Ислом Нури
Китоблар
Ақидага оид 200 савол-жавоб
Шайх Ҳофиз ибн Аҳмад оли Ҳакамий
Ислом Нури таржимаси
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
41-савол: Иймоннинг тафсилида у 6 аркон билан таърифланишига далил борми?
Жавоб: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жибрийл алайҳиссаломнинг: «Менга иймон ҳақида хабар беринг» деган саволларига: «Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтириш, қадарнинг яхшисига ва ёмонига ишониш» деб жавоб берганлар. (Муслим ривояти).
42-савол: Бунинг Қуръондан далили борми?
Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Юзларингизни Машриқ ва Мағриб томонларига бураверишингиз яхшилик эмас, балки Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга иймон келтирган... кишилар яхши кишилардир» (Бақара: 177).
«Албатта Биз ҳар бир нарсани қадар (аниқ ўлчов) билан яратдик» (Қамар: 49).
Иншоаллоҳ, ҳар бирининг далилини алоҳида келтирамиз.
43-савол: Аллоҳ азза ва жаллага иймон келтиришнинг маъноси нима?
Жавоб: Илгари ҳам ўхшаши ўтмаган, бундан кейин ҳам бўлмайдиган, Ундан аввал бирон нарса бўлмаган Аввал, Ундан кейин бирон нарса бўлмаган Охир, Ундан юқорида бирон нарса бўлмаган Зоҳир, Ундан паст-яқинроқ бирон нарса бўлмаган Ботин, Тирик, Абадий турувчи, Ягона, Беҳожат, туғмаган ва туғилмаган, ҳеч ким Унга тенг бўлолмайдиган зот бўлмиш Аллоҳ таолонинг борлигини чин кўнгилдан қатъий тасдиқлаш ҳамда Уни улуҳияти, рубубияти, исмлари ва сифатларида ёлғиз билиш демакдир.
44-савол: Улуҳият тавҳиди – яъни Аллоҳни улуҳиятида ёлғиз билиш қандай бўлади?
Жавоб: Сўздаги ва амалдаги зоҳирий ва ботиний ибодат турларининг ҳаммасини ёлғиз Аллоҳ азза ва жалланинг Ўзига чеклаш ва Аллоҳдан ўзга ҳеч кимни, ким бўлишидан қатъий назар, ибодатга сазовор деб билмасликдир.
Аллоҳ таоло деди: «Парвардигорингиз ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишларингизга... амр этди» (Исро:23).
«Аллоҳга бандалик қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар!» (Нисо: 36).
«Дарҳақиқат Мен Аллоҳдирман. (Ҳеч қандай ҳақ) илоҳ йўқ, фақат Мен ҳақдирман. Бас, сен Менгагина ибодат қил ва Мени зикр қилиш учун намозни тўкис адо қил!» (Тоҳа: 14).
Ва бошқа оятлар.
45-савол: Улуҳият тавҳидининг зидди нима?
Жавоб: Унинг зидди ширк бўлиб, у икки хил – катта ва кичик ширкка бўлинади.
46-савол: Катта ширк нима?
Жавоб: Банда Аллоҳдан бошқа бирон нарсани У зотга тенг деб кўриши ва уни Аллоҳни яхши кўргандек яхши кўриши, ундан Аллоҳдан қўрққандек қўрқиши, унга илтижо ва дуо қилиши, (азобидан) қўрқиши ва (мукофотидан) умидвор бўлиши, унга интилиши, унга таваккул қилиши, Аллоҳга маъсият қилган ҳолида унга итоат қилиши, унга Аллоҳ рози бўлмайдиган нарсада эргашиши ва шу кабилар.
Аллоҳ таоло деди: «Албатта Аллоҳ ўзига (бирон нарса ё кимсанинг) шерик қилинишини кечирмайди. Шундан бошқа гуноҳларни ўзи хоҳлаган бандалари учун кечиради. Кимки Аллоҳга ширк келтирса, демак, жуда қаттиқ йўлдан озибди» (Нисо: 116).
«Ким Аллоҳга (бирор кимса ёки нарсани) шерик келтирса, бас, у буюк гуноҳни тўқиб чиқарибди» (Нисо: 48).
«Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзах бўлур» (Моида: 72).
«Ким Аллоҳга ширк келтирса бас, у осмондан қулагану, уни (бирон ваҳший) қуш (ўлжа қилиб) олиб кетган ёки (қаттиқ) шамол йироқ жойларга учириб кетган кабидир» (Ҳаж: 31).
Ва бошқа оятлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳнинг бандалар устидаги ҳаққи – Унга ибодат қилишлари ва Унга бирон нарсани шерик қилмасликлари, бандаларнинг Аллоҳдаги ҳақлари – Унга бирон нарсани ширк келтирмаган кишини азобламаслигидир» (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Ушбу ширкни қилиб диндан чиқишда Макка кофирлари каби уни ошкор қилувчилар ҳам, тилларида Исломни зоҳир қилиб, дилларида куфрни яширган мунофиқлар ҳам баробардирлар.
Аллоҳ таоло деди: «Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг тубан жойида бўлурлар. Ва улар учун бирон мададкор топа олмайсиз! Магар тавба қилиб ўзларини ўнглаган ва Аллоҳга боғланиб, динларини Аллоҳ учун холис қилган зотлар — ана ўшаларгина мўминлар билан бирга бўлурлар» (Нисо: 145, 146).
Ва бошқа оятлар.
47-савол: Кичик ширк нима?
Жавоб: Аллоҳ таоло учун қилинган амалга риёнинг аралашишидир.
Аллоҳ таоло деди: «Ким Парвардигорига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорига бандалик қилишда бирон кимсани (унга) шерик қилмасин! (Яъни, қиладиган барча амалларини ёлғиз Аллоҳ учун қилсин)». (Каҳф: 110).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизлардан кичик ширк содир бўлиб қолишидан қаттиқ қўрқаман» дедилар, кичик ширк нималигини сўрашганда: «Риё» деб жавоб бердилар. Сўнг буни қуйидаги сўзлари билан изоҳладилар: «Бир киши туриб намоз ўқийди, бошқа бировнинг унга қараб турганини кўриб, намозини чиройли қилади». (Аҳмад, Байҳақий ва бошқалар ривояти).
Аллоҳдан бошқа номига қасам ичиш, чунончи, ота-боболарга, бутларга, Каъбага, омонатга ва шу кабиларга қасам ичиш ҳам шу жумлага киради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «На оталарингиз, на оналарингиз ва на бутлар билан қасам ичмангиз». (Абу Довуд, Насоий ва бошқалар ривояти).
««Каъбага қасам» деманглар, балки «Каъбанинг Раббига қасам» денглар». (Аҳмад, Табароний ва бошқалар ривояти).
«Аллоҳдан бошқа билан қасамёд қилманглар!» (Абу Довуд, Насоий ва бошқалар ривояти).
«Омонатга қасамёд қилган одам биздан эмас» (Абу Довуд, Аҳмад ва бошқалар ривояти).
«Аллоҳдан бошқа билан қасам ичган одам (кичик куфр билан) кофир бўлибди ёки (кичик ширк билан) мушрик бўлибди» (Абу Довуд, Термизий ва бошқалар ривояти).
«Аллоҳ хоҳласа ва сиз хоҳласангиз» деган ибора ҳам шу жумладандир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларига шундай деган одамга: «Мени Аллоҳга тенг қилдингми?! Йўқ, фақат Аллоҳ ўзи хоҳласа», деганлар. (Бухорий «Ал-Адаб ул-Муфрад»да, Аҳмад, Насоий ва бошқалар ривояти).
«Аллоҳ ва сиз бўлмаганингизда», «Аллоҳдан ва сиздан бошқасига ҳожатим йўқ», каби сўзлар ҳам шу жумладандир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ хоҳласа ва фалончи хоҳласа деманглар, балки Аллоҳ хоҳласа, сўнг фалончи хоҳласа денглар». (яъни, “ва” ўрнига “сўнг” ишлатилади) (Абу Довуд, Насоий, Аҳмад ва бошқалар ривояти).
Аҳли илмлар: «Аллоҳ ва фалончи бўлмаганида» дейиш жоиз эмас, лекин «Аллоҳ, сўнгра фалончи бўлмаганида» дейиш жоиз, дейдилар.
48-савол: Мазкур иборалардаги «ва» билан «сўнгра» ўртасида нима фарқ бор?
