Ислом Нури
Китоблар
الرحيق المختوم
بحث في السيرة النبوية على صاحبها أفضل الصلاة والسلام
صفي الرحمن المباركفوري
Ар-раҳиқ ал-махтум
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратларига бағишланган асар
Ислом Нури таржимаси
У Ч И Н Ч И Б О С Қ И Ч
Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётларининг охирги босқичи бўлиб, узоқ давом этган ҳаракатлар, йигирма йилдан ортиқ муддат мобайнидаги тўкилган тер ва чекилган машаққатлар, дуч келинган безовталик, фитна ва беқарорликлар, олиб борилган қонли уруш ва маъракалар ортидан исломий даъват қўлга киритган натижаларни ўзида мужассам этгандир.
Макка фатҳи шу йиллар давомида мусулмонлар эришган энг катта ғалаба бўлиб, у туфайли замона зайли бутунлай ўзгариб, араб жазирасидаги муҳит тамомила ўзгача тус олди. Дарҳақиқат, фатҳ ўзидан олдинги ва кейинги давр ўртасини ажратиб турувчи чегара бўлиб қолди. Зеро, Қурайш араблар назарида диннинг ҳимоячилари ва асосий кўмакчилари саналар, бошқа араблар бу хусусда уларга тобеъ эдилар. Қурайшнинг бўйсуниши араб жазирасида бутпарастлик динига барҳам берилиши маъносини англатарди.
Ушбу босқични икки саҳифага бўлиш мумкин:
1) Уруш ва жиҳодлар саҳифаси;
2) Турли элат ва қабилаларнинг Исломни қабул қилишга ошиқишлари саҳифаси.
Ҳар иккала саҳифа ҳам ушбу босқичда бир-бири билан чамбарчас боғлиқ ва ҳали униси, ҳали буниси навбатма-навбат бўлиб турган бўлса-да, биз ҳар икки саҳифага тегишли воқеа-ҳодисаларни алоҳида-алоҳида зикр қилишни истадик. Уруш ва жангу жадаллар саҳифасини ўзидан олдинги воқеаларга боғлиқроқ ва муносабати кўпроқ эканлигини назарга олиб, тартибда уни муқаддам қилдик.
Ҳунайн ғазоти
Макка фатҳи арабларни эсанкиратиб қўйган яшиндек тез ва кутилмаган зарба ортидан юз бергани туфайли яқин атрофдаги қабилалар унга қарши чора-тадбир қўллаш имконсиз эканини англаб, таслим бўлишдан ўзга чора топмадилар. Бироқ, Ҳавозин ва Сақиф каби айрим қудратли ва зўравон қабилалар таслим бўлишдан бош тортишди ва Наср, Жушам, Саъд ибн Бакр ва Бану Ҳилол қабилалари улар атрофига бирлашишди. Булар барчаси Қайс Айлон аймоғидан эдилар. Бу буюк ғалабани бўйин эгиб қаршилашга уларнинг ғурур ва кибрлари йўл қўймади ва барчалари Молик ибн Авф ан-Назрий қўли остида жамланиб, мусулмонларга қарши юриш қилишга қарор қилдилар.
Душманнинг юриш бошлаши ва Автосга келиб тушиши
Бош қўмондон Молик ибн Авф мусулмонларга қарши юриш бошлашга қарор қилгач, қўшин билан бирга уларнинг мол-мулклари, аҳли-аёл ва бола-чақаларини ҳам қўшиб, йўлга отланди ва Автос деган жойга бориб тўхтади. Автос Ҳавозин диёридаги Ҳунайнга яқин бир водий бўлиб, Ҳунайн водийсидан бошқа, алоҳида бир водий эди. Ҳунайн водийси эса Зул-мажознинг ёнгинасида, Макканиниг Арафот тарафида бўлиб, у билан Макка ўртасида ўн милдан ошиқроқ масофа бор эди.[1]
Урушларда тажриба орттирган мўйсафид қўмондон фикрини хато санайди
Автосга бориб тушишгач, одамлар қўмондон атрофида йиғилишди. Улар ичида Дурайд ибн Сумма исмлик бир мўйсафид ҳам бўлиб, у ҳаётида жуда кўп жанг кўрган, тажрибали ва жанг илмидан яхши хабардор бўлган шижоатли киши эди. Аммо ҳозирда анча кексайиб қолган бўлиб, фақатгина фикр, маслаҳат беришдан бошқа нарсага қодир бўлмай қолган эди. Дурайд: «Қаердамиз ўзи?», деб сўради. «Автосдамиз», дейишди. «Ҳа, отлар учун қулай жой, баланд қоятошлик ҳам эмас, ўта юмшоқ ҳам эмас. Туяларнинг бўкириши, эшакларнинг ҳанграши, қўй-эчкиларнинг маъраши ва болаларнинг йиғилари эшитиляптими?», деди. «Ҳа, Молик ибн Авф жангчиларга қўшиб, уларнинг мол-мулклари, аҳли-аёл ва бола-чақаларини ҳам олиб чиққан», дейишди. У Моликни чақириб, ундан нега бундай қилганини сўради. Молик: «Ҳар бир жангчи ўзининг ортида аҳли-оиласи ва мол-мулки турганини ҳис қилиб, уларни деб жанг қилади, дедим», деди. «Ҳой бечора чўпон, Худо ҳаққи, қочаётган одамни бирон нарса тўхтатиб қолишга қодирми?! Агар урушнинг тегирмон тоши сенинг фойдангга айланса, қилич ва найза тутган жангчинг ўзи сенга кифоя қилади. Аксинча бўлиб қолса, ҳам бола-чақангдан, ҳам мол-мулкингдан айрилиб, расво бўласан-ку!», деди мўйсафид. Сўнг у уруғ-қабилалар ва уларнинг бошлиқлари ҳақида сўраб-суриштиргач: «Эй Молик, сен Ҳавозиннинг ҳаммасини жанг майдонига олиб келиб, яхши иш қилмабсан. Уларни юртнинг ичкарисига ва қавмларининг баланд ўринларига чиқариб қўйиб, ёш-ялангларни отга миндириб қўй. Агар ғалаба сенга ёр бўлса, улар ортингдан келиб қўшиладилар. Агар мағлуб бўлсанг, фақат ўзинг зиён тортасан, аҳлинг ва молингни асраб қоласан», деди.
Лекин, бош қўмондон Молик унинг бу талабини рад этди ва: «Қасамки, асло ундай қилмайман. Сен қариб қолиб, ақлинг ҳам суюлиб қолган. Қасам ичиб айтаманки, ё Ҳавозин менга итоат қилади, ё эса мен қиличимнинг учига ўзимни босиб, уни орқамдан чиқариб юбораман», деди, Дурайднинг фикри ва сўзлари амалга ошишини истамади. Шундан сўнг қавм: «Сенга итоат қиламиз», дейишди. Шунда Дурайд: «Бу шундай кунки, мен унда бор бўлиб, бор эмасман, йўқ бўлиб, йўқ эмасман», деди ва шундай мазмунда шеър ўқиди:
Қанийди ёш бўлиб қолсам,
Куч-қувватга тўлиб қолсам,
Учқур отга миниб олиб,
Жанггоҳ ичра елиб қолсам.
يا ليتنـي فيها جـَذَعْ ** أخُبُّ فيها وأضَعْ
أقود وطْفَاءَ الزَّمَــعْ ** كأنها شـاة صَدَعْ
Душманнинг ислом лашкари ҳақида маълумот йиғишга уриниши
Мусулмонларнинг куч-қувватлари ҳақида маълумот йиғиб келишга юборган жосуслари Молик ҳузурига бўшашиб қайтиб келишди. «Ҳой, шўринг қургурлар, нима гап ўзи?!», деб сўраган эди: «Чавкар отларга минган оппоқ кийимли одамларни кўрдик. Қасамки, улар қаршисида бўшашиб, мана шу ҳолга тушдик», дейишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам душман кучини ўрганишга уринишлари
Душманнинг юриш бошлагани хабари келгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Ҳадрад ал-Асламийни бориб, одамлар ичида туришга ва уларнинг хабарларини ўрганиб келишга юбордилар. У ўзига юклатилган вазифани адо этиб, қайтиб келди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккадан Ҳунайнга йўл оладилар
Саккизинчи ҳижрий шаввол ойининг олтинчиси, шанба кунида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккани тарк этдилар – бу Маккага кириб келганларининг ўн тўққизинчи куни эди – ва ўн икки минг аскар билан йўлга отландилар. Уларнинг ўн минги Макка фатҳи учун У зот билан бирга Мадинадан келган аскарлар, икки минги эса Макка аҳлидан қўшилган кишилар бўлиб, кўплари Исломга янги кирганлар эди. Сафвон ибн Умайядан юзта совутни бошқа қурол-яроғлари билан бирга вақтинча ишлатишга олиб турдилар. Маккага Аттоб ибн Усайдни волий қилдилар.
Оқшом пайти бир отлиқ келиб: «Мен фалон тоғ устига чиққан эдим, Ҳавозинни бола-чақалари-ю, мол-қўйлари билан Ҳунайнда жамланиб туришганини кўрдим», деб хабар берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам табассум қилдилар ва: «Улар иншооллоҳ, мусулмонларнинг эртанги ўлжаларидир», дедилар. Шу кеча лашкар қўриқчилигини Анас ибн Аби Марсад ал-Ғанавий ихтиёрий равишда ўз бўйнига олди.[2]
Ҳунайнга бораверишда «Зоту анвот» деб номланган бир катта дарахтни кўрдилар. Одатда араблар унга қуролларини осишиб, унинг остида қон чиқариб, ибодат қилишарди. Шунда қўшиндаги кишилардан баъзилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Бизга ҳам ана шундай «зоту анвот» қилиб берсангиз», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳу акбар! Муҳаммаднинг жони Қўлида бўлган Зотга қасамки, сизлар худди Мусонинг қавми Мусога айтган гапни айтдингизлар. Улар: «Эй Мусо, бизга ҳам худди уларникига ўхшаган илоҳ ясаб бергин», дейишганида Мусо: «Сизлар жаҳолатга ботган қавм экансизлар», деганди. Ўтганларнинг йўли шудир. Қасамки, сизлар ҳам ўзингиздан олдин ўтганларнинг йўлларига эргашмоқдасиз», дедилар.[3]
Баъзилар қўшин сонининг кўплигига қараб: «Бугун ҳаргиз енгилмаймиз», дейишди. Бу гап Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга жуда оғир ботган эди.
Ислом лашкари кутилмаганда камончилар ҳужумига дуч келади
Ислом лашкари шавволнинг ўнинчи куни сешанбадан чоршанбага ўтар кечаси Ҳунайнга етиб келди. Молик ибн Авф улардан олдинроқ келиб, қўшинини водий ичига киритиб қўйган, йўлларга, кириш жойларига, даралар ва сўқмоқларга пистирмалар қўйиб, мусулмонлар кўриниши билан улар устига ўқ ёмғири ёғдиришга, сўнг бирданига шиддат билан ҳужумга ўтишга буюрган эди.
