Ислом Нури

 

Китоблар

 

Ақидага оид 200 савол-жавоб

 Шайх Ҳофиз ибн Аҳмад оли Ҳакамий

Ислом Нури таржимаси

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

 

201-савол: Кофирга айлантирувчи бидъатлар қандай бўлади?

Жавоб: Улар кўп. Ким ижмоъ қилинган, шариатдан экани мутавотир бўлган ва диндан экани (оммага ҳам) маълум бўлган бирон ишни инкор қилса айни бидъатни қилган бўлади. Чунки, бу Қуръонни ва Аллоҳнинг динини ёлғон санаш демакдир. Жаҳмийяларнинг Аллоҳ азза ва жалланинг сифатларини инкор қилиши, Қуръонни ёки Аллоҳнинг сифатларидан биронтасини махлуқ дейиш, Аллоҳ Иброҳимни халил қилганини, Мусога сўзлаганини ва бошқа нарсаларни инкор қилиш бидъати, қадарийяларнинг Аллоҳ таолонинг илмини, феълларини, қазо ва қадарини инкор қилиш бидъати, Аллоҳ таолони махлуқотига ўхшатувчи мушаббиҳаларники каби бидъатлар мазкур турга киради. Лекин улар ичида баъзилар борки, мақсади дин асосларини емириш, диндорларни шубҳага тушириш бўлади, бундай кимсалар қатъан кофир ва Исломдан унинг энг ашаддий душманларидан кўра ҳам бегонароқлар. Яна баъзилар борки, алданган ва чалғиган бўлади, бундай кишиларга устларидан ҳужжат барпо қилиниб, ҳаққа бўйсунишга мажбур қилингандан кейин ҳам ўз фикрларида қаттиқ туриб олишсагина куфрга ҳукм қилинади.

 

202-савол: Кофирга айлантирмайдиган бидъат қандай бўлади?

Жавоб: Улар юқорида айтилгандан бошқа, Қуръонни ва Аллоҳнинг динини ёлғон санашни лозим қилмайдиган бидъатлардир. Марвонийларнинг бидъатлари бунга мисол бўлади. Улардан содир бўлган бидъатлар: баъзи намозларни охирги вақтигача кечиктириб ўқиш, ҳайит намозидан олдин хутба қилиш, жумадаги ва бошқа хутбалар асносида ўтириш, минбар устида туриб айрим катта саҳобаларни сўкиш ва шу каби шаръий жиҳатдан эътиқод қилиб эмас, балки нотўғри тушунча, нафс хоҳишлари ва дунёвий ғаразлар сабабли юзага чиққан бидъатлардир. Улуғ саҳобалар уларга мазкур бидъатларини инкор қилишган, лекин уларни бу ишлардан биронтаси сабабли кофирга чиқаришмаган ва уларга байъат беришдан қўлларини тортишмаган.

 

203-савол: Бидъатлар содир бўлиш ўрнига кўра неча қисмга бўлинади?

Жавоб: Иккига бўлинади: ибодатлардаги ва муомалалардаги бидъатлар.

 

204-савол: Ибодатлардаги бидъатлар неча қисмга бўлинади?

Жавоб: Икки қисмга бўлинади:

Биринчи: Аллоҳ изн бермаган нарсалар билан ибодат қилиш. Жоҳил сўфийларнинг мусиқа асбоблари, рақс, қарсак, куй-қўшиқ ва бошқа шу каби нарсалар билан ибодат қилишлари каби. Улар бу ишлари билан Аллоҳ таоло Қуръонда айтган кишиларга ўхшаб кетадилар: «Уларнинг Байтуллоҳ олдида қилган «ибодат»лари фақат ҳуштак ва чапак чалиш бўлди» (Анфол: 35).

Иккинчи: Шариатда асли бўлган, бироқ ўз ўрнидан бошқа жойда қилинган ибодат. Масалан, эҳромда бошни очиб юриш шариатда бор ибодат. Бироқ, эҳромда бўлмаган киши намоз, рўза ё бошқа ибодатларини бажариш асносида ибодат нияти билан[1] бошини очиб олса, у ҳаром бўлган бидъатни қилган бўлади. Шунингдек, шариатда асли бўлган бошқа ибодатларни муайян қайтарилган вақтларда бажариш. Масалан, нафл намозларни ман қилинган вақтларда ўқиш, шак куни рўза тутиш, икки ҳайит кунлари рўза тутиш каби.

