Ислом Нури
Китоблар
Ақидага оид 200 савол-жавоб
Шайх Ҳофиз ибн Аҳмад оли Ҳакамий
Ислом Нури таржимаси
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
111-савол: Қайта тирилишни ёлғон деган одамнинг ҳукми нима?
Жавоб: Ундай одам Аллоҳни, Унинг китобларини ва пайғамбарларини инкор қилган кофир ҳисобланади.
Аллоҳ таоло деди:
«Кофир бўлган кимсалар дедилар: «Ўзимиз ҳам ота-боболаримиз ҳам тупроққа айланиб кетган вақтимизда (қайта тирилтирилиб, қабрларимиздан) чиқариламизми?! Дарҳақиқат бизларнинг ўзимизга ҳам, илгари ота-боболаримизга ҳам мана шу ваъда қилингандир. Бу фақат ўтганларнинг афсоналаридир» (Намл: 67).
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), агар (бирон нарсадан) ажаблансангиз, у ҳолда уларнинг (кофирларнинг): «Тупроқ бўлиб кетгач, бизлар яна янгитдан яратиламизми?» деган гаплари ажабланарлидир. Улар Парвардигорларига кофир бўлган кимсалардир. (Қиёмат Кунида) уларнинг бўйинларида кишанлар бўлур. Улар дўзах эгалари бўлиб, ўша жойда абадий қолурлар» (Раъд: 5).
«Кофир бўлган кимсалар ўзларининг ҳеч қачон қайта тирилмасликларини гумон-даъво қилдилар. (Эй Муҳаммад, уларга) айтинг: Йўқ! Парвардигоримга қасамки, албатта қайта тириласизлар, сўнгра албатта сизларга қилган амалларингизнинг хабари берилади. Бу Аллоҳга осондир» (Тағобун: 7).
Ва бошқа оятлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ таоло деди: Одамзот мени ёлғончи қилди, у бунга ҳақли эмас эди, мени ҳақоратлади, унинг бунга ҳаққи йўқ эди. Мени ёлғончи қилиши шуки, у: «Аллоҳ мени биринчи бор яратганидек ҳолимга қайтаролмайди», деди. Ҳолбуки, биринчи бор яратиш Менга қайта яратишдан кўра енгил эмасдир. Мени ҳақорат қилиши шуки, «Аллоҳнинг фарзанди бор» деди. Ҳолбуки, Мен ягона, беҳожат, туғмаган ва туғилмаган, ҳеч ким Менга баробар келолмайдиган Зотман».[1]
112-савол: Сур чалинишига далил борми, у неча марта чалинади?
Жавоб: Аллоҳ таоло деди:
«Сур чалинди-ю, осмонлар ва ердаги бор жонзот ўлди, магар Аллоҳ хоҳлаган зотларгина (тирик қолдилар). Сўнгра у иккинчи бор чалинди-да, баногоҳ улар (яъни барча халойиқ қайта тирилди, қабрларидан) туриб, (Аллоҳнинг амрига) кўз тутарлар» (Зумар: 68).
Мазкур оятда сур икки бор – биринчиси барча жонзотнинг жонини олишга, иккинчиси қайта тирилтириш учун чалинишига далил бор.
«Сур чалиниб, Аллоҳ Ўзи хохлаган зотлардан бошқа осмонлардаги ва ердаги (барча) кимсалар даҳшатга тушиб қолган ва барча У зот (ҳузурига) бўйин эгган ҳолда келган кунни эсланг» (Намл: 87).
Баъзилар бу оятдаги даҳшатни ҳалокат маъносида тафсир қилганлар, унда бу Зумар сурасида зикр қилинган биринчи чалиниш бўлади. Буни қуйидаги ҳадис ҳам қувватлайди:
«Сўнг сур чалинади, уни эшитган одам борки, бўйнини эгганича ва (ё) бўйнини чўзганича (қолади), уни биринчи бўлиб эшитган одам туяларининг ҳовузини суваётган киши бўлади, шунда у беҳуш бўлади, бошқалар ҳам беҳуш бўлади. Сўнгра Аллоҳ таоло майдалаб ёмғир ёғдиради, ундан одамларнинг жасадлари униб (тирилиб) чиқади. Сўнг яна бир бор сур чалинади, шунда улар туриб атрофга қарай бошлайдилар».[2]
Бошқа баъзилар эса даҳшатни ҳалокатдан бошқа маънода тафсир қилишган. Унда бу сурнинг аввалги икки мартадан кейин учинчи бор чалиниши бўлади. Буни сур ҳақидаги узун ҳадис[3] ҳам қувватлайди, унда сурнинг уч бор чалиниши зикр қилинган: даҳшатга солган чалиниш, ҳалок қилган чалиниш ва оламлар парвардигори ҳузурида туриш учун чалиниш.
