Ислом Нури
Китоблар
Ақидага оид 200 савол-жавоб
Шайх Ҳофиз ибн Аҳмад оли Ҳакамий
Ислом Нури таржимаси
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
91-савол: Уларнинг шариатлари ҳалол ва ҳаром каби масалаларда бир-биридан фарқли бўлганига далил борми?
Жавоб: Аллоҳ таоло деди:
«Сизлардан ҳар бир миллат (яъни дин аҳли) учун (алоҳида) шариат ва йўл қилиб қўйдик. Агар Аллоҳ хоҳласа эди, ҳаммангизни бир миллат (бир дин аҳли) қилиб қўйган бўлар эди. Лекин Ўзи ато этган нарсалар (турли шариат аҳкомлари)да сизларни имтиҳон қилиш учун (ҳар бир дин аҳлига алоҳида шариат йўл қилиб қўйди). Бас, яхши амалларга шошилингиз!» (Моида: 48).
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биз пайғамбарлар жамоаси отамиз бир, онамиз бошқа ака-укалармиз, динимиз бирдир», деганлар. Яъни, бу сўзлари билан Аллоҳ таоло ҳар бир пайғамбар билан юборган тавҳиднинг ягона эканини, аммо уларнинг шариатлари буйруқ ва қайтариқларда, ҳалол ва ҳаромда турлича бўлганини кўзда тутганлар.
92-савол: Аллоҳ таоло Қуръонда барча пайғамбарларни ҳикоя қилганми?
Жавоб: Аллоҳ таоло уларнинг хабарларидан етарлича ҳамда насиҳат ва ибрат бўларлик даражада ҳикоя қилган: «Айрим пайғамбарлар ҳақида сизга илгари ҳикоя қилдик, айрим пайғамбарларни эса сизга ҳикоя қилганимиз йўқ» (Нисо: 164).
Биз улардан батафсил хабар берилганларига батафсил, қисқача зикр қилинганларига умумий суратда иймон келтирамиз.
93-савол: Қуръонда улардан нечтасининг номи келган?
Жавоб: Қуръонда қуйидаги пайғамбарлар номи зикр қилинган: Одам, Нуҳ, Идрис, Ҳуд, Солиҳ, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб, Юсуф, Лут, Шуайб, Юнус, Мусо, Ҳорун, Илёс, Закарийё, Яҳё, Алясаъ, Зул-кифл, Довуд, Сулаймон, Айюб, - Асбот (Яъқубнинг уруғ-авлоди) умумий суратда зикр қилинган, - Ийсо, Муҳаммад соллаллоҳу ва саллама алайҳим ажмаъийн.
94-савол: Пайғамбарлар ичидан улул-азмлари (сабр-матонат эгалари) кимлар?
Жавоб: Улар бештадир, Аллоҳ таоло Китобидан икки ўринда уларни алоҳида зикр қилган:
Биринчи: Аҳзоб сурасидаги ушбу оятда: «Эсланг, Биз (барча) пайғамбарлардан ва (хусусан) сиздан, Нуҳдан, Иброҳим, Мусо ва Ийсо ибн Марямдан аҳду паймонларини олгандик» (Аҳзоб: 7).
Иккинчи: Шўро сурасидаги ушбу оятда: «(Эй мўминлар, Аллоҳ) сизлар учун ҳам диндан Нуҳга буюрган нарсани ва Биз сизга (яъни Муҳаммадга) ваҳий қилган нарсани, (шунингдек) Биз Иброҳим, Мусо ва Ийсога буюрган нарсани шариат (қонун) қилди: «Динни барпо қилинглар ва унда фирқа-фирқа бўлиб бўлинманглар!» (Шўро: 13).
95-савол: Пайғамбарларнинг биринчиси ким?
Жавоб: Уларнинг биринчиси ихтилофдан (яъни Одам алайҳиссаломнинг авлоди орасида келишмовчиликлар пайдо бўлгандан) сўнг Нуҳ алайҳиссаломдир. Аллоҳ таоло айтганидек: «(эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), албатта Биз Нуҳга ва ундан кейинги пайғамбарларга ваҳий юборганимиз каби сизга ҳам ваҳий юбордик» (Нисо: 163).
«Улардан (яъни Макка кофирларидан) илгари Нуҳ қавми ва (у қавмдан) кейинги (Од, Самуд қабилалари каби турли) фирқалар ҳам (ўз пайғамбарларини) ёлғончи қилганлар» (Ғофир: 5).
96- савол: Келишмовчиликлар қачон пайдо бўлган?
Жавоб: Табарий «Тафсир»ида шундай ёзади: Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: Нуҳ билан Одам ўртасида ўн аср ўтган, барчалари ҳақ шариат устида эди, шундан сўнг ихтилоф қилишди: «Одамлар бир миллат эдилар. Сўнг (ораларида келишмовчиликлар пайдо бўлгач), Аллоҳ (мўминларга) хушхабар элтувчи ва (кофирларни жаҳаннам азобидан) қўрқитувчи пайғамбарларини юборди» (Бақара: 213).
97-савол: Пайғамбарларнинг сўнггиси ким?
Жавоб: Пайғамбарларнинг сўнггиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар.
98-савол: Бунга қандай далил бор?
