Ислом Нури
Жума насиҳатлари
Маҳрумлар
Иброҳим ад-Дувайш
(Давоми)
Одамлар орасида ота-онасига яхшилик қилиш, улар билан бирга бўлиш ва хизматларини бажаришдан маҳрумлар бор. Бундай бечоралар, Аллоҳнинг тавҳиди қаторида келтирилган ибодат фазлидан маҳрумдирлар. Аллоҳ таоло деди: “Ва Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирманглар. Ота-онага... яхшилик қилинглар”. Нисо:36. Бу оят, ота-онанинг фазли ва хурматига, уларнинг хизматларини бажариш нақадар улуғ савоб эканига далолат қилади. Ота-онасига яхшилик қилишдан маҳрумлар, мана бу ҳадисни яхшилаб ўқиб олинг! Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Ота - жаннатнинг энг ўрта (олий) дарвозаcидир. Иcтаcанг бу дарвозани қўлдан бергин, иcтаcанг уни cақлаб қол”. Термизий ривояти.
Абдуллоҳ ибн Муборакнинг оналари вафот этганда, У зот йиғлаган эканлар. Бунинг сабабини сўрашганда, “Мен ўлим ҳақ эканини биламан. Лекин (йиғлаётганимнинг сабаби) менда Жаннатга олиб кирувчи икки очиқ эшик бор эди, шуларнинг бири бекилганига йиғлаяпман”, деган эканлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ота-онасини; икковларини ё бирларини қариган чоғларида топиб, (хизматларини қилиб, розиликларини топмаган, натижада) жаннатга кирмаган киши хор бўлсин, хор бўлсин ва яна хор бўлсин” дедилар. Имом Муслим.
Бошқа ҳадисда эса: “Ким ризқи кенг ва ажали секин (умри узун) бўлишини хоҳласа силаи раҳм қилсин” деганлар. Муттафақун алайҳ.
Энди айримларни, қайси иш, нима нарса ота-онасига яхшилик қилишдан машғул қилмоқда. Ваҳоланки, уларнинг ҳақларига дуо қилиш, биродарларини зиёрат қилиш, васиятларини бажариш билан, ота-онага вафотларидан кейин ҳам яхшилик қилиш мумкин-ку!
Ота-онасига итоатсизлик қилаётган, уларга оқ бўлаётган ноқобил фарзандларни эшитиш, юракларни эзиб, қалбга ўкинч ва хасратни келтиради. Ота-онага яхшилик қилишдан маҳрум Эй ўғил! Эй қиз! Шуни билки, ота-онага оқ бўлиш, жаннатга киришдан тўсадиган гуноҳи кабирадир. Ота-онасига оқ бўлган фарзанд шу дунёнинг ўзидаёқ тавфиқдан маҳрум бўлади, қилмишига яраша ўзининг фарзандларидан, ота-онасига қилган ёмонликларидан кўра бир неча бор кўпроқ ёмонликлар кўради. “Қилмиш қидирмиш”, “Экканингни ўрасан”, деган гаплар бежиз эмас.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу уйдан чиқсалар ҳам кирсалар ҳам оналарига салом берардилар. Қариб кўзи кўрмай қолган оналарини кўтариб юрардилар. Ибн Ҳанафия оналарининг бошини ювиб, тараб, бошларидан ўпиб хизматини қилардилар.
Ота-онага кўп яхшилик қилувчилардан бўлган Али ибн Ҳусайн онаси билан бирга бир товоқдан таом емас экан. Бунинг сабабини сўрашганда: “Онамнинг кўзи тушган ва уни емоқчи бўлган луқмани мен билмай еб қўйиб, онамни ранжитиб қўйишдан қўрқаман”, деган эканлар. Бир кеча оналари сув сўрадилар, сувни олиб келиб қарасалар оналари ухлаб қолган экан. То тонг отгунга қадар тепаларида сувни кўтариб турдилар, — роҳимаҳуллоҳ.
Умар ибн Зардан ўғлининг яхшилик қилиши ҳақида сўрашганда: “Бирга юрганимизда кундузи орқамда юради, кечаси эса олдимга ўтиб олади ва мен ичида бўлган уйнинг тепасига чиқмайди” дедилар.