 

205-савол: Ибодатлардаги бидъатлар ибодатга қандай таъсир кўрсатади?

Жавоб: Уларнинг иккита ҳолати бор:

Биринчи: Ибодатни умуман бекор қилади. Масалан, бомдод намозига учинчи ракъатни ёки шом намозига тўртинчи ракъатни ёки тўрт ракъатли намозга бешинчи ракъатни қасддан зиёда қилган одамнинг намози бекор бўлади. Шунингдек ракъатлар сонини қасддан камайтирган одамнинг намози ҳам ботил бўлади.

Иккинчи ҳолат: Бидъатнинг ўзи ботиллигича қолиб, бидъат содир қилинган амал бузилмай қолади. Мисол учун, таҳоратда аъзоларни уч мартадан ортиқ ювиш. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай таҳоратнинг ботил бўлмаслигини айтганлар, балки: «Ким бундан (яъни, 3 мартадан) зиёда қилса, ёмон иш қилган, тажовуз қилган ва зулм қилган бўлади», деганлар.[2]

 

206-савол: Муомалалардаги бидъат қандай бўлади?

Жавоб: У Аллоҳнинг Китобида ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Суннатларида бўлмаган нарсани шарт қилишдир. Озод қилинган қулнинг валийлигини озод қилувчидан бошқага бўлишини шарт қилиш каби. Барийранинг озод қилиниши воқеасида шундай бўлган эди. Оиша розияллоҳу анҳо уни озод қилмоқчи бўлганларида Бариранинг эгалари валийликни ўзларига бўлишини шарт қилишган, шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба қилиб, Аллоҳга ҳамду сано айтгандан сўнг айтган эдилар: «Аммо баъд, одамларга нима бўлдики, Аллоҳнинг китобида бўлмаган шартларни шарт қилмоқдалар. Аллоҳнинг китобида бўлмаган ҳар қандай шарт ботилдир, агарда юзта шарт бўлса ҳам, бас, Аллоҳнинг ҳукми хақлироқ ва Аллоҳнинг шарти ишончлироқдир. Ичларингиздаги айрим кишиларга нима бўлганки, улардан бири: «Эй фалончи, сен озод қил, валийлиги менга бўлади» дейди. Валийлик фақат озод қилган кишига тегишлидир».[3]

Ҳаромни ҳалол қиладиган ва ҳалолни ҳаром қиладиган ҳар қандай шарт шу жумладандир.

 

207-савол: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари ва аҳли байтлари хусусида қандай муносабатда бўлишимиз лозим?

Жавоб: Дилимизда ҳам, тилимизда ҳам уларни доим фақат яхшилик билан зикр қилишимиз, уларнинг фазилатларини кўп гапиришимиз, хатоларидан ва ўзаро ўрталарида бўлиб ўтган ихтилофлардан тилларимизни тийишимиз, Аллоҳ таоло Таврот, Инжил ва Қуръонда уларни қандай мақтов билан тилга олган бўлса ва саҳиҳ ҳадисларда уларнинг фазилатлари хусусида қандай мақтовли сўзлар келган бўлса, худди шундай мақтовлар билан тилга олишимиз лозим бўлади.

