Ислом Нури

 

Китоблар

 

الرحيق المختوم

بحث في السيرة النبوية على صاحبها أفضل الصلاة والسلام

صفي الرحمن المباركفوري

Ар-раҳиқ ал-махтум

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратларига бағишланган асар

Ислом Нури таржимаси

Зотус-салосил жанги

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Шом тепаликларида турувчи араб қабилаларининг Муъта жангида тутган мавқифларини, яъни уларнинг румликларга қўшилиб мусулмонларга қарши урушга киришганини кўрганларидан кейин бундай воқеа яна қайтиб такрорланмаслиги учун у қабилаларни румликлардан ажратиб юборадиган ва мусулмонлар билан муносабатлари илиқлашишишга сабаб бўладиган жуда катта доно сиёсат олиб бориш зарурлигини ҳис қилдилар.

Бу режаларини амалга ошириш учун Амр ибн Осни танладилар. Чунки, унинг ота томонидан бувиси Балий қабиласидан эди. Муъта жангидан кейин, саккизинчи ҳижрий жумодул-охира ойида уни мазкур қабила билан муносабат ўрнатишга юбордилар. Баъзи ривоятларда Қузоъа қабиласидан бир гуруҳ Мадина атрофига босқин уюштириш учун йиғилгани хабари келгач, Амрни ўшалар устига юборганлар, деган фикр ҳам айтилган. Бизнингча, ҳар иккала сабаб бириккан бўлиши ҳам мумкин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Амр ибн Осга битта оқ ва битта қора байроқ тикиб бердилар ва уни муҳожир ва ансорлардан ташкил топган уч юз кишилик жамоага бош қилиб юбордилар, ичларида ўттизта отлиқ ҳам бор эди. Унга йўл-йўлакай Балий, Узра ва Балқайн қабилаларидан ёрдам олишни буюрдилар. Ушбу қўшин кундузлари яшириниб, тунлари йўл босиб, душман диёрига яқинлашгач, Амрга душманнинг сони анча кўплиги ҳақида хабар етиб келди. Шундан сўнг у Рофиъ ибн Макис ал-Жуҳанийни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига қўшимча куч сўраб юборди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Убайда ибн Жарроҳни икки юз кишилик жамоа билан унга мададга юбордилар. Унга ҳам алоҳида байроқ тикдилар. Ушбу жамоа ичида Абу Бакр ва Умар каби катта саҳобалар ҳам бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Убайдани Амрга бориб қўшилишга ва у билан ихтилоф қилмасликка буюрдилар. Етиб бориб қўшилгач, Абу Убайда намозда имомлика ўтмоқчи бўлганида Амр унга: «Сиз менга ёрдам учун келгансиз, мен бошлиқман», деди. Абу Убайда унга итоат қилди ва Амр имом бўлиб намоз ўқиб турди.

Қўшин Қузоъа диёрига кириб бориб, уни бошидан охиригача забт этиб борди. Охирида бир гуруҳга дуч келиб, унга ҳамла қилди. Гуруҳ дош беролмай, қочиб, ҳар тарафга тирқираб кетди.

Шундан сўнг Амр ибн Ос ўзларининг соғ-саломат эканликлари ва жанг ҳақидаги хабарларни билдириш учун Авф ибн Молик ал-Ашжаъийни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга чопар қилиб юборди.

Зотус-салосил – ёки Зотус-сулосил – Водил-қуро ортидаги бир диёр бўлиб, у билан Мадина оралиғи 10 кунлик йўл эди. Ибн Исҳоқ ривоят қилишча, мусулмонлар Жузом диёридаги Салсал номли бир қудуқ ёнида тўхтаган эдилар. Шу боис ушбу жанг Зотус-салосил деб аталиб қолди.[1]

Хазирага юборилган Абу Қатода сарийяси

Ушбу сарийяни 8-ҳижрийнинг шаъбон ойида юбордилар. Сабаби – Бану Ғатафон Нажд ўлкасидаги Муҳориб қавмига қарашли Хазира деган жойда жамланаётгани хабари етиб келди. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга қарши Абу Қатодани ўн беш кишилик сарийяга бош қилиб юбордилар. Сарийя у ерга етиб бориб, баъзиларини ўлдириб, асир ва ғаниматлар билан ўн беш кун деганда Мадинага қайтиб келди.[2]

МАККАНИНГ  ФАТҲ  ЭТИЛИШИ

Ибнул Қаййим шундай ёзади: «Макка фатҳи – Аллоҳ у билан Ўз динини, элчисини, Ўзининг лашкари ва омонатли жамоасини азиз қилган, у билан Ўз шаҳрини ва бутун оламга ҳидоят маёғи қилган уйини кофир ва мушриклар қўлидан қутқарган буюк ғалаба эди. У – самовот аҳлини шодлантирган ва осмону фалакка ўз азизлик чодирини ўрнатган ғалаба эди. У сабабли одамлар Аллоҳнинг динига тўп-тўп бўлиб кирдилар, бутун ер юзи у туфайли зиёга тўлди».[3]

Ушбу ғазотнинг сабаби

Маълумки, Ҳудайбия сулҳи бандларидан бирига кўра, истаган қабила Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг иттифоқи ва аҳдига, истаган қабила Қурайшнинг иттифоқи ва аҳдига кира олар эди. Ҳар икки томон иттифоқига кирган қавм-қабилалар ўша томон вакили ҳисобланар, ушбу қавм-қабилалар тарафидан қилинган ҳар қандай тажовуз ҳам ўша томоннинг тажовузи деб эътибор қилинарди.

Мазкур бандга кўра, Хузоъа қабиласи Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам иттифоқларига кирган, Бану Бакр қабиласи эса Қурайш иттифоқига кирган ва ҳар икки қабила бир-бири билан сулҳ ҳолатига ўтган эди. Бу икки қабила ўртасида жоҳилият даврида бўлган қадимий адоват Ислом келиб, ушбу сулҳ тузилиши билан барҳам топган ва улар бир-бирларидан омонликда яшаб туришган эди. Бану Бакр ушбу фурсатдан фойдаланиб қолишга ва Хузоъадан эски ўчларини олишга қарор қилдилар. Саккизинчи ҳижрийнинг шаъбон ойида Навфал ибн Муовия ад-Дийлий бошчилигидаги бир гуруҳ Бану Бакрликлар Ватир деган жойда турган Хузоъа қабиласига тунда босқин уюштириб, бир қанча одамларини ўлдиришди. Ўртада уруш бўлиб, бунда Қурайш ҳам Бану Бакрга қурол-яроғ билан ёрдам берди, тун қоронғилигидан фойдаланиб, унда айрим қурайшликлар ҳам иштирок этдилар. Хузоъа Ҳарамга қараб чекинди. Бану Бакр улар ортидан қувиб Ҳарамгача келди. Айримлар: «Эй Навфал, Ҳарамга келиб қолдик. Ҳарамда қон тўкишдан илоҳингдан қўрқ, илоҳингдан!», дедилар. Шунда Навфал баралла: «Бугун ҳеч қандай илоҳ деган нарса йўқ, эй Бану Бакр! Ўчларингни олинглар! Қасамки, Ҳарам ичида ўғирлик қиласизлар-у, Ҳарам ичида ўчларингни ололмайсизларми?!», деди.

Хузоъа Маккага киргач, Будайл ибн Варқоъ ал-Хузоъийнинг ҳовлисидан ва уларнинг Рофиъ исмли мавлолари уйидан паноҳ топди.

Амр ибн Солим ал-Хузоъий зудлик билан Мадинага, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига етиб борди. У зотни масжидда, одамлар ичида ўтирган ҳолларида топди ва тик турганича ушбу мазмунда шеър ўқиди:

 

Қавмимизнинг дўсти, улфати[4]

Муҳаммадга бош эгиб келдик.

Қон-қардошлик ҳаққи-ҳурмати[5]

Кўзимиздан ёш тўкиб келдик.

 

Расулуллоҳ мўминлар ичра

Тўлин ойдек барқ уриб турар.

Шумхабардан тўлқинлар ичра

Безовта денгиздек ўзгарар.

 

Ёрдамингиз биздан аяманг,

Аллоҳ Ўзи сизга ёр бўлсин.

Мўминларни мададга чорланг,

Душманимиз хору зор бўлсин.

 

Қурайш аҳдга хиёнат қилиб,

Бузди тузган аҳду паймонин.

Бизни заиф-нотавон билиб,

Ишга солди қилич-камонин.

 

Бизга ҳужум қилиб Ватирда

Қоронғуда ўлдирди, қирди.

