Ислом Нури

 

Жума насиҳатлари 

 

Маҳрумлар

Иброҳим ад-Дувайш

 

 “Аллоҳга иймон келтирдим дегин-да, кейин истиқоматда — исломга тўла амал  қилишда мустаҳкам — бўл”, дедилар.

Эй маҳрумлар! Биз ҳам сизга мана шу сўзни айтамиз: “Аллоҳга иймон келтиринг ва истиқоматда — Исломга тўла амал қилишда собит — бўлинг!

Аллоҳ азза ва жалла биздан талаб қилган амалларни бажаришда собит турайлик, ўнгга ва чапга бурилмасдан Тўғри йўлни лозим тутайлик.  Баъзилар истиқоматни – қилмаса зарари йўқ бўлган - нафл деб ўйлайдилар. Бу хато тушунча бўлиб, ҳар бир мусулмонни истиқоматда туриши матлубдир. Аллоҳ таоло деди: “Бас (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз ва сиз билан бирга тавба қилган зотлар ўзингизга буюрилгани янглиғ Тўғри йўлда бўлингиз!...”. Ҳуд:112

Тўғри Йўлда мустаҳкам бўлишнинг самараси жуда катта бўлиб, у соҳибини Аллоҳнинг шариатини лозим тутишга ва нафсга қарши курашишга ундаб туради. Аллоҳ азза ва жалла айтган: “Албатта: «Парвардигоримиз Аллоҳдир», деб, сўнгра (ёлғиз Аллоҳга тоат-ибодат қилишда) тўғри — устивор бўлган зотларнинг олдиларига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб, (дерлар): «Қўрқманглар ва ғамгин бўлманглар. Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланинглар!. Бизлар ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам сизларнинг дўстларингиздирмиз. Сизлар учун (жаннатда) кўнгилларингиз тилаган нарсаларингиз бордир ва сизлар учун у жойда истаган нарсаларингиз бордир. (Бу) мағфиратли ва меҳрибон зот томонидан бўлган зиёфатдир». Фуссилат: 30-32.              Бошқа оятда эса бундай деган: “Албатта, агар улар (Тўғри) йўлда устивор турганларида, албатта Биз уларни имтиҳон қилиш учун мўл ёмғир билан суғорган бўлур эдик (яъни уларга мўл-кўл ризқ ато этган бўлур эдик). Кимки Парвардигорининг зикридан — Қуръондан юз ўгирса, У зот уни қаттиқ азобга йўллар”. Жин:16-17.

Қанча-қанча маҳрум ака-укаларимиз ва опа-сингилларимиз Аллоҳнинг қаттиқ азобига лойиқ бўлиб туришибди... Аллоҳдан уларга ҳидоят сўраймиз.

Араблар саҳрода хор-зор ҳолда яшар эдилар. Уларга Тўғри Йўл келиб ва мана шу Тўғри Йўлда устивор туришгач, уларга Ер - ундаги мўл-кўл хосиллар ва зилол сувлари – билан фатҳ қилиб берилди. Сўнг улар Тўғри Йўлдан бурилишган вақтда, улардан барча яхшиликлари тортиб олинди. Аллоҳ таоло деди: “Агар у қишлоқларнинг (жойнинг) аҳли иймон келтириб, тақводор бўлганларида эди, албатта Биз уларга осмону Ердан баракот (дарвозаларини) очиб қўйган бўлур эдик”. Аъроф: 96.

Юқорида ўтган барча маҳрумликларнинг сабаби, истиқоматдан узоқ бўлишдир. Инсон Аллоҳнинг тоатидан қанчалик узоқ бўлса, маҳрумлиги ҳам шунга қараб бўлади.