Аллоҳ таоло деди:

«Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбаридир. У билан бирга бўлган (мўмин)лар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (мўминлар билан) эса раҳм-шафқатлидирлар. Уларни (мудом) Аллоҳдан фазл-марҳамат ва ризолик тилаб рукуъ, сажда қилаётган ҳолларида кўрурсиз. Уларнинг юзларида сажда изидан (қолган) белги-аломатлари бордир. Мана шу (яъни кофирларга қаҳрли бўлиш, мўминларга меҳрибонлик ва кўп намоз ўқиб, рукуъ-сажда қилиш) уларнинг Тавротдаги мисолларидир. (Яъни Тавротда ҳам Аллоҳ таоло мўминларни мана шундай сифатлар билан сифатлагандир). Уларнинг Инжилдаги мисоллари эса худди бир шохлар чиқариб, қувватга киргач, йўғонлашиб, ўз танасида тик турган, деҳқонларни лол қолдирадиган ўсимликка ўхшайди. (Мўминларнинг аввал-бошда заиф-озчилик бўлишиб, кейин аста-секин кўпайиб, кучга тўлиб кетишлари Инжилда юқорида зикр қилинганидек ўсимликка ўхшатилиши) улар сабабли кофирларни хафа қилиш учундир. Аллоҳ (мўминлардан) иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларга мағфират ва улуғ ажр-мукофот ваъда қилгандир» (Фатҳ: 29).

«Иймон келтирган, ҳижрат қилган ва Аллоҳ йўлида курашган зотлар ва (муҳожирларга) уй-жой бериб, ёрдам қилган зотлар ана ўшалар ҳақиқий мўминлар бўлиб, улар учун мағфират ва улуғ ризқ бордир» (Анфол: 74).

«Муҳожир ва ансорларнинг биринчи пешқадамлари ва уларга чиройли амаллар билан эргашган зотлар — Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам Ундан рози бўлдилар. Яна (Аллоҳ) улар учун остидан дарёлар оқиб турадиган, улар абадий қоладиган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Мана шу буюк бахтдир» (Тавба: 100).

«Ҳақиқатан Аллоҳ пайғамбарнинг, муҳожирлар ва ансорларнинг тавбаларини қабул қилди. Улардан бир гуруҳнинг диллари (ғазотдаги машаққат ва ташналик сабабли) тойилаёзганидан кейин оғир соатда унга (яъни, пайғамбарга) эргашган эдилар. Сўнг уларнинг тавбаларини (Аллоҳ) қабул қилди. Албатта, У зот мўминларга марҳаматли, меҳрибондир» (Тавба: 117).

«(У ўлжалар яна) ўз диёрларидан ва мол-мулкларидан ҳайдаб чиқарилган зотлар камбағал муҳожирларникидирки, улар Аллоҳдан фазл-марҳамат ва ризолик истарлар ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига ёрдам берурлар. Ана ўшалар (иймонларида) содиқ зотлардир. Улардан (муҳожирлардан) илгари (Мадина) диёрига ўрнашган ва иймон-эътиқодни (маҳкам ушлаган) зотлар (ансорлар) эса ўзлари(нинг ёнлари)га ҳижрат қилиб келган кишиларни суядилар ва дилларида уларга (муҳожирларга) берилган нарса-ўлжалар сабабли бирон ҳасад туймайдилар ҳамда гарчи ўзларида эҳтиёж бўлса-да, ўзларини қўйиб (ўзгаларни) ийсор-ихтиёр қиладилар» (Ҳашр: 8, 9).

Булардан бошқа кўп оятлар мавжуд.

Биламиз ва эътиқод қиламизки, Аллоҳ таоло Бадр аҳлига қарата: «Хоҳлаган ишингизни қилаверинглар, Мен сизларни кечирдим» деб айтган.[4] Улар уч юз ўндан ортиқ эдилар.

Ишонамизки, «Дарахт остида байъат қилган кишилардан биронтаси дўзахга тушмайди».[5]

Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам Ундан рози бўлдилар, улар бир минг тўрт юз ёки бир минг беш юз чоғли эдилар.

Аллоҳ таоло деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), дарҳақиқат Аллоҳ мўминлардан улар дарахт остида сизга байъат қилаётган вақтларида рози бўлди. Бас, У зот уларнинг дилларидаги нарса (садоқат ва вафо)ни билиб, уларга сакинат-ором туширди» (Фатҳ: 18).

