Ислом Нури

 

Жума насиҳатлари 

 

Маҳрумлар

Иброҳим ад-Дувайш

 

Шоҳлар подшоҳига қулоқ сол, осмонлару Ерни яратган Зотни эшит, Мағфиратли, Муҳаббатли Зот сенга нидо қиляпти, ўта Меҳрибон, жуда Раҳмли Зот сенга хитоб қиляпти: “(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Менинг (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) ўз жонларига жиноят қилган бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилур. Албатта Унинг Ўзигина  Мағфиратли, Меҳрибондир». Зумар: 53.

Ҳадиси Қудсийда Аллоҳ таоло деди: “Эй бандаларим, сизлар кечаю-кундуз гуноҳ қиласиз. Мен эса барча гуноҳларни кечираман, бас Менга истиғфор айтинг, Мен сизларни кечираман”. Муслим.

Бошқа бир ҳадиси қудсийда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай деди:  «Эй Одам фарзанди, мудом Менга дуо қилар экансан ва Мендан умид қилар экансан, нима қилган бўлсанг ҳам (қандай катта гуноҳ бўлишидан) қатъий назар кечираман. Эй Одам фарзанди, агар гуноҳларинг осмондаги булутларга қадар етиб борса ва Мендан мағфират сўрасанг, (қандай катта гуноҳлигидан) қатъий назар, мағфират қиламан. Эй Одам фарзанди, агар Менинг ҳузуримга ер юзичалик гуноҳлар билан келсанг-у, Менга ҳеч нарсани шерик қилмаган ҳолда йўлиқсанг, Мен сенга ер юзичалик мағфират билан рўбарў бўламан». Термизий.

Эй маҳрум! Осмонлару Ернинг Парвардигоридан ушбу нидоларни эшитдинг. Хўш, нима узринг бор энди? Дунёдаги энг бахтли лаҳзалар, Аллоҳга бўйин эгиб, Унга зорланиб, Ундан қўрқиб, йиғлаб, истиғфор айтиб, тавба қилган кундир. Сўзлари содиқ, кўз ёшлари қайноқ, ғам-ташвишлари оғир тавба қилувчилар, маҳрумлик аччиғидан сўнг иймон ҳаловатини тотинг, хайрат ўтидан сўнг ишонч роҳатини топинг, изтиробли йўллардан сўнг хотиржам ҳаётда яшанг. Мана шундай яхшиликлардан, бахт-саодат ва роҳатлардан нима учун ўзингизни маҳрум қилишингиз керак? Гуноҳ қилиб қўйсангиз тавба қилиб истиғфор айтинг, хато қилиб қўйсангиз тўғриланг, тузатинг. Раҳмат кенгдир, эшиги очиқдир.

Ибн Қоййим роҳимаҳуллоҳ “ал-Фавоид” китобларида шундай деганлар: “Барака топкур, ўзингни камситма, тавба қилувчи севиклидир, синиқ одам саломатдир, муҳтожликка иқроринг айни бойликдир, надоматдан бош эгишинг олийликдир, хатони тан олишинг тўғриликдир”. Демак Аллоҳ учун қуллик қилиш азизлик ва олийликдир. Бошқага қуллик эса хорлик ва пастликдир.  

Ҳабибим! Мен сенинг тавба қилишинг билан ҳурсанд бўламан, Аллоҳга қайтишинг билан шодланаман. Менда бундан бошқа нарса йўқ. Шеърнинг маъноси:

Содиқ тавба қилиш билан Аллоҳ таолога қайтайлик.

Биз тавба қилувчилар билан биргамиз,

уларга қўлимизни чўзамиз, молимиз ва дуоларимиз билан ёрдам берамиз.

Бизнинг қўлимизда бундан бошқа нарса йўқ.

 

 Қуръон тиловати, унинг оятларини тадаббур қилиш ва Аллоҳдан қўрқиб йиғлаш лаззатидан маҳрумлар ҳам, маҳрумлар жумласидандир.

