Ислом Нури
Китоблар
Масжид ва хонадонларда ўқиладиган кундалик дарслар
47 - дарс Таҳоратнинг сифати
Аллоҳ таоло Моида сурасининг 6- оятида шундай дейди: «Эй мўминлар, намозга турганингизда юзларингизни ҳамда қўлларингизни чиғаноқларингизгача ювинглар, бошларингизга масҳ тортинглар (яъни намланган қўлларингиз билан силангиз) ва оёқларингизни ошиқларигача ювинглар».
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган муттафақун алайҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар биронтангиз уйқусидан турса, қўлини уч марта ювмагунича сув идишга тиқмасин, чунки у туни билан қўли қаерда бўлганини билмайди», дедилар.
Муттафақун алайҳ бўлган бошқа ҳадисда Усмон розияллоҳу анҳу обдастани олиб, икки кафтини уч марта ювди, сўнгра оғзини-уч марта- чайқади ва бурнига-уч марта- сув олиб бурнини қоқди, кейин юзини уч марта ювди, кейин ўнг қўлини чиғаноғигача уч марта ва чап қўлини ҳам чиғаноғигача уч марта ювди, кейин бошига масҳ тортиб, ўнг оёғини сўнг чап оёғини тўпиғигача уч марта ювди, сўнгра мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мана шундай таҳорат олганларини кўрганман деди.
Муттафақун алайҳ бўлган яна бир ҳадисда Абдуллоҳ ибн Зайд асҳобларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таҳоратларини олиб кўрсатди: Икки қўлига тоғорадан сув қуйиб уч марта ювди, сўнгра тоғорага қўлини солиб уч марта сув олиб оғзини ва бурнини уч марта чайиди, кейин яна сув олиб юзинини уч марта ювди, кейин икки қўлини чиғаноғигача икки марта ювди, кейин қўлини сувга ботириб олиб, қўлларини бошининг олдидан орқасига, орқасидан олдига бир марта юргизиб суртиш билан бошига масҳ тортди, кейин оёғини тўпиғигача ювди.
Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳоратнинг фарзи бир мартадан ювиш эканини баён қилдилар, Ўзлари икки ва уч мартадан ювиб таҳорат олдилар, бироқ уч мартадан оширмадилар. Аҳли илмлар таҳоратда исроф қилишни ва пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг феълларидан оширишни кариҳ кўрдилар.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда ибн Аббос деди: "Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир марта, бир марта (дан аъзоларини ювиб) таҳорат олдилар".
Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Зайддан ривоят қилади, Абдуллоҳ деди: "Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки марта, икки марта (дан аъзоларини ювиб) таҳорат олдилар".
Шарҳ:
Саҳобалар - Аллоҳ улардан рози бўлсин - Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таҳоратларини омонат ва диққат билан бизга нақл қилишди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйқусидан турган киши қўлини уч марта ювмагунча идишга тиқишдан қайтарганлар. Таҳорат аъзоларини бир мартадан ювиш фарз, икки ва уч мартадан ювиш суннат, ундан ошириш эса бидъат.
Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
1- Уйқудан турган одам қўлини уч марта ювмагунича қўлини сув идишга тиқишдан қайтарилган.
2- Мусулмон киши динидаги ҳамма нарсада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашади, шу жумладан таҳорат қилишда ҳам.
3- Истинжо таҳоратдан эмас, яъни таҳорат олмоқчи бўлган киши истинжо қилиши шарт эмас.
4- Таҳоратда аъзоларни бир марта ювиш фарз, икки ва уч марта ювиш суннат, бошга эса бир мартагина масҳ тортилади.