Ислом Нури
Китоблар
Ақидага оид 200 савол-жавоб
Шайх Ҳофиз ибн Аҳмад оли Ҳакамий
Ислом Нури таржимаси
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
61-савол: Феълий сифатларига Қуръондан мисоллар борми?
Жавоб: Аллоҳ таоло деди:
«Сўнгра самога юзланди...» (Бақара: 29).
Улар (Қиёмат кунида) боқмайдилар, магар уларга булутдан бўлган соябон остида Аллоҳ ва фаришталар (ҳисоб-китоб учун) келади...» (Бақара: 210).
«Улар Аллоҳни тўғри таний олмадилар! Бутун ер қиёмат кунида Унинг қабзаси – чангали(дадир). Осмонлар эса Унинг қўлига йиғилгандир» (Зумар: 67).
«Эй Иблис, Мен Ўз қўлларим билан яратган нарсага — Одамга сажда қилишдан нима сени ман қилди?!» (Сод: 75).
«Унинг учун лавҳларга (яъни Таврот варақларига) ҳамма нарсани — панд-насиҳат ва барча нарсаларнинг тафсилотини ёзиб қўйдик» (Аъроф: 145).
«Қачонки, Парвардигори у тоққа кўринган эди, уни майда-майда қилиб ташлади» (Аъроф: 143).
«Албатта Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани қилур» (Ҳаж: 18)
62-савол: Феълий сифатларга Суннатдан мисоллар борми?
Жавоб: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
«Раббимиз ҳар кеча туннинг охирги учдан бир бўлаги қолганда дунё осмонига тушади» (Бухорий ва Муслим ривояти).
Шафоат ҳақидаги ҳадисларида: «Шунда Аллоҳ улар танийдиган суратида уларнинг ҳузурига келиб: «Мен Раббингизман» дейди, улар ҳам: «Сен Раббимизсан» дейишади» (Бухорий ва Муслим ривояти).
Бу ҳадисдаги феълий сифатдан мурод Аллоҳнинг келиши, сурати эмас.
«Қиёмат куни Аллоҳ таоло ерни чангалида тутади, осмонлар ҳам Унинг қўлида бўлади, сўнгра айтади: Мен подшоҳман...» (Бухорий ва Муслим ривояти).
«Аллоҳ махлуқотни яратгач, ўз қўли билан: «Албатта Менинг раҳматим ғазабимдан ғолибдир» деб ёзиб қўйди» (Бухорий ва Муслим ривояти).
Одам ва Мусо алайҳимассалом ўзаро баҳс қилганлари ҳақидаги ҳадисда: «Одам деди: Эй Мусо, Аллоҳ сени каломига танлади, сенга Тавротни ўз қўли билан ёзди» (Бухорий ва Муслим ривояти).
Аллоҳнинг каломи ва қўли зотий сифат, сўзлаши зотий ва феълий сифат, Тавротни ёзиши феълий сифатдир.
«Аллоҳ таоло тунда кундузги гуноҳкорларнинг тавбасини қабул қилиш учун қўлини ёзади, кундузи эса тунги гуноҳкорларнинг тавбасини қабул қилиш учун қўлини ёзади» (Муслим ривояти).
Бундан бошқа ҳадислар ҳам мавжуд.
63-савол: Барча феълий сифатлардан исмлар ясаладими ёки Аллоҳнинг барча исмлари тавқифийми (яъни Аллоҳ ва Расулининг хабарларига чекланганми)?
Жавоб: Аллоҳ таолонинг барча исмлари тавқифийдир, У Китобида Ўзини исмлаган ёки Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида исмлаган исмлар билангина исмланади. Аллоҳ таоло Ўзига умумий суратда истеъмол қилган ҳар бир феъл мадҳ ва камолни ифодалайди, бироқ уларнинг ҳаммаси ҳам Аллоҳ Ўзини мутлақ васф қилган сифатлар эмас, уларнинг ҳаммасидан ҳам исмлар чиқариб олинмайди. Балки улардан баъзилари борки, Аллоҳ таоло улар билан Ўзини мутлақ васфлаган: «Аллоҳ сизларни яратган, сўнгра ризқу-рўзингизни берган, сўнгра жонингизни оладиган, сўнгра сизларга (қайта) ҳаёт берадиган зотдир» (Рум: 40) каби ва Ўзини Холиқ (яратувчи), Раззоқ (ризқ берувчи), Муҳйий (тирилтирувчи), Мумийт (ўлдирувчи), Мудаббир (тадбир қилувчи) деб номлаган.
