Ислом Нури

 

Китоблар

 

Ақидага оид 200 савол-жавоб

 Шайх Ҳофиз ибн Аҳмад оли Ҳакамий

Ислом Нури таржимаси

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

 

101-савол: Қуръоннинг мўъжиза эканига далил нима?

Жавоб: Бунга далил – йигирма йилдан зиёдроқ вақт ичида фасоҳату балоғатнинг чўққисида бўлган, гапга ғоят моҳир, сўз устаси бўлган халққа: «У ҳолда агар ростгўй бўлсалар ўзлари ҳам ўша (Қуръон)га ўхшаш бирон сўз китоб келтирсинлар-чи?!» (Тур: 34);

«Ёки: «Уни (яъни, Қуръонни Муҳаммад) тўқиб чиқарган», дейдиларми? Айтинг: «У ҳолда, агар ростгўй бўлсангизлар, Аллоҳдан ўзга кучингиз етган барча бутларни (ёрдамга) чорлаб шунга ўхшаш ўнтагина «тўқилган» сура келтирингиз!» (Ҳуд: 13);

«Ёки: «Уни (Муҳаммад) тўқиб чиқарган», дейдиларми?! Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «У ҳолда агар ростгўй бўлсангизлар, Аллоҳдан ўзга кучингиз етган барча бутларни (ёрдамга) чорлаб шу (Қуръон)га ўхшаш биргина сура келтирингизлар!»» (Юнус: 38) деган сўзлар билан таҳаддий қилувчи оятлар нозил бўлиб турган бўлса-да, улар Қуръонга қарши бор кучлари билан курашишларига, уни обрўсизлантиришга бўлган ҳар қандай имкониятни қўлдан чиқармасликларига қарамай, бу нарса қўлларидан келмади. Ҳолбуки, Қуръоннинг ҳарфлари улар истеъмол қилаётган ҳарфларнинг, калималари эса улар ўзаро сўзлашувда ишлатаётган, гапдонликда бир-бирлари билан мусобақалашаётган калималарнинг айни ўзи эди. Қуръон уларнинг ожизликларини, ўзининг мўъжизакор Калом эканини баён қилиб, уларга шундай хитоб қилди: «Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Қасамки, агар бор инсу жин мана шу Қуръонни ўхшашини келтириш йўлида бирлашиб, бир-бирларига ёрдамчи бўлсалар-да, унинг ўхшашини келтира олмаслар» (Исро: 88).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«Ўтган ҳар бир пайғамбарга уни кўрган одамлар албатта иймон келтирадиган мўъжизалар берилган. Менга берилган мўъжиза эса Аллоҳ менга ваҳий қилган ваҳий (яъни Қуръон)дир. Мен Қиёмат кунида пайғамбарлар ичида эргашувчиси энг кўпи бўлишни умид қиламан».[1]

Қуръоннинг лафзлари ва маънолари жиҳатидан бўлган мўъжизакорлиги, унинг ўтмиш ва келажакка оид ғайб хабарларини ўз ичига олганлиги ҳақида кўплаб китоблар тасниф қилинган. Бироқ бу асарлар унинг мўъжизаларини ёритиш борасида денгиздан бир томчи, холос.

102-савол: Охират кунига иймон келтиришга далил нима?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«Албатта, Бизга рўбарў бўлишни умид қилмайдиган, ҳаёти дунёнинг ўзигагина рози бўлиб, фақат ўша билан хотирлари жам бўлган кимсалар ҳамда Бизнинг оятларимиздан ғофил қолган кимсалар — ана ўшаларнинг жойлари, касб қилиб ўтган гуноҳлари сабабли — дўзахдир» (Юнус: 7, 8).

«...сизларга ваъда қилинаётган нарса (қайта тирилиш) шак-шубҳасиз ҳаққи-ростдир! Ва албатта (Қиёмат Кунида ҳисоб-китоб қилинганидан кейин) жазо-мукофот воқеъ бўлувчидир» (Ваз-зариёт: 5, 6).

«Албатта (Қиёмат) Cоати келувчидир. У ҳақда шак-шубҳа йўқдир» (Ғофир: 59).

Ва бошқа оятлар.