Азиз биродар! Муҳтарама синглим! Бир оз шошманг! Ўзингиз билан ёлғиз қолинг! Дунёни олтин-у қаср ва мансаблари билан бир четга қўйинг! Ошна-оғайнингиз ва бола-чақангиздан узоқ бўлинг-да! Ўзингиз билан ҳоли қолинг! Ўзингиздан сўранг: “Сен нима учун яшаяпсан? Нима хоҳлайсан? Охири нима бўлади? Қаердан келдинг? Қаерга қайтасан? Шу саволларни ўзингизга беринг! Лекин, асло-асло мана бу маҳрум насроний шоир каби бўлманг! У ўзининг тараддуд ва хайратга тўла қасидасида: “Келдим ва лекин қаердан келганимни билмайман. Лекин келдим. Рўпарамда йўл кўрдим, хоҳласам хоҳламасам шу йўлда юраман. Қандай келдим, йўлни қандай кўрдим билмайман... . Иймон неъматидан маҳрум, ақли лол-хайронлар ана шундайдирлар.

 Аммо биз мўъмин-мусулмонлар бундай саволларга Алҳамду лиллаҳ тараддудланмай жавоб бера оламиз. Чунки биз динимизда бунга муфассал жавоб топа оламиз. Қуръонимиз ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларида бу ҳақда тўғри ва етарли сўзларни топа оламиз. Қуръон бизларни нима мақсад ва қандай ғоя билан яшашимизни таълим берган: “Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим”. Зориёт:56.

 Сиз ҳам мана шу мақсад ва ғоя билан яшайсизми?

Яна Қуръон бизларни ҳаётимиздаги барча нарса Аллоҳ учун бўлишини таълим берган: “Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Албатта, намозим, ибодатларим, ҳаёту мамотим бутун оламларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳ учундир. У зотнинг биронта шериги йўқдир...”. Анъом:162.

Сизнинг ҳам ҳаётдаги барча нарсангиз Аллоҳ учунми? Бас фақат Аллоҳ рози бўладиган амалларнигина қиламиз, Аллоҳ рози бўладиган сўзларнигина сўзлаймиз. Гарчи барча инсонлар норози бўлсалар ҳам, биз Аллоҳни рози қиламиз. Ҳар лаҳзада “Ла илаҳа иллаллоҳ”ни айтиб юрамиз. Зеро биз, бу калимада содиқ ва ҳолис яшаган киши бахт-саодатда азиз бўлиб яшашини, вафот этганда кенглиги осмонлар-у ерчалик бўлган жаннатда бўлишини биламиз.

Шундай экан, Эй маҳрум қулоқ сол! Ва шуни билгинки – ким мақсад билан яшаса ҳаракат қилади, амал қилади, рукуъ ва саждалар қилади, вақтини ғанимат билади, бекорчиликка бир дақиқа ҳам қолдирмайди, чунки бекорчилик қотилдир. Энг ғам-ташвишли одамлар бекорчилардир. Бекор бўлган кунинг сени ғам-ташвиш, васваса ва ёмон ҳаёллар ўраб олади ва шайтонлар ўйнайдиган тўп-коптокка айланиб қоласан.

Эй биродар! Эй синглим! Ғам-ташвишларни бир ғам – Аллоҳга рўбарў бўладиган, Унинг хузурида турадиган - охират ғами қилиб ол!: “Ўша Кунда сизлар (ҳисоб-китоб учун Аллоҳга) кўндаланг қилинурсизлар — сизларнинг бирон сирингиз махфий қолмас”. Ал-Ҳааққо: 18.                 Барча амалларингни Аллоҳ учун ҳолис қилгин! Аллоҳнинг розилигига харис бўл! Одамлардан миннатдорлик кутма!

Эй инсон! Эртанги кунга нимани хозирлаб қўйдинг? Аллоҳ таоло айтган: “...ва ўзингиз учун яхши амаллар тақдим қилинг! Аллоҳдан қўрқингиз ва билингизким, сизлар Унга рўбарў бўлувчисиз”. Бақара: 223.               Ким бекорчилик ва сусткашлик отига минса, тезда ундан ҳасрат ва надомат билан қулайди. Бундай одамга, истиқомат ва илтизом ҳақида жиддий тафаккур қилиш тез ёрдам бўлиб, унга даво бўлади.

