Ислом Нури

 

Китоблар

 

الرحيق المختوم

بحث في السيرة النبوية على صاحبها أفضل الصلاة والسلام

صفي الرحمن المباركفوري

Ар-раҳиқ ал-махтум

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратларига бағишланган асар

Ислом Нури таржимаси

ҲУДАЙБИЯ СУЛҲИДАН КЕЙИНГИ ҲАРБИЙ ҲАРАКАТЛАР

Ғоба ёки Зу-Қарад ғазоти

Ушбу ғазот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарашли лиқоҳ (бўғоз ва соғин туялар)ни талончилик билан ҳайдаб кетган Бану Фазоралик бир гуруҳ ортидан таъқиб қилиш амалиёти эди.

Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳудайбиядан кейин ва Хайбардан олдин олиб борган биринчи ғазотдир. Имом Бухорий унинг Хайбар жангидан уч кун илгари бўлганини ривоят қилган, имом Муслим ҳам Салама ибн Акваъ ҳадисига суяниб, ана шундай ривоят қилган. Кўпчилик тарихчилар унинг Ҳудайбиядан олдин бўлганини айтишган, лекин «Саҳиҳайн»даги гап уларнинг сўзларидан кўра саҳиҳроқдир.[1]

Ушбу ғазот қаҳрамони Салама ибн Акваъдан келтирилган ривоятлар хулосаси қуйидагичадир:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғуломлари Рабоҳни яйловдаги соғин туяларига юборгандилар. Мен ҳам Абу Талҳанинг отига миниб, у билан бирга эдим. Тонг пайти Абдурраҳмон ал-Фазорий туялар уюрига ҳужум қилиб, туябоқарни ўлдириб, туяларни ҳайдаб кетди. Шунда мен: «Эй Рабоҳ, манави отни олгинда, уни Абу Талҳага бериб қўй ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хабарни етказ», дедим. Кейин ўзим бир тепалик устига чиқиб, Мадина томонга юзланиб, уч бор: «Ё сабоҳо!» (яъни, фалокатли тонг), деб қичқирдим. Сўнг босқинчилар ортидан югуриб, қуйидаги сўзларни айтганча уларга камон ота бошладим:

Ибн Акваъ бошингга итнинг кунин солади

   Пасткашларнинг аҳволи бугун забун бўлади.

‏[‏خُذْها‏]‏ أنا ابنُ الأكْـوَع ** واليـومُ يـومُ الرُّضّع

Қасамки, мен уларга камон отиб, отларини қулатар, агар отлиқлардан биронтаси орқага қайтса, дарахт ортига яширин олиб, камондан ўқ узиб, ерга қулатар эдим. Улар тоғ оралиғидаги бир дарага киришгач, мен тоққа кўтарилиб, тепадан уларни тошбўронга тутдим. Шу алфозда уларни таъқиб қилавериб, охир-оқибат уларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туяларини ташлаб кетишга мажбур қилдим. Кейин яна уларнинг ортидан таъқиб қилишда ва камон отишда давом этдим, ҳатто улар ўзларини енгиллатиш мақсадида ўттизта устки кийим ва ўттизта найзани ташлаб кетишди. Улар ташлаб кетган нарсалар устига тошлардан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳоблари таниб оладиган белги қўйиб, ортларидан боравердим. Улар бир дарага етиб бориб, ўша жойда овқатлангани ўтиришди. Мен тепаликдаги бир харсанг устига чиқиб ўтирдим. Шунда улардан тўрт нафари мен турган жойга кўтарила бошладилар. Мен: «Мени танийсизларми?! Мен Салама ибн Акваъман! Мен сизлардан истаган одамимни қувиб ета оламан, сизлардан биронтангиз ҳам мени қувиб етишга қодир бўлмайсиз», дедим. Шундан сўнг улар қайтиб кетишди. Шундан сўнг то Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суворийлари дарахтлар оралаб келишаётганига кўзим тушмагунича шу ерда ўтирдим. Энг олдинда Ахрам, ундан кейин Абу Қатода, унинг ортидан Миқдод ибн Асвад етиб келишди. Ахрам Абдурраҳмон билан тўқнашиб, унинг отини қиличи билан чопиб ташлади. Шунда Абдурраҳмон уни найзаси билан ҳалок қилиб, отига миниб олди. Сўнг Абу Қатода Абдурраҳмоннинг ортидан бориб, уни ўлдирди. Қолганлар қочиб қолишди. Мен уларнинг ортидан яёв чопиб борардим. Кун ботишга яқин улар Зу-Қарад деган бир сувли жойга бурилиб, сув ичмоқчи бўлишган эди, менинг югуриб келаётганимни кўриб, сув ҳам ичмай қочишда давом этишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам отлиқлар билан хуфтонда етиб келдилар. Мен: «Ё Расулуллоҳ, уларнинг ташналикдан силласи қуриб қолган. Мени юзта одам билан юборсангиз, уларнинг бор-будини қўлга киритиб, ўзларини бўғиб олиб келаман», дедим. У зот: «Шунча нарсага эга бўлдиниз, майли энди қўяверинг. Улар аллақачон Ғатафонга етиб бориб, меҳмон бўлишяпти», дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бугун отлиқларимиз ичида энг яхшиси Абу Қатода, пиёдаларимиз ичида энг яхшиси Салама бўлди», дедилар. Сўнг менга ўлжадан икки улуш – бир пиёда ва бир отлиқнинг улушини бердилар. Сўнг то Мадинагача мени туяларига мингаштириб келдилар».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ғазотга чиқишларида Мадинага Ибн Умму Мактумни халифа қилиб қолдирдилар, байроқни Миқдод ибн Амрга бердилар.[2]