113-савол: Маҳшарга йиғилиш Қуръонда қандай сифатланган?
Жавоб: Унинг сифати ҳақида оятлар кўп:
«Мана, Бизнинг ҳузуримизга сизларни аввал-бошда қандай яратган бўлсак, шундай ёлғиз ҳолда келдингиз» (Анъом: 94).
«Биз тоғларни (булутлар янглиғ) юргизадиган ва сиз (барчангиз) Ерни очиқ-яланғоч (тоғ-тошларсиз, боғ-роғларсиз) кўрадиган Кунни (яъни, Қиёматни эслангиз)! (У Кунда) Биз улардан биронтасини қўймай йиғдик» (Каҳф: 47).
«Биз тақводор зотларни отлиқ ҳолларида Раҳмон даргоҳига тўплайдиган ва жиноятчи-кофирларни жаҳаннамга тушишлари учун ҳайдайдиган кунни (эсланг)!» (Марям: 85, 86).
«Ер (қаттиқ) ларзага келган, тоғлар титилиб, чанг-тўзонга айланган ва сизлар уч синф-тоифа бўлиб қолган чоғда (Қиёмат кофирларни дўзахга дучор этиш билан) паст қилувчи, (мўминларни эса жаннатга киритиш билан) баланд қилувчидир. Бас, (у уч тоифадан биринчиси) ўнг томон эгаларидир. Ўнг томон эгалари (бўлмоқ) не (саодат)дир! (Иккинчи тоифа) сўл-чап томон эгаларидир. Сўл-чап томон эгалари (бўлмоқ) не (бахтсизлик)дир! (Учинчи тоифа бўлмиш барча яхши амалларга) пешқадам бўлувчи зотлар (жаннат неъматларига эришишида ҳам) пешқадам бўлувчи зотлардир!» (Воқеа: 3-10).
«У кунда (одамлар маҳшаргоҳга) чорловчи (фариштага) эгилмай-бурилмай эргашурлар - итоат қилурлар. Овозлар ҳам Раҳмонга таъзим қилур, бас фақат пичирлашнигина эшитурсиз» (Тоҳа: 108).
«Аллоҳ кимни ҳидоят қилса, бас, ўша ҳидоят топувчидир. У зот кимни йўлдан оздирса, бас, улар учун Ундан ўзга дўст мададкорларни топа олмассиз, уларни Қиёмат кунида юзтубан ҳолларида кўр, соқов, кар қилиб тирилтирурмиз» (Исро: 97)
Ва бошқа оятлар ҳам кўп.
114-савол: Маҳшарга йиғилиш Суннатда қандай сифатланган?
Жавоб: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
«Одамлар уч гуруҳ бўлиб йиғиладилар: рағбат (яхши амаллари боис яхшиликка етишни умид қилувчи) ва раҳбат (ёмон амаллари боис азоб етишидан қўрқувчи) қилувчилар; бир туяга икки киши, уч киши, тўрт киши, ўн киши минган ҳолда; қолганларини эса ўт жамлайди, ўт улар билан ётган жойларида ҳам, турган жойларида ҳам, юрган жойларида ҳам бирга бўлади».[4]
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши: «Ё Расулуллоҳ, кофир қандай қилиб юзтубан ҳолида маҳшарга келади?» деб сўради. «Дунёда икки оёғида юргизиб қўйган зот қиёмат куни юзтубан юргизишга қодир эмасми?!» дедилар.[5]
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизлар ялангоёқ, яланғоч, хатна қилинмаган ҳолда маҳшарга йиғиласизлар: «Мана, Бизнинг ҳузуримизга сизларни аввал-бошда қандай яратган бўлсак, шундай ёлғиз ҳолда келдингиз» (Анъом: 94). Қиёмат куни халойиқлар ичида энг биринчи кийинтириладигани Иброҳим алайҳиссалом бўлади».[6]
Оиша розияллоҳу анҳо шу хусусда: «Ё Расулуллоҳ, эркак ва аёллар бир-бирларига қарайдиларми?» деб сўраганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аҳволнинг оғирлигидан бу нарсага аҳамият бериш уларнинг хаёлига ҳам келмайди», деб жавоб бердилар.[7]
115-савол: Маҳшаргоҳда туриш Қуръонда қандай сифатланган?
