Ислом Нури

 

Китоблар

 

Ақидага оид 200 савол-жавоб

 Шайх Ҳофиз ибн Аҳмад оли Ҳакамий

Ислом Нури таржимаси

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

 

31-савол: Намоз ва закот (Исломнинг рукнларидан экани)нинг далили нима?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Энди агар тавба қилсалар ва намозни тўкис адо қилишиб, закотни берсалар, уларнинг йўлларини тўсмангиз!» (Тавба: 5)

 «Энди агар тавба қилсалар ва намозни тўкис адо этишиб, закотни (ҳақдорларга) ато қилсалар, у ҳолда диний биродарингиздирлар» (Тавба: 11).

 «Ҳолбуки улар фақат ягона Аллоҳга, у зот учун динни холис қилган Тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни тўкис адо этишга ҳамда закотни (ҳақдорларга) ато этишга буюрилган эдилар» (Баййина: 5).

Ва бошқа оятлар.

 

32-савол: Рўзанинг далили нима?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди» (Бақара: 183).

 «Сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин» (Бақара: 185).

Бир аъробий: «Аллоҳ менга фарз қилган рўзадан хабар беринг» деганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Рамазон ойининг рўзаси, бироқ истасанг ихтиёрий-нафл рўза тутишинг мумкин» деб жавоб берганлар. (Бухорий ривояти).

 

33-савол: Ҳажнинг далили нима?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун комил суратда адо қилинг!» (Бақара: 196).

 «Йўлга қодир бўлган кишилар зиммасида Аллоҳ учун мана шу уйни ҳаж-зиёрат қилиш бурчи бордир» (Оли Имрон: 97).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ таоло сизларга ҳажни фарз қилди» (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

«Ислом беш асос устига қурилган... Қодир бўлган киши Байт “Каъба”ни ҳаж қилиши» (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Ва бошқа ҳадислар.

 

34-савол: Булардан биронтасини инкор қилган ёки иқрор бўлса-да, такаббурлик билан юз ўгирган кишининг ҳукми нима бўлади?

Жавоб: Иблис ва Фиръавн каби бошқа мутакаббир ва инкор қилувчилардек кофир деб эътибор қилинади ва қатл қилинади.

 

35-савол: Буларга иқрор бўлган, кейин қандайдир ялқовлик ёки бошқача таъвил билан амални тарк қилган кишининг ҳукми нима бўлади?

Жавоб: Бундай сабаб билан намозни вақтидан кечиктирган одамдан тавба қилиш талаб қилинади, тавба қилса қилди, йўқса унинг жазоси ўлим бўлади.

 «Энди агар тавба қилсалар ва намозни тўкис адо қилишиб, закотни берсалар, уларнинг йўлларини тўсмангиз!» (Тавба: 5).

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мен одамлар билан то улар «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад Унинг расулидир» деб гувоҳлик бермагунларича ва намозни барпо қилиб, закотни адо этмагунларича жанг қилишга буюрилдим...» (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Закотни беришдан бўйин товлаган одам агар шон-шавкат эгаси бўлмаса, имом (халифа) ундан зўрлик билан ундириб олади ва уни молининг бир қисмини олиб қўйиш билан жазолайди. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким уни (закотни) ман қилса, биз уни албатта оламиз ва у билан бирга молининг ярмини олиб қўямиз». (Аҳмад, Абу Довуд, Насоий ва бошқалар ривояти).

Агар шон-шавкат ва куч-қудрат эгаси бўлган жамоат бўлса, юқоридаги оят ва ҳадислар мазмунига кўра, имом уларга қарши то закотни бермагунларича уруш қилиши лозим бўлади. Абу Бакр ва саҳобалар розияллоҳу анҳум шундай қилганлар.

Рўзани тарк қилган одам ҳақида бирор ҳукм келмаган. Лекин халифа ёки унинг ноиби ундайларга зажр (огоҳлантирув) бўларли чоралар кўради.

Ҳаж – банда умрининг охиригача адо этиши мумкин бўлган фарз бўлиб, то вафотигача ҳам унинг вақти ўтган ҳисобланмайди. Бироқ уни ҳам имкон қадар тезроқ адо этишга шошилиш лозим. Унга бепарволик билан қараганларга охиратда азоблар борлиги айтилган, аммо дунёда хос бир жазо қўлланилмайди.

 

36-савол: Иймон нима?

Жавоб: Иймон – сўз ва амалдир, қалб ва тилнинг сўзи ҳамда қалб, тил ва аъзоларнинг амалидир, тоат билан зиёда бўлади, маъсият билан камаяди, бу хусусда иймон аҳли бир-биридан фарқли бўлади.

 

37-савол: Иймоннинг сўз ва амал эканига далил нима?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Лекин Аллоҳ сизларга  иймонни суюкли қилди ва уни дилларингизга чиройли кўрсатди» (Ҳужурот: 7).

 «Бас, Аллоҳга ва Унинг элчисига иймон келтирингиз» (Аъроф: 158).

Бу – банда усиз динга киролмайдиган икки шаҳодатнинг маъносидир, у эътиқод жиҳатидан қалбнинг амали, нутқ жиҳатидан тилнинг амалидир, бири бошқасисиз фойда бермайди.

