Ислом Нури
Китоблар
Ақидага оид 200 савол-жавоб
Шайх Ҳофиз ибн Аҳмад оли Ҳакамий
Ислом Нури таржимаси
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
170-савол: Зулм, фисқ ва нифоқнинг ҳар бири неча қисмга бўлинади?
Жавоб: Улардан ҳар бири икки қисмга бўлинади:
1) Катта – у куфрдир.
2) Кичик – у куфрдан пастдир.
171-савол: Зулмнинг катта ва кичигига мисол айта оласизми?
Жавоб: Катта зулмга мисол – Аллоҳ таоло қуйидаги оятларда айтган зулмдир:
«Ва Аллоҳни қўйиб, сизга фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган нарсага илтижо қилманг! Агар шундай қилсангиз, у ҳолда албатта золимлардандирсиз!» (Юнус: 106).
«Чунки ширк келтириш катта зулмдир» (Луқмон: 13).
«Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилади ва борар жойи дўзах бўлади. Зулм қилувчилар учун бирон ёрдамчи бўлмас» (Моида: 72).
Куфрдан пастроқ бўлган зулмга мисол - Аллоҳ таоло қуйидаги оятларда айтган зулмдир:
«Эй пайғамбар, қачон сизлар (яъни мўминлар) аёлларингизни талоқ қилсангизлар уларнинг иддаларида (яъни поклик пайтларида) талоқ қилинглар ва идда сананглар! Парвардигорларингиз бўлмиш Аллоҳдан қўрқинглар! (То иддалари тугагунча) уларни (ўзлари яшаб турган) уйларидан ҳайдаб чиқарманглар ва улар ўзлари ҳам чиқиб кетмасинлар. Фақат улар очиқ фаҳш ишни (яъни бузуқлик ёки беҳаёлик каби қилиқларни) қилсаларгина (яшаб турган уйларидан ҳайдаб чиқариладилар). Бу Аллоҳнинг қонун-чегараларидир. Кимки Аллоҳ чегараларидан тажовуз қилиб ўтса, аниқки у ўзига зулм қилибди» (Талоқ: 1).
«Уларга зулм қилиш билан зарар етказиш учун ушлаб турмангиз. Ким шундай қилса ўзига зулм қилибди» (Бақара: 231).
172-савол: Катта ва кичик фисққа мисол айтинг?
Жавоб: Катта фисққа мисол - Аллоҳ таоло қуйидаги оятларда айтган фисқдир:
«Албатта, мунофиқлар ҳақиқий фосиқ-итоатсиздирлар» (Тавба: 67).
«Фақат иблис (сажда қилмади). У жинлардан эди. Парвардигорининг амрига бўйсунишдан бош тортди» (Каҳф 50).
«Лутга эса ҳикмат ва илм ато этдик ва уни нопокликлар қилувчи бўлган қишлоқ (аҳли)дан кутқардик. Дарҳақиқат улар ёмон фосиқ қавм эдилар» (Анбиё: 74).
Кичик фисққа мисол:
«Покиза аёлларни (зинокор) деб бадном қилиб, сўнгра (бу даъволарига) тўртта гувоҳ келтира олмаган кимсалар(ни) уларни саксон дарра уринглар ва ҳеч қачон уларнинг гувоҳликларини қабул қилманглар! Улар фосиқ-итоатсиз кимсалардир» (Нур: 4).
«Эй мўминлар, агар сизларга бир фосиқ кимса бирон хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирон қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилган ишларингизга афсус-надомат чекиб қолмасликларингиз учун (у фосиқ кимса олиб келган хабарни) аниқлаб-текшириб кўринглар!» (Ҳужурот: 6).
173-савол: Катта ва кичик нифоққа мисол нима?
Жавоб: Катта нифоққа мисол – Бақара сурасининг аввалидаги оятлар, шунингдек Нисо сурасидаги: «Албатта мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўладилар. — Ҳолбуки, Аллоҳ уларни «алдаб» қўйувчидир» оятидан то Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг тубан жойида бўлурлар» (Нисо: 142-145) оятигача.
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), қачон мунофиқлар сизнинг олдингизга келсалар: «Гувоҳлик берамизки, сиз шак-шубҳасиз Аллоҳнинг пайғамбаридирсиз» дерлар. Аллоҳ, дарҳақиқат, сиз Ўзининг пайғамбари эканлигингизни билади, яна Аллоҳ у мунофиқларнинг шак-шубҳасиз ёлғончи эканликларига ҳам гувоҳлик беради» (Мунофиқун: 1).
Ва бошқа оятлар.
Кичик нифоққа мисол – Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги ҳадисларида айтган нифоқдир:
«Мунофиқнинг аломати учта: Гапирса ёлғон сўзлайди, ваъда берса хилоф қилади, омонат қўйилса хиёнат қилади».[1]
«Тўртта нарса кимда бўлса, у мунофиқ бўлади...»[2]
174-савол: Сеҳр ва сеҳргарнинг ҳукми нима?
Жавоб: Сеҳр бор нарса, кавний қадарга тўғри келган пайт унинг таъсири муҳаққақдир. Аллоҳ таоло айтади:
«Ва ўшалардан (Ҳорут ва Морутдан) эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсалар ўрганадилар. (Лекин) улар (сеҳргарлар) Аллоҳнинг изнисиз ҳеч кимга зарар етказа олмайдилар» (Бақара: 102).
Сеҳрнинг таъсир қилиши саҳиҳ ҳадисларда собит бўлган.
Сеҳргарга келсак, агар унинг сеҳри Бақара сурасида айтилганидек, шайтонлардан қабул қилинадиган нарса бўлса, у кофирдир: «Ҳолбуки, у фаришталар: «Биз фақатгина фитнамиз (яъни одамларни алдаб имтиҳон қилиш учун юборилганмиз), бас, (биз айтган нарсаларни қилиб) кофир бўлиб қолма», демасдан туриб ҳеч кимга ҳеч нарса ўргатмас эдилар. — Ва ўшалардан (Ҳорут ва Морутдан) эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсалар ўрганадилар. (Лекин) улар (сеҳргарлар) Аллоҳнинг изнисиз ҳеч кимга зарар етказа олмайдилар. Ва ҳеч фойдасиз, билъакс зарарли нарсаларни ўрганадилар. Ахир (Аллоҳнинг китоби ўрнига сеҳрни) алмашган кимсаларга Охиратда ҳеч қандай насиба йўқ эканини билган эдилар-ку» (Бақара: 102).
175- савол: Сеҳргарнинг жазоси нима?
Жавоб: Жундаб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сеҳргарнинг жазоси – қилич билан урилишдир».[3]
Имом Термизий мазкур ҳадисни саҳиҳ, мавқуф ҳисоблаган ва: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг баъзи асҳоблари ва бошқа аҳли илмлар наздида шунга амал қилинади. Молик ибн Анаснинг сўзи ҳам шудир. Имом Шофеъий фикрларича, агар сеҳргар сеҳри билан куфрга етиб борадиган иш қилса, уни қатл қилинади. Агар унинг амали куфрга етмаса, қатл қилинмайди.
Умар, ўғиллари Абдуллоҳ, қизлари Ҳафса, Усмон ибн Аффон, Жундаб ибн Абдуллоҳ, Жундаб ибн Каъб, Қайс ибн Саъд, Умар ибн Абдулазиз, Аҳмад, Абу Ҳанифа ва бошқалар ҳам сеҳргарни қатл қилинади, деганлар.
176-савол: Нушра нима, унинг ҳукми қандай?
Жавоб: Нушра – сеҳрланган одамдан сеҳрни ечиш амалидир. Агар сеҳрни сеҳр билан ечилса, у шайтоннинг амалидан. Агар руқя ва машруъ дуолар воситасида ечилса, зарари йўқ.
177-савол: Машруъ руқя – дам солиш қандай бўлади?
Жавоб: У Қуръон ва Суннатдан олинган, соф араб тилида бўлган сўз (дуо)лар бўлиб, руқя қилувчи ҳам, қилдирувчи ҳам ушбу дуолар фақат Аллоҳнинг изни билангина таъсир қилади, деб эътиқод қилади. Зеро, Жибрил алайҳиссалом ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни руқя қилган[4], Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари ҳам кўпгина саҳобаларни руқя қилганлар[5] ва бундай қилган кишиларни қайтармаганлар[6], балки унга буюрганлар[7] ва руқя ўқиб ҳақ олишни ҳалол қилганлар[8].
178-савол: Мумкин бўлмаган, ношаръий руқя қандай бўлади?
Жавоб: У на Қуръону Суннатдан олинган ва на араб тилида бўлган сўзлар бўлиб, шайтонга у яхши кўрадиган ишлар билан қурбат (яқинлик) ҳосил қилиб, унинг хизматидан фойдаланиб қилинадиган дуо ва афсунлардир. Кўп дажжоллар, афсунгар ва кўзбўямачиларнинг қиладиган руқялари мана шу турдан бўлади. Бу каби амаллар Ислом душманлари тарафидан ғаразли мақсадларда динга киритиб юборилган ишлардан бўлиб, Исломга мутлақо ёт амаллардандир.
179-савол: Ҳар турли тумор ва кўзмунчоқларнинг ҳукми нима?
Жавоб: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким бирон нарса (тумор) осиб олса, ўшанга топшириб қўйилади». [9] Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарларидан бирида бир кишини юбориб, биронта ҳам туянинг бўйнида қилода (тумор мақсадида бойланган бўйинбоғ) қўймасдан, кесиб ташлашни буюрдилар.[10]
«Руқя (афсун)лар, тамима (тумор)лар, тивала (иситма-совутманинг бир тури) ширкдир».[11]
«Ким тумор осса, Аллоҳ унинг (ишини) комил-тўла қилмасин, ким кўзмунчоқ осса, Аллоҳ уни (кўз тегишидан) хотиржам қилмасин».[12]
Бир ривоятда: «Ким тумор осса, ширк келтирибди».[13]
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишини қўлига ҳалқа тақиб олганини кўриб: «Бу нима?» деб сўрадилар. «Қувватсизликка қарши», деди. «Ечиб ташла! Чунки бу сенга қувватсизликни зиёда қилади, холос. Агар шу нарсани таққан ҳолингда ўлсанг, асло нажот топмайсан», дедилар.[14]
Ҳузайфа розияллоҳу анҳу бир кишининг қўлидаги ипни узиб ташладилар, сўнг қуйидаги оятни ўқидилар: «Уларнинг кўплари Аллоҳга фақат мушрик бўлган ҳолларидагина иймон келтирадилар» (Юсуф: 106).[15]
Саид ибн Жубайр раҳимаҳуллоҳ айтганлар: «Ким бир одамдан туморини узиб ташласа, бир қул озод қилгандек бўлади».[16] Бу марфуъ ҳадис ҳукмидадир.
180-савол: Туморга Қуръон оятлари ёзилган бўлса, тақса бўладими?
Жавоб: Баъзи салафлар тарафидан унинг жоизлиги ривоят қилинган. Кўплари эса мумкин эмаслигини айтганлар. Абдуллоҳ ибн Укайм, Абдуллоҳ ибн Амр, Абдуллоҳ ибн Масъуд ва асҳоблари розияллоҳу анҳум шу фикрда бўлганлар. Тумордан қайтарилган ҳадислар умумий бўлгани ва бу нарсани хослаб биронта ҳадис келмагани, шунингдек Қуръонни топталишдан сақлаш учун шу фикр афзалроқдир. Чунки тумор таққанлар кўпинча уни бетаҳорат олиб юрадилар. Бундан ташқари, кимдир Қуръон оятлари ёзилган тумор таққан бўлса, бу нарса бошқаларни илмсизлик туфайли бошқа хил туморларни ҳам тақишларига сабаб бўлиши ва Аллоҳдан бошқасига қалбларнинг боғланиб қолиши мумкин.
[1] Бухорий (33) ва Муслим (59) ривоятлари.
[2] Бухорий (34) ва Муслим (58) ривоятлари.
[3] Термизий (1161), Ҳоким (4/360), Табароний (1665, 1666) ва бошқалар ривоятлари.
[4] Муслим (2186) ривояти.
[5] Бухорий (5743) ва Муслим (2191) ривоятлари.
[6] Муслим (2200) ривояти.
[7] Бухорий (5738) ва Муслим (2195) ривоятлари.
[8] Бухорий (2276) ва Муслим (2201) ривоятлари.
[9] Аҳмад (4/311), Ибн Абу Шайба (5/427), Ҳоким (4/216), Байҳақий (9/351) ривоятлари.
[10] Бухорий (3005) ва Муслим (2115) ривоятлари.
[11] Аҳмад (1/381), Абу Довуд (3883), Ибн Можа (3530) ва бошқалар ривояти.
[12] Аҳмад (4/154), Ибн Ҳиббон (6086)
[13] Аҳмад (4/256)) ва Ҳоким (4/319) ривоятлари.
[14] Аҳмад (4/445) ва Ҳоким (4/216) ривояти.
[15] Ибн Абу Ҳотам (12039) ривояти.
[16] Ибн Абу Шайба (5/428) ривояти.