Жавоб: Аллоҳ таоло деди:
«Сиз ҳаргиз: «Аллоҳ золим кимсаларнинг қилаётган амалларидан ғофил», деб ўйламанг! Фақат Аллоҳ уларни(нг жазоларини) кўзлар (даҳшатдан) қотиб қоладиган (қўрқинчли Қиёмат) Кунига қолдирмоқда, холос. (У Куни) улар бошларини (осмонга) кўтарган ҳолларида (чорланган томонга ҳисоб-китоб учун) чопурлар. Кўзлари ўзларига қайтмайди (яъни, қўрқувдан қотиб қолиб, ўзларининг қандай ҳолда эканликларини ҳам кўрмайдилар). Диллари (даҳшатдан) бўм-бўш бўлиб қолур» (Иброҳим: 42, 43).
«Руҳ (Жаброил) ва (барча) фаришталар саф тортиб турадиган Кунда улар (инсонлар) У зотдан (Аллоҳдан) қўрқиб бирон сўз айтишга қодир бўлмаслар. Улар сўзлай олмаслар, фақат У Меҳрибон зот изн берган кишигина (сўзлар) ва (фақат) рост сўзни айтур» (Набаъ: 38).
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз уларни яқин Кундан (яъни Қиёматдан) огоҳлантиринг! Ўшанда улар юраклари халқумларига тиқилиб, (ўзлари) ғам-ҳасратга тўлиб турадилар. Золим кофир кимсалар учун (у Кунда) на бир дўст ва на итоат қилинадиган (яъни шафоати қабул қилинадиган) оқловчи бўлмас» (Ғофир: 18).
«Фаришталар ва Руҳ (яъни Жаброил) миқдори-узунлиги эллик минг йил бўлган бир Кунда (яъни Қиёмат Кунида) У зотнинг ҳузурига кўтарилурлар» (Маориж: 4).
«Яқинда (Қиёмат қойим бўлган Кунда) сизлар(ни ҳисоб-китоб қилиш) учун фориғ бўлажакмиз, эй инсу жинлар!» (Раҳмон: 31).
Бундан бошқа ҳам кўп оятлар бор.
116-савол: Маҳшаргоҳда туриш Суннатда қандай сифатланган?
Жавоб: Бу ҳақда кўп ҳадислар бор. Жумладан:
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Барча одамлар бутун оламлар Парвардигори ҳузурида тик туриб (ҳисоб-китоб берадиган Қиёмат) Кунида» (Мутоффифун: 6) ояти ҳақида: «Улардан баъзи бирлари қулоқларининг ярмигача терига ботиб туради», дедилар.[8]
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қиёмат кунида одамлар терга ботадилар, ҳатто терлари ерда етмиш газга етади ва уларни то қулоқларигача қоплаб олади.»[9]
117-савол: Ҳисобга кўндаланг қилиниш ва ҳисоб-китоб қилиниш Қуръонда қандай сифатланган?
Жавоб: Аллоҳ таоло деди:
«Ўша Кунда сизлар (ҳисоб-китоб учун Аллоҳга) кўндаланг қилинурсизлар — сизларнинг бирон сирингиз махфий қолмас» (Ал-Ҳааққа: 18).
«Улар саф тортган ҳолларида Парвардигорингизга рўбарў қилиндилар (ва Биз уларга айтдик): «Мана, сизларни аввал-бошда қандай яратган бўлсак, шундай ҳолда (яъни, мол-дунё, бола-чақаларингизни тарк қилиб, яланғоч ҳолингизда) ҳузуримизга келдингиз» (Каҳф: 18).