 

103-савол: Охират кунига иймон келтириш маъноси нима ва унинг ичига нималар киради?

Жавоб: Унинг шак-шубҳасиз келишига қатъий ишониш ва шунинг тақозосига кўра амал қилиш, демакдир. Унинг ичига: қиёматдан аввал унинг албатта зоҳир бўлувчи шартлари ва аломатларига иймон келтириш, ўлимга ва қабр фитнасига, қабрдаги азоб ва неъматларга, сур чалинишига, халойиқларнинг қабрларидан тирилиб чиқишларига, қиёмат майдонидаги даҳшат ва қўрқинчларга, маҳшаргоҳ тафсилотига, саҳифаларнинг тарқатилишига, тарозилар ўрнатилишига, сиротга, ҳавзи кавсарга, шафоатга, жаннат ва ундаги неъматларга – ва ундаги энг олий неъмат бўлмиш Аллоҳнинг жамолини кўришга, – дўзах ва ундаги азобларга – ва энг оғир азоб бўлмиш Раббиларининг жамолидан тўсилишга – иймон келтириш киради.

 

104-савол: Қиёмат қачон қоим бўлиши маълумми?

Жавоб: Қиёматнинг келиши Аллоҳ таолонинг Ўзигагина маълум бўлган ғайб ишларидандир:

«Дарҳақиқат, ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридагина (қиёмат) соати (қачон бўлиши тўғрисидаги) билим бордир. У (Ўзи хохлаган вақтда, Ўзи хохлаган жойга) ёмғир ёғдирур ва (оналарнинг) бачадонларидаги ҳомилаларини (ўғилми-қизми, расоми-нуқсонлими, бахтлими-бахтсизми эканини) билур. Бирон жон эртага нима иш қилишини била олмас. Бирон жон қай ерда ўлишини ҳам била олмас. Фақат Аллоҳгина билувчи ва огоҳдир» (Луқмон: 34).

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиздан Соат (яъни Қиёмат) қачон воқе бўлади, деб сўрайдилар. Айтинг: «Унинг билими фақатгина Парвардигорим даргоҳидадир. Вақти-соати келганида ҳам фақат Ўзи ошкор қилур. У (яъни Қиёмат) Самовот ва Ер учун жуда оғир (даҳшатли) бир ишдир. У сизларга фақат тўсатдан кутилмаганда келур» (Аъроф: 187).

«(Эй Муҳаммад, мушриклар) сиздан (Қиёмат) Соатини қачон воқе бўлиши ҳақида сўрарлар. Сиз қаердасиз-у, уни (яъни Қиёмат қачон бўлишини) зикр қилиб-эслаш (қаерда) ? (Яъни сиз ҳеч қачон у Куннинг вақтини айтиб бера олмайсиз). Уни (билиш) ёлғиз Парвардигорингизга бориб тўхтар» (Ван-назиот: 42-44).

Жибрил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Менга қиёмат ҳақида хабар беринг» деганларида у зот: «Бу ҳақда сўралувчи сўровчидан кўра билувчироқ эмас» деб жавоб бердилар ва унинг аломатларини сўзладилар, бир ривоятда: «Беш нарса борки, уларни Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмас» деб, юқоридаги оятни ўқидилар.

 

105-савол: Қиёмат аломатларига Қуръондан мисоллар борми?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«Улар фақат ўлим фаришталари келишини ё Роббингизнинг (бирон азоби) келишини, ёки Роббингизнинг оятларидан - Қиёмат аломатларидан айримлари келишини кутмоқдалар, холос. Роббингизнинг айрим оятлари келадиган кунда эса илгари иймон келтирмаган ёки иймонида яхшилик касб қилмаган бирон жонга (энди келтирган) иймони фойда бермас. Айтинг: «Кутаверинглар! Биз ҳам кутувчилармиз!» (Анъом: 158).

«Қачон (кофирларнинг) устига сўз-азоб тушганида (яъни қиёмат яқинлашиб қолганида), Биз улар учун ердан бир жонивор чиқарурмиз. У уларга одамлар Бизнинг оятларимизга ишонмайдиган бўлиб қолганлари ҳақида сўзлар» (Намл: 2).