Бизчи?! Шундай фарзандлар (уларни фарзанд дейишга тил ҳам бормайди, махлуқлар) бор-ки, касалхонада ётган ота-онасидан хабар олмайдиган, онасини кўчага хайдайдиган, 80 га етган отасини қариялар уйига олиб бориб қўйган, онаси ёқтирган нарсани олиб беришга бахиллик қилган, ота-онаси бирга яшашини эшитиб жаҳли чиққан ва ҳоказо мана шундай қалбни зириллатадиган, жигарни тилка-пора қиладиган ҳолатлар... Инна лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиуун. Шундай фарзанд бўлиб қолишдан Аллоҳ асрасин! Бундайлар шубҳасиз дунё-ю охиратда азобга гирифтор бўлажаклар.
Биз ўзимизнинг ота-оналаримиз билан бўлган муомалаларимиздан Аллоҳга истиғфор айтамиз. Маҳрум бўлиб қолишдан Аллоҳдан паноҳ истаймиз. Аллоҳим бизнинг ва ота-оналаримизнинг гуноҳларини авф эт. Ота-оналаримизни яхши мукофотлар билан мукотлагин. Уларга яхшиликлар қилишимизга Ўзинг ёрдам бергин. Ота-оналаримизнинг даражотларини кўтариб, уларни Ўз раҳматинг билан Фирдавс жаннатларида неъматлантиргин! Эй, ўта Раҳмли ва жуда Меҳрибон Зот.
Одамлар орасида гўзал хотимадан маҳрумлар бор. Аллоҳ асрасин. Аллоҳдан гўзал хотимани сўраймиз.
Қизиқ... Қизиғи шундаки, Эй маҳрум! Сен ўлим ҳақ ва у ҳамма нарсанинг ниҳояси эканини биласан, билиб туриб шу ҳолатингда давом этасан-а...?! Эй биродар! Эй синглим! Хато қилиб қўйиш айб эмас, мана шу хатода давом этиш ҳақиқий айбдир. Қай бирини хоҳлайсан, яхшиликда вафот этишними ёки ёмонликдами? Буни айтишимдан мақсад, биз айрим маҳрумлар ҳаётининг ниҳоясини кўп эшитганмиз ва кўрганмиз ҳам жуда ачинарли ҳолат, Аллоҳ сақласин! Яна бир бор Аллоҳдан ҳусни хотимани сўраймиз.
Ибн Қоййим роҳимаҳуллоҳ “ал-Жавобул кофий” китобларида айтганлар: “Сўнг бундан-да қўрқинчлироқ, дахшатлироқ ва аччиқроқ ҳолат бўлади ва бу инсоннинг жони чиқаётган, Аллоҳга қайтаётган пайтидаги қалби ва тилининг хиёнатидир. Динга эътиборсиз бўлганларнинг кўплари ўлим келганида тилларига калима келмайди. Шаҳодат калимасини айтолмайдилар. Бунга одамлар шоҳид бўлишган”. Сўнг Ибн Қоййим роҳимаҳуллоҳ шулардан баъзи кўринишларни зикр қилиб: “Шундай кишиларнинг бирига "Ла илаҳа иллаллоҳ", деб айт! дейилса, қўшиқ хиргойи қила бошлади: Тан, тана, танантана... . Яна бошқаси эса: “Айтаман десам тилим қимирламаяпти-да”, деган. Субҳаналлоҳ, бундай ибратларнинг қанчасига одамлар шоҳид бўлишган ва яна қанча-қанча жон таслим қилаётганларнинг ҳолатлари уларга махфий қолган”.
Биз ҳам шу кунлардаги ёмон хотималарни кўраяпмиз, эшитаяпмиз ва ўқияпмиз. Ана шу ҳолатлардан айримлари: Бир киши фисқу фасод билан танилган Ғарб шаҳарларидан бирига бориб, меҳмонхонада маст қилувчи ичимлик ича бошлабди... бир рюмка яна бир рюмка яна... ва яна, кейин кўнгли айниб қайт қилиш учун хожатхонага кирибди. Кейин нима бўлганини биласизми? Хожатхонада, боши унитаз ичида қолган ҳолда ўлиб ётган экан. Аллоҳ бундай хорликдан бизни асрасин.