Аллоҳ таоло деди: «Аллоҳ иймонларингизни (яъни, қибла ўзгаришидан аввал Байтул Мақдисга қараб ўқиган намозларингизни) зое қилувчи эмас». (Бақара: 143). Ушбу оятда Аллоҳ таоло намозни иймон деб атади, намоз қалб, тил ва бадан аъзолари амалидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жиҳодни, Қадр кечасида ибодат билан бедор бўлишни, Рамазондаги рўза ва тунги намозни, беш вақт намозни адо этишни ва шу каби бошқа амалларни иймондан деб санадилар. У зотдан: «Энг афзал амал қайси?» деб сўралганда «Аллоҳ ва Расулига иймон келтириш», деб жавоб бердилар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

 

38-савол: Иймоннинг зиёда бўлиши ва камайишига далил нима?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «У (Аллоҳ) ўз иймон-ишончларига яна ишонч қўшишлари учун мўминларнинг дилларига сакинат-ором туширган зотдир» (Фатҳ: 4).

«Дарҳақиқат, улар Парвардигорларига иймон келтирган ва Биз иймонларини зиёда қилган йигитлардир» (Каҳф: 13).

«Аллоҳ ҳақ йўлдаги кишиларга яна ҳидоятни зиёда қилур» (Марям: 76).

«Ҳидоят топган зотларга эса (Аллоҳ) яна ҳидоятни зиёда этур» (Муҳаммад: 17).

«Токи иймон келтирган зотларнинг иймонлари янада зиёда бўлгай» (Муддассир: 31).

«Бас, у (сура) иймон келтирган зотларнинг иймонларини албатта зиёда қилур» (Тавба: 124).

«Ундай зотларга айрим кимсалар: «Қурайш одамлари сизларга қарши (саноқсиз лашкар) тўплаган, қўрқингиз!» — деганларида бу гап уларнинг иймонларини зиёда қилди ва: «Бизга ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи кифоя. У зот энг яхши ишончли вакилдир!» — дедилар» (Оли Имрон: 173).

«Бу уларнинг (Аллоҳга бўлган) иймон ва итоатларини янада зиёда қилди, холос» (Аҳзоб: 22).

Ва бошқа оятлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Агар сизлар ҳар доим ҳам менинг олдимда бўлган ҳолатингизда бўлсангиз эди, малоикалар сизлар билан қўл бериб кўришган бўлишарди». (Муслим ривояти).

 

39-савол: Иймон аҳли иймонда бир-бирларидан фарқли бўлишларига далил борми?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди: (Барча яхши амалларга) пешқадам бўлувчи зотлар (жаннат неъматларига эришишида ҳам) пешқадам бўлувчи зотлардир! Ана ўшалар ноз-неъмат боғларида (Аллоҳ таолога) яқин қилинувчилардир» оятидан то: «Ўнг томон эгалари... Ўнг томон эгалари (бўлмоқ) не (саодат)дир!» оятигача (Воқеа: 10-27).

 «Энди агар ўша (вафот қилувчи киши Аллоҳга) яқин қилинган (пешқадам)лардан бўлса, у ҳолда (унинг учун) роҳат-фароғат, гўзал ризқ ва ноз-неъматли жаннат бордир! Энди агар у ўнг томон эгаларидан бўлса, у ҳолда (эй саодатманд бандам), сенга ўнг томон эгаларидан салом бўлгай!» (Воқеа: 88-91).

 «Бас уларнинг орасида (Қуръонни ўқиса-да, унга амал қилмайдиган) ўз жонига жабр қилувчи ҳам бор, уларнинг орасида ўртача амал қилувчи ҳам бор ва уларнинг орасида Аллоҳнинг изну иродаси билан мудом яхшиликларга шошилувчи ҳам бордир» (Фотир: 32).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шафоат ҳақидаги ҳадисларида айтганлар: «Аллоҳ қалбида бир динор вазнича иймон бўлган кишини, сўнг қалбида ярим динор вазнича иймон бўлган кишини дўзахдан чиқаради» (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Бир ривоятда: «Ким «Ла илаҳа иллаллоҳ» деган бўлса ва қалбида арпа донича яхшилик бўлса, дўзахдан чиқади. Ким «Ла илаҳа иллаллоҳ» деган бўлса ва қалбида буғдойча яхшилик бўлса, дўзахдан чиқади. Ким «Ла илаҳа иллаллоҳ» деган бўлса ва қалбида заррача яхшилик бўлса, дўзахдан чиқади.» (Бухорий ривояти).

 

40-савол: Иймон умумий маънода диннинг ҳаммасини ўз ичига олишига далил нима?

Жавоб: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдул Қайс қабиласи элчиларига: «Сизларни Аллоҳнинг ёлғиз ўзига иймон келтиришга буюраман», дедилар, сўнгра: «Аллоҳнинг ёлғиз ўзига иймон келтириш нималигини биласизларми?» деб сўрадилар. Улар: «Аллоҳ ва Расули билувчироқ» деб жавоб беришди. Шунда дедилар: «Бир Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг элчисидир деб гувоҳлик бериш, намозни адо этиш, закотни бериш, (жангдаги) ўлжадан бешдан бирини беришларинг». (Муслим ривояти).

◄◄◄Аввалига қайтиш

Мундарижа

Кейингига ўтиш►►►

 ЮқоригаÎ