«То Яъжуж ва Маъжуж (тўсиғи) очилиб, улар ҳар бир тепаликдан оқиб келадиган ва Ҳақ ваъда (яъни қиёмат) яқин бўладиган вақтгача улар (яъни Биз ҳалок қилган кимсалар) қайтмайдилар» (Анбиё: 96, 97).

«Бас, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз осмон очиқ, (яъни барчага кўринадиган) тутунни келтирадиган Кунга кўз тутинг!» (Духон: 10).

«Эй инсонлар, Парвардигорингиздан қўрқингиз! Зеро (қиёмат) соати (олдидаги) зилзила улуғ-даҳшатли нарсадир» (Ҳаж: 1).

Ва бошқа оятлар.

 

106-савол: Қиёмат аломатларига ҳадисдан ҳам мисоллар борми?

Жавоб: Қуёшнинг кунботар томондан чиқиши ҳақидаги ҳадислар, добба (қиёматга яқин Аллоҳ ердан чиқарадиган жонивор) ҳақидаги ҳадислар, дажжол ва қон тўкишлар каби фитналар ҳақидаги ҳадислар, Ийсо алайҳиссаломнинг тушиши ҳақидаги ҳадислар, Яъжуж ва Маъжужнинг чиқиши ҳақидаги ҳадислар, тутун ҳақидаги ҳадислар, ҳар бир иймонли кишининг жонини олиб кетадиган шамол ҳақидаги ҳадислар, ўт чиқиши ҳақидаги ҳадислар, ер ютиши ҳақидаги ва бундан бошқа ҳадислар бунга мисол бўлади.[2]

 

107-савол: Ўлимга иймон келтиришга далил нима?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: Сизларга вакил қилинган ўлим фариштаси жонларингизни олур, сўнгра Парвардигорингизга қайтарилурсизлар» (Сажда: 11).

«Ҳар бир жон ўлимни тотувчидир. Ва Қиёмат Кунида ҳеч шак-шубҳасиз ажр-савобларингизни комил суратда олурсиз» (Оли Имрон: 185).

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ҳеч шак-шубҳасиз, сиз ҳам ўлувчидирсиз, улар хам ўлувчидирлар» (Зумар: 30).

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сиздан аввал ҳам бирон одамзодга абадий ҳаёт берган эмасмиз. Бас, агар сиз ўлсангиз, улар абадий қолурларми?!» (Анбиё: 34).

«(Ер) юзидаги барча жонзот фонийдир. Буюклик ва карам соҳиби бўлган Пар­вардигорингизнинг юзи - Ўзигина боқий мангу қолур» (Раҳмон: 26, 27).

«Барча нарса ҳалок бўлувчидир, магар Унинг Ўзигина (мангудир)» (Қасас: 88).

«Ва ўлмайдиган тирик Зотга таваккул қилинг» (Фурқон: 58).

Ва бошқа оятлар.

Бу ҳақда сон-саноқсиз ҳадислар ҳам мавжуд.

Ўлим - ҳеч кимга махфий бўлмайдиган даражада очиқ-ойдин кўриниб турган иш, бунда бирон шак-шубҳа ҳам, тараддуд ҳам бўлиши мумкин эмас. Бироқ, қайсарлик ва такаббурлик (билан ҳақиқатдан кўз юмилади). Фақат Аллоҳнинг мухлис бандаларигина ўлим ва ундан кейин келувчи ҳодисаларга бўлган иймоннинг тақозосидан келиб чиқиб амал қиладилар. Биз ишонамизки, ҳар бир ўлган ё ўлдирилган одам, бунинг сабаби қандай бўлишидан қатъий назар, ажали билан ўлган ва бирон нарса унинг ажалини қисқартиролмайди.

Аллоҳ таоло деди:

«Уларнинг ҳар бири муайян муддатгача сайр қилаверар» (Раъд: 2, Фотир: 13, Зумар: 5).

«Бас, қачон уларга ажаллари келса, уни бирон соатга кетга ҳам, илгарига ҳам сура олмайдилар» (Аъроф: 34).