Саҳарга яқин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам лашкарни жангга ҳозирлаб, уларга байроқлар тикиб, қисмларга ажратдилар. Тонг қоронғусида мусулмонлар Ҳунайн водийсига яқинлашиб, пистирмалардан бехабар, пастга туша бошладилар. Шунда тўсатдан улар устига ўқлар ёмғирдек ёғила бошлади, душман аскарлари кутилмаганда шиддат билан ҳамлага ўтишди. Мусулмонлар саросимага тушиб, ортга чекинишга тушдилар ва ҳеч кимга қарамай қоча бошладилар. Ҳатто, Исломни яқингинада қабул қилган Абу Суфён ибн Ҳарб: «Уларнинг чекинишлари то Қизил денгизгача етиб боради-ёв», деди. Жабала – ёки Калада – ибн Ҳанбал: «Мана, бугун сеҳр бекор бўлди», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй одамлар, менинг ёнимга келинглар! Мен Расулуллоҳман! Мен Муҳаммад ибн Абдуллоҳман!», деб, ўнг томонга қараб юрдилар. Ўша пайт у зотнинг ёнларида муҳожир ва ансорлардан жуда озчилик кишилар қолган эди. Ибн Исҳоқ тўққиз киши, Нававий эса ўн икки киши қолганини айтганлар. Тўғрироғи, Аҳмад ва Ҳоким «Мустадрак»да Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган сўздир. Унга кўра: «Ҳунайн куни мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга эдим. Одамлар у зот ёнларидан кетиб қолиб, фақат муҳожир ва ансорлардан саксон киши маҳкам турди. Бизлар пиёда эдик, душманга орқа ўгирмадик». Термизий Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда: «Ҳунайн куни кўрдимки, одамлар тирқираб кетишган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларида юз киши ҳам қолмаган эди».[4]
Ўша дамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг беназир шижоатлари зоҳир бўлди. Хачирларини кофирлар томон суриб:
«Мен набийман, ёлғонмас сўзим,
Абдулмутталиб ўғли ўзим»
деб хитоб қила бошладилар.
(أنــا النبي لا كَذِبْ ** أنا ابن عبد المطلب)
Абу Суфён ибн Ҳорис у зотнинг хачирлари тизгинидан тутган, Аббос эса узангисидан ушлаб, уни тезлатмасдан туришарди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хачирдан тушиб, Парвардигорларидан нусрат сўраб: «Эй Парвардигор! Нусратингни туширгайсан», деб илтижо қилдилар.
Мусулмонларнинг ўзларини ўнглаб олишлари ва жангнинг шиддатли тус олиши
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам амакилари Аббосга саҳобаларга қараб нидо қилишга буюрдилар. Аббос овози ўткир одам эди. У айтади: «Шунда мен бор овозим билан: «Ҳой Самура аҳли (яъни, Ҳудайбияда самура дарахти остида байъат берганлар), қаердасиз?!», деб қичқирдим. Менинг овозимни эшитган саҳобалар мен томонга қараб худди сигир ўз боласига қараб интилганидек интила бошладилар ва: «Ҳо лаббай, ҳо лаббай!», дея бошладилар.[5] Баъзи бирлари туясининг бошини бурмоқчи бўлиб, тиқилинчда бунинг уддасидан чиқа олмай, совутини бўйнига ташлаб, қиличи билан қалқонини оларди-да, туясидан сакраб тушиб, овоз келаётган томонга қараб чопишарди. Шундай қилиб, юз чоғли одам у зот атрофларида йиғилиб, жанг бошладилар.
Сўнг чақириқ ансорларга қаратилиб: «Ҳой ансорлар жамоаси, ҳой ансорлар жамоаси!», деб нидо қилинди. Кейин Бану Ҳорис ибн Хазражга қараб нидо қилинди. Шундай қилиб, мусулмонларнинг жамоалари жанг майдонини қандай ташлаб кетган бўлсалар, худди ўшандай, бирин-кетин йиғилиб келдилар. Шундан сўнг икки ўртада жанг қизигандан қизиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жанггоҳни кузатарканлар: «Ана энди жанг авж палласига чиқди», дедилар. Сўнг ердан бир сиқим тупроқ олиб, душман томонга қараб сочиб юбордилар ва: «Юзлари майиб бўлсин», деб дуо қилдилар. Душман лашкари ичида инсон зоти борки, ҳаммасининг кўзига ўша тупроқдан кирди. Шундан сўнг уларнинг кучлари заифлашиб, ишлари орқага қараб кетди.
Душманнинг шашти пасайиши ва бутунлай тор-мор бўлиши
Ўша бир сиқим тупроқ отилганидан бир неча соат ўтмасдан душман хунук суратда мағлубиятга учради, Сақифнинг ўзидан етмишга яқин одам ўлдирилди ва мусулмонлар душманнинг мол-ҳоли, бола-чақаси ва қурол-аслаҳаларини қўлга киритдилар.
Аллоҳ таоло қуйидаги оятларида айни шу ҳолатга ишора қилган эди: «Аллоҳ сизларни кўп ўринларда ғолиб қилди. Ҳунайн кунини (эсланглар)! Ўшанда сизларни кўп эканлигингиз мағрур қилиб қўйган эди, аммо у (яъни, саноғингизнинг кўплиги) сизларни ҳеч нарсадан беҳожат қила олмади (қутқариб олмади) ва сизларга кенг ер торлик қилиб қолди, сўнг юз ўгирган ҳолингизда чекиндингиз! Кейин Аллоҳ пайғамбарига ва мўминларга Ўз томонидан хотиржамлик нозил қилди ҳамда сизлар кўрмаган бир лашкарни (яъни, фаришталарни) туширди ва кофир бўлган кимсаларни азобга дучор ҳилди. Кофирларнинг жазоси шудир (Тавба: 25, 26).
Душманни таъқиб қилиш ҳаракати
Душман қақшатгич мағлубиятга учрагач, улардан бир гуруҳи Тоифга қараб, яна бир гуруҳи Нахла тарафга, яна бир гуруҳи Автос томонга қараб чекинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Омир ал-Ашъарий бошлиқ бир гуруҳ таъқибчиларни Автосга юбордилар. Иккала гуруҳ ўртасида бир оз жанг бўлиб, мушриклар тор-мор этилдилар. Шу жангда гуруҳ қўмондони Абу Омир ал-Ашъарий ҳалок бўлди.
Яна бир гуруҳ мусулмон суворийлари душманнинг Нахлага қараб чекинган гуруҳи ортидан таъқиб қилиб бордилар. Ушбу таъқиб давомида Дурайд ибн Симма ўлдирилди, уни Рабиъа ибн Руфайъ ўлдирди.
Мушрикларнинг кўп қисми Тоифга қараб қочишган эди. Ўлжалар жамланганидан сўнг уларни таъқиб қилиб боришга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари бош бўлдилар.
Ўлжалар
Ўлжалар олти мингта асир, йигирма тўрт минг туя, қирқ мингдан ортиқ қўй-эчки ва тўрт минг увқия кумушни ташкил қилди.[6] Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни йиғдириб, Жиърона деган жойда ҳибс қилдириб қўйдилар. Масъуд ибн Амр ал-Ғифорийни уларни қўриқлаб туришга бош қилиб қўйдилар ва то Тоиф ғазотидан фориғ бўлмагунларича уларни тақсим қилмадилар.
Асирлар орасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг эмикдош сингиллари Шаймоъ бинт Ҳорис ас-Саъдийя ҳам бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келтирилганда у ўзини таништирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни бир белгиси орқали танидилар ва унга иззат-икром кўрсатиб, ридоларини ёзиб, унинг устига ўтиргиздилар. Сўнг унга марҳамат кўрсатиб, қавмига қайтариб юбордилар.
Тоиф ғазоти
Аслида, бу ғазот Ҳунайн ғазотининг давоми эди. Чунки, Ҳавозин ва Сақиф қўшини қолдиқларининг асосий қисми бош қўмондонлари Молик ибн Авф ан-Насрий бошчилигида Тоифга кириб олиб, ўша ерда ҳимояланган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳунайндан фориғ бўлиб, ўлжаларни Жиъронага йиғдирганларидан сўнг шу ойнинг ўзида, яъни 8-ҳижрийнинг шаввол ойида улар устига юриш қилдилар.
Аввалроқ қўшиннинг олдинги қисми сифатида Холид ибн Валидни минг киши билан юбордилар, сўнг ўзлари ҳам Тоифга қараб йўлга чиқдилар. Йўлда Нахлатул-Ямония деган жойдан, сўнг Қарнул-манозилдан, сўнг Лийядан ўтдилар. Молик ибн Авфнинг шу ерда жойлашган қалъасини буздириб юбордилар. Сўнг йўлда давом этиб, Тоифга етиб бордилар ва Тоиф қалъаси яқинига тушиб, ўша ерда лашкаргоҳ қурдилар. Шундан сўнг қалъа аҳлини қамалга олдилар.
Қамал анча муддат давом этди. Имом Муслим Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, қамал муддати қирқ кунга чўзилган. Сийратшунослар бунга зид фикрларни ҳам айтишган. Йигирма кун, ўн кундан ошиқ, ўн саккиз кун, ўн беш кун, деган фикрлар айтилган.[7]
Қамал муддати ичида ўзаро отишмалар давом этиб турди. Қамалнинг дастлабки босқичида қалъа аҳли мусулмонлар устига тинимсиз ўқ ёғдиришди, ўқлар худди мўр-малахдек ёғиларди. Мусулмонлардан бир қанчаси жароҳатланиб, ўн икки киши ҳалок бўлди. Шундан сўнг улар лашкаргоҳни жилдириб, бугунги Тоиф масжиди ўрнига кўчиб ўтишга мажбур бўлдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Тоифликларга қарши манжаниқни ишга солишга буйруқ бердилар. Манжаниқдан отилган тошлар қалъа деворида ёриқлар ва ўпирилишлар пайдо қилди. Мусулмонлардан бир нечалари даббоба остига кириб, у билан қалъа деворини тешиб, ичкарига киришга ҳаракат қилдилар.[8] Бироқ, душман улар устига қиздирилган темир парчаларини улоқтира бошлади, шунда улар ортга қайтишга мажбур бўлишди, улардан баъзилари душман ўқларидан ҳалок бўлдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам – душманни таслим бўлишга мажбур этиш мақсадида уруш сиёсатининг бир қисми сифатида – уларнинг токзорларини кесиб, ёқиб юборишга буюрдилар. Мусулмонлар токзорларни аёвсиз кесдилар. Сақиф Аллоҳ ҳаққи ва қариндошлик ҳаққи-ҳурмати уларни кесмасликни сўрагач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ ва қариндошлик ҳаққи-ҳурмати токларни кесишни тўхтаттирдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қай бир қул қалъадан тушиб, бизнинг ҳузуримизга келса, у озоддир», деб жар солдирдилар. Шундан сўнг йигирма уч киши тушиб келди.[9] Улар ичида Абу Бакара ҳам бор эди – қалъага сув тортадиган ёғоч ғалтакка (арабчада бакара) осилиб тушгани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни Абу Бакара деб куняладилар – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни озод қилдилар ва ҳар бирини биттадан мусулмонга бириктириб, озиқ-овқатидан хабардор бўлиб туришни топширдилар. Бу нарса қалъа аҳлига жуда ёмон таъсир қилди.
