Ислом Нури
Китоблар
Ақидага оид 200 савол-жавоб
Шайх Ҳофиз ибн Аҳмад оли Ҳакамий
Ислом Нури таржимаси
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
11-савол: Аллоҳ таоло бизларни фақат унга амал қилишимизга буюрган шариат қайси?
Жавоб: у Иброҳим алайҳиссаломнинг дини – Ҳанифийядир.
Аллоҳ таоло деди: «Албатта Аллоҳ наздида мақбул бўладиган дин фақат Ислом динидир» (Оли Имрон: 19).
«Аллоҳнинг динидан ўзга дин истайдиларми?! Ахир осмонлару Ердаги барча жонзот истаса-истамаса Унга бўйсуниб турибди-ку!» (Оли Имрон: 83).
«Иброҳимнинг динидан фақат енгилтакларгина юз ўгирадилар». (Бақара: 130).
«Кимда-ким Исломдан ўзга дин истаса, бас (унинг «дини» Аллоҳ ҳузурида) ҳаргиз қабул қилинмайди ва у охиратда зиён кўрувчилардандир.» (Оли Имрон: 85).
«Балки улар (Макка мушриклари) учун (куфр ва ширк каби) Аллоҳ буюрмаган нарсаларни — «дин»ни уларга шариат қилиб берган шериклари — бутлари бордир?!» (Шуро: 21).
12-савол: Ислом динининг нечта даражаси бор?
Жавоб: 3та даражаси бор: Ислом, иймон, эҳсон. Улардан ҳар бири мустақил зикр қилинганда диннинг ҳаммасини ўз ичига олади, (жамланганда эса ҳар бири ўзига хос маънони беради).
13-савол: Ислом маъноси нима?
Жавоб: Ислом – Аллоҳга Уни ёлғиз билган ҳолда таслим бўлиш, Унга тоат-ибодат билан бўйсуниш ва ширкдан халос бўлиш демакдир.
Аллоҳ таоло деди: «Ҳақиқий мусулмон бўлган ҳолида ўзини Аллоҳга топширган ва ҳақ йўлдаги Иброҳимнинг динига эргашган кишининг динидан ҳам гўзалроқ дин борми?!» (Нисо: 125).
«Ким чиройли амал қилувчи бўлган ҳолида ўзини Аллоҳга топширса, бас у мустаҳкам халқани ушлабди» (Луқмон: 22).
«Бас, (барчаларингизнинг) илоҳингиз бир Илоҳдир. Унгагина бўйсунингиз! Итоат қилувчиларга хушхабар беринг!» (Ҳаж: 34).
14-савол: Ислом (мутлақ ҳолида) диннинг ҳаммасини ўз ичига олишига далил нима?
Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Албатта Аллоҳ наздида мақбул бўладиган дин фақат Ислом динидир» (Оли Имрон: 19).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ислом ғариб бўлиб бошланган, қандай бошланган бўлса, яна ўшандай ғарибликка қайтади». (Имом Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Исломнинг энг афзал (амал)и Аллоҳга иймон келтиришдир». (Аҳмад, Табароний ва бошқалар ривояти).
15-савол: Ислом калимасининг батафсил баёнида 5та рукн (асос) билан таърифланишига далил нима?
Жавоб: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жаброил алайҳиссаломнинг дин ҳақидаги саволларига жавобан айтган сўзларида: «Ислом - «Ла илаҳа иллаллоҳ» ва «Муҳаммадун росулуллоҳ» деб гувоҳлик беришинг, намозни тўкис адо этишинг, закот беришинг, Рамазон рўзасини тутишинг, йўлига қодир бўлсанг Байтуллоҳни ҳаж қилишинг» деганлар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ислом 5та (асос) устига қурилган» деб, юқоридаги асосларни айтганлар, фақат бу ҳадисларида ҳажни рўзадан илгари зикр қилганлар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
16-савол: Икки шаҳодатнинг диндаги ўрни қандай?
