Ислом Нури
Китоблар
Ақидага оид 200 савол-жавоб
Шайх Ҳофиз ибн Аҳмад оли Ҳакамий
Ислом Нури таржимаси
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
181-савол: Коҳин – фолбинларнинг ҳукми нима?
Жавоб: Фолбинлар тоғутлардан ҳисобланиб, улар жин-шайтонларнинг дўстларидир. Аллоҳ таоло айтганидек: «Албатта, шайтонлар ўз дўстларини сизлар билан жанжаллашишлари учун васвасага солурлар» (Анъом: 121).
Жин-шайтонлар фолбинлар ҳузурига тушиб, осмонда фаришталардан узуқ-юлуқ эшитиб олган гапларини уларга етказишади, улар эса битта гапга юзта ёлғонни қўшиб-чатиб одамларга айтишади. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад,) айтинг: «мен сизларга жинлар кимларга тушиши ҳақида хабар берайми? Улар барча гуноҳга ботган товламачиларга тушиб, эшитиб олганларини уларга ташларлар. Уларнинг (жинларнинг) кўплари ёлғончилардир» (Шуаро: 221-223).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ваҳий тўғрисидаги ҳадисларида айтганлар: «Сўнг уни гап ўғрилари (бўлган жинлар, улардан яна) гап ўғрилари эшитиб олиб, ҳоказо бир-бирининг устида туриб, юқоридаги остидагига етказади, сўнг униси ўзидан пастдагига етказади, ҳатто уни сеҳргар ё фолбиннинг тилига етказиб беришади. Кўпинча фолбинга етказишидан олдин уни учар юлдуз қувиб етиб (ҳалок қилади), кўпинча учар юлдуз етишидан олдин фолбинга етказишга улгуради, шунда фолбин унга юзта ёлғонни қўшиб-чатади».[1]
182-савол: Фолбинни тасдиқлаган одамнинг ҳукми қандай бўлади?
Жавоб: Аллоҳ таоло деди:
«Айтинг: «Осмонлар ва ердаги бирон кимса ғайбни билмас, магар Аллоҳгина (билур)» (Намл: 65).
«Ғайб хазиналари Унинг ҳузуридадирким, уларни ёлғиз Ўзигина билур» (Анъом: 59).
«Балки уларнинг ҳузурларида ғайб (илми — Аллоҳ таолонинг Ўз бандаларидан яширган сирлари) бўлиб, улар (ўша сирларни) ёзиб олаётгандирлар?!» (Ват-Тур: 41).
«Унинг ҳузурида ғайб илми бормидики, у (келажакда бошқа биров ўзининг гуноҳини зиммасига олишини) билиб олса?!» (Ван-Нажм: 35).
«Аллоҳ билур, сизлар билмассиз» (Бақара: 216, 232, Оли Имрон: 66).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:
«Ким башоратчи ё фолбинга борса ва у айтаётган гапларни тасдиқласа, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган нарса (дин)га кофир бўлибди».[2]
«Ким фолбинга бориб, ундан бирон нарса ҳақида сўраса, сўнг унинг сўзини тасдиқласа, қирқ кун намози мақбул бўлмайди».[3]
183-савол: Мунажжимлик қилиш (юлдузга қараб фол очиш) ҳукми нима?
Жавоб: Аллоҳ таоло деди:
«У қуруқлик ва денгиз зулматларида йўл топишингиз учун сизларга юлдузларни яратиб қўйган зотдир» (Анъом: 97).
«Дарҳақиқат Биз энг яқин осмонни чироқлар (юлдузлар) билан безадик ва уларни шайтонларга отиладиган тошлар қилиб қўйдик» (Мулк: 5).
