Ислом Нури
Китоблар
Ақидага оид 200 савол-жавоб
Шайх Ҳофиз ибн Аҳмад оли Ҳакамий
Ислом Нури таржимаси
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
81-савол: Барча халқ ва миллатлар Қуръон хусусида ўзларига нимани лозим тутишлари керак?
Жавоб: Унга зоҳиру ботинда эргашишлари, уни маҳкам тутишлари ва ҳаққини адо этишлари лозим бўлади. Аллоҳ таоло деди: «Мана бу эса Биз нозил қилган муборак Қуръондир! Бас, унга эргашингиз ва (Аллоҳдан) қўрқингиз!» (Анъом: 155).
«(Эй инсонлар), сизларга Парвардигорингиздан нозил қилинган нарсага (Китобга) эргашингиз, ундан ўзга (шайтон ва ёмон олимлар каби) «дўстларга» эргашмангиз!» (Аъроф: 3).
«(Уларнинг ораларида) Китобни маҳкам ушлаган ва намозни тўкис адо қилган зотлар ҳам борки, албатта Биз ўзларини тузатувчи кишиларнинг ажр-мукофотини зое қилмагаймиз» (Аъроф: 170).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг Китоби хусусида шундай васият қилганлар: «Аллоҳнинг Китобини ушлангиз ва уни маҳкам тутингиз!»[1]
Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Албатта, ҳали фитналар бўлажак». Мен дедим: «Улардан чиқиш йўли қандай, ё Расулуллоҳ?» У зот: «Аллоҳнинг Китоби», дедилар.[2]
82-савол: Қуръонни маҳкам тутиш ва унинг ҳаққини адо этиш маъноси нима?
Жавоб: Уни ёд олиш, тиловат қилиш, кечаю кундуз намозларда у билан қоим бўлиш, оятларини тафаккур қилиш, у ҳалол деганни ҳалол санаш, ҳаром қилганини ҳаром деб билиш, амрларига бўйсиниш, қайтариқларидан тийилиш, масалларидан ибратланиш, қиссаларидан насиҳат олиш, муҳкамига амал қилиш, муташобиҳига таслим бўлиш, унинг ҳудудидан чиқмаслик, уни ғулув кетувчиларнинг ўзгартиришларидан ва бузғунчиларнинг тўқималаридан ҳимоя қилиш, унинг барча маъносига холис ёндошиш ва унга онгли равишда даъват қилиш, демакдир.
83-савол: Қуръонни махлуқ деган кишининг ҳукми нима?
Жавоб: Қуръоннинг ҳарфлари ҳам, маънолари ҳам ҳақиқатан Аллоҳнинг Каломидир. Маънолари қолиб, ҳарфларининг ўзи ёки ҳарфлари қолиб, маъноларининг ўзи Аллоҳнинг каломи дейилмайди. Аллоҳ уни сўз билан сўзлади ва Расулига ваҳий билан нозил қилди, мўминлар унга ҳаққи-рост иймон келтирдилар. Қуръонни гарчи қўл билан ёзилса, тил билан ўқилса, дил билан ёдланса, қулоқ билан эшитилса, кўз билан кўрилса-да, бу уни Раҳмон таолонинг Каломи бўлишидан чиқармайди. Бармоқлар, сиёҳ, қалам ва варақлар махлуқ, улар билан битилган нарса махлуқ эмас. Тиллар ва овозлар махлуқ, улар билан тиловат қилинган нарса махлуқ эмас. Қалблар махлуқ, уларда маҳфуз бўлган нарса махлуқ эмас. Қулоқлар махлуқ, улар билан тингланган нарса махлуқ эмас.
Аллоҳ таоло деди: «Албатта у (Қуръон сеҳр ёки уйдирма эмас, балки) асралган Китобдаги (Лавҳул-Маҳфуздаги) Улуғ Қуръондир!» (Воқеа: 77, 78).