Қамал чўзилгандан чўзилиб, қалъа таслим бўлавермагач – қалъа аҳли бир йиллик қамалга бардош бергудек тайёргарлик кўриб олишганди – ва мусулмонлар ўқлар ёмғири ва қиздирилган темир парчаларидан анчагина зиён-заҳмат тортишгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Навфал ибн Муовия ад-Дийлийга маслаҳат солганларида у: «Улар гўё инидаги тулки, агар сабр-бардош билан пойласангиз, ушлайсиз. Борди-ю ташлаб кетсангиз ҳам сизга ҳеч қандай зарар етказолмайди», деди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қамални бекор қилиб, ортга қайтишга қарор қилдилар. Умар ибн Хаттобга буюриб, одамларга: «Иншооллоҳ, эртага қайтиб кетамиз», деб эълон қилдирдилар. Бу гап одамларга оғир ботди ва: «Нега энди, фатҳ қилмай қайтиб кетамизми?!», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жангга отланинглар!», деб буйруқ бердилар. Жангга кириб, яна жароҳатлар олишди. Шундан сўнг: «Иншооллоҳ, эртага қайтиб кетамиз», деб эълон қилдирган эдилар, ҳамма буни хурсандлик билан қабул қилиб, йўлга тайёрлана бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг бу ишига кулиб қараб турардилар.
Йўлга тушиб олишгач, асҳобларига: آيبونَ تائبونَ عابدونَ، لربَِنا حامدونَ ««Бизлар қайтувчилармиз, тавба қилувчилармиз, ибодат қилувчилармиз, Раббимизга ҳамд айтувчилармиз) деб айтинглар», дедилар.
У зотдан Сақифни дуоибад қилиш сўралганда: «Эй Парвардигор! Сақифни ҳидоят қилиб, уларни (мусулмон ҳолларида) келтиргин», деб дуо қилдилар.
Жиъронада ўлжалар тақсимоти
Тоифдан қамални бекор қилиб, Жиъронага қайтиб келганларидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўн кундан кўпроқ муддат ўлжаларни тақсимламай, Ҳавозин тавба қилиб вакиллар юборишини ва йўқотган нарсаларини қайтариб олишини кутиб турдилар. Лекин Ҳавозиндан дарак бўлмади. Шундан сўнг ўлжага кўз тикиб турган қабилалар бошлиқлари-ю, Макка зодагонлари кўнглини тинчитиш учун ўлжаларни тақсимлашни бошладилар. Қалблари Исломга янги ошно қилинаётган кишиларга биринчи бўлиб, катта миқдорда улушлар ажратиб бердилар.
Абу Суфён ибн Ҳарбга қирқ увқия кумуш ва юзта туя бердилар. «Ўғлим Язидга ҳам», деган эди, яна шунча бердилар. «Ўғлим Муовияга ҳам», деган эди, яна шунча бердилар. Ҳаким ибн Ҳизомга юзта туя бердилар, яна юзта сўраган эди, яна юзта туя бердилар. «Аш-шифоъ»да айтилишича, Сафвон ибн Умайяга юзта туя бердилар, кейин яна юзта, кейин яна юзта бердилар.[10] Ҳорис ибн Ҳорис ибн Каладага юзта туя бердилар. Шунингдек, Қурайшнинг бошқа раисларига ҳам юзталаб, элликталаб, қирқталаб туялар бердилар. Ҳатто, одамлар орасида «Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) камбағал бўлиб қолишдан қўрқмайдиган одамнинг беришидек бермоқда», деган гап тарқалиб кетди. Аъробийлар у зот ёнларига мол сўраб кела бошладилар, ҳатто тиқилинчда у зотни суриб, бир дарахт ёнига олиб бориб қўйишди, устиларидаги ридолари ҳам тушиб қолди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй одамлар! Ридоимни қайтариб беринглар. Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, агар менда Тиҳома дарахтлари сонича туялар бўлса ҳам, уларни сизларга бўлиб берган бўлардим. Шундан сўнг мени на бахил, на қўрқоқ, на ёлғончи деб билмаган бўлардингиз», дедилар.
Кейин ўзларининг туялари ўркачидан бир дона тукни олдилар-да, қўлларини баланд кўтариб: «Эй одамлар! Аллоҳга қасамки, сизларнинг ўлжаларингиздан хумус (бешдан бир қисми)дан ташқари менга мана шу тукча ҳам нарса керакмас, хумус ҳам яна ўзингизга қайтарилади», дедилар.
Қалблари Исломга ошно қилинувчи кишиларга бериб бўлганларидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайд ибн Собитга қолган барча ўлжаларни келтиришни буюрдилар, сўнг уларни одамларга бўлиб бердилар. Ҳар бир пиёданинг улуши ё тўртта туя, ё қирқта қўй бўлди. Отлиқлар эса ўн иккитадан туя ёки бир юз йигирматадан қўй олдилар.
Ансорларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан хафа бўлишлари
Ушбу тақсимот доно бир сиёсатдан келиб чиқиб қилинганди. Бироқ, бошда бу нарсани тушуниб етилмаслиги оқибатида анча-мунча гап-сўзлар ҳам ўртага чиқди.
Ибн Исҳоқ Абу Саид ал-Худрийдан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қурайш ва бошқа араб қабилаларига мўл-кўл мол-дунё улашиб, ансорларга бермагач, бундан ансорларнинг диллари ранжиди ва улар ичида ҳар хил гап-сўз кўпайиб қолди. Ҳатто, айримлари: «Қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз қавмларига қўшилиб кетдилар», ҳам дейишди. Саъд ибн Убода у зот олдиларига кириб: «Ё Расулуллоҳ, ансорлар мана бу ўлжа тақсимотида қилган ишингиз туфайли сиздан ранжиб қолишди, қавмингизга тақсимлаб бердингиз, бошқа араб қабилаларига ҳам жуда кўп нарсалар бердингиз, лекин ансорларга ҳеч нарса тегмади», деди. «Сиз ўзингиз нима фикрдасиз, эй Саъд?», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Саъд: «Ё Расулуллоҳ, мен ҳам қавмимнинг бир одамиман», деди. «Қавмингизни мана бу қўрғонга йиғинг», дедилар. Саъд чиқиб, ансорларни айтилган жойга йиғди. Муҳожирлардан ҳам бир неча кишилар келишган эди, уларни ҳам киритди. Кейин яна бир гуруҳ келган муҳожирларни қайтариб юборди. Сўнг Саъд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига кириб: «Ансорлар йиғилишди», деб хабар берди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг олдиларига келдилар. Аллоҳга ҳамду сано айтдилар, сўнг: «Эй ансорлар жамоаси! Айтишларича, сизлар мендан ранжибсизлар ва айрим гап-сўзлар қилибсизлар. Мен сизларга борган пайтимда залолатда эмасмидингиз, Аллоҳ сизларни ҳидоят қилмадими?! Камбағал эмасмидингиз, Аллоҳ сизларни бой қилмадими?! Бир-бирингизга душман эмасмидингиз, Аллоҳ қалбларингизни бирлаштирмадими?!», дедилар. Улар: «Ҳа, шундай. Аллоҳ ва Расулининг фазлу марҳамати беқиёс», дедилар.
Сўнг: «Менинг сўзларимга жавоб бермайсизларми, эй ансорлар жамоаси?!», дедилар. Улар: «Нима деб жавоб берамиз ё Расулуллоҳ? Миннат ва фазлу марҳамат Аллоҳ ва Расулига хосдир», дедилар. «Агар истасангизлар: «Сиз ёлғончига чиқарилган ҳолда келдингиз, биз сизни тасдиқладик, заиф-ночор ҳолда келдингиз, биз сизга ёрдам кўрсатдик, қувилган ҳолда келдингиз, биз сизга жой бердик, камбағал ҳолда келдингиз, биз сизга кўмак бердик», дейишларингиз мумкин эди ва бу гапингиз тўғри ҳам бўлар эди», дедилар.
Яна дедилар: «Эй ансорлар жамоаси, арзимаган озгина дунёни деб хафа бўлдингизларми?! Мен бир қавмнинг мусулмон бўлиб қолишини истаб, уларга ўша дунёни бергандим. Сизларни эса ўз исломингизга топшириб қўйгандим. Эй ансорлар жамоаси, одамлар қўй ва туяларни олиб кетишгани ҳолда сизлар ўз диёрингизга Аллоҳнинг расулини олиб қайтишингизга рози бўлмайсизларми?! Муҳаммаднинг жони Қўлида бўлган Зотга қасамки, агар ҳижрат бўлмаганида мен ансорлардан бири бўлган бўлардим. Ҳамма одамлар бир водийга юриб, ансорлар бошқа бир водийга юрсалар, мен ансорлар водийсини йўл тутган бўлардим. Эй Парвардигор! Ансорларни, ансорларнинг фарзандларини, ансорлар фарзандларининг фарзандларини Ўз раҳматингга олгин!»
Одамлар йиғлайвериб, соқоллари ҳўл бўлиб кетди ва: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизнинг улушимиз бўлишига розимиз!», деб гувиллашди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кетдилар ва одамлар ҳам тарқалиб кетишди.[11]
Ҳавозиндан вакиллар келиши
Ўлжалар тақсимлаб бўлинганидан сўнг Ҳавозиндан элчилар келишди. Улар ўн тўрт киши бўлиб, бошлиқлари Зуҳайр ибн Сурод деган киши эди. Улар ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг эмикдош амакилари Абу Бурқон ҳам бор эди. Улар ҳаммалари мусулмон бўлиб, байъат беришди, сўнг: «Ё Расулуллоҳ, сиз асирга олган кишилар орасида оналар, опа-сингиллар, амма-холалар бор, улар қавмнинг ор-номусларидир» деб, қуйидаги сўзлар билан бошланувчи бир неча байтларни ўқишди:
«Эй Аллоҳнинг пайғамбари, сиздан шафқат кутиб келдик,
Умид қилиб карамингиз, кўзларимиз тикиб келдик.