«(Барча) юлдуз — сайёралар ҳам Унинг амрига бўйсундирилгандир» (Наҳл: 12).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:
«Ким илми нужумдан бирон нарсани олса-ўрганса, сеҳрдан бир бўлак олибди, (илми) зиёдалашгани сари (сеҳри) зиёдалашади».[4]
«Мен умматимнинг юлдузларни тасдиқлаш ва қадарни ёлғон санашларидан... хавф қиламан».[5]
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу абжад ёзиб ва юлдузларга қараб фол очадиган одамлар ҳақида: «Бундай қилган одам учун Аллоҳнинг ҳузурида бирон насиба бор деб ўйламайман», деганлар.[6]
Қатода раҳимаҳуллоҳ айтганлар: «Аллоҳ таоло юлдузларни уч нарса учун: самога зийнат, шайтонларга отилажак тош ва йўл топиш белгилари қилиб яратган. Ким улар хусусида бундан бошқа нарсани таъвил қилса хато қилган, ўзини зое қилган ва билмаган нарсаси (ни билиш)га уринган бўлади».[7]
184-савол: Юлдузлар билан ёмғир талаб қилиш ҳукми нима?
Жавоб: Аллоҳ таоло деди:
«Сизлар (ёмғирдан иборат) ризқларингизни (яъни унинг шукрини, “Фалон юлдуз сабабли ёмғирландик” деб Аллоҳ ёғдирганини) ёлғонга чиқариш қилиб оласизларми?» (Воқеа: 82).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:
«Умматим ичида жоҳилият ишидан тўрттаси борки, уни тарк қилишмайди: ҳасаблар (оқсуяклик) билан фахрланиш, насабларга таън етказиш (тил теккизиш), юлдузлар билан ёмғир талаб қилиш ва ўликларга фарёд солиб йиғлаш».[8]
«Аллоҳ таоло айтади: Бандаларим ичида Менга мўмин бўлиб тонг оттирганлари ҳам, кофир бўлиб тонг оттирганлари ҳам бор. Кимки: «Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан ёмғирландик» деса, у Менга мўмин, юлдузларга кофирдир. Аммо ким: «Фалон-фалон юлдуз сабабли ёмғирландик» деса, у менга кофир, юлдузларга мўминдир».[9]
185-савол: Шумланишнинг ҳукми нима, уни нима билан кетказиш мумкин?
Жавоб: Аллоҳ таоло деди:
«Огоҳ бўлсинларки, албатта уларнинг яхшилик ва ёмонлик (ларининг сабаб) лари фақат Аллоҳнинг ҳузуридан (унинг қазои қадари билан) дир» (Аъроф: 131).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:
«Юқиш йўқ, шумланиш – бадгумон бўлиш йўқ, бойқуш (билан шумланиш) йўқ, сафар (ойида баъзи нарсаларни қилиб бўлмайди дейиш) йўқ».[10]
«Шумланиш ширкдир, шумланиш ширкдир».[11]
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтдилар: «Ичимизда бирон киши йўқки (унда шумланиш бўлмаса), бироқ уни Аллоҳ таваккул билан кетказади».
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:
«Шумланиш – сени ё йўлингда давом эттирган ё йўлингдан қайтарган нарсадир».[12]
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда айтдилар: «Шумланиш кимники ўз ҳожатидан қайтарган бўлса, у одам мушрик бўлибди». «Бунинг каффорати нима?» деб сўрашди. «Шундай демоғингдир: «Аллоҳумма ла хойро илла хойрук, ва ла тойро илла тойрук, ва ла илаҳа ғойрук» (маъноси: Эй Аллоҳ, яхшилик фақат Сен ато этган яхшиликдир, шумлик (яхшилик ва ёмонлик сабаблари) фақат Сен томонингдандир, Сендан ўзга илоҳ йўқдир)».[13]
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «(Шумланиш йўқ,) яхшиси фаълдир[14], у мусулмонни ортга қайтармайди. Агар бировингиз ўзи ёмон кўрган нарсани кўрса: «Эй Аллоҳим, яхшиликларни фақат Сенгина ато этасан, ёмонликларни фақат Сенгина даф қиласан, ўзгариш ва куч-қудрат фақат Сен тарафингдандир» десин».[15]
186-савол: Кўз тегишининг ҳукми нима?