Ато ибн Аби Рабоҳ айтадилар: “Мен ва Убайд ибн Умайр Оиша розияллоҳу анҳонинг хузурларига кирдик. Умайр Оиша розияллоҳу анҳога: “— Раcулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан cиз кўрган энг ажабланарли нарcа ҳақида гапириб беринг,- деб илтимоc қилдилар. Шунда Оиша онамиз йиғладилар ва дедилар:”Бир кеча намоз ўқиш учун турдилар ва: «Эй Оиша мени ҳоли қўйинг, Парвардигоримга ибодат қилай»,- деб айтдилар. Мен: «Аллоҳга қаcамки мен cизга яқин бўлишни cуяман ва cизни нима хурcанд қилса, мен ҳам ўшани яхши кўраман»,- дедим. Cўнгра ул зот туриб таҳорат олиб келдилар-да, намоз ўқий бошладилар. Ул зот йиғлайвердилар, хатто этаклари хўл бўлиб кетди. Йиғлайвердилар, йиғлайвердилар хатто ерни ҳам хўл қилдилар. Билол розияллоҳу анҳу Раcулуллоҳни намозга чақиргани келган эди, у зотни йиғлаётган ҳолда кўриб: «Ё Раcулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, йиғлаяпcизми? Ахир Аллоҳ таоло cизнинг ўтган ва кейинги гуноҳларингизни барини мағфират қилган-ку?!»- дедилар. Шунда Раcулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Шукр қилувчи банда бўлмайинми?! Менга бу кеча бир неча оятлар нозил бўлдики, уларни ўқиб, тафаккур қилмаган кимcаларга вайл бўлcин:

«Оcмонлар ва ернинг яралишида ҳамда кеча ва кундузнинг алмашиниб туришида ақл эгалари учун (бир Яратувчи ва Бошқариб турувчи Зот мавжуд эканлигига) оят-аломатлар бордир. Улар турганда ҳам, ўтирганда ҳам, ётганда ҳам Аллоҳни эcлайдилар ҳамда оcмонлар ва Ернинг яралиши хақида тафаккур қилиб (дейдилар) "Парвардигоро, бу (борлиқ)ни беҳуда яратганинг йўқ!». Оли Имрон:190-191. Ибн Ҳиббон.

Демак, ким Қуръон ўқимаса у маҳрумдир. Алҳамдулиллаҳ Рамазонда Қуръон ўқилади, лекин минг афсуски шунда ҳам хушуъ ва тадаббурсиз ўқилади. Ҳабибим, ўзингдан бир сўра! Бир кеча ва кундузда қанча оят тиловат қиласан? Балки бир ҳафтада қанча оят ўқийсан? Мумкин балки кунлаб, ойлаб ва ҳатто йиллар мобайнида Қуръон ўқимасдан яшаётгандирсан. Нечоғли маҳрумлик… Қуръон ўқийдиганларга савол: Қуръонни ўқиётиб неча маротаба кўзингиздан ёш оқизгансиз?

Одамлар орасида Қуръонни ўқиётиб ёки уни эшитиб, бирон марта ҳам кўз ёш тўкмай, аммо яхши кўрган ашуласи ёки филмини кўриб эса бир неча бор кўз ёш тўкадиганлари ҳам бор. Аллоҳ асрасин! Ҳаётни ўйин-кулги, бахт-саодатни эса яхши еб-ичиш деб биладиганлар қандай ҳам маҳрумлар. Маҳрумларнинг кечалари мусиқа ва ўйин-кулгидан иборат бўлса, солиҳларнинг кечалари зикр, дуо ва йиғилардан иборатдир.

  Эй йиғлаш лаззатидан маҳрум! Билгинки, Аллоҳдан қўрқиб йиғлашдан кўзингни хўлланмаслиги, бу қалбнинг қаттиқлиги бўлиб, Аллоҳдан энг узоқ қалб эса, қаттиқ қалбдир, буни унутма! Ўзингга айт! нафсингга айт! Эх аттанг, минг афсус! Қалб Қуръондан баҳраманд бўлишдан, уни бўйини ҳидлашдан мастур, маҳрум бўлган ҳолда, қандай қилиб  замон, умрни ўтказиб юборябсан? Дунёдаги энг яхши нарсани тотмай, дунёга келиб кетсанг-а? Балки дунёда хайвонларча яшаб, ундан ҳамма нарсани бой берган ҳолда ҳечвақосиз ўтсанг-а? Ҳаётда ожиз-нотавон… , вафот этаётганда ғам, алам, хасрат… .

