Ислом Нури

 

Китоблар

 

Ақидага оид 200 савол-жавоб

 Шайх Ҳофиз ибн Аҳмад оли Ҳакамий

Ислом Нури таржимаси

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

 

71-савол: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Аллоҳнинг гўзал исмлари ҳақида: «Ким уларни санаса, жаннатга киради» деган сўзларининг маъноси нима?

Жавоб: Буни  бир неча маъноларда тафсир қилинган:

а) уларни ёд олиш, улар билан дуо қилиш, улар билан Аллоҳга ҳамду сано айтиш;

б) улардан Карим (саховатли), Раҳим (раҳмдил) каби эргашиш мумкин бўлган сифатларни банда ўз ҳолига муносиб равишда ўзида мужассам қилишга уриниши, Аллоҳ таолонинг ёлғиз ўзига хос бўлган Жаббор, Азим, Мутакаббир каби сифатларга банда иқрор бўлиши, уларга бўйсуниши, улардан биронтасига эга бўлишга уринмаслиги, ваъда маъносини ўз ичига олган Ғафур, Шакур, Афув, Рауф, Ҳалим, Жавод каби сифатларга нисбатан умид ва рағбат устида туриши, ваид-қўрқитиш маъноси бўлган Азиз, Интиқом соҳиби, Азоби қаттиқ, Ҳисоби тез каби сифатларга нисбатан хавф ва қўрқув ҳолатида туриши;

в) банда уларни мушоҳада этиши, уларни билиш ва бандалик изҳор этиш жиҳатидан ҳақларини тўла адо этиши. Мисол учун, Аллоҳ таолонинг ўз халқидан олий ва улардан юқорида эканини, халқидан ажралган, бироқ илми ва қудрати билан уларни иҳота қилган ҳолда аршида ўрнашганини мушоҳада этган одам мана шу сифатнинг тақозосига кўра ибодат қилади, ўзини У зотнинг пойида худди хор бир қул қудратли подшоҳнинг олдида турганидек бош эгиб, муножот қилиб турган деб билади, ҳар бир сўзу амали У зотга рўбарў қилинишини чуқур ҳис қилиб, У зотнинг ҳузурига уни шармандаю шармисор қиладиган сўз ва амаллари кўтарилиб боришидан ҳаё қилади.

Аллоҳнинг бепоён илмини, барча нарсани эшитиши ва кўришини, Унинг барҳаётлиги ва абадий туришини ва бошқа сифатларини мушоҳада этиш ҳақида ҳам айни сўзларни айтиш мумкин.

 

72-савол: Исм ва сифатлар тавҳидининг зидди нима?

Унинг зидди – Аллоҳнинг исмларини, сифатларини ва оят-аломатларини инкор қилиш бўлиб, у уч хил:

1-     Аллоҳ таолонинг исмларини ўзгартириб, улар билан ўз бут-санамларини номлаган мушрикларнинг инкори. Масалан, улар Лотни Илоҳ сўзидан, Уззони Азиздан, Манотни Маннондан олишган.

2-     Аллоҳ таолонинг сифатларига шакл бериб, уларни бандаларнинг сифатларига ўхшатувчи мушаббиҳаларнинг инкори. Бу мушрикларнинг инкорига қарама-қарши инкордир. Чунки мушриклар махлуқларни Раббил оламийнга тенглаштирдилар, улар эса Аллоҳ таолони махлуқлар манзилатига туширдилар ва У зотнинг сифатларини махлуқотнинг сифатига ўхшатдилар.

3-     Аллоҳ таолонинг сифатларини йўққа чиқарувчи муаттила (таътил аҳли)нинг инкори. Улар икки қисм:

Биринчи қисм: Аллоҳ таоло исмларининг лафзини тан олишади, бироқ бу лафзлар ўз ичига олган камолот сифатларини инкор қилишади,  илмсиз Алим, раҳмсиз Раҳмон ва Раҳим, эшитишсиз Самиъ, кўришсиз Басийр, қудратсиз Қодийр ва ҳоказо дейишади.

Иккинчи қисм: Исмларни ҳам, уларнинг мазмунларини ҳам бутунлай инкор қилишади ва У зотни на исми, на сифати бор бўлган буткул йўқлик билан васфлашади.

Аллоҳ таоло золим, кофир ва мулҳидлар айтаётган бу сўзлардан ғоят пок ва бениҳоя олийдир: «У осмонлар, ер ва уларнинг орасидаги бор нарсаларнинг ҳожасидир. Бас, сиз Унга ибодат қилинг ва бу ибодатда сабр-тоқатли бўлинг! Унинг учун бирон «тенг»ни билурмисиз?! (Йўқ! Билмассиз!)» (Марям: 65).

«Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир. У эшитувчи ва кўриб турувчидир» (Шўро: 11).

«У зот уларнинг олдиларидаги (яъни охиратдаги) ва ортларидаги (яъни дунёдаги) бор нарсани билур. Улар эса У зотни била олмаслар» (Тоҳа: 110).

 

73-савол: Тавҳиднинг барча турлари бир-бири билан чамбарчас боғлиқми, улардан бирига эътироз билдирган одам ҳаммасига эътироз билдирган бўладими?

Жавоб: Ҳа, тавҳиднинг барча турлари бир-бирига боғлиқ, ким улардан бир турида мушрик бўлса, қолганларида ҳам мушрик ҳисобланади. Аллоҳдан бошқага дуо қилиш ва фақат Угина қодир бўладиган нарсани бошқадан сўраш бунга мисол бўлади. Дуо – ибодат, бўлиб ҳам ибодатнинг мағзи ҳисобланади. Уни Аллоҳдан бошқага қилиш Аллоҳнинг улуҳиятида ширк келтиришдир. Аллоҳдан бошқадан бирон яхшилик ато этишини ёки бирон ёмонликни даф қилишини сўраш ва уни шунга қодир деб эътиқод қилиш Аллоҳнинг рубубиятида ҳам ширк келтириш бўлади. Чунки уни Аллоҳнинг малакутида Унга шерик деб эътиқод қилган бўлади. Бундан ташқари, Аллоҳдан бошқага дуо қилар экан, қаерда ва қачон бўлмасин, хоҳ узоқда, хоҳ яқинда бўлсин, унинг дуосини эшитувчи, деган эътиқодда дуо қилади. Бу эса Аллоҳнинг исми ва сифатларидаги ширк жумласига киради. Чунки бу билан Аллоҳдан бошқага чексиз-чегарасиз эшитиш сифатини исботлаган бўлади. Бу эса Аллоҳгагина хос бўлган сифат эди. Демак, улуҳиятдаги ширк ҳам рубубиятдаги, ҳам исм ва сифатлардаги ширкни келтириб чиқарди.

 

74-савол: Фаришталарга иймон келтиришга Қуръон ва Суннатдан далил борми?

Жавоб: Қуръондан бунга жуда кўп далиллар бор. Жумладан, Аллоҳ таоло деди:

«Фаришталар эса Парвардигорга ҳамду сано айтиш билан (У зотни айбу нуқсондан ва «шериклар»дан) покларлар ва Ердаги (мўмин-мусулмон) кишилар учун (Аллоҳдан) мағфират сўрарлар» (Шўро: 5).

«Албатта Парвардигорингизнинг ҳузуридаги зотлар (яъни фаришталар) Унга ибодат қилишдан ор қилмайдилар. Уни поклайдилар ва Унгагина сажда қиладилар» (Аъроф: 206).

«Ким Аллоҳга ва унинг фаришталарига, пайғамбарларига, Жаброил ва Микоилга душман бўлса, бас, албатта Аллоҳ (бундай) кофирларга душмандир» (Бақара: 98).

Фаришталарга иймон келтириш ҳақида Суннатда Жибрил алайҳиссаломнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан савол-жавоб қилгани ҳақидаги ҳадисда баёни келди. «Саҳиҳи Муслим»да: «Аллоҳ таоло уларни нурдан яратган» ҳадиси келган. Улар хусусида бошқа ҳадислар ҳам кўп.

 

75-савол: Фаришталарга иймон келтиришнинг маъноси нима?

Жавоб: Уларнинг борлигига ва Аллоҳнинг ғоят тарбияли ва бўйсинувчан халқлари эканига қатъий иқрор бўлиш, демакдир.

«Йўқ, (фаришталар асло Аллоҳнинг болалари эмас, балки) улуғ бандалардир.  (Фаришталар) У зотдан илгари бирон сўз айтмайдилар (яъни Аллоҳ буюрмаган бирон ишни қилмайдилар), Улар (Аллоҳнинг) амри фармони билангина амал қилурлар» (Анбиё: 26, 27).

«У фаришталар Аллоҳ ўзларига буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдилар, фақат ўзларига буюрилган нарсани қиладилар» (Таҳрим: 6).

«Осмонлар ва ердаги бор жонзот Уникидир. Унинг ҳузуридаги зотлар (яъни фаришталар) Унга ибодат қилишдан орланиб-зорланмайдилар. Улар туну кун сусткашлик қилмасдан (Аллоҳга) тасбеҳ айтадилар» (Анбиё: 19, 20).

 

76-савол: Аллоҳ уларга топширган ваколатлар ва вазифалар нималардан иборат?

Жавоб: Бу эътибор билан улар кўп қисмга бўлинадилар:

Улар ичидан пайғамбарларга ваҳийни етказишга вакил қилингани бор, у Руҳул-амин Жибрил алайҳиссаломдир.

Ёмғирга вакил қилингани бор, у Микоил алайҳиссаломдир[1].

Сурга вакил қилингани бор, у Исрофил алайҳиссаломдир[2].

Жон олишга вакил қилингани бор, у Малакул-мавт ва унинг ёрдамчиларидир[3].

Бандаларнинг амалларига вакил қилинганлари бор, улар Киромун Котибийндир[4].

Бандаларни олди ва орқаларидан сақлаб-муҳофаза қилиб юрадиганлари бор, улар Муъаққибот (таъқиб қилувчилар)дир[5].

Жаннат ва унинг неъматларига вакил қилинганлари бор, у Ризвон ва бошқалардир.

Дўзахга ва ундаги азобларга вакил қилинганлари бор, улар Молик[6] ва бошқа азоб фаришталиридир, уларнинг катталари 19 тадир.

Қабр фитнасига вакил қилинлари бор, улар Мункар ва Накирдирлар[7].

Улардан Аршни кўтариб турувчилар бор[8].

Улардан Карубийлар (яъни муқарраб, Аллоҳга энг яқин бўлган фаришталар) бор.

Она қорнидаги ҳомилани вужудга келтириш ва унинг қисматини битишга вакил қилинганлари бор[9].

Улардан Байтул Маъмурга кирадиган фаришталар бор, ҳар куни унга етмиш минг фаришта киради, сўнг яна қайтиб киришга навбат келмайди[10].

Улардан зикр мажлислари ортидан юрадиган сайёҳ фаришталар бор[11].

Улардан узликсиз қиёмда (намоз ичида) турувчи сафлар бор.

Улардан рукуъ ва саждадан бош кўтармайдиганлари бор.

Яна бундан бошқа хиллари ҳам кўп: «Парвардигорингизнинг қўшинларини (яъни фаришталарнинг қанча ададда ва қандай сифатда эканликларини) ёлғиз Унинг Ўзигина билур» (Муддассир: 31).

  

77-савол: Китобларга иймон келтиришнинг далили нима?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Эй мўминлар, Аллоҳга, унинг пайғамбарига ва шу пайғамбарига нозил қилган Китобига ҳамда илгари нозил бўлган Китобларига иймонингиз комил бўлсин» (Нисо: 136).

«Айтингиз (эй мўминлар), Аллоҳга ва бизга нозил қилинган Китобга ва Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқубга ва ўша уруғ-авлодга нозил қилинган нарсаларга, Мусо ва Ийсога берилган нарсаларга ва барча пайғамбарларга Парвардигор тарафидан берилган нарсаларга ишондик. Биз улардан бирортасини ажратиб қўймаймиз» (Бақара: 136).

Бундан бошқа оятлар ҳам кўп, Аллоҳ таолонинг: «Айтинг: «Мен Аллоҳ нозил қилган ҳар бир Китобга иймон келтирдим» (Шўро: 15) оятининг ўзи ҳам кифоя қилади.

 

78-савол: Қуръонда барча илоҳий китоблар номи келтирилганми?

Жавоб: Қуръонда Аллоҳ таоло у китоблардан Таврот, Инжил, Забур, Иброҳим ва Мусо саҳифаларини номлаган, қолганларини эса умумий суратда зикр қилган:

«Аллоҳ (ягона), ҳеч бир тангри йўқ, фақат Унинг Ўзи бор. У тирик ва абадий турувчидир. Сизга (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ўзидан аввал тушган китобларни тасдиқловчи бўлган бу Китобни (Қуръонни) ҳақ билан нозил қилди. Илгари одамларни ҳақ йўлга ҳидоят қилиш учун Таврот ва Инжилни туширган эди» (Оли Имрон: 2-4).

«Довудга Забурни ато этдик» (Нисо: 163, Исро: 55).

«Ёки унга Мусонинг ва (аҳдига) вафодор зот бўлган Иброҳимнинг саҳифаларидаги сўзлар хабари берилмаганмиди?! (Нажм: 36, 37).

«Қасамки, Биз Ўз пайғамбарларимизни аниқ ҳужжат-мўъжизалар билан юбордик ва улар билан бирга Китоб ҳамда одамлар адолатни барпо қилишлари учун мезон-тарози туширдик» (Ҳадид: 25).

Улардан Аллоҳ таоло батафсил равишда хабар берганларига батафсил иймон келтиришимиз вожиб бўлади, умумий суратда зикр қилганларига эса умумий суратда иймон келтиришимиз лозим, улар ҳақида Аллоҳ ва Расули буюрган гапни айтамиз: «Айтинг: «Мен Аллоҳ нозил қилган ҳар бир Китобга иймон келтирдим» (Шўро: 15).

 

79-савол: Аллоҳнинг Китобларига иймон келтириш маъноси нима?

Жавоб: Уларнинг ҳаммаси Аллоҳ азза ва жалла ҳузуридан нозил бўлган ва Аллоҳнинг ҳақиқий Каломи деб қатъий тасдиқлашдир. Улардан баъзилари борки, элчи фаришта воситасисиз, парда ортидан тўғридан-тўғри Аллоҳ таолонинг Ўзидан эшитилган. Баъзилари борки, фаришталардан бўлган элчи уни инсонлардан бўлган элчига етказган. Баъзилари борки, Аллоҳ таоло уни Ўз қўли билан ёзган.

Аллоҳ таоло деди: «Бирон одам учун Аллоҳ унга сўзлаши жоиз эмас, магар ваҳий-илҳом орқали, ё бирон парда-тўсиқ ортидан ёки бирон элчи-фаришта юбориб, ўша (фаришта Аллоҳнинг) изни-ихтиёри билан ўзи хоҳлаган нарсани ваҳий қилиши орқали (сўзлар). Албатта У юксак ва ҳикмат эгасидир» (Шўро: 51).

«Аллоҳ айтди: «Эй Мусо, ҳақиқатан Мен сени одамлар устида пайғамбарим бўлишга ва (бевосита) каломимни эшитишга танлаб олдим»» (Аъроф: 144).

«Мусо билан Аллоҳнинг Ўзи (бевосита) гаплашди» (Нисо: 164).

«Унинг учун лавҳларга (яъни Таврот варақларига) ҳамма нарсани панд-насиҳат ва барча нарсаларнинг тафсилотини ёзиб қўйдик» (Аъроф: 145).

Ийсо алайҳиссалом ҳақида деди: «Унга ҳидоят ва нурни ўз ичига олган, ўзидан олдинги Тавротни тасдиқлаувчи ва тақводорлар учун ҳидоят, панд-насиҳат бўлган Инжилни бердик» (Моида: 46).

«Довудга Забурни ато этдик» (Нисо: 163, Исро: 55).

Аллоҳ таоло Қуръон ҳақида деди:

«Лекин Аллоҳ сизга ўз билими билан нозил қилган нарсага гувоҳлик берур. Фаришталар ҳам гувоҳлик берурлар. Аллоҳнинг Ўзи етарли гувоҳдир» (Нисо: 166).

«Сиз Қуръонни одамларга аста-секин ўқиб беришингиз учун Биз уни бўлакларга бўлдик ва бўлиб-бўлиб нозил қилдик» (Исро: 106).

«Албатта (бу Қуръон) барча оламлар Парвардигори томонидан нозил қилингандир. (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз (охират азобидан) огохлантирувчилардан бўлишингиз учун қалбингизга уни (яъни Қуръонни) Руҳул-Амин – Жаброил очиқ-равшан арабий тил билан нозил қилди» (Шуъаро: 192-195).

«Албатта ўзларига Эслатма Қуръон келган вақтда унга кофир бўлган кимсалар (қаттиқ азобга йўлиқурлар). Шак-шубҳасиз у азиз қудратли Китобдир. Унга олдидан ҳам, ортидан ҳам (ҳеч қандай) ботил-ноҳақлик келмас (яъни Қуръони Каримнинг ҳеч қайси томонидан бирон китоб ё ҳужжат келиб уни ботил қила олмас, чунки у) ҳикмат ва ҳамду сано эгаси томонидан нозил қилингандир» (Фуссилат: 41, 42).

Ва бошқа кўплаб оятлар бор.

 

80-савол: Ўтган Китобларга нисбатан Қуръоннинг тутган ўрни қандай?

Жавоб: Аллоҳ таоло Қуръонда деди:

«Сизга (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзидан олдинги китоб(ларни) тасдиқлаувчи ва у (китоблар) устида гувоҳ бўлган бу Китобни ҳаққирост нозил қилдик» (Моида: 48).

«Ушбу Қуръон Аллоҳдан ўзга биров томонидан тўқилган бўлиши мумкин эмас. Балки, У бутун оламлар Парвардигори томонидан келган ва (ҳақ эканлигига) шак-шубҳа бўлмаган Ўзидан аввалги (Таврот, Инжил каби) нарсаларни тасдиқловчи ва (шариат ҳукмларидан иборат) муфассал Китобдир» (Юнус: 37).

«(Ушбу Қуръон) тўқиб чиқариладиган сўз эмас, балки ўзидан аввалги нарсаларни (яъни самовий китобларни) тасдиқ этувчи, унга иймон келтирадиган қавм учун барча нарсаларни муфассал баён қилиб берувчи ҳидоят ва раҳмат (бўлган бир Китобдир)» (Юсуф: 111).

Муфассирлар айтганлар: «Ўзидан аввалги китобларга гувоҳ ва уларни тасдиқловчи эканининг маъноси – уларда бўлган саҳиҳ-рост гапларни тасдиқлайди, уларга киритиб юборилган тўқима ва ўзгартиришларни рад этади, уларни мансух қилади ё қолдиради, демакдир. Шунинг учун илгариги китобларни қўлда тутган тўғри фикрли ҳар бир инсон Қуръонга бўйсинувчи бўлади, Аллоҳ таоло айтганидек: «Биз (Қуръондан) илгари Китоб (яъни Таврот, Инжил) ато этган зотлар (яъни яҳудий ва насронийлар орасидаги мўминлар) унга (яъни Қуръонга) иймон келтирурлар. Қачонки уларга (Қуръон) тиловат қилинса улар: «Бизлар унга иймон келтирдик. Албатта, у Парвардигоримиз томонидан бўлган Ҳақиқатдир. Шак-шубҳасиз, бизлар (Қуръон нозил бўлишидан) илгари ҳам мусулмонлар (яъни Аллоҳни ягона билиб бўйинсунувчилар) эдик», дерлар» (Қасас: 52, 53).


[1] Табароний «Кабир»да (11/12061) Ибн Аббосдан ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам  Жибрил алайҳиссаломдан: «Микоил нимага (вакил қилинган)? деб сўраганларида «Наботот ва ёмғирга» деб жавоб берди.

[2] Термизий ва Аҳмад Абу Саид ал-Худрийдан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мен қандай роҳатланай, ҳолбуки сур соҳиби сурни оғзига олиб турган ва унга изн берилишини кутиб турган бўлса». (Албоний, «Саҳиҳ»: 1079).

[3] Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад), айтинг: Сизларга вакил қилинган ўлим фариштаси жонларингизни олур, сўнгра Парвардигорингизга қайтарилурсизлар» (Сажда: 11). Бу хусусда Бароъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган узун ҳадис, Мусо алайҳиссалом ўлим фариштасининг кўзини чиқаргани ҳақидаги ҳадис (муттафақун алайҳ) ва бошқа кўплаб ҳадислар мавжуд. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларида уни Азроил деб номлаш келган эмас, валлоҳу аълам.

[4] Аллоҳ таоло айтади: «Ҳолбуки, шак-шубҳасиз сизларнинг устингизда (қилган ҳар бир амалингизни) ёд олиб, ёзиб турувчи улуғ (фаришта)лар бордир. Улар сизлар қилаётган ишларни билурлар» (Инфитор: 10-12), «Зотан ўнг ва чап (томон)да ўтирган икки қабул қилувчи (ёзиб турувчи фаришта инсоннинг айтган ва қилган барча яхши-ёмон сўз-амалларини) қабул қилиб-ёзиб турурлар. У бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса) унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)» (Қоф: 17, 18). Бу бобда кўплаб ҳадислар бор. Жумладан, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ азза ва жалла деди: «Банда агар бир ёмонликни ният қилса, унга (гуноҳ) ёзманглар! Агар ўша (ёмонлик)ни қилса, унга битта ёмонлик (гуноҳини) ёзинглар! Агар бир яхшиликни ният қилса-ю, уни қилмаса, унга бир яхшилик (савобини) ёзинглар! Агар ўша (яхшилик)ни қилса, унга ўнта яхшилик (савобини) ёзинглар!» (Муттафақун алайҳ).

[5] Аллоҳ таоло айтади: «У бандалари устида ғолиб бўлган зотдир. Устингизга (қилган амалларингизни) ёдлаб олувчи фаришталарни элчи қилиб юборур» (Анъом: 61), «Унинг (яъни ҳар инсоннинг) олдида ҳам, ортида ҳам таъқиб қилувчи (фаришталар) бўлиб, улар Аллоҳнинг амри билан уни сақлаб-муҳофаза қилиб турурлар» (Раъд: 11).

[6] Бу бобда Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган (Саҳиҳул Бухорий: 12:438) ҳадисда дўзах посбони Моликнинг зикри келган.

[7] Термизий (1071), Ибн Ҳиббон (Ар-рисала 3117), Ожуррий «Шариат»да (365 бет), Ибн Аби Осим «Сунна»да (864), Байҳақий «Исбату азабил-қабр»да (56) келтирганлар, Албоний иснодини ҳасан санаган.

[8] Аллоҳ таоло айтади: «Уларнинг устида Парвардигорингизнинг аршини у Кунда саккиз (фаришта) кўтариб турур» (Ал-ҳа-аққо: 17). Абу Довуд Жобир розияллоҳу анҳу ривояти билан келтирган (4727) ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аршни кўтариб турувчи Аллоҳнинг фаришталаридан бир фаришта ҳақида сўзлашимга изн берилди, унинг қулоғининг юмшоғидан елкасигача бўлган масофа 700 йиллик йўлдир».

[9] Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Дарҳақиқат, ҳар бирингиз онасининг қорнида қирқ кун ичида «нутфа» (томчи сув) ҳолида жамланади, сўнгра худди шунча муддат ичида «алақа» (лахта қон) ҳолида бўлади, сўнгра худди шунча муддат ичида «музға» (бир парча гўшт) ҳолида бўлади. Сўнгра унга бир фаришта юборилади ва унга шу инсон аҳволи-тақдирига тааллуқли бўлган тўрт нарсани: ризқи, ажали, амали ҳамда бахтсиз ёки бахтли эканини ёзиш фармон қилинади, сўнг унга жон пуркалади» (Муттафақун алайҳ).

[10] Бухорий (3207), Муслим (162) ривоятлари.

[11] Бухорий (6408), Муслим (6289) ривоятлари.

◄◄◄Аввалига қайтиш

Мундарижа

Кейингига ўтиш►►►

 ЮқоригаÎ