«Йўқ, у (Қуръон) илм ато этилган зотларнинг кўнгилларидаги аниқ-равшан оятлардир. Бизнинг оятларимизни фақат золимларгина инкор қилур» (Анкабут: 49).
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз фақат ўзингизга ваҳий қилинган Парвардигорингизнинг Китоби Қуръоннигина тиловат қилинг! Унинг (Аллоҳнинг) сўзларини ўзгартирувчи йўқдир. Ҳаргиз Ундан ўзга бирон паноҳ топа олмассиз» (Каҳф: 27).
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), агар мушриклардан биронтаси сиздан ҳимоя сўраса, бас, уни ҳимоя қилинг, токи у Аллоҳнинг каломини эшитсин» (Тавба: 6).
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтганлар: «Мусҳафга – Қуръонга давомий назар қилингиз, уни кўп ўқингиз!»[3]
Бу ҳақда оят-ҳадислар саноқсиз даражада кўп.
Ким Қуръонни ёки ундан бирон бўлагини махлуқ деса, Исломдан буткул чиқариб юборадиган катта куфр билан кофир бўлган бўлади. Чунки Қуроън Аллоҳ таолонинг Каломи, Ундан бошланган ва Унга қайтади. Калом Унинг сифати, ким Аллоҳнинг сифатларидан биронтасини махлуқ деса, у одам кофир ва муртад бўлиб, ундан Исломга қайтиш талаб қилинади, агар қайтмаса муртад сифатида қатл қилинади ва унга мусулмонлик ҳукми қўлланилмайди.
84-савол: Калом сифати зотийми, феълийми?
Жавоб: Калом - сўзлаш сифати Аллоҳ таолонинг зотига тааллуқли ва У бу сифат билан сифатланган экани эътибори билан у Аллоҳ таолонинг зотий сифатларидан. У худди Унинг илм сифатига ўхшаш, балки Унинг илмидандир, уни ўз илми билан нозил қилди, У Ўзи нозил қиладиган нарсани яхши билувчидир.
Мазкур сифат Аллоҳ таолонинг Ўзи ирода қилган ва истаган нарсасини гапириши эътибори билан олганда феълий сифатдир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Аллоҳ агар бир ишнинг хабарини беришни истаса, ваҳий билан гапиради» (Бухорий ривояти).
Шунинг учун салафи солиҳ раҳимаҳумуллоҳ Калом сифати ҳақида: У ҳам зотий, ҳам феълий сифатдир, дейдилар.
Аллоҳ таоло калом сифати билан азалий ва абадий васфланган, Унинг сўзлаши ва сўзлашуви Ўз иродаси ва хоҳиши биландир, Ўзи истаган пайт, истаганидай сўзлайди, Унинг сўзини Ўзи истаган одам эшита олади, Унинг сўзлаши чек-чегараси йўқ сифатдир.
Аллоҳ таоло деди:
«Айтинг: Агар барча денгиз Парвардигоримнинг сўзлари (яъни, илму ҳикматларини битиш) учун сиёҳ бўлса ва яна шунча сиёҳ келтирсак ҳам, Парвардигоримнинг сўзлари битишидан илгари, у денгизлар тугаб битар!» (Каҳф: 109).
«Агар ер юзидаги бор дов-дарахт қаламлар бўлиб, денгиз (сиёҳ бўлса ва) ундан сўнг яна етти денгиз ёрдамга келса Аллоҳнинг сўзлари тугаб-битмас. Албатта Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгасидир» (Луқмон: 27).
«Парвардигорингизнинг Сўзлари сидқу адолатда комил бўлди. Унинг Сўзларини ўзгартирувчи йўқдир. У эшитувчи, билувчидир» (Анъом: 115).
85-савол: Воқифалар (тўхталувчилар) кимлар, уларнинг ҳукми нима?
Жавоб: Воқифалар Қуръон ҳақида: Уни Аллоҳнинг каломи ҳам демаймиз, махлуқ ҳам демаймиз, дейдиган кишилардир.
Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтганлар: «Улардан кимки бу гапни онгли равишда айтаётган бўлса, у жаҳмийдир. Ўзи нима деяётганини билмайдиган гўл ва жоҳил одам бўлса, унга ҳақ нималигини тушунтириб ҳужжатни барпо қилинади. Агар тавба қилса ва Аллоҳ таолонинг Каломи махлуқ эмас деб иймон келтирса яхши, акс ҳолда у жаҳмиялардан ҳам ёмондир».
86-савол: «Менинг Қуръон билан лафзим (яъни оғзимдан чиқаётган Қуръон оятлари) махлуқдир» деган одамнинг ҳукми нима?
Жавоб: Бу иборани исбот учун ҳам, рад учун ҳам истеъмол қилиш жоиз эмас. Чунки лафз – банданинг феъли бўлган «талаффуз» маъноси билан оғиздан чиқаётган лафз – Қуръон ўртасида муштарак-аралаш феълдир. Агар махлуқ дейилса, иккинчи маънони – яъни Қуръонни махлуқ дейишни ҳам ўз ичига олади ва бу жаҳмийларнинг сўзига айланади. Агар махлуқ эмас дейилса, бу биринчи маънони – яъни банданинг феълини ҳам ўз ичига олади, бу эса иттиҳодийлар (ваҳдатул-вужудни даъво қилувчилар) бидъатларидандир. Шунинг учун салафи солиҳлар раҳимаҳумуллоҳ: «Ким: Қуръонни талаффуз қилишим махлуқ деса, у жаҳмий, ким махлуқ эмас деса, у бидъатчидир» деганлар.
87-савол: Пайғамбарларга иймон келтиришнинг далили нима?
Жавоб: Бунга Қуръону Суннатдан далиллар кўп. Аллоҳ таоло деди:
«Албатта, Аллоҳ ва пайғамбарига ишонмайдиган, Аллоҳ билан пайғамбарларининг ораларини ажратишни истайдиган (яъни Аллоҳга ишониб, пайғамбарларини инкор қиладиган) ва «айрим пайғамбарларга ишонамиз, айримларига ишонмаймиз», дейдиган ҳамда ора йўлни тутишни истайдиган кимсалар — ана ўшалар ҳақиқий кофирдирлар. Бундай, кофирлар учун хор қилувчи азобни тайёрлаб қўйганмиз. Аллоҳ, ва пайғамбарларига иймон келтирган ҳамда улардан биронтасини ажратиб қўймаган зотларга эса яқинда (Аллоҳ) муносиб мукофотларини ато этажак» (Нисо: 150-152).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳга ва пайғамбарларига иймон келтирдим». (Бухорий (1354) ва Муслим (2925) ривояти).
88-савол: Пайғамбарларга иймон келтиришнинг маъноси нима?
Жавоб: Аллоҳ таоло ҳар бир уммат ичидан уларни ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга даъват қиладиган ва Ундан бошқа «маъбуд»ларга куфр келтиришга чорлайдиган элчи юборган, уларнинг ҳаммаси ростгўй, ишончга сазовор, хушфеъл, олийжаноб, одобли, тақводор, омонатдор, ҳаққа йўлловчи ва тўғри йўл устидаги зотлар бўлган, Раббилари тарафидан очиқ далил-ҳужжатлар ва равшан оят-аломатлар билан қўллаб-қувватланган, улар Аллоҳнинг рисолатидан бирон нарсани яширмасдан, ўзгартирмасдан, унга ўзларидан биронта ҳарф қўшмасдан ва камайтирмасдан ҳаммасини етказганлар, деб қатъий ишониш ва уларнинг барчаси очиқ-ойдин ҳақ устида бўлганлар, Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломни халил (яқин дўст) тутган, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни халил тутган, Мусо алайҳиссаломга бевосита сўзлаган, Идрис алайҳиссаломни юқори манзилатга кўтарган, Ийсо алайҳиссалом Аллоҳнинг бандаси, элчиси ва Марямга ташлаган (“Бўл” деган) сўзи ҳамда унинг томонидан Жаброил урган нафха-“дам”дир, Аллоҳ пайғамбарларнинг баъзиларини баъзиларидан афзал қилган, баъзиларини юксак даражаларга кўтарган, деб тасдиқлашдир.