   Эй маҳрум! Эй маҳрума! Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Қуръон сенинг фойдангга ёки зарарингга ҳужжатдир”, деган сўзларини эшитмаганмисан? Қайси бирини танлайсан? ...фойдангганими? ёки ... зарарингганими? Солиҳ кишилардан бирлари айтган экан: “Аллоҳнинг Ўзигина биладиган бир ғам мени ўраб олди, нима қиларимни билмай қолдим. Кўнглимга Қуръон ўқиш келиб, қўлимга Мусҳафни олиб тиловат қила бошладим. Қанча ўқиганимни билмайман, қалбимдан бу ғам кетиб, ўрнига Аллоҳ шодлик ва хурсандликни солди”.

Азиз биродарим! Аллоҳ таоло сифатлаганидек, бу Қуръон раҳмат, ҳидоят, нур ва қалбдаги нарсаларга шифодир. Шундай экан Қуръонни ўқинг, уни эшитинг! Қуръонни тадаббур билан, маъноларини англаб ўқиш, дунё-ю охиратдаги бахт-саодат сабабларидандир.

  Аллоҳ Йўлида биродар бўлиш лаззатидан насибасизлар ҳам маҳрумлар жумласидандир.  Чунки бундайлар, яхшиликка чорлаб шу йўлда кўмакдош дўстдан маҳрумдирлар. Солиҳ биродардан фақат яхши фойдалик сўз ёки хайрли дуо ва ёки шаън-обрў ҳимоясигина топилади.

  Эй Аллоҳ йўлида биродарликдан маҳрум! Сен яхши суҳбатдошга, яхши сўзга мухтожсан,  ичингдаги дард-аламларингни тўкиб сочадиган омонатдор-содиқ дўстга мухтожсан, сенга кимлигингни нима учун яралганингни, жасур-мард эркаклар авлоди эканингни эслатиб турадиган ҳолис насиҳатгўйга нақадар мухтожсан. Мана шу нарсаларни сен, ўйин-кулги, ош-овқат ва кайф-сафодаги ошналарингда топасанми? Кўз олдинга ҳар бир ошнангни бирма-бир келтир-да, ўзингдан сўра! Сизларни боғлаб турган нарса нима? Дунёвий манфаъатми, шайтоний шаҳватми...? ёки бу исломий биродарликми...? Нима? Аллоҳ Йўлида биродарликдан бошқа ҳар қандай ошна-оғайнилик саробдир, охири ташвиш ва адоватдир. Қуръони Каримда Аллоҳ таолонинг шундай сўзи бор: “ У Кунда дўстлар бир-бирларига душмандир, магар (Аллоҳ Йўлида дўстлашган) тақводор зотларгина (мангу дўстдирлар)”. Зухруф: 67.  

  Эй Аллоҳ Йўлидаги биродарлик лаззатидан маҳрум, Қиёмат Куни: “ Ўлим бўлсин менга, қани эди мен фалончини дўст тутмаганимда эди. Аниқки, менга Эслатма- Қуръон келганидан сўнг, ўша (фалончи) мени йўлдан оздирди”. (У Кунда) шайтон (ҳаёти дунёда ўзига эргашган барча) инсонни ёрдамсиз қўйгувчидир”. Фурқон:28-29. деб қолишингдан аввал, бой берган нарсаларни қайтаришга харакат қилиб қол! Аллоҳ учун бўлган биродарларинга қайт! Шунда сен Қиёматда улар билан жамланасан. Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Киши ўзи яхши кўрганлар билан биргадир”. Сен яхши кўрадиганлар кимлар?

Шеърнинг мазмуни: “Дунёдаги яқининг Маҳшарда ҳам яқиндир. Сен менга ҳамиша яқинсан. Агар сен дўзахга тушсанг демак мен ҳам дўзахийман”.

 Эй маҳрум! ёмон ошналаринг сабаб ўзинга қанча разил сифатларни ортириб, яхши сифатлардан мосуво бўлдинг. Нима учун, дейсанми? Чунки инсон табиъати шундай “ўғри”, сен менга ошналаринг кимлигини айт, мен сени кимлигингни айтиб бераман.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам: “Киши ўз дўстининг динида бўлади. ҳар бирингиз ким билан дўст бўлиб юрганига қарасин” деганлар. Аллоҳ учун биродарликни ўзига яраша ажойиб бир ҳаловати ва лаззати бор-ки, бундан шундай биродарликдан маҳрумлар  бебахрадир. Саҳиҳ ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “ Уч нарса бор-ки, кимда шулар бўлса иймон ҳаловатини топади” деб, шулардан бири “Киши кимни яхши кўрса Аллоҳ учунгина яхши кўриши”ни зикр қилганлар.

