Ислом Нури

 

Китоблар

 

Ақидага оид 200 савол-жавоб

 Шайх Ҳофиз ибн Аҳмад оли Ҳакамий

Ислом Нури таржимаси

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

 

191-савол: Холис тавба қандай бўлади?

Жавоб: У ўз ичига учта нарсани жамлаган чин тавбадир: гуноҳдан тийилиш, қилган гуноҳига пушаймон бўлиш ва энди унга асло қайтмасликка азму қарор қилиш. Агар зиммасида бирон мусулмонга нисбатан зулм бўлса, имкони борича ундан қутулиб олади, бугун қутулиб олмаса, қиёмат куни албатта ундан сўралади ва иложсиз қасос олинади. Қолверса у Аллоҳ эътиборсиз ташлаб қўймайдиган зулмлар туридандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Кимнинг зиммасида бир биродарига нисбатан зулм бўлса, динор ва дирҳам бўлмайдиган кун келмасдан туриб бугун ундан қутулиб олсин. (У куни) ҳасаноти бўлса ҳасанотидан олинади, бўлмаса биродарининг гуноҳларидан олиниб унинг устига ташланади».[1]

 

192-савол: Одамлар учун тавба вақти қачон ўтган ҳисобланади?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Албатта Аллоҳнинг тавбаларни қабул қилиши фақат биронта гуноҳни жаҳолат билан қилиб қўйиб, сўнгра тезда тавба қилган кишилар учундир. Аллоҳ ана шундай кишиларнинг тавбасини қабул қилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир» (Нисо: 17).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоби киромлари иттифоқ қилган фикр шуки, Аллоҳга осий бўлинган ҳар бир иш хоҳ қасддан бўлсин, хоҳ беқасд, у жаҳолат билан қилингандир ва ўлимдан олдин қилинган ҳар бир иш (яъни тавба) тезда қилинган ҳисобланади.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Банда модомики, жони бўғзига келмасдан туриб тавба қиларкан, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади».[2]

Ушбу маъно кўп ҳадисларда собит бўлган. Аммо жон олғувчи фариштани кўргач ва жон ҳалқумга келгач, энди у пайтда тавба мақбул бўлмайди, қочиб қутулишнинг иложи ҳам қолмайди: «(аммо бу вақт азобдан) қочиб қутулиш вақти эмас эди» (Сод: 3).

«На гуноҳ ишларни мудом қилиб юриб, қачонки, бировларига ўлим келганида «энди тавба қилдим» дейдиган ва на кофир ҳолда ўлиб кетадиган кимсаларнинг тавбалари қабул қилинмас» (Нисо: 18).

 

193-савол: Охирзамон бўлганда қачон тавба вақти ўтган бўлади?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Парвардигорингизнинг айрим оятлари келадиган кунда эса илгари иймон келтирмаган ёки иймонида яхшилик касб қилмаган бирон жонга (энди келтирган) иймони фойда бермас» (Анъом: 158).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қуёш ботиш томонидан чиқмагунича Қиёмат қойим бўлмайди. Кунботишдан чиққач ва одамлар уни кўришгач, ҳаммалари иймон келтиришади. Бу эса кишига (келтирган) иймони фойда бермайдиган пайтдир», дедилар, сўнг мазкур (Анъом: 158) оятни ўқидилар.[3]

Шу маънода Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан асҳоблари тарафидан ривоят қилинган кўплаб ҳадислар ҳадис тўпламларида келган. Савфон ибн Ассол розияллоҳу анҳу айтади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: «Аллоҳ таоло мағриб томонда эни етмиш йиллик масофа бўлган бир эшикни тавба учун очиб қўйгандир, у то кун ўша томондан чимагунича бекитилмайди».[4]

 

194-савол: Тавҳид аҳлидан бўлган бир киши гуноҳи кабирада бардавом ҳолда ўлса, унинг ҳукми нима бўлади?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«Биз қиёмат куни учун адолатли мезон-тарозилар қўюрмиз, бас, бирон жонга заррача зулм қилинмас. Агар хардал (ўсимлигининг) уруғидек (яхши ёки ёмон амал қилинган) бўлса, ўшани-да келтирурмиз! Биз Ўзимиз етарли ҳисоб-китоб қилувчидирмиз» (Анбиё: 47).

