Ислом Нури
Китоблар
Ақидага оид 200 савол-жавоб
Шайх Ҳофиз ибн Аҳмад оли Ҳакамий
Ислом Нури таржимаси
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
121-савол: Мезон-тарозига Қуръондан далил борми, амаллар қандай ўлчанади?
Жавоб: Аллоҳ таоло деди:
«Биз қиёмат куни учун адолатли мезон-тарозилар қўюрмиз, бирон жонга заррача зулм қилинмас. Агар хардал (ўсимлигининг) уруғидек (яхши ёки ёмон амал қилинган) бўлса, ўшани-да келтирурмиз! Биз Ўзимиз етарли ҳисоб-китоб қилувчидирмиз» (Анбиё: 47).
«(Амалларни тўғри) тортишлик ўша Куни бўлур. Бас, кимнинг тортилган (яхши амаллари) оғир келса, ана ўшалар нажот топувчилардир. Кимнинг тортилган (яхши амаллари) енгил бўлса, бас, улар (Бизнинг оятларимизни инкор қилиш билан) зулм қилиб ўтганлари сабабли ўзларига зиён қилган кимсалардир» (Аъроф: 8,9).
Аллоҳ таоло кофирлар шаънида айтади: «Улар Роббиларининг оятларини ва У зотга рўбарў бўлишни инкор қилишиб, бутун амаллари беҳуда кетган кимсалардир. Биз Қиёмат кунида улар (қилиб ўтган амаллар) учун тарози қўймаймиз! (уларнинг ҳасанотлардан холи бўлган амалларини тортмаймиз» (Каҳф: 105).
Ва бошқа оятлар.
122-савол: Бунга Суннатдан далил борми, унинг Суннатдаги сифати қандай?
Жавоб: Бу ҳақда кўп ҳадислар бор.
Жумладан: Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда икки шаҳодат калимаси битилган бир парча қоғоз ёмон амаллар битилган 99та кўз илғамас даражадаги улкан китобдан оғир келгани айтилади.[1]
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ибн Масъуд ҳақида айтдилар: «...Сизлар унинг болдирларининг нозиклигидан ажабланяпсизларми? Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, улар мезон-тарозида Уҳуддан ҳам оғирроқдир».[2]
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қасамки, қиёмат кунида йўғон, семиз одамни олиб келинади, у Аллоҳнинг олдида искабтопарнинг қанотича ҳам вазнга эга бўлмайди. (Аллоҳнинг бу оятини) ўқинглар: « Биз Қиёмат кунида улар (қилиб ўтган амаллар) учун тарози қўймаймиз! (уларнинг ҳасанотлардан холи бўлган амалларини тортмаймиз» (Каҳф: 105).[3]
Ва бошқа ҳадислар.
123-савол: Сиротга Китобдан далил борми?
Жавоб: Аллоҳ таоло деди:
«Ҳеч шак-шубҳа йўққи, Биз ўзимиз унга (жаҳаннамга) киришга лойиқроқ бўлган кимсаларни яхшироқ билувчидирмиз. Сизлардан ҳар бирингиз унга тушувчидирсиз. (Бу) Парвардигорингиз (амрига биноан) вожиб бўлган ҳукмдир. Сўнг тақводор бўлган зотларни (ундан) қутқарурмиз ва золим кимсаларни тиз чўккан ҳолларида (жаҳаннамда) қолдирурмиз» (Марям: 71,72).
«Мўмин ва мўминаларнинг олдиларида ва ўнг томонларида нурлари (яъни қилган яхши амаллари ва номаи аъмоллари йўлларини ёритиб) кетаётганини кўрадиган Кунни (эсланг)!» (Ҳадид: 12).
124-савол: Бунга Суннатдан далил борми, унинг Суннатдаги сифати қандай?
Жавоб: Бу ҳақда кўп ҳадислар бор.
Жумладан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шафоат ҳақидаги ҳадисларида: «Сирот-Кўприкни олиб келиниб, жаҳаннам устига қўйилади», дедилар. Биз: «Ё Расулуллоҳ, сирот нима?» деб сўрадик. «У оёқ тойилиб кетадиган, сирпанчиқ жой, юзасида чангаклар, қисқичлар, илмоқсимон тиканли йўғон тиканаклар бордир. Мўмин киши унинг устидан чақмоқдек, шамолдек, учқур отдек ўтади...», дедилар.[4] Абу Саид розияллоҳу анҳу: «Хабарларга кўра, сирот қилдан ингичка ва қиличдан ўткирдир», деганлар.
125-савол: Қасос олинишига Аллоҳнинг Китобидан далил борми?
Жавоб: Аллоҳ таоло деди:
«Шубҳасиз, Аллоҳ бировга бир зарра вазнича зулм қилмас. Агар заррача яхшилик бўлса, уни бир неча баробар қилур ва ўз ҳузуридан улуғ ажр ато қилур» (Нисо: 40).
«Бу Кунда ҳар бир жон ўзи қилган амали билан жазоланур. Бу Кунда (ҳеч кимга) зулм қилинмас. Албатта Аллоҳ тез ҳисоб-китоб қилувчи зотдир. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз уларни яқин Кундан (яъни Қиёматдан) огоҳлантиринг! Ўшанда улар юраклари халқумларига тиқилиб, (ўзлари) ғам-ҳасратга тўлиб турурлар. Золим кофир кимсалар учун (у Кунда) на бир дўст ва на итоат қилинадиган (яъни шафоати қабул қилинадиган) оқловчи бўлмас. (Аллоҳ) кўзларнинг хиёнатини (яъни қараш ҳаром қилинган нарсага ўғринча кўз ташлашни) ҳам, диллар яширадиган нарсаларни ҳам билади. Аллоҳ ҳақ (ҳукм) билан ҳукм қилади» (Ғофир: 17-20).
«Уларнинг (яъни барча бандаларнинг) ўрталарида (биронталарига) зулм қилинмаган ҳолда ҳақ (ҳукм) билан ҳукм қилинди» (Зумар: 69).
126-савол: Бунга Суннатдан далил борми, унинг Суннатдаги сифати қандай?
Жавоб: Бу ҳақда кўп ҳадислар бор.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Одамлар ўртасида энг аввал ҳукм (ажрим) қилинадиган нарса қонлар хусусида бўлади».[5]
«Кимнинг зиммасида биродарига нисбатан бирон зулм бўлса, бугун – биродарига унинг ҳасанотидан олиб берилишидан олдин – ундан қутулиб олсин, чунки у ёқда динор ҳам, дирҳам ҳам бўлмайди. Агар унинг ҳасаноти бўлмаса, биродарининг гуноҳларидан олиб, унинг устига ташланади».[6]
«Мўминлар дўзахдан ўтиб бўлишгач, жаннат ва дўзах ўртасидаги қантара-кўприкда тўхтатилиб, ўрталарида дунёда бўлган зулмлар учун бир-бирларига қасос олиб берилади. Тозаланиб, покланишгач, уларга жаннатга киришга изн берилади.»[7]
127-савол: Ҳавзга Китобдан далил борми?
Жавоб: Аллоҳ таоло пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга хитобан деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), албатта Биз сизга Кавсарни ато этдик» (Каввсар:1).
128-савол: Бунга Суннатдан далил борми, унинг Суннатдаги сифати қандай?
Жавоб: Бу ҳақда мутавотирлик даражасига етган кўп ҳадислар бор. Жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
«Мен сизлардан аввал ҳавз (Кавсар) олдига бориб тураман».[8]
«Мен сизлардан олдин бориб турувчидирман, мен сизларга гувоҳдирман, Аллоҳга қасамки, мен ҳозир ҳавзимга қараб турибман.»[9]
«Ҳавзим (кенглиги) бир ойлик йўлдир, суви сутдан оқ, ҳиди мушкдан-да хушбўй, идишлари самодаги юлдузлар сонича. Ундан ичган одам қайтиб ташна бўлмайди.»[10]
«(Меърожга чиққанимда) икки лаби узра ғовак марваридли чодирлар бўлган бир анҳор олдига бордим. «Бу нима, эй Жибрил?», деб сўрадим. «Бу Кавсардир», деди[11]».
Булардан ташқари яна кўп ҳадислар бор.
129-савол: Жаннат ва дўзахга иймон келтиришга далил нима?
Жавоб: Аллоҳ таоло деди:
«Кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан қўрқингки, унинг ўтини одамлар ва тошлардир. Иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларга хушхабар берингки, улар учун остларидан дарёлар оқиб турувчи боғлар бор» (Бақара: 24,25).
Бу ҳақда саноқсиз оятлар бор.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунги намозларида шундай дуо қилардилар: «Сенга ҳамд бўлсин. Сен ҳақсан. Ваъданг ҳақ, Сен билан учрашмоқ ҳақ, жаннат ҳақ, дўзах ҳақ, пайғамбарлар ҳақ, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақ, Қиёмат ҳақ...»[12]
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким: «Бир Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, У ёлғиздир, шериги йўқдир, Муҳаммад Унинг бандаси ва расулидир, Ийсо ҳам Унинг бандаси, расули, Марямга ташлаган калимаси ва Ундан бўлган руҳдир, жаннат ҳақдир, дўзах ҳақдир» деб гувоҳлик берса, Аллоҳ уни нима ишлар қилган бўлса ҳам, жаннатга киритади».[13] Бир ривоятда: «Саккиз жаннатнинг хоҳлаган дарвозасидан».
130-савол: Жаннат ва дўзахга иймон келтиришнинг маъноси нима?
Жавоб: Бунинг маъноси - уларнинг яратиб қўйилган ва ҳозирда мавжуд эканини, улар Аллоҳнинг иродаси билан боқий ва туганмас эканини ҳамда бунисининг ичидаги неъматлар ва унисининг ичидаги азобларнинг барчасини қатъий тасдиқлаш, демакдир.
[1] Аҳмад (2/213), Термизий (2639), Ибн Можа (4300) ва бошқалар ривояти.
[2] Аҳмад (1/114), Абу Яъло (1/539) ривоятлари.
[3] Бухорий (4729) ва Муслим (2785) ривоятлари.
[4] Бухорий (7434) ва Муслим (182) ривоятлари.
[5] Бухорий (6532) ва Муслим (1678) ривоятлари.
[6] Бухорий (2449) ривояти.
[7] Бухорий (2440) ривояти.
[8] Бухорий (6575) ва Муслим (2297) ривоятлари.
[9] Бухорий (6590) ва Муслим (2296) ривоятлари.
[10] Бухорий (6579) ва Муслим (2292) ривоятлари.
[11] Бухорий (6581) ривояти.
[12] Бухорий ривояти.
[13] Бухорий (3435) ва Муслим (28) ривоятлари.