Ислом Нури

 

Китоблар

 

Ақидага оид 200 савол-жавоб

 Шайх Ҳофиз ибн Аҳмад оли Ҳакамий

Ислом Нури таржимаси

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

 

1-савол: Бандалар билишлари лозим бўлган энг биринчи нарса нима?

Жавоб: Бандалар энг аввал Аллоҳ уларни у учун яратган, улардан у бўйича аҳду паймон олган, уларга ўша сабабли пайғамбарларини юборган ва китобларини туширган, у сабабли дунё ва охират, жаннат ва дўзах яратилган, ўша билан қиёмат қойим бўладиган, унинг хусусида тарозилар ўрнатиладиган, (амаллар) саҳифалари тарқатиладиган, саодат ва шақоват унга қараб бўладиган, унга кўра нурлар тақсимланадиган бир ишни билишлари лозим бўлади.

 

2-савол: Аллоҳ бандаларини унинг учун яратган ўша иш нима?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Биз осмонлар ва Ерни ҳамда уларнинг орасидаги нарсаларни ўйнаб-беҳуда яратганимиз йўқ. Биз уларни фақат ҳақ (қонун, интизом) билан яратганмиз. Лекин уларнинг кўплари билмаслар.» (Духон: 38,39).

«Биз осмон ва ерни ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсаларни беҳуда яратган эмасмиз. Бу (яъни улар беҳуда-бемақсад яратилган деган гумон) кофир бўлган кимсаларнинг гумонидир.» (Сод: 27).

«Аллоҳ осмонлар ва Ерни (Ўзининг қудрати илоҳиясига далолат қилиши учун) ва ҳар бир жон мазлум бўлмаган ҳолларида ўзлари қилган амаллари сабабли жазоланиши учун ҳақ (конун ва низом) билан яратди». (Жосия: 22).

«Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Ваз-зариёт: 56).

 

3-савол: Банда маъноси нима?

Жавоб: «Банда» сўзидан қул қилинган, бўйсундирилган деган маъно қасд қилинса, барча махлуқотни – оқилу беақл, ҳўлу қуруқ, ҳаракатлигу ҳаракатсиз, зоҳиру яширин, мўмину кофир, яхшию ёмон, барчаси тушунилади. Ҳаммаси Аллоҳ азза ва жалланинг махлуқи ва бандаси, У зотнинг бўйсундириши билан бўйсундирилган, тадбири билан тадбирланган, ҳар бирининг ўзига белгилаб қўйилган чизиғи ва етиб борадиган чегараси бор, ҳар бири белгилаб қўйилган муҳлат (ажал) сари боради, ундан бир зарра миқдорича ўтиб кетолмайди, бу ал-Ғолиб ва ал-Алийм зотнинг белгилаб қўйган тақдири, ал-Одил ва ал-Ҳаким зотнинг тадбиридир.

Агар мазкур сўздан ўзини ҳокисор тутувчи обид маъноси қасд қилинса, бу Аллоҳнинг улар учун (охиратда) хавф-хатар йўқ ва ғамгин ҳам бўлмайдиган улуғ бандалари ва тақводор дўстларига хосланади.

 

4-савол: Ибодат нима?

Жавоб: Ибодат – Аллоҳ яхши кўрадиган ва рози бўладиган зоҳирий ҳамда ботиний сўз ва амалларни адо этиш ва уларнинг зиддидан тийилиш маъносини ўз ичига олган умумий бир калимадир.

 

5-савол: Амал қачон ибодатга айланади?

Жавоб: Икки нарса – тўла мутеълик билан тўла-тўкис муҳаббат комил суратда бўлганда.

Аллоҳ таоло деди: «Иймонли кишиларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатлари қаттиқроқдир» (Бақара: 165).

«Албатта, улар Парвардигорларидан қўрқиб хавфда турувчи кишилардир» (Муъминун: 57).

Аллоҳ таоло булар ўртасини қуйидаги оятда жамлади: «Дарҳақиқат улар  яхши ишларни қилишга шошар ва Бизга рағбат ва қурқув билан дуо-илтижо қилар эдилар. Улар Бизга таъзим-итоат қилувчи эдилар» (Анбиё: 90).

 

6-савол: Банданинг Парвардигорига бўлган муҳаббати нима билан билинади?