«(Амалларни) тўғри тортиш ўша Куни бўлур. Бас, кимнинг тортилган (яхши амаллари) оғир келса, ана ўшалар нажот топувчилардир. Ким­нинг тортилган (яхши амаллари) енгил бўлса, бас, улар (Бизнинг оятларимизни инкор қилиш билан) зулм қилиб ўтганлари сабабли ўзларига зиён қилган кимсалардир» (Аъроф: 8, 9).

«Ҳар бир жон ўз қилган яхши амалларини ҳозиру нозир ҳолда кўрадиган, ёмон амалларининг эса олис-олисларда қолиб кетишини истайдиган КУНни (эсланглар)(Оли Имрон: 30).

«Ҳар бир жон фақат ўзини ўйлаб ҳимоя қилиб қоладиган ва ҳар бир жон қилган амалининг (мукофотини) тўла оладиган ҳамда уларга зулм қилинмайдиган Кунни (эсланг)» (Наҳл: 111).

«Ва (барчангиз) Аллоҳга қайтариладиган кундан қўрқингиз! Сўнгра ҳар бир жонга қилган амали учун тўла жазо (ёки мукофот) берилади ва ҳеч кимга зулм қилинмайди» (Бақара: 281).

«Ўша Кунда одамлар, уларга (қилиб ўтган амаллари)нинг жазо ёки мукофотлари кўрсатилиши учун тўда-тўда бўлиб чиқиб келурлар! Бас, ким (ҳаёти-дунёдалик пайтида) зарра мисқоличалик яхшилик қилса (Қиёмат Кунида) ўшани кўрур. Ким зарра мисқоличалик ёмонлик қилса уни ҳам кўрур!» (Залзала: 6-8).

Ва бошқа оятлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким бир чеккадан ҳисоб-китоб қилинса, албатта азобга тортилади», дедилар. Шунда Оиша розияллоҳу анҳо сўрадилар: «Аллоҳ таоло: «Бас, у осон ҳисоб билан ҳисоб-китоб қилинажак» (Иншиқоқ: 8) демаганми?!»

«Бу (амалларининг бир қатор) кўндаланг қилиб эслатилишидир холос. Лекин ким тўла ҳисобга тортилса албатта азобга дучор бўлади» дедилар.[5]

Юқорида қайта тирилиш, қиёмат майдонидаги аҳволлар, амалларнинг тортилиши, амал саҳифаларининг тарқатилиши, ҳисоб-китобга рўпара бўлиш, сирот, шафоатлар ва бошқа ҳолатлар ҳақида биз олиб келган оят ва ҳадислардан маълум бўладики, одамларнинг охиратдаги мартабалари ва ҳолатларининг фарқли бўлиши уларнинг дунё ҳаётида Раббиларига тоат ёки тоатсизликда фарқли бўлишларига биноан бўлади.

Қуръон оятлари ва суннати набавийя мазмунларидан маълум бўлишича, шунингдек саҳобалар ва уларга яхшилик билан эргашган тафсир, ҳадис ва суннат уламоларидан бўлган салафи солиҳлар сўзларига кўра, тавҳид аҳлидан бўлган осийлар уч табақага бўлинади:

Биринчи: Яхшиликлари ёмонликларидан оғир келган кишилар. Улар жаннатга дохил бўладилар ва дўзах ўти уларга асло етмайди;

Иккинчи: Яхшиликлари билан ёмонликлари тенг келиб қолган, ёмонликлари жаннатга киришларига йўл қўймаган, яхшиликлари эса дўзахдан тўсган кишилар. Улар жаннат билан дўзах оралиғида Аллоҳ хоҳлаганча турадиган, сўнг уларга жаннатга киришга изн бериладиган “Аъроф эгалари”дир. Аллоҳ таоло жаннат аҳли жаннатга, дўзах аҳли дўзахга киришлари хабарини бергач, шундай дейди:

«Уларнинг (жаннат эгалари билан дўзах эгаларининг) ўрталарида тўсиқ бўлиб, у деворлар устида ҳаммани (яъни жаннатиларни ҳам, дўзахиларни ҳам) сиймоларидан таниб оладиган кишилар бўлур. Улар жаннат эгаларига: «Сизларга тинчлик бўлгай, дейдилар. Ўзлари эса тамаъ қилган истаган ҳолларида, унга (жаннатга) кира олмагандирлар. Қачон кўзлари дўзах эга­лари тарафга бурилиб қолса: «Парвардигоро, бизларни бу золим қавм билан бирга қилиб қўймагайсан», дейдилар. Аъроф эгалари (яъни қилган яхши амаллари билан ёмон амаллари ба­робар келиб, жаннати ҳам, дўзахи ҳам бўлмай ўртада аъроф — деворлар устида турган кишилар) сиймоларидан таниб олган кишиларига (яъни дўзахиларга) нидо қилиб дедилар: «Тўплаган молу дунёйингиз ва қилган кибру ҳавойингиз сизларга асқотмабди-ку. Сизлар: «Аллоҳ уларга бирон раҳмат-марҳамат етказмайди, деб қасам ичган кишилар ана у (ҳаёти дунёдан камбағал бечоралик билан ўтган мўмин-мусулмон)ларми» (Ахир уларга) «Сизлар учун ҳеч қандай хавф-хатар йўқ ва сизлар ҳеч ғамгин бўлмайсизлар» (дейилди-ку)?!» (Аъроф: 46-49).

Учинчи: Аллоҳ таолога гуноҳи кабиралар устида давом этган ҳолларида йўлиққан, бироқ тавҳид ва иймоннинг асли сақланиб қолган, ёмонликлари яхшиликларидан устун келган кишилар. Улар гуноҳлари миқдорича дўзахга тушадилар. Дўзах ўти айримларининг тўпиғигача етади, айримларининг ярим болдиригача етади, айримларининг тиззаларигача етади, ҳатто Аллоҳ таоло айримларининг фақат сажда ўринларинигина дўзахга ҳаром қилади. Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва бошқа пайғамбарлар, авлиёлар, малоикалар ва Ўзи мукаррам қилган зотларга мана шу тоифа аҳлини шафоат қилишга изн беради. Уларнинг шафоатлари сабабли қалбида динор вазнича яхшилик бўлган кишилар, сўнгра қалбида ярим динор вазнича яхшилик бўлган кишилар, сўнгра қалбида буғдой дони миқдорича яхшилик бўлган кишилар, сўнгра қалбида зарра миқдорича яхшилик бўлган кишилар дўзахдан чиқадилар. Тавҳид устида вафот этган кишилардан бирортаси, қандай амаллар қилган бўлмасин, дўзахда абадий қолмайди. Лекин, улар ичидан иймони кучлироқ ва гуноҳи камроқ бўлганлари дўзахда ҳам азоби енгилроқ, унда қолиши озроқ ва ундан чиқиши тезроқ бўлади. Гуноҳи каттароқ ва иймони заифроқ бўлганлари бунинг аксича бўлади. Бу хусусда сон-саноқсиз ҳадислар келган. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадислари ҳам шунга ишора қилади: «Ким «Ла илаҳа иллаллоҳ» деса, аввалда қандай кўргиликларга дучор бўлмасин, бир кун келиб унга албатта нафи тегади».[6]

Бу – кўпчиликнинг тушунчалари хатога кетган, қадамлари тойилган, кўплаб ихтилофларга сабаб бўлган мавзулардандирки: «Сўнгра Аллоҳ Ўз изни билан мўминларни улар ихтилоф қилган ҳақ йўлга йўллади. Аллоҳ Ўзи истаган кишиларни тўғри йўлга ҳидоят қилади» (Бақара: 213).

 

195-савол: Ҳадлар (шаръий жазолар) жазо қўлланган кишиларнинг гуноҳларига каффорат бўладими?

Жавоб: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам атрофларида бир жамоа саҳобалар бўлган ҳолда айтдилар: «Аллоҳга ширк келтирмасликка, ўғирлик қилмасликка, зино қилмасликка, фарзандларингизни ўлдирмасликка, ўз тарафингиздан тўқиб оладиган бўҳтонларни келтирмасликка, бирон яхши ишда итоатсиз бўлмасликка менга байъат беринглар. Ким бунга вафо қилса, унинг ажри Аллоҳнинг зиммасида. Ким шу ишлардан биронтасини қилиб қўйса, сўнг шу дунёда жазосини олса, бу у учун каффоратдир. Ким шу ишлардан биронтасини қилса-ю, сўнг Аллоҳ уни яширса, у Аллоҳга ҳавола, истаса кечиради, истаса азоблайди».[7]

 

196-савол: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мазкур ҳадисдаги: «у Аллоҳга ҳавола, истаса кечиради, истаса азоблайди» деган сўзлари билан юқорида айтилган: «кимнинг ёмонликлари яхшиликларидан устун келса, дўзахга киради» деган сўз ўртасини қандай жамлаш мумкин?

