Ислом Нури
Китоблар
Ақидага оид 200 савол-жавоб
Шайх Ҳофиз ибн Аҳмад оли Ҳакамий
Ислом Нури таржимаси
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
21-савол: Чин кўнгилдан ишониш шарт эканига Китоб ва Суннатдан далил борми?
Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Ҳақиқий мўминлар фақат Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига иймон келтириб, сўнгра (ҳеч қандай) шак-шубҳа қилмаган ва молу жонлари билан Аллоҳ йўлида курашган зотлардир. Ана ўшаларгина (ўз иймонларида) содиқ бўлган зотлардир». (Ҳужурот: 15).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Бир Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва мен (яъни, Муҳаммад) Аллоҳнинг элчисиман. Бирон бир банда мана шу (калималар)га ҳеч бир шубҳа қилмаган ҳолда Аллоҳга йўлиққудай бўлса, албатта жаннатга киради» (Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга: «Шу девор ортида чин кўнгилдан ишониб «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб гувоҳлик берадиган қай бир кишига йўлиқсанг, унга жаннат билан хушхабар бер», дедилар. (Муслим ривояти).
22-савол: Бўйсунишнинг шарт эканига Китоб ва Суннатдан далил борми?
Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Ким чиройли амал қилувчи бўлган ҳолида ўзини Аллоҳга топширса, бас у мустаҳкам халқани ушлабди» (Луқмон: 22).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Сизлардан бирон киши то нафс-ҳавоси мен келтирган нарсага тобе бўлмагунча мўмин бўлолмайди» (Нававий «Арбаъийн»да келтирган).
23-савол: Қабул қилишнинг шарт эканига Китоб ва Суннатдан далил борми?
Жавоб: Аллоҳ таоло уни қабул қилмаган кишилар шаънида деди: «(Эй фаришталар, сизлар) золим-кофир бўлган кимсалар ва уларнинг ҳамтовоқларини ҳамда улар Аллоҳни қўйиб ибодат қилиб ўтган нарсаларини тўплаб, дўзах йўлига бошланглар» оятидан то «Чунки улар ўзларича: «Ҳеч қандай (барҳақ) илоҳ йўқ, магар ёлғиз Аллоҳгина ҳақдир», дейилган вақтда кибр-ҳаво қилган эдилар. Ва улар «Ҳали бизлар бир мажнун шоирни деб худоларимизни тарк қилар эканмизми?» дер эдилар» оятигача (Соффат: 22-36).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ мен билан юборган ҳидоят ва илм бамисоли ерга ёққан мўл ёмғирга ўхшайди. Баъзи ерлар тоза ер бўлади, сувни ўзига сингдириб, мўл-кўл ўсимликлар ва майсаларни ундиради. Айрим ерлар қаттиқ бўлиб, сувни (сингдирмасдан) ушлаб қолади, сўнг Аллоҳ у билан одамларни фойдалантиради – ичишади, (ҳайвонларини) суғоришади, экин-тикин қилишади. У (ёмғир)нинг бир қисми яна бир хил ерга ҳам тушадики, у қаттиқ теп-текис кенглик бўлиб, на сувни ушлаб қолади ва на ўсимлик ўстиради. Бу эса Аллоҳнинг динида фақиҳ бўлган, Аллоҳ мен орқали юборган илм унга фойда бериб, олим бўлган ва (ўзгаларга) таълим берган одамнинг мисоли билан у тарафга юз бурмаган ва мен билан юборилган ҳидоятни қабул қилмаган одамнинг мисолидир.» (Бухорий ривояти).
24-савол: Ихлоснинг шарт эканига Китоб ва Суннатдан далил борми?
Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Огоҳ бўлингизким, холис дин ёлғиз Аллоҳникидир» (Зумар: 3).
«Сиз Аллоҳга — У зот учун динингизни холис қилган ҳолда ибодат қилинг!» (Зумар: 2).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Менинг шафоатим ила энг саодатли бўлувчи инсон – сидқидилдан, холис: «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб айтган кишидир» (Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Албатта, Аллоҳ Ўзининг юзини истаб «Ла илаҳа иллаллоҳ» деган кишини дўзахга ҳаром қилгандир.» (Бухорий ривояти).
25-савол: Чин дилдан содиқ бўлишнинг шарт эканига Китоб ва Суннатдан далил борми?
Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Одамлар: «Иймон келтирдик», дейишлари билангина, имтиҳон қилинмаган ҳолларида, қўйиб қўйилишларини ўйладиларми?! Ҳолбуки Биз улардан аввалги (иймон келтирган барча) кишиларни имтиҳон қилган эдик-ку!! Бас (шу имтиҳон воситасида) албатта Аллоҳ («Иймон келтирдик» деб) рост сўзлаган кишиларни ҳам, ёлғончи кимсаларни ҳам аниқ билур» (Анкабут: 2,3).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Сидқидилдан «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадун Росулуллоҳ» деб гувоҳлик берувчи ҳар қандай кишини Аллоҳ албатта дўзахга ҳаром қилган». (Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир аъробийга ислом шариати (асосларини, фарзларини) таълим берганларида у: «Аллоҳга қасамки, шулардан оширмайман ҳам, камайтирмайман ҳам» деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар шу гапида содиқ бўлса нажот топди», дедилар. (Бухорий ривояти).
26-савол: Муҳаббат қўйиш шарт эканига Китоб ва Суннатдан далил борми?
Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Эй мўминлар, сизларнинг ичингиздан кимда-ким динидан қайтса, Аллоҳ бошқа бир қавмни келтирурки, Аллоҳ уларни яхши кўрур, улар Аллоҳни яхши кўрурлар» (Моида: 54).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Кимда учта нарса бўлса, у иймоннинг ҳаловатини топади: Аллоҳ ва Расули у учун бошқа барча нарсадан кўра суюклироқ бўлиши, бир кишини яхши кўрса фақат Аллоҳ учун яхши кўриши, куфрга қайтишни ўтга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши» (Бухорий ривояти).
27-савол: Аллоҳ учун дўстлашиш ва Аллоҳ учун душман тутишнинг қандай далили бор?
Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Эй мўминлар, яҳудийлар ва насронийларни дўст тутмангиз! Уларнинг баъзилари баъзиларига дўстдирлар. Сизлардан ким уларга дўст бўлса, бас, у ўшалардандир» оятидан бошлаб, «Сизларнинг дўстингиз фақат Аллоҳ унинг пайғамбари ва таъзим-тавозеъ қилган ҳолларида намозни тўкис адо этадиган, закотни (ҳақдорларга) ато этадиган мўминлардир» оятигача (Моида: 51-55).
«Эй мўминлар, агар иймондан куфрни афзал билсалар, ота-оналарингиз ва ака-укаларингизни (ҳам) дўст тутмангиз!» (Тавба: 23).
«Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган қавмнинг Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига мухолифлик қилган кимсалар билан – гарчи улар ўзларининг оталари, ёки ўғиллари, ёки оға-инилари, ёки қариндош-уруғлари бўлсалар-да – дўстлашаётганларини топмассиз». (Мужодала: 22).
«Эй мўминлар, Менинг душманим ва сизларнинг душманларингиз (бўлган мушриклар)ни дўст тутманглар!» (Мумтаҳана: 1).
Ва бундан бошқа оятлар ҳам кўп.
28-савол: «Муҳаммадун Расулуллоҳ» (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг элчисидир) деб гувоҳлик беришнинг далили нима?
Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Албатта Аллоҳ мўминларга ўзларидан бўлган (яъни одам жинсидан бўлган), уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган, (гуноҳларидан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб ва ҳикматни ўргатадиган пайғамбарни юбориш билан яшилик қилди. Зеро улар илгари очиқ хато – залолатда эдилар» (Оли Имрон: 164).
«(Эй инсонлар), ахир сизларга ўзларингиздан бўлган, сизларнинг кулфат-машаққат чекишингиздан қийналувчи, сизларнинг (тўғри йўл – ҳақ динга келишингизга) ҳарис – ташна бўлган ва барча мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган бир пайғамбар келди-ку!» (Тавба: 128).
«Аллоҳ, дарҳақиқат, сиз Ўзининг пайғамбари эканлигингизни билур» (Мунофиқун: 1).
Ва бошқа оятлар.
29-савол: «Муҳаммадун Расулуллоҳ» деб гувоҳлик беришнинг маъноси нима?
Жавоб: Тил билан «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг бандаси ва қиёмат кунида барча умматлар устида гувоҳлик берувчи, мўминларга жаннат ҳақида хушхабар элтувчи ва кофирларни дўзах азобидан огоҳлантирувчи ҳамда Аллоҳнинг изни-иродаси билан У зотнинг динига даъват қилувчи ва Ҳақ йўлини кўрсатувчи нурли чироқ қилиб юборган элчисидир» деб айтилган гапни чин дилдан қатъий тасдиқлашдир. У зот хабар берган ўтганларнинг хабарлари-ю, келгусидагиларнинг даракларини, шунингдек нима нарсани ҳалол, нима нарсани ҳаром деган бўлсалар, барчасини тасдиқлаш вожибдир. У зотнинг амру фармонларига бўйсуниш, қайтариқларидан тийилиш, шариатларига эргашиш, суннатларини лозим тутиш, қилган ҳукмларига рози ва таслим бўлиш лозим. У зотга итоат қилиш Аллоҳга итоат қилиш, у зотга осий бўлиш Аллоҳга осий бўлиш демакдир. Чунки у зот Аллоҳнинг рисолатини етказувчидирлар. У зот динни камолига ва рисолатни тамомига етказдилар, умматларини туни ҳам кундуздек бўлган ёруғ йўл устида қолдириб, сўнг дунёдан ўтдилар.
30-савол: «Муҳаммадун Расулуллоҳ» деб гувоҳлик беришнинг шартлари нима ва ушбу шаҳодатсиз биринчи шаҳодат мақбул бўладими?
Жавоб: Юқорида айтганимиздек, банда фақат мазкур икки шаҳодат билангина динга кириши мумкин ва улар бир-бири билан чамбарчас боғлиқ, биринчи шаҳодатнинг шартлари иккинчи шаҳодат шартларининг айни ўзидир.