Ислом Нури

 

Китоблар

 

Ақидага оид 200 савол-жавоб

 Шайх Ҳофиз ибн Аҳмад оли Ҳакамий

Ислом Нури таржимаси

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

211-савол: Мазкур 4 халифанинг халифа бўлишларига умумий далиллар борми?

Жавоб: Бунга жуда кўп далиллар бор. Жумладан, халифалик муддати 30 йил дейилгани ва бу уларнинг даврларини ўз ичига олгани, юқорида айтилганидек, улар бошқалардан афзал саналганлари, бир-бирларидан хилофат тартиби бўйича афзал эканлари, шунингдек Абу Довуд Самура ибн Жундабдан ривоят қилган ҳадисда айтилганидек, бир киши деди: «Ё Расулуллоҳ, тушимда кўрдимки, осмондан бир челак тушиб келди. Шунда Абу Бакр келиб, унинг икки дастасидан ушлаб, озгина ичди. Сўнг Умар келиб, унинг дасталаридан ушлаб, қониб ичди. Сўнг Усмон келиб, унинг дасталаридан тутиб, қониб ичди. Сўнг Алий келиб, унинг дасталаридан тутди, шунда челак бир силкинди ва ундан Алийнинг устига бир оз сув тўкилди».[1]

Бундан ҳам кучлироқ далил – ижмоълари мақбул бўлган зотлар тарафидан бу тўртовларининг халифаликларига бўлган ижмоъдир, улардан биронталарининг халифалигини фақатгина адашган ва бидъатчи кимсаларгина инкор қилишлари мумкин.

212-савол: Учовларининг халифаликларига умумий далиллар борми?

Жавоб: Бунга кўп далиллар бор. Улардан баъзилари юқорида ўтди. Бундан ташқари, Абу Бакр розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни: «Бугун қай бирингиз туш кўрди?» деб сўрадилар. Бир киши: «Мен тушимда кўрдимки, осмондан бир тарози тушди. Шунда сиз билан Абу Бакр икковингиз тортилдингиз, сиз Абу Бакрдан оғир келдингиз. Умар билан Абу Бакр тортилдилар, Абу Бакр оғир келди. Умар билан Усмон тортилдилар, Умар оғир келди. Сўнг тарози осмонга чиқиб кетди», деди.[2]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Бугун бир солиҳ кишининг тушида кўрилдики, Абу Бакр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга боғланган, Умар Абу Бакрга боғланган, Усмон Умарга боғланган экан».[3]

213-савол: Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумонинг халифаликларига умумий далиллар нима?

Жавоб: Бунга кўп далиллар бор. Жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Тушимда кўрдимки, бир қудуқ устида турибман. Унинг устида бир челак бор экан. Ундан Аллоҳ хоҳлаганича сув тортиб олдим. Сўнг челакни Ибн Аби Қуҳофа олди-да, ундан бир ёки икки челак сув тортиб олди, унинг тортишида заифлик бор эди, Аллоҳ унинг заифлигини мағфират қилсин. Сўнг у катта челакка айланиб қолди. Шунда Ибн Хаттоб уни олди. Мен Умарнинг сув тортишидек тортадиган биронта паҳлавонни кўрмаганман, ҳатто одамлар туяларини ҳам суғориб олишди».[4]

214-савол: Абу Бакрнинг халифалигига ва унинг биринчи халифа бўлишига далил борми?

Жавоб: Бунга сон-саноқсиз далиллар бор, улардан баъзилари юқорида ўтди. Бундан ташқари, саҳиҳ ҳадисда айтилишича, бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келганида у зот уни кейин яна қайтиб келишга буюрдилар. У: «Агар келганимда сизни топа олмасам-чи? (яъни вафот этган бўлсангиз-чи?)», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар мени топмасанг, Абу Бакрга бор», дедилар.[5]

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга дедилар: «Менга отанг ва акангни чақир, бир хат ёзиб берай. Чунки, бирон тамагир тамаъ қилиб қолишидан ва бирон даъвогар: «Мен лойиқроқман» деб қолишидан қўрқаман. Аллоҳ ҳам, мўминлар ҳам Абу Бакрдан бошқасига кўнмайдилар».[6]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этган касалликларида Абу Бакрни намозга имом қилишларида ҳам шундай сўзларни айтганлар.[7]

Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг байъатларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг барча саҳобалари, муҳожирлару ансорлар ва улардан кейингилар ҳаммаси иттифоқ қилганлар.

215-савол: Абу Бакрдан кейин Умарнинг халифа қилинишига далил борми?

Жавоб: Бунга ҳам кўп далиллар бор, айримлари юқорида ўтди. Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен сизларнинг ораларингизда қанча муддат қолишимни билмайман. Бас, мендан кейингиларга эргашинглар!» деб Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумога ишора қилганлар.[8]

Денгиз тўлқинларидек тўлқинланувчи фитналар ҳақидаги ҳадисда келганидек, Ҳузайфа розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳуга: «Сиз билан у фитналар орасида тамбаланган эшик бор» деди. Умар: «У эшик очиладими, синдириладими?» деб сўради. «Синдирилади», деди. «Ундай бўлса, қайта беркилмас экан» деди. Эшикдан мурод Умар эди.[9] Эшикнинг синдирилиши унинг ўлдирилиши эди. Умардан сўнг уммат ўртасидан қилич кўтарилмади.

Уммат Умар розияллоҳу анҳуни Абу Бакр розияллоҳу анҳудан кейин халифа қилишга иттифоқ қилган эди.

216-савол: Улардан сўнг Усмоннинг халифа қилинишига далил борми?

Жавоб: Кўп далиллар бор. Баъзилари юқорида ўтди. Каъб ибн Ужра ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитна ҳақида гапириб, унинг яқин орада бўлишини айтдилар. Шу пайт бошини ўраб олган бир киши ўтиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шу одам ўша кунда тўғри йўлда бўлади», дедилар. Сакраб туриб бориб, Усмоннинг билакларидан тутдим сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қараб: «Шуми?» дедим. «Шу», дедилар.[10]

Оиша розияллоҳу анҳо айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Усмон, агар бир кун келиб Аллоҳ сени шу ишга волий қилса-ю, мунофиқлар Аллоҳ кийдирган кўйлагингни ечиб олишни истасалар, сен уни ечмагин», деб уч бор такрорладилар.[11]

Усмонга байъат қилишга Шуро аҳли, сўнг бошқа саҳобалар иттифоқ қилганлар, Абдурраҳмон ибн Авфдан сўнг биринчи бўлиб Алий розияллоҳу анҳу, кейин бошқа одамлар байъат қилганлар.

217-савол: Алийнинг улардан сўнг халифа бўлишига ва унинг ҳаққа яқинроқ эканига далил борми?

Жавоб: Бунга кўплаб далиллар бор, баъзилари юқорида ўтди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Аммор розияллоҳу анҳу ҳақида айтган гаплари ҳам далилки: «Бечора Аммор, уни золим гуруҳ ўлдиради. Бу уларни жаннатга чорлайди, улар эса уни дўзахга чақиришади», деганлар.[12] Аммор Алийнинг — розияллоҳу анҳумо — қўшинида эканида уни Шом аҳли ўлдирди, у уларни суннат ва жамоатга ҳамда ҳақ имом бўлмиш Алий розияллоҳу анҳуга итоат қилишга чорлаган эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Одамлар бўлинган пайтда бир гуруҳ ажралиб чиқади, ҳақ устида бўлган бир тоифа уларни ўлдиради».[13] Хаворижлар ажралиб чиқишди, Наҳравон куни Алий розияллоҳу анҳу уларни ўлдирдилар. У зот барча аҳли суннанинг иттифоқига кўра ҳақиқат узра бўлишга лойиқроқ киши эдилар.

218-савол: Улул-амр (мусулмон ҳоким, бошлиқ)ларга нисбатан зиммамиздаги вазифалар қандай?

Жавоб: Ҳақ устида уларга бўйсуниш ва итоат қилиш, уларга холис насиҳат қилиш, юмшоқлик билан ҳаққа чорлаш ва ҳақни эслатиш, орқаларида намоз ўқиш, улар билан бирга жиҳод қилиш, закот-садақотларни уларга топшириш, жавр қилсалар-да сабр қилиш, модомики очиқ куфрни изҳор қилишмас экан, уларга қилич кўтариб чиқмаслик, уларни ёлғон мақтовлар билан ғурурлантирмаслик ва улар ҳаққига салоҳият ва тавфиқ сўраб дуо қилиш.

219-савол: Бунга қандай далил бор?

Жавоб: Бунга далиллар кўп. Жумладан, Аллоҳ таоло айтади:

«Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз, ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйсунингиз!» (Нисо: 59).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

«Сизларга бир қул амир қилиб тайинланган бўлса-да, унга қулоқ тутинг ва итоат этинг!».[14]

«Ким амири тарафидан ўзи ёқтирмаган бир ишни кўрса, унга сабр қилсин. Чунки, ким жамоатдан бир қарич ажралиб ўлса, жоҳилият ўлимини топган бўлади».[15]

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни чақирдилар, биз у зотга байъат бердик. Биздан байъат олган ишлар ичида тетиклик пайтимизда ҳам, ғайратсиз пайтимиз ҳам, қийинчилик пайтларда ҳам, енгилчилик пайтларда ҳам, ҳақ-ҳуқуқларимизни ман қилганида ҳам (амирларга) қулоқ солиб, итоат қилиш, иш эгалари (амирлар) билан ҳокимият талашмаслик бор эди, «Фақат сизларда Аллоҳ тарафидан далил-ҳужжат бўлган очиқ куфрни кўрсангизлар (уларга итоат қилмаслик мумкин)», дедилар (Муттафақун алайҳ).

«Агар сизларга (қулоқ-бурни) кесилган қоп-қора қул амир қилинса, сизларни Аллоҳнинг Китоби билан бошқарар экан, унга қулоқ солинглар ва итоат қилинглар!».[16]

«Мусулмон киши ўзи яхши кўрган ишларда ҳам, ёмон кўрган ишларда ҳам (амирга) қулоқ солиши ва итоат қилиши лозим, фақат маъсиятга буюрилганда (итоат қилмайди), маъсиятга буюрилса қулоқ солиш ҳам, итоат қилиш ҳам йўқдир».[17]

«Итоат фақат маъруф - яхши ишлардадир».[18]

«Агарчи орқангга урса ва молингни олса ҳам қулоқ сол ва итоат қил!».[19]

«Ким итоатдан қўл тортса, қиёмат куни Аллоҳга бирон ҳужжатсиз рўпара бўлади. Ким бўйнида байъат бўлмаган ҳолда ўлса, жоҳилият ўлими билан ўлибди».[20]

«Бу умматнинг иши жамланган ҳолида ким уни бўлиб ташлашни истаса, ким бўлишидан қатъий назар уни қилич билан уринглар!».[21]

«Шундай амирлар бўладики, уларнинг (ишларини) маъруф ва мункар деб кўрасизлар. Шунда ким ёмон кўрса (гуноҳдан) хориж бўлади, ким инкор қилса (азобдан) саломат бўлади, аммо ким рози бўлса ва эргашса (гуноҳкор бўлади)». Саҳобалар: «Уларга қарши урушсак бўладими?» деб сўрашди. «Йўқ, модомики намоз ўқисалар», деб жавоб бердилар.[22]

Ва бошқа ҳадислар.

220-савол: Амри маъруф ва наҳий мункар кимнинг зиммасига вожиб, унинг даражалари борми?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«Ораларингиздан яхшиликка (исломга) даъват қиладиган, ибодат-итоатга буюрадиган ва исён-гуноҳдан қайтарадиган бир жамоат бўлсин. Ана ўшалар нажот топувчилардир» (Оли Имрон: 104).

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Сизлардан ким бир мункарни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин. Агар қодир бўлмаса тили билан (унинг ёмонлигини баён қилсин), бунга ҳам қодир бўлмаса дили билан (ёмон кўрсин). Бу иймоннинг энг заифидир».[23]

Бу ҳақда жуда кўп оят ва ҳадислар мавжудки, улар маъносига кўра амри маъруф ва наҳий мункар ҳар бир мўмин зиммасига вожиб бўлиб, ҳар ким ўз имконияти ва иқтидори даражасига қараб уни адо этиши лозим бўлади, иқтидори юксакроқ ва илми кўпроқ кишилар учун унинг вожиблиги ҳам қаттиқроқ бўлади. Гуноҳкор қавмларга азоб тушган пайтда фақат наҳий мункар қилганларгина саломат қолганлар. Биз бу мавзуда алоҳида китоб ёзганмиз, ҳақни излаган одам уни ўқиб фойдалансин.

221-савол: Авлиёларнинг кароматлари ҳақида нима дейсиз?

Жавоб: Авлиёларнинг кароматлари ҳақдир. Каромат – уларнинг қўлларида уларнинг ҳунаридан бўлмаган ғайри оддий ишларнинг зоҳир бўлишидир, бу ишларни улар гарчи билмасалар-да, Аллоҳ уларнинг қўлларида жорий қилади. Асҳобул каҳф, ғор оғзини тўсган харсанг эгалари, роҳиб Журайж қиссалари каби. Ислом умматида ҳам кароматлар кўплаб содир бўлган, муртадларга қарши уруш кунларида Абу Бакрдан содир бўлган ишлар, Умар минбар устида туриб Шомдаги Сорияга қилган нидосининг эшитилгани, Мисрдаги тўхтаб қолган Нилга хат ёзганида унинг оққани, Румликларга қарши жангида Алоъ ибн Хазрамий оти  билан денгиздан юриб ўтгани, Абу Муслим Хавалонийнинг Асвад ал-Ансий унга ёққан гулхан ичида намоз ўқигани каби воқеалар.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида ҳам, саҳобалар ва тобеинлар даврида ҳам, улардан кейин ҳозирда ҳам ва то қиёматгача бундан бошқа ҳам кароматлар содир бўлди ва бўлаверади. Аслида бу кароматлар барчаси пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўъжизалари бўлиб, у зотлар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳақиқий эргашиш билан уларга эришганлар.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашмаган бирон кимса қўлида ғайри оддий иш содир бўлса, у фитна ва кўзбўямачиликдир, каромат эмасдир.

222-савол: Авлиёуллоҳлар (Аллоҳнинг дўстлари) кимлар?

Жавоб: Улар Аллоҳга иймон келтирган, Ундан тақво қилган, Унинг розилигига интилган, Унинг пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашган кишилардир.

Аллоҳ таоло деди:

«Огоҳ бўлингизким, албатта Аллоҳнинг дўстларига (охиратда) бирон хавф-хатар йўқдир ва улар ғамгин бўлмайдилар» (Юнус: 62).

Сўнг уларнинг кимлигини баён қилиб, деди: «Иймон келтирган ва (Аллоҳдан) қўрқувчи бўлган зотлар учун» (Юнус: 63).

«Аллоҳ мўминларнинг дўстидир. Уларни қоронғу зулматлардан ёруғлик нурга чиқаради. Кофирларнинг дўстлари эса шайтонлардир. Улар кофирларни ёруғлик-нурдан қоронғу-зулматларга чиқарадилар» (Бақара: 257).

«Сизларнинг дўстингиз фақат Аллоҳ, унинг пайғамбари ва таъзим-тавозеъ қилган ҳолларида намозни тўкис адо этадиган, закотни (ҳақдорларга) ато этадиган мўминлардир. Кимки Аллоҳни, Унинг пайғамбарини ва мўминларни дўст тутса (нажот топгай), зеро фақат Аллоҳнинг ҳизби-гуруҳигина ғолиб бўлувчидир» (Моида: 55, 56).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Фалончи-пистончининг оиласи менинг дўстларим эмас, балки менинг дўстларим тақводорлардир».[24]

Ҳасан раҳимаҳуллоҳ деди: «Бир қавм Аллоҳнинг муҳаббатини даъво қилган эди, Аллоҳ уларни мана бу оят билан имтиҳон қилди: «Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади» (Оли Имрон: 31)».

Шофеий раҳимаҳуллоҳ деди: «Агар бир кишининг сув устида юриб кетаётганини ёки ҳавода учаётганини кўрсаларингиз, то унинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишини билмагунингизча тасдиқламангиз ва алданиб қолмангиз!»

223-савол: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Умматимдан бир тоифа ҳақ устида ғолиб бўлиб давом этади, то Аллоҳ таборака ва таолонинг иши (қиёмат) келгунича уларга қарши чиққанлар уларга зарар етказа олмайди»[25] деган сўзлари билан қайси тоифани кўзда тутганлар?

Жавоб: Бу тоифа – етмиш уч фирқа ичидан Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам истисно қилган нажот топувчи фирқадир: «Барчаси дўзахда, фақат биттаси, у - жамоатдир», бир ривоятда: «Улар бугун мен ва асҳобларим юрган йўл устида юрувчи кишилардир»[26] деганлар.

Аллоҳ таолодан бизларни ҳам ўша тоифадан қилишини, бизларни Ўзи ҳидоят қилганидан сўнг қалбларимизни ҳақ йўлдан оғдирмаслигини, бизларга Ўзи томонидан раҳмат ато этишини сўраймиз, зеро Угина Ваҳҳоб-берувчидир.

«Қудрат эгаси бўлмиш Парвардигорингиз уларнинг сифатларидан (яъни ҳар қандай айбу нуқсондан) покдир. (Барча) пайғамбарларга Аллоҳ томонидан салом бўлгай! Ҳамду сано барча оламларнинг Парвардигори — Аллоҳ учундир!» (Вас-соффат: 180-182).

Муаллифдан: Ушбу сатрларни 1365- ҳижрий, Шаъбон ойининг биринчиси, душанба куни ёзиб битирдим, мазкур ойнинг ўн тўртинчиси, якшанба куни уларни оққа кўчирдим. Аллоҳ барча саъй-ҳаракатимизни холис Ўзининг ризоси учун бўлишига муваффақ қилсин. Омин.

Ўзбекчага таржимаси 19- сафар 1428- ҳижрий, жума куни ниҳоясига етди.

Интернетдаги нашри 7-Ражаб 1429-ҳижрий пайшанба куни тугалланди.


[1] Абу Довуд (4637), Аҳмад (5/ 21) ривоятлари.

[2] Абу Довуд (4634, 4635), Термизий (2287), Ҳоким (3/70, 71) ривоятлари.

[3] Абу Довуд (4636), Ҳоким (3/71), Аҳмад (3/355) ривоятлари.

[4] Бухорий (3664) ва Муслим (2392) ривоятлари.

[5] Бухорий (3659) ва Муслим (2386) ривоятлари.

[6] Бухорий (2387) ривояти.

[7] Бухорий (716) ва Муслим (418) ривоятлари.

[8] Термизий (3663), Ибн Можа (97), Аҳмад (5/399) ва бошқалар ривоятлари.

[9] Бухорий (525) ривояти.

[10] Термизий (3704), Аҳмад (5/35), Ибн Можа (111) ривоятлари.

[11] Термизий (3705), Аҳмад (6/86), Ибн Можа (112), Ибн Ҳиббон (6915) ривоятлари.

[12] Бухорий (2812) ва Муслим (2915) ривоятлари.

[13] Муслим (1065) ривояти.

[14] Бухорий (7142) ривояти.

[15] Бухорий (7054) ва Муслим (1849) ривоятлари.

[16] Муслим (1838) ривояти.

[17] Муслим (1839) ривояти.

[18] Бухорий (7257) ва Муслим (1840) ривоятлари.

[19] Муслим (1847) ривояти.

[20] Муслим (1851) ривояти.

[21] Муслим (1852) ривояти.

[22] Муслим (1854) ривояти.

[23] Муслим (49) ривояти.

[24] Бухорий (5990) ривояти.

[25] Бухорий (7311) ва Муслим (1921) ривоятлари.

[26] Абу Довуд (4596), Термизий (2642), Ибн Можа (3991) ривоятлари.

◄◄◄Аввалига қайтиш

Мундарижа

Тамом

 ЮқоригаÎ