Яна бири: Исломдан фақат исмини биладиган, намоз ўқимайдиган, ҳидоятдан йироқ бир йигитга ўлим мастлиги - хатарли, шиддатли, қўрқичли лаҳзалар - келганида: “Ла илаҳа иллаллоҳ”, дегин! деб айтилса, нима деб жавоб берганини биласизми? “Мен бу сўзга кофирман, мен бу сўзга кофирман” деб қайта-қайта айтиб жон берибди. Аллоҳдан ҳусни хотимани сўраймиз.
Йўл ходисасига учраган яна бир йигитга ёрдам бериш учун, йўловчилар машина олдига келиб қарашса, йигитнинг жони халқумига келган ғарғара ҳолатда ётибди, магнитафондан эса ғарб мусиқасининг овози баралла келяпди. Дарҳол магнитафонни ўчириб, йигитга “Ла илаҳа иллаллоҳ”, дегин! дейишса, йигит динга хақорат сўзларни айтиб, охирида: “Намоз ўқишни ҳам, рўза тутишни ҳам хоҳламайман”, деганча ўлиб кетибди. Бундай ҳолатдан бизни Аллоҳ асрасин.
Йўл транспорт назорати ходимларидан бири ҳикоя қилади: “Тўсатдан қаттиқ тўқнашув товушини эшитдик. Қарасак икки машина бир-бири билан шундай қаттиқ тўқнашибдики, сифатлашга тил ожиз... Қаттиқ шикастланган икки кишини тезлик билан машинадан чиқариб ерга узала ётқизиб қўйдик. Кейин иккинчи машинага бориб қарасак, ҳайдовчи ҳаётдан кўз юмган экан. Ҳалиги икки кишининг олдига қайтдик. Улар ўлим талвасасида ётган эдилар. Шеригим уларга “Ла илаҳа иллаллоҳ”ни талқин қила бошлади, лекин уларнинг тилларидан қўшиқ эшитиларди. Бу ҳолат мени даҳшатга солди. Менга акс ўлароқ шеригим бундай ҳолатлардан хабардор экан, шаҳодат калимасини уларга талқин қилиб турди. Аммо фойдаси бўлмади, улар қўшиқ айтишда давом этавердилар. Аста-аста товушлар пасайиб аввал биринчисининг товуши буткул тўхтади, уни кетидан иккинчиси ҳам жим бўлиб қолди. Ҳаётдан кўз юмишди. Бирон бир ҳаракат йўқ. Ҳаётимда бундай манзарани кўрмаган эдим. Уларни машинага жойладик. Шеригим: “Одамлар ўзларининг ички ва ташқи ҳолатларига кўра ё яхшиликда ёки ёмонликда вафот этадилар”, деди. Мен ўлимдан қўрқиб қолдим, бу ҳодисадан қаттиқ тасирландим. Ўша куни намозларни хушу билан ўқидим.
Бу ҳодисадан кўп ўтмай бошқа бир ҳодиса устидан чиқдик. Бир йигит ўзининг машинасида кетаётганда, тўсатдан машинаси бузилиб қолибди. Мадинага олиб борувчи ер ости йўлларнинг бирида, машинадан тушиб тузатиб турганида, орқасидан бошқа бир машина тезлик билан келиб, йигитнинг машинасини уриб юборган. Натижада йигит қаттиқ ва кўп жароҳатлар билан Ерда ётган эди. Зудлик билан машинага олдик ва бизни кутиб олиб, биринчи ёрдам кўрсатишлари учун касалхонага хабар бердик. Қарасам, ёшгина йигит, кўринишидан динда мустаҳкамлиги билиниб турарди. Машинага чиқариш учун кўтарганимизда, лаби қимирлаб нимадир товуш чиқарди, аммо тушунарсиз, нима деяётганини англаб бўлмади. Аммо касалхонага кетиш асносида, йигитдан чиқаётган товуш тушунарли бўла бошлади. Йигит Қуръон тиловат қилаётган экан. Субҳаналлоҳ! Шундай тиниқ тиловат қиларди-ки, уни кийими ўраб тургани учун кўринмай турганини айтмасангиз, суяклари синиб кетган, жароҳати қаттиқ, балки жон таслим қилиш арафасида турган одам деб ўйламайсиз. Гўзал овозда ўқиб турган йигит бирдан жим бўлиб қолди. Қарасам кўрсатгич бармоғини кўтариб, шаҳодат калимасини айтаётган экан. Сўнг боши эгилди. Қўлимни узатиб қўлини, юрагини