«Биз ҳар бир миллат (дин аҳли)дан бир гуруҳ Бизнинг оятларимизни ёлғон дейдиган кимсаларни тўплаб, улар тизилиб турадиган кунни (эсланг). Энди қачон улар (ҳисоб-китоб қилинадиган жойга) келишгач, (Аллоҳ) айтди: «Сизлар аниқ-пухта билмаган ҳолингизда Менинг оятларимни ёлғон дедингизми?! Бўлмаса нима қилувчи бўлдингизлар?!» Золим-кофир бўлганлари сабабли уларнинг устига сўз — азоб тушди. Бас улар (бирон сўз) сўзлай олмаслар» (Намл: 83-85).
«Ўша Кунда одамлар, уларга (қилиб ўтган амаллари)нинг жазо ёки мукофотлари кўрсатилиши учун тўда-тўда бўлиб чиқиб келурлар! Бас, ким (ҳаёти-дунёдалик пайтида) зарра мисқоличалик яхшилик қилса (Қиёмат Кунида) ўшани кўрур. Ким зарра мисқоличалик ёмонлик қилса уни ҳам кўрур!» (Залзала: 6-8).
«Парвардигорингиз номига қасамки, албатта, уларнинг барчасидан қилиб ўтган иш — амаллари ҳақида сўраймиз» (Ҳижр: 92,93).
«(Аммо то Менинг фармоним бўлмагунча) уларни тўхтатиб (дўзахга ташламай) туринглар! Чунки улар (аввал ҳаёти дунёда қилиб ўтган куфру исёнлари тўғрисида) сўралувчидирлар» (Соффат: 24).
118-савол: Мазкур ҳолат Суннатда қандай сифатланган?
Жавоб: Бу ҳақда кўп ҳадислар бор. Жумладан:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким комил ҳисоб қилинса, албатта азобга тортилади», дедилар. Шунда Оиша розияллоҳу анҳо: «Аллоҳ таоло: «Бас,, у осон ҳисоб билан ҳисоб-китоб қилинажак» (Иншиқоқ: 8) демаганми?!» деганларида: «Бу (унинг амалларининг бир қатор) кўндаланг қилинишидир, холос», дедилар.[10]
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қиёмат куни кофирни олиб келиниб, унга: «Нима дейсан, агар ер юзи тўла тилла сеники бўлса, азобдан қутилиш учун шунинг ҳаммасини берган бўлармидинг?», дейилади. У: «Ҳа», дейди. Шунда унга: «Сендан бундан анча оз нарса сўралган эди», бир ривоятда: «Мен сендан Одамнинг пуштикамарида экан пайтингда бундан анча енгил нарсани – Менга ширк келтирмасликни сўраган эдим, сен ширкдан бошқасига кўнмадинг», дейилади.»[11]
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизларнинг ҳар бирингиз билан Парвардигори ўртада таржимон бўлмаган ҳолда албатта сўзлашади. Шунда у ўнг томонига қараб, ўзи қилган амаллардан бошқа нарсани кўрмайди. Чап томонига қараб, ўзи қилган амаллардан бошқа нарсани кўрмайди. Олди томонига қараса, рўпарасида дўзахдан бошқа нарсани кўрмайди. Шундай экан, яримта хурмо билан бўлса-да, бир оғиз ширин сўз билан бўлса-да, дўзахдан сақланинглар!»[12]
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизлардан – яъни, мўминлардан – бирингиз Раббига яқин келади, ҳатто У зот унинг устига пардасини ташлайди, сўнг: «Шундай-шундай (гуноҳларни) қилганмисан?», дейди. У: «Ҳа», дейди. Яна: «Шундай-шундай (гуноҳларни) ҳам қилганмисан?», дейди. У: «Ҳа», дейди. Иқрор қилдиргач, сўнг: «Мен дунёда бу ишларингни яширган эдим, энди бугун ҳам уларни мағфират қиламан», дейди».[13]
119-савол: Амал саҳифалари (номаи аъмол)нинг тарқатилиши Қуръонда қандай сифатланган?