Намоз ўқиб турган ҳолида

Мўминларни қонга ботирди.[6]

 

يا ربِّ إنّي ناشد محمداً      **        حلفنا و حلف أبيه الأتلدا

قد كنتم ولدا و كنّا والدا       **       ثُمّةَ أسلمنا ولم ننزع يداً

فانصر هداك الله نصرا أبدا    **      و ادع عباد الله يأتوا مددا

فيهم رسول الله قد تجردا    **    أبيض مثل البدر يسمو صعدا

إن سيم خسفاوجهه تبردا    **    في فيلق كالبحر يجري مزبدا

إنَّ قريشا أخلفوك الموعدا     **      و نقضوا ميثاقك المؤكدا

و جعلوا لي في كداءٍ رصدا     **   و زعموا أن لست أدعو أحدا

و هم أذل، و أقل عددا     **   هم بيَّتونا بالوتير هجَّدا

و قتلونا ركَّعاً و سُجَّدا

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизга мадад берилади, эй Амр ибн Солим», дедилар. Сўнг осмонда бир булут кўринди. Уни кўрсатиб: «Бу булут Бану Каъбга мадад олиб тушмоқда», дедилар.

Кейинроқ Будайл ибн Варқоъ ал-Хузоъий ҳам бир гуруҳ хузоъаликлар билан чиқиб, Мадинага, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келди ва у ҳам ўзларига етган фалокат ҳақида хабар бериб, Қурайшнинг Бану Бакрга ёрдам кўрсатганини билдирди. Сўнг Маккага қайтиб кетди.

Абу Суфён сулҳни янгилаш учун Мадинага отланади

Шубҳасиз, Қурайш ва иттифоқчиларининг бу қилмиши жуда катта хиёнат ва ўртадаги аҳдни очиқдан-очиқ бузиш бўлиб, буни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмас эди. Ўзининг бу хиёнати жавобсиз қолмаслигига ақли етган Қурайшнинг пайтавасига қурт тушиб, қандай қилиб бўлмасин, бу қилмишининг ёмон оқибатини олдини олиш ҳаракатига тушиб қолди. Шу мақсадда ўтказилган маслаҳат кенгаши қарори билан Қурайш етакчиси Абу Суфён сулҳни янгилаб келиш учун Мадинага вакил қилиб юборилди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аллақачон асҳобларига Қурайшнинг ўз хиёнати ортидан кўражак чора-тадбири тўғрисида хабар бериб: «Ҳали кўрасизлар, Абу Суфён битимни мустаҳкамлаш ва муддатини узайтириш учун келиб қолса керак», деган эдилар.

Абу Суфён Мадина сари борар экан, Усфонга етганида Мадинадан Маккага қайтаётган Будайл ибн Варқоъга йўлиқди. Уни ҳойнаҳой Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларидан қайтаётган бўлса керак, деган гумонда: «Қаердан келаяпсан, эй Будайл?», деб сўради. «Хузоъа билан мана бу соҳил ва водий атрофларини кезиб келаяпман», деди у. «Муҳаммад ҳузурига бормадингми?», деб сўради. У: «Йўқ», деди.

Будайл Маккага қараб кетгач, Абу Суфён: «Агар у Мадинадан келаётган бўлса, туяси албатта Мадина емидан еган бўлади», деди-да, унинг туяси чўккан жойга бориб, тезагини титиб кўрди. Тезак ичида хурмо данаклари борлигини кўргач: «Қасамки, Будайл Муҳаммад олдига борибди», деди.

Абу Суфён Мадинага келиб, қизи Умму Ҳабиба – уммул муъминийн – олдига кирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тўшакларига ўтирмоқчи бўлганида Умму Ҳабиба тўшакни йиғиштириб қўйди. Ундан: «Эй қизим, мени бу тўшакка раво кўрмадингми ёки тўшакни менга раво кўрмадингми?», деб сўраган эди, у: «Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тўшаклари, сиз мушрик, нажассиз», деб жавоб берди. Абу Суфён: «Қасамки, мендан кетганингдан сўнг сенга ёмонлик етибди», деди.

Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига чиқиб бориб, у зотга муддаосини сўзлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга бирон нарса деб жавоб айтмадилар. Кейин у Абу Бакр олдига бориб, ундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан гаплашиб кўришини илтимос қилди. Абу Бакр унинг илтимосини рад қилди. Кейин у Умар ибн Хаттобга шундай илтимос билан борди. Умар: «Ҳали мен сизлар учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга воситачилик қиламанми?! Аллоҳга қасамки, зиғирдек баҳона топилса, ҳеч иккиланмай сизлар билан жангга кирган бўлардим», деб жавоб берди. Кейин у Алий ибн Аби Толиб олдига кирди. Унинг олдида Фотима ва эмаклаб юрган ўғли Ҳасан бор эди. Унга: «Эй Алий, сен менга қариндошчилик жиҳатидан энг яқин одамлардансан. Мен ҳожат билан келганман. Қандай келган бўлсам шундайимча ноумид қайтмаслигим керак. Сен менинг номимдан Муҳаммадга воситачилик қилгин», деди. Алий: «Қуриб кетгур, ҳой Абу Суфён, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ишга азм қилган бўлсалар, бизнинг унга аралашишга ҳаддимиз сиғмайди», деди. Кейин Абу Суфён Фотимага қараб: «Сен мана бу ўғлингга буюрсанг-да, у одамларга омонлик берса, шунда у тоабад арабларнинг саййидига айланарди», деди. Фотима: «Қасамки, менинг ўғлим ҳали одамларга омонлик берадиган бўлгани йўқ. Қолаверса, ҳеч ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши бировга омонлик бермайди!», деб жавоб берди.

Шунда Абу Суфённинг кўзига дунё қоронғи бўлиб кетди, паришон ва умидсиз ҳолга тушиб, Алий ибн Аби Толибга: «Эй Абул Ҳасан, мен жуда қийин аҳволга тушиб қолдим, менга бирон маслаҳат кўрсатгин», деди. Алий: «Қасамки, сенга бирон фойдали маслаҳат беришга ожизман. Фақат, шуни айтишим мумкинки, сен Бану Кинонанинг саййидисан. Одамлар ўртасида туриб, омонлик сўрагин-да, кейин уйингга жўнаб кет», деди. «Бунинг фойдаси тегади, деб ўйлайсанми?», деди. «Йўқ, ундай деб ўйламайман. Бироқ, сен учун бундан бошқа йўл кўрмаяпман», деб жавоб берди Алий. Шундан сўнг Абу Суфён масжидга кириб, одамлар ичида туриб: «Эй одамлар, мен одамлардан омонлик сўрайман», деди. Сўнг туясига миниб жўнаб кетди.

Маккага боргач, Қурайш ундан: «Нима хабар олиб келдинг?», деб сўради. У деди: «Муҳаммаднинг олдига бориб, мақсадимни айтсам у бирон жавоб айтмади. Кейин Ибн Аби Қуҳофанинг олдига бордим, унда ҳам бирон яхшилик топмадим. Кейин Умар ибн Хаттобга бордим, унда чексиз адоват туйдим. Кейин Алий ҳузурига бордим. У менга яхши муомала қилди ва бир маслаҳат берди, мен у айтган ишни қилиб келдим. Бироқ, бунинг фойдаси тегиш-тегмаслигини билмайман». «У нима маслаҳат берди?», деб сўрашди. «Одамлардан омонлик сўрагин, деди. Мен унинг айтганини қилдим», деди. «Муҳаммад буни инобатга олдими?», дейишган эди: «Йўқ», деб жавоб берди. Шунда қурайшликлар: «Ҳой бечора, бу одам сенинг устингдан кулибди, холос», дейишди. «Йўқ, қасам ичиб айтаманки, мен шундан бошқа йўл кўрмадим», деди у.

Ғазотга тайёргарлик кўриш ва буни махфий тутишга уриниш

Табароний ривоятига кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам битимнинг бузилгани хабари келишидан уч кун олдин Оишага ўзларининг жанговор кийим ва аслаҳаларини ҳозирлаб қўйишни ва буни ҳеч кимга айтмасликни тайинладилар. Абу Бакр унинг олдига кирганида: «Эй қизим, бу нима тайёргарлик?», деб сўради. Оиша: «Аллоҳга қасамки, билмайман», деб жавоб берди. Абу Бакр ҳайрон бўлиб: «Ҳозир Бану Асфар (яъни, румликлар) билан уруш қилиш фурсати эмас-ку! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қаерга юриш қилмоқчи эканлар?!», деди. «Қасам ичиб айтаманки, хабарим йўқ», деди Оиша. Шу гапдан кейин учинчи куни тонг пайтида Амр ибн Солим ал-Хузоий қирқ отлиқ ҳамроҳлигида етиб келиб, юқоридаги шеърини ўқиган воқеа юз берди. Одамлар битим бузилганини шунда билдилар. Амрдан сўнг Будайл келди, ундан сўнг Абу Суфён етиб келди. Шундан сўнг одамлар воқеадан тўла хабардор бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам урушга тайёрланишга буюрдилар ва Маккага юриш қилишларини эълон қилдилар, «Эй Парвардигор! Бизларнинг хабаримизни Қурайшдан беркитгин, токи биз улар устига тўсатдан кириб борайлик», деб Аллоҳга дуо қилдилар.