89-савол: Пайғамбарларнинг даъвати улар буюрган ва қайтарган нарсаларда бир-бирига мос келадими?
Жавоб: Уларнинг даъватлари бошидан охиригача ибодатнинг асли ва асоси бўлмиш – Аллоҳ таолони ибодатнинг барча турларида эътиқод, сўз ва амалда ёлғизлаш ва Ундан ўзгага қилинадиган ибодатларнинг барчасига куфр келтиришда бир-бирига мувофиқдир.
Аммо фарз ибодатларга келсак, баъзиларига фарз қилинган намоз, рўза ва бошқа ибодат турлари баъзиларига фарз қилинмаган, айримларига ҳалол қилинган нарсалар имтиҳон юзасидан айримларига ҳаром қилинган: «Сизларнинг қайсиларингиз яхшироқ иш — амал қилиб яшашингизни синаш учун...» (Ҳуд: 7).
90-савол: Улар ибодатнинг аслида бир-бирларига мувофиқ келишганининг далили нима?
Жавоб: Бунга Қуръон ва Суннатдан икки турли – мужмал (қисқача) ва муфассал (батафсил) далиллар бор.
Мужмал далилларга қуйидаги каби оятлар киради:
«Аниқки, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва тоғутдан йироқ бўлинглар», (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз» (Наҳл: 36).
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сиздан илгари юборган ҳар бир пайғамбарга ҳам: «Ҳеч қандай барҳақ илоҳ йўқ, магар Менгина ҳақдирман, бас Менгагина ибодат қилинглар», деб ваҳий юборгандирмиз» (Анбиё: 35).
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сиздан илгари юборган пайғамбарлардан сўраб (яъни улар келтирган диний таълимотларни ўрганиб) боқинг-чи, Биз Раҳмондан (яъни Ўзимиздан) ўзга ибодат қилинадиган «илоҳ»лар қилганмиканмиз?!» (Зухруф: 45).
Муфассал далилларга қуйидаги каби оятлар киради:
«(Қасамки), Биз Нуҳни ўз қавмига пайғамбар қилдик. Бас у: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинглар! Сизлар учун Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Ахир қўрқмайсизларми», деди» (Муъминун: 23).
«Самуд қавмига ўз биродарлари Солиҳни (пайғамбар қилдик). У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир» (Аъроф: 73).
«Од қавмига ўз биродарлари Ҳудни (пайғамбар қилдик). У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир» (Аъроф: 65).
«Мадян қавмига ўз биродарлари Шуайбни (пайғамбар қилдик). У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир» (Аъроф: 85).
«Эсланг, Иброҳим отасига ва қавмига деган эди: «Албатта мен сизлар ибодат қилаётган бутлардан покдирман. Магар мени яратган зотгагина (ибодат қилурман)» (Зухруф: 26, 27).
«(Эй инсонлар), илоҳингиз яккаю ёлғиз Аллоҳдир! Ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзи ҳақдир. У барча нарсани Ўз илми билан қамраб олгандир» (Тоҳа: 98).
«Ҳолбуки, Масиҳ: «Эй бани Исроил, парвардигорим ва парвардигорингиз бўлмиш Аллоҳга ибодат қилингиз!» — демишдир. Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзах бўлур» (Моида: 72).
«(Эй Муҳаммад, Макка мушрикларига) айтинг: «Мен фақат бир огоҳлантирувчидирман, холос. Ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ, магар яккаю ёлғиз ғолиб Аллоҳгина ҳақ (илоҳ)дир» (Сод: 65).