ушлаб кўрсам, нафас олмаяпти... жим-жит. Ҳаётдан ажралди. Оламдан кўз юмди. Унга анча тикилиб қолдим. Беихтиёр кўзимдан ёшлар дув-дув оқа бошлади. Шеригимга йигитнинг жони узилганини хабар бергандим, у ҳам йиғлаб юборди. Иккаламиз йиғидан ўзимизни тўхтата олмадик. Манзара ўта таъсирли эди. Касалхонага етгач, йигитнинг ҳолатини гапириб бердик. Кўпчилик таъсирланиб йиғлашди, хатто бир киши ўта таъсирланганидан бориб йигитнинг пешонасидан ўпиб қўйди. Масъуллардан бири йигитнинг уйдагилари билан боғланиб хабар етказди. Қўнғироққа жавоб берган йигитнинг акаси экан. У укаси ҳар душанба қишлоқдаги бувисини бориб кўришини, у ердаги бева-бечора, етим ва камбағаллар ҳолидан хабар олиб туришини, қишлоқ аҳли уни яхши танишларини, уларга китоблар, марузалар ёзилган тасмалар олиб бориб беришини, бугун ҳам шу мақсадда уйдан чиқиб кетганини айтди. Дарҳақиқат, машинаси гуруч, шакар ва болалар учун ширинликларга тўла эди. Йўлнинг узоқлигини айтиб уни сафардан тўсмоқчи бўлганларга: “Мен йўлнинг узоқлигидан унумли фойдаланишга ҳаракат қиламан. Қуръон ёдлайман, ёд олган сураларни такрорлайман, фойдали маърузалар эшитиб бориб келаман ва бундан ташқари ҳар бир босган қадамимга Аллоҳдан ажр умид қиламан”, деб жавоб берар эди. Ходисани айтиб берган ходим сўзида давом этиб: “Мен беқарор ҳаёт кечирардим. Бўш вақтим кўплиги, билимим озлиги ва Аллоҳдан узоқлигимдан, ҳайрат-кўрлик мени бемалол у ёқдан бу ёққа етакларди. Йигитга жаноза ўқиб, уни дафн қилгач, йигит охират кунларининг биринчи кунига истиқбол қилган бўлса, мен дунё кунларининг биринчи кунига юзландим. Шу кундан бошлаб Аллоҳга ҳақиқий тавба қилдим. Шояд Аллоҳ ўтган гуноҳларимни кечириб, тоат-ибодатда собит қилиб, чиройли-гўзал хотима билан вафот топтирса”, деб сўзини тугатди, йўл транспорт хизмати ходими.
Ибн Қоййим роҳимаҳуллоҳ тўғри сўзни айтган эканлар: “Субҳаналлоҳ, бундай ибратларнинг (яъни ёмон ўлим топишнинг) қанчасига одамлар шоҳид бўлишган ва яна қанча-қанча жон таслим қилаётганларнинг ҳолатлари уларга махфий қолган”.
Ўзини истиқоматдан, Аллоҳ таолога тоат-ибодатдан маҳрум қилган. Қалби Аллоҳдан узоқ, Ундан ғафлатда қолган ҳамда шаҳвати ва нафси-ҳавосига қул бўлган киши, гўзал хотимага қандай ҳам эришсин?! Аллоҳим, амалларимизнинг яхшиси, унинг охири бўлишини насиб эт. Тавбаларимизни қабул қил. Сен тавбаларни қабул қилувчи ўта Меҳрибон Зотсан.
Абу Абдуллоҳ шундай ҳикоя қилади: «Сизга ушбу воқеани қандай ҳикоя қилиб беришни ҳам билмайман… Бу воқеа менинг хаётимни тубдан ўзгартириб юборган. Бу ҳақиқатни, очишга хеч ботинолмасдан юрардим… Лекин Аллох олдидаги масъулиятни ҳисси мени ҳикоя қилишга ундади. Токи, Раббига осий бўлиб юрган йигитлар ва ясама, пуч хаёлларни «севги» номи билан атаб юрган қизларга бир огоҳлантириш, ибрат бўлсин.
Биз орамизни енгилтаклик ва манманлик жамлаган уч дуст эдик. Йўқ, тўртта эдик... Тўртинчимиз шайтон эди…
Биз содда қизларни ўзимизнинг мулойим, ширин сўзларимиз билан алдаб-сулдаб чекка далаҳовлиларга олиб чиқардик… У ерда эса биз тўсатдан йиртқич бўриларга айланар, уларни ялиниб ёлборишларига ҳам парво қилмасдик…Чунки бизнинг калбларимиз, хисларимиз ўлган эди...