Ушбу юриш йўналишини атрофдагилардан яшириш ва одамлар диққатини бошқа тарафга буриб юбориш, кўрган кўзга мусулмонлар шу томонга юриш қилмоқчи деган гумон пайдо бўлиши ва шу ҳақда гап тарқалиши мақсадида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам 8-ҳижрий рамазон ойининг биринчи кунида Мадинадан уч барид[7] узоқликдаги, Зу-Хашаб ва Зу-Марва ўрталиғида жойлашган Батн Изом деган жойга Абу Қатода ибн Рибъий бошчилигида саккиз кишилик сарийя юбордилар. Ушбу сарийя йўлга чиқиб, айтилган томонга етиб борганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Маккага қараб йўлга чиққанлари хабари етиб бориб, улар ҳам йўлни ўзгартириб, у зотнинг орқаларидан етиб олдилар.[8]

Ҳотиб ибн Аби Балтаъа Қурайшга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни кўзлаб йўлга чиққанлари ҳақида хабар ёзиб, мактуб йўллади. Уни бир аёлга бериб, Қурайшга етказиб бориши эвазига маълум хизмат ҳақи ҳам берди. У аёл хатни соч турмаклари орасига яшириб, йўлга чиқди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Ҳотибнинг қилган иши ҳақида осмондан хабар нозил бўлди. У зот Алий, Миқдод, Зубайр ибн Аввом ва Абу Марсад ал-Ғанавийни аёлнинг изидан жўнатдилар. Уларга: «Боринглар, Хох деган бир боққа етганларингда бир аёлни топасизлар, унда Қурайшга ёзилган мактуб бор», дедилар. Улар от чоптириб, айтилган жойга етиб бордилар ва у ерда бир аёлни топдилар. Уни уловдан тушириб: «Ёнингда мактуб борми?», деб сўрадилар. У: «Менда ҳеч қандай мактуб йўқ», деди. Унинг юкларини текшириб, ҳеч нарса тополмадилар. Шундан сўнг Алий унга: «Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёлғон айтмаганлар, биз ҳам алдамаяпмиз. Қасамки, ё ўзинг хатни чиқариб берасан ё биз сени ечинтирамиз», деди. Аёл иш жиддий тус олаётганини кўргач: «Тескари ўгирил», деди, сўнг соч турмагини ечиб, унинг орасидан хатни чиқариб берди. Хатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга олиб келиб топширдилар. Хат «Ҳотиб ибн Аби Балтаъадан Қурайшга» деб бошланган ва ортидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг улар устига юриш қилмоқчи эканлари хабари битилган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳотибни чақиртириб: «Бу нимаси эй Ҳотиб?!», дедилар. Ҳотиб: «Ё Расулуллоҳ, менга (куфр ё муртадлик ҳукмини чиқаришга) шошилманг. Қасамки, мен Аллоҳ ва Расулига иймон келтирувчиман, муртад ҳам бўлмадим, динимни ҳам ўзгартирмадим. Лекин, мен Қурайшга келгиндиман, уларнинг аслидан эмасман. Менинг қариндош-уруғим ва аҳли-оилам улар қўли остида. Қурайш ичида уларни ҳимоя қиладиган бирор яқин кишим йўқ. Сизнинг атрофингиздаги бошқа кишиларнинг эса у ерда ҳимоя қиладиган кишилари бор. Шунинг учун мен уларга шу йўл билан яқинларимни ҳимоя қилдиришни истаган эдим», деди. Умар ибн Хаттоб: «Буни менга қўйиб беринг ё Расулуллоҳ, бошини танасидан жудо қилай, чунки у Аллоҳ ва Расулига хиёнат қилди ва аниқ мунофиқ бўлди», деган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ахир у Бадрда иштирок этган. Қаердан биласиз эй Умар, Аллоҳ Бадр аҳлини билганидан кейин: «Истаган ишингизни қилаверинг, мен сизларни кечирдим» деган бўлса?!», дедилар. Шунда Умар йиғлаб: «Аллоҳ ва Расули билувчироқ», деди.[9]

Шундай қилиб, Аллоҳ таоло хабарлар йўлини тўсди ва Қурайшга мусулмонларнинг урушга ҳозирланаётгани хабари етиб бормади.

Ислом лашкари Макка сари йўл олади

Саккизинчи ҳижрий муборак рамазон ойининг ўнинчи куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам 10 000 (ўн минг) саҳобадан ташкил топган қўшин билан Мадинадан Маккага қараб йўлга чиқдилар. Мадинага Абу Руҳм ал-Ғифорийни халифа қилиб қолдирдилар.

Жуҳфага етганларида – ёки ундан сал ўтганларида – амакилари Аббос ибн Абдулмутталибга дуч келдилар. У аҳли-оиласи билан мусулмон бўлиб, ҳижрат қасдида келаётган эди. Сўнг Абвоъга етганларида амакиваччалари Абу Суфён ибн Ҳорис ва аммаваччалари Абдуллоҳ ибн Аби Умайяга йўлиқдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу иккисидан кўп озор ва масхараларга йўлиққан эдилар. Шу боис улардан юз ўгирдилар. Шунда Умму Салама Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Амакиваччангиз билан аммаваччангиз сизнинг юз ўгиришингиз туфайли бахтсиз бўлиб қолмасинлар», деди. Сўнг Алий Абу Суфён ибн Ҳорисга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юз томонларига ўтиб, Юсуфнинг акалари Юсуфга айтган қуйидаги сўзларни айтинг: «Улар дедилар: Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сени бизлардан афзал қилмишдир. Бизлар эса, шак-шубҳасиз, адашувчилардан бўлдик» (Юсуф: 91). У зот бошқа бировнинг ўзларидан кўра чиройлироқ сўз айтувчи бўлишини истамайдилар», деб ўргатди. Абу Суфён у ўргатганидек қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «У деди: «Бу кун сизлар айбланмайсиз. Аллоҳ сизларни мағфират қилгай. У зот раҳм қилувчиларнинг раҳмлироғидир» (Юсуф: 92) ояти билан жавоб қилдилар. Шундан сўнг Абу Суфён бир қанча байтлар ўқиди. Улар ичида жумладан, шундай мазмундаги сўзлар бор эди:

«Қасамки, Лот Муҳаммаддан устун келсин деб

Жангга кирган пайтимда мен гумроҳ эканман.

Мана энди фурсат етиб ҳидоят топдим

Ўзим қувиб солган кишим мени Аллоҳга йўллади».

لَعَمْرُك إنّي حِينَ أَحْمِلُ رَايَةً     لِتَغْلِبَ خَيْلُ اللّاتِ خَيْلَ مُحَمّد

لَكَالْمُدْلِجِ الْحَيْرَانِ أَظْلَمَ لَيْلُهُ     فَهَذَا أَوَانِي حِينَ أُهْدَى فَأَهْتَدِي

هَدَانِي هَادٍ غَيْرُ نَفْسِي وَدَلّنِي     عَلَى اللّهِ مَنْ طَرّدْتُ كُلّ مُطَرّد

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг кўкрагига уриб: «Сиз мени қувиб солган эдингизда-а?», дедилар.[10]

Ислом лашкари Марруз-Заҳронга тушади

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам, одамлар ҳам рўзадор ҳолда борар эдилар. Усфон билан Қудайд ўрталиғидаги Кудайд деган жойга етганларида оғизларини очдилар, одамлар ҳам оғизларини очдилар. Сўнг юришни давом эттириб, хуфтон маҳали Марруз-Заҳронга – Фотима водийсига – бориб тўхтадилар. Лашкарга гулхан ёқишни буюрдилар, ўн мингта гулхан ёқилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуни лашкар қўриқчиларига бош этиб тайинладилар.

Абу Суфён Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида

Мусулмонлар Марруз-Заҳронга тушганларидан сўнг Аббос Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оқ хачирларини миниб олиб, бирон киши учраб қолса-ю, Қурайшга хабар етказса, шунда улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар устига кириб боришларидан олдин ўзлари у зотдан омонлик сўраб истиқболларига чиқишса, деган илинжда айланиб юрди.

Аллоҳ Қурайшдан хабарларни тўсиб қўйган, улар қўрқув ва ҳадик ичида, энди нима бўларкин, деб кутиб юришган эди. Шу кеча Абу Суфён атрофдан хабар олиш учун шаҳар ташқарисига чиққан, Ҳаким ибн Хузом ва Будайл ибн Варқоъ ҳам унга ҳамроҳ бўлган эдилар.

Аббос айтади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хачирларини миниб, айланиб юрган эдим, бирдан қулоғимга Абу Суфён ва Будайл ибн Варқоънинг овозлари чалинди. Абу Суфён: «Ҳеч қачон бу тунгидек кўп гулхан кўрмаган эдим», деган эди, Будайл: «Қасамки, бу Хузоъа қабиласи бўлиши керак, уруш уларни ўт ёқишга мажбур қилган бўлса керак», деди. Абу Суфён: «Йўқ, Хузоъанинг сони анча оз, улар бунча кўп гулхан ёқишмайди», деди.

Мен Абу Суфённинг овозини таниб: «Абу Ҳанзаламисан?», дедим. У ҳам менинг овозимни таниб: «Абул Фазл, сенмисан?», деди. Мен: «Ҳа», дедим. «Ўзи нима гап, ота-онам сенга фидо бўлсин?», деб сўради. Мен: «Булар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у кишининг одамлари, тонг отгач Қурайшнинг ҳолига вой бўлади», дедим.