Гувоҳлик берамизки, улар энг афзал уммат бўлмиш ушбу умматнинг энг афзал кишиларидир, улардан кейин яшаганлар Уҳуд тоғича олтин сарф қилсалар ҳам уларнинг бир ҳовуч балки ярим ҳовуч қилган озиқ-овқатдан иборат садақаларининг фазилатига ҳам етиша олмайди. Бироқ, шуни ҳам унутмаймизки, улар ҳам маъсум-бегуноҳ эмаслар, улар ҳам хато қиладилар. Лекин улар мужтаҳидлардир, ижтиҳодларида тўғри бўлсалар иккита ажрга, хато қилган бўлсалар битта ажрга эга бўладилар, хатолари эса кечирилган. Уларнинг фазилатлари, улар қилган солиҳ амаллар улардан содир бўлган гуноҳларни – агар содир бўлган бўлса – ювиб кетади, зотан озгина нажосат денгиз сувини булғата олармиди, Аллоҳ улардан рози бўлсин ва уларни ҳам рози қилсин.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг покиза аёллари ва аҳли байтлари ҳақида ҳам гап шу.

Биз дилида ёки тилида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари, аҳли байтлари ёки улардан биронтаси ҳақларида ёмон фикр-сўз бўлган кимсалардан хориж эканимизни эълон қиламиз, саҳобалар ва аҳли байтларга бўлган муҳаббатимизга, уларни дўст тутишимизга ва имкон қадар уларни ҳимоя қилишимизга Аллоҳни гувоҳ қиламиз. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам васиятларида айтганлар:

«Саҳобаларимни сўкманглар!».[6]

«Саҳобаларим хусусида Аллоҳдан қўрқинглар!»[7]

«Мен сизларга икки оғир нарсани қўйиб кетаяпман, биринчиси Аллоҳнинг Китобидир, Аллоҳнинг Китобига амал қилинглар ва уни маҳкам тутинглар» дедилар, сўнг: «ва аҳли байтим, мен сизларга аҳли байтим хусусида Аллоҳ(дан қўрқишларингиз лозимлиги)ни эслатаман», дедилар. (Ҳадис «Саҳиҳайн»да ва бошқаларда келган).

 

208-савол: Умумий суратда саҳобаларнинг энг афзали кимлар?

Жавоб: Уларнинг энг афзали – аввал муҳожирлардан, сўнг эса ансорлардан энг биринчи Исломни қабул қилганлар, сўнг Бадр ғазотида иштирок этганлар, улардан сўнг Уҳуд ғазотида иштирок этганлар, сўнг Ризвон байъати эгалари, улардан сўнг: «Сизлардан (Макка) фатҳ бўлишидан илгари инфоқ-эҳсон қилган ва (Расулуллоҳ билан бирга кофирларга қарши) урушган кишилар (Макка фатҳидан кейин инфоқ-эҳсон қилган ва урушган кишилар билан) баробар бўлмас. Улар кейин ин­фоқ-эҳсон қилган ва урушган кишилардан улуғроқ мартабададирлар. Барчаларига Аллоҳ гўзал (оқибат — жаннат) ваъда қилгандир» (Ҳадид: 10).

 

209-савол: Тафсилий суратда саҳобаларнинг энг афзали кимлар?

Жавоб: Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтганлар: «Биз Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида ҳеч кимни Абу Бакр билан, сўнг Умар билан, сўнг Усмон билан тенг кўрмасдик, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бошқа асҳобларини бир-бирларидан афзал санамаган ҳолда қолдирардик».[8]

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижрат сафари узра ғорда танг аҳволда эканларида Абу Бакр розияллоҳу анҳуга: «Учинчи ҳамроҳлари Аллоҳ бўлган икки кишига нима гумондасиз?!» деганлар.[9]

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

«Агар бирон кишини халил қилсам, Абу Бакрни халил қилган бўлардим. Лекин у биродарим ва дўстимдир».[10]

«Аллоҳ мени сизларга пайғамбар қилиб юборди, шунда сизлар: «Ёлғон айтасан» дедингиз, Абу Бакр эса: «Рост айтасиз», деди ва менга моли ва жони билан ёрдам кўрсатди. Энди менинг биродаримни тинч қўясизларими, йўқми, ахир?!»[11]

«Эй Ибн Хаттоб! Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, агар шайтон сизга бирон йўл устида йўлиқиб қолса, албатта бошқа йўлга бурилиб кетади».[12]

«Сизлардан илгариги умматлар ичида муҳаддас[13]лар бўлган. Агар умматим ичида бирон киши шундай бўлса, у Умар бўларди».[14]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўри билан сигирнинг сўзлашгани ҳақида гапира туриб: «Албатта, бунга мен, Абу Бакр ва Умар ишонамиз», дедилар[15], ўшанда бу икковлари ҳозир эмас эдилар.