Шафқатингиз дариғ тутманг оқ сут берган оналардан,
Амма-хола, опа-сингил, заиф-ночор болалардан».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Атрофимда қанча одамлар борлигини кўриб турибсизлар. Мен учун гапнинг энг яхшиси энг тўғрисидир. Айтинглар, фарзандларингиз ва аёлларингиз сизлар учун қадрлироқми, мол-дунёларингизми?», дедилар. Улар: «Обрў-номусларимизга ҳеч нарсани тенг кўрмаймиз», деб жавоб беришди. «Ундай бўлса, намоздан – яъни, пешин намозидан – сўнг туриб: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни мўминларга воситачи қилиб, мўминларни эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга воситачи қилиб, асирларимизни қайтариб беришларини сўраймиз», денглар», дедилар. Пешин намозидан сўнг элчилар ўринларидан туриб, мазкур сўзларни айтдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Менинг қўлимда ва Бану Абдулмутталиб қавми қўлида бўлган асирлар сизларники, энди сизлар учун одамлардан сўраб кўраман», дедилар. Шунда муҳожир ва ансорлар ҳам: «Бизнинг қўлимиздагилар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламники», дейишди. Ақраъ ибн Ҳобис: «Аммо, мен ва Бану Тамим асирларимизни бермаймиз», деди. Уяйна ибн Ҳисн ҳам: «Мен ва Бану Фазора ҳам бермаймиз», деди. Аббос ибн Мирдос: «Мен ва Бану Сулайм ҳам бермаймиз», деган эди, Бану Сулайм: «Бизнинг асирларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламники», дейишди. Аббос ибн Мирдос уларга: «Сизлар мени бебурд қилдингиз», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Дарҳақиқат, бу қавм мусулмон бўлиб келди, мен уларнинг асирлари тақсимини пайсалга солиб турган эдим. Уларга танлаш ихтиёрини бердим, улар бола-чақалари ва аёлларини (мол-дунёларидан) афзал кўришди. Энди кимнинг қўлида уларга қарашли асирлар бўлса, кўнглидан чиқариб, қайтариб беришни истаса, шундай қилсин. Ким ўз ҳаққидан воз кечишни истамаса, ҳозир уларга қайтариб бераверсин, эвазига Аллоҳ бизга берадиган ўлжаларнинг биринчисидан унга олти баробар қилиб берамиз», дедилар. Одамлар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун кўнглимиздан чиқардик», деб жавоб беришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биз қай бирларингиз рози бўлиб, қай бирларингиз рози бўлмаганини билолмаймиз. Боринглар, ичларингиздан вакиллар келиб, нима қарорга келганингизни бизга билдирсинлар», дедилар. Шундай қилиб, Ҳавозинга аёллари ва бола-чақалари қайтариб берилди. Ёлғиз Уяйна ибн Ҳисн ўз қўлида асира бўлган бир кампирни қайтариб беришга кўнмади. У ҳам кейинроқ қайтариб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асирларга бир сидра кийим ҳадя қилдилар.[12]
Умра қилиб, Мадинага қайтишлари
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жиъронадаги ўлжалар тақсимотидан фориғ бўлганларидан кейин у ердан умрага ният қилиб, Маккага қайтдилар ва умрани адо қилгач, Мадинага қараб жўнадилар. Маккага Аттоб ибн Усайдни волий қилиб тайинладилар. Мадинага 8-ҳижрий зул-қаъда ойидан олти кун қолганида кириб келдилар.[13]
Макка фатҳидан қайтганларидан сўнг юборган сарийялари
Узоқ давом этган ушбу муваффақиятли сафардан қайтиб келганларидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келаётган элчиларни қабул қилиб ва атрофларга закот йиғувчи омиллар ва даъватчиларни юбориб ҳамда Аллоҳнинг динига киришга ва араблар шоҳид бўлиб турган воқеий ҳаётга таслим бўлишга кибри йўл қўймаётган кишиларга босим ўтказиб Мадинада турдилар. Қуйида ушбу ишларнинг қисқача тафсилоти билан танишасиз.
Закот йиғувчилар
Юқорида айтиб ўтганимиздек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага саккизинчи йилнинг охирларида кириб келдилар. Тез орада тўққизинчи ҳижрийнинг боши, яъни муҳаррам ойи бошланди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабилаларга закот йиғувчи кишиларни (омилларни) юбордилар. Қуйида уларнинг рўйхатини келтирамиз:
1
Уяйна ибн Ҳиснни
Бану Тамимга
2
Язид ибн Ҳусойнни
Аслам ва Ғифор қабилаларига
3
Аббод ибн Башир ал –Ашҳалийни
Сулайм ва Музайна қабилаларига
4
Рофиъ ибн Макисни
Жуҳайнага
5
Амр ибн Осни
Бану Фазорага
6
Заҳҳок ибн Суфённи
Бану Килобга
7
Башир ибн Суфённи
Бану Каъбга
8
Ибнул-Лутбийя ал-Аздийни
Бану Зубёнга
9
Муҳожир ибн Аби Умайяни
Санъога (ўша ерда эканида Асвад ал-Ансий унга қарши чиқди)
10
Зиёд ибн Лабидни
Ҳазрамавтга
11
Адий ибн Ҳотимни
Той ва Бану Асад қабилаларига
12
Молик ибн Нувайрани
Бану Ҳанзалага
13
Зибриқон ибн Бадрни
Бану Саъднинг бир қисмига
14
Қайс ибн Осимни
Бану Саъднинг иккинчи қисмига
15
Ал-Алоъ ибн ал-Хазрамийни
Баҳрайнга
16
Алий ибн Аби Толибни
Нажронга садақа ва жизяларни йиғишга юбордилар
Ушбу омилларнинг ҳаммаси ҳам 9-ҳижрийнинг муҳаррам ойида юборилмаганлар, балки айримларининг юборилиши улар юборилган қабилаларнинг исломни қабул қилган вақтларигача ортга сурилган. Омиллар юборишга шу қадар эътибор қаратилиши 9-ҳижрийнинг муҳаррамида бошланди. Бу эса Ҳудайбия сулҳидан кейин исломий даъватнинг нақадар кенг кўламда муваффақият қозонганига далолат қилади. Макка фатҳидан кейин эса одамлар Аллоҳнинг динига тўп-тўп бўлиб кириб келдилар.
Сарийялар
Қабилаларга закот йиғувчилар юбориш билан бир қаторда Араб жазирасининг айрим минтақаларида тинчликни барқарорлаштириш мақсадида бир неча сарийялар ҳам юбориш зарурати ҳам пайдо бўлди. Қуйида уларнинг қисқача тафсилоти билан танишасиз:
1) 9-ҳижрийнинг муҳаррамида Бану Тамимга юборилган Уяйна ибн Ҳисн бошчилигидаги эллик отлиқдан иборат сарийя.
Ушбу сарийяда муҳожир ва ансорлардан ҳеч ким иштирок этмади. Сарийя юборилишига сабаб – Бану Тамим бошқа қабилаларни мусулмонларга қарши гижгижлаган ва уларни жизя тўлашларини ман қилган эди.
Уяйна ибн Ҳисн кундузлари яшириниб, тунлари йўл юриб бориб, уларга саҳрода ҳужум қилди. Қавм қочиб, тумтарақай бўлиб кетди. Улардан ўн бир эркак, йигирма бир аёл ва ўттизта болани қўлга олиб, Мадинага келтирди. Уларни Рамла бинт Ҳориснинг ҳовлисига туширилди.
Улар ортидан қавмнинг бошлиқларидан ўнтаси етиб келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг эшиклари олдига келишиб: «Эй Муҳаммад, чиқ бизнинг олдимизга!», деб қичқиришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар олдига чиқиб келдилар. Улар у зотга ёпишиб, ҳаммаси ҳар томондан гапира бошладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар билан бироз тургач, масжидга кириб, пешин намозини ўқидилар, сўнг масжид саҳнида ўтирдилар. Улар фахрланиш ва мақтанишда мусобақа қилиш рағбатини изҳор қилишди ва ичларида энг гапга чечан ва нотиқ бўлган Уторид ибн Ҳожибни олдинга чиқаришди. У бисотидаги гаплардан гапириб бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ислом нотиқларидан Собит ибн Қайс ибн Шаммосни унинг гапларига жавоб айтишга чиқардилар. Кейин улар шоирлари Зибриқон ибн Бадрни чиқаришди, у ўзларини мақтаб шеър ўқиди. Унга ислом шоири Ҳассон ибн Собит ўша заҳоти муносиб шеърий жавоб қайтарди.
Нотиқ ва шоирлар мусобақаси ниҳоясига етгач, Ақраъ ибн Ҳобис: «Унинг нотиғи бизнинг нотиғимиздан нотиқроқ, шоири ҳам бизнинг шоиримиздан шоирроқ экан, овозлари ҳам бизнинг овозимиздан баландроқ, сўзлари ҳам бизнинг сўзларимиздан олийроқ», деди. Сўнг улар Исломни қабул қилишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни муносиб мукофотладилар ва уларга аёллари ва болаларини қайтариб бердилар.[14]
2) 9-йил сафар ойида Тураба яқинидаги Табола қасабасининг Хасъам номли қишлоғига юборилган Қутба ибн Омир бошчилигидаги сарийя.
Қутба йигирма кишилик жамоа билан ўнта туяга навбатлашиб минишиб, айтилган манзилга етиб бориб, ҳамла қилди. Икки ўртада қаттиқ жанг бўлиб, ҳар икки томондан кўплаб жароҳатланганлар бўлди. Ўлдирилганлар орасида Қутба ибн Омирнинг ўзи ҳам бор эди. Мусулмонлар туялар ва қўй-эчкиларни қўлга киритдилар, бир қанча хотинларни асира қилиб, Мадинага келтирдилар.
3) 9- йил рабиул-аввал ойида Бану Килобга юборилган Заҳҳок ибн Суфён ал-Килобий бошчилигидаги сарийя.
Бу сарийя Бану Килоб қабиласини Исломга даъват қилиш учун юборилди. Улар бош тортишди ва икки ўртада уруш бўлиб, мусулмонлар уларни енгдилар ва улардан бир кишини ўлдирдилар.
4) 9-ҳижрийнинг рабиул-аввалида Жудда соҳилларига юборилган Алқама ибн Мужаззир ал-Мудлижий бошчилигидаги уч юз кишилик сарийя.
Ушбу сарийя Жудда соҳиллари яқинида қароқчилик қилиш ва Макка аҳлини талаш мақсадида йиғилган ҳабашлар гуруҳига қарши юборилди. Алқама денгиздан ўтиб, оролга етиб борганида мусулмонларнинг келаётганидан дарак топган қароқчилар тўдаси қочиб қутулишди.
5) 9-ҳижрий рабиул-аввал ойида Той қабиласининг Фулс номли бутини вайрон қилиш учун юборилган Алий ибн Аби Толиб бошчилигидаги сарий.
Бир юз эллик кишидан иборат ушбу сарийя юзта туя ва элликта отга минган ҳолда йўлга чиқишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга битта қора ва битта оқ байроқ тикиб бердилар. Ушбу сарийя тонг пайти Оли Ҳотим маҳалласига ҳужум қилиб, бутни вайрон қилдилар ва асирлар, қўй-эчки ва туяларни қўлга киритдилар. Асирлар ичида Адий ибн Ҳотимнинг опаси ҳам бор эди, Адийнинг ўзи эса Шомга қочиб кетди. Мусулмонлар Фулсга қарашли хонадан учта қилич ва учта совут топдилар. Йўлда ғаниматларни бўлишиб олдилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тегишлисини (хумусни) ажратиб қўйдилар. Ҳотим оиласидан бўлган асирларга тегмадилар.
Мадинага келганларидан сўнг Адий ибн Ҳотимнинг опаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан раҳм-шафқат кўрсатишларини сўраб: «Ё Расулуллоҳ, (ортимдан келувчи) вакилим ғойиб бўлди, отам ўтиб кетган, ўзим бир кампирман, қўлимдан бирон хизмат ҳам келмайди, менга раҳм қилиб қўйиб юборинг, Аллоҳ сизга раҳм қилсин», деди. «Вакилинг ким эди?», деб сўрадилар. «Адий ибн Ҳотим», деб жавоб берди. «Аллоҳ ва Расулидан қочиб кетган Адийми?», дедилар, сўнг ўтиб кетдилар. Эртаси куни аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга яна кечаги сўзлари билан мурожаат қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам кечаги гапларини айтиб, ўтиб кетдилар. Учинчи куни яна сўраган эди, унга марҳамат қилиб, озод қилдилар. Унинг ёнида бўлган бир киши – аёл уни Алий бўлса керак деб ўйлайди – унга: «У зотдан улов ҳам сўра», деб ўргатди. Сўраган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга улов беришни буюрдилар.
Адий ибн Ҳотимнинг опаси Шомга, укаси Адийнинг олдига келиб, унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўрган муомалани айтиб берди ва: «У киши отанг ҳам қилолмайдиган ишни қилдилар. Сен истасанг ҳам, истамасанг ҳам у кишининг олдига боришинг керак», деди. Шундан сўнг Адий ҳеч қандай омонлик олмаган ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келди. У зотнинг уйларига кириб ўтирганидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Нега қочиб кетасан? «Ла илаҳа иллаллоҳ» дейишдан қочасанми?! Бир Аллоҳдан ўзга ибодатга лойиқ зот борлигини биласанми?!», дедилар у: «Йўқ», деди. У билан бир муддат гаплашдилар, сўнг: «Сен «Аллоҳу акбар» деган сўздан қочасан. Ахир Аллоҳдан кўра буюкроқ бирон зот борлигини биласанми?!», дедилар. У: «Йўқ», деди. «Яҳудлар Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган, насоролар эса адашган кишилардир», дедилар. Шунда Адий: «Мен ҳаниф (яъни, ҳақдан оғмаган Иброҳим алайҳиссалом динидаги) муслимман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзлари қувончдан ёришиб кетди. Сўнг уни ансорлардан бирининг ҳовлисига туширдилар. У эрта-ю кеч Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, у зотнинг суҳбатларидан баҳраманд бўлиб турди.[15]
Ибн Исҳоқнинг Адий ибн Ҳотимдан қилган ривоятида айтилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйларида уни ўз олдига ўтиргизиб: «Эй Адий ибн Ҳотим, сен ракусий[16] эмасмидинг?!», дедилар. Адий айтади: «Мен: Ҳа, шундай», деб жавоб бердим. «Қавминг эришган ғаниматларнинг тўртдан бирини олиб қўймасмидинг?!», дедилар. «Ҳа, шундай қилардим», дедим. «Бундай қилиш сенинг динингда ҳаром қилинган эди», дедилар. Мен: «Ҳа, тўғри айтасиз», дедим ва у кишининг бировлар билмайдиган ишларни биладиган ҳақ пайғамбар эканини билдим».[17]
Аҳмад ривоятида: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Адий, Исломни қабул қил, саломат қоласан», дедилар. «Мен диндорман», деб жавоб бердим. «Мен сенинг динингни сендан кўра яхшироқ биламан», дедилар. «Қандай қилиб динимни мендан яхшироқ биласиз?», дедим. «Сен ракусия аҳлидансан, қавмингнинг ўлжаларидан тўртдан бирини ейсан, шундай эмасми?!», дедилар. «Ҳа, тўғри», дедим. «Бундай қилиш сенинг динингда ҳалол эмас», дедилар. Шундан сўнг мен у кишининг сўзларига тавозеъ билан қулоқ солиб турдим».[18]
Бухорийнинг Адийдан қилган ривоятида айтилади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида эдим, бир киши муҳтожликдан шикоят қилиб келди, кейин яна бир киши йўлтўсарлардан шикоят қилиб келди. У зот: «Эй Адий, Ҳийра шаҳрини кўрганмисан? Агар умринг узун бўлса, албатта кўрасанки, йўловчи аёл туя устидаги ҳавдажида Ҳийрадан сафар қилиб, Каъбани тавоф қилади, Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан қўрқмайди (яъни, ҳеч қандай йўлтўсарлар бўлмайди). Агар умринг узун бўлса, албатта Кисронинг хазиналарини фатҳ қилинганини кўрасан. Агар умринг узун бўлса, албатта кўрасанки, бир одам кафтини тўлдириб тилла ёки кумуш кўтариб олиб, уни оладиган одамни қидириб тополмайди...», дедилар». Ҳадис охирида Адий Айтади: «Мен аёл кишининг туя устида Ҳийрадан сафар қилиб, Каъбани тавоф қилганини ва йўлда Аллоҳдан ўзга ҳеч кимдан қўрқмаганини кўрдим. Кисро ибн Ҳурмузнинг хазиналарини фатҳ этган кишилар орасида бўлдим. Агар умрларингиз узун бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган кафтини тўлдириб тилла ё кумуш кўтариб юрган одамни албатта кўрасизлар».[19]
Табук ғазоти
(9-ҳижрийнинг ражаб ойи)
Макка фатҳи ғазоти ҳақ билан ботил ўртасини ажрим қилиб берган ғазот бўлиб, ушбу ғазотдан кейин араб дунёсида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақ пайғамбарликлари ҳақида умуман шубҳага ўрин қолмади. Шу боис воқеалар оқими тамоман ўзгариб, одамлар Аллоҳнинг динига тўп-тўп бўлиб кириб келдилар. Буни биз қуйироқда элчилар келиши ҳақидаги бўлимда келтириб ўтадиган сатрлардан ва Ҳажжатул вадоъда ҳозир бўлган ҳожилар ададидан ҳам билиб олса бўлади. Шундай қилиб, ички муаммолар барҳам топиб, мусулмонлар Аллоҳнинг шариатини таълим бериш ва Ислом даъватини ёйиш учун яхшигина фурсатга эга бўлдилар.
Ғазотнинг сабаби
Лекин, шу билан бирга, асоссиз равишда мусулмонларга қарши душманлик мавқифини тутган ташқи бир куч ҳам ўртага чиқдики, у ўша даврда ер юзидаги энг кучли ҳарбий қудратга эга бўлган румликлар эди. Аввал айтиб ўтилгани каби, бу адоват Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг элчилари бўлмиш Ҳорис ибн Умайр ал-Аздийни Шураҳбил ибн Амр ал-Ғассоний тарафидан ўлдирилиши билан бошланган эди. Ўшанда Ҳорис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Бусро ҳокимига йўллаган мактубларини олиб кетаётган эди. Шу воқеадан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайд ибн Ҳориса бошчилигидаги сарийяни юборган, бу сарийя аъзолари Муътада румликлар билан қаттиқ тўқнаш келишган, золимлардан ўч олишга муваффақ бўлинмаган эса-да, ушбу тўқнашув чор-атрофдаги араблар дилида ўзининг жуда кучли таъсирини қолдирган эди.
Рум шоҳи Қайсар Муъта жангининг мусулмонлар фойдасига хизмат қилганидан ва шундан сўнг кўплаб араб қабилалари Қайсардан мустақилликка эришиб, мусулмонлар билан иттифоққа киришга интила бошлаганидан кўз юмиши мумкин эмасди. Чунки, бу унинг ҳудудлари сари яқинлашиб келаётган жуда катта хатардан дарак берар ва араблар билан ёнма-ён жойлашган Шом диёрларига нисбатан таҳдид ҳисобланар эди. Шунинг учун у мусулмонлар енгиб бўлмас катта қудратга айланмасларидан туриб ва Румга қўшни араб минтақаларида беқарорлик ва қўзғолонлар пайдо бўлмасдан туриб уларни янчиб ташлашга ва батамом тор-мор қилишга аҳд қилди.
Мана шуларни назарда тутган Қайсар Муъта жангидан бир йил ҳам ўтмай, румликлар ва уларга тобеъ бўлган Ғассон ва бошқа араб қабилалари иштирокида жуда катта қўшин ҳозирлай бошлади ва ҳал қилувчи қонли урушга тайёрлана бошлади.
Румликлар ва Ғассоннинг урушга тайёргарлиги ҳақидаги умумий хабарлар
Румликларнинг мусулмонлар билан аёвсиз урушга тайёргарлик кўраётганлари ҳақидаги хабарлар Мадинага тўхтовсиз келиб турар, Мадина аҳлини ҳар лаҳза хатарга дуч келиш хавфи ўраб олган, ҳатто бирон ғайри оддий овоз эшитилса, уни румликлар ҳужуми эмасмикин, деган хавотир билан кутиб олинадиган бўлиб қолганди. Бу нарса Умар ибн Хаттоб билан бўлган қуйидаги воқеада ҳам яққол кўринади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу йили – 9-ҳижрийда – бир ой аёлларидан ийло қилган (яъни, уларга яқинлашмасликка қасам ичган), улардан четланиб, бир ҳужрани маскан тутган эдилар. Саҳобалар аввал бошда бу ишнинг ҳақиқатига тушунолмай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларини талоқ қилган бўлсалар керак, деган гумонга боришди ва кўнгилларини ташвиш, хавотир ва безовталик эгаллади. Умар ибн Хаттоб ушбу воқеа ҳақида сўзлар экан, шундай дейди: «Менинг бир ансорий биродарим бор эди. Биз Мадинанинг Аволийсида яшаганимиз боис навбат билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бориб турардик. У мен йўқлигимда бўлган ишлар хабарини менга етказиб келар, мен ҳам у йўқлигида бўлган ишлар хабарини унга етказиб турардим. Ўша кунлари Ғассон подшоҳларидан бирининг Мадина устига ҳужум қилиши ҳақида хабарлар тарқалган ва бизнинг дилларимиз хавотир билан тўлган эди. Бир куни ансорий биродарим эшикни қаттиқ қоқиб: «Оч, оч!», дея бошлади. Шунда мен: «Нима гап, Ғассоний бостириб келдими?», деб сўрадим. У: «Ундан ҳам ёмонроқ хабар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларидан четланибдилар», деди...»[20]
Бошқа бир ривоятда айтади: «Ғассонликлар бизга қарши урушга тайёрланаётганлари ҳақида гап-сўзлар юрган кунлар эди. Биродарим ўзининг навбати куни шаҳарга тушиб кетди ва хуфтон маҳали қайтиб келиб, эшигимни қаттиқ ура бошлади ва: «Ухлаяптими у?», деб сўради. Мен қўрқиб кетдим ва шошилиб унинг олдига чиқиб: «Нима бўлди? Ғассон бостириб келдими?», деб сўрадим. У: «Йўқ, бундан ҳам ёмонроқ иш бўлди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларини талоқ қилибдилар», деди...»[21]
Бу эса мусулмонларнинг румликларга нисбатан тутган ғоят хавотирли муносабатларидан дарак берарди. Боз устига, ушбу хавотирли хабарлар Мадинага келиб турган кунлари мунофиқлардан содир бўлган бир иш дард устига чипқон бўлди. Мунофиқлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг барча жабҳаларда ғалабага эришаётганларини ва ер юзидаги ҳеч бир шоҳу султондан қўрқмасликларини, у зотнинг йўлларига тўғаноқ бўлаётган ҳар қандай тўсиқлар эриб битаётганини кўриб туриб ҳам, дилларида яширин мақсадларини амалга ошириш ниятидан қайтмаган эдилар, исломга ва мусулмонлар бошига ёмонлик етишини кутиб яшашдан чарчамаган эдилар. Қадимий орзулари ушалишига бир баҳя қолгандек туюлган шу кунларда улар зоҳирда масжид суратида, аслида эса ўз фитна ва макр-ҳийлаларига ўчоқ бўлиши учун бир марказ барпо қилдилар. У Зирор (мўминларга зарар етказиш) масжиди бўлиб, уни куфрни кучайтириш ва мўминлар орасига тафриқа солиш ҳамда Аллоҳ ва Расулига қарши урушган кимсаларга кўз тутиш учун қурган эдилар. Сўнг улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ушбу масжидларида намоз ўқиб беришларини сўрадилар. Бу билан уларнинг мақсадлари мўминларни чалғитиш, мўминларга қарши у ерда тўқилажак фитна ва фириб-найранг тўрларидан уларни ғофил қолдириш, унга кириб-чиқаётган кимсалардан мўминлар эътиборини буриш бўлиб, бу бино мунофиқлар ва уларнинг хориждаги ҳамтовоқлари учун бехавотир гўшага айланишини истаган эдилар. Лекин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам урушга ҳозиргарлик билан банд бўлганлари учун у ерда намоз ўқишни кейинга қолдирдилар. Мунофиқлар ниятларига эришолмадилар, Аллоҳнинг Ўзи уларни шарманда қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғазотдан қайтиб келганларидан сўнг ушбу масжидда намоз ўқиш ўрнига, аксинча, уни буздириб юбордилар.