Жавоб: «Ва» боғловчиси билан боғлашлик биргалик ва тенгликни тақозо этади. «Аллоҳ хоҳласа ва сиз хоҳласангиз» деган одам банданинг хоҳишини Аллоҳнинг хоҳиши билан тенглаштирган ва бир ўринга қўйган бўлади. «Сўнгра» боғловчиси билан боғлашлик эса бирин-кетинлик ва эргашишни тақозо этади. «Аллоҳ хоҳласа, сўнгра сиз хоҳласангиз» деган одам банданинг хоҳиши Аллоҳ таолонинг хоҳишига тобеъ ва У зотнинг хоҳишидан кейин туришини эътироф этган бўлади. Аллоҳ таоло айтганидек: «(Эй инсонлар), сизлар фақат Аллоҳ хоҳлаган вақтдагина хоҳларсизлар» (Инсон: 30).
49-савол: Рубубият тавҳиди – яъни Аллоҳни рубубиятида ёлғиз билиш қандай бўлади?
Жавоб: Аллоҳ таоло ҳамма нарсанинг Рабби, Эгаси, Холиқи, Тадбир қилувчиси, Тасарруф қилувчисидир, Мулк-эгадорликда Унинг шериги йўқ, У ҳеч кимга хор-зор бўлмайдиган зот, Унинг буйруғини рад қилувчи, Унинг ҳукмини бекор қилувчи йўқ, тенги ҳам, ўхшаши ҳам, номдоши ҳам йўқ, Унинг рубубияти ўз ичига олган маъноларнинг ва Унинг исмлари ва сифатлари тақозо этган нарсаларнинг биронтасида Унинг рақиби йўқ, деб қатъий иқрор бўлишдир.
Аллоҳ таоло деди: «Ҳамду сано осмонлар ва Ерни яратган, зулматлар ва нурни таратган Аллоҳ учундир» (Анъом: 1) ушбу сура аввалидан охиригача рубубият тавҳидига далолат қилади.
«Ҳамду сано бутун оламлар ҳожаси, меҳрибон ва раҳмли, жазо (Қиёмат) Кунининг эгаси — подшоҳи бўлмиш Аллоҳ учундир» (Фотиҳа:1-4).
«(эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтинг (қавмингиздан сўранг): «Осмонлар ва Ернинг Парвадигори ким?» «Аллоҳ», деб жавоб қилинг (чунки улар бундан бошқа жавоб топа олмайдилар. Улардан): «Бас, Ўша (Аллоҳни) қўйиб, (ўзгалар эмас, ҳатто) ўзларига ҳам фойда-зиён етказишга қодир бўлмайдиган бутларни ушлаб олдингизми?» деб сўранг. Яна айтингки, «Кўр (гумроҳ) билан кўрувчи (ҳақ йўлга ҳидоят топган киши) баробар бўлурми? Ёки зулматлар билан нур баробар бўлурми?» Ё улар Аллоҳ яратгани каби ярата оладиган бутларни У зотга шерик қилишиб олиб, сўнгра уларга яратилган нарсалар (Аллоҳ яратганми ёки сиғинаётган бутлари яратганми экани) номаълум бўлиб қолдими? Айтинг: «Аллоҳ барча нарсани яратувчидир ва У танҳо ғолибдир». (Раъд: 16).
«Аллоҳ сизларни яратган, сўнгра ризқу-рўзингизни берган, сўнгра жонингизни оладиган, сўнгра сизларга (қайта) ҳаёт берадиган зотдир. Сизлар (сиғинаётган) бутларингиз орасида мана шуларнинг биронтасини қила оладиган кимса борми?! (Аллоҳ) уларнинг ширкларидан пок ва юксакдир» (Рум: 40).
«Булар Аллоҳ яратган нарсалардир. Энди (эй мушриклар,) сизлар Менга Ундан ўзга «худолар» нималарни яратганини кўрсатинглар-чи!» (Луқмон: 11).
«Балки улар ҳеч нарсадан (яъни, Яратувчисиз) яралиб қолгандирлар?! Ёки улар ўзлари яратувчимиканлар-а?! Балки осмонлар ва Ерни ҳам улар яратгандирлар?! Йўқ, улар ишонмаслар!» (Ват-Тур: 35, 36).
«У осмонлар, ер ва уларнинг орасидаги бор нарсаларнинг ҳожасидир. Бас, сиз Унга ибодат қилинг ва бу ибодатда сабр-тоқатли бўлинг! Унинг учун бирон «тенг»ни билурмисиз?! (Йўқ! Билмассиз!)» (Марям: 65).
«Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир. У эшитувчи ва кўриб турувчидир» (Шўро: 11).