Эй биродарлар, мақсадли бўлинглар! Шунда ҳаётнинг қийматини хис қиласиз. Доимо, бошқани эмас, фақат Ёлғиз Аллоҳни рози қилишни, бошқага эмас, фақат Аллоҳга итоат қилишни ўйланг!

 Истиқомат сабабларидан яна бири, Аллоҳ таоло бандага ҳидоятни ирода этишидир. Аллоҳ таоло деди: “Аллоҳ кимни ҳидоят қилишни истаса унинг кўнглини ислом учун кенг қилиб қўяр. Кимни адаштиришни истаса, унинг кўнглини худди осмонга кўтарилиб кетаётгандек, тор ва танг қилиб қўяр”. Анъом: 125.     

Баъзи жоҳиллар: “Аллоҳ мени ҳидоятда бўлишимни ирода қилмаган бўлса мен нима қилай? дейдилар. Бу шубҳа кўп маҳрумлар мубтало бўлган нафснинг ҳийласи ва шайтонинг кириш ўрнидир. Бунга биз қуйидагича жавоб берамиз: Сиз ҳидоят сабабларини қилинг, ҳидоят сўранг, нафсга қарши курашинг! Шунда Аллоҳнинг хоҳиши билан тезда натижасини кўрасиз. Бирон бир иш қилмоқчи бўлсангиз сабабини қиласиз-ку, тўғрими? Масалан, имтиҳондан яхши ўтмоқчи бўлсангиз, унга тайёрланасиз, ўқийсиз, ёзасиз, ёдлайсиз... шундайми? Мен сизга масалан, “Имтиҳонга тайёрланмай қўявер, ўқима, ёзма, ёдлама, агар Аллоҳ имтиҳондан яхши ўтишингни ирода қилган бўлса ўтиб кетасан” десам, шунга рози бўласизми? “Йўқ” албатта. Демак, сабабларини қилиш лозим. Ёмон улфатларни ва фасодга олиб борувчи йўлларни тарк қилиш керак. Яхши, солиҳ инсонлар билан бирга бўлиш, кўп зикр қилиш ва Аллоҳдан қалбингизни очиб,  Ҳақ йўлда собит қилишини тинмай дуо қилиб сўрашга харис бўлиш керак. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдек зот саждаларида: “Эй қалбларни айлантирувчи Зот, қалбимни динингда собит қил!” деб кўп дуо қилардилар. Энди сиз-у биз ва бизга ўхшаган иймони заифларчи? Аллоҳ таоло ҳаммаларимизни истиқоматда қилсин.

 Сиз ҳам агар фарз намозларини адо қилувчилардан бўлсангиз, бир кунда 17 мартадан ортиқ: “Бизларни Тўғри йўлга йўллагин” деб дуо қиласиз. Лекин минг афсус, ғофил қалб билан ва маъносини тушунмай айтасиз. Сиз ҳидоят талабида Аллоҳга содиқ бўлинг! Нафсга қарши жиҳод эълон қилинг! Буни эвазига Аллоҳнинг шундай сўзи бор: “Бизнинг (йўлимиз)да жиҳод қилган — курашган зотларни албатта Ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз. Аниқки, Аллоҳ чиройли амал қилувчи зотлар билан биргадир”. Анкабут: 69.

 Демак, ҳидоят босқичидан аввал, нафсга қарши кураш, нафсни шаҳватлардан тийиш босқичи бор экан, сиз Аллоҳ билан бирга бўлиш ҳаловатини ёдда тутсангиз, бу босқичдан ўтиш сизга осон бўлади. Ҳавони ютиш осон, лекин у оғизни қуритиб қўяди. Сиз ҳидоятни Аллоҳдан сидқи дилдан сўранг! Сабабларини қилишга харис бўлинг!  Шояд бахт-саодат ва роҳат-фароғатни дунё-ю охиратда топасиз.

Ҳидоят топиш сабаблари жуда кўп. Мен қуйида шуларнинг айримларига ишора қилиб ўтаман, сиз шуларни қилишга бел боғланг!