Ризвон байъатида Усмон розияллоҳу анҳу Маккага кетганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўнг қўлларини кўрсатиб: «Бу Усмоннинг қўли», дедилар, сўнг у билан иккинчи қўлларига уриб: «Бу Усмон учун», дедилар.[16]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким Рума қудуғини қазиб (сув чиқарса) унга жаннат бўлади», дедилар, шунда Усмон уни қаздирдилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким қийинчилик (ҳолати устидаги) лашкарни (қурол-аслаҳа ва от-улов билан) жангга ҳозирласа, унга жаннат бўлади», дедилар, Усмон уни ҳозирладилар.[17]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Усмон розияллоҳу анҳу ҳақларида: «Малоикалар ҳам ундан уяладиган кишидан мен қандай уялмай?!», деганлар.[18]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Алий розияллоҳу анҳуга: «Сиз мендан, мен эса сизданман», деганлар.[19]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Алий розияллоҳу анҳу ҳақларида сўзлаб, у Аллоҳ ва Расулини яхши кўришини, Аллоҳ ва Расули ҳам уни яхши кўришини хабар берганлар.

Яна айтганлар: «Мен кимнинг мавлоси (дўсти) бўлсам, Алий ҳам унинг мавлосидир».[20]

Алийга қарата: «Менга нисбатан Ҳоруннинг Мусога нисбатан тутган ўрнида бўлишга рози эмасмисиз?! Бироқ, мендан сўнг пайғамбарлик йўқдир», деганлар.[21]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ўн киши жаннатда: Набий жаннатда, Абу Бакр жаннатда, Умар жаннатда, Усмон жаннатда, Алий жаннатда, Талҳа жаннатда, Зубайр ибн Аввом жаннатда, Саъд ибн Молик жаннатда, Абдурраҳмон ибн Авф жаннатда». Ҳадис ровийси Саид ибн Зайд ўзини кўзда тутиб: «Истасам ўнинчисини ҳам айтган бўлардим», деди, розияллоҳу анҳум ажмаъийн.[22]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Умматим ичида умматимга энг раҳмлиси Абу Бакрдир, Аллоҳнинг дини хусусида энг қаттиғи Умардир, ҳаёси кучлироғи Усмондир, ҳалол-ҳаромни билувчироғи Муоз ибн Жабалдир, Аллоҳнинг Китобини билувчироғи Убайдир, фароиз (мерос илми)ни билувчироғи Зайд ибн Собитдир, ҳар бир умматнинг амини (омонатдор кишиси) бор, бу умматнинг амини Абу Убайда ибн Жарроҳдир».[23]

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳасан ва Ҳусайн икковлари жаннат аҳли йигитларининг саййидлари[24] ва ўзларининг райҳонлари эканларини[25] хабар берганлар.

Айтганларки: «Эй Аллоҳим, мен буларни яхши кўраман, Сен ҳам уларни яхши кўргин».[26]

Ҳасан ҳақида: «Менинг бу ўғлим саййиддир ва Аллоҳ у билан мусулмонларнинг катта икки гуруҳи ўртасини ислоҳ қилади» деганлар[27] ва айтганларидек бўлди.

Уларнинг оналари хусусида: «У жаннат аҳли аёлларининг саййидасидир» деганлар.[28]

Бошқа кўплаб саҳобаларнинг ҳам умумий ва хусусий суратда фазилатларининг баёни саноқсиз равишда келган. Улардан битталарининг бир соҳада бошқаларидан афзал эканлиги ҳамма соҳада афзал эканини англатмайди, фақат тўрт халифа бундан мустасно. Аввалги учталари юқорида Ибн Умардан ривоят қилинган ҳадис маъносига кўра бўлса, Алий розияллоҳу анҳу аҳли суннанинг ижмоъига кўра учовларидан кейин ер юзи аҳлининг энг яхши кишисидирлар.