Асарларда келган: “Агар уч нарса бўлмаганида дунёда қолишни истамаган бўлардим: “Ширин хурмоларни териб-териб олганларидек, яхши гапларни танлаб-танлаб гапирадиган биродарлар билан ҳамсуҳбат бўлиш”... .               Эх, қанча-қанча одамлар Аллоҳ учун биродарликдан маҳрум бўлиб юрибдилар-а?

     Яна одамлар орасида ҳалол таъом ейишдан, натижада дуо ижобатидан маҳрумлар бор. Саҳиҳ Муслимда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Эй одамлар, Аллоҳ Покдир ва пок нарсанигина қабул қилади. Аллоҳ Пайғамбарларни нимага буюрган бўлса, мўъминларни ҳам шунга буюриб:

Эй Пайғамбарлар! Пок нарсалардан енглар ва солиҳ амаллар қилинглар. Албатта, Мен нима амал қилаётганингизни ўта билувчиман”,

Эй мўъминлар! сизларга ризқ қилиб берганимиз-покиза нарсалардан енглар...” деди, сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам, узоқ сафарда, сочлари тўзиган, кийимлари чанг тўзон, қўлини осмонга кўтариб: Эй Роббим, Эй Роббим (деб дуо қилаётган) аммо ейиши харом, ичиши харом, кийими харом ва харом билан озуқаланадиган кишини зикр қилиб: “ Қандай ҳам ундан (дуоси) ижобат бўлсин?” дедилар.

 Қанча-қанча инсонлар ҳалол луқма ейиш лаззатидан, мол-дунё баракасидан ва фарзандлар роҳатини кўришдан маҳрумдирлар. Нима сабаб? Сабабчи ўзлари: Рибо-судхўрлик, макр-алдов, ўғрилик ва ёлғон қасам ичиш каби харом ишлар билан топилган харом луқмани ўзлари еб, фарзандларига ҳам едиришлари оқибатидир.

Айрим намозхонлар ҳам шундай ишларга мубтало бўлганлар. Эх бечора, намоз ўқиб, рукуъ-саждалар қилиб, қўлингни дуога кўтариб дуо қилсангда, қаердан ҳам сендан ижобат бўлсин?

 Азиз биродарлар! Ўзимиз сезмаган ҳолда маҳрумлардан бўлиб қолишимиздан қўрқаман. Чунки биз ҳам қўлларимизни кўтариб дуолар қиламиз, Аллоҳга ёлвориб нолалар қиламиз, гоҳо кўзларимиздан оққан ёш яноқларимизни хўл қилади, айниқса Рамазондаги намозхонларнинг қиёмларига қаранг! Афсуски баъзида бу йиғиларнинг таъсирини кўрмаймиз. “Аниқки, то бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас”... Раъд: 11. 

“(Эй инсонлар), сизларга не бир мусибат етса, бас ўз қўлларингиз қилган нарса — гуноҳ сабабли (етур). Яна У кўп (гуноҳларнинг жазосини бермасдан) афв қилиб юборур”. Шўро: 30.

Мол-дунёни қаердан топаётганимизга қарайлик! Еб-ичишимиз, кияётган кийимларимизни ҳалол бўлишига харис бўлайлик! Ҳалол касб, ҳалол луқмани қалбга, қалб роҳати ва саодатига, фарзандларнинг солиҳ-солиҳа, ота-онасига меҳрли, уларга яхшилик қиладиган, ризқни эса кенг ва баракалик бўлишига катта таъсири бор. Гуноҳ-маъсият сабабли ризқдан маҳрум бўлиб юрган қанча-қанча одамларга мана бу ҳадисни эслатамиз: “Киши гуноҳи сабаб ризқдан маҳрум бўлади”. Имом Аҳмад, Насоий, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон саҳиҳ деган ва Ҳоким ривояти.  