Рум ва Ғассоннинг тайёргарлиги ҳақида хос хабарлар
Шу орада Шомдан Мадинага мой келтирган нибтлик савдогарлар Ҳирақл қирқ минг аскардан иборат улкан қўшин жамғаргани, унинг бош қўмондонлигини Рум лашкарбошиларидан бирига топширгани, бу қўшин сафига Лахм, Жузом ва бошқа насроний араб қабилаларини ҳам жалб этгани, қўшиннинг олдинги қисми Балқога етгани ҳақида хабар келтирдилар. Шу билан мусулмонлар кўз ўнгида уларни нақадар кенг кўламдаги хатар кутиб тургани яна-да очиқ маълум бўлди.
Вазиятни яна-да оғирлаштирадиган ҳолат
Вазият шуниси билан ҳам оғир эдики, бу давр ёзнинг айни қаттиқ қизиган кунларига тўғри келган, қурғоқчилик ва иқтисодий танглик сабабли одамлар жуда қийин аҳволда турган, унинг устига мевалар энди пишиб келаётган ва одамлар боғ-роғлари ва соя-салқин жойларида ўтиришни ёқтирадиган ва сафарга чиқишни ёқтирмайдиган бир пайт эди. Боз устига, масофа ҳам узоқ, йўл эса оғир ва машаққатли эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлга чиқишга қатъий қарор қабул қиладилар
Лекин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вазиятга бундан кўра чуқурроқ ёндашиб, воқеалар ривожини тийрак нигоҳ билан кузатиб, донолик билан таҳлил қилиб бораётган эдилар. Охир-оқибат, агар мана шундай қалтис шароитда Румга қарши урушга эриниб, сусткашлик қилинса, румликларни Ислом ҳукми ва нуфузи остидаги минтақаларда кезиб юришига ва Мадинага бостириб келишига йўл қўйиб берилса, бу исломий даъватга ва мусулмонларнинг ҳарбий шон-шавкатларига жуда ёмон таъсир кўрсатади, деган хулосага келдилар. У ҳолда Ҳунайндаги қақшатқич мағлубиятдан сўнг ўзининг охирги нафасларини олаётган жоҳилият яна қайта жонланиши, мусулмонларга ёмонлик етишини кутиб юрган ва Абу Омир ал-Фосиқ воситасида Рум шоҳи билан алоқада бўлиб турган мунофиқлар Рум қўшини мусулмонларга олди томондан ҳамла қилган чоғда орқадан туриб улар орқасига пичоқ уриши тайин эди. Оқибатда у зот ва асҳоблари Исломни ёйиш учун сарфлаган шунча куч-ҳаракатлар зое бўлиб, давомий қонли жанглар ва ҳарбий амалиётлар орқасидан улар эришган барча муваффақиятлар қўлдан бой берилар эди.
Мана шулардан келиб чиқиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар қанча оғир ва машаққатли ҳолат бўлмасин, йўлга отланишга ва румликлар билан уларнинг ўз ҳудудларида уруш олиб боришга, уларни Ислом диёрига бостириб келишларига йўл қўймасликка қатъий қарор қилдилар.
Румликларга қарши урушга тайёргарлик эълон қилиниши
Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларига урушга тайёрланиш ҳақида фармон бердилар. Макка аҳлига ва бошқа араб қабилаларига элчи юбориб, уларни ҳам бу урушга сафарбар қилдилар. Кўпинча, жангга чиқмоқчи бўлсалар, уни бошқалардан сир тутишга уринардилар. Бу сафар вазиятнинг ғоят оғирлиги ва шароитнинг ўта қийинлигидан келиб чиқиб, Румга қарши урушга отланаётганлари ҳақида очиқ эълон қилдилар, одамлар мукаммал тайёргарлик кўришлари учун уларга ҳолатни очиқ баён қилдилар ва уларни жиҳодга тарғиб қилдилар. Бароъа сурасида мусулмонларни матонатга чорловчи ва жиҳодга ундовчи оятлар нозил бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни Аллоҳ йўлида инфоқ қилишга ва энг яхши молларини сарфлашга ундадилар.
Мусулмонлар жангга ҳозирлик кўришда мусобақалашадилар
Мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Румга қарши урушга чорловчи овозларини эшитгач, ўша заҳоти ушбу фармонга бўйсунишга шошилдилар ва зудлик билан урушга ҳозирлик кўра бошладилар. Чор-атрофдан қавму қабилалар Мадинага оқиб кела бошлади. Мусулмонлардан бирон киши ҳам ушбу жангдан қолишни истамади, – қалбларида мараз бўлган кимсалар ва холис мусулмонлардан уч киши бундан мустасно – ҳатто, камбағал ва муҳтож кишилар ҳам румликларга қарши жангга чиқиш истагини билдириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўзлари учун от-улов ва қурол-аслаҳалар сўраб келишарди, «Уларга: «Сизларни миндириб юборадиган улов йўқ-ку», деганингизда (жиҳод учун) ишлатиладиган бирон нарса топа олмаганлари учун ғамгин бўлишиб, кўзларидан ёш тўкиб, қайтиб кетишарди» (Тавба: 92).
Ундан ташқари, мусулмонлар уруш тайёргарлиги учун пул-мол сарф қилиш ва садақотлар беришда ҳам ўзаро мусобақага киришдилар. Усмон ибн Аффон Шомга юборишга бир карвон тайёрлаб қўйган эди, 200 (икки юз) туялик ўша карвонини устидаги анжомлари билан, яна 200 (икки юз) увқия кумушни ҳам қўшиб, Аллоҳ йўлида садақа қилди. Сўнг яна 100 (юзта) туяни эгар-жабдуқлари билан келтириб берди. Сўнг 1000 (минг) динор келтириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг этакларига тўкди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу тиллаларни этакларида айлантириб туриб: «Усмонга бугундан кейин нима иш қилса ҳам зарари йўқдир», дедилар.[22] Усмон кейин ҳам қайта-қайта садақа қилди, ҳатто унинг садақаси миқдори пуллардан ташқари 900 (тўққиз юз) туя ва 100 (юз) отга етди.
Абдурраҳмон ибн Авф 200 (икки юз) увқия кумуш келтириб берди. Абу Бакр Сиддиқ бор молини – яъни, 4000 (тўрт минг) дирҳам – келтириб берди, аҳли-оиласи учун Аллоҳу Расулидан бошқа нарсани қолдирмади. Буни у ҳаммадан биринчи бўлиб олиб келган эди. Умар ибн Хаттоб ярим мол-дунёсини келтирди. Аббос ҳам анчагина мол келтирди. Талҳа, Саъд ибн Убода, Муҳаммад ибн Масламалар ҳам кўп пул-мол келтириб бердилар. Осим ибн Адий тўқсон васақ[23] хурмо олиб келди. Бошқалар ҳам озми, кўпми, ўз садақаларини келтириб беришди. Ҳатто, баъзилар бир-икки муд (ҳовуч) бўлса ҳам топганича нарса келтирдилар. Аёллар ҳам қодир бўлганларича билагузук, сирға, узук каби ҳар хил тақинчоқларини юбордилар.
Мунофиқлардан бошқа ҳеч ким бу ишдан четда қолгиси келмади, фақат мунофиқларгина «Мўминлар орасидан ўз хоҳиши билан садақотлар қилувчи кишиларни ва (инфоқ-эҳон қилиш учун) кучлари етган нарсани топиб келган кишиларни айблаб, масхара қилишарди» (Тавба: 79).
Ислом лашкари Табукка йўл олади
Қўшиннинг тайёргарлиги шу тарзда амалга оширилгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага Муҳаммад ибн Маслама ал-Ансорийни халифа қилиб қолдирдилар, айримлар Сибоъ ибн Урфутани халифа қилганлар ҳам дейишган. Ўз аҳли-оилаларига Алий ибн Аби Толибни бош-қош қилиб қолдирдилар. Мунофиқлар ҳар хил пичинг гаплар қилишгач, Алий ҳам йўлга чиқиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етиб олди. Шунда у зот: «Менга нисбатан Ҳоруннинг Мусога нисбатан тутган ўрнида бўлишга рози бўлмайсизми?! Фақат, (ўртадаги фарқ шуки,) мендан кейин пайғамбар йўқдир», деб, уни яна Мадинага қайтариб юбордилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайшанба куни Табукни қасд қилиб, шимол томонга қараб ҳаракатланишни бошладилар. Қўшин жуда ҳам улкан – 30000 (ўттиз минг) жангчидан иборат – бўлиб, мусулмонлар ҳар қанча мол сарфлаганларига қарамай, уни мукаммал ва тўла-тўкис жиҳозлаш имкони бўлмаган, қўшинда озиқ-овқат ва от-уловга бўлган қаттиқ тақчиллик сезилиб турарди. Ўн саккиз киши битта туяни навбатлашиб минишар, кўпинча очликдан дарахт баргларини ейишганидан оғизлари шишиб, ёрилиб кетарди. Туялар тақчиллигига қарамай, уларнинг қоринлари ичидаги сувларни ичиш мақсадида уларни сўйишга ҳам мажбур бўлишарди. Шу боисдан ушбу қўшин «жайшул-усра» (қийинчилик лашкари) деб ном олди.
Исломий қўшин Табукка қараб борар экан, йўлда Ҳижрдан – харсанг тошларни кесиб ўзларига уйлар солиб олган Самуд қавми диёри бўлмиш Қуро водийсидан – ўтдилар. У ердаги қудуқдан сув ичмоқчи бўлганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Унинг сувидан ичманглар, таҳорат ҳам олманглар! Ўша сувдан хамир қорган бўлсангиз, уни туяларга бериб юборинглар, ундан ўзларингиз еманглар!», деб буюрдилар ва Аллоҳнинг пайғамбари Солиҳ алайҳиссаломнинг туялари сув ичгани келадиган қудуқдан сув тортиб ичишга буюрдилар.