««Ҳамду сано бола-чақа қилмаган, подшоҳлик-илоҳликда шериги йўқ, хор-зорликдан (қутқарувчи) дўсти-ёрдамчиси бўлмаган (яъни, ҳеч кимга хор-муҳтож бўлмайдиган) зот - Аллоҳ учундир», деб айтинг ва У зотни мудом улуғланг!» (Исро: 111).
«(Эй Муҳаммад, мушрикларга) айтинг: «Сизлар Аллоҳдан ўзга (илоҳлар) деб гумон қилган бутларингизга дуо-илтижо қилаверинглар-чи, (улар сизларга ижобат қила олармиканлар)! Улар на осмонларда ва на ерда бир зарра вазнича (нарса)га эга эмасдирлар ва улар учун (осмонлар ва ерда Аллоҳга) шериклик ҳам йўқдир ҳамда (Аллоҳ) учун улардан бирон ёрдамчи ҳам йўқдир. (Аллоҳ) ҳузурида фақат Унинг Ўзи изн берган кишиларгагина шафоат-оқлов фойда берур (яъни ана ўша зотларгина шафоатга эришурлар, ё ўзгаларни шафоат қила олурлар). Қачонки (Парвардигор ваҳйдан бирон нарсани сўзласа, самовот аҳли-фаришталар буни эшитишса, унинг ҳайбатидан дилларига қўрқув тушади) дилларидан қўрқув кетказилгач улар (бир-бирларига): «Парвардигорингиз нима деди», деб (савол қилишади), «Ҳақни (айтди), У юксак ва буюк зотдир», дейишади» (Сабаъ: 22, 23).
50-савол: Рубубият тавҳидининг зидди нима?
Жавоб: Бор қилиш ё йўқ қилиш, ҳаёт бахш этиш ё вафот топтириш, яхшиликни келтириш ё ёмонликни кетказиш каби рубубият маъноларидан бўлмиш борлиқ ишларидан бирон ишнинг тадбирида Аллоҳ азза ва жалла билан бирга бошқа бирон тасарруф қилувчи зот ҳам бор деб эътиқод қилиш ёки У зотнинг ғайбни билиш, буюклик ва кибриё каби исм ва сифатлари тақозо этган маъноларда рақиби бор деб эътиқод қилишдир.
Аллоҳ таоло деди: «Аллоҳ одамлар учун не бир раҳмат-марҳаматни очиб қўйса, бас уни ушлаб-тўсиб қолувчи бўлмас ва нени ушлаб қолса, бас У зот (ушлаб қолгани)дан сўнг у (нарсани бандаларга) бирон юборувчи бўлмас. У қудрат ва ҳикмат эгасидир. Эй инсонлар, сизларга Аллоҳ ато этган сон-саноқсиз неъматни эслангиз! Сизларга осмону заминдан ризқу-рўз берадиган Аллоҳдан ўзга биронта яратувчи борми?! Ҳеч бир (барҳақ) илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзигина (барҳақ) дир» (Фотир: 2, 3).
«Агар Аллоҳ сизга бирон зиён етказса, уни фақат Ўзигина кетказа олур. Агар сизга бирон яхшилик (етказишни) ирода қилса, Унинг фазлу марҳаматини қайтара олувчи йўқдир» (Юнус: 107).
«Айтинг: «Энди хабар беринглар-чи, сизлар Аллоҳни қўйиб дуо-илтижо қилаётган бутларингиз – агар Аллоҳ менга бирон зиён етказишни истаса, ўша (бутлар) У зотнинг зиёнини арита олувчимилар? Ёки (Аллоҳ) менга бирон марҳамат қилишни ирода қилса, ўша (бутлар) У зотнинг марҳаматини ушлаб қолувчимилар?!» Айтинг: «Менга Аллоҳнинг Ўзи етарлидир. Таваккул қилувчи – суянувчи зотлар ёлғиз Унга таваккул қилурлар» (Зумар: 38).
«Ғайб хазиналари Унинг ҳузуридадирким, уларни ёлғиз Ўзигина билур» (Анъом: 59).
«Айтинг: «Осмонлар ва ердаги бирон кимса ғайбни билмас, магар Аллоҳгина (билур)»» (Намл: 65).
«Ва улар У зотнинг илмидан фақат Ўзи истаган нарсаларнигина биладилар» (Бақара: 255).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ таоло айтди: Азамат (буюклик) менинг изорим, кибриё (улуғворлик) эса ридоимдир, ким улардан бирортасини мендан тортиб олмоқчи бўлса, мен дўзахимни унга маскан қиламан». (Муслим ривояти).