Жавоб: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кўз (тегиши) ҳақдир».[16]
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир жориянинг юзида доғ кўриб: «Унга руқя қилдиринглар (дам солдиринглар), кўз тегибди», дедилар.[17]
Оиша розияллоҳу анҳо айтдилар: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўздан руқя қилдиришга буюрдилар.[18]
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Руқя (шаръий дам солиш) кўз теккан ёки нишдан (заҳарланганлар учун) дир».[19]
Бундан ташқари ҳам саҳиҳ ҳадислар кўп. Кўз фақат Аллоҳнинг изни билангина таъсир қилади. Аллоҳ таолонинг: «Албатта кофир бўлган кимсалар эслатма-Қуръонни эшитган вақтларида сизни кўзлари билан йиқитаёзурлар» (Қалам: 51) оятини кўп салафлар розияллоҳу анҳум кўз тегиши, деб тафсир қилганлар.
187-савол: Гуноҳлар неча қисмга бўлинади?
Жавоб: Сағира – ёмонликларга ва кабира – ҳалок қилувчи гуноҳларга бўлинади.
188-савол: Ёмонликлар нима билан ювилади?
Жавоб: Аллоҳ таоло деди:
«Агар сизлар ман этилган гуноҳларнинг катталаридан сақлансангизлар, қилган кичик гуноҳларингизни ўчирамиз ва сизларни улуғ манзил — жаннатга киритамиз» (Нисо: 31).
«Албатта, яхши амаллар ёмонлик-гуноҳларни кетказади» (Ҳуд: 114).
Аллоҳ таоло саййиот – кичик гуноҳларнинг каффорати катта гуноҳлардан сақланиш билан ва яхши амаллар қилиш билан бўлишини хабар берди. Шунингдек, ҳадисда ҳам келганки: «Ёмонлик ортидан яхшилик қил, уни ўчириб юборади».[20]
Бундан ташқари, саҳиҳ ҳадисларда қийинчилик пайтларда (яъни ёзда совуқ сув топилмаганда, қишда иссиқ сув топилмаганда) таҳоратни мукаммал қилиш, масжидлар сари қадамни кўпайтириш, беш вақт намоз, жумъа келгуси жумъагача, Рамазон келгуси Рамазонгача, таровеҳ ва қадр кечасининг қиёми, Ошуро кунидаги рўза ва бошқа тоатлар хато ва кичик гуноҳларни ювиб юбориши айтилган.
Бу ҳадисларнинг кўпларида мазкур ишлар гуноҳи кабиралардан сақланишга боғлиқ қилинган. Демак, гуноҳи кабиралардан тийилинса, гуноҳи сағиралар ҳасанотлар билан ҳам уларсиз ҳам ювилаверади.
189-савол: Гуноҳи кабиралар қандай гуноҳлар?
Жавоб: Бу хусусда саҳобалар, тобеийнлар ва бошқалар томонидан турли сўзлар айтилган. Баъзилар: Ҳад (шаръий жазо) лозим бўладиган ҳар бир гуноҳ гуноҳи кабирадир, деганлар. Баъзилар: Ортидан лаънат ё ғазаб ё дўзах ёки азоб келадиган ҳар бир гуноҳ гуноҳи кабирадир, деганлар. У қилувчисининг динга бепарволиги ва Аллоҳдан қўрқуви камлигини сездирадиган гуноҳдир, ҳам дейилган. Бундан бошқа сўзлар ҳам айтилган. Саҳиҳ ҳадисларда турли даражадаги кўп гуноҳларни “кабиралар” деб аталган. Улар ичида Аллоҳга ширк келтириш ва сеҳр каби катта куфрлар ҳам, куфрдан пастроқ бўлган – ноҳақ одам ўлдириш, жанг пайти ортга қочиш, судхўрлик, етимнинг молини ейиш, ёлғон сўзлаш, покиза мўмина аёллар шаънига бўҳтон қилиш, маст қилувчи ичимлик ичиш, ота-онага оқ бўлиш ва бошқа гуноҳлар ҳам бор.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Улар еттитадан кўра етмиштага яқинроқ», деганлар.[21]
Кабиралар деб аталган гуноҳларни текширган одам уларнинг етмишдан ортиқ эканини топади. Энди Китобу Суннатда лаънат, ғазаб, азоб ёки уруш каби қаттиқ ваъидлар билан тилга олинган гуноҳларни текширган одам уларнинг анча кўп эканини топади.
190- савол: Сағираю кабира, барча гуноҳларга каффорат борми?
Жавоб: Барчасининг каффорати – чин дилдан қилинган холис тавбадир. Аллоҳ таоло айтади:
«Эй мўминлар, Аллоҳга холис тавба қилинглар, шоядки Парвардигорингиз сизларнинг ёмонлик-гуноҳларингизни ўчириб, остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритур» (“Шоядки” сўзи Аллоҳ ҳақида ишлатилса, муқаррарликни тақозо этади) (Таҳрим: 8).
«Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб яхши амаллар қилса, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонлик-гуноҳларини яхшилик-савобларга айлантириб қўюр» (Фурқон: 70).
«(У тақводор зотлар) қачон бирон-бир нолойиқ иш қилиб қўйсалар ёки (қандайдир гуноҳ иш қилиш билан) ўзларига зулм қилсалар, дарҳол Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишни сўрайдиган. — Ҳар қандай гуноҳни ёлғиз Аллоҳгина мағфират қилур, — билган ҳолларида қилган гуноҳларида давом этмайдиган кишилардир. Уларнинг мукофотлари Парвардигорлари томонидан мағфират ва тагларидан дарёлар оқиб турувчи жаннатлар бўлиб, улар ўша жойда абадий қолажаклар» (Оли Имрон: 135, 136).
Ва бошқа оятлар.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Тавба ўзидан олдинги (гуноҳлар)ни ўчириб юборади», деганлар.
Яна айтганлар: «Бандасининг тавба қилиши билан Аллоҳ таолонинг қувониши бир одамнинг хурсандчилигидан ҳам ортиқроқ бўладики, у одам (саҳрода боратуриб) ҳалокат хатари бор бўлган бир жойга тушган, ёнида устига емак-ичмаги ортилган туяси ҳам бўлган. Шунда ерга бошини қўйиб, ухлаб қолган. Бир вақт уйғониб қараса, туяси ғойиб бўлган. (Туясини излай-излай чарчагач,) иссиқ ва ташналикдан қаттиқ қийналиб кетиб: «Жойимга қайтаман», деган ва қайтиб келиб, ухлаб қолган. Уйғониб қараса, туяси ёнида турган экан».[22]
[1] Бухорий ривояти.
[2] Абу Довуд (3904), Насоий (Кубро: 5/323), Термизий (135) ва Ибн Можа (639) ривоятлари.
[3] Муслим (2230) ривояти.
[4] Абу Довуд (3905), Ибн Можа (3726), Аҳмад (1/227) ривоятлари.
[5] Абу Яъло (7/4135) ривояти.
[6] Абдурраззоқ (11/26), Ибн Абу Шайба (6/129) ривоятлари.
[7] Ибн Жарир (8/91) ривояти.
[8] Муслим (934) ривояти.
[9] Бухорий (846) ва Муслим (1038) ривоятлари.
[10] Бухорий (5757) ва Муслим (2220) ривоятлари.
[11] Абу Довуд (3910), Термизий (1614), Ибн Можа (3538) ривоятлари.
[12] Аҳмад (1/213) ривояти.
[13] Аҳмад (2/220) ривояти.
[14] Фаъл (фол) – Эшитган бирон яхши сўзни яхшилик белгиси деб қабул қилиш. Масалан: касал ётган одам кимнингдир «саломат» деган сўзини эшитиб, бу саломат бўп кетишимга аломат, деб қабул қилиши.
[15] Абу Довуд (3919) ривояти.
[16] Бухорий (5740) ва Муслим (2187) ривоятлари.
[17] Бухорий (5739) ва Муслим (2197) ривоятлари.
[18] Бухорий (5738) ва Муслим (2195) ривоятлари.
[19] Аҳмад (4/436), Абу Довуд (3884) ва Термизий (2057) ривоятлари.
[20] Аҳмад (5/153, 158, 177), Термизий (1987) ривояти.
[21] Ибн Жарир (8/241) ривоят қилган.
[22] Бухорий (6308) ва Муслим (2744) ривоятлари.