«Бирон чораси йўқмикин, ота-онам сенга фидо бўлсин?», деди у. «Қасам ичиб айтаманки, агар сени қўлга туширсалар, албатта бошингни олдирадилар. Яхшиси, сен мана бу хачирга мингашгин-да, мен сени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига олиб бориб, сенга омонлик олиб берай», дедим. Шундан сўнг у менинг орқамга мингашди, иккала шериги эса орқага қайтиб кетишди.

Мен у билан келарканман, қай бир гулхан ёнидан ўтсам, у ерда ўтирганлар: «Ким бу?», дейишар, мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хачирлари устида кўришгач: «Ҳа, бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари, у зотнинг хачирларини миниб олибди», дейишарди. Умар ибн Хаттобнинг гулхани ёнидан ўтаётганимда у ҳам: «Ким бу?», деб сўради ва ўрнидан турди. Абу Суфёнга кўзи тушгач: «Бу Аллоҳнинг душмани Абу Суфён-ку?! Ҳеч қандай сулҳсиз ва битимсиз ҳолатда сени менга келтириб берган Аллоҳга ҳамд бўлсин!», деди. Сўнг тезлик билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонга қараб юриб кетди. Мен хачирни тезлатиб, ундан ўзиб кетдим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига кириб бордим. Орқамдан Умар кириб келиб: «Ё Расулуллоҳ, Абу Суфён ўз оёғи билан келибди, уни менга қўйиб беринг, бошини танидан жудо қилай», деди. Мен: «Ё Расулуллоҳ, мен уни ҳимоямга олдим», дедим. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига ўтириб, у зотнинг бошларидан тутиб: «Қасамки, бу кеча мендан бошқа ҳеч ким у зотга мурожаат қилмайди», дедим. Умар бу ҳақда қайта-қайта гапиравергач: «Бас қил, эй Умар! Аллоҳга қасамки, агар бунинг ўрнида Бану Адий ибн Каъб одамларидан бирови бўлганида бу гапингни айтмаган бўлардинг», дедим. Шунда Умар: «Шошма, эй Аббос! Аллоҳга қасамки, сенинг мусулмон бўлишинг мен учун отам Хаттобнинг – агар у Исломни қабул қилса – мусулмон бўлишидан ҳам суюмлироқдир. Сабаби, мен биламанки, сенинг мусулмон бўлишингдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хаттобнинг мусулмон бўлишидан кўра кўпроқ севинадилар», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Аббос, уни ўзингиз билан олиб кетинг. Эрталаб менинг олдимга олиб келасиз», дедилар. Эрталаб мен уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига олиб келдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга кўзлари тушгач: «Шўринг қурисин, эй Абу Суфён, сенга бир Аллоҳдан ўзга ибодатга лойиқ зот йўқлигини билиш фурсати келмадими?!», дедилар. У: «Ота-онам сизга фидо бўлсин, сиз нақадар ҳалим, нақадар бағрикенг ва нақадар силаи раҳм қилувчи зотсиз! Дарҳақиқат, ўзим ҳам ўйладим, агар Аллоҳдан ўзга бошқа бирон илоҳ бўлганида, аллақачон менга бирон фойдаси теккан бўларди», деди.

«Шўринг қурисин эй Абу Суфён, сенга менинг Аллоҳнинг Расули эканимни билиш вақти келмадими?!», дедилар. У: «Ота-онам сизга фидо бўлсин, сиз нақадар ҳалим, нақадар бағрикенг ва нақадар силаи раҳм қилувчи зотсиз! Аммо бу хусусда ҳануз кўнгилда иккиланиш бор», деди. Шунда Аббос: «Ҳой шўринг қуригур! Бошингдан ажраб қолмасингдан туриб исломни қабул қилиб, «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадун расулуллоҳ», деб гувоҳлик бера қолсангчи!», деди. Шундан сўнг Абу Суфён шаҳодат калималарини айтиб, Исломни қабул қилди.

Аббос: «Ё Расулуллоҳ, Абу Суфён фахрни яхши кўрадиган одам, унга бирон илтифот кўрсатиб қўйсангиз бўларди», деган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Хўп, ким Абу Суфённинг ҳовлисига кириб олса, у омонликда! Ким уйига кириб, эшигини беркитиб олса, у омонликда! Ким Масжиди Ҳаромга кириб олса, у омонликда!», деб эълон қилдилар.

Ислом лашкари Марруз-Заҳронни тарк этиб, Маккага йўл олади

Шу куни – 8-ҳижрий рамазон ойининг ўн еттинчиси, сешанба куни – тонг пайтида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Марруз-Заҳронни тарк этиб, Маккага йўл олдилар. Абу Суфён Аллоҳнинг лашкарларини бир кўриб қўйсин, деган мақсадда Аббосга уни даранинг тор бир жойида тўхтатиб туришни тайинладилар. Аббос уни айтилган жойда тўхтатиб турди. Қабилалар ўз байроқларини кўтариб унинг олдидан ўта бошладилар. Ҳар бир қабила ўтаётганида Абу Суфён: «Ким булар, эй Аббос?», деб сўрар, Аббос уларнинг номини айтиб, масалан: «Бу Сулайм», деса: «Сулаймнинг менга нима дахли бор», деб қўяр, кейинги қабила ўтаётганида яна: «Эй Аббос, булар кимлар?», деб сўрар, «Бу Музайна», деса: «Музайнанинг менга нима дахли бор», дер эди. Шу тариқа ҳар бир ўтиб бораётган қабила ҳақида сўраб туриб, бу қабиланинг унга дахли йўқлигини айтар эди. Охирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муҳожир ва ансорлардан иборат катта бир гуруҳ билан ўтдилар, уларнинг темир дубулғалари ичидан фақат кўзлари кўриниб турарди. Абу Суфён: «Субҳаналлоҳ, эй Аббос, булар кимлар?», деб сўради. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муҳожир ва ансорлар ҳамроҳлигида ўтиб бормоқдалар», деди Аббос. «Буларга ҳеч қандай куч-қувват бас кела олмайди», деди Абу Суфён, сўнг: «Эй Абул Фазл, қасамки, бугун жиянингнинг мулки жуда улканлашиб кетибди», деди. Аббос: «Эй Абу Суфён, бу мулк эмас, нубувват!», деган эди, «Ҳа, шундай», деди.

Саъд ибн Убода ансорларнинг байроқдори эди. У Абу Суфённинг олдидан ўтаётиб: «Бугун қирғинбарот кунидир, бугун ҳурматлар ҳалол қилинадиган (яъни, Ҳарамда ҳам жанг қилиш мумкин бўладиган) кундир, бугун Аллоҳ Қурайшни хор қилди», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Суфённинг ёнидан ўтаётганларида у: «Ё Расулуллоҳ, Саъд айтган гап тўғрими?», деб сўради. «У нима деди?», дегандилар: «Шундай-шундай, деб айтди», деди. Усмон билан Абдурраҳмон ибн Авф: «Ё Расулуллоҳ, Саъд Қурайшни қирғин қилишдан ҳам тоймайди, деб қўрқамиз», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Йўқ, аксинча, бугун Каъба улуғланадиган кун, бугун Аллоҳ Қурайшни азиз қилган кун», дедилар, сўнг Саъдни чақиртириб, ундан байроқни олиб қўйдилар ва унинг ўғли Қайсга бердилар. Бу билан байроқ Саъддан бутунлай олиб қўйилмаганини англатдилар. Баъзи ривоятларда уни Зубайрга олиб бердилар ҳам дейилган.

Қурайш учун кутилмаган ҳол

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Суфённинг ёнидан ўтиб кетганидан сўнг Аббос унга: «Қавмингни қутқариб қолишга шошил!», деди. Шундан сўнг Ау Суфён елдек учиб Маккага кириб борди ва бор овози билан: «Эй Қурайш жамоаси! Муҳаммад сизлар унга асло бас келолмайдиган катта қўшин билан келмоқда! Ким Абу Суфённинг ҳовлисига кириб олса, у омонликда!», деб қичқирди. Шунда хотини Ҳинд унинг мўйловига чанг солиб: «Ўлдиринглар (қавмига «хушхабар» етказаман деб югуравериб) оёқлари шилиниб кетган бу бақалоқ ёғидишни (бочкани)! Душманнинг элчиликка топган одамини қаранг-а!», деб ўкирди. Абу Суфён унга парво қилмай: «Ҳой шўринг қурғурлар! Бунинг гапига алданиб қолманглар! Муҳаммад ҳақиқатдан ҳам сизлар бас келолмайдиган қўшин билан келган! Ким Абу Суфённинг ҳовлисига кириб олса, у омонликда!», деб қичқирди. Одамлар: «Аллоҳ сени ҳалок қилсин! Ҳовлинг бизга нима қилиб берарди?!», дейишди. У яна: «Ким уйига кириб, эшигини беркитиб олса, у омонликда! Ким Масжидга кириб олса, у омонликда!», деб қичқирди. Шундан сўнг одамлар уйларига ва масжидга қараб тарқалиб кетишди, қаланғи-қасанғи ва жанжалкаш кимсаларни ишга солиб қўйиб: «Буларни қўшин қаршисига чиқарамиз, иш Қурайш фойдасига оғса, биз ҳам буларга қўшиламиз, аксинча бўлса, ўзимиздан сўралган нарсани беришга мажбур бўламиз», дейишди. Қурайшнинг енгилтак ва нодон кишилари эса Икрима ибн Аби Жаҳл, Сафвон ибн Умайя ва Суҳайл ибн Амрга қўшилишиб, мусулмонларга қарши жанг қилиш учун Хандамада тўпланишди. Улар ичида Бану Бакр қабиласидан Ҳимос ибн Қайс деган одам ҳам бўлиб, у аввалроқ қуролларини тайёрлаётганида хотини ундан: «Бу нима тайёргарлик?», деб сўраган, у: «Муҳаммад ва унинг асҳобларига қарши жангга», деганди. Хотини: «Муҳаммаднинг қўшинига ҳеч ким бас келолмайди», деганида у: «Умид қиламанки, улардан баъзиларини сенга хизматкор қилиб бераман», деганди ва қуйидаги шеърни ўқиганди:

Ғаним бостириб келса

Мен тайёрман урушга.

Ўткир қилич-у найзам

Тахт душманни қиришга.

Шу одам ҳам Хандамада йиғилганлар орасида эди.

Ислом лашкари Зу-Тувода

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлларида давом этиб, Зу-Тувога етиб келдилар. Аллоҳ таолога У ато этган буюк фатҳ шукронасини бажо келтириб, тавозе билан бошларини эгиб олган, соқоллари эгарнинг қошига тегиб борар эди. Шу ерда лашкарни тақсимладилар. Холид ибн Валидни ўнг қанотга бош қилиб, Макканинг қуйи тарафидан киришга амр қилдилар. Аслам, Сулайм, Ғифор, Музайна, Жуҳайна каби араб қабилалари Холиднинг гуруҳига кирганди. Унга: «Агар Қурайш қаршилик кўрсатса, қиличдан ўтказинглар, сизлар билан Сафода учрашамиз», дедилар.

Зубайр ибн Аввомни чап қанотга бош қилиб тайинладилар, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг байроқдори бўлди. Унга Макканинг юқори тарафидан – Кадоъдан – кириб боришни ва Ҳажунга байроқ тикиб, у зотни ўша ерда кутиб туришни тайинладилар.

Абу Убайдани пиёдаларга ва қуролсиз кишиларга бош қилдилар, унга Батни Водийни эгаллашини, Маккага Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида кириб боришини буюрдилар.

Ислом лашкари Маккага кириб келади

Қўшиннинг қисмлари ўзларига белгилаб берилган йўналишлар бўйича ҳаракатланиб, Маккага кириб бордилар.

Холиднинг гуруҳи йўлда учраган мушрикларни тинчитиб бораверди. Унинг гуруҳидаги мусулмонлардан Курз ибн Жобир ал-Фиҳрий билан Хунайс ибн Холид ибн Рабиъа ҳалок бўлди. Бу иккаласи лашкардан ажралиб, бошқа йўлга тушиб қолишганди. Холид ибн Валид Хандамада Қурайшнинг нодон жангарилари билан тўқнашиб, ўртада бир оз жанг кечди. Мушриклар ўн икки жангчисидан айрилиб, орқага чекинишди. Мусулмонларга қарши жангга қуролларини тайёрлаган ҳалиги Ҳимос ибн Қайс исмли кимса ҳам чекиниб, зўрға уйига етиб олди ва хотинига эшикни танбалаб олишни буюрди. Хотини: «Ҳалиги айтган баландпарвоз гапларингиз қаерда қолди?!», деб сўраган эди, қуйидаги мазмундаги шеър билан жавоб берди:

Бугун ўзинг Хандамада бўлганингда,

Не ҳодиса бўлганини кўрганингда,

Кўрганингда Икрималар қочишини,

Сафвонларнинг теру қонга ботишини,

Эшитсайдинг қиличларнинг жарангини,

Мусулмонлар тортган наъра оҳангини,

Қилмас эдинг мени бундоқ кин-маломат,

Севинардинг қайтганимга соғ-саломат.

 

Холид Макка ичида кезиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Сафода учрашди.

Зубайр эса илгарироқ бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг байроқларини Ҳажунга – Фатҳ масжиди ўрнига – тикди, у ерда бир чодир ўрнатиб, то Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келгунларига қадар шу ерда турди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Масжиди Ҳаромга кириб, уни бутлардан тозалайдилар

Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муҳожир ва ансорлар қуршовида Масжиди Ҳаромга кириб келдилар. Ҳажари асвад ёнига келиб, уни ўпдилар, Байтуллоҳни тавоф қилдилар. Байтуллоҳ атрофида 360та бут-санам бор эди. Қўлларидаги камон билан уларни туртиб: «Ҳақиқат (яъни, Ислом) келди ва ботил (яъни, куфр) ўчиб-йўқолди. Чунки ботил йўқолувчи нарсадир» (Исро: 81), «Айтинг: «Ҳақ келди (ва ботил-динсизлик йўқ бўлди.) Энди ботил (янги динсизликни) бошлай ҳам олмас, (эски динсизликни) қайтара ҳам олмас» (Сабаъ: 49) дердилар, бутлар юзтубан қуларди.

Тавофни туялари устида ўтирган ҳолда қилдилар, у куни эҳром киймаган эдилар, тавоф билан кифояландилар. Тавофдан сўнг Усмон ибн Талҳани чақириб, ундан Каъбанинг калитини олдилар ва Каъба эшигини очтириб, унинг ичига кирдилар. Каъба ичида суратлар бор эди. Иброҳим ва Исмоил алайҳиссаломларнинг фолчўплар билан фол кўраётганлари тасвирланган суратни кўриб: «Аллоҳ мушрикларни ҳалок қилсин, қасамки, икковлари ҳам асло фол кўрмаганлар», дедилар. Каъба ичида ёғочдан ясалган кабутар тимсолини кўриб, уни ўз қўллари билан синдириб ташладилар, суратларни ўчиртириб ташладилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Каъба ичида намоз ўқишлари, сўнг Қурайш олдида хутба қилишлари

Сўнгра Каъба эшигини ичкаридан беркитдилар, Усома ва Билол ҳам бирга эдилар, эшик қаршисидаги деворга юзланиб, девордан уч газ берида турдилар, иккита устунни чап томонларига, битта устунни ўнг томонларига, учта устунни орқа томонларига қилган ҳолларида икки ракъат намоз ўқидилар – у пайтда Байтуллоҳнинг олтита устуни бор эди – сўнг Байтуллоҳ ичида айланиб юриб, унинг ҳамма томонида такбир ва тавҳид калималарини айтдилар, сўнг эшикни очдилар. Қурайш у зот нима қилишларини кутиб, масжидни тўлдириб саф-саф бўлиб туришарди. Эшик остонаси устида туриб, қўлларини эшикнинг икки кесакисига қўйиб, шундай хутба қилдилар:

«Аллоҳдан ўзга ибодатга лойиқ зот йўқ, У ёлғиздир, Унинг шериги йўқдир, У ваъдасига вафо қилди, бандасига нусрат берди, гуруҳларни ёлғиз Ўзи мағлуб этди. Билиб қўйинглар, барча ўч олиш, мол ёки қон менинг ушбу икки оёғим остидадир. Фақат Байтуллоҳнинг мутасаддилиги ва ҳожиларни суғориш бундан мутаснодир. Билиб қўйинглар, қасдсиз – қамчи ва асо билан – одам ўлдириш худди қасддан ўлдирган кабидир, унинг дияси (хун пули) оғир: юз туя, ундан қирқтаси бўғоз бўлиши керакдир. Эй Қурайш жамоаси! Аллоҳ сизлардан жоҳилият такаббурлигини ва ота-боболар билан фахрланишни кетказди. Барча инсонлар Одамдан, Одам эса тупроқдандир». Сўнг қуйидаги оятни ўқидилар: «Эй инсонлар, дарҳақиқат Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингизни танишинглар учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир. Албатта Аллоҳ билувчи ва огоҳдир» (Ҳужурот: 13).

Бу кун сизлар айбланмайсиз

Сўнгра: «Эй Қурайш жамоаси! Мени сизларга қандай муомала қилади деб ўйлайсизлар?», деб сўрадилар. Улар: «Яхшилик! Улуғ биродар ва улуғ биродарнинг ўғли!», деб жавоб беришди. Шунда: «Мен сизларга Юсуф ўз оғаларига айтганидек: «Бу кун сизлар айбланмайсиз» деб айтаман. Бораверинглар, сизлар озодсизлар», дедилар.

