Ислом Нури

 

Китоблар

 

Ақидага оид 200 савол-жавоб

 Шайх Ҳофиз ибн Аҳмад оли Ҳакамий

Ислом Нури таржимаси

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

 

161-савол: Иймоннинг зидди нима?

Жавоб: Иймоннинг зидди куфрдир. Иймоннинг асли ва бўлаклари бўлгани каби куфрнинг ҳам асли ва бўлаклари бўлади.

Юқорида ўтдики, иймоннинг асли – тоат-ибодат билан бўйсунишни лозим тутувчи қатъий тасдиқдир. Энди куфрнинг асли – мутакаббирлик ва осийликни лозим тутувчи қайсарлик ва саркашликдир. Тоат-ибодатлар ҳаммаси иймоннинг бўлакларидан. Оят ва ҳадисларда улардан кўплари иймон деб аталган. Маъсиятлар ҳаммаси куфрнинг бўлакларидан. Далилларда уларнинг кўплари куфр деб аталган.

Куфр икки хил бўлади:

1)           Иймондан бутунлай чиқариб юборадиган катта куфр. Бу қалбнинг сўз ва амалига ёки улардан бирига зид келувчи эътиқодий куфрдир.

2)           Иймоннинг камолига халал етказувчи, лекин унинг аслини йўқотиб ташламайдиган кичик куфр. Бу қалбнинг сўз ва амалига зид келмайдиган амалий куфрдир.

 

162-савол: Эътиқодий куфрнинг иймонга бутунлай зид келиши ва уни йўқ қилиб юбориши қандай бўлади?

Жавоб: Юқорида айтиб ўтдикки, иймон сўз ва амал – қалб ва тилнинг сўзи ҳамда қалб, тил ва аъзоларнинг амалидир.

Қалбнинг сўзи – тасдиқ, тилнинг сўзи – Ислом калимасини айтиш, қалбнинг амали – ният ва ихлос, аъзоларнинг амали - тоат-ибодатларнинг барча тури билан бўйсунишдир.

Агар мана шу тўрт нарса: қалбнинг сўзи ва амали, тилнинг сўзи ҳамда аъзоларнинг амали йўқ бўлса, иймон ҳам бутунлай йўқ бўлади. Агар қалбнинг тасдиқи бўлмаса, қолганларининг бўлиши фойда бермайди. Зеро, уларнинг яроқли ва фойдали бўлиши учун қалбнинг тасдиқи шартдир. Мисол учун, Аллоҳнинг исм ва сифатларини ёки У зот пайғамбарларига юборган, китобларида нозил қилган нарсалардан биронтасини ёлғон санаган одамнинг амали шундай бўлади.

Энди агар тасдиқ бўлсаю, қалб амали бўлмаса, аҳли суннанинг иттифоқи бўйича бундай ҳолда ҳам иймон қолмайди. Зеро, қалб амали – муҳаббат ва бўйсуниш бўлмаса, тасдиқнинг фойдаси бўлмайди. Мисол учун Иблисга (Аллоҳни яратувчи, Моликул мулк экинини тасдиқлаши), пайғамбарнинг ростлигини тасдиқлайдиган, у ёлғончи эмас, бироқ биз унга эргашмаймиз ва иймон келтирмаймиз, дейдиган Фиръавн ва унинг қавми, яҳуд ва мушриклар кабиларнинг тасдиқлари фода бермагандир.

 

163-савол: Кишини Ислом динидан чиқариб юборадиган катта куфр неча қисм?

Жавоб: Юқорида айтган сўзларимиздан маълум бўлдики, катта куфр тўрт қисмдир:

1. жоҳиллик ва ёлғон санаш куфри;

2. жуҳуд-инкор куфри;

3. қайсарлик ва кибланиш куфри;

4. нифоқ куфри.

 

164-савол: Жоҳиллик ва ёлғон санаш куфри нима?

Жавоб: У Қурайш ва улардан илгариги аксар кофирларнинг ҳоли шундай бўлганидек, ҳам зоҳирий, ҳам ботиний куфрдир. Аллоҳ таоло деди:

«Китоб Қуръонни ва Биз пайғамбарларимиз билан юборган нарсаларни Китобларни ёлғон деган кимсалар яқинда (Қиёмат Кунида динсизликларининг оқибатини) билажаклар» (Ғофир: 70).

«ва жоҳиллардан юз ўгиринг!» (Аъроф: 199)

«Биз ҳар бир миллатдан бир гуруҳ Бизнинг оятларимизни ёлғон дейдиган кимсаларни тўплаб, улар тизилиб турадиган кунни (эсланг). Энди қачон улар (ҳисоб-китоб қилинадиган жойга) келишгач, (Аллоҳ) айтди: «Сизлар аниқ-пухта билмаган ҳолингизда Менинг оятларимни ёлғон дедингизми?! Бўлмаса нима қилувчи бўлдингизлар?!» (Намл: 83, 84).

«Йўқ! Улар Қуръон илмини эгалламасдан ва уларга унинг таъвил — моҳияти аён бўлмасдан туриб «ёлғон» дедилар» (Юнус: 39).

 

165-савол: Жуҳуд – инкор куфри нима?

Жавоб: У – ботинида ҳақни таниган ва билганидан кейин уни зоҳирда яшириш ва унга бўйсунмасликдир. Фиръавн ва унинг қавмининг Мусо алайҳиссаломга нисбатан куфри, шунингдек яҳудларнинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан куфрлари шу турдан эди.

Аллоҳ таоло Фиръавн ва қавмининг куфри ҳақида айтади:

«Ва ўзлари аниқ билган ҳолларида зулм ва кибр қилиб, у (мўъжизаларни) инкор этдилар» (Намл: 14).

Яҳудлар ҳақида айтади:

«Бас, қачонки уларга ўзлари билган нарса келганда унга кофир бўлдилар» (Бақара: 89).

«Ва албатта улардан бир гуруҳи билганлари ҳолда ҳақиқатни беркитадилар» (Бақара: 146).

 

166-савол: Қайсарлик ва кибрланиш куфри нима?

Жавоб: У – ҳаққа иқрор бўлгандан сўнг унга бўйсунмаслик билан бўладиган куфрдир. Иблиснинг куфри шу турдан эди: «Фақат Иблис кибр ва ор қилиб кофирлардан бўлди» (Бақара: 34). Зотан, Иблис Аллоҳнинг сажда қилиш ҳақидаги амрини инкор қилиши мумкин эмас эди, балки у бу фармонга эътироз билдирди, буйруқ эгасининг  ушбу фармон остидаги ҳикмати ва адолатига таъна қилди: «Фақат иблис (кибру ҳаво билан): «Сен лойдан яратган кимсага сажда қиламанми?» деди» (Исро: 61).

«У (Иблис) айтди: «Мен (асли) қора ботқоқдан бўлиб, (одам сурати берилгач) қуритилган лойдан Сен яратган Одамга сажда қилувчи эмасман» (Ҳижр: 33).

«Мен ундан (Одамдан) яхшироқман. Мени оловдан яратгансан. Уни эса лойдан яраратдинг», деди у» (Аъроф: 12).

 

167-савол: Нифоқ куфри нима?

Жавоб: У – зоҳиран бўйсунган бўлиб, аслида қалбнинг тасдиқ ва амали бўлмаган, риёкорлик куфридир. Ибн Салул ва унинг гуруҳининг куфри шу турдан эди:

«Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, ўзлари мўмин бўлмаганлари ҳолда «Аллоҳга ва Охират Кунига иймон келтирдик», дейдилар. Улар Аллоҳни ва иймонли кишиларни алдамоқчи бўладилар ва ўзлари сезмаганлари ҳолда фақат ўзларинигина алдайдилар. Уларнинг дилларида мараз бор эди, Аллоҳ маразларини янада зиёда қилди. Улар учун қилган ёлғонлари сабаб аламли азоб бордир...» (Бақара: 8-20).

Ва бошқа оятлар.

 

168-савол: Ислом миллатидан чиқариб юбормайдиган амалий куфр нима?

Жавоб: У – қилувчисида иймон сақланиб қолгани ҳолда Аллоҳ ва расули унга куфр исмини қўллаган маъсият амаллардир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«Мендан сўнг бир-бирингизнинг бўйнингизга қилич урадиган кофирликка қайтманглар».[1]

«Мусулмонни ҳақоратлаш фисқ, у билан урушиш куфрдир».[2]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларнинг бир-бирлари билан уруш қилишларини куфр ва бундай қилганларни кофир деб атадилар. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло: «(Эй мўминлар), агар мўминлардан бўлган икки тоифа (бир-бирлари билан) урушиб қолсалар дарҳол уларнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар! Энди агар улардан бирови иккинчисининг устига тажовуз қилса, бас то (тажовузкор тоифа) Аллоҳнинг амрига қайтгунича сизлар тажовуз қилган (тоифа) билан урушинглар! Энди агар у (тоифа тажовузкорликдан) қайтса, сизлар дарҳол уларнинг ўртасини адолат билан ўнглаб қўйинглар. (Мудом) адолат қилинглар! Зе­ро Аллоҳ адолат қилувчиларни суюр. Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир. Бас, сизлар икки оға-инингизнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар!» (Ҳужурот: 9, 10) деди ва уларда иймон ва иймоний биродарлик қолишини, булардан ҳеч бири йўқ бўлмаслигини баён қилди. Шунингдек, Аллоҳ таоло қасос ҳақидаги оятда: «Энди кимга биродари томонидан бир оз афв қилинса (яъни қотилдан қасос олиш ўрнига товон олишга рози бўлинса), у ҳолда яхшилик билан бўйсуниш ва чиройли суратда товон тўлаш лозимдир» (Бақара: 178) деди ва шундай ҳолда ҳам исломий биродарлик қолаверишини баён қилди.

Ёки бўлмасам, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Зинокор зино қилаётган пайтида мўмин ҳолида зино қилмайди, ўғри ўғирлик қилаётган пайтида мўмин ҳолида ўғирлик қилмайди, маст қилувчи ичимлик ичувчи одам ичаётган пайтида мўмин ҳолида ичмайди, бироқ кейин тавбага ўрин бор», бир ривоятда: «мўмин ҳолида ўлдирмайди», дедилар.[3]

Абу Зар розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда эса: «Қай бир банда: «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб, сўнг шу билан вафот этса, албатта жаннатга киради», дедилар. Абу Зар айтади: Мен: «Зино қилган бўлса ҳам, ўғирлик қилган бўлса ҳамми?!» деб сўрадим. «Зино қилган бўлса ҳам, ўғирлик қилган бўлса ҳам», дедилар. Уч қайта сўрадим, уч қайта шундай дедилар, тўртинчи мартасида: «Гарчи Абу Зар буни истамаса ҳам!», деб қўйдилар.[4]

Бундан келиб чиқадики, у зот зинокор, ўғри, қотил ва ичкиликбоз одамдан – агар унда тавҳид сақланиб қолган бўлса – иймонни бутунлай рад қилмадилар. Акс ҳолда, «Ла илаҳа иллаллоҳ» устида ўлган одам мазкур маъсиятларни қилган бўлса ҳам жаннатга киради, деб айтмаган бўлардилар. Жаннатга эса фақат иймонли одам киради. Бу сўзлари билан фақатгина иймоннинг нуқсонли бўлишини ирода қилдилар, унинг комил бўлишини рад қилдилар. Банда қачонки, бу гуноҳларни ҳалол санаса, уларни ҳаром қилган Аллоҳ ва Расулини ёлғончи санаган бўлиб, кофир бўлади. Ва ҳатто уларни қилмаган бўлса-да, ҳалол деб эътиқод қилиши билан ҳам кофир бўлади.

 

169-савол: Агар  биров: «Бут-санамга сажда қилиш, Қуръонни хорлаш, пайғамбарни сўкиш, динни масхаралаш ва шу каби ишлар кўринишда амалий куфрга киради. Амалий куфр эса кичик куфр саналади, дедингиз. Хўш, шундай экан, нима учун бу ишлар кишини диндан чиқариб юборади, дейилади?», деса, унга нима деб жавоб берилади?

Жавоб: Билингки, сиз айтган тўртта иш ва шунга ўхшаш бошқа ишлар аъзолар билан қилинганлиги жиҳатидангина одамлар кўзида амалий куфр бўлиб саналади. Лекин, аслида улар ният, ихлос, муҳаббат, бўйсиниш каби қалб амалининг кетиши билан вужудга келади ва мазкур куфр ишларни қилган одамда ушбу қалб амалларидан биронтаси қолмайди. Демак, бу зоҳирда амалий куфр бўлиб кўринса-да, аслида эътиқодий куфр билан чамбарчас боғлиқ, бу амаллар фақатгина диндан чиққан мунофиқ ёки итоатсиз саркаш кимсадан содир бўлади.

Мунофиқларнинг Табук ғазотида куфр сўзини аниқ айтишлари ва Исломга кирганларидан сўнг яна куфрга қайтишлари  – нега бундай қилганликлари сўралганда: «Биз фақат баҳслашиб, ҳазиллашиб келяпмиз, холос», деган гаплари билан бирга бўлди. Шунда Аллоҳ таоло деди: «Айтинг: «Аллоҳдан, Унинг оятларидан, Унинг пайғамбаридан кулувчи бўлдингизми? Узр айтманглар! Сизлар иймон келтирганингиздан сўнг яна куфрга қайтдингиз» (Тавба: 65, 66).

Биз ҳар қандай амалий куфрни бутунлайин кичик куфр деб таърифламадик, балки эътиқодга алоқали бўлмаган, қалбнинг сўз ва амалига зид келмайдиган амалларнигина мақсад қилдик.


 

[1] Бухорий (121) ва Муслим (65) ривоятлари.

[2] Бухорий (48) ва Муслим (64) ривоятлари.

[3] Бухорий (2475) ва Муслим (57) ривоятлари.

[4] Бухорий (237) ва Муслим (94) ривоятлари.

◄◄◄Аввалига қайтиш

Мундарижа

Кейингига ўтиш►►►

 ЮқоригаÎ