Улардан яна баъзилари борки, Аллоҳ таоло уларни жазо ва муқобала тариқасида Ўзига итлоқ қилган: «Албатта мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўладилар. Ҳолбуки, Аллоҳ уларни «алдаб» қўйувчидир» (Нисо: 142), «(Яҳудийлар) макр қилдилар. Аллоҳ ҳам макр-уларнинг макрларини ибтол қилди. Аллоҳ макар қилувчиларни зўрроғидир» (Оли Имрон: 54) ва «Улар Аллоҳни унутишгач, Аллоҳ ҳам уларни унутди» (Тавба: 67) оятларида келгани каби. Лекин бу феълларни мазкур оятларда келганидан бошқа ўринда Аллоҳга истеъмол қилиб бўлмайди. Аллоҳ таоло макр қилади, алдайди, мазах қилади деб айтилмайди. Шунингдек, Аллоҳ таоло Мокир (макр қилувчи), Муходиъ (алдаб қўювчи), Мустаҳзиъ (мазахловчи) деб исмланмайди, бу нарсани на мусулмон ва на оқил одам айтади. Зотан, Аллоҳ таоло фақат ноҳақ макр, алдов ва масхара қилган кимсаларга жазо тариқасидагина Ўзини макр, алдаш, мазахлаш сифатлари билан сифатлади. Маълумки, бундай ишлар учун адолат билан жазо бериш махлуқлар шаънида ҳам яхши сифат ҳисобланади, шундай бўлгач, адолатли, билимдон ва доно яратувчи шаънида қандай ундай бўлмасин?!
64-савол: Аллоҳнинг Алий, Аъло ва шу маънодаги Зоҳир, Қоҳир, Мутаолий исмлари қандай маънони ўз ичига олган?
Жавоб: Алий, Аъло исми унинг ўзаги бўлган «олийлик» сўзидан олинган, олийликнинг барча маънолари У зотда собит эканини билдиради:
Аллоҳ таоло арши узра юксалганлигининг маъноси: барча махлуқотидан олий, улардан ажралган, уларни кузатиб турувчи, уларнинг ҳар бир ҳолатини билади, илми ҳар бир нарсани қамраб олган, унга ҳеч нарса махфий қолмайди.
Қудратининг олийлиги: Унга бас келувчи, У билан талашиб-тортишувчи, Унга қаршилик кўрсатувчи, Уни тўхтатиб қолувчи йўқ. Балки ҳамма нарса Унинг азаматига – улуғлигига бўйсунган, Унинг иззатига – ғолиблигига таслим бўлган, Унинг кибриёси – улуғворлиги олдида бўйин эгган, Унинг қудрати ва тасарруфи остида, Унинг чангалидан чиқиб кетолмайди.
Шаънининг олийлиги: камолот сифатларининг барчаси Унда собит, У ҳар қандай нуқсондан холи, азза ва жалла, таборака ва таоло.
Олийликнинг мазкур барча маънолари бир-бирига чамбарчас боғлиқ ва бири иккинчисидан асло ажралмайди.
65-савол: Юқорига юксалганлигига Қуръондан далил борми?
Жавоб: Бунга очиқ ва сон-саноқсиз далиллар бор.
Бунга юқоридаги олийлик маъносидаги исмлар ҳам далил бўлади.
Бунга Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари ҳам далил бўлади:
«(У зот) Ўз аршига кўтарилган-ўрнашган Раҳмондир» (Тоҳа: 5).
Қуръоннинг етти жойида келган.
«Ё сизлар осмондаги зот сизларни Ер юттириб юборишидан... хотиржаммисизлар» (Мулк: 16).
«Улар устиларидаги (уларни кузатиб турган) Парвардигорларидан қўрқурлар» (Наҳл: 50).
«(Ҳар бир) хуш сўз Унга юксалур ва яхши амални ҳам (Аллоҳ Ўз даргоҳига) кўтарур» (Фотир: 10).
«Фаришталар ва Руҳ (яъни Жаброил) миқдори-узунлиги эллик минг йил бўлган бир Кунда (яъни Қиёмат Кунида) У зотнинг ҳузурига кўтарилурлар» (Маориж: 4).