Жавоб: Бу икки сўз ўртасида қарама-қаршилик йўқ. Чунки Аллоҳ кимни афв қилишни истаса, уни енгил ҳисоб билан ҳисоб қилади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳисоб пайтида амалларнинг бир қатор эслатиб ўтилишини қуйидаги сўзлари билан изоҳлаб айтганлар: «Сизлардан – яъни, мўминлардан – бирингиз Раббига яқин келади, ҳатто У зот унинг устига пардасини ташлайди, сўнг: «Шундай-шундай (гуноҳларни) қилганмисан?», дейди. У: «Ҳа», дейди. Яна: «Шундай-шундай (гуноҳларни) ҳам қилганмисан?», дейди. У: «Ҳа», дейди. Иқрор қилдиргач: «Мен дунёда бу ишларингни яширган эдим, энди бугун уларни мағфират қиламан», дейди».[8]

Аммо гуноҳлари сабабли дўзахга кирадиган кишилар – тўла ҳисоб-китоб қилинадиган кишилардир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким бир чеккадан ҳисоб-китоб қилинса, албатта азобга тортилади», деганлар.[9]

 

197-савол: Аллоҳ таоло бизни фақат унда юришга буюрган ва ундан бошқасига эргашишдан қайтарган тўғри йўл қайси?

Жавоб: У Ислом динидирки, Аллоҳ у билан пайғамбарларини юборди, китобларини нозил қилди, ундан бошқа динни ҳеч кимдан қабул қилмайди, шу йўлда юрганлардан бошқа ҳеч ким нажот топмайди, ким ундан юрмаса, чалкаш йўлларга кириб кетиб қолади.

Аллоҳ таоло деди: «Албатта, мана шу Менинг Тўғри Йўлимдир. Бас, шу йўлга эргашинглар! (Бошқа) йўлларга эргашмангизки, улар сизларни Унинг йўлидан узиб қўяр» (Анъом: 153).

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир чизиқ чиздилар-да, сўнг: «Бу Аллоҳнинг тўғри йўли», дедилар. Унинг ўнг ва чап тарафига бир неча чизиқлар тортиб: «Булар шундай йўлларки, ҳар бирининг бошида биттадан шайтон унга чорлаб туради», дедилар. Сўнг қуйидаги оятни ўқидилар: «Албатта, мана шу Менинг Тўғри Йўлимдир. Бас, шу йўлга эргашинглар! (Бошқа) йўлларга эргашмангизки, улар сизларни Унинг йўлидан узиб қўяр» (Анъом: 153).[10]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ таоло шундай бир мисол келтирди: Бир  тўғри йўл бор, унинг икки тарафида деворлар, уларда очиқ эшиклар бор, эшикларга парда тортилган. Йўлга кираверишда бир жарчи: «Эй одамлар, ҳаммангиз тўғри йўлга кирингиз, бўлиниб кетмангиз!» деб жар солмоқда. Йўл устида яна бир жарчи жар солиб турибди. Бирон киши ҳалиги эшиклардан бирини очиб киришни истаса у: «Очма, ҳолингга вой бўлгур! Агар очсанг, кириб кетасан», дейди. Йўл – Ислом, деворлар – Аллоҳ белгилаб қўйган чегаралар, очиқ эшиклар – Аллоҳ ҳаром қилган ишлар, йўл бошидаги жарчи – Аллоҳнинг Китоби, йўл устидаги жарчи – ҳар бир муслимнинг қалбидаги Аллоҳнинг панд-насиҳатчисидир».[11]

 

198-савол: Қандай қилиб ушбу йўлга кириш ва унинг устида адашмай, саломат юриш мумкин?

Жавоб: Бунга фақат Китоб ва Суннатни маҳкам тутиш, у иккиси чизиб берган йўлда юриш ва у иккиси белгилаб берган чегараларда туриш билангина эришиш мумкин. Аллоҳга тавҳидни холис қилиш ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга холис эргашиш шу билангина ҳосил бўлади: «Кимда-ким Аллоҳ ва пайғамбарга итоат этса, ана ўшалар Аллоҳ инъомларига сазовор бўлган зотлар — пайғамбарлар, содиқлар, шаҳидлар ва фақат яхши амаллар билан ўтган “солиҳ” лар билан бирга бўладилар. Улар эса энг яхши ҳамроҳлардир» (Нисо: 69).

