Ислом Нури

 

Китоблар

 

Ақидага оид 200 савол-жавоб

 Шайх Ҳофиз ибн Аҳмад оли Ҳакамий

Ислом Нури таржимаси

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

 

141-савол: Иккинчи даража – тақдирларнинг ёзиб қўйилган эканига иймон келтиришга далил борми?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«Барча нарсани Биз очиқ Китобда (яъни Лавҳ-ул-Маҳфузда) белгилаб қўйгандирмиз» (Ёсин: 12).

«Албатта, бу Китобда (яъни Лавҳул-махфузда ёзиб қўйилгандир)» (Ҳаж: 70).

Аллоҳ таоло Фиръавн ва Мусо алайҳиссаломнинг ҳужжатлашганини шундай баён қилди:

«(Фиръавн) деди: «У ҳолда аввалги авлодларнинг ҳоли недир?» (Мусо) айтди: «Улар ҳақидаги билим Парвардигорим ҳузуридаги Китобда — Лавҳул-Маҳфуздадир. Парвардигорим адашмас ва унутмас» (Тоҳа: 51, 52).

«Ҳар бир аёлнинг ҳомиладор бўлиши ҳам, кўзи ёриши ҳам шак-шубҳасиз Унинг билиши – огоҳлиги билан бўлур. Ҳар бир умр кўрувчининг умри узун қилинмас ва (ё) умридан камайтирилмас, магар (буларнинг барчаси) Китобда (яъни Лавҳул-Маҳфузда битилган бўлур). Албатта бу Аллоҳга осондир» (Фотир: 11).

Ва бошқа оятлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Тирик жон борки, унинг жаннатдан ва дўзахдан бўлган ўрни албатта ёзиб қўйилгандир, унинг бахтсиз ё бахтли бўлиши ҳам албатта ёзиб қўйилгандир». (Муслим (2647) ривояти)

Жобир розияллоҳу анҳу айтади, Суроқа ибн Молик ибн Жуъшум келиб деди: Эй, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизга динимизни тушунтиринг, биз ҳудди ҳозир яратилгандекмиз. Бизнинг бугунги кунда қилаётган амалимиз қандай? Қаламлар ёзганидан кейин қуриб қолган (Лавҳул-Маҳфузда ёзилган) ва тақдирда битилган нарсадами ёки энди қиладиган (Лавҳул-Маҳфузга ёзилмаган) нарсамиздами? Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Йўқ, Қаламлар ёзганидан кейин қуриб қолган (Лавҳул-Маҳфузда ёзилган) ва тақдирда битилган нарсада.» Ундай бўлса нимага амал қиламиз? «Амал қилинглар ҳар бир киши (ёзилган нарсасига) эришувчидир.» Бошқа ривоятда: «Ҳар бир амал қилувчи ўз амалига муяссар қилинади.» (Муслим (2648) ривояти)

 

142-савол: Бу даража ичига неча турли тақдирлар киради?

Жавоб: Бунинг ичига 5 хил тақдирлар киради ва буларнинг ҳаммаси илмга боғлиқ:

Биринчи: Тақдири азалий – яъни, булар осмонлару ер яратилишидан эллик минг йил олдин Аллоҳ таоло Қаламни яратган пайтда ёзиб қўйилгани;

Иккинчи: Одамнинг белидан зурриётларини зарралар мисоли чиқариб: «Мен сизларнинг Парвардигорингиз эмасманми?!» (Аъроф: 172) деб аҳд олган кундаги умрлик тақдир.

Учинчи: си ҳам Она қорнида нутфани яратган кундаги умрлик тақдир.

Тўртинчи: Қадр кечасидаги йиллик тақдир.

Бешинчи: Кундалик тақдир – буларнинг ҳаммасини ўз ўрнида ижро қилиш.

 

143-савол: Тақдири азалийга далил борми?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«На Ерга ва на ўзларингизга бирон мусибат етмас, магар (етса) Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда (Лавҳул-Маҳфузда битилган) бўлур» (Ҳадид: 22).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

«Аллоҳ халқларнинг тақдирларини осмонлару ерни яратишидан эллик минг йил олдин ёзиб қўйган», «унда арши сувнинг устида эди».[1]

«Аллоҳ энг биринчи қаламни яратиб, унга: «Ёз!», деди. Қалам: «Эй Раббим, нимани ёзай?», деб сўради. «То қиёматгача барча нарсанинг тақдирини ёз!», деди».[2]

«Эй Абу Ҳурайра, бўладиган ишларни қалам (ёзиб, сиёҳи) қуриб бўлган».[3]

 

144-савол: Аҳду паймон олинган кундаги умрлик тақдирга далил борми?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«Парвардигорингиз Одам болаларининг белларидан (яъни пушти камарларидан то Қиёмат Кунигача дунёга келадиган барча) зурриётларини олиб: «Мен Пар­вардигорингиз эмасманми?», деб, ўзларига қарши гувоҳ қилганида, улар: «Ҳақиқатан Сен Парвардигоримизсан, бизлар бунга шоҳидмиз», деганларини эсланг!» (Аъроф: 172).

«Муватто»да айтилади: Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан: «Парвардигорингиз Одам болаларининг белларидан (яъни пушти камарларидан то Қиёмат Кунигача дунёга келадиган барча) зурриётларини олиб: «Мен Пар­вардигорингиз эмасманми?», деб, ўзларига қарши гувоҳ қилганида, улар: «Ҳақиқатан Сен Парвардигоримизсан, бизлар бунга шоҳидмиз», деганларини эсланг! (Сизлардан бундай гувоҳлик — аҳд-паймон олишимиз) Қиёмат Кунида: «Бизлар бундан бехабар эдик», демасликларингиз учундир» ояти ҳақида сўралганда айтдилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шу ҳақда сўралганда шундай жавоб берганларини эшитганман: «Аллоҳ таборака ва таоло Одамни яратди, сўнг унинг белини қўли билан силаб, ундан зурриёт чиқарди. Сўнг: «Мен буларни жаннат учун яратдим ва улар жаннат аҳлининг амалини қиладилар», деди. Кейин унинг белини силаб, яна зурриёт чиқарди. Сўнг: «Буларни дўзах учун яратдим ва улар дўзах аҳлининг амалини қиладилар», деди».[4]

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумо ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларида (гўё) иккита китоб билан бизнинг олдимизга чиқиб келдилар ва: «Бу китоблар қандай китоблигини биласизларми?» дедилар. «Йўқ, эй Расулуллоҳ, сиз хабар берсангиз билиб оламиз», дейишди. Ўнг қўлларидаги китобни (кўрсатиб) айтдилар: «Бу оламлар Рабби тарафидан бўлган китобдир. Унда жаннат аҳлининг исмлари, оталарининг ва қабилаларининг номлари то охиригача жамланган, энди уларнинг сони асло зиёда ҳам қилинмайди, камайтирилмайди ҳам.» Кейин чап қўлларидаги китобни (кўрсатиб) айтдилар: «Бу оламлар Рабби тарафидан бўлган китобдир. Унда дўзах аҳлининг исмлари, оталарининг ва қабилаларининг номлари то охиригача жамланган, энди уларнинг сони асло зиёда ҳам қилинмайди, камайтирилмайди ҳам.» Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, агар иш аллақачон ҳал бўлган бўлса, амалга не ҳожат?» деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Амалларингизни) тўғрилангиз, (имкон қадар тўғриликка) яқинлашингиз, зеро жаннат аҳлидан бўлувчи киши қандай амал қилиб юрган бўлса ҳам, охирида аҳли жаннатнинг амали билан хотима топади», дедилар. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўллари билан ишора қилиб, китобларни ташладилар, сўнг: «Раббингиз бандаларининг (оқибатларини) ҳал қилиб бўлган, бир гуруҳ жаннатда, бир гуруҳ дўзахда (бўлур)», дедилар.[5]

 

145-савол: Она қорнида нутфанинг илк бор яратилган пайтидаги умрлик тақдирга далил нима?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«У (Аллоҳ) сизларни (яъни оталарингиз Одамни) Ўзи Ердан тупроқдан пайдо қилган пайтиданоқ ва сизлар оналарингизнинг қорнида ҳомила бўлган пайтингизданоқ жуда яхши билувчидир. Бас, сизлар ўзларингизни покламай қўя қолинглар! У тақводор бўлган кишиларни ҳам жуда яхши билувчидир» (Нажм: 32).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизлардан бирингизнинг хилқати онасининг қорнида 40 кун нутфа ҳолида жамланади, сўнг яна шунча вақт алақа ҳолида бўлади, сўнг шунча вақт музға ҳолида бўлади. Кейин унга бир фариштани юборилади, у унга руҳ киргизади (пуфлайди) ва тўртта калимани – ризқини, ажалини, амалини ва бахтсиз ё бахтли бўлишини ёзиб қўйишга буюрилади. Ундан ўзга барҳақ илоҳ йўқ бўлган Зотга қасамки, сизлардан бирингиз аҳли жаннатнинг амалини қилиб боради, ҳатто у билан жаннат ўртасида фақат бир газ масофа қолганида (тақдиридаги) битик унга ғолиб келиб, аҳли дўзахнинг амалини қилади ва охир-оқибат дўзахга тушади. Сизлардан яна бирингиз аҳли дўзахнинг амалини қилиб боради, ҳатто у билан дўзах ўртасида фақат бир газ масофа қолганида (тақдиридаги) битик унга ғолиб келиб, аҳли жаннатнинг амалини қилади-да, охир-оқибат жаннатга тушади».[6]

Шу маънода бошқа лафзлар билан кўплаб саҳобалардан ривоятлар келган.

 

146-савол: Қадр кечасидаги йиллик тақдирга далил нима?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди::

«У (кеча)да барча пухта-аниқ иш(лар) айрилур (белгиланур). (Бу кечада тақдир қилинадиган барча ишлар) Бизнинг ҳузуримиздан бўлган Ишдир» (Духон: 4, 5).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтганлар: «Қадр кечасида Уммул-Китобдан (Лавҳул-Маҳфуздан?) шу йилда бўладиган ўлим, ҳаёт, ризқ, ёмғир ва ҳатто ҳожилар ҳақида «Фалончи-фалончилар ҳажга боради» деб ёзиб қўйилади».

Ҳасан, Саид ибн Жубайр, Муқотил, Абу Абдурраҳмон ас-Суламий ва бошқалар ҳам шу маънода гапирганлар.[7]

 

147-савол: Кунлик тақдирга далил нима?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«У зот ҳар куни иш-амалдадир» (Ар-Раҳмон: 29).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтганлар: «Аллоҳ таоло Лавҳул-Маҳфузни оппоқ дурдан яратди, унинг иккала муқоваси (ғилофи) қизил ёқутдан, қалами нур, китоби нурдир. Унга ҳар куни уч юз олтмиш марта қарайди, ҳар бир қарашда яратади, ризқ беради, ҳаёт ато этади, ўлдиради, азиз қилади, хор қилади, Ўзи истаганини қилади. Бу Аллоҳ таолонинг «У зот ҳар куни иш-амалдадир» (Ар-Раҳмон: 29) оятидир».[8]

Бу тақдирларнинг ҳаммаси Аллоҳ таоло Қаламни яратган кун унга Лавҳул-Маҳфузга ёзиб қўйишни буюрган ўша азалий тақдирнинг тафсилотлари сифатида кўрилади. Ибн Умар ва Ибн Абос розияллоҳу анҳумолар: «Дарҳақиқат Биз сизларнинг амалларингизни ёздириб қўяр эдик» (Жосия: 29) оятини шундай тафсир қилганлар.

Буларнинг барчаси Аллоҳ таборака ва таолонинг ИЛМ сифатига боғлиқдир.

 

148-савол: Бахтли ёки бахтсизлик азалдан белгилаб қўйилгани нимани тақозо қилади?

Жавоб: Жамики самовий китоблар ва пайғамбарларнинг суннатлари иттифоқ қилган нарса шуки, тақдирнинг аввалда белгилаб қўйилиши амал қилишдан тўсмайди ва қадарга суяниб қолишни лозим қилмайди, балки жидди-жаҳд ва ҳаракатни, солиҳ амалга ҳарис бўлишни лозим қилади. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига қадарнинг битилгани ва қалам (кишининг тақдирини ёзиб, сиёҳи) қуригани ҳақида хабар берганларида баъзилар: «Тақдиримиздаги битикка суяниб, амални тарк қилаверсак бўлмайдими?» деб сўрашганда: «Йўқ, амал қилаверинглар. Ҳар ким ўзи яратилган нарсага муяссар бўлувчидир» деб жавоб берганлар ва ушбу оятларни ўқиганлар: «Ана энди ким (ўз мол-давлатидаги камбағал-бечораларга берилиши лозим бўлган закот ва бошқа садақотларни) берса ва (Аллоҳдан) қўрқса. Ҳамда гўзал оқибатни (яъни жаннат бор эканини) тасдиқ этса. Биз уни осон йўлга муяссар қилурмиз. Энди ким (Аллоҳ йўлида хайр-саховат кўрсатишдан) бахиллик қилса ва (ўзини Аллоҳ ҳузуридаги ажр-мукофотлардан) беҳожат билса. Ҳамда гўзал оқибатни (яъни Аллоҳ ваъда қилган жаннатни) ёлғон деса. Биз уни (дунё ва охиратда бахтсиз бўладиган) оғир йўлга «муяссар» қилурмиз!» (Вал-лайл: 7-10).

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло тақдирларни ўлчаб қўйган, унинг сабабларини ҳам муҳайё қилиб қўйган, У дунёю охират хусусида Ўзи ўрнатиб қўйган сабабларнинг ҳикматини Ўзи яхши билувчи зотдир. У махлуқларидан ҳар бирини дунёю охиратда нима учун яратган бўлса, ўшанга муяссар қилиб қўйган. Банда агар охиратидаги яхшиликлар унга олиб борувчи сабабларга боғлаб қўйилган эканини билса, ўша сабабларни жойига келтиришга ва уларни адо этишга дунёдаги тирикчилиги сабабларига киришишдан кўра ҳам қаттиқроқ ҳаракат қилади. Буни саҳобалар жуда теран тушунган эдилар, улардан бирлари қадар ҳақидаги ҳадисларни эшитгач, илгаригидан кўра ҳам қаттиқроқ ҳаракатга киришганини айтган эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ўзингга фойдали бўлган нарсага ҳарис бўл, Аллоҳдан мадад сўра ва ожизлик қилма».[9]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Нима дейсиз, бизнинг қиладиган даволаримиз, қилдирадиган руқяларимиз Аллоҳнинг қадаридан бирон нарсани қайтарадими?» деб сўралганда: «Ўша ишлар ўзи Аллоҳнинг қадаридан» деб жавоб берганлар.[10] Яъни, Аллоҳ таоло яхшилик ва ёмонликни тақдир қилиб, улардан ҳар бирининг сабабларини ҳам муҳайё қилиб қўйган.

 

149-савол: Учинчи даража – Аллоҳнинг мутлақ хоҳиш-иродасига иймон келтиришга далил нима?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«(Эй инсонлар), сизлар фақат Аллоҳ хоҳлаган вақтдагина хоҳларсизлар (яъни, бирон иш Аллоҳнинг хоҳиш-иродасисиз бўлмас)» (Инсон: 30).

«Ва бирон нарса ҳақида «Мен албатта эртага қилувчиман», дея кўрманг, магар «Инша Аллоҳ – Аллоҳ хоҳласа» денг». (Каҳф: 23, 24).

«Аллоҳ хоҳлаган кишисини адаштирур, хоҳлаган кишисини Тўғри йўлда (барқарор) қилур» (Анъом: 39).

«Агар Аллоҳ хоҳласа эди, ҳаммангизни бир миллат (бир динда— Исломда) қилиб қўйган бўлур эди» (Моида: 48, Наҳл: 93).

«Агар Аллоҳ хоҳлаганида, албатта уларни (яъни барча инсонларни) бир миллат (бир динда — Исломда) қилган бўлур эди» (Шуро: 8).

«Агар Аллоҳ хоҳласа улардан (жанг-жадалсиз ҳам) ғолиб бўлур (яъни уларни йўқ қилиб юборур) эди» (Муҳаммад: 4).

«(У) истаган нарсасини амалга оширувчидир» (Буруж: 16).

«Бирон нарсани (яратишни) ирода қилган вақтида Унинг иши фақатгина «Бўл», демоқлигидир. Бас у бўлур — вужудга келур» (Ёсин: 82).

«Биз бирон нарсани ирода қилсак, унга айтадиган сўзимиз «Бўл», демоқликдир. Бас, ўша нарса бўлур» (Наҳл: 40).

«Аллоҳ кимни ҳидоят қилишни истаса унинг кўнглини ислом учун кенг қилиб қўяр. Кимни адаштиришни истаса, унинг кўнглини худди осмонга кўтарилиб кетаётгандек, тор ва танг қилиб қўяр» (Анъом: 125).

Ва бошқа сон-саноқсиз оятлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«Бандаларнинг қалблари Раҳмон таоло бармоқларидан икки бармоқ ўртасида худди бир қалб кабидир, уларни қандай хоҳласа шундай буриб қўяди».[11]

Водийда (ҳаммалари бомдоддан) ухлаб қолган пайтларида айтдилар: «Аллоҳ таоло сизларнинг руҳларингизни Ўзи истаган пайт олиб, истаган пайт қайтарди».[12]

«(Яхши ишларга) воситачи бўлинглар, ажрга эга бўласизлар. Аллоҳ пайғамбарининг тили билан Ўзи истаган нарсани ҳукм қилади».[13]

«Аллоҳ кимга яхшиликни хоҳласа, уни динда фақиҳ (олим) қилиб қўяди».[14]

«Агар Аллоҳ таоло бир умматни раҳматига олишни истаса, пайғамбарларини улардан олдин вафот эттиради. Агар Аллоҳ бир умматнинг ҳалокатини истаса, уларга пайғамбарлари ҳаётлик ҳолида азобини туширади».[15]

Ва бошқа ҳадислар.

 

150-савол: Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида ва пайғамбарининг тилида бизга хабар берган, шунингдек биз У зотнинг сифатларидан биламизки, У муҳсин, тақводор ва собирларни яхши кўради, иймон келтирган ва солиҳ амаллар қилган кишилардан рози бўлади. Кофирларни, золимларни ёқтирмайди, бандаларининг куфрига рози бўлмайди, бузғунчиликни ёқтирмайди. Ҳолбуки буларнинг ҳаммаси Унинг хоҳиш-иродаси билан вужудга келади. Агар У истаса булардан биронтаси вужудга келмас эди. Зеро, Унинг мулкида У истамаган нарса бўлмайди. Шундай экан, энди: «Қандай қилиб Ўзи рози бўлмайдиган ва ёқтирмайдиган нарсаларнинг вужудга келишини истайди?» деб сўраган одамга қандай жавоб берилади?

Жавоб: Билингки, нас(оят ва ҳадис)ларда ирода сўзи икки маънода келган:

1. Кавний қадарий ирода. Бу хоҳиш-ирода билан яхши кўриш ва рози бўлиш ўртасида мулозамат – лозимлик йўқ. Балки, куфру иймон, тоату исёнлар, рози бўлинган ва яхши кўрилган ишлар ҳам, ёмон кўрилганлари ҳам унинг ичига кираверади. Бу иродадан ҳеч ким на ташқарига чиқа олади, на қочиб қутулади. Аллоҳ таоло айтганидек:

«Аллоҳ кимни ҳидоят қилишни истаса унинг кўнглини ислом учун кенг қилиб қўяр. Кимни адаштиришни истаса, унинг кўнглини худди осмонга кўтарилиб кетаётгандек, тор ва танг қилиб қўяр» (Анъом: 125).

«Кимники Аллоҳ Ўзи адаштиришни истаса, сиз унинг учун Аллоҳ томонидан ҳеч нарса қила олмассиз. Улар Аллоҳ кўнгилларини поклашни истамаган кимсалардир» (Моида: 41).

2. Аллоҳ яхши кўрган ва рози бўлган ишларга хос бўлган диний шаръий ирода. Аллоҳ бандаларига буйруқ ва қайтариқларини шу иродага кўра қилади. Аллоҳ таоло айтганидек: «Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди» (Бақара: 185).

«Аллоҳ сизларга шариат ҳукмларини баён қилишни, сизларни илгари ўтган (ҳақ йўлдаги) зотларнинг йўлларига ҳидоят қилишни ва тавбаларингизни қабул қилишни истайди. Аллоҳ билим ва ҳикмат эгасидир» (Нисо: 26).

Ва бошқа оятлар.

Бу иродага эргашган одам учун аввал бу хусусда кавний ирода ҳам ўтган бўлади. Шунда тоат-ибодатли мўмин кишининг ҳаққида кавний ирода билан шаръий ирода бирлашади, осий, фожир одамнинг ҳаққида эса ёлғиз кавний ироданинг ўзи бўлади. Аллоҳ субҳанаҳу бандаларини умумий равишда Ўзи рози бўладиган ишларга чақирди ва бу ишларнинг ижобатига улар ичидан Ўзи истаган кишиларнигина йўллади: «Аллоҳ тинчлик диёри —жаннатга даъват қилур ва Ўзи хоҳлаган зотларни тўғри йўлга ҳидоят қилур» (Юнус: 25).

Демак, Аллоҳ субҳанаҳу даъватни умумий, ҳидоятни эса Ўзи истаган кишиларга хос қилди: «Албатта Парвардигорингизнинг Ўзи Унинг йўлидан озган кимсаларни жуда яхши билувчидир ва У ҳидоят топган зотларни ҳам жуда яхши билувчидир» (Ван-нажм: 30).


[1] Муслим (2653) ривояти).

[2] Абу Довуд Таёлисий (577), Термизий (3319), Аҳмад (5/317) ва Абу Довуд (4700) ривоятлари.

[3] Бухорий (5076) ривояти.

[4] Молик (2/898, 899), Абу Довуд (4703), Термизий (3075), Аҳмад (1/44) ва бошқалар ривояти.

[5] Термизий (2141), Аҳмад (2/167), Ибн Абу Осим (348) ривоятлари.

[6] Бухорий (6594) ва Муслим (2643) ривоятлари.

[7] Ибн Жарир ат-Табарий, мазкур оят тафсири.

[8] Ҳоким (2/519) ва Ибн Жарир (27/35) ривоят қилганлар.

[9] Муслим (2665) ривояти.

[10] Аҳмад (3/421), Термизий (2065) ва Ибн Можа (3437) ривоятлари.

[11] Муслим (2654) ривояти.

[12] Бухорий (7471) ва Муслим (681) ривоятлари.

[13] Бухорий (6027) ва Муслим (2628) ривоятлари.

[14] Бухорий (71, 3116) ва Муслим (1037) ривоятлари.

[15] Муслим (2288) ривояти.

◄◄◄Аввалига қайтиш

Мундарижа

Кейингига ўтиш►►►

 ЮқоригаÎ