«У осмондан ергача бўлган барча ишни тадбир қилиб – бошқариб турур, сўнгра (бу ишларнинг барчаси) сизларнинг ҳисобингизда минг йилга тенг бўладиган бир кунда Унинг Ўзига кўтарилур» (Сажда: 5).
«Эй Ийсо, албатта Мен сени вафот қилдирувчи ва Ўз ҳузуримга кўтарувчиман» (Оли Имрон: 55).
Ва бошқа оятлар.
66-савол: Бунинг Суннатдан ҳам далили борми?
Жавоб: Ҳа, Суннатда ҳам сон-саноқсиз даражада кўп далиллари бор.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
«Арш унинг юқорисида, Аллоҳ аршнинг устида ва У етти қават осмон устидан мулкига ҳукмронлик қилади» (Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ва бошқалар ривояти, заиф ҳадис).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир чўри қизга: «Аллоҳ қаерда?» деб савол берганларида у: «Осмонда» деб жавоб бергач, хожасига: «Уни озод қилавер, у мўмина» деганлар. (Муслим ривояти).
Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг меърожга кўтарилишлари ҳақидаги ҳадислар ҳам бунга далил бўлади.
«Сизларнинг орангизда кечаси бир тоифа, кундузи бир тоифа малоикалар алмашиб турадилар. Улар бамдод ва аср намозлари вақтида жамланишади, сўнг сизларнинг ичингизда тунни ўтказганлари (самога) кўтарилади. (Аллоҳ таъоло) Ўзи яхши билган ҳолда улардан: «Бандаларимни қай ҳолда қўйиб келдинглар?» деб сўрайди. Улар: «Уларни намоз ўқиётган ҳолда тарк қилдик, намоз ўқиётган ҳолларида борган эдик» дейишади.» (Бухорий ва Муслим ривояти).
«Ким бир дона хурмо қийматича нарсани ҳалол-пок касбидан садақа қилса, ваҳоланки Аллоҳ ҳузурига фақат пок нарсагина кўтарилади..» (Бухорий ва Муслим ривояти).
«Агар Аллоҳ таоло самода бир ишга ҳукм қилса, малоикалар Унинг сўзига бўйсунганликдан худди тош устида занжир судралгани каби (овоз чиқариб) қанотларини қоқишади» (Бухорий ривояти).
Бундан бошқа ҳадислар ҳам кўп, жаҳмиялардан бошқа барча мавжудот бунга иқрор бўлган.
67-савол: Салафи солиҳ дин имомлари «истиво» (яъни, Аллоҳ таолонинг арши узра кўтарилгани-ўрнашгани) масаласида қандай фикрда бўлганлар?
Жавоб: Барчалари бир фикрда якдил бўлганлар: Истиво маълум, кайфиятини билиш инсон ақли доирасидан ташқарида, унга иймон келтириш вожиб, у ҳақда сўраш (савол-жавоб қилиш) бидъат, рисолат Аллоҳдан, пайғамбарининг вазифаси етказиш, бизнинг вазифамиз таслим бўлишдир. Аллоҳнинг исмлари ва сифатлари ҳақида сўз юритилган барча оят ва ҳадислар хусусида уларнинг фикрлари шундай: «У (Китоб)га иймон келтирганмиз. Ҳамма оятлари Парвардигоримиз ҳузуридандир» (Оли Имрон: 7), «Аллоҳга иймон келтирдик. Гувоҳ бўлгинки, биз Аллоҳга бўйсунувчилармиз» (Оли Имрон: 52).
68-савол: Қудрати олий-улуғлигига Қуръондан далил борми?
Жавоб: Ҳа, жуда кўп далиллар бор. Аллоҳ таоло деди:
«Унинг Ўзи бандалари устида ғолибдир» (Анъом: 18, 61).
«У зот (айбдан) покдир. У яккаю ягона ва ғолиб Аллоҳдир» (Зумар: 4).
«Бу Кунда подшоҳлик кимникидир? Яккаю ягона ғолиб зот Аллоҳникидир!» (Ғофир: 16).
«(Эй Муҳаммад,) айтинг: «Мен фақат бир огоҳлантирувчидирман холос. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар яккаю ёлғиз ғолиб Аллоҳгина бордир» (Сод: 65).
«Ўрмалаган нарса борки, барчаси У зотнинг қўл остидадир» (Ҳуд: 56).