1) Мақсад ва ғоя билан яшанг, нима учун дунёга келганингизни билинг!

2) Аллоҳнинг иродаси ҳамма нарсадан юқори, бунда шак йўқ, лекин бу илми ғайб. Сизга лозим иш, яхшиликка харис бўлинг ва унга етиш сабабларини қилинг! Шу билан бирга, нафс ҳийлаларидан ва шайтон кирадиган ўринлардан хазир бўлинг! 

3) Тинмай дуо қилинг ва Аллоҳни кўп ёд олинг!

4) Солиҳлар билан ҳамсуҳбат бўлинг! Фисқ-фужур аҳлидан йироқ юринг, чунки улар сизни ҳам ўзларига ўхшатишни хоҳлайдилар. “Зинокор, ҳамма аёллар зинокор бўлишини хоҳлайди” деб тўғри айтилган.

5) Нафсга қарши курашинг! “Сен ўлимга тайёрмисан ёки йўқми?” деб нафсни сарҳисоб қилинг!                          

6) Ёмонликка уни ўчириб юборадиган яхшиликни эргаштиринг! Бирон бир гуноҳ-маъсият қилиб қўйсангиз, дарҳол яхши амалларни кўпайтиринг! Камбағалларга садақотлар беринг, ота-онага яхшиликлар қилинг, намоз ўқинг. Ҳар қандай катта-кичик яхши амаллар қилишга интилинг. Аллоҳ таоло деган: “Албатта, яхши амаллар ёмонлик-гуноҳларни кетказур”. Ҳуд: 114.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Ёмонликка яхшиликни эргаштиргин-ки, у уни ўчириб ташлайди”.

7) Гуноҳ ва маъсиятга тушиб қолсанг тавба қил! Бир гуноҳга минг бор тавба қилсанг ҳам, асло тавба қилишдан малолланма! Нафснинг заифлиги ва шайтоннинг ҳийлаларидан хазир бўл, чунки гоҳида шайтон: “кўп тавбанг билан мунофиқлик қиляпсан ёки Аллоҳни алдаяпсан” деган сўзни қалбингга келтириши мумкин. Муҳими сен тавбанг ва қилмишингга надомат-пушаймонингда содиқ бўлишингдир. Заифлик қилиб гуноҳга қайтиб қолсанг, дарҳол тавбага қайт!

  Имом Нававий “Гуноҳлар такрорланса ҳам тавбанинг қабул бўлиши” бобида: "Саҳиҳ Муслимдаги “Тавба боби”ни ўқишни насиҳат қиламан. Шунда сен ундаги Аллоҳ раҳматининг буюклиги, бандасининг тавба қилишига хурсанд бўлишини кўрасан ва ҳолбуки Аллоҳ мендан ҳам, сендан ҳам ва барча оламлардан ҳам бехожатдир. Лекин асло-асло Аллоҳнинг кенг раҳмати билан мағрурланиб, гуноҳда давом этмагин! Билгинки Аллоҳ Кечирувчи, ўта Раҳмли бўлиши билан азоби қаттиқ Зотдир”.

  Хулоса:  Истиғфор ва тавбани кўпайтир! Башариятнинг яхшиси ҳабибимиз ва етакчимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кунда етмиш марта, бошқа бир ривоятда юз марта истиғфор айтардилар. Гуноҳкор, заиф биз бандаларчи? Тавбани кўпайтирайлик! Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда, Аллоҳ азза ва жалла, гуноҳни такрор содир қилиб яна қайта тавба қилган киши ҳақида: “Бандам, унинг гуноҳларини кечирадиган ва гуноҳларига азоб берадиган Парвардигори борлигини билади. Бандамни кечирдим, бандамни кечирдим, хоҳлаганини қилсин”, дейди. Муттафақун алайҳ.