Каъбанинг калити ўз эгаларига қайтарилади

Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидда ўтирдилар. Алий розияллоҳу анҳу қўлида Каъбанинг калитини тутганича: «Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ сизга саловоту саломлар йўлласин, бизга ҳижобат (яъни Каъбага тегишли ишларга мутасаддилик) билан сиқояни (яъни, ҳожиларни замзам билан суғоришни) жамлаб берсангиз», деди. Бир ривоятда: Бу сўзни айтган киши Аббос эди, дейилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Усмон ибн Талҳа қани?», дедилар. Уни чақириб келинди. Унга: «Калитингизни олинг, эй Усмон! Бугун яхшилик ва вафо кунидир», дедилар. Ибн Саъд «Табақот»да ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга калитни бераётиб: «Олинглар, у тоабад сизларда бўлади. Уни сизлардан фақат золимгина тортиб олиши мумкин. Эй Усмон, Аллоҳ сизларни Ўз Уйига омонатдор қилди. Энди шу Уй ортидан сизларга келадиган нарсалардан яхшилик билан еяверинглар!», дедилар.

Билол Каъба устида азон айтади

Намоз вақти бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Билолга Каъба устига чиқиб азон айтишни буюрдилар. Абу Суфён ибн Ҳарб, Аттоб ибн Усайд ва Ҳорис ибн Ҳишом Каъба тагида ўтирган эдилар. Аттоб: «Аллоҳ Усайдни (яъни, отамни) мукаррам қилган экан, бу гапларни эшитмай ўтиб кетди, эшитганда жизғанаги чиқиб қоларди», деди. Ҳорис: «Аммо, мен Аллоҳга қасамки, агар унинг ҳақлигини билсам, албатта эргашардим», деди. Абу Суфён: «Қасамки, мен ҳеч нарса демайман. Агар гапирсам, мана бу майда тошлар ҳам гапимни етказишади», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг олдиларига чиқиб келиб: «Сизлар нима деганларингизни биламан», дедилар ва уларга ўзлари айтган гапларни айтиб бердилар.

Шунда Ҳорис ва Аттоб: «Гувоҳлик берамизки, сиз ҳақиқатан Аллоҳнинг пайғамбари экансиз. Аллоҳга қасамки, бу гапларимизни ўзимиздан бошқа бирон киши эшитмаган эдики, сизга бориб етказибди деб ўйласак», дейишди.

Фатҳ намози ёки шукр намози

Ўша куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умму Ҳониъ бинт Аби Толибнинг ҳовлисига кириб, ғусл қилдилар ва унинг уйида саккиз ракъат намоз ўқидилар. Чошгоҳ вақти бўлгани учун баъзилар буни чошгоҳ намози деб гумон қилишади. Аслида, бу фатҳ намози эди. Умму Ҳониъ ўзининг иккита қайноғасини ўз ҳимоясига олганини айтганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сиз ҳимоянгизга олган кишини биз ҳам ҳимоямизга олдик, эй Умму Ҳониъ!», дедилар. Чунки, Умму Ҳониънинг иниси Алий ибн Аби Толиб у иккисини ўлдирмоқчи бўлганда Умму Ҳониъ уларни уйга киритиб, устидан қулфлаб қўйганди. Шундан сўнг у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бу ҳақда айтганида у зот ҳалиги жавобни бердилар.

Бир неча ашаддий жиноятчини қатл қилишга буюришлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша куни тўққиз нафар энг катта жиноятчи кимсаларнинг қонларини ҳалол қилдилар, уларни агарчи Каъбанинг пардаси остида бўлсалар ҳам тутиб ўлдиришга буюрдилар. Улар Абдулуззо ибн Хатол, Абдуллоҳ ибн Саъд ибн Аби Сарҳ, Икрима ибн Аби Жаҳл, Ҳорис ибн Нуфайл ибн Ваҳб, Мақис ибн Субоба, Ҳаббор ибн Асвад, Ибн Хатолга тегишли, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўп ҳажв қилиб қўшиқ айтиб юрган иккита қўшиқчи қиз, Бану Абдилмутталиб қавмига қарашли Сора исмли бир чўри аёл. Ҳотибнинг хати шу аёлдан топилганди.

Булардан Ибн Аби Сарҳни Усмон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига олиб келиб, омонлик тилаб, жонини сақлаб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларидан бирон киши туриб, уни ўлдиришини истаб, бир муддат унга омонлик бермай турдилар, кейин Исломини қабул қилдилар. Чунки, у аввал Исломни қабул қилиб, ҳижрат ҳам қилган, кейин муртад бўлиб, Маккага қайтиб кетган эди.

Икрима ибн Аби Жаҳл Яманга қочиб кетди. Аёли унга омонлик тилаб келган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам омонлик бердилар. Шундан сўнг аёли бориб, уни қайтариб келди. У Исломни қабул қилди ва исломи гўзал бўлди.

Ибн Хатол Каъбанинг пардасига осилиб олган эди. Бир киши келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга буни айтганида: «Ўлдир!», дедилар. У бориб, уни ўлдирди.

Мақис ибн Субобани эса Нумайла ибн Абдуллоҳ ўлдирди. Мақис аввал мусулмон бўлган, кейин бир ансорийга тажовуз қилиб, уни ўлдирган ва муртад бўлиб, мушрикларга келиб қўшилган эди.

Ҳорис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Маккадаликларида кўп озор берганди, уни Алий қатл қилди.

Ҳаббор ибн Асвад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари Зайнаб ҳижратга чиқиб кетаётганида уни уриб йиқитган, Зайнаб тошга йиқилиб, ҳомиласидан айрилган эди. Ҳаббор Макка фатҳи куни қочиб кетди, кейин Исломни қабул қилиб, исломи гўзал бўлди.

Қўшиқчи қизлардан бири қатл қилинди, яна бирига омонлик тиланиб, жони сақланиб қолди ва мусулмон бўлди. Сора ҳам омонлик олиб, мусулмон бўлди.

Ибн Ҳажар ёзади: Абу Маъшарнинг зикр қилишича, қони ҳалол қилинганлар орасида Ҳорис ибн Талотил ал-Хузоъий ҳам бор эди, уни Алий қатл қилди. Ҳокимнинг зикр қилишича, қони ҳалол қилинганлар ичида Каъб ибн Зуҳайр ҳам бор эди. Унинг қиссаси машҳур. Кейинроқ у келиб, мусулмон бўлди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни мадҳ этди. Улар ичида Ваҳший ибн Ҳарб ҳам бор эди. Абу Суфённнг хотини Ҳинд бинт Утба ҳам бор эди, у мусулмон бўлди. Ибн Хатолнинг чўриси Арнаб ҳам қатл қилинди, Умму Саъд қатл қилинди. Ибн Исҳоқ ушбу номларни келтириб, саноқни саккизта эркак ва олтита аёлга етказган. Эҳтимолки, Арнаб билан Умму Саъд ҳалиги иккита қўшиқчи қиз бўлсалар, уларнинг исмлари куня ва лақаблари эътибори билан бошқача қилиб айтилган бўлиши мумкин.[11]

Сафвон ибн Умайя ва Фазола ибн Умайрнинг Исломни қабул қилишлари

Сафвоннинг номи қатл қилишга буюрилган кишилар ичида йўқ эди. Бироқ, у Қурайшнинг энг катта раҳбарларидан бўлгани учун ўз жонига хавф қилиб, қочиб кетган эди. Умайр ибн Ваҳб ал-Жумаҳий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан унга омонлик сўраган эди, у зот омонлик бердилар, бунинг тасдиғи сифатида Маккага кийиб келган саллаларини ҳам бериб юбордилар. Умайр Сафвоннинг ортидан бориб, уни Жиддада Яманга борувчи кемага минмоқчи бўлиб турган жойидан қайтариб олиб келди. Сафвон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан икки ой ўз ихтиёрига қўйишларини сўради, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга тўрт ой ихтиёр бердилар. Сўнг Сафвон Исломни қабул қилди. Аёли ундан олдин мусулмон бўлганди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни аввалги никоҳларида қолдирдилар.

Фазола журъатли киши эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тавоф қилаётганларида у кишини ўлдириш мақсадида ёнларига яқинлашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг кўнглидаги ниятини айтиб бердилар, шунда у мусулмон бўлди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фатҳнинг иккинчи кунида қилган хутбалари

Фатҳнинг эртаси куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга хутба қилдилар. Аллоҳга ҳамду сано айтиб, Уни Ўзига лойиқ бўлганидек улуғладилар, сўнг шундай дедилар: «Эй одамлар! Албатта, Аллоҳ Маккани осмонлару ерни яратган кунида Ҳаром (ҳурматли) қилган, у Аллоҳнинг ҳаром қилиши билан то қиёматгача ҳаромдир. Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган ҳеч бир киши учун унда қон тўкиш, унинг ўт-ўланларини юлиб-синдириш ҳалол бўлмайди. Агар бирон кимса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унда жанг қилганини баҳона қил(иб қон тўкмоқчи бўл)са, айтингларки, Аллоҳ Ўз Расулига изн берди, сизларга изн бермади. Менга ҳам фақат куннинг маълум соатидагина изн берди. Бугун унинг ҳурмати кеча қандай бўлса ўшандай ҳолига қайтди. Ҳозир бўлганлар ҳозир бўлмаганларга етказиб қўйсин».

