Ислом Нури

 

Китоблар

 

Ақидага оид 200 савол-жавоб

 Шайх Ҳофиз ибн Аҳмад оли Ҳакамий

Ислом Нури таржимаси

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

 

151-савол: Қадарга иймон келтиришнинг тўртинчи даражаси – Аллоҳ барча нарсани яратган эканига иймон келтиришга далил нима?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«Аллоҳ барча нарсанинг Яратувчисидир. У барча нарсанинг устида вакил-ҳомийдир» (Зумар: 62).

«Сизларга осмону заминдан ризқу-рўз берадиган Аллоҳдан ўзга биронта яратувчи борми?! Ҳеч бир барҳақ илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзигина ҳақдир» (Фотир: 3).

«Булар Аллоҳ яратган нарсалардир. Энди (эй мушриклар,) сизлар Менга Ундан ўзга «худолар» нималарни яратганини кўрсатинглар-чи!» (Луқмон: 11).

«Аллоҳ сизларни яратган, сўнгра ризқу-рўзингизни берган, сўнгра жонингизни оладиган, сўнгра сизларга (қайта) ҳаёт берадиган зотдир. Сизлар (сиғинаётган) бутларингиз орасида мана шуларнинг биронтасини қила оладиган кимса борми?!» (Рум: 40).

«Ҳолбуки сизларни ҳам, қилиб олган (бут)ларингизни ҳам Аллоҳ яратган-ку?!» (Соффат: 96).

«Жонга ва уни расо қилиб-яратиб унга фисқ-фужурини ҳам, тақвосини ҳам илҳом қилиб-ўргатиб қўйган зотга қасамки» (Ваш-шамс: 7,8).

«Аллоҳ кимни ҳидоят қилса, бас, ўша ҳидоят топувчидир. У зот кимни йўлдан оздирса, бас, ана ўшалар зиён кўрувчилардир» (Аъроф: 178).

«Лекин Аллоҳ сизларга (иймони комил, тақво имтиҳонидан ўтган зотларга) иймонни суюкли қилди ва уни дилларингизга чиройли кўрсатди ҳамда сизларга куфрни, (Аллоҳ ва пайғамбарга) итоатсизликни ва исённи ёмон кўрсатиб қўйди» (Ҳужурот: 7).

Ва бошқа оятлар.

Имом Бухорий «Холқу афъалил-ибад» китобида Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилган марфуъ ҳадисда айтилади: «Албатта ҳар бир ясовчи – ҳунармандни ҳам, у ясаган нарсаларни ҳам Аллоҳ яратади».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Эй Парвардигор, нафсимга тақво ато эт, уни покла. Сен энг яхши покловчи Зотсан. Сен унинг валийси (эгаси) ва хожасисан».[1]

Ва бошқа ҳадислар.

 

152-савол: Аллоҳ субҳанаҳу ҳамма нарсанинг яратувчиси экан, у ҳолда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ҳамма яхшилик Сенинг қўлингда, ёмонлик эса Сенга (мансуб) эмас»[2] деган сўзларини қандай тушунилади?

Жавоб: Бунинг маъноси шуки, Аллоҳ азза ва жалланинг барча иш-феъллари У зот тарафидан содир бўлиши ва У зотнинг улар билан сифатланиши жиҳатидан барчаси соф яхшиликдир, улар ичида бирон бир ёмонлик йўқдир. Зотан, Аллоҳ таоло ҳикмат соҳиби, адолат эгаси, Унинг барча феъллари ҳикмат ва адолатдир. Нарсаларни Ўзининг ҳузурида маълум бўлганидек ўзига лойиқ ўринларга қўяди. Тақдир қилинган ишнинг ўзида бўлган ёмонлик бандани ҳалокатларга элтувчи бўлгани учун ва бу унинг қўллари касб қилган гуноҳ ишга тўла жазо бўлгани учун унга (бандага) изофа қилинади (нисбат берилади). Аллоҳ таоло айтганидек: «(Эй инсонлар), сизларга не бир мусибат етса, бас ўз қўлларингиз қилган нарса гуноҳ сабабли (етур). Яна У кўп (гуноҳларнинг жазосини бермасдан) афв қилиб юборур» (Шўро: 30).

«Уларга Биз зулм қилмадик, лекин улар (ўзларига) зулм қилувчи бўлдилар» (Зухруф: 76).

«Шубҳасиз, Аллоҳ инсонларга бирон зулм-адолатсизлик қилмас. Балки, инсонлар ўзларига ўзлари зулм қиладилар» (Юнус: 44).

 

153-савол: Ўзларига нисбатланадиган ишларда бандаларнинг қудрат ва хоҳиш-иродалари борми?

Жавоб: Ҳа, бандаларга ўз ишлари устида қудрат бор, уларда истак ва хоҳиш-ирода бор, феъл-амаллари ҳақиқатан ўзларига нисбат берилади. Улар шунга кўра мукаллаф бўлганлар, шунга кўра ажр ёки иқобга лойиқ бўладилар, Аллоҳ таоло уларни куч-тоқатларидан ташқари нарсага буюрмади. Бу нарсани уларга Китоб ва Суннатда баён қилди. Бироқ улар Аллоҳ қодир қилган нарсагагина қодир бўлишади, фақат Аллоҳ хоҳлаган вақтдагина хоҳлашади, Аллоҳ уларни фоил-бажарувчи қилиб қўйишлиги туфайлигина бирон ишни қила олишади. Ўзларини вужудга келтира олишмагани каби феъл-амалларини ҳам вужудга келтириша олмайди. Қудратлари, истак, хоҳиш-иродалари ва феъллари Унинг қудрати, хоҳиш-иродаси ва феълига тобеъдир. Чунки уларнинг яратувчиси ҳам, қудрат, хоҳиш-ирода ва феълларини яратувчиси ҳам Унинг Ўзидир. Уларнинг хоҳиш-иродалари, қудрат ва феъллари Аллоҳнинг хоҳиш-иродаси, қудрати ва феълларининг айни ўзи эмас, худди улар Унинг ўзи бўлолмаганлари каби — Аллоҳ бундан пок ва олийдир. Балки уларнинг Аллоҳ тарафидан яратилган феъллари улар воситасида вужудга келади, уларга лойиқ ва ҳақиқатан уларга нисбат берилади. Аллоҳ ҳақиқатан фоил - қилувчи, банда эса ҳақиқатан мунфаил - ҳаракат қилувчи. Аллоҳ ҳақиқатан ҳодий – ҳидоятга йўлловчи, банда ҳақиқатан муҳтадий – ҳидоятга йўлланувчи. Шунинг учун икки феълдан ҳар бирини унинг бажарувчисига нисбатлади: «Кимни Аллоҳ ҳидоят қилса, бас, ўшагина ҳидоят топувчидир» (Каҳф: 17). Ҳидоятни Аллоҳга нисбатлаш ҳақиқат, ҳидоятланишни бандага нисбатлаш ҳам ҳақиқат. Ҳодий муҳтадийнинг айни ўзи бўлмагани каби ҳидоят қилиш ҳам ҳидоятланишнинг ўзи эмас. Шунингдек, Аллоҳ Ўзи истаган кишини ҳақиқатан адаштиради ва бу банда ҳақиқатан адашган бўлади. Ҳоказо, Аллоҳнинг бандалари устидаги барча тасарруфларии шундайдир. Кимки фоилликни ҳам, мунфаилликни ҳам бандага нисбат берса кофир бўлади, Аллоҳга нисбат берса ҳам кофир бўлади. Ким фоилликни ҳақиқатан холиққа, мунфаилликни ҳақиқатан  махлуққа нисбатласа, у ҳақиқий мўминдир.

 

154-савол: «Аллоҳ таоло бандаларининг иймонли, ҳидоятли ва тоат-ибодатли бўлишини суяр экан, у ҳолда ҳамма бандаларини ана шундай қилиб қўйишга қодир эмасмиди?» деган саволга қандай жавоб берилади?

Жавоб: Ҳа, У албатта бунга қодир, Ўзи  айтганидек:

«Агар Аллоҳ хоҳласа эди, ҳаммангизни бир миллат (бир дин-Исломда) қилиб қўйган бўлар эди» (Моида: 48, Наҳл: 93).

«Агар Парвардигорингиз хоҳласа эди, бутун Ер юзидаги барча кишилар иймон келтирган бўлар эдилар» (Юнус: 99).

Ва бошқа оятлар.

Лекин уларга нисбатан бундай қилмаганлиги Унинг ҳикмати тақозосига кўра, рубубияти, илоҳияти, исм ва сифатларининг талабларидан келиб чиқиб бўлган. Энди агар биров: «Нега бандаларидан баъзилари тоатли, баъзилари осий?» деса, у худди «Нега Унинг исмлари ичида Зорр (зарар етказувчи) ва Нофеъ (фойда етказувчи), Муътий (ато этувчи) ва Монеъ (ман қилувчи), Хофиз (пасайтирувчи) ва Рофеъ (юксалтирувчи), Мунъим (Инъом қилувчи) ва Мунтақим (интиқом олувчи) исмлари бор?» деган одам кабидир. Чунки, Аллоҳ таолонинг феъллари Унинг исмларининг тақозоси ва сифатларининг асаридир. Феълларида У зотга эътироз билдириш Унинг исм ва сифатларига эътироз билдириш, ва ҳатто Унинг илоҳияти ва рубубиятига эътироз билдириш бўлади: «Бас, арш эгаси бўлмиш Аллоҳ улар сифатлаётган (шериклардан) покдир. У Ўзи қиладиган бирон нарса ҳақида масъул бўлмас, улар (яъни бандалар эса қиладиган ҳар бир иш-амаллари хусусида) масъул бўладилар» (Анбиё: 22, 23).

 

155-савол: Қадарга иймон келтиришнинг диндаги ўрни қай даражада?

Жавоб: Қадарга иймон келтириш тавҳид низоми, унинг яхшисига етказадиган ва ёмонидан тўсадиган сабабларга иймон келтириш эса шариат низомидир. Қадарга иймон келтирган ва шариатга бўйсунган кишининг дини низом-тартибга ва тўғри йўлга тушади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қадарга иймон келтириш вожиблигини таъкидлагач, «Унда тақдиримиздаги битикка суяниб, амални тарк қилаверсак бўлмайдими?» деб сўраган одамга: «Амал қилаверинглар, ҳар ким ўзи нимага яратилган бўлса шунга муяссар қилинади» деганлар[3].

Кимки шариатга зид, деган даъво билан қадарни рад қилса, Аллоҳнинг илми ва қудратини Ундан рад қилган ва бандани ўз ишларига мустақил ва қилмишларини ўзи яратган, деб даъво қилган бўлади. Демакки, Аллоҳ таоло билан бирга бошқа яратувчининг ҳам борлигини исботлаган, балки барча махлуқлар холиқдир, деган бўлади.

Ким шариатга қарши ҳужжат қилиш, у билан шариатга қарши курашиш учун қадарни исботласа, бандадан Аллоҳ унга берган ва шу билан уни мукаллаф санаган қудрат ва ихтиёрни рад қилса ва Аллоҳ таоло бандаларга уларнинг тоқатларидан ташқари нарсани таклиф қилган деб даъво қилса, бу одам Аллоҳга зулмни нисбатлаган ва бу борада Иблис -лаъанаҳуллоҳ- унинг имомига айланган бўлади. Зеро, Иблис айтади: «Қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли мудом Сенинг тўғри йўлинг устида уларни (Одам болаларини) кутиб ўтираман. Сўнгра уларга олдиларидан ва ортларидан, ўнгу сўлларидан келиб (тўғри йўлдан оздираман) ва (оқибатда) уларнинг кўпларини (берган неъматларингга) шукр қилган ҳолларида топмайсан» (Аъроф: 16).

Аммо ҳақиқий мўминлар қадарнинг яхшисига ҳам, ёмонига ҳам иймон келтирадилар, буларнинг ҳаммасини яратувчиси Аллоҳдир, деб эътиқод қиладилар, шариатнинг буйруқ ва қайтариқларига бўйсунадилар, уни махфию ошкор ишларида ўзларига ҳакам қиладилар, ҳидоят ва адаштириш Аллоҳнинг қўлида, У истаган кишисини Ўз фазли билан ҳидоят қилади, истаган кишисини Ўз адли билан адаштиради, У Ўз фазли ва адлини қўядиган ўринларни яхши билувчидир: «Албатта Роббингизнинг Ўзи Унинг йўлидан озган кимсаларни жуда яхши билувчидир ва У ҳидоят топган зотларни ҳам жуда яхши билувчидир» (Ван-нажм: 30), бу ишларида У зотнинг етук ҳикмати ва кучли ҳужжати бордир, савоб ва иқоб-азоб қадарга биноан эмас, шариатни ижро қилиш ва қилмаслик эътибори билан бўлади, деб ишонадилар, мусибатлар пайтида ўзларига қадар билан таскин берадилар, бирон яхшиликка рўпара бўлсалар ҳақни эътироф этиб, уни ўз эгасига нисбатлайдилар: «Улар: «Бизларни бу (неъматларга) йуллаган зот Аллоҳга ҳамду сано бўлгай. Агар бизни Аллоҳ ҳидоят қилмаганида ҳаргиз йўл топа олмас эдик»... дейдилар» (Аъроф: 43).

Фожир кимса каби: «Менга (бор молу-давлатим) фақат ўзимдаги билим сабаблигина ато этилгандир» (Қасас: 78), демайди.

Бирон ёмонлик қилиб қўйсалар, Одам алайҳиссалом ва жуфтлари айтганидек: «Парвардигоро, бизлар ўз жонимизга жабр зулм қилдик. Агар бизларни мағфират ва раҳм қилмасанг, шубҳасиз, зиён кўрувчилардан бўлиб қолурмиз», (Аъроф: 23) дейдилар.

Шайтони ражим айтганидек: «Парвардигорим, қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли албатта уларга...» (Ҳижр: 39), демайдилар.

Бирон мусибат етса: «Албатта биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз у зотга қайтувчилармиз» (Бақара: 156), дейдилар.

Кофирлар айтган каби сўзларни айтмайдилар: «Эй мўминлар, куфр йўлини тутган ва бошқа ерларга сафар қилиб ёки ғазотга чиқиб кетган дўстлари ҳақида: «Агар биз билан бирга қолганларида ўлмаган ва ўлдирилмаган бўлар эдилар», дейдиган кимсаларга ўхшамангиз! (Бу гапларини) Аллоҳ уларнинг дилларидаги ҳасрат қилиб қўяди. Ахир тирилтирадиган ҳам, ўлдирадиган ҳам Аллоҳ-ку?! Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўрувчидир» (Оли Имрон: 156).

 

156-савол: Иймоннинг бўлаклари нечта?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«Юзларингизни Машриқ ва Мағриб томонларига бураверишингиз яхшилик эмас, балки Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга иймон келтирган, ўзи яхши кўриб туриб молини қариндош-уруғларига, етим-есирларга, мискин-бечораларга, йўловчи-мусофирларга, тиланчи-гадоларга ва қулларни озод қилиш йўлида берадиган, намозни тўкис адо қилиб, закотни берадиган киши ва аҳдлашганларида аҳдларига вафо қилувчилар ва хусусан оғир-енгил кунларда ва жангу жадал пайтида сабр-тоқат қилувчилар яхши кишилардир. Ана ўшалар чин иймонли кишилардир ва ана ўшалар асл тақводордирлар» (Бақара: 177).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Иймон олтмишдан ортиқ бўлакдир», бир ривоятда: «етмишдан ортиқ бўлакдир. Энг юқориси «Ла илаҳа иллаллоҳ» демак, энг қуйидагиси йўлдан озорни кетказишдир. Ҳаё ҳам иймоннинг бир бўлагидир».[4]

 

157-савол: Уламолар бу бўлакларни қандай шарҳлаганлар?

Жавоб: Ҳадисни шарҳлаган бир қанча уламолар бу бўлакларни санаб ўтганлар ва бу хусусда китоблар битганлар, хўп хайрли ва манфаатли ишларни қилганлар. Лекин уларни санай билиш иймоннинг шартларидан эмас, балки уларга умумий суратда иймон келтириш кифоя қилади. Бу бўлаклар Китобу Суннатдан ташқарига чиқмайди. Банда Китобу Суннат буйруқларига бўйсуниши, қайтариқларидан тийилиши, хабарларини тасдиқлаши лозим. Шунда иймоннинг бўлакларини ўзида тўла мужассам қилган бўлади. Олимлар санаб ўтган нарсалар ҳаммаси шубҳасиз, иймонга тааллуқли ишлар, бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мазкур ҳадисдан муродлари айни шу нарсалар эканини қатъий айтиш тавқифга муҳтождир.

 

158-савол: Уламолар санаган нарсаларнинг хулосасини айтиб ўтсангиз?

Жавоб: Ҳофиз Ибн Ҳажар «Фатҳул Борий»да Ибн Ҳиббоннинг шу хусусдаги сўзларининг хулосасини келтиради:

Бу бўлаклар қалб амаллари, тил амаллари ва бадан амалларидан иборатдир.

1. Қалб амаллари 24 хислатни ўз ичига олади:

Аллоҳга иймон келтириш – бунинг ичига Унинг зоти ва сифатларига, тавҳидига, яъни Унинг ўхшаши йўқ, У эшитувчи, кўрувчидир, деб иймон келтириш, Ундан бошқа ҳамма мавжудотнинг яратилган эканига иймон келтириш киради, – Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва қадарнинг яхшисию ёмонига иймон келтириш, охират кунига иймон келтириш – бунинг ичига қабрдаги савол-жавоб, қайта тирилиш, маҳшарга йиғилиш, ҳисоб, мезон, сирот, жаннат ва дўзахга иймон келтириш киради, – Аллоҳни яхши кўриш, Унинг йўлида яхши кўриш ва ёмон кўриш, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўриш, у зотни улуғлашни эътиқод қилиш – бунинг ичига у зотга салавот айтиш (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва суннатларига эргашиш киради, – ихлосли бўлиш – бунинг ичига риё ва нифоқни тарк қилиш киради, – тавба, хавф, ражо (Аллоҳнинг раҳматидан умидворлик), шукр, вафо, сабр, қазога рози бўлиш, таваккул, раҳмдил бўлиш, тавозеъ – бунинг ичига каттани ҳурмат қилиш ва кичикка меҳрибон бўлиш киради, – кибр ва манманликни тарк қилиш, ҳасадни тарк қилиш, кину адоватни тарк қилиш, ғазабни тарк қилиш.

2. Тил амаллари 7 хислатни ўз ичига олади:

Тавҳид калимасини айтиш, Қуръон тиловат қилиш, илм ўрганиш ва ўргатиш, дуо, зикр – истиғфор ҳам шунинг ичига киради, –  лағвдан (беҳуда гап-сўздан) тийилиш.

3. Бадан амаллари 38 хислатни ўз ичига олади:

Булардан шахсларнинг ўзига тааллуқли бўлганлари 15та хислатдир: ҳиссан ҳам, ҳукман ҳам тоза-пок бўлиш – нажосатлардан сақланиш ҳам шунинг ичига киради, – авратни ёпиш, фарз ва нафл намозлар ҳамда садақотлар, қулларни озод қилиш, саховат – бунинг ичига таом бериш ва меҳмонни икром қилиш ҳам киради, – фарз ва нафл рўза, ҳаж ва умра, тавоф, эътикоф, қадр кечасини талаб қилиш, динни сақлаш учун ҳижрат қилиш, назрга вафо қилиш, қасамлар(ни устидан чиқиш)га ҳаракат қилиш, каффоратларни адо этиш.

Булардан тобеъларга тааллуқли бўлганлари 6 хислатдир: никоҳ билан покланиш, қарамоғидагиларнинг ҳуқуқларини адо этиш, ота-онага яхшилик қилиш – оқ бўлишдан сақланиш ҳам шунга киради, – фарзандлар тарбияси, силаи раҳм, хожаларга итоат қилиш, қулларга раҳм-шафқатли бўлиш.

Булардан оммага тааллуқли бўлганлари 17 хислатдир: ҳукуматни адолат билан бошқариш, жамоатга эргашиш, раҳбарга итоат қилиш, одамлар ўртасини ислоҳ қилиш – хавориж ва боғий-золимларга уруш қилиш ҳам шунга киради, – яхшилик устида ёрдамлашиш – амри маъруф ва наҳий мункар ҳам шунга киради, – ҳад(шаръий жазо)ларни амалга ошириш, жиҳод – рибот ҳам шунинг ичида, – омонатни ўташ – хумус (жиҳоддаги ғаниматлардан бешдан бирини адо этиш) ҳам шунинг ичида, – қарзга вафо қилиш, қўшнини ҳурмат қилиш, гўзал муомала, молни ҳалолдан топиш ва ўз ўринларига сарфлаш – исрофгарчилик ва беҳуда совуришни тарк қилиш шунинг ичига киради, – саломга алик олиш, чучкирган одамга (ярҳамукаллоҳ деб) ташмит айтиш, одамлардан озорни даф қилиш, лаҳв (кўнгил очар ўйин-кулгилар)дан сақланиш, йўлдан озорни четлатиш.

Ҳаммаси 69та хислат, бири иккинчисининг ичига кириб кетганлари эътибори билан 79та деб ҳисоблаш ҳам мумкин, валлоҳу аълам.

 

159-савол: Эҳсонга Қуроъон ва Суннатдан далил борми?

Жавоб: Кўп далиллар бор. Жумладан:

«Яхшилик қилинг! Албатта Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севади» (Бақара: 195).

«Зотан, Аллоҳ тақводор бўлган ва чиройли амаллар қилувчи зотлар билан биргадир» (Наҳл: 128).

«Ким чиройли амал қилувчи бўлган ҳолида ўзини Аллоҳга топширса, у мустаҳкам халқани ушлабди» (Луқмон: 22).

«Чиройли амал қилган зотлар учун гўзал оқибат ва зиёда неъматлар бордир» (Юнус: 26).

«Эҳсон-яхшиликнинг жазоси-мукофоти фақат яхшиликдир» (Раҳмон: 60).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

«Аллоҳ таоло ҳар бир нарсада эҳсон-яхшиликни битган (буюрган)».[5]

«Аллоҳнинг ибодатини ҳамда хожасининг суҳбатини (хизматини) чиройли адо этиб, вафот этишлиги қул учун нақадар яхшидир!»[6]

 

160-савол: Ибодатдаги эҳсон қандай бўлади?

Жавоб: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жибрил алайҳиссаломнинг: «Менга эҳсон ҳақида айтиб беринг» деган саволларига: «Аллоҳга Уни кўриб тургандек ибодат қилишинг, агар сен кўрмаётган бўлсанг, У сени кўриб турибди»[7] деб жавоб берганлар.

Мазкур ҳадислари билан Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам эҳсон бир-биридан фарқли икки даражада бўлишини баён қилдилар:

Биринчи: Аллоҳга гўё Уни кўриб тургандек ибодат қилиш. Бу мушоҳада мақоми, яъни банда дилида Аллоҳни кўриб турганлиги тақозоси билан амал қилиши, қалб иймон билан мунаввар бўлиб, кўнгил кўзи маърифат сирларига ошно бўлиб, худди ғайбни кўриб тургандек бўлиб қолиши. Бу ҳақиқатан Эҳсон мақомидир.

Иккинчи: Муроқаба мақоми – банда Аллоҳ уни кўриб турганини, ундан воқиф-бохабар ва унга яқин эканини кўз олдига келтириб амал қилиши. Банда ҳар бир қилаётган ишида бу нарсани кўз олдига келтирса ва шунга кўра амал қилса Аллоҳ таоло учун ихлосли бўлади. Чунки бу ҳолат уни Аллоҳдан бошқага бурилишдан ва амали билан Ундан ўзгани мақасд қилишдан тўсади. Бу икки даража эгалари дил кўзларининг ўткир бўлиши жиҳатидан бир-биридан тафовутли бўлади.


[1] Муслим (2772) ривояти.

[2] Муслим (771) Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.

[3] Бухорий (6605) ва Муслим (2647) ривоятлари.

[4] Бухорий (9) ва Муслим (35) ривоятлари.

[5] Муслим (1955) ривояти.

[6] Бухорий (2549) ва Муслим (1667) ривоятлари.

[7] Муслим ривояти.

◄◄◄Аввалига қайтиш

Мундарижа

Кейингига ўтиш►►►

 ЮқоригаÎ