, кимда-ким Роббисининг (ҳузурига) жиноятчи-кофир бўлган ҳолда келса, у ҳолда албатта унинг учун жаҳаннам бор бўлиб, у жойда на ўла олади ва на яшай олади. Ким У зотга яхши амаллар қилган мўмин ҳолида келса, бас, ана ўша (кишилар) учун юксак даражалар - остидан дарёлар оқадиган, улар абадий қоладиган жаннатлар бўлади. Бу (ширку-куфрдан) пок бўлган кишиларнинг мукофотидир!».