Жавоб: Бунинг аломати – Аллоҳ таоло яхши кўрадиган нарсани яхши кўриш ва ёмон кўрадиган нарсани ёмон кўриш, Унинг буйруқларига амал қилиб, қайтариқларидан тийилиш, Унинг дўстларини дўст тутиб, душманларини душман деб билишдир. Шунинг учун иймоннинг энг мустаҳкам ҳалқаси – Аллоҳ учун яхши кўриб, Аллоҳ учун ёмон кўришдир.

 

7-савол: Бандалар Аллоҳ яхши кўрадиган ва рози бўладиган нарсани қандай билишлари мумкин?

Жавоб: Аллоҳ Ўзи яхши кўрадиган ва рози бўладиган нарсаларга буюрувчи ва Ўзи ёмон кўрадиган ва рози бўлмайдиган нарсалардан қайтарувчи пайғамбарларни юборди ва китобларни нозил қилди, шу билан бандалар устида Аллоҳнинг қатъий ҳужжати барпо бўлди ва етук ҳикмати зоҳир бўлди.

Аллоҳ таоло деди: «Токи бу пайғамбарлар ўтганларидан кейин одамлар учун Аллоҳга қарши ҳужжат бўлиб қолмаслиги учун пайғамбарларни (жаннат ҳақида) хушхабар элтувчи ва (дўзах азобидан) қўрқитувчи қилиб юбордик» (Нисо: 165).

«Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ (гуноҳларни) мағфират қилувчи, меҳрибондир». (Оли Имрон: 31).

 

8-савол: Ибодатнинг шартлари нечта?

Жавоб: 3 та.

1- Чин кўнгилдан азму қарор (ният) қилиш, бу ибодатнинг вужудга келишидаги шартдир.

2- Ниятни холис қилиш.

3- Аллоҳнинг фақат унгагина амал қилишимизга буюрган шариатига мувофиқ бўлиши.

Бу (охирги) иккиси ибодатнинг қабул бўлиш шартларидир.

 

9-савол:  Чин кўнгилдан азму қарор қилиш дегани нима?

Жавоб: Эринчоқлик ва сусткашлик қилмаслик, сўзини амали билан тасдиқлашга ҳаракат қилиш дегани.

Аллоҳ таоло деди: «Эй мўминлар, сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани (қиламиз деб) айтасиз?! Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни (қиламиз, деб) айтишларингиз Аллоҳ наздида ўта манфур (ишдир).»

 

10-савол: Ихлоснинг маъноси нима?

Жавоб: Банданинг зоҳирий ва ботиний барча сўзу амалларидан муроди Аллоҳ таолонинг Юзини[1] исташ бўлмоғидир.

Аллоҳ таоло деди: «Ҳолбуки улар фақат ягона Аллоҳга, у зот учун динни холис қилган, Тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга... буюрилган эдилар.» (Баййина: 5).

 «У (тақводор зот) ҳузурида – зиммасида бирон кимсага қайтариладиган неъмат йўқдир. (Яъни, у бирон кимсанинг ўзига ўтказиб қўйган яхшилигини қайтариш учун хайр-саховат кўрсатмайди). У фақат энг олий зот бўлмиш Парвардигорининг юзини истаб (мол-давлатини сарф қилур).» (Вал-лайл: 19,20).

 «(Улар айтурлар): Биз сизларни ёлғиз Аллоҳнинг юзидан таомлантирурмиз. Сизлардан (бу ишимиз учун) бирон мукофот ва миннатдорчилик истамасмиз кутмасмиз.» (Инсон: 9).

 «Ким (ўз амали билан) охират экинини (яъни савобини) истар экан, Биз унга экинини(нг ҳосилини) мўл-зиёда қилурмиз. Ким дунё экинини истар экан, Биз унга ўшандан (дунё матоларидан) берурмиз ва унинг-учун охиратда бирон насиба бўлмас!» (Шуро: 20).


[1] “Юзини” сўзидан Аллоҳ таолога лойиқ, биз унинг жузъий маносини тушунадиган комил маъноси ва кайфиятини била олмайдиган ҳақиқий юзни тушинилади. Уни розилиги ёки савоби деб таъвил қилинмайди, чунки Аллоҳнинг юзи билан розилиги бошқа-бошқадир. (ИНТ)

 

Мундарижа

Кейингига ўтиш►►►

 ЮқоригаÎ