Хайбар ва Водил-Қуро ғазотлари (7 ҳижрий, муҳаррам)

Хайбар Мадинанинг шимолий тарафида 80 мил узоқликда жойлашган, қўрғонлари ва экинзорлари бор каттагина шаҳар эди. Ҳозирда у иқлими ҳаёт учун анча номувофиқ бир қишлоқдир.

Ғазотнинг сабаби

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам душманнинг учта қанотидан энг кучли қаноти бўлган Қурайшдан кўнгиллари тинчиб, Ҳудайбия сулҳидан сўнг ундан тамомила хотиржам бўлгач, минтақада тинчлик-барқарорлик қарор  топиши ва осойишталик ҳукм суриши учун ҳамда мусулмонлар давомий қонли урушлардан бўшаб, Аллоҳнинг рисолатини етказиш ва даъват қилиш фурсатига эга бўлишлари учун энди қолган икки қанот билан, яъни яҳудлар ва Нажд қабилалари билан ҳисоб-китоб қилиб олишни кўнгилларига тугдилар.

Хайбар фитналар ва макр-ҳийлалар ўчоғига, ҳарбий келишувлар марказига, адоват ва уруш чиқариш майдонига айланиб қолганидан мусулмонлар диққат-эътиборларини энг биринчи навбатда ўша ерга қаратишлари лозим бўлиб қолган эди.

Қолаверса, аҳзоб-гуруҳларни мусулмонларга қарши қайраганлар ва Бану Қурайзани хиёнаткорликка ундаганлар ҳам мана шу хайбарликлар бўлиб, улар ислом жамияти ичидаги жосуслик уяси бўлган мунофиқлар ва душманнинг учинчи қаноти бўлган Ғатафон ва саҳро араблари билан ҳам мустаҳкам алоқада бўлиб келган эдилар. Шу билан бирга улар ўзлари ҳам урушга киришга ҳозирлик кўришган, бу хатти-ҳаракатлари билан мусулмонларни анча қийин аҳволга тушишларига сабаб бўлишган, ҳатто улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга суиқасд уюштириш режасини ҳам тузишган, уларнинг фитналарини бартараф этиш мақсадида мусулмонлар бир неча тадбирларни амалга оширишга ва уларнинг раҳбарлари бўлмиш Саллом ибн Абул Ҳуқайқ ва Асир ибн Зорамларни қатл қилишга мажбур бўлишган эди. Аммо ўша пайтда улар билан узил-кесил ҳисоб-китоб қилиб қўйишнинг имкони бўлмаганди. Чунки, мусулмонлар қаршисида улардан кўра ашаддийроқ ва қудратлироқ душман – Қурайш турарди. Мана энди Қурайшнинг душманчилигига барҳам берилгач, бу жиноятчилар билан ҳисоб-китоб қилиб қўйиш фурсати етиб келган эди.

Хайбарга юришнинг бошланиши

Ибн Исҳоқнинг ёзишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳудайбиядан қайтиб келгач, зул-ҳижжа ойи ва муҳаррамнинг бир неча куни Мадинада турдилар, кейин муҳаррамнинг қолган қисмида Хайбарга отландилар.

Муфассирларнинг сўзларига кўра, Хайбