Ислом Нури
Китоблар
Ақидага оид 200 савол-жавоб
Шайх Ҳофиз ибн Аҳмад оли Ҳакамий
Ислом Нури таржимаси
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
131-савол: Уларнинг ҳозирда мавжуд эканига далил борми?
Жавоб: Аллоҳ таоло уларнинг ҳозирлаб қўйилганлигини хабар бериб, жаннат ҳақида: «Тақводорлар учун ҳозирлаб қўйилган» (Оли Имрон: 132), дўзах ҳақида: «Кофирлар учун ҳозирлаб қўйилган» (Оли Имрон: 131) деган.
Аллоҳ таоло бизга Одам алайҳиссалом ва унинг жуфтини дарахт мевасидан ейишларидан илгари жаннатда тургизганини хабар берган, шунингдек У зот кофирларнинг эртаю кеч дўзахга тоблаб турилишлари ҳақида хабар берган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Жаннатга боқдим ва унинг аҳлидан кўплари камбағаллар эканини кўрдим, дўзахга боқдим ва унинг аҳлидан кўплари аёллар эканини кўрдим». (Бухорий (3241) ва Муслим (2738) ривоятлари)
«Сизлардан бирингиз вафот этса (борадиган) жойи унга эртаю кеч кўрсатилади. Жаннат аҳлидан бўлса жаннат аҳли(нинг жойи)дан, дўзах аҳлидан бўлса дўзах аҳли(нинг жойи)дан. Унга: «То қиёмат куни Аллоҳ сени қайта тирилтиргунча жойинг шу» дейилади.» (Бухорий (1379) ва Муслим (2866) ривоятлари).
«Намозни салқинлатиб ўқинглар, чунки ҳароратнинг кучайиши жаҳаннамнинг уфуришидандир». (Бухорий (536) ва Муслим (615) ривоятлари).
«Дўзах: «Эй Раббим, (алангаларим) бир-бирини еб юборди» деб Раббига шикоят қилди. Шунда унга икки марта – бир бор қишда ва бир бор ёзда – нафас (олиши)га изн берди. Сизлар ҳис қиладиган энг қаттиқ иссиқ ва сизлар ҳис қиладиган энг қаттиқ совуқ ана шу (нафасдан)дир» (Бухорий (537) ва Муслим (617) ривоятлари)
«Иситма жаҳаннамнинг уфуришидандир, уни сув билан совутинглар». (Бухорий (3264, 5723) ва Муслим (2209) ривоятлари)
«Аллоҳ жаннат ва дўзахни яратгач, Жибрилни жаннатга юборди ва: «Бориб, жаннатни кўргин», деди...» (Аҳмад (2/354), Абу Довуд (4744), Термизий (4/2560) ва Насоий (7/3) ривоятлари)
Қуёш тутилган кунда намозда турганларида жаннат ва дўзах Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга кўндаланг қилинган. (Бухорий (748) ва Муслим (907) ривоятлари)
Жаннат ва дўзах Исро кечасида ҳам у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга кўрсатилган. (Бухорий (239) ва Муслим (162) ривоятлари) Бу ҳақда кўплаб саҳиҳ ҳадислар мавжуд.
132-савол: Уларнинг боқий ва асло туганмас эканига далил нима?
Жавоб: Аллоҳ таоло жаннат ҳақида шундай дейди:
«Яна (Аллоҳ) улар учун остидан дарёлар оқиб турадиган, улар абадий қоладиган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Мана шу буюк бахтдир» (Тавба: 100).
«У жойда уларга бирон чарчоқ етмас ва улар у жойдан чиқарилувчи ҳам эмаслар!» (Ҳижр: 48).
«Бу туганмас инъомдир.» (Ҳуд: 108).
«Тугаб қолмайдиган ва ман этилмайдиган кўпдан-кўп (турли-туман) мева-чева (ости)да» (Воқеа: 32,33).
«Шак-шубҳасиз бу Бизнинг (жаннат ахлига ато этадиган) ризқу-рўзимиздирки, унинг учун тугаб қолиш бўлмас» (Сод: 54).
«Албатта тақводор зотлар (У Кунда) осойишта жойда, боғлар ва чашмалар устида бўлурлар... Улар (жаннатда) биринчи ўлимдан (яъни ҳаёти дунёдан кўз юмганларидан) бошқа ўлимни тотмаслар» (Духон: 51-56).
Ва бошқа оятлар.
Аллоҳ таоло дўзах ҳақида айтади:
«Магар уларни жаҳаннам йўлига равона қилур ва улар у жойда абадий қолажаклар» (Нисо: 169).
«Албатта Аллоҳ кофирларни лаънатлади ва улар учун ўтни тайёрлаб қўйди. Улар на бирон дўст ва на бирон ёрдамчи топмаган ҳолларида у жойда мангу қолурлар» (Аҳзоб: 64, 65).
«Кимки Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига осий бўлса, албатта унинг учун жаҳаннам олови бордир. (Ундай кимсалар) ўша жойда мангу қолурлар» (Жин: 23).
«... ва улар жаҳаннамдан чиқувчи бўлмайдилар» (Бақара: 167).
«Улардан (азоб бирон лаҳза ҳам) енгиллатилмас ва улар (ўша азобда қолиб) бутунлай номурод бўлувчидирлар!» (Зухруф: 75).
«Кофир бўлган кимсалар учун эса жаҳаннам ўти бордирки, на уларга (иккинчи бор ўлиш) ҳукм қилиниб, ўла олурлар ва на улардан (жаҳаннам) азоби енгиллатилур» (Фотир: 36).
«Ҳеч шубҳа йўқки, кимда-ким Парвардигорининг (ҳузурига) жиноятчи-кофир бўлган ҳолда келса, у ҳолда албатта унинг учун жаҳаннам бор бўлиб, у (кофир) у жойда на ўла олур ва на яшай олур» (Тоҳа: 74).
Ва бошқа оятлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:
«Дўзах аҳли бўлган дўзахийлар у ерда на ўладилар, на яшай оладилар.» (Муслим (185) ривояти)
«Жаннат аҳли жаннатга, дўзах аҳли дўзахга кириб бўлгач, ўлим олиб келинади ва жаннат билан дўзах ўртасида сўйиб ташланади. Бир фаришта нидо қиладики: «Эй жаннат аҳли, энди ўлим йўқ, эй дўзах аҳли, энди ўлим йўқ.» Шунда жаннат аҳлининг шодликлари зиёда бўлиб, дўзах аҳлининг қайғулари ортади». (Бухорий (6548) ва Муслим (2849) ривоятлари)
Бу ҳақда бошқа ҳадислар ҳам бор.
133-савол: Мўминлар охиратда Раббилари таборака ва таолони кўришларига далил борми?
Жавоб: Аллоҳ таоло деди:
«У Кунда (мўминларнинг) юзлари яшнаб, Парвардигорларига боқиб турувчидир!» (Қиёмат: 22, 23).
«Чиройли амал қилган зотлар учун жаннат ва зиёда (Аллоҳнинг юзига боқиш) бордир» (Юнус: 26).
Аллоҳ таоло кофирлар ҳақида айтади:
«Ҳеч шак-шубҳа йўқки, улар ўша (Қиёмат) Кунида Раббиларидан тўсилувчидирлар» (Мутоффифун: 15).
Аллоҳнинг душманлари У зотнинг дийдоридан тўсилсалар, демак У зотнинг дўстлари бундан тўсилмасликлари маълум бўлади.
Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ўтирган эдик, у зот 14 кунлик ойга боқиб, дедилар: «Сизлар Раббингизни худди шу (ой)ни кўраётганингиздек аниқ-тиниқ кўрасизлар, Уни кўришда (тиқилинчдан) талашиб-тортишмайсизлар. Агар кун чиқишидан илгари (бомдод) ва кун ботишидан олдин (аср) намоз ўқишдан мағлуб бўлмасликка қодир бўлсаларингиз, шундай қилинглар». (Бухорий (554) ва Муслим (633) ривоятлари)
Суҳайб розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сўнг пардани очади, уларга Раббилари азза ва жалланинг жамолига боқишдан кўра суюмлироқ бирон нарса ато этилмайди», дедилар, сўнг ушбу оятни ўқидилар: «Чиройли амал қилган зотлар учун жаннат ва зиёда (Аллоҳнинг юзига боқиш) бордир» (Юнус: 26). (Муслим (181) ривояти)
Бу ҳақда кўплаб саҳиҳ ва сариҳ ҳадислар борки, биз «Суллам ул-вусул» шарҳида 30дан ортиқ саҳобадан 45та ҳадисни зикр қилганмиз.
134-савол: Шафоатга ишонишга далил борми, шафоат ким тарафидан, ким учун ва қачон бўлади?
Жавоб: Шафоат ҳақида Қуръонда кўплаб оятлар келган.
Аллоҳ таоло шафоат Ўзининг мулки эканини, бирон кишига ундан бирон улуш йўқ эканини хабар беради:
«Айтинг: «Барча шафоат-оқлов ёлғиз Аллоҳникидир» (Зумар: 44).
Шафоат қачон бўлади? Аллоҳ таоло унинг фақат Ўзининг изни билангина бўлишини хабар беради:
«Унинг ҳузурида ҳеч ким (бировни) Унинг изнисиз оқлай олмайди» (Бақара: 255).
«(Қиёмат Кунида) бирон оқловчи бўлмас, магар Унинг изну иродасидан сўнггина (оқлай олур)» (Юнус: 3).
«Осмонларда қанчадан-қанча фаришталар бўлиб, ўшаларнинг шафоатлари ҳам бирон фойда бермас, магар Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ва рози бўлган кишилар учун (шафоатга) изн берганидан кейингина (у шафоатнинг фойдаси тегур)» (Ван-нажм: 26).
«(Аллоҳ) ҳузурида фақат Унинг Ўзи изн берган кишиларгагина шафоат-оқлов фойда берур (яъни ана ўша зотларгина шафоатга эришурлар, ё ўзгаларни шафоат қила олурлар)» (Сабаъ: 23).
Шафоат ким тарафидан бўлади? Аллоҳ таоло шафоат Ўзи изн берганидан кейингина бўлишини хабар берганидек, уни фақат Ўзи рози бўлган дўстларига изн беришини ҳам хабар берди:
«Улар сўзлай олмаслар, фақат У Меҳрибон зот изн берган кишигина (сўзлар) ва (фақат) рост сўзни айтур» (Набаъ: 38).
«(У кунда) фақат Раҳмон ҳузурида аҳду-паймон олган кишиларгина шафоат қилишга эга бўлурлар» (Марям: 87).
Шафоат ким учун бўлади? Аллоҳ таоло фақат Ўзи рози бўлган кишиларнигина шафоат қилишга изн беришини хабар берди:
«Улар фақат (Аллоҳ) рози бўлган кишиларнигина шафоат қилурлар – оқлай олурлар» (Анбиё: 28).
«У кунда оқлов фойда бермас, магар Раҳмон изн берган ва сўзидан У зот рози бўлган кишигагина (фойда берур)» (Тоҳа: 109).
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло фақат тавҳид ва ихлос эгаларидангина рози бўлади, аммо бошқалар хусусида шундай дейди:
«Золим кофир кимсалар учун (у Кунда) на бир дўст ва на итоат қилинадиган (яъни шафоати қабул қилинадиган) оқловчи бўлмас» (Ғофир: 18).
«Энди бизлар учун на оқловчилар ва на бирон қадрдон дўст бордир» (Шуаро: 100, 101).
«Энди оқловчиларнинг оқлови уларга фойда бермас!» (Муддассир: 48).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шафоат ҳақидаги ҳадисларида хабар беришларича, у зот Аршнинг остига бориб сажда қиладилар ва Парвардигорларига Унинг Ўзи ўргатган ҳамду-санолар билан мақтов айтадилар, шундан сўнг то у зотга: «Бошингизни кўтаринг, сўзланг, сўзингизга қулоқ солинади, сўранг, сўровингиз берилади, шафоат қилинг, шафоатингиз қабул қилинади» дейилмагунча шафоатни бошламайдилар. (Бухорий (4712) ва Муслим (194) ривоятлари)
У зот яна хабар беришларича, тавҳид аҳлидан бўлган гуноҳкор кишиларнинг барчасини бирданига шафоат қилолмайдилар: «Менга (Раббим) маълум миқдордаги кишиларни шафоат қилишни чеклаб қўяди, мен уларни жаннатга киритаман». (Бухорий (6565) ва Муслим (193) ривоятлари) Сўнг яна қайтиб бориб, сажда қиладилар, яна бир миқдор кишиларни шафоат қилишга изн берилади...
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Ё Росулуллоҳ, қиёмат куни сизнинг шафоатингиз ила энг саодатли бўлувчи инсон ким?» деб сўраганида у зот: «Қиёмат куни менинг шафоатим ила энг саодатли бўлувчи инсон – сидқидилдан, холис: «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб айтган кишидир» деб жавоб берганлар. (Бухорий (99) ривояти)
135-савол: Шафоат неча хил бўлади, энг каттаси қайси?
Жавоб: Энг катта шафоат – Қиёмат майдонидаги улкан шафоат, яъни Аллоҳ таолога бандалари ўртасида ҳукм қилиш учун келишини сўраб воситачи бўлишдир. Бу эса пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга хос шафоатдир ва у Аллоҳ таоло у кишига ваъда қилган мақтовли мақомдир: «Шоядки, Парвардигорингиз сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (яъни, гуноҳкор умматларингизни шафоат қилиб оқлайдиган) мақомда тирилтирар» (Исро: 79).
Яъни, Қиёмат майдонида одамларнинг аҳволи ғоят танглашган, узоқ туриб қолишган, безовталиклари кучайган, қулоқларигача терга ботишган ҳолат юзага келгач, уларнинг ўрталарида тезроқ ҳукм қилишини сўраб Аллоҳга воситачи бўлишларини илтимос қилиб, аввал Одам алайҳиссаломнинг, сўнг Нуҳнинг, сўнг Иброҳимнинг, сўнг Мусонинг, сўнг Ийсонинг ёнларига келадилар. Ҳаммалари: «Жоним, жоним» (яъни, жонимни Аллоҳнинг азобидан қутқариш учун ўзим шафоатчига муҳтожман), деб жавоб беришади. Ниҳоят улар пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келадилар, у зот: «Майли, мен шафоатчи бўлай» дейдилар. (Муслим (193) ривояти)
Иккинчи: Жаннат эшигини очишни сўраб воситачи бўлиш. Биринчи бўлиб жаннат эшигини қоқадиган зот – пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам (Муслим ривояти), жаннатга биринчи бўлиб кирадиган уммат – у зотнинг умматларидир. (Бухорий ва Муслим ривоятлари)
Учинчи: Дўзахга ҳукм қилинган кишиларни дўзахга туширмасликни сўраб шафоатчи бўлиш.
Тўртинчи: Тавҳид аҳлидан дўзахга тушганларни ундан чиқаришни сўраб шафоатчи бўлиш. Улар куйиб, кўмирга айланган ҳолда дўзахдан чиқишади, сўнг ҳаёт дарёсига ташланиб, уруғ лойқа ичида униб чиққанидек униб чиқадилар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари)
Бешинчи: Жаннат аҳлидан бўлган баъзи кишиларнинг даражаларини кўтаришда шафоатчи бўлиш.
Бу учтаси пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларигагина хос эмас. Балки у зот буларда муқаддам бўлиб, ортларидан пайғамбарлар, фаришталар, валийлар ва бошқа улуғ зотлар ҳам шафоат қиладилар. Сўнг Аллоҳ таоло ҳисоби фақат Ўзигагина маълум бўлган жуда кўплаб инсонларни Ўз раҳмати билан дўзахдан озод қилиб, жаннатга киритади.
Олтинчи: Айрим кофирлардан азобни енгиллатиш ҳақидаги шафоат. Бу бизнинг пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга амакилари Абу Толиб ҳақида хос бўлган шафоатдир. (Бухорий (3883) ва Муслим (209) ривоятлари)
Бу борада саноқсиз ояту ҳадислар бор, истаган одам уларни Қуръон ва ҳадис тўпламларидан топиши мумкин.
136-савол: Қилган амаллари билан бирон кимса жаннатга кира оладими ёки дўзахдан қутулиб қоладими?
Жавоб: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «(Тўғриликка) яқинлашингиз, (амалингизни) тўғрилангиз, билингизки, сизлардан бирон киши амали билан нажот тополмайди». Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, сиз ҳамми?» деб сўрадилар. «Ҳа, мен ҳам, фақат Раббим мени Ўзининг фазлу марҳамати билан ўрасагина (нажот топишим мумкин)», дедилар.
Бир ривоятда: «(Амалингизни) тўғрилангиз, (имкон қадар тўғриликка) яқинлашингиз, (Аллоҳнинг фазлу марҳамати билан) хушхабарланингиз, зотан бирон кишини амали ҳаргиз жаннатга кирита олмайди», дедилар. «Сизни ҳамми ё Расулуллоҳ?» деб сўрадилар. «Ҳа, мени ҳам, фақат Раббим мени Ўз раҳмати билан ўраб олсагина (жаннатга кира оламан). Билингизки, амаллар ичида Аллоҳга энг суюмлиси – оз бўлса-да, давомлисидир», дедилар. (Бухорий (6464) ва Муслим (2818) ривоятлари)
137-савол: Мазкур ҳадис билан Аллоҳ таолонинг: «Уларга: «қилиб ўтган (яхши) амалларингиз сабабли сизларга мерос қилиб берилган жаннат мана шудир», деб нидо қилинур» (Аъроф: 43) ояти ўртасини қандай жамлаш мумкин?
Жавоб: Мазкур оят ва ҳадис ўртасида қарама-қаршилик йўқ. Оятдаги (ب) ҳарфи сабабият учун бўлиб, жаннатга киришлик солиҳ амаллар сабабли вужудга келиши айтилмоқда. Ҳадисдаги (ب) эса саманият (баҳо ва тўлов маъноси) учун бўлиб, банда кундузлари рўза тутиб, тунларини намоз билан ўтказиб, ҳар қандай гуноҳлардан сақланган ҳолда дунё тургунча яшаган тақдирда ҳам унинг ҳамма қилган амаллари Аллоҳнинг ошкор ва яширин неъматларининг энг кичкинаси муқобилида ўндан бирига ҳам тўғри келмайди. Шундай экан, қандай қилиб жаннатга киришга тўлов бўла олсин?!
138-савол: Қадарга умумий суратда иймон келтиришга далил борми?
Жавоб: Аллоҳ таоло деди:
«Аллоҳнинг амри иродаси тақдири азалий бўлди» (Аҳзоб: 38).
«Аллоҳ қилинадиган ишни амалга ошириш учун...» (Анфол: 42,44).
«Ва Аллоҳнинг амри иродаси қилинувчи бўлди» (Аҳзоб: 37).
«(Бирон кимсага) бирон мусибат етмас, магар Аллоҳнинг изни-иродаси билангина (етур). Ким Аллоҳга иймон келтирса, У зот унинг қалбини (тўғри йўлга) ҳидоят қилур» (Тағобун: 11).
«Икки жамоат тўқнашган куни сизларга етган мусибат Аллоҳнинг изни-иродаси билан бўлди» (Оли Имрон: 166).
«Бирор мусибат келганда: «Албатта биз Аллоҳнинг ( бандаларимиз) ва албатта биз у зотга қайтувчилармиз», дейдиган собирларга хушхабар беринг. Ана ўшаларга Парвардигорлари томонидан саловот (мағфират) ва раҳмат бордир. Ана ўшалар ҳақ йўлни топувчилардир» (Бақара: 156,157).
Ва бошқа оятлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жибрил алайҳиссалом билан қилган савол-жавобларида айтганларидек: «Қадарнинг яхшисига ҳам, ёмонига ҳам иймон келтириш». (Муслим ривояти)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Билгинки, сенга етган нарса ҳаргиз етмай қолмас эди, сенга етмаган нарса ҳаргиз етмас эди».(Термизий (2516), Аҳмад (1/293, 307, 404), Абу Яъло (2556) ва бошқалар ривоятлари)
«Сенга бирор иш етса: «Ундай қилганимда бундай бўлар эди», демагин, балки: «Аллоҳ тақдир қилибди, У истаган ишини қилади», дегин». (Муслим (2665) ривояти)
«Ҳамма нарса, ҳатто нотавонлик ва зийраклик (пухталик) ҳам қадарга боғлиқ». (Муслим (2665) ривояти)
Ва бошқа ҳадислар.
139-савол: Қадарга иймон келтириш даражалари нечта?
Жавоб: Қадарга иймон келтириш 4та даражада бўлади:
Биринчи даража: Аллоҳнинг бутун борлиқни қамраб олувчи, осмонлару ердаги заррача нарса ҳам ундан махфий қолмайдиган Илмига иймон келтириш ва Аллоҳ таоло бутун махлуқотини уларни ҳали яратмасидан туриб билган, уларнинг ризқларини, ажалларини, сўзу амалларини, барча ҳаракату саканотларини, сир-асрору ошкораларини, улардан ким аҳли жаннату, ким аҳли дўзах бўлишини билган деб қатъий ишониш.
Иккинчи даража: Юқорида айтилганлар ёзиб қўйилган эканига, Аллоҳ таоло бўлишини Ўз илми билан олдиндан билган ҳамма нарсани ёзиб қўйган эканига иймон келтириш, Лавҳ ва Қаламга иймон келтириш ҳам шунинг зимнидадир.
Учинчи даража: Аллоҳнинг сўзсиз амалга ошувчи истак-хоҳиши ва шомил-комил қудратига иймон келтириш. Бўлган ва бўлажак нарсалар жиҳатидан бу иккиси ўртасида бир-бирига боғлиқлик бор, бўлмаган ва бўлмаяжак нарсалар жиҳатидан эса ўрталарида боғлиқлик йўқдир. Демак, Аллоҳ таоло истаган нарса Унинг қудрати билан албатта амалга ошади, Аллоҳ истамаган нарса эса У бунга қодир бўлмагани учун эмас, балки У истамагани учунгина бўлмайди: «На осмонлардаги ва на ердаги бирон нарса Аллоҳдан қочиб қутулувчи эмасдир. Зотан У билим ва қудрат эгаси бўлган зотдир» (Фотир: 44).
Тўртинчи даража: Аллоҳ таоло барча нарсани яратувчидир, осмонлару ер ва улар ўртасидаги заррача нарса бўлсин, ҳаммасини яратувчиси, уларнинг ҳаракатларию саканотларини яратувчиси Аллоҳ субҳанаҳунинг ёлғиз Ўзидир, деб иймон келтириш.
140-савол: Биринчи даража – Аллоҳнинг илмига иймон келтиришга далил борми?
Жавоб: Аллоҳ таоло деди:
«У – Аллоҳ шундай зотдирки, ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. (У) ғайб ва шаҳодатни (яъни яширин ва ошкора нарсаларни) билувчидир» (Ҳашр: 22).
«Аллоҳ барча нарсани (Ўз) билими билан иҳота қилиб олганини билишларингиз учун (У зот сизларга юқорида зикр қилинган нарсалар ҳақида хабар берди)» (Талоқ: 12).
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, уларга) айтинг: «Йўқ! Ғайбни билувчи Парвардигоримга қасамки, шак-шубҳасиз у (яъни қиёмат) сизларга келур. Осмонлар ва ердаги бир зарра мисоличалик, ундан ҳам кичик (ёки) катта бирон нарса (Аллоҳ)дан маҳфий бўлмас — албатта очиқ Китобда (яъни, Аллоҳнинг азалий ёзмиши — Лавҳул-маҳфузда у) мавжуд бўлур» (Сабаъ: 3).
«Ғайб хазиналари Унинг ҳузуридадирким, уларни ёлғиз Ўзигина билур» (Анъом: 59).
«Аллоҳ пайғамбарлик вазифасини қаерга қўйишни яхшироқ билувчидир» (Анъом: 124).
«Албатта, Парвардигорингизнинг Ўзи Унинг йўлидан озган кимсаларни жуда яхши билур ва У зот ҳидоят топувчи кишиларни ҳам жуда яхши билур» (Наҳл: 125, Қалам: 7).
«Ахир шукр қилувчиларни Аллоҳ яхшироқ билувчи эмасми?!» (Анъом: 53).
«Ахир Аллоҳ барча одамларнинг дилларидаги нарсаларни жуда яхши билувчи эмасми?!» (Анкабут: 10).
«Эсланг, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Парвардигорингиз фаришталарга: «Мен Ерда (Одамни) халифа қилмоқчиман», деганида улар айтдилар: «У Ерда бузғунчилик қиладиган, қонлар тўкадиган кимсани (халифа) қиласанми? Ҳолбуки, биз ҳамду сано айтиш билан Сени улуғлаймиз ва Сенинг номингни мудом пок тутамиз». (Аллоҳ) айтди: «Мен сизлар билмаган нарсаларни биламан» (Бақара: 30).
«Сизлар ўзингиз учун яхши бўлган нарсани ёқтирмаслигингиз ва сиз учун ёмон бўлган нарсани яхши кўришингиз мумкин. Аллоҳ билур, сизлар билмассиз» (Бақара: 216).
Саҳиҳда айтилишича, бир киши: «Ё Расулуллоҳ, ким аҳли жаннат, ким аҳли дўзах экани маъруф – маълумми?» деб сўради. «Ҳа», дедилар. «Ундай бўлса, амал қилувчиларнинг амал қилишларига не ҳожат?» деб сўради. «Ҳар ким ўзи яратилган нарса – ёки ўзига муяссар бўладиган нарса – (яъни, ё жаннат ё дўзах) учун амал қилади», дедилар. (Бухорий (6596) ва Муслим (2649) ривоятлари)
Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан мушрикларнинг (вафот этган) болалари ҳақида сўралганда: «(Ҳаёт бўлишганида) нима амал қилган бўлишларини Аллоҳ яхши билувчидир», дедилар. (Бухорий (6597) ва Муслим (2659) ривоятлари)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ таоло аҳли жаннатни улар оталарининг пуштикамарларида эканидаёқ жаннат учун яратган, аҳли дўзахни улар оталарининг пуштикамарларида эканидаёқ дўзах учун яратган». (Муслим (2262) Оиша розияллоҳу анҳодан ривояти)
«Бир киши одамларнинг кўзида аҳли жаннатнинг амалини қилиб юрган бўлади, ҳолбуки у дўзах аҳлидан бўлади. Бир киши одамларнинг кўзида аҳли дўзахнинг амалини қилиб юрган бўлади, ҳолбуки у жаннат аҳлидан бўлади». (Муслим (112) ривояти)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлардан ҳар бир кишининг жаннат ва дўзахдан ўрни маълумдир», дедилар. Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, унда нега амал қиламиз, шунга суянаверсак бўлмайдими?» деб сўрадилар. «Йўқ, амал қилаверинглар, ҳар ким ўзи нима учун яратилган бўлса, ўшанга муяссар қилинади», дедилар. Сўнг қуйидаги оятларни тиловат қилдилар: «Ана энди ким (ўз мол-давлатидаги камбағал-бечораларга берилиши лозим бўлган закот ва бошқа садақотларни) ато этса ва (Аллоҳдан) қўрқса. Ҳамда гўзал оқибатни (яъни жаннат бор эканини) тасдиқ этса. Биз уни осон йўлга муяссар қиламиз. Энди ким (Аллоҳ йўлида хайр-саховат кўрсатишдан) бахиллик қилса ва (ўзини Аллоҳ ҳузуридаги ажр-мукофотлардан) беҳожат билса. Ҳамда гўзал оқибатни (яъни Аллоҳ ваъда қилган жаннатни) ёлғон деса. Биз уни (дунё ва охиратда бахтсиз бўладиган) оғир йўлга «муяссар» қилурмиз!» (Вал-лайл: 7-10). (Бухорий (6605) ва Муслим (2647) ривоятлари)
Ва бошқа ҳадислар.