Жавоб: Аллоҳ таоло деди:
«Муҳаммад сизлардан бирон кишининг отаси эмасдир, балки у Аллоҳнинг пайғамбари ва пайғамбарларнинг сўнггисидир» (Аҳзоб: 40).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Албатта, мендан сўнг ўттизта каззоб чиқади, ҳаммаси ўзини пайғамбар деб даъво қилади. Ҳолбуки, мен пайғамбарларнинг сўнггисиман, мендан сўнг пайғамбар келмайди».[1]
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Алий розияллоҳу анҳуга айтганлар: «Сен менга нисбатан Ҳоруннинг Мусога нисбатан тутган ўрнида бўлишдан рози эмасмисан?! Илло, мендан сўнг пайғамбар йўқдир.»[2]
Дажжол ҳақидаги ҳадисларида айтганлар: «Мен набийларнинг сўнггисиман, мендан сўнг набий йўқдир».[3]
99-савол: Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқа пайғамбарлардан қайси хусусиятлари билан ажралиб турадилар?
Жавоб: Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бошқа пайғамбарлардан ажралиб турувчи хусусиятлари кўп. Жумладан:
Юқорида айтганимиздек, У зотнинг хотамун-набиййин (набийлар сўнггиси) эканлари;
Яна У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам Одам авлодининг саййиди эканлари; Аллоҳ таолонинг мана бу ояти бунга ишора қилади: «Ўша пайғамбарларнинг айримларини айримларидан афзал қилдик. Уларнинг ораларида Аллоҳ (бевосита) сўзлаган зотлар бор. Ва (уларнинг) айримларини (Аллоҳ) юксак даражаларга кўтарди» (Бақара: 253).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мен Одам авлодининг саййидиман, лекин (бу билан) мақтанмайман».[4]
Яна У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам омматан, инсу жиннинг ҳаммасига пайғамбар қилиб юборилганлари; Аллоҳ таоло айтганидек: «Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Эй одамлар, албатта мен сизларнинг барчангизга Аллоҳ (юборган) элчиман» (Аъроф: 158).
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сизни шак-шубҳасиз, барча одамларга: (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтувчи, (кофирларни эса дўзах азобидан) огохлантирувчи бўлган ҳолингизда, пайғамбар қилиб юбордик» (Сабаъ: 28).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Менга ўзимдан илгари ҳеч бир (пайғамбар)га берилмаган беш хусусият берилди:
1) Бир ойлик масофагача (душманларим қалбига) қўрқув солиш билан нусратландим;
2) Ер мен учун намозгоҳ ва (сув бўлмаганда) таҳоратга яроқли қилинди, умматимдан қай бир кишига намоз қай ўринда етса ўша ерда ўқийверсин;
3) Менга ўлжалар ҳалол қилинди, мендан олдин ҳеч кимга ҳалол қилинмаган эди;
4) Менга шафоат қилиш (ҳуқуқи) берилди;
5) Ҳар бир пайғамбар ўз қавмига хос юбориларди, мен бутун инсониятга юборилдим»[5]
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, бу умматдан бирон киши –яҳудий ё насроний бўлсин- мени эшитса, сўнг мен олиб келган динга иймон келтирмасдан ўлса, дўзах аҳлидан бўлади».[6]
У зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундан бошқа ҳам хусусиятлари кўпдир.
100-савол: Пайғамбарларнинг мўъжизалари нима?
Жавоб: Мўъжиза – одатдан ташқари иш бўлиб, у таҳаддий[7]ни ўз ичига олади ва унда рақобатлашиш имкони бўлмайди.
У ё ҳиссий – кўз билан кўрилиб, қулоқ билан эшитиладиган бўлади, тош ичидан туя чиқиши, асонинг илонга айланиши, жонсиз махлуқотнинг тилга кириши каби;
Ё эса маънавий – ақл ва онг билан мушоҳада қилинадиган бўлади, Қуръон мўъжизаси каби.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳар икки турдаги мўъжизалар берилган. Аввалги пайғамбарлардан бирортасига берилган қай бир мўъжиза бўлмасин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айни шу бобдан ундан кўра каттароқ мўъжиза берилган. У зотнинг ҳиссий мўъжизаларидан: ойнинг бўлиниши, хурмо танасининг инграган овоз чиқариши, бармоқлари орасидан сув булоқ бўлиб чиқиши, (қўйнинг) қўлининг гапириши, таомнинг тасбеҳ айтиши ва бундан бошқа, саҳиҳ хабарлар билан мутавотир бўлган мўъжизалар. Бироқ, булар бошқа пайғамбарларнинг мўъжизалари каби даврлар ўтиши билан фақат зикри сақланиб қолди. У зотнинг абадий сақланиб қолган мўъжизалари – ажойиботлари битмас-туганмас Қуръон мўъжизасидир: «Унга олдидан ҳам, ортидан ҳам (ҳеч қандай) ботил-ноҳақлик келмас (яъни Қуръони Каримнинг ҳеч қайси томонидан бирон китоб ё ҳужжат келиб уни ботил қила олмас, чунки у) ҳикмат ва ҳамду сано эгаси томонидан нозил қилингандир» (Фуссилат: 42).
[1] Муслим (2889), Аҳмад (5/278), Абу Довуд (4252) ва Термизий (2219) Савбон ривояти билан келтирганлар.
[2] Бухорий (4416) ва Муслим (2404) ривоятлари.
[3] Термизий (2219), Абу Довуд (4252), Ибн Ҳиббон (7238), Аҳмад (5/278) ривоятлари.
[4] Муслим (2278), Бухорий (3340) ривоятлари.
[5] Бухорий (335, 438), Муслим (521) ривоятлари.
[6] Муслим (153) ривояти.
[7] Таҳаддий – Қани, кимнинг қўлидан келса шу ишни қилсин-чи, деганга ўхшаш талаб ва чақириқ.