«Эй жин ва инс жамоаси! Агар сизлар (Аллоҳнинг жазосидан қочиб) осмонлар ва Ер чегараларидан ўтиб кетишга қодир бўлсангизлар, у ҳолда ўтиб кетаверинглар! Сизлар фақат куч-қудрат билангина ўта олурсизлар, (лекин у Кунда сизларда ҳеч қандай куч-қудрат бўлмас)!» (Раҳмон: 33).
Ва бундан бошқа оятлар.
69-савол: Бунга Суннатдан ҳам далил борми?
Жавоб: Суннатда ҳам кўп далиллар бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуоларида айтардилар:
«Сен пешонасидан тутган (яъни, Сенинг салтанатинг остидаги) ҳар бир қимирлаган нарсанинг ёмонлигидан паноҳ беришингни сўрайман» (Муслим ривояти).
«Эй Аллоҳим! Албатта, мен Сенинг қулингдирман. Қулингнинг ўғлиман. Чўрингнинг ўғлиман. Пешонам Қўлингда (яъни, мен Сенинг салтанатинг-ҳукминг остидаман). Ҳукминг менинг устимда жорийдир. Менинг устимда қилган қазоинг (ҳукминг) адолатдир» (Аҳмад ривояти).
«Албатта, Сен ҳукм этасан. Сенинг устингдан ҳукм этилмас. Сен дўст тутган киши хор бўлмас ва Сен душман тутган киши азиз бўлмас» (Насоий, Абу Довуд, Ибн Можа ва бошқалар ривояти).
Ва бошқа кўп ҳадислар.
70-савол: Шаъни улуғлигига далил нима ва нималарни Аллоҳ таолога нисбатламаслигимиз лозим?
Жавоб: Шаънининг улуғлиги - Қуддус, Салом, Кабир, Мутаол ва шу маънодаги исмлар ўз ичига олган ва Унинг камолига ва улуғлигига далолат қилувчи барча сифатлари лозим тутган нарсадир.
У зот ўзининг ягоналигида бошқанинг У билан бирга эгадорлик қилишидан ёки Унга ёрдамчи ва кўмакчи бўлишидан ёки Унинг ҳузурида Унинг изнисиз шафоатчи бўлишидан олий – юқори зотдир.
Ўзининг азамати (буюклиги), кибриёси (улуғлиги), малакути (подшоҳлиги) ва жабарутида (қудратида) бировнинг У билан талашиб-тортишувчи ёки Унга бас келувчи ёки Унга валий (дўст) ва насийр (мададкор) бўлишидан олий – юқори зотдир.
Ўзининг беҳожатлигида умр йўлдоши, фарзанд ва отадан, шунингдек тенги ва ўхшаши бўлишидан олий – юқоридир.
Ўзининг барҳаётлиги ва абадий туришлигида ўлиш, мудраш, ухлаш, чарчаш, заифлашишдан олий – юқоридир.
Илмининг комиллигида ғофиллик ва унутишдан, шунингдек, еру осмонлардаги бирон нарса Унинг илмидан заррача миқдорда чиқиб кетишидан олий – юқоридир.
Ҳикматининг комиллигида бирон нарсани беҳуда яратиб қўйишдан ва халқини буйруқ ва қайтариқсиз, қайта тирилтириш ва жазосиз бекор ташлаб қўйишдан олий – юқоридир.
Адлининг комиллигида бировга заррача миқдорда зулм қилишдан ёки биронтасининг ҳасанотидан бирон нарсани ажр-савобсиз қолдиришдан олий – юқоридир.
Ғиноси – беҳожатлигининг комиллигида таомланиш, ризқланиш ё бировга бирон нарсада муҳтож бўлишдан олий – юқоридир.
Ўзини васф этган ёки Расули Уни васф этган барча сифатларда таътилдан (яъни бирон сифатини йўққа чиқариш) ва тамсилдан (яъни махлуқотларнинг сифатларига ўхшатилишдан) олийдир. У пок, мақтовли, ғолиб, улуғ, баракот эгаси, олий ва муқаддасдир, улуҳияти ва рубубиятига, гўзал исмлари ва олий сифатларига зид келувчи ҳар қандай айбу нуқсондан покизадир: «Осмонлар ва ердаги энг олий сифат Уникидир. У қудрат ва ҳикмат эгасидир» (Рум: 27). Бу хусусда Қуръон ва Суннатдан далил-ҳужжатлар хўп ва кўп, маълум ва машҳурдир.