 

108-савол: Қабрдаги фитна, ундаги неъмат ёки азоблар ҳақида Қуръондан далил борми?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«Шояд, мен қолган умримда яхши амал қилсам», деб қолур. Йўқ! (У асло ҳаётга қайтарилмас). Дарҳақиқат бу (ҳар бир жон бераётган кофир) айтадиган сўздир. Уларнинг ортида то қайта тириладиган кунларигача (дунёга қайтишларидан тўсиб турадиган) бир тўсиқ бўлур» (Муъминун: 100).

«Фиръавн хонадонини ёмон азоб ўраб олди. (У азоб бир) оловдирки, улар эртаю кеч ўшанга кўндаланг қилиниб (куйдирилурлар). (Қиёмат) Соати қойим бўладиган Кунда эса (дўзах фаришталарига): «Фиръ­авн хонадонини энг қаттиқ азобга киритинглар», (дейилур)» (Ғофир: 45, 46).

«Аллоҳ иймон келтирган кишиларни ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам устивор Сўз (иймон калимаси) билан собитқадам қилур» (Иброҳим: 27).

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), бу золимларни ўлим гирдобида қолган, ўлим фаришталари қўлларини чўзиб: «Жонларингизни чиқари (б бери)нгиз! Бу Кун - Аллоҳ шаънига ноҳақ гапларни айтганингиз ва Унинг оятларидан юз ўгириб кибру ҳаво қилганингиз сабабли хорлик азоби билан жазоланадиган Кунингиздир», деб турган пайтда бир кўрсангиз эди» (Анъом: 93).

«Уларни икки бор (яъни, ҳаётлик пайтларида қатл қилиш ё асир олиш билан, ўлганларидан кейин қабр азоби билан) азоблаймиз. Сўнгра (қиёмат кунида) улуғ азобга қайтарилурлар» (Тавба: 101).

Ва бошқа оятлар.

 

109-савол: Бунга Суннатдан ҳам далил борми?

Жавоб: Бу ҳақда келган саҳиҳ ҳадислар мутавотирлик даражасига етган:

Жумладан, Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Банда қабрига қўйилиб, биродарлари ортга йўл олган ва ҳали оёқ товушлари эшитилиб турган бир вақтда унинг олдига иккита фаришта келади, уни ўтиргизиб: «Бу киши – яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам – ҳақида қандай эътиқодда эдинг?» деб сўрайдилар. Мўмин банда айтадики: «Мен уни Аллоҳнинг бандаси ва Расули деб гувоҳлик бераман». Шунда (фаришталар) унга айтади: «Дўзахдан бўлган ўрнингга қара, уни Аллоҳ сенга жаннатдан бўлган бир ўринга алмаштирди», у ҳар икки ўрнини кўради. Аммо мунофиқ ва кофир банда унга: «Бу киши ҳақида нима дер эдинг?» дейилганда: «Билмайман. Одамлар нима деса, шуни айтардим» дейди. Унга: «(Ҳақни) билмадинг, (билишга) қодир ҳам бўлмадинг» дейилади ва темир гурзилар билан шундай уриладики, оҳу фарёдларини атрофдаги инсу жиндан бошқа ҳамма эшитади.»[3]

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизлардан бирингиз вафот этса (борадиган) жойи унга эртаю кеч рўпара қилинади. Жаннат аҳлидан бўлса жаннат аҳли(нинг жойи)дан, дўзах аҳлидан бўлса дўзах аҳли(нинг жойи)дан. Ва унга: «То қиёмат куни Аллоҳ сени қайта тирилтиргунча жойинг шу» дейилади.»[4]

Икки қабр эгаси ҳақидаги ҳадисларида: «Қасамки, бу иккиси азобланмоқда», дедилар.[5]

Абу Айюб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни кун ботгандан кейин чиқдилар, шунда бир овоз эшитдилар ва: «Яҳудлар қабрларида азобланишмоқда», дедилар.[6]

Асмо розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба қилиб, унда кишини фитналарга дучор қилинадиган қабр фитнаси ҳақида гапирдилар. Шунда мусулмонларнинг оҳ-воҳ тортган овозлари кўтарилиб кетди.»[7]

Оиша розияллоҳу анҳо айтдилар: «...Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳар бир ўқиган намозларида қабр азобидан паноҳ сўраганларини кўрдим.»[8]