Жавоб: Банда фақат шу икки шаҳодатни айтибгина динга кира олади.
Аллоҳ таоло деди: «Албатта мўминлар фақат Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига иймон келтирганлардир». (Нур: 62).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Одамлар билан улар то «Ла илаҳа иллаллоҳ ва анна Муҳаммадан абдуҳу ва Расулуҳу» деб гувоҳлик бергунларига қадар... жанг қилишга буюрилдим», деганлар.
(Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Булардан бошқа кўп далиллар бор.
17-савол: «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб шаҳодат бериш зарурлигига далил нима?
Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Аллоҳ, фаришталар ва илм аҳллари — адолат билан ҳукм қилувчи ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи борлигига гувоҳлик бердилар. Ҳеч қандай (барҳақ) илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи (барҳақдир)». (Оли Имрон: 18).
«Бас, ҳеч қандай (барҳақ) илоҳ йўқ, магар Аллоҳгина (ҳақ) эканлигини билинг». (Муҳаммад: 19).
«Ҳеч қандай (ҳақ) илоҳ йўқ, магар яккаю ёлғиз ғолиб Аллоҳгина (ҳақ)дир». (Сод: 65).
«Аллоҳнинг боласи йўқдир ва У зот билан бирга бирон илоҳ бўлган эмасдир» (Муъминун: 91).
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: Агар улар айтганларидек Аллоҳ билан бирга (бошқа) илоҳлар ҳам бўлса эди, у ҳолда ўша (илоҳлар) арш соҳибига (яъни, Аллоҳга) қарши йўл излаган бўлур эдилар» (Исро: 42) ва булардан бошқа оятлар.
18-савол: «Ла илаҳа иллаллоҳ» шаҳодатининг маъноси нима?
Жавоб: Ибодатга сазоворликни Аллоҳдан бошқа барчадан рад қилиш ва уни ёлғиз ва шериксиз Аллоҳ азза ва жаллага исбот қилиш, демакдир.
Аллоҳ таоло деди: «Бунга сабаб Аллоҳнинг Ўзигина ҳақиқий Илоҳ экани ва улар Уни қўйиб илтижо қилаётганлари эса ботил экани, ҳамда, шак-шубҳасиз, Аллоҳ Ўзигина энг юксак ва буюк зот эканлигидир» (Ҳаж: 62).
19-савол: «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб гувоҳлик беришнинг усиз гувоҳлик берувчига фойдаси бўлмайдиган шартлари қандай?
Жавоб: Унинг шартлари 7та:
1- Унинг маъносини яхши билиш;
2- Унга чин дилдан ишониш;
3- Унга зоҳиру ботинда бўйсуниш;
4- Уни қабул қилиб, у тақозо қилган ва лозим тутган нарсалардан биронтасини рад қилмаслик;
5- Ихлос билан бўлиши;
6- Тил билангина айтиб қўймасдан, чин дилдан тасдиқлаш;
7- Унга ва унинг аҳлига муҳаббат қўйиш, у туфайлигина дўстлашиш ва душман бўлиш.
20-савол: Бу шаҳодатнинг маъносини билиш шарт эканига Китоб ва Суннатдан далил борми?
Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «...(тиллари билан айтаётган сўзнинг маъносини) ўзлари билган ҳолларида ҳақ гувоҳлик берган (яьни, «Ҳеч қандай (ҳақ) илоҳ йўқ, магар ёлғиз Аллоҳгина ҳақ эканлигига гувоҳлик бераман» деган) кишиларгина (Аллоҳнинг изни-иродаси билан шафоат қилишга қодир бўлурлар»). (Зухруф: 86).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким «Ла илаҳа иллаллоҳ» «Ҳеч қандай (ҳақ) илоҳ йўқ магар ёлғиз Аллоҳгина ҳақ эканлиги»ни билган ҳолда дунёдан ўтса, жаннатга киради», дедилар. (Муслим ривояти).
◄◄◄Аввалига қайтиш