 

210-савол: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин халифалик муддати қанча?

Жавоб: Абу Довуд ва бошқалар Сафинадан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Пайғамбарлик хилофати ўттиз йил, сўнг Аллоҳ мулк (подшоҳлик)ни Ўзи истаган кишига беради», деганлар.[29]

Бу муддат Абу Бакр, Умар, Усмон ва Алий розияллоҳу анҳумнинг халифалик муддатларидир. Абу Бакр 2 йил-у 3 ой, Умар 10 йил-у, 6 ой, Усмон 12 йил, Алий 4 йил-у 9 ой халифалик қилдилар. Ҳасан ибн Алийга байъат берилган 6 ой билан 30 йил мукаммал бўлади.

Ислом подшоҳларининг биринчиси Муовия розияллоҳу анҳудир, у уларнинг энг яхшиси ва афзалидир. Ундан сўнг то Умар ибн Абдулазизгача зўравон шоҳлар даври бўлди, хулафои рошидийн йўлини тутгани учун Умар ибн Абдулазизни аҳли сунна бешинчи халифа деб атаган.


[1] Яъни, шу ибодат асносида бошимни очиб олсам савоб бўлади, чунки бош кийим киймаслик ҳам гоҳи ўринларда ибодат ҳисобланади, деб бошини очиб олса.

[2] Насоий (1/88), Абу Довуд (135), Ибн Можа (422) ва Ибн Хузайма (174) ривоятлари.

[3] Бухорий (456) ва Муслим (1504) ривоятлари.

[4] Бухорий (3007) ва Муслим (2494) ривоятлари.

[5] Муслим (2496) ривояти.

[6] Бухорий (3673) ва Муслим (2540) ривоятлари.

[7] Термизий (3862), Аҳмад (4/87), Ибн Абу Осим (992), Абу Нуъайм «Ҳиля»да (8/287) ривоятлари.

[8] Бухорий (2655) ривояти.

[9] Бухорий (3653) ва Муслим (2381) ривоятлари.

[10] Бухорий (466) ва Муслим (2382) ривоятлари.

[11] Бухорий (3661) ривояти.

[12] Бухорий (3683) ва Муслим (2396) ривоятлари.

[13] Муҳаддас - Аллоҳ тарафидан дилига тўғри фикр ва тўғри сўз илҳом қилинувчи одам.

[14] Бухорий (3689) ва Муслим (2398) ривоятлари.

[15] Бухорий (3690) ва Муслим (2388) ривоятлари.

[16] Бухорий (3699) ривояти.

[17] Бухорий (2778) ривояти.

[18] Муслим (2401) ривояти.

[19] Бухорий ривояти.

[20] Термизий (3713), Аҳмад (4/370), Насоий ва бошқалар ривоятлари.

[21] Бухорий (44160) ва Муслим (2404) ривоятлари.

[22] Термизий (3748, 3757), Аҳмад (1/188), Насоий (5/55, 56), Абу Довуд (3648) ва бошқалар ривоятлари.

[23] Термизий (3791), Ибн Можа (154) Аҳмад (3/184) ва бошқалар ривоятлари.

[24] Термизий (3768), Аҳмад (3/3, 62, 64), Ибн Ҳиббон (6959) ва бошқалар ривоятлари.

[25] Бухорий (3753) ривояти.

[26] Бухорий (3735) ва Муслим (2421) ривоятлари.

[27] Бухорий (3746) ривояти.

[28] Бухорий (6224) ва Муслим (2450) ривоятлари.

[29] Термизий (2226), Насоий «Кубро»да: (5/47), Абу Довуд (4646, 4647), Аҳмад (5/22, 221) ва бошқалар ривоятлари.

◄◄◄Аввалига қайтиш

Мундарижа

Кейингига ўтиш►►►

 ЮқоригаÎ