Бир ривоятда: «Унинг тикани буталмайди, ови ҳуркитилмайди, унда тушириб қолдирилган нарсалар олинмайди – танитиш учун олган киши бундан мустасно, – ўти юлинмайди», дедилар. Шунда Аббос: «Ё Расулуллоҳ, фақат изхирга (хушбўй ўсимлик) рухсат беринг, чунки уни уйларига ва темирчиликка ишлатишади», деган эди, «Фақат изхирга рухсат», дедилар.

Ўша куни Хузоъа ўзларининг жоҳилият пайтида ўлдирилган битта одами учун Бану Лайсдан бир кишини ўлдиришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу хусусда сўзлаб: «Эй Хузоъа жамоаси, одам ўлдиришдан қўлингизни тийинглар! Гарчи фойдаси бўлса ҳам, қатл кўпайиб кетди. Сизлар бир одамни ўлдирибсиз, мен албатта унинг хун пулини тўлайман. Шу вақтдан эътиборан ким бировни ўлдирса, унинг аҳли икки ишдан бирига ихтиёрлидир: истасалар қотилнинг қонини тўкадилар, истасалар хун пулини оладилар», дедилар.

Бир ривоятда: Яман аҳлидан бўлган Абу Шоҳ исмли бир киши туриб: «Ё Росулуллоҳ, (ушбу хутбани) менга ёзиб беринг» деган эди, у зот: «Абу Шоҳга ёзиб беринглар» дедилар.[12]

Ансорлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккада қолиб кетадилар деб хавотирга тушишлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг киндик қонлари тўкилган ерлари ва ватанлари бўлмиш Макка фатҳ этилгач, ансорлар ўзаро: «Нима дейсизлар, Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўз ерлари ва шаҳарларини фатҳ қилиб бергач, энди шу ерда қолиб кетмасмикинлар?», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу пайтда Сафо тоғида қўл кўтариб дуо қилиб турган эдилар. Дуоларидан фориғ бўлгач: «Нима дедингизлар?», деб сўрадилар. Улар: «Йўқ, ҳеч нарса, ё Расулуллоҳ», дейишди. Қайта-қайта сўраганларидан кейин нима деганларини айтиб беришди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Йўқ, Аллоҳ сақласин, энди ҳаётим ҳам, мамотим ҳам сизлар билан», дедилар.

Байъат олишлари

Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва мусулмонларга Маккани фатҳ қилиб бергач, Макка аҳлига ҳақиқат зоҳир бўлди ва Исломдан ўзга нажот йўли йўқлигини билишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўйсунишиб, байъат беришга йиғилишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Сафо тоғида ўтириб, одамлардан байъат олдилар, Умар ибн Хаттоб сал пастроқда туриб, одамларнинг байъатини қабул қилиб турарди. Улар у зотга қўлдан келганича қулоқ солиш ва итоат қилишга байъат бердилар.

«Мадорик»да айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эркаклардан байъат олиб бўлгач, аёллардан байъат ола бошладилар. У зот Сафода, Умар сал пастроқда ўтириб, у зотнинг амрлари билан аёллардан байъат қабул қилар ва уларга у зотнинг сўзларини етказиб турарди. Абу Суфённинг аёли Ҳинд бинт Утба ҳам байъат беришга келди, у Ҳамзага қилган қилмиши туфайли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни таниб қолишларидан қўрқиб, қиёфасини ўзгартириб олганди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларга: «Мен сизлар билан Аллоҳга бирон нарсани ширк келтирмасликларингга байъатлашаман», дедилар. Умар аёллардан Аллоҳга ширк келтирмасликка байъат қабул қилди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «ва ўғирлик қилмасликларига», дегандилар, Ҳинд: «Абу Суфён хасис одам, мен унинг молидан олсам, ёмон бўладими?», деб сўради. Шунда Абу Суфён: «Нима олсанг, сенга ҳалол», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кулдилар ва уни таниб: «Сен  Ҳиндмисан?», дедилар. У: «Ҳа, ўтган ишларни кечиринг ё Расулуллоҳ, Аллоҳ сизни кечирсин», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «ва зино қилмасликларига», дегандилар, Ҳинд: «Озод-ҳур аёл ҳам зино қиладими?!», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «ўз болаларини ўлдирмасликларига», дегандилар, Ҳинд: «Биз уларни кичикликларидан тарбия қилиб бердик, катта бўлишгач, сизлар уларни ўлдирдингизлар, сизлар ва улар буни яхши биласизлар», деди – Унинг ўғли Ҳанзала ибн Аби Суфён Бадр куни ўлдирилган эди, – унинг бу гапидан Умар кулавериб, думалаб қолди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса табассум қилиб қўйдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «ва бўхтон қилмасликларига», дегандилар, Ҳинд: «Қасамки, бўҳтон қабиҳ ишдир, сиз бизни фақат тўғрилик ва улуғ ахлоққа буюрасиз», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «биронта ҳам яхши ишда бизга итоатсизлик қилмасликларига», дегандилар, Ҳинд: «Аллоҳга қасамки, кўнглимизда сизга итоатсизлик қилиш фикри бўлса, бу ерда ўтирмас эдик», деди.

Қайтиб келгач, Ҳинд бут-санамини синдириб ташлади ва: «Биз сен билан алданиб юрган эканмиз», деди.[13]

«Саҳиҳ»да айтилишича, Ҳинд бинт Утба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, мен ер юзида сизнинг хонадон аҳлингиздан кўра хор бўлишини истаган бирон хонадон аҳли йўқ эди. Энди бугун ер юзида мен учун сизнинг хонадон аҳлингиздан кўра азизроқ бўлишини истаган бирон хонадон аҳли йўқдир. Яна, жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, ё Расулуллоҳ, Абу Суфён хасис одам, унинг молидан оиламизга едирсам, менга гуноҳ бўладими?», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Фақат яхшилик билан инфоқ қилсанг, зарари йўқ», дедилар.[14]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Маккада туришлари ва унда қилган ишлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккада одамларни ҳидоят ва тақвога йўллаб ва Ислом рамз-белгиларини янгилаб ўн тўққиз кун турдилар. Шу кунлар мобайнида Абу Усайд ал-Хузоъийга буюриб, Ҳарам ҳудудини янгилатдилар, Исломга даъват қилиш учун ва Макка атрофидаги бут-санамларни буздириш учун сарийялар юбордилар. Барча бут-санамлар синдирилиб, Маккада: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, уйида бирорта ҳам санамни қўймай, синдириб ташласин!», деб жар солинди.

Юборилган сарийялар

1) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фатҳдан хотиржам бўлганларидан сўнг 8-ҳижрий рамазон ойидан беш кун қолганда Холид ибн Валидни Уззо номли бутни бузиш учун юбордилар. Уззо Қурайшнинг ва барча Бану Кинонанинг энг катта бтуи бўлиб, Нахла деган жойда эди. Унинг мутасаддилиги Бану Шайбон қабиласи қўлида эди. Холид ўттиз отлиқ билан бориб, уни бузиб ташлади. Қайтиб келгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан: «Бирон нарса кўрдингизми?», деб сўрадилар. У: «Йўқ», деган эди: «Сиз уни бузмабсиз. Боринг, қайтадан бузиб келинг!», дедилар. Холид ғазаб билан қиличини яланғочлаб қайтиб борган эди, яланғоч, сочлари тўзғиган бир қора хотин унинг олдига чиқиб келди. Бутга қараб турувчи ходим унга қичқира бошлади. Холид у хотинни қиличи билан чопиб иккига бўлиб ташлади. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига қайтиб, у зотни бу ишдан хабардор қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳа, Уззо ўша эди. Дарҳақиқат, у сизларнинг юртингизда маъбуда бўлишдан абадул-абад умидини узди», дедилар.

2) Шу ойда Амр ибн Осни Сувоъ номли бутни бузиб келиш учун юбордилар. У Ҳузайл қабиласининг бути бўлиб, Макканинг шимоли-шарқида 150 километр узоқликдаги Риҳот деган жойда эди. Амр ибн Ос бут ёнига етиб борганида ходим ундан: «Нима қилмоқчисан?», деб сўради. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана бу бутни бузишимни буюрганлар», деди Амр. «Бу сенинг қўлингдан келмайди», деди у. «Нега?», деган эди, «У бунга йўл қўймайди», деди. «Сан ҳали ҳам ботилда юрибсанми?! Шўринг қурисин, бу ўзи эшитадими ё кўрадими?!», деди Амр, сўнг бориб бутни синдириб ташлади. Шерикларига буюриб, унга тегишли хонани ҳам буздириб юборди. Унинг ичидан ҳеч нарса топмадилар. Сўнг Амр: «Энди нима дейсан?!», деди ходимга. У: «Аллоҳга таслим бўлдим», деди.