Жавоб: Аллоҳ таоло деди:
«Биз ҳар бир инсоннинг амалини бўйнига илиб қўйгандирмиз (яъни, унинг қилган ҳар бир амали икки дунёда унга ажралмас ҳамроҳ бўлур). Биз Қиёмат куни унга очиқ ҳолда рўбарў бўладиган бир китобни (яъни, номаи аъмолини) чиқариб кўрсатурмиз. (Ва унга дейилур): «Номаи аъмолингни ўқи! Бугун ўзинг ўзингга қарши етарли ҳисобчидирсан» (Исро: 13,14).
«(Номаи аъмол) саҳифалари очилганида» (Таквир: 10).
«(Сўнг ҳар бир кишининг) номаи аъмоли ўртага қўйилур. Бас, гуноҳкорларнинг унда (битилган) нарсалардан даҳшатга тушиб: «Бизларга ҳалокат бўлғай, бу қандоқ китобки, на кичик ва на катта (гуноҳни) қолдирмай, барчасини ҳисоблаб-битиб қўйибди», дейишларини кўрурсиз. Улар қилиб ўтган барча амалларини ҳозиру нозир ҳолда топурлар. Парвардигорингиз ҳеч кимга зулм қилмас» (Каҳф: 49).
«Бас, энди ўз китоби — номаи аъмоли ўнг қўлидан берилган кишига келсак, бас, у дер: «Мана менинг китобимни ўқинглар» оятидан то «Уни фақат (йўлдан) адашган (кофир)ларгина ерлар!» оятигача (Ал-Ҳааққа: 19-37).
«Ана энди кимнинг номаи аъмоли ўнг томонидан берилса. Бас, у осон ҳисоб билан ҳисоб-китоб қилинажак. Ва ўз(ининг жаннатдаги) аҳли-оиласига шоду ҳуррам ҳолда қайтажак. Энди кимнинг номаи аъмоли орқа томонидан берилса. Бас, у (ўзига) ўлим (ва ҳалокат)ни тилаб дуо қилиб қолажак. Ва дўзахга киражак!» (Иншиқоқ: 7-10).
120-савол: Бунга Суннатдан далил борми?
Жавоб: Бу ҳақда кўп ҳадислар бор. Жумладан:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мўминни Раббига яқин келтирилади, ҳатто У зот унинг устига пардасини ташлайди, сўнг уни гуноҳларига иқрор қилдиради: «Фалон-фалон гуноҳни эътироф этасанми?» У: «Эътироф этаман эй Раббим, эътироф этаман», дейди. Шунда: «Дунёда буларни яширган эдим, энди бугун ҳам уларни мағфират этаман», дейди. Сўнг яхши амалларининг саҳифаси ёпилади (берилади). Аммо бошқаларга – ёки кофирларга – барча гувоҳлар олдида шундай нидо қилинади: «Мана шулар Парвардигорлари шаънига ёлғон сўзларни сўзлаганлар» (Ҳуд: 18).[14]
Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: Мен: «Ё Расулуллоҳ, қиёмат куни ҳабиб ҳабибини эсга оладими?» деб сўрадим. «Эй Оиша, учта ҳолат устида (биров бировни) эсга олмайди: амаллар тарозида тортилиш пайтида, то оғир ё енгиллиги маълум бўлгунича; номаи аъмоллар берилиш пайтида, улар ё ўнг томондан берилади, ё чап томондан берилади; дўзахнинг бўйни (алангаси кўтарилиб) чиққанда...»[15]
[1] Бухорий (4974) ривояти.
[2] Муслим (2940) ривояти.
[3] Табароний, «Кабир»: (25/36ҳ, 266с).
[4] Бухорий (6522) ва Муслим (2861) ривоятлари.
[5] Бухорий (4760, 6523) ва Муслим (2806) ривоятлари.
[6] Бухорий (3349) ва Муслим (2860) Ибн Аббосдан ривоят қилганлар.
[7] Муслим (2859) ривояти.
[8] Бухорий (4938) ва Муслим (2862) ривоятлари.
[9] Бухорий (6532) ва Муслим (2863) ривоятлари.
[10] Бухорий (4939) ва Муслим (2876) ривоятлари.
[11] Бухорий (3334) ва Муслим (2805) ривоятлари.
[12] Бухорий (1413) ва Муслим (1016) ривоятлари.
[13] Бухорий (6070) ва Муслим (2768) ривоятлари.
[14] Бухорий ривояти.
[15] Аҳмад, Абу Довуд, Ҳоким ривоятлари.