Кун тутилиши ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни қабр азобидан паноҳ тилашга буюрдилар.[9]

 

110-савол: Қабрлардан тирилиб чиқишга далил борми?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«Эй инсонлар, агар сизлар қайта тирилишдан шубҳада бўлсангизлар, у ҳолда (қаранглар), Биз сизларга (Аллоҳнинг қудратини) баён қилиш учун сизларни (яъни отангиз Одамни) тупроқдан, сўнгра (барча жонзотни аввало) нутфа-манийдан, сўнгра лахта қондан, сўнгра яралиб битган-битмаган (яъни инсон суратида шаклланиб битган ёки битмаган) парча гўштдан яратдик. Биз (сизларни) Ўзимиз хоҳлаганимизча - муайян муддатгача (оналарингиз) қорнида қолдириб, сўнгра чақалоқ ҳолингизда (ёруғ оламга) чиқарурмиз, сўнгра вояга етгунларингизгача (ҳам Ўзимиз тарбия қилурмиз). Сизлардан (гўдаклик, ёшлик йилларидаёқ) вафот топадиган кишилар хам бўлур, яна сизлардан (кўп нарса-билимларни ўрганиб) билганидан сўнг ҳеч нарсани билмай қолиши учун энг тубан умрга (яъни қариб мункиллаб қолишга) қайтариладиган кишилар ҳам бўлур. (Қайта тирилиш ҳақ эканлигининг яна бир далили ушбудир) - сиз(лар) бу ерни қуруқ-ўлик ҳолида кўрурсиз. Энди қачонки Биз унинг устидан сув-ёмғир ёғдирсак, у ҳаракатга келиб кўпчир ва турли-туман гўзал (наботот) жуфтларини ундирур. Бунга сабаб Аллоҳ Ҳақ экани ва Унинг Ўзи ўликларга ҳаёт бериши ҳамда У ҳамма нарсага қодир эканлигидир. Яна аниқки, (қиёмат) соати шак-шубҳасиз келувчидир ва албатта Аллоҳ қабрлардаги бор жонзотни тирилтирур» (Ҳаж: 5-7).

«У аввал бошда Ўзи яратиб, сўнгра (қиёмат кунида) Ўзи яна қайта яратадиган зотдир. (Қайта яратиш - тирилтириш) У зотга жуда осондир» (Рум: 27).

«У кунда Биз осмонни ҳам худди мактуб ёзилган саҳифани ўраган янглиғ ўраб, биринчи марта қандай яратган бўлсак, (ўша ҳолга) қайтарурмиз. (Бу) Бизнинг зиммамиздаги ваъдадир. Албатта Биз (шундай) қилувчидирмиз (Анбиё 104).

«(Кофир) инсон: «Ўлганимдан сўнг яна тирик ҳолда қабримдан чиқарилурманми?!» дер. Ахир ўша инсон Биз уни илгари ўзи ҳеч нарса бўлмаган пайтида яратганимизни (яъни йўқдан бор қилганимизни) эсламасми?! (Марям: 66, 67).

«Инсон Биз уни нутфадан, бир томчи сувдан яратганимизни, энди эса баногоҳ у (Ўзимизга) очиқ қаршилик қилувчи бўлиб қолганини кўрмадими?! У Бизга «Чириб битган суякларни ким ҳам тирилтира олур?» деб, мисол келтирди-ю, (аммо) ўзининг (бир томчи сувдан) яралганини унутиб қўйди. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «У (чириган суяк)ларни дастлаб (бир томчи сув)дан пайдо қилган зотнинг Ўзи қайта тирилтирур (Ёсин: 77-79).

«Ахир улар (охиратда қайта тирилиш ҳақ эканини инкор қилувчи кимсалар) осмонлар ва Ерни яратган, уларни яратишга ожизлик қилиб қолмаган зот - Аллоҳ ўликларни тирилтиришга ҳам қодир эканлигини (ўйлаб) кўрмадиларми?! Йўқ, албатта (Аллоҳ ўликларни тирилтиришга ҳам қодирдир). Зеро У зот барча нарсага қодирдир» (Аҳқоф: 33 – сура охиригача).