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Эй Расулуллоҳ! Бизлардан биримиз гуноҳ қилади” деб сўради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ёзиб қўйилади" дедилар. У: "Сўнг истиғфор айтиб, тавба қилади” деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Гуноҳи кечирилиб, тавбаси қабул қилинади” дедилар. У: “Яна гуноҳ қилади” деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ёзиб қўйилади. То сизлар гуноҳ ва ортидан тавба қилишда малолланиб қолмасангизлар Аллоҳ таоло ҳаргиз малолланмайди.”, дедилар. Ҳоким ривояти.

Азиз биродар, гуноҳга ботган бўлсанг ҳам тавба қилишга бепарво бўлма, муҳими тавбани жиддий, содиқ ҳолда қил, шайтоннинг эшик, дарчаларини ҳаммасини беркитиб, сабабини қил! Шунда бунинг самарасини қалбингда топасан. Сен узоқ эмас, балки жуда яқинсан. Бахт-саодат, роҳат-фароғат, истиқомат... бу нарсаларга сен яқинсан, муҳими сенда азму қарор ва эътибор бўлса, бас.

Ибн Қоййим роҳимаҳуллоҳ “Фавоид”да айтганлар: “Азму қарор ила, офатлар билан қопланган бу тор диёрдан, кўз кўрмаган нарсалар бўлган у кенг диёрга чиқгин. У ерда матлуб нарса топилмай қолмас, маҳбуб нарса қўлдан кетмас”. Аллоҳ барчамизни ёмонликлардан сақлаб, Ўзига холис тавба қилишга тавфиқ берсин.

Азизим, фитратга, нафсингдаги яхшиликларга қайт, шунда сен ўзингни ҳидоятга, ҳидоятни эса ўзингга яқин эканини топасан. Дунё ўзининг моллари, мансаб-у қасрлари билан сенинг бир томчи кўз ёшингга, хавотирингга ё хўрсинишингга ҳам арзимайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Дунё малъундир ва ундаги нарсалар ҳам лаънатлангандир, магар Аллоҳнинг зикри ва шунга кўмак берувчи, олим ва таълим олувчи бундан мустаснодир”. Термизий.

Аллоҳ азза ва жалла деди: “Бу ҳаёти дунё фақат (бир нафаслик) ўйин-кулгидир”. Анкабут: 64

Азиз биродарим! Сени жонинг қадрлидир. Бугунми, эртами-индинми “Фалончи вафот этибди” дейилиши аниқ, чунки ўлим ҳақ. Лекин яхшилик ва ҳидоятда вафот этиш билан, фисқ-фужур ва залолатда ўлиб кетишнинг фарқи бор албатта. Шундай экан ғафлат, орзу-ҳавас ва соғломлигинг билан алданиб қолмагин! Қанча-қанча тани соғлар бирон касалсиз вафот этса, қанча-қанча касаллар узоқ йиллар ҳаёт кечирмоқдалар. Кўпинча, шод-хуррам, хурсанд ҳолда кулиб ётасан, бироқ тонг оттиролмай оламдан ўтасан.               Шеърнинг мазмуни:

“Эй тун бошида масрур ётувчи, ходисалар сахарларда эшик қоқувчи”.

Эй биродар! Эй синглим! Яхши сифатлар, гўзал амаллар ва фазилатларга шошилинг! Буларнинг барчаси эса Аллоҳ азза ва жаллага содиқ иймон билан бўлади. Аллоҳ таолодан барчамизнинг тавбаларимизни қабул этишини ва бизларни содиқ, солиҳ ва яхши амал қилувчилар жумласидан қилишини сўраб қоламиз. Аллоҳим тавбаларимизни қабул эт, гуноҳларимизни кечир ва Ўз раҳматинг ила бизларга раҳм қил! Парвардигоро! Сен барча айбу нуқсондан покдирсан. Сенинг ҳамдинг билан тасбеҳлар айтамиз. Гувоҳлик берамизки, сендан ўзга ҳеч бир ҳақ илоҳ йўқдир. Сендан гуноҳларимизни кечиришингни сўраймиз ва Сенга тавбалар қиламиз. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга, аҳли оилаларига ва асҳоби киромларига салавот-у саломлар ва баракотлар бўлсин.

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

Боши

Тамом

   Юқорига