То унутилмас ўша кун келгунча, бизнинг куну-тунларимиз мана шундоқ тарзда, далаларда, чодирларда, денгиз кирғоқларида машиналарда ўтиб борарди…
Бир куни одатимиз бўйича, далаховлига чиқдик… Ҳамма нарса ҳозирланган эди…Ҳар биримизда биттадан «ниҳол», лаънати ичкилик ҳам етарли... Лекин егулик олиш ҳаммамизнинг ёдимиздан чиқибди… Бироздан cўнг ичимиздан биттамиз кечки овқат олиб келиш учун ўз машинасида кетди. Соат тахминан, кечки еттилар эди. Негадир, орадан бир неча соат ўтса-да ундан дарак бўлавермади... Соат ўнларда безовта бўла бошладим ва машинамда уни ахтаришга чиқдим… Бир вақт не кўз билан кўрайки, йўлда… Етиб борганимда дўстимнинг машинаси бир ёнга ағдарилган кўйи алангага бурканиб ёниб ётарди… Эсим оғиб қолаёзган алфозда, югуриб, машина ичидан дўстимни чиқаришга ҳаракат қилдим… Деярли танасининг ярми кўмир каби қорайиб, куйиб кетган дўстимни кўрганимда, бир муддат серрайиб қотиб қолдим… Ҳали ҳаёт аломати билиниб турган танани кўтариб, ерга етқиздим… Бир неча дақиқалардан cўнг у кўзини очди ва «Олов! Олов!», дея алахсирай бошлади. Машинамга ётқизиб, касалхонага олиб боришга аҳд қилдим, лекин у: «Фойдаси йуқ… Барибир етиб боролмайман…», деди инграган овоз билан. Кўз олдимда жон бераётган дўстимга қараб турарканман, кўз ёшларим сел каби оқарди… Бирдан у бақира бошлади: «Энди нима дейман унга… Нима дейман унга?» Унга даҳшат билан қарадим ва: «Ким у?», деб cўрадим. Чуқур қудуқ каъридан келаётган каби овоз билан: «Алло-о-о-ҳ!», деди. Ток ургандек сесканиб кетдим…. Кутилмаганда дўстим охирги нафасларини жамлаб, бир қичқирди-да, бўшашиб қолди… Кунлар ўтсада, ёдимдан ёнаётган олов ва вафот этган дўстимнинг: «Энди нима дейман унга… Нима дейман?» деб қичқираётган манзараси чиқмас, қайта-қайта хаёлимга қуйилиб келаверарди. Ўзимга ўзим савол бера бошладим: «Мен нима дейман Унга?» Кўзимдан ёшлар қуйила бошлади. Шу вақт муаззиннинг бомдод намозига айтаётган нидоси таралди: «Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар… Ҳаййа алас солат… Бу нидо хоссатан мен учун, мени нур ва ҳидоят йўлига чақириш учун деб ҳис қилдим….Гусл қилиб ювиндим ва таҳорат олдим. Йиллар давомида тўпланиб қолган разилликлардан жисмимни покладим… Намозни адо этдим... Ўша кундан бошлаб фарзларни тарк этмай адо қила бошладим. Аллоҳга ҳамд айтаман чунки, Ундан бошқаси ҳамдга лойиқ эмас… Бутунлай бошқа инсонга айландим… Аҳволларни ўзгартирувчи Зот қандай ҳам пок!… Аллоҳ изни ила умрага тайёрланаяпман…Иншааллоҳ, ҳажга ҳам ният бор, яна қайдам, ахир умрлар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг қўлида-ку.»
Энди шундан сўнг шояд ҳар бир маҳрум: “Тўғри Йўл қаерда? Иллатларимизга даво нимада экан?” деб ўйлаб қолар. Мен уларга: “Даво Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Суфён ибн Абдуллоҳ Сақафийга айтган сўзларида” деб айтаман. Суфён розияллоҳу анҳу: “Эй Росулуллоҳ, менга Исломдан шундай бир сўз айтингки, сиздан бошқадан қайтиб сўрамай” деганида. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
(Давоми бор)