Мол-дунёнинг кўплиги унинг баракотли эканига далил эмас, балки баъзида кўп мол-дунё, эгасига бахтсизлик ва бало бўлади. Кўп мол-дунё ва қасрларга эга кишиларнинг, бахтсизлик, ғам-ташвиш ва дард-алам устида яшаётганларини кўп эшитганмиз. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Агар Аллоҳ азза ва жалла бир гуноҳкор бандага, унга ёқадиган мол-дунёни бераётганини кўрсанг, демак у истидрождир (яъни аста-секин ҳалокатга олиб бориш) сўнг Аллоҳ таолонинг ушбу сўзини тиловат қилдилар: “Энди — ўзлари учун эслатма қилиб берилган нарсани унутган вақтларида, уларга ҳамма нарсанинг эшикларини очиб қўйдик. Қачонки ўзларига берилган нарсалар билан шод турганларида, уларни тўсатдан ушладик. Бас, бутунлай номурод бўлдилар”. Имом Аҳмад, Табарий.

Энди Ибн Қоййим роҳимаҳуллоҳга қулоқ тут:  “Гуноҳ-маъсиятларнинг таъсири, оқибати шуки, улар умр, ризқ, илм, амал, тоат, дин ва дунё баракасини кеткизади. Умрида, дин-у дунёсида Аллоҳга осийлик қилган бандадан кўра ночор кишини топмайсан. Ердан баракани кўтарилиши ҳам одамларнинг гуноҳлари сабаблидир. Аллоҳ таоло айтган:  “Агар у қишлоқларнинг (жойнинг) аҳли иймон келтириб, тақводор бўлганларида эди, албатта Биз уларга осмону Ердан баракот (дарвозаларини) очиб қўйган бўлур эдик”.

 “Албатта, агар улар (Тўғри) йўлда устивор турганларида, албатта Биз уларни имтиҳон қилиш учун мўл ёмғир билан суғорган бўлур эдик (яъни уларга мўл-кўл ризқ ато этган бўлур эдик)”.

Ҳадисда эса: “Киши гуноҳи сабаб ризқдан маҳрум бўлади”, дейилган.

   Одамлар орасида таҳлил, тасбиҳ ва ҳамд-у санолар билан Аллоҳни кўп зикр қилишдан маҳрумлари бор. Уларнинг тиллари Аллоҳнинг зикридан қуриб, сўкиниш, лаънатлаш, беҳуда гаплар ва беҳаё сўзлар билан намланган. Аллоҳ асрасин. Аллоҳни зикр қилишдан ғафлатда юрганларнинг нақадар маҳрум эканини билмоқчи бўлсанг, ушбу оят ва ҳадисларга қулоқ сол! Бунда катта фойда бор.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Фақир муҳожирлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: “Бойлар олий даражот ва доимий неъматларга эга бўлиб кетмоқдалар. Биз каби намоз ўқийдилар, рўза тутадилар, аммо зиёда мол-дунёга эгаликларидан ҳаж ва умра, жиҳод ва садақотлар қиладилар”, дедилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “ Мен сизларга (бой) биродарларингизга ажр-савобда етиб оладиган, ўзингиздан кейингилардан ўтиб кетадиган ва сиз қилган (ушбу амални) қилган кимсадан бошқа бирон кимса сиздан афзал бўла олмайдиган нарсани ўргатайми?”, дедилар. Улар: “Ҳа ўргатинг! Эй Росулуллоҳ”, дейишди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар намоздан кейин ўттиз уч маротабадан тасбеҳ, ҳамд ва такбир айтасиз, дедилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ровий Абу Солиҳдан қандай айтиш кайфияти ҳақида сўралганида: “Субҳаналлоҳ”, деб 33 марта, “Алҳамду лиллаҳ”, деб 33 марта ва “Аллоҳу Акбар”, деб 33 марта айтади”, деб жавоб берган. Муттафақун алайҳ.

Имом Муслим  ўзларининг ривоятларида ушбу зиёдани келтирганлар: “Фақир муҳожирлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига қайтиб: Бой биродарларимиз биз қилаётган амални эшитиб, улар ҳам шундай қилишяпти”, дейишган эди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Бу Ўзи хоҳлаган бандасига берадиган Аллоҳнинг фазли-марҳаматидир”, дедилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Ким ҳар намознинг кетидан 33 марта тасбеҳ, 33 марта ҳамд ва 33 марта такбир айтиб юзинчисига “Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу, лаҳул-мулку ва лаҳул-ҳамду ва ҳува ала кулли шай`ин қодийр” деб айтса, гарчи денгизнинг кўпигича бўлса ҳам гуноҳлари кечирилади”. Имом Муслим.

 Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Биз Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида эдик. У зот: “Биронтангиз бир кунда мингта ҳасанот касб қила оладими?” дедилар. Ўтирганлардан бири: “Мингта ҳасанотни қандай қилиб олиш мумкин?”, деб сўради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким юзта тасбиҳ айтса, мингта ҳасанот ёзилади ёки мингта хатоси ўчирилади”, дедилар. Имом Муслим. Бундай фазилатлар ҳақида келган ҳадислар ниҳоятда кўпдир.

Энди менга айтингчи, мана шундай зикрларни тарк қилган одам маҳрум эмасми? Ким денгизнинг кўпиги каби кўп бўлган гуноҳларининг кечирилишини хоҳламайди? Қай биримиз ҳар кун мингта ҳасанот касб қилишга ёки мингта хато ўчирилишига рағбат қиламиз. Бундай ҳадисларнинг фазилатидан баҳраманд бўлиш у ёқда турсин, буни эшитмаганлар қанча? Бу маҳрумлик эмасми? Бу зикрлар кўпгина фазилатлар муқобилида, оз вақт ичида айтиладиган қисқа калималар бўлса..., бундан ташқари, инс-у жин шайтонларидан ҳимоя қиладиган мўъминнинг қуроли бўлса..., яна бунга қўшимча қалб хотиржамлиги ҳам ҳосил бўлса... Аллоҳ таоло айтган: “Огоҳ бўлингизким, Аллоҳни зикр қилиш билан қалблар ором олур”. Раъд:28.

Бошқа оятда:  “Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр қилувчи аёллар – улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофот (яъни жаннат) тайёрлаб қўйгандир”. Аҳзоб:35.

Демак, Аллоҳни кўп ёд этувчи зокир бандалар ўзиб кетдилар, маҳрумлар эса зиёнда ва ортда қолдилар. Аллоҳнинг зикридан маҳрум эй банда! Зикрларга харис бўл! Шоят гуноҳларингга каффорат бўлса. Асло тилингни ёмон сўзларга одатлантирма! Беҳуда, ҳаёсиз-уят сўзлар, сўкиниш ва лаънатлашдан тилингни тийгин! Ёмонлик устига ёмонлик зиёда қилмагин!

  Одамлар орасида оилавий бахт-саодатдан, тинч-тотув яшашдан маҳрумлари бор. Турмушида ҳаловат йўқ, доим келишмовчилик, жанжал-тўполон, қўйди-чиқди... Оиласидаги ўзаро ҳурмат ва муҳаббатсиз, роҳат ва фароғатсиз ҳаётдан, эр-хотин аразларидан шикоятлар қанча... Бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз?

Салафлардан бирлари айтганлар: “Мен бир гуноҳ қилиб қўйсам, оқибатини уловим ва хотинимнинг хулқида кўраман”.

Демак, Эй, эр-хотинлар! Оилавий бахт-саодат ва халоватнинг йўқлигига икковингиз ёки бирингизни гуноҳга қўл уриши сабаб экан.

Хонадонингизга ва ундаги Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган нарсаларга қаранг! Ҳамда фарз амаллар, тоат-ибодат, намозларни вақтида ўқиш ва уларга бўлган эътиборингизга қаранг! Инсоф билан қаранг! Шунда, буларнинг барчасига сабаб Аллоҳга бўлган осийликдан бошқа нарса эмаслигни биласиз.

Аллоҳ таоло деди: “(Эй инсонлар), сизларга не бир мусибат етса, бас ўз қўлларингиз қилган нарса — гуноҳ сабабли (етур). Яна У кўп (гуноҳларнинг жазосини бермасдан) афв қилиб юборур”. Шўро:30.

Хуллас, эр-хотин ўртасидаги муаммоларга сабаб исён ва гуноҳ экан, қанча-қанча  оилалар, оламларнинг Парвардигорига осийлик сабаб маҳрум бўлиб юрибдилар.

(Давоми бор)

◄◄◄Бошига қайтиш

Давомига ўтиш ►►►

   Юқорига