«Саҳиҳайн»да Ибн Умардан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳижрдан ўтаётганларида: «Ўзларига зулм қилган кимсаларнинг турар жойларига киргудек бўлсангиз, фақат йиғлаган ҳолда киринглар, токи уларга етган бало сизларга ҳам етиб қолмасин», дедилар, сўнг бошларини ўраб олиб, то водийдан ўтиб кетгунча юришни тезлатдилар.[24]
Йўлда қўшин қаттиқ ташналикдан қийналиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шикоят қилганларида у зот Аллоҳга дуо қилдилар. Шунда Аллоҳ таоло бир булут юбориб, ёмғир ёғдириб берди, одамлар шу билан сувга бўлган эҳтиёжларини қондирдилар.
Табукка яқин қолганида: «Иншооллоҳ, эртага Табук чашмасига етиб борасизлар. Унга чошгоҳ маҳалидагина етиб борасизлар. Ким аввал етиб борса, то мен бормагунимча унинг сувига қўл теккизмасин!», дедилар. Муоз айтади: «Биз борганимизда икки киши аввалроқ етиб келган экан. Булоқдан оёқ кийимнинг ипидек ингичка бўлиб, озгина сув оқиб чиқаётган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳалиги икковидан: «Булоқ сувига тегдиларингми?», деб сўрадилар. Улар: «Ҳа», дейишди. Уларни койиб, Аллоҳ истагинича сўзларни айтдилар. Сўнг булоқдан ҳовучларида оз-оздан сув олиб, бир оз миқдорда сув тўплаб, у билан юз-қўлларини ювдилар, кейин уни булоққа қайтариб тўккан эдилар, ундан тўлиб-тошиб сув чиқа бошлади. Ҳамма шу сувдан баҳраманд бўлди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Муоз, агар умринг узун бўлса, мана шу атрофларни боғ-роғ билан тўлганини кўрасан», дедилар.[25]
Йўлда – бир ривоятда Табукка етганларида – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу кеча қаттиқ бўрон бўлади. Шунда ҳеч кимингиз ўрнидан турмасин. Туяси борлар туясини маҳкам тушовлаб қўйсин», дедилар. Тунга бориб қаттиқ бўрон турди. Бир киши ўрнидан турган экан, уни шамол учириб, Тоййиъ тоғларига олиб бориб ташлади.[26]
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одатлари бўйича, йўлда пешин билан асрни ва шом билан хуфтонни улардан бирининг вақтида жамлаб ўқиб бордилар.
Ислом қўшини Табукда
Ислом лашкари Табукка тушиб, лашкаргоҳ қурди ва душман билан тўқнашувга ҳозирлана бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга пурмаъно сўзлар билан жуда таъсирчан ваъз-насиҳат қилдилар, уларни дунё ва охират яхшилигига чорладилар, хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи сўзлар билан мурожаат қилдилар. Шу билан уларнинг руҳиятларини кўтардилар, озиқ-овқат ва моддий таъминот етишмаслигидан юзага келган бўшлиқни тўлдирдилар ва яраларига малҳам қўйдилар. Румликлар ва уларнинг иттифоқчилари эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бостириб келганлари хабарини эшитиб, дилларига қўрқув оралади ва мусулмонлар билан тўқнашишга юраклари бетламай, мамлакат бўйлаб, ўз ҳудудлари ичида тарқалиб кетишди. Бу эса жазира ичкарисида ва унинг атрофларида мусулмонларнинг ҳарбий обрў-эътиборлари ошишига жуда катта таъсир кўрсатди, бу билан мусулмонлар ғоят муҳим ва катта сиёсий устунликни қўлга киритдиларки, эҳтимол, душман билан амалий равишда тўқнашган чоғларида ҳам бу даражада юксак нуфузга эриша олмасликлари мумкин эди.
Айла ҳокими Юҳанна ибн Руъба келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан сулҳга эришди ва жизя тўлади. Жарбоъ ва Азруҳ аҳллари ҳам келиб, жизя беришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга омонлик хати ёзиб бердилар. Мийноъ аҳли ўзларидан чиққан ҳосилнинг тўртдан бирини беришга сулҳ туздилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Айла соҳибига қуйидаги хатни ёзиб бердилар: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Бу Аллоҳ томонидан ва Аллоҳнинг элчиси Муҳаммад пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан Юҳанна ибн Руъбага ва бутун Айла аҳлига берилган омонлик хатидир. Уларнинг кемалари ва қуруқликдаги карвонлари Аллоҳнинг, Муҳаммад пайғамбарнинг ва у билан бирга бўлган Шом аҳли ва денгиз аҳлининг ҳимоясидадир. Улардан (яъни Айла аҳлидан) қай бир киши аҳдни бузса, унинг жони омонда бўлса ҳам, моли талонда бўлиб, уни олганлар учун ҳалолдир. Уларни ўзлари истаган сувдан ёки юрмоқчи бўлган қуруқлик ва сув йўлидан тўсиш мумкин эмасдир».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Холид ибн Валидни 420 отлиқ билан Дувматул Жандал ҳокими Укайдир ҳузурига юбордилар ва унга: «Сиз уни сигир овлаётган ҳолда топасиз», дедилар. Холид етиб бориб, унинг қалъасидан кўз илғарлик масофада турганида бир ёввойи сигир келиб, шохларини қаср дарвозасига ишқалай бошлади. Шунда Укайдир уни овлаш учун чиқиб келди. Тун ойдин эди. Холид ибн Валид ўз отлиқлари билан бориб, уни қўлга тушириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келтирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қонидан кечдилар ва у билан сулҳ туздилар. Сулҳга кўра у 2000та туя, 800 бош қул-чўри, 400та совут, 400та найза берди ва жизя тўлашга рози бўлди. Унга ҳам Юҳанна билан бирга Дувма, Табук, Айла ва Таймоъга қилган ҳукмларини қилиб, уларга омонлик хати ёзиб бердилар.
Румликлар фойдасига ишлаётган қабилалар ҳам бундан буёғига эски хожаларига суяниш вақти ўтганига ишонч ҳосил қилишиб, мусулмонлар томонга юз бура бошладилар. Шундай қилиб, ислом давлатининг ҳудудлари кенгайиб, бевосита Рум чегараларига етиб борди.
Мадинага қайтишлари
Ислом лашкари Табукдан музаффар ва ғолиб бўлиб, бирон талафот кўрмай қайтиб келди. Аллоҳ таолонинг ўзи мўминларни машаққатли урушга киришдан озод қилди. Йўлда қайтаётганларида бир тор дара ичида мунофиқлардан ўн икки нафари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга суиқасд қилишга уринишди. Бу шундай бўлди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша дарадан ўтиб бораётганларида Аммор у зотнинг туялари тизгинидан тутиб бораётган, Ҳузайфа ибн ал-Ямон туяни ҳайдаб бораётган эди. Одамлар эса водий оралаб юриб бораётган эдилар. Ҳалиги мунофиқлар қулай фурсатдан фойдаланиб қолмоқчи бўлишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки саҳоба ҳамроҳлигида юриб борарканлар, орқадан кимларнингдир шарпаси сезилди. Юзларига ниқоб тутган бир гуруҳ кишилар ёпирилиб келаётган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳузайфага буюрдилар, у қўлидаги таёқ билан улар минган туяларнинг бошларига ура бошлади ва туялар ҳуркиб, ортга тисарилдилар. Аллоҳ таоло уларнинг дилига қўрқув солиб қўйди ва улар тезлик билан орқаларига қайтиб, одамлар ичига сингиб кетишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг исмларини ва қилмоқчи бўлган ишларини айтиб бердилар. Шу боисдан Ҳузайфа розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сирлари соҳиби деб аталарди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло оят ҳам нозил қилган эди: «Улар ўзлари етолмаган нарса (яъни пайғамбар жонига суиқасд қилишга) қасд қилган эдилар» (Тавба: 74).
Узоқдан Мадинанинг белгилари кўрингач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу Тоба (пок шаҳар), бу эса бизни яхши кўрадиган ва биз ҳам уни севадиган тоғ – Уҳуддир», дедилар. У зотнинг келаётганлари хабарини эшитган одамлар кутиб олгани чиқиб келдилар. Аёллар ва болалар қўшинни зўр қувонч билан, «Толаъал бадру» деб бошланувчи, «Бизларга Вадоъ тепаликларидан тўлин ой кўринди, то қиёмат шукр айтмоқ зиммамизга вожиб бўлди», деган мазмундаги қўшиқни куйлаб кутиб олишди.
طلع البـدر علينا ** من ثنيات الوداع
وجب الشكر علينا ** ما دعا للع داع
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Табукдан қайтиб, Мадинага кириб келишлари 9-ҳижрийнинг ражаб ойига тўғри келади.[27] Ушбу ғазотга бориб келишларига эллик кун кетди. Ундан йигирма кунида Табукда турдилар, қолганини йўлда ўтказдилар. Ушбу ғазот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам иштирок этган охирги ғазотдир.
Ушбу ғазотдан қолиб кетганлар
Табук ғазоти унинг ўзигагина хос бўлган сабаб ва шарт-шароитлар туфайли Аллоҳ таоло томонидан мўминлар учун жуда катта имтиҳон бўлди. Унда бошқа шу каби ўринларда бўлганидек, мўминлар бошқалардан ажралдилар. Аллоҳ таоло айтганидек: «Аллоҳ мўминларни сизлар бўлган мана шу ҳолатда (яъни ким мўмин-у, ким мунофиқлиги маълум бўлмаган ҳолатда) ташлаб қўювчи эмас. Ҳали у (Уҳудда мунофиқларни мўминлардан ажратиб қўйгани каби) нопокни покдан ажратади» (Оли Имрон: 179). Чин мўминлардан ҳеч қайсилари ушбу ғазотдан ўзларини четга олмасдан, ҳаммалари унга чиқиб бордилар, ҳатто ундан қолиш мунофиқлик белгиси бўлиб саналиб қолди. Бирон киши ундан қолиб кетган бўлса, бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хабар берилганида у зот: «Қўяверинглар, агар у одамда яхшилик бўлса, Аллоҳ ўзи уни сизларга етказиб қўяди. Агар бошқача бўлса, Аллоҳ ундан сизларни қутқарган бўлади», дердилар. Ушбу ғазотдан фақат бирон узрлари бўлган кишиларгина ёки Аллоҳ ва Расулини ёлғончи санаган мунофиқларгина ёлғондан узр айтишиб ё умуман узр ҳам айтмасдан қолдилар. Тўғри, ҳақиқий мўминлардан уч нафари ҳам ҳеч қандай узрли сабабсиз қолиб кетишди. Улар Аллоҳнинг синовига дучор бўлиб, кейин Аллоҳ уларнинг тавбаларини қабул қилган кишилар эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага кириб келгач, энг аввал масжидга кириб, икки ракъат намоз ўқидилар, сўнг одамларнинг узр-маъзур айтишларини эшитиб ўтирдилар. Мунофиқлар – саксондан ортиқроқ киши – келиб, ҳар хил узрлар айтиб, қасам ичишди. Уларнинг зоҳирий сўзларини қабул қилиб, байъат қилдилар. Улар учун истиғфор айтиб, дилларини Аллоҳга топширдилар.
Аммо, уч нафар чин мўминлар – Каъб ибн Молик, Мурора ибн Рабиъ ва Ҳилол ибн Умайя – эса тўғрисини, яъни ҳеч қандай узрсиз қолишганини айтишга қарор қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларни бу уч киши билан гаплашишдан ман қилдилар. Улардан батамом алоқалар узиб қўйилди, уларга нисбатан мусулмонларнинг муомалалари ўзгарди. Ер ҳам уларни сиғдирмай қолди, кенг ер кўзларига тор бўлиб, жуда оғир ва танг аҳволда қолдилар. Жазо чоралари бошланганидан қирқ кун ўтгач, уларга аёлларидан ҳам четланиш буюрилди. Фақат эллик кундан кейингина Аллоҳ таоло уларнинг тавбаларини қабул қилиб, оят нозил қилди:
«Яна ўша уч кишининг (тавбаларини ҳам қабул қилдики), то уларга кенг ер торлик килиб қолгунча ва диллари сиқилиб, Аллоҳнинг (ғазабидан) фақат Ўзига тавба қилиш билангина қутулиш мумкин эканини билгунларича (тавбалари қабул бўлмай) қолдирилган эди. Сўнгра (Аллоҳ) тавба қилишлари учун уларга тавба йўлини очди. Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи, меҳрибондир» (Тавба: 118).
Мусулмонлар кўп хурсанд бўлдилар ва уларни муборакбод этдилар, уччовларининг эса шодликларининг чек-чегараси йўқ эди. Улар тавбалари мақбул бўлгани шукронасига садақот ва хайру эҳсонлар қилдилар. Бу кун уларнинг ҳаётларидаги энг бахтли кун бўлиб қолди.
Ҳақиқий узр сабабли чиқолмай қолган кишилар ҳақида Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилди: «Ожиз-нотавонларга, хасталарга ва (жиҳод учун) бергани ҳеч нарса топа олмаётган кишиларга — агар улар Аллоҳ ва Унинг пайғамбари учун холис бўлсалар, бирон хараж — гуноҳ йўқдир» (Тавба: 91).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага яқинлашганларида улар ҳақида шундай деган эдилар: «Мадинада шундай кишилар борки, сизлар қаерга борган бўлсангиз, қай бир водийни босиб ўтган бўлсангиз, улар сизлар билан бирга бўлдилар, уларни узр ушлаб қолди». «Ё Расулуллоҳ, улар Мадинадамилар?», деб сўралганда: «Улар Мадинадалар», деб жавоб бергандилар.
Ушбу ғазотнинг таъсири
Ушбу ғазотнинг Араб жазирасида мусулмонларнинг нуфузлари ортиши ва кучайишига жуда катта таъсири бўлди. Одамлар араб оламида Исломдан ўзга бирон куч яшаб қололмаслигига амин бўлдилар. Мусулмонлар бошига кулфат ёғилишини кутиб яшаётган жоҳил ва мунофиқ кимсаларнинг сўнгги умидлари ҳам пучга чиқди. Чунки, улар бор орзу-умидларини румликларга боғлаган эдилар. Мана шу ғазотдан кейин улар ҳам писиб, биқиниб юришга мажбур бўлдилар, воқеъга таслим бўлишдан ўзга чора топмадилар.
Эндиликда мусулмонларнинг мунофиқларга юмшоқ ва мулойимлик билан муомала қилишларига ўрин қолмади. Аллоҳ таоло уларга қаттиққўллик билан муомала қилишга буюрди, садақаларини қабул қилишдан, уларга жаноза намози ўқишдан, уларга истиғфор айтиш ва қабрлари устида туришдан қайтарди. Уларнинг масжид исми билан қуриб олишган макр-ҳийла ва фитна ўчоқларини бузиб ташлашга буюрди. Уларни шармандаю шармисор қиладиган ва шундан кейин уларни таниб олиш қийин бўлмайдиган оятларни туширдики, ушбу оятларда гўё уларни исмлари билан зикр қилингандек, Мадина аҳли гап ким ҳақида бораётганини аниқ-тиниқ билиб турарди.
Ушбу ғазотнинг араб оламидаги таъсирини шундан ҳам билса бўладики, араб қабилалари Макка фатҳидан сал аввалроқдан бошлаб ва ундан кейин анча-мунча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига вакиллар юбора бошлаган бўлсалар, бу ғазотдан кейин энди уларнинг нисбати мисли кўрилмаган даражада ортиб кетди.[28]
Ушбу ғазот мавзусида Қуръон оятлари нозил бўлиши
Бароъа сурасининг кўпгина оятлари ушбу ғазот мавзуси доирасида нозил бўлди. Улардан баъзилари ғазотга чиқиб кетишдан олдин, баъзилари чиқилгандан кейин – сафарда эканларида, баъзилари эса Мадинага қайтиб келганларидан сўнг нозил бўлди. Оятлар ғазотнинг айрим ҳолат ва кўринишларини, мунофиқларнинг шармандали ишларини, ушбу ғазотда иштирок этган ёки этмаган мужоҳид ва мухлис мўминларнинг фазилатларини ва шу каби ишлар баёнини ўз ичига олган эди.
Шу йили бўлиб ўтган баъзи муҳим воқеалар
Шу йили тарихий аҳамиятга молик айрим воқеалар бўлиб ўтди:
1) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Табукдан қайтиб келганларидан кейин Уваймир ал-Ажлоний билан аёли ўртасида «лиъон»[29] содир бўлди.
2) Зино қилганини эътироф этиб келган Ғомид қабиласилик аёлга тошбўрон қилиш ҳукми ижро этилди, уни ҳомиласини туққанидан ва ўғлини сутдан ажратганидан сўнг тошбўрон қилинди.
3) Ҳабашистон подшоҳи Асҳама Нажоший шу йилнинг ражаб ойида вафот этди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга Мадинада ғойибона жаноза намозини ўқидилар.
4) Шаъбон ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари Умму Кулсум вафот этди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўп қайғурдилар, Усмонга: «Агар учинчи қизим бўлса, уни ҳам сизга берган бўлардим», дедилар.
5) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Табукдан қайтганларидан сўнг мунофиқлар бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул вафот этди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга истиғфор айтдилар, унга жаноза ўқидилар. Умар розияллоҳу анҳу у зотни бундай қилишдан қайтаришга уриниб кўрди. Кейинроқ Умарнинг фикрини тўғри санаб, оят нозил бўлди.
[1] Фатҳул Борий: 8/27, 42.
[2] Сунан Аби Довуд: 2/10.
[3] Термизий: 4/412, Муснаду Аҳмад: 5/218.
[4] Муснад Аҳмад: 1/453, 454, Ҳоким: 2/117, Термизий: 4/173 (1689-ҳ), Фатҳул Борий: 8/29, 30, Муснад Аби Яъло: 3/388, 389.
[5] Саҳиҳ Муслим: 2/100.
[6] 1 увқия – 12 дирҳам ёки 37,44 граммга тенг оғирлик ўлчови.
[7] Фатҳул Борий: 8/45.
[8] Даббоба (танкнинг аждоди) - ёғочдан ясалган оғир ғилдиракли қурол тури бўлиб, ундан қалъа ва қўрғонларнинг деворларини тешиш ва бузиш учун фойдаланилар эди.
[9] Саҳиҳул Бухорий: 2/620.
[10] Қози Иёз: Аш-шифаъ би таърифи ҳуқуқил-мустофа: 1/86.
[11] Ибн Ҳишом: 2/499, 500, Бухорий ҳам шу мазмунда ривоят қилган: 2/620, 621.
[12] Ҳавозин асирлари қиссаси Бухорий ва шарҳи Фатҳул Борийда зикр қилинган: 5/201.
[13] Тарихи Ибн Холдун: 2/48, Зодул маод: 2/160 – 201, Ибн Ҳишом: 2/389-501, Саҳиҳул Бухорий: 2/612-622, Фатҳул Борий: 8/3-58.
[14] Тарихчилар мана шу равишда, ушбу сарийянинг 9-ҳижрийда юборилганини айтганлар. Бироқ, бу унча тўғри эмас. Чунки, воқеалар оқими Ақраъ ибн Ҳобиснинг бундан илгари мусулмон бўлмаган эканини кўрсатади. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳавозин асирларини қайтариб беришни сўраганларида Ақраъ ибн Ҳобис: «Аммо мен ва Бану Тамим асирларимизни бермаймиз», дегани айтиб ўтилган эди. Бу эса унинг мазкур сарийядан олдинроқ исломни қабул қилганига далил бўлади.
[15] Зодул маод: 2/205.
[16] Насронийя ва собиийя ўртасидаги бир дин аҳли.
[17] Ибн Ҳишом: 2/581.
[18] Муснад Имом Аҳмад: 4/257, 258.
[19] Саҳиҳул Бухорий: 1413, 1417, 3595, 6023, 6539, 6540, 6563, 7443, 7512–ҳадислар.
[20] Саҳиҳул Бухорий: 2/ 730.
[21] Саҳиҳул Бухорий: 1/ 334.
[22] Жомеъут-Термизий: Усмон ибн Аффоннинг сифатлари: 2/211.
[23] Васақ – 130,6 кг миқдорига тенг бўлган ўлчов.
[24] Саҳиҳул Бухорий: 2/637.
[25] Муслим: 2/246.
[26] Муслим: 2/246.
[27] Бу Ибнул Қаййимнинг фикри бўлиб, у Ибн Исҳоқ айтган фикрдан кўра тўғрироқдир. Унинг айтишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қайтиб келишлари рамазонга тўғри келган экан. У ҳолда у зотнинг Табукка йўл олишлари 2-ражаб, пайшанба кунига, яъни октябр ойининг 25-кунига тўғри келади. Ваҳоланки, йилнинг бу даври иссиқ бир мунча пасайган, айниқса эрталаб ва кечқурунлари анча салқин тушиб қолган пайт бўлади. Хурмо ҳосиллари ҳам пишиб, йиғиштирилган бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса Табукка қаттиқ иссиқда, хурмолар энди пишиб етилаётган кунларда йўл олганлар. Қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу йилнинг шаъбон ойида, қизлари Умму Кулсум вафот этганида Мадинада бор эдилар. Саҳиҳ гап шуки, у зот Мадинага ражаб ойида қайтиб келганлар, Табукка йўл олишлари эса бундан эллик кун муқаддам, жумодул-ууло ойида бўлган.
[28] Ибн Ҳишом: 2/515-537, Зодул маод: 3/2-13, Саҳиҳул Бухорий: 1/252, 414, 2/633-637, Саҳиҳ Муслим: 2/246, Фатҳул Борий: 8/110-126.
[29] Лиъон – аёлини зино устида ушлаганини даъво қилган одам агар бу даъвосига тўртта гувоҳ келтира олмаса, аёли ҳам гуноҳига иқрор бўлмаса, ҳар иккаласи қози олдида ўзининг ҳақлигини айтиб, тўрт марта гувоҳлик беради ва бешинчисида эр: «Агар гапим ёлғон бўлса, менга Аллоҳнинг лаънати бўлсин», деб қасам ичади, аёл ҳам бешинчисида: «Агар унинг гапи рост бўлса, менга Аллоҳнинг лаънати бўлсин», дейди (Тарж.).