«Унинг (танҳолиги ва қудратига далолат қиладиган) оят-аломатларидан (бири) сиз ерни қуп-қуруқ ҳолда кўришингиздир. Бас қачон Биз унинг устига сув-ёмғир ёғдирсак, у ҳаракатга келар ва униб-ўсар. Албатта ўша ерни тирилтирган зот ўликларни ҳам тирилтира олувчидир. Зеро У барча ишга қодирдир» (Фуссилат: 39).

Ва бошқа оятлар.

Кўпинча Аллоҳ таоло ўликларни қайта тирилтиришига қақраб ётган ўлик ерга сув билан ҳаёт бахш этишини, шундан сўнг у набототлар билан гуллаб-яшнашини қиёслаб зарбулмасал келтиради.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уқайлий ривоят қилган узун ҳадисда худди шу мисолни келтириб деганлар: «Раббингга қасамки, У ер юзида биронта ҳам ўлдирилган кишининг ҳалокат ўрни, ёки ўлган кишининг кўмилган жойини қолдирмайди. Уларнинг ҳаммаси ёрилиб-очилиб (ўлик) бош тарафидан яралади. Шунда у қад ростлаб ўтиради. Раббинг: «(маҳям)? Яъни, сенга нима бўлди? Аҳволинг қандай?», дейди. У бехушликдан оиласидан яқинда (ажралганман) деб ўйлаб, «Парвардигоро, кеча ёки бугун (ҳаётдан кўз юмдим)» дейди. Мен: Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, бизлар чириб, шамоллар (суякларимизни ҳар томонга) тўзитиб, йиртқич ҳайвонлар майдалаб ташлагандан кейин, Аллоҳ бизларни қандай жамлайди?, дедим. Ул зот дедиларки: мен сенга Аллоҳнинг неъматларидан бирини мисол қилиб тушунтираман. Тепалик узра чиқиб (атрофдаги қақшаб, қуриб кетган ерга) боқиб: «Бу ер ҳаргиз кўкармаса керак!», деб ўйлайсан киши. Аллоҳ ёмғир ёғдирганидан кейин айни ўша тепалик устига чиқиб, атрофга бир текис яшнаб ётган кўкаламзорни (кўриб, ҳайратланасан). Аллоҳ номига қасамки, У зот сизларни худди ердан кўкатларни ўстиргандай чиқариб олишига қурби етади!...»


[1] Бухорий (4981, 7274) ва Муслим (152) ривояти.

[2] Имом Муслим Ҳузайфа ибн Асийд ал-Ғифорий ривояти билан қуйидаги (2901) ҳадисни келтиради: «Биз сўзлашиб ўтирган эдик, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқиб қолдилар ва: «Нима ҳақида сўзлашаяпсизлар?» деб сўрадилар. Биз: «Қиёмат ҳақида» дедик. У зот: «Аввал 10та аломатини кўрмагунларингизча қиёмат қойим бўлмайди» деб, тутунни, Дажжолни, доббани, куннинг мағрибдан чиқишини, Ийсо алайҳиссаломнинг тушишини, Яъжуж ва Маъжужни ва учта биттаси машриқда, биттаси мағрибда, биттаси Араб жазирасида ер ютишини ва охирида Ямандан чиқиб одамларни маҳшар сари ҳайдаб борадиган ўтни зикр қилдилар».

Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривояти билан келтиради: «Аллоҳ таоло Ямандан ипакдан ҳам мулойим бир шабадани чиқаради,  у қалбида бир зара мисқолича иймони бор одамни қолдирмасдан, қабзи руҳ қилади».

[3] Бухорий (1374) ва Муслим (2870) ривояти.

[4] Бухорий (1379) ва Муслим (2866) ривояти.

[5] Бухорий (216) ва Муслим (292) ривояти.

[6] Бухорий (1375) ва Муслим (2869) ривояти.

[7] Бухорий (1373) ривояти.

[8] Бухорий (1372) ва Муслим (586) ривояти.

[9] Бухорий (1050) ва Муслим (932) ривояти.

◄◄◄Аввалига қайтиш

Мундарижа

Кейингига ўтиш►►►

 ЮқоригаÎ