Ислом Нури
Китоблар
Масжид ва хонадонларда ўқиладиган кундалик дарслар
46 - дарс Таҳоратнинг фазли
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган муттафақун алайҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Таҳорати бузилган одам янги таҳорат олмагунича намози қабул бўлмайди деди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган бошқа муттафақун алайҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Умматим қиёмат куни таҳоратнинг асаридан қашқали-аломатли ҳолда чақирилади, ким аломатини узайтира олса узайтирсин», дедилар.
Имом Муслим Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким таҳорат олса ва таҳоратини мукаммал қилса, жасадидан хатолари чиқади, токи уларнинг охири тирноқлари остидан чиқиб кетади», дедилар.
Яна имом Муслим Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда, у зот таҳорат олдиларда: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана шундай таҳорат олганларини кўрдим, сўнгра шундай деганларини эшитдим: «Ким мана шундай таҳорат қилса, ўтган гуноҳлари кечирилади. Намози ва масжидга бориши эса нафл бўлади».
Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-Сизларни Аллоҳ таоло у сабабли гуноҳларни кечирадиган ва даражотларни кўтарадиган нарсага йўллаб қўяйми?», дедилар.
Саҳобалар:
-Бале ё Русулуллоҳ, дейишди.
-Машаққат билан бўлса ҳам таҳоратни комил олиш, масжидларга узоқ юриб бориш ва бир намоздан кейин иккинчи намозни кутиш, мана шу ҳақиқий риботдир, мана шу ҳақиқий риботдир », дедилар.
Шарҳ:
Таҳорат намознинг муқаддимаси, мўъминнинг ташқи ва ички покланиши бўлган буюк ибодатдир. Аллоҳ таоло доим таҳоратли юрган одамларга улуғ мукофотларни ваъда қилган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадисида келган "Машаққат билан бўлса ҳам таҳоратни комил олиш" жумласининг маъноси, қаттиқ совуқда иссиқ сувсиз, жазирама иссиқда совуқ сувсиз, сув ишлатиш машаққат бўладиган касаллик ҳолатида, сув танқислигидан қиммат нарҳга сув сотиб олиб, уч мартадан аъзоларни ювиш билан таҳоратни комил олишдир. "Мана шу ҳақиқий риботдир" дегани эса, рибот деб душман келиб қолиш хатари бўлган томонда оти билан қўриқчилик қилишга айтилади, жиҳодга ҳам рибот дейилади. Имом Нававий бу ҳадиснинг шарҳида: "Риботнинг асли бир нарсага боғланиш, гўёки у ўзини мана шу (ҳадисда зикр қилинган) тоатларга боғлаяпти", деганлар.
Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
1- Таҳорат гуноҳлар кечирилишига сабаб бўладиган улуғ ибодат.
2- Намоз таҳоратсиз қабул бўлмайди, магар узрли холатларда узурига қараб таяаммум қилади.