Бу ерда Аллоҳнинг инъомига сазовор бўлган, деб зикр қилинган у зотлар Фотиҳа сурасида тўғри йўл уларга инъом этилган кишилардир: «Бизларни, ғазабга дучор бўлмаган ва ҳақ йўлдан тоймаган зотларга инъом қилган йўлинг бўлмиш — Тўғри йўлга йўллагайсан» (Фотиҳа: 6, 7).

Банда учун мана шу тўғри йўлга йўлланишдан ва адаштирувчи йўллардан сақланишдан кўра катта неъмат йўқдир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларини ана шу йўл устида қолдириб кетганлар: «Мен сизларни туни кундуздек равшан бўлган оқ-ёруғ йўл устида қолдирдим, мендан сўнг бу йўлдан фақат ҳалок бўлувчи кишигина адашади».[12]

 

199-савол: Суннатнинг зидди нима?

Жавоб: Унинг зидди – кейин пайдо қилинган бидъатлар бўлиб, улар – Аллоҳ изн бермаган нарсаларни шариат қилишдир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги ҳадисларида кўзда тутган нарса ҳам шудир: «Ким бизнинг бу (дин) ишимизда ундан бўлмаган нарсани пайдо қилса, у рад (қилинган)дир».[13]

«Менинг суннатимни ва мендан кейинги тўғри йўлдаги, ҳидоятланган халифаларнинг суннатларини лозим тутингиз! Уни маҳкам ушлангиз ва озиқ тишларингиз билан ёпишингиз! (Динда) кейин пайдо қилинган ишлардан сақланингиз! Зеро, ҳар бир янги пайдо қилинган иш залолатдир».[14]

Шундай ишларнинг содир бўлишига ишора қилиб: «Умматим 73 фирқага бўлиниб кетади. Барчаси дўзахда, фақат биттаси бундан мустасно» дедилар ва бу тоифани кимлигини шундай баён қилдилар: «Улар мен ва асҳобларим тутган йўл устидаги кишилардир».[15]

Аллоҳ таоло у зотни бидъат аҳлидан пок эканларини баён қилиб, деди: «Динларини бўлиб, ўзлари ҳам гуруҳларга бўлиниб олган кимсалар тўғрисидан бирон нарсада (масъул) эмассиз. Уларнинг ишлари фақат Аллоҳнинг ўзига ҳавола» (Анъом: 159).

 

200-савол: Бидъат динга халал етказиши эътибори билан неча қисмга бўлинади?

Жавоб: Икки қисмга: Диндан чиқариб, кофирга айлантирувчи бидъатга ва ундан пастроқ бўлган бидъатга бўлинади.


 

[1] Бухорий (2449) ривояти.

[2] Термизий (3537), Ибн Можа (4253), Аҳмад (2/132, 153) ривоятлари.

[3] Бухорий (6506) ва Муслим (157) ривоятлари.

[4] Термизий (3536), Насоий (1/83), Ибн Можа (4070) ва бошқалар ривояти.

[5] Бухорий (4939) ва Муслим (2876) ривоятлари.

[6] Абу Нуайм «Ҳиля»да (5/46), Байҳақий «Шуаб»да (97) ривоят қилганлар.

[7] Бухорий (18) ва Муслим (1709) ривояти.

[8] Бухорий (6070) ва Муслим (2768) ривоятлари.

[9] Бухорий (4939) ва Муслим (2876) ривоятлари.

[10] Аҳмад (1/435, 465), Таёлисий (244), Ибн Ҳиббон (6, 7) ва Ҳоким (2/318) ривоятлари.

[11] Аҳмад (4/182), Термизий (2859), Ибн Жарир (1/75) ва бошқалар ривояти.

[12] Ибн Можа (5) ривояти, Албоний иснодини ҳасан деган.

[13] Бухорий (2697) ва Муслим (8/17) ривоятлари.

[14] Абу Довуд (4607), Термизий (2676), Ибн Можа (42) ривоятлари.

[15] Абу Довуд (4596), Термизий (2642), Ибн Можа (3991) ривоятлари.

◄◄◄Аввалига қайтиш

Мундарижа

Кейингига ўтиш►►►

 ЮқоригаÎ