3) Шу ойнинг ўзида Саъд ибн Зайд ибн ал-Ашҳалийни йигирмата отлиқ билан Манотни бузишга юбордилар. Манот Қудайднинг Мушаллал деган жойида бўлиб, Авс, Хазраж, Ғассон ва бошқа қабилалар бути эди. Саъд келганида бутнинг ходими ундан: «Нима истайсан?», деб сўради. «Манотни бузмоқчиман», деган эди, «Билганингни қил», деб ундан четланди. Саъд бутга яқинлашган чоқ яланғоч, сочлари тўзғиган бир қора хотин чиқиб, кўкрагига муштлаб, дод сола бошлади. Ходим унга: «Эй Манот, сенга осий бўлган кимсалардан бири қаршингда турибди!», деди. Шунда Саъд у хотинни қатл қилди ва бутни синдириб, вайрон қилди. Унга қарашли хонадан ҳеч нарса топилмади.

4) Холид ибн Валид Уззони вайрон қилиб келганидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни шу йилнинг шавволида Бану Жузайма қабиласига жанг қилиш учун эмас, уларни Исломга даъват қилиш учун юбордилар. У 350 кишилик муҳожирлар, ансорлар ва Бану Сулаймликлардан ташкил топган жамоа билан йўлга чиқди ва улар ҳузурига етиб бориб, Исломга даъват қилди. Улар ўз динларидан чиқиб, исломни қабул қилганларини англатиш мақсадида «мусулмон бўлдик», деб айтиш ўрнига «собиъ бўлдик, собиъ бўлдик» (яъни, диндан чиқдик), дея бошлашди. Шунда Холид уларни ўлдиришга ва асир олишга буюрди, сўнг олинган асирларни қўли остидагиларга биттадан бўлиб берди. Кейин бир куни уларга ўз асирларини ўлдиришни буюрди. Ибн Умар ва асҳоблари буйруққа бўйсунишдан бош тортишди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига қайтгач, бўлган воқеани айтиб берганларида у зот қўлларини кўтариб, икки марта: «Эй Парвардигор! Мен Холиднинг қилган ишидан поклигимни Сенга эълон қиламан», дедилар.[15]

Фақат Бану Сулайм ўз асирларини ўлдиришган, муҳожир ва ансорлар ўлдирмаган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Алийни юбордилар, у ўлдирилган кишиларнинг диясини (хун пулини) ва улар кўрган талафотларни тўлаб келди. Шу иш хусусида Холид билан Абдураҳмон ибн Авф жанжаллашиб қолгандилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бунинг хабари етгач: «Шошма эй Холид! Асҳобларимни тинч қўй! Аллоҳга қасамки, Уҳуд тоғича олтининг бўлиб, уни Аллоҳ йўлида сарф қилсанг ҳам, асҳобларимдан бирининг эрталаб ёки кечқурун қилган озгина амалига етолмайсан», дедилар.[16]

 

Макка фатҳи ғазоти тафсилоти мана шундан иборат. У бутпарастликни таг-томири билан йўқотиб ташлаган ва Арабистон ярим оролида унинг сақланиб қолишига ўрин ҳам, сабаб ҳам қолдирмаган ҳал қилувчи ғазот ва буюк ғалаба бўлди. Жуда кўп қабилалар мусулмонлар билан бутпарастлар ўртасида кечаётган тўқнашув ва жанглар охири нима билан тугашини кутиб туришар, ким ҳақ бўлса, ўша Ҳарам устидан ҳукмронликни қўлга киритишини жуда яхши билишар, бундай ишонч-эътиқод уларда ярим аср илгари, фил эгалари бу Байтни истило қилиш қасдида келганида ҳалокатга дучор бўлиб, қурт-қумурсқалар томонидан чайнаб ташланган сомонга ўхшаб қолган пайтда шаклланган эди.

Ҳудайбия сулҳи мана шу фатҳга тайёрланиш ва унинг муқаддимаси бўлган эди. Чунки, айни шу сулҳдан кейин одамлар эмин-эркин ҳаракатланишга қодир бўлишган, бир-бирлари билан бемалол сўзлашиш ва баҳсу мунозаралар олиб бориш имкониятига эга бўлишган, бунинг оқибатида жуда кўп кишилар Исломни қабул қилиш бахтига мушарраф бўлган эдилар. Буни шундан ҳам билса бўладики, ўтган урушларда уч мингдан зиёд жангчиси бўлмаган ислом лашкари мана шу ғазотга келиб ўн минг нафарга етган эди.

Ушбу ҳал қилувчи жанг одамларнинг кўзларини очди ва уларни Исломдан тўсиб турган охирги тўсиқларни ҳам олиб ташлади. Ушбу фатҳ орқали мусулмонлар бутун Арабистон ярим ороли устидан ўз назоратларини ўрнатдилар ва ҳам диний, ҳам дунёвий етакчиликни тўлалигича ўз қўлларига олдилар.

Ҳудайбия сулҳидан кейин мусулмонлар фойдасига айлана бошлаган даврон чархпалаги ушбу фатҳ ортидан бутунлай мусулмонлар манфаатига ишлай бошлади. Арабларнинг қавму қабилалари олдида энди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бош эгиб келиш ва Исломни қабул қилиш ҳамда унинг даъватини оламга ёйилишига кўмак кўрсатишдан ўзга йўл қолмади.

 

[1] Ибн Ҳишом: 2/623-626, Зодул маод: 2/157.

[2] Талқиҳ фуҳуми аҳлил-асар: 33-с.

[3] Зодул маод: 2/160.

[4] Абдулмутталиб давридан давом этиб келаётган Хузоъа билан Бану Ҳошим ўртасидаги иттифоққа ишора.

[5] Абдуманофнинг онаси – яъни Қусойнинг аёли Ҳуббо – хузоъалик эканига ишора.

[6] Исломни қабул қилган эканликларига ишора.

[7] Барид – 12 милга тенг узунлик ўлчови.

[8] Ушбу сарийя йўлда Омир ибн Азбат деган кишига дуч келди. У уларга исломий салом билан салом берди. Бироқ, сарийя аъзоларидан Муҳаллим ибн Жассома уни ўзаро адовати туфайли ўлдириб, туясини ва матоларини қўлга киритди. Шундан сўнг Аллоҳ таоло: «Эй мўминлар, қачон Аллоҳ йўлида жиҳод учун сафарга чиқсангиз (душманларингизни) аниқ таниб олинглар ва бу ҳаёти дунёнинг нарсасини истаб сизларга салом берган кишига: «Сен мўмин эмассан!» деманглар! Зеро, Аллоҳнинг ҳузурида беҳисоб ўлжалар бордир» (Нисо: 94) оятини нозил қилди. Улар Муҳаллимни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга истиғфор айтсалар деган умидда у зот ҳузурига олиб келдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ўз олдиларида кўргач, уч бор: «Эй Аллоҳим, Муҳаллимни мағфират қилмагайсан», дедилар. Шундан сўнг у кўз ёшларини этагига артганича ўрнидан турди. Ибн Исҳоқ ривоят қилишича, унинг қавми кейинроқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга истиғфор айтдилар, деган экан. Қаранг: Зодул маод: 2/150, Ибн Ҳишом: 2/626-628.

[9] Саҳиҳул Бухорий: 1/422, 2/612.

[10] Ибн Ҳишом: 4/41, 42, Байҳақий: Далоилун-нубувва: 5/28.

Шундан сўнг Абу Суфённинг исломий ҳаёти жуда гўзал кечди. Айтишларича, у Исломни қабул қилган кунидан бошлаб уялганидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзларига тик боқмаган экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам уни яхши кўрардилар, унга жаннат башоратини берганлар ва: «У Ҳамзанинг ўринбосари бўлади, деб умид қиламан», деганлар. Вафоти яқинлашганда: «Менга йиғи-сиғи қилманглар, Аллоҳга қасамки, мен Исломни қабул қилганимдан бери тилимдан ёмон сўз чиқмади», деган экан (Зодул маод: 2/162, 163).

[11] Фатҳул Борий: 8/11, 12.

[12] Юқоридаги ривоятлар ушбу манбалардан олинди: Саҳиҳул Бухорий: 1/22, 216, 247, 328, 329, 2/615, 617, Саҳиҳ Муслим: 1/437-439, Ибн Ҳишом: 2/415, 416, Абу Довуд: 1/276.

[13] Насафий: Мадорикут-танзил: Байъат ояти тафсири.

[14] Саҳиҳул Бухорий (3825, 7161), Фатҳул Борий: 7/ 175, 13/148.

[15] Саҳиҳул Бухорий: 1/450,  2/622.

[16] Ушбу ғазот тафсилотлари қуйидаги китоблардан олинди: Ибн Ҳишом: 2/389–437, Саҳиҳул Бухорий: Китабу фазоили асҳабин-набий (3673-ҳ), Фатҳул Борий: 8 /3-27, Саҳиҳ Муслим: 1/437-439, 2/102, 103, 130, Зодул маод: 2/160-168.

◄◄◄Аввалгига қайтиш

Мундарижа

Кейингига ўтиш►►►

 ЮқоригаÎ