Ислом Нури
Китоблар
Ақидага оид 200 савол-жавоб
Шайх Ҳофиз ибн Аҳмад оли Ҳакамий
Ислом Нури таржимаси
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
51-савол: Исм ва сифатлар тавҳиди нима?
Жавоб: Аллоҳ таоло Китобида Ўзини сифатлаган ёки пайғамбари Уни васф этган гўзал исмлар ва олий сифатларга иймон келтириш, уларни қандай бўлса ўшандай ҳолича, кайфийятини баҳс этмасдан қабул қилиш. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзининг Каломида кўп ўринларда исм ва сифатларни зикр қилиш билан бирга уларни қандайлигини билиб бўлмаслигини уқтирган ...?
Аллоҳ таоло деди: «У зот уларнинг олдиларидаги (яъни охиратдаги) ва ортларидаги (яъни дунёдаги) бор нарсани билур. Улар эса У зотни била олмаслар» (Тоҳа: 110).
«Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир. У эшитувчи ва кўриб турувчидир» (Шўро: 11).
«Кўзлар унга ета олмас. У кўзларга етар! У меҳрибон ва (ҳар нарсадан) огоҳ зотдир» (Анъом: 103).
Термизий ривоят қилган ҳадисда Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу айтади: Мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Бизга Раббингизнинг насабини баён қилинг» дейишганда Аллоҳ таоло нозил қилди: «(эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «У — Аллоҳ Бирдир. (Яъни, Унинг ҳеч қандай шериги йўқдир. У яккаю ёлғиздир). Аллоҳ (барча ҳожатлар билан) кўзланувчидир (яъни барча ҳожатлар Ундан сўралади, аммо У ҳеч кимга муҳтож эмасдир). У туғмаган ва туғилмагандир (яъни Аллоҳнинг ўғил-қизи ҳам, ота-онаси ҳам йўқдир). Ва ҳеч ким У зотга тенг эмасдир» (Ихлос: 1-4).
52-савол: Аллоҳнинг гўзал исмларига Китоб ва Суннатдан далил борми?
Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Аллоҳнинг гўзал исмлари бордир. Бас, Уни ўша исмлар билан чорланглар (унга дуо қилинглар). Унинг исмларида ҳақдан оғиб (ноўрин жойларда уларни қўллайдиган мушрик) кимсаларни тарк қилинглар» (Аъроф: 180).
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: Аллоҳ, деб чорлангиз, ёки Раҳмон (Меҳрибон), деб чорлангиз. Қандай чорласангизлар-да (бари бирдир). Зеро, У зотнинг гўзал исмлари бордир» (Исро: 110).
«Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Фақат Унинг Ўзи ҳақдир. Унинг учун энг гўзал исмлар бордир» (Тоҳа: 8).
Ва бошқа оятлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳнинг 99 исми бор, ким уларни ихсо қилса (ёддан айтиб чиқса, ёдласа, маъноларини билиб унга амал қилса) жаннатга киради» (Бухорий ва Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуоларида шундай деганлар: «Сенинг учун бўлган ҳар бир исм билан Сендан сўрайманки у исм билан Ўзингни номлагансан ёки уни бирон китобингда нозил қилгансан ёки уни бирон бандангга билдиргансан ёки Ўз олдингдаги ғайб илмида олиб қўйгансан. Шу исмларнинг ҳаммаси билан сўрайман. Қуръонни қалбимнинг баҳори... қилгин» (Аҳмад, Ибн Ҳиббон ва бошқалар ривояти).
53-савол: Қуръонда асмоул-ҳусно (гўзал исмлар)дан мисоллар борми?
Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Албатта, Аллоҳ Алий-энг юксак ва Кабир-буюк бўлган зотдир» (Нисо:34).
«Албатта Аллоҳ Латиф-меҳрибон ва Хобир-огоҳ бўлган зотдир» (Аҳзоб: 34).
«Зотан У Алим-билим ва Қодир-қудрат эгаси бўлган зотдир» (Фотир: 44).
«Албатта, Аллоҳ Самиъ-эшитувчи, Басир-кўрувчи бўлган зотдир» (Нисо: 58).
«Албатта, Аллоҳ Азиз-қудрат ва Ҳаким-ҳикмат эгаси бўлган зотдир» (Нисо: 56).
«Албатта Аллоҳ Ғафур-мағфиратли ва Роҳим-меҳрибон бўлган зотдир» (Нисо: 23, 106).
«Албатта, У зот мўминларга Рауф-марҳаматли, Роҳим-меҳрибондир» (Тавба: 117).
«Аллоҳ Ғаний-беҳожат ва Ҳалиймдир» (Бақара: 263).
«Албатта, У Ҳамид-ҳамду сано эгаси ва Мажид-буюк зотдир» (Ҳуд: 73).
«Албатта, Парвардигорим ҳамма нарсани Ҳафиз-кузатиб турувчидир» (Ҳуд: 57).
«Албатта, Парвардигорим Қориб-яқин ва Мужиб-(дуоларни) ижобат қилувчидир» (Ҳуд: 61).
«Албатта Аллоҳ Роқиб-устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).
«Аллоҳнинг ўзи етарли Вакилдир» (Нисо: 81, 132, 171, Аҳзоб: 3, 48).
«Аллоҳнинг Ўзи етарли Ҳасиб-ҳисоб-китоб қилувчидир» (Нисо: 6, Аҳзоб: 39).
«Аллоҳ ҳамма нарсага Муқит-қодир бўлган зотдир» (Нисо: 85).
«Албатта Аллоҳ барча нарсага Шаҳид-гувоҳдир» (Ҳаж: 17).
«Албатта У зот барча нарсани Муҳит-иҳота қилувчидир» (Фуссилат: 54).
«Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай ҳақ маъбуд йўқ. Фақат Унинг Ўзи ҳақдир. У Ҳай-тирик ва Қайюм-абадий турувчидир» (Бақара: 255, Оли Имрон: 2).
«Аввал ҳам, Охир ҳам, Зоҳир ҳам, Ботин ҳам Унинг Ўзидир. У барча нарсани Алим-билувчидир» (Ҳадид: 3).
«У — Аллоҳ шундай зотдирки, ҳеч қандай барҳақ илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи барҳақдир. (У) ғайб ва шаҳодатни (яъни яширин ва ошкора нарсаларни) Олим-билувчидир. У Раҳмон-меҳрибон ва Раҳим-раҳмлидир. У — Аллоҳ, шундай зотдирки, ҳеч қандай барҳақ илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи барҳақдир. У (ёлғиз) Малик-подшоҳдир, (барча айб-нуқсондан) Қуддус-покдир, Салом-саломатдир, (Ўзи хоҳлаган бандаларини дунё бало-офатлари ва охират азобидан) Муъмин-омон қилувчидир, (бандаларнинг амалларини) Муҳаймин-кўриб-кузатиб турувчидир, Азиз-қудрат соҳибидир, Жаббор-бўйсундирувчидир, (танҳо) Мутакаббир-кибр эгасидир. Аллоҳ уларнинг (мушрикларнинг) ширкларидан покдир. У — Аллоҳ Холиқ-яратувчидир, (йўқдан) Бориъ-бор қилувчидир, (барча нарсага) Мусаввир-сурат-шакл берувчидир. Унинг гўзал исмлари бордир. Осмонлар ва Ердаги бор нарса Унга тасбеҳ айтур. У Азиз-қудрат ва Ҳаким-ҳикмат соҳибидир» (Ҳашр: 22-24).
54-савол: Суннатда асмоул-ҳусно (гўзал исмлар)дан мисоллар борми?
Жавоб: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуоларида шундай дердилар:
«Азим-Улуғ, Ҳалим (меҳрибон) Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Арш эгаси улуғ Аллоҳдан ўзга ҳеч илоҳ йўқ. Осмонлар Рабби, ер Рабби, Арш Рабби бўлган Карим Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ» (Бухорий ва Муслим ривояти).
«Эй Ҳай-мангу ҳаёт ва Қойюм-абадий турувчи Зот! Эй улуғлик ва икром соҳиби! Эй осмонлару ернинг Бадийъ-яратувчиси!» (Абу Довуд, Насоий ва бошқалар ривояти).
«Унинг исми билан ердаги ва осмондаги ҳеч бир нарса зарар етказолмайдиган, Самиъ-Эшитувчи, Алим-Билувчи Зотнинг исми билан (паноҳ сўрайман)». (Термизий, Ибн Можа, Аҳмад ва бошқалар ривояти).
«Олимул ғайби вашшаҳода-Ғайбу ошкорни билувчи, осмонлару ернинг Фотир-яратувчиси, барча мавжудотнинг Рабби ва Малики-подшоҳи бўлган эй Аллоҳ!» (Термизий, Абу Довуд, Насоий ва бошқалар ривояти).
«Етти осмон Рабби, улуғ Аршнинг Рабби, бизнинг Раббимиз ҳамда барча нарсанинг Парвардигори, уруғу донни ёрувчи-яратувчи, Таврот, Инжил ҳамда Фурқон (Қуръон)ни нозил этувчи эй Аллоҳ! Сен пешонасидан тутган (яъни, Сенинг салтанатинг остидаги) ҳар ёмонлик эгасининг ёмонлигидан паноҳ беришингни сўрайман. Эй Аллоҳ! Сен Аввалдирсан ва Сендан олдин ҳеч нарса йўқ! Сен Охирдирсан! Сендан сўнг ҳам ҳеч нарса йўқ. Сен Зоҳирдирсан! Сенинг тепангда ҳеч нарса йўқ! Сен Ботиндирсан! Сендан пастда-яқинда ҳам ҳеч нарса йўқ!» (Муслим ривояти).
«Эй Аллоҳ! Сенга ҳамд бўлсин! Сен осмонлару ер ва улардагиларнинг Нуридирсан. Сенга ҳамд бўлсин. Сен осмонлару ер ва улардагиларни Қайюм-тутиб турувчидирсан!» (Бухорий ривояти)
«Эй Аллоҳ! Мен Сендан ўзга илоҳ йўқ деб, Сен Ёлғиз, шериксиз, туғмаган ҳам, туғилмаган ҳам ва ҳеч бир тенги бўлмаган Самад - беҳожат Зотлигингга гувоҳлик келтирганим ҳолда сўрайман» (Абу Довуд, Термизий, Аҳмад ва бошқалар ривояти).
«Эй қалбларни буриб қўйувчи зот!» (Термизий, Аҳмад ва бошқалар ривояти).
Булардан бошқа ҳам кўп ҳадислар мавжуд.
55-савол: Аллоҳнинг гўзал исмларидан ҳар бири неча хил нарсага далолат қилади?
Жавоб: Уч турли нарсага: Зотининг айнан ўзига (мутобиқ равишда) далолат қилади, ўз зимнида бўлган (яъни маъносини ўз ичига олган) сифатга (зимний) далолат қилади, ундан иштиқоқ қилинмаган, бироқ айни исм эгасида бўлиши лозим бўлган бошқа сифатларга (лузумий) далолат қилади.
56-савол: Бунга мисол айта оласизми?
Жавоб: Масалан, Раҳмон ва Раҳим исмлари исм эгасининг зотига, яъни Аллоҳ азза ва жалланинг ўзига айнан (мутобиқ равишда) далолат қилади. Шу билан бирга бу исмларнинг ўзаги бўлган «раҳмат» сўзининг зимнидаги раҳмдиллик сифатига (зимний) далолат қилади. Шунингдек, бу ўзакдан ажралиб чиқмаган, бироқ ушбу исм эгасида бўлиши лозим бўлган – тириклик, қудрат каби сифатларга ҳам далолат қилади. Бошқа исмлар ҳам айни шундай. Махлуқларда эса ундай эмас. Мисол учун, бир одамнинг исми Ҳаким бўлгани ҳолда ўзи жоҳил бўлиши, исми Азиз бўлгани ҳолда ўзи хор бўлиши, исми Шариф (шарафли) бўлгани ҳолда ўзи тубан бўлиши, исми Саид (бахтли) бўлгани ҳолда ўзи бахтсиз бўлиши, исми Солиҳ бўлгани ҳолда ўзи ярамас бўлиши, исми Асад (шер) бўлгани ҳолда ўзи қуёнюрак бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло эса Ўзини қандай васф этган бўлса, айни шундайдир.
57-савол: Гўзал исмлар ўз мазмунига далолат қилиши жиҳатидан неча қисмга бўлинади?
Жавоб: Тўрт қисмга:
1- Гўзал исмлар маъноларининг барчасини ўз ичига олувчи атоқли от – АЛЛОҲдир. Шунинг учун исмларнинг барчаси унга сифат бўлиб келади: «У — Аллоҳ Холиқ-яратувчидир, Бориъ-(йўқдан) бор қилувчидир, (барча нарсага) Мусаввир-сурат-шакл берувчидир» (Ҳашр: 24) оятида келгани каби. Бироқ, у бошқа исмларга ҳеч тобе бўлиб келмаган.
2- Аллоҳнинг зотидаги сифатни ўз зимнига – ичига олган исмлар. Мисол учун, Аллоҳ таолонинг Самиъ (эшитувчи) исми Унинг хоҳ махфий, хоҳ ошкор, барча овозларни эшитиш сифатини ўз ичига олган. Басир (кўрувчи) исми Унинг каттаю кичик барча кўрилувчи нарсаларни кўриш сифатини ўз ичига олган. Алийм (билувчи) исми «Осмонлар ва ердаги бир зарра мисқоличалик, ундан ҳам кичик (ёки) катта бирон нарса Ундан махфий бўлмайдиган» (Сабаъ: 3), ҳамма нарсани қамраб олган илмини ўз ичига олган. Қодийр (қудратли) исми бор қилиш, йўқ қилиш ва бошқа барча ишларга қодирлигини ўз ичига олган.
3- Аллоҳ таолонинг феълий сифатини ўз зимнига олган исмлар: Холиқ (яратувчи), Розиқ (ризқ берувчи), Бориъ (йўқдан бор қилувчи), Мусоввир (сурат-шакл берувчи) каби.
4- Аллоҳ таолонинг муқаддаслигини, барча нуқсондан поклигини ўз зимнига олган исмлар: Қуддус, Салом каби.
58-савол: Гўзал исмлар Аллоҳ азза ва жаллага итлоқ қилиниши (истеъмол қилиниши, қўлланиши) жиҳатидан неча қисмга бўлинади?
Жавоб: Мазкур исмлардан ёлғиз ҳолда ёки бошқаси билан қўшилиб туриб, Аллоҳга нисбатан қўлланадиганлари бор: Аллоҳнинг комиллик сифатини ўз ичига олувчи Ҳай (тирик), Қайюм (абадий турувчи), Аҳад (ягона), Сомад (беҳожат) ва бошқалар каби.
Улардан фақат ўзининг муқобили билан қўшилиб, Аллоҳга нисбатан қўлланадиганлари ҳам борки, ёлғиз ҳолда айтилса, нуқсонли сифатни ифодалаши мумкин: Зоррун ва Нофеъ (зарар берувчи ва фойда етказувчи), Хофиз ва Рофеъ (пастлатувчи ва юксалтирувчи), Муътий ва Монеъ (ато этувчи ва ман қилувчи), Муъиз ва Музил (азиз қилувчи ва хор қилувчи) каби. Зоррун, Хофиз, Монеъ ва Музил исмларини ёлғиз ҳолда истеъмол қилиш жоиз эмас, улардан биронтаси Қуръонда ҳам, Суннатда ҳам ёлғиз ҳолда имтеъмол қилинмаган. Аллоҳ таолонинг Мунтақим (интиқом олувчи) исми ҳам шу жумладан бўлиб, Қуръонда у ўзи тааллуқли бўлган бошқа сўз билан қўшилибгина истеъмол қилинган: «Албатта Биз ундай жиноятчи кимсалардан интиқом олувчидирмиз» (Сажда: 22) каби. Ёки мазкур калиманинг ўзагига «соҳиби» сўзини қўшиб истеъмол қилинган: «Аллоҳ қудрат эгаси ва интиқом соҳибидир» (Оли Имрон: 4, Моида: 95) каби.
59-савол: Аллоҳ таолонинг зотий ва феълий сифатлари бор, дейилди. Зотий сифатларига Қуръондан мисол келтира оласизми?
Жавоб: Аллоҳ таоло деди:
«Йўқ! У зотнинг икки қўли очиқдир» (Моида: 64).
«Барча нарса ҳалок бўлувчидир, магар Унинг Юзигина (яъни, ўзигина мангудир)» (Қасас: 88).
«Буюклик ва карам соҳиби бўлган Парвардигорингизнинг Юзи — Ўзигина боқий мангу қолур» (Раҳмон: 27).
«У зот нақадар кўрувчи, эшитувчидир!» (Каҳф: 26).
«Шак-шубҳасиз Мен сизлар билан биргаман – эшитиб, кўриб турурман» (Тоҳа: 46).
«У зот уларнинг олдиларидаги (яъни охиратдаги) ва ортларидаги (яъни дунёдаги) бор нарсани билур. Улар эса У зотни била олмаслар» (Тоҳа: 110).
«Мусо билан Аллоҳнинг Ўзи (бевосита) гаплашди» (Нисо: 164).
«Эсланг, Парвардигорингиз Мусога нидо қилиб: «У золим қавмга боргин» (деган эди)» (Шуъаро: 10).
«(Шунда) уларга Парвардигорлари нидо қилиб: «Сизларни бу дарахтдан қайтармаганмидим ва албатта шайтон сизларнинг очиқ душманингиз демаганмидим?!»,(деди)» (Аъроф: 22).
«(Аллоҳ) уларга нидо қилиб: «Пайғамбарларимга нима жавоб қилган эдинглар?» дейдиган кунда» (Қасас: 65).
Булардан бошқа оятлар ҳам мавжуд.
60-савол: Зотий сифатларга Суннатдан ҳам мисоллар борми?
Жавоб: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
«Унинг пардаси нурдир, агар уни очиб юборса Юзининг нури бутун махлуқотини куйдириб юборган бўларди» (Муслим ва Ибн Можа ривояти).
«Аллоҳнинг ўнг қўли лиммо-лим, кечаю кундуз тўхтовсиз инфоқ қилиши уни камайтиролмайди. Осмонлару ерни яратганидан бери қанча инфоқ қилганини кўрдингларми? Бу эса У зотнинг ўнг қўлидагини камайтиролмади. Унинг арши сув узрадир, бошқа қўлида файз (бандаларнинг ризқини) кўтариб тушириб туради.» (Бухорий ва Муслим ривояти).
Дажжол ҳақидаги ҳадисларида: «Албатта, Аллоҳ сизларга махфий қолмайди. Албатта, Аллоҳ ғилай (бир кўзи мажруҳ) эмас», деб қўллари билан кўзларига ишора қилдилар (яъни Аллоҳнинг кўзи борлигига ишора қилдилар) (Бухорий ва Муслим ривояти).
Истихора қилишни ўргатган ҳадисларида: «Парвардигоро! Мен Сенинг илминг билан Сендан истихора қиламан - яхшиликни сўрайман. Сенинг қудратинг билан Сендан қудрат-қодирлик тилайман. Сендан улуғ фазлинг билан сўрайман. Сен Қодирсан, мен қодир эмасман. Сен (ҳамма нарсани) билувчисан, мен билувчи эмасман. Сен ғайбларни-да билувчидирсан» (Бухорий ривояти).
«Сизлар кар ва ғойиб зотга дуо қилмаяпсиз, эшитувчи, кўрувчи, яқиндаги зотга дуо қилаяпсиз» (Бухорий ва Муслим ривояти).
«Аллоҳ агар бир ишнинг хабарини беришни истаса, ваҳий билан гапиради» (Бухорий ривояти).
Қайта тирилиш ҳақидаги ҳадисларида: «Аллоҳ таоло: «Эй Одам!» деб хитоб қилади, шунда Одам: «Лаббай», деб жавоб беради» (Бухорий ва Муслим ривояти).
Қиёмат мавқифида Аллоҳ таоло бандаларига гапириши, жаннат аҳлига гапириши тўғрисида сон-саноқсиз ҳадислар бор.