Душанба 20 Ноябрь 2017 | 1 Рабиул-аввал 1439 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Мусо алайҳиссалом қиссаси

4156 марта кўрилган

1. Канъондан Мисрга

Яъқуб алайҳис-салом ўз ўғиллари билан Канъондан Мисрга кўчди.

Чунки, Мисрда унинг ўғли Юсуф алайҳис-салом ҳокимлик қиларди.

Улар Канъонда қўй боқиб, эчки соғиб, жун сотиб тирикчилик қилишарди. Мисрда эса Юсуфнинг хизматкорлари ҳам турфа неъматлар ичида эди.

Яъқуб алайҳис-салом ва унинг ўғиллари энди Канъонда қолиб нима қилишади?!

Юсуф алайҳис-салом отаси ҳамда оғаларини Мисрга чорлаб элчи юборди. Чунки, унга отаси ва оғаларисиз таом татимасди.

Ахир шунча йил бегона юртда ҳамма қариндошларидан ажралиб ёлғиз юриш осонми?!

Отаси, акалари ўзларининг Канъондаги тор ҳовлиларини тўлдириб ўтирган бир пайтда Юсуф алайҳис-салом муҳташам саройларда ҳувиллаб ўтирадими?!

Ниҳоят Яъқуб алайҳис-салом ўғилларини бошлаб Мисрга кириб келди. Отаси ва оғаларининг ташрифидан беҳад шод бўлган Юсуф уларни иззат-икром билан кутиб олди.

Миср аҳли ўз хожасининг, эъзозли подшоҳининг оиласини қувонч билан қаршилади.

Шаҳар аҳли бу муборак оилага қаттиқ меҳр қўйдилар. Чунки улар қўли очиқ, саховатли Юсуфни жуда-жуда севар эдилар.

Кишилар Юсуфни ўзларига меҳрибон, ғамхўр оға сифатида кўрсалар, Яъқуб алайҳис-саломни муҳтарам ота ўрнида қабул қилган эдилар.

Кекса ёшли, нуроний Яъқуб алайҳис-саломга шаҳар аҳли худди ўз ўғилларидек бўлди.

Улар Мисрни ватан тутиб шод-хуррам ҳаёт кечира бошлашди.

2. Юсуф алайҳис-салом вафотидан сўнг

Орадан бир мунча вақт ўтиб Яъқуб алайҳис-салом ҳаёт билан видолашди. Юсуф алайҳис-салом, умуман бутун Миср аҳли қаттиқ маҳзун бўлдилар....

Яъқуб алайҳис-саломни дафн этган Миср аҳли худди оталаридан ажрагандек бўлиб қолдилар...

Вақт-соати етиб Юсуф алайҳис-салом ҳам бу дунёни тарк қилди.

Ҳа, бу кун мисрликлар учун ҳақиқатан оғир бўлди.

Юсуфга бутун мамлакат мотам тутди. Миср кўз ёшларга ғарқ бўлди...

Бошқа барча қайғу мусибатлар ҳозиргисининг олдида ҳеч нарса бўлмай қолди. Одамлар, гўё мусибатнинг аччиқ таъмини шу кунгача сира тотмагандек эдилар...

Юсуфни дафн қилдилар. Ҳамма бир-бирига таъзия билдирар эди. Чунки, бу мусибат барчага баробар таъсир қилганди.

Юсуф катталарга ака, кичикларга ота бўлиб қолганди.

Одамлар Юсуф алайҳис-саломнинг қон-қариндошлари ҳузурига бориб таъзия билдирдилар:

- Эй Улуғлар! Бугун сизларнинг қайғуларингиз бизникидан ҳасратлироқ эмас! Бугун биз меҳрибон оғамизни, ғамхўр хожамизни, одил подшоҳимизни тупроққа топшириб келдик.

- У кичикларимизни катталар зўрлигидан, ожизларимизни кучлилар зулмидан ҳимоя қиларди.

Мазлумларга ёрдам берар, оч-наҳорларни тўйдирар, қўрққанларни қаноти остига олар эди.

У бизни ҳаққа бошлади. Аллоҳни танитди. Илгарилари биз Аллоҳни ҳам, охиратни ҳам билмас эдик.

Очарчилик йилларида у бизни сақлаб қолди. Бошқа юртларда одамлар очликдан тиришиб жон бераётган бир пайтда бизлар тўқ бўлдик.

Биз ўзимизнинг саховатли подшоҳимизни асло унутмаймиз. Сизларнинг унга қон-қариндош эканингиз ҳам ҳамиша ёдимизда туради.

Сизлар Мисрга келган кун Юсуф қанчалар қувонган эди-я!

Подшоҳимиз қувонганини кўриб бизлар ҳам беҳад шод бўлган эдик.

Мана шу шаҳар сизларнинг ҳам шаҳрингиз! Ўртадаги муносабатларимиз худди илгаригидек давом этаверади!

3. Бану Исроил Мисрда

Узоқ йиллар мисрликлар ўз аҳдларида турдилар. Улар Канъондан келган улуғларнинг фазлини ҳамиша ёдда сақлар эдилар. Канъонлик улуғлар «Бану Исроил» – «Исроилнинг фарзандлари» дейиларди. Исроил Яъқуб алайҳиссаломнинг исмлари.

Лекин, вақт ўтиши билан одамлар ҳам аста-секин ўзгарди. Хулқлар ёмонлашди, кишилар Аллоҳни, даъватни унутиб мол-дунёга берилиб кетдилар.

Энди одамлар Бану Исроилга ҳам бошқача кўз билан қарай бошлади.

Чунки, Бану Исроил фақат насл-насаби эътибори билангина фарқланиб турарди. Бошқа ҳеч нарсада ўзгалардан фарқи қолмаганди.

Энди кишилар уларнинг бойларига ҳасад билан, фақирларига нафрат билан қарай бошлашди. Яъқуб авлоди Мисрда четдан келиб қолган бегоналардек кун кечирарди.

Мисрликлар: «Яъқуб авлодининг Мисрга нисбатан ҳеч қандай ҳаққи йўқ. Миср мисрликларники» деган эътиқодда эдилар.

Ҳатто баъзилар Юсуфни ҳам назар-писанд қилмай қўйишганди:

«Юсуф Канъондан келган бир бегона. Уни ҳоким сотиб олган. Аслида Канъонликнинг Миср устидан ҳукм юритишга сира ҳаққи йўқ..».

Жуда кўпчилик мисрликлар Юсуфдан кўрган яхшиликларини унутдилар.

4. Миср фиръавнлари

Миср тахтига Бану Исроилни ҳаддан зиёд ёмон кўрувчи кимсалар келишди. Миср шоҳи ўта золим бир киши бўлиб, Бану Исроилнинг пайғамбарлар авлодидан эканини ҳамда уларнинг улуғ Миср шоҳи Юсуф алайҳис-саломга қондошлигини тан олмасди.

Ҳатто Бану Исроилни одам ўрнида кўрмасди.

Фиръавн ўз қавми Қибтийлар билан Бану Исроил орасида катта фарқ кўрарди.

Унингча, Қибтийлар – шоҳлар авлоди ва ҳукмронлик қилиш учун яратилганлар. Бану Исроил эса қуллар. Улар фақат хизматкор бўлмоқлари керак. Фиръавн Бану Исроилга ҳайвон сифатида қаради. Яъни, уларга фақат йиқилиб қолмасликлари учунгина озгина нарса берилар ва тинимсиз ишлатиларди.

Фиръавн ўзини ҳаммадан юқори қўядиган мутакаббир шоҳ эди.

Аллоҳ таолога иймон келтирмаган бу золим: «Мен сизларнинг энг Олий Парвардигорингизман» дерди. Ўзининг мол-давлати, қасрлари ва куч-қудрати билан мағрурланиб кетганди.

«Миср мулки ва (оёқларим) тагидан оқувчи мана бу дарёлар меники эмасми?! Кўрмайсизларми?!»

У Бобил шоҳи Намрудга ўринбосар бўла оларди.

Агар кимдир ундан ўзгани олий кўрадиган бўлса, дарғазаб бўларди. Фиръавн одамларни ўзига ибодат қилишга буюрарди. Халқ Фиръавн қаршисига тиз чўкиб, саждалар қиларди.

Лекин Бану Исроил Аллоҳ ва Унинг расулларига мўмин бўлганликлари боис, Фиръавнга сажда қилишдан бош тортишди. Ғазабланган Фиръавн бор заҳрини Яқуб авлоди устига сочди.

5. Гўдакларнинг сўйилиши

Бир қибтий фолбин Фиръавн хузурига келиб шундай деди:

- «Бану Исроилда бир бола туғилади. Сенинг мулкинг уни қўлига ўтади».

Фиръавннинг ғазаби тутди. Жаллодларига буюрдики: Бану Исроилда туғилган ҳар бир ўғил қиличдан ўтказилсин! Фиръавн ўзини мутлақ шоҳ деб ҳисоблагани сабабли, хоҳлаган кишисини ўлдиришга ўзини ҳақли деб биларди.

Мисрли бир чўпон сурувидан хоҳлаган қўйини ушлаб сўйиши мумкин.

Фиръавн жаллодлари бутун Миср бўйлаб тарқалдилар. Улар қаерда бир чақалоқ дунёга келганидан ҳабар топсалар, гўдакни қўйдек бўғизлардилар.

Ўрмонда бўрилар эркин юрарди. Илон-чаёнларга ҳеч ким ҳеч нарса демасди. Лекин Фиръавн мамлакатида туғилган Бани Яъқуб ўғиллари – инсон болалари шафқатсиз қатл қилинарди. Минглаб ўғил чақалоқлар ота-оналарининг кўз олдида бўғизланди.

Бану Исроилда фарзанд туғилган уй мотам тутарди. Бу кун мана шу оила учун шод-хуррамлик эмас, маҳзунлик ва кўзёшлар куни бўларди. Бир куннинг ўзида юзлаб болалар қурбон қилинарди.

«Дарҳақиқат Фиръавн (Муср) ерида туғёнга тушиб унинг аҳолисини бўлак-бўлак қилди. У улардан бир тоифани (яни Бану Исроилни) хорлаб, ўғилларини сўяр, аёлларини қолдирар эди. Албатта у бузғунчи кимсалардан бўлди».

6. Мусонинг туғилиши

Аллоҳ таоло айнан Фиръавн қўрқаётган ҳодисанинг амалга ошишини ирода қилди. Келажакда Фиръавн мулкини қўлга киритиши ёзиб қўйилган гўдак дунёга келди.

Бану Исроилнинг Фиръавн зулмидан озод бўлишига, инсонларни Аллоҳ ибодатига қайтишига ва уларни зулматлардан нур томон одимлашига сабабчи бўладиган гўдак дунёга келди.

Фиръавн ва унинг жаллодлари қанчалик тиришмасинлар, Мусо ибн Имрон соғ-омон туғилганига уч ой ҳам тўлди.

7. Нилда

Мусонинг онаси жажжи гўдагидан қаттиқ хавотирда эди. Чунки жаллодлар янги туғилган чақалоқларни тинимсиз ўлдириб турардилар. Улар ўнлаб гўдакларни оналари бағридан юлқиб олиб, қатл қилардилар. Чумолидек сезгир, лочиндек ўткиркўз жаллодлардан бечора она боласини қандай қилиб сақлаб қола олади? Шу ҳолатда Аллоҳ таоло Мусонинг онасига фарзандини сандиққа солиб, Нил дарёсига оқизишга илҳомлантирди.

Аллоҳу акбар!

Меҳрибон, мушфиқ онаизор қайси юрак билан туққан боласини сандиққа солиб дарёга оқизиб юборади?!

Болани сандиқда ким эмизади?!

Сандиқ ичида гўдак қандан нафас олади?!

Буларнинг барчаси муниса она кўнглидан кечса-да, Аллоҳга таваккул қилиб, У берган илҳомга мувофиқ иш тутди.

Аслида уй ҳам сандиқдан ҳафсизроқ эмасди. Чунки гўдак овчилари ҳамма жойда изғиб юришарди. Бечора она Аллоҳ амрига бўйсуниб эмизикли боласини сандиққа солди ва уни Нилга қўйиб юборди. Албатта она учун бу осон эмасди. Лекин у парвардигорга таваккул қилиб, сабр қилди.

«Биз Мусонинг онасига (Мусони туғиб, уни ҳам Фиръавн одамлари келиб ўлдиришларидан қўрқиб турган пайтда) ваҳий қилдикки: «Уни эмизавергин! Бас, қачон (Фиръавн одамлари ўғил кўрганинингни билишиб қолиб, уни ўлдириб кетишларидан) қўрқсанг, уни дарёга ташлагин ва қўрқмагин ҳам, қайғурмагин ҳам. Зеро биз уни сенга (яъни тирик ҳолда) қайтаргувчидирмиз ва уни пайғамбарлардан қилгувчидирмиз».

8. Фиръавн қасрида

Нил дарёси соҳилларида Фиръавннинг кўп қасрлари бор эди.

Фиръавн соҳил бўйидаги қасрларида истироҳат қиларди. Кунлардан бир кун у аёли – миср маликаси билан оёқлари тагида шовиллаб оқаётган дарёга тикилиб ўтирарди. Баногоҳ тўлқинлар қучоғида аллаланиб келаётган сандиққа кўзи тушди.

- Эй ҳожам, анави сандиқни кўраяпсизми?- деди Миср маликаси.

Фиръавн эътиборсиз жавоб берди:

- Нилда сандиқ нима қилади? У бир ёғочдир-да.

- Йўқ, аниқ сандиқ оқиб келаяпти дея эътироз билдирди малика.

Бу орада сандиқ улар олдига анча яқин келиб қолганди. Атрофдагилар ҳам – «Ҳа, ҳа сандиқ экан»,- деб қичқириб юборишди.

Шоҳ ҳизматкорларидан бирига сандиқни тутиб келишни буюрди. Сандиқ келтирилди. Уни очган кишилар ҳайратдан ёқа ушлаб қолишди. Сандиқ ичида дўндиқ бир гўдак жилмайиб ётарди.

Ҳамма уни бир-бир қўлига олиб томоша қилиб чиқди.

Фиръавн ҳам ҳайрон эди. Ҳизматкорлардан бири «Бу бола Бану Исроилдан, шоҳ уни албатта қатл қилади» деди.

Лекин Миср маликаси болани ёқтириб қолганди. У қўлидаги жажжи гўдакни бағрига босиб, ўпиб эркалар экан, эрига қараб шундай деди:

- «(Бу бола) Мен учун ҳам, сиз учун ҳам, кўз қувончидир. Уни ўлдирманглар. Шоядки, унинг бизларга нафи тегса ёки уни бола қилиб олсак».

Шундай қилиб Мусо ибн Имрон Фиръавн қасрида яшай бошлади. Фиръавн жаллодлари шунча тиришсалар ҳам, бу болани топа олмаган эдилар. Ваҳоланки, улар лочиндек ўткир кўзлари ва чумолидек сезгир бурунлари билан ўлиб-тирилиб қидиришганди.

Аллоҳ таоло иродасига мувофиқ гўдаклар жаллоди Фиръавн келажакда унинг мол-мулкини тортиб оладиган гўдакни ўз уйида тарбия қила бошлади. Бечора Фиръавн...

Шундай қилиб, шоҳ ҳам, унинг вазири Ҳомон ҳам, бутун аскарлари ҳам қаттиқ янглишдилар.

«Бас, уни Фиръавн хонадони (ўсиб-улғайгач) ўзларига душман ва ғам-ташвиш бўлиши учун тутиб олдилар. Албатта Фиръавн, Ҳомон ва уларнинг лашкарлари ҳато қилувчи бўлдилар».

9. Болани ким эмизади

Янги топилган бола қасрнинг қувончига, маликанинг овунчоғига айланди. Қасрдаги ҳар бир киши болани суюб эркалатарди. Чунки малика бу болани қаттиқ яхши кўрарди. Шундан кейин Бану Исроиллик жажжи гўдакни сарой бекалари ва хизматкорлари қандай қилиб суймасинлар.

Малика гўдакка эмизувчи чақиртирди. Болани эмизиш учун унга кўкрак тутганида гўдак йиғлаб эммади.

Малика бошқа эмизувчи олиб келтирди. Гўдак ҳануз йиғлаб эммас эди.

Учинчи, тўртинчи, бешинчи, янги, янги эмизувчилар олиб келишди. Лекин бола бирортасининг кўкрагини оғзига олмади.

Ажабо, гўдак нега эммаяпти?

Нима учун йиғлаяпти?

Мусони эмизгани келган аёллар маликани хурсанд қилиб, ундан ҳадялар, сарполар олиш ниятида гўдакни эмизишга роса уриндилар. Лекин Аллоҳ таоло Мусога уларнинг сутини ҳаром қилганди.

Гўдакнинг эммаётгани бутун қасрга овоза бўлди:

- Ҳой эгачи, дарёдан топилган болани кўрдингизми?

- Ҳа кўрдим, жуда ҳам дўндиқ бола экан. Лекин у бошқа болаларга ўхшамайди. Ҳеч қайси эмизувчини эммаётган эмиш.

- Уни эмизамиз деб олсалар, чирқираб йиғлар эмиш. Бечора бола энди қандай яшайди. Очдан ўлиб қолмайдими?

Дарҳаққиқат Мусо бир неча кун ҳеч бир аёлни эммади.

10. Она бағрида

Мусонинг бечора онаси қизига деди:

- Қизим, бор, укангни қидир, шояд у тирик бўлса. Аллоҳ таоло уни сақлашни ва соғ-омон қайтаришни менга ваъда қилганди.

Мусонинг опаси укасини дараклаб кетди.

Атрофдагилар шоҳ қасридаги чиройли гўдак ҳақида гаплашишарди.

Қиз сарой аёлларини суҳбатларига қулоқ тутди:

- Малика сўратган болага эмизувчи келдими?

- Ҳа бекачим, лекин бола уни ҳам эммаётган эмиш.

- Ё Аллоҳ! Бу бола нега ҳеч бир аёлни эммайди-я? Энди адашмасам шу малика чақиртирган олтинчи аёл эди-я?

- Ҳа, айтишларича у жудаям покиза аёл экан. Ҳамма уни ўз боласига энага қиларкан.

Шунда Мусонинг опаси одоб билан суҳбатга қўшилди.

- Мен шаҳардаги бир аёлни биламан. Гўдак албатта уни эмиши керак.

- Йўқ, мен бунга ишонмайман,- деди сарой бекачи, - биз олтита аёлни олиб келдик, лекин бола биронтасини ҳам эммади.

Саройда ҳизмат қиладиган аёллардан бири айтди:

- Келинглар, еттинчисини ҳам синаб кўрайлик, биздан нима кетди?

Бу гап маликанинг қулоғига етди. У қизни чақириб деди:

- «Бор ва ўзинг билан ўша аёлни олиб кел»!

Мусонинг онаси қасрга келди. Канизаклар Мусони келтиришди.

Бола аёлнинг қучоғига талпиниб уни эма бошлади.

Ахир нима учун ҳам уни эммасин?! Бу аёл унинг меҳрибон онаси-ку! Мусо уч кундан буён оч эди.

Бутун сарой аҳли ажабланди.

Фиръавн ичига шубҳа кирди:

- Нега бола бу аёлни эмишга талпинди. Нима, у онасими?!

Мусонинг онаси жавоб берди:

- Подшоҳим, мен ҳушбўй ҳидлик, ширин сутлик аёлман. Ҳеч қайси гўдак мендан ётсирамаган.

Фиръавн жим бўлди. Мусонинг онасига подшоликдан нафақа тайин қилинди. Мусонинг онаси фарзандини бағрига босиб уйига қайтди.

«Шундай қилиб, биз (Мусонинг онаси) кўзлари шодланиши ва ғам чекмаслиги учун ҳамда Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини билиши учун уни онасига қайтардик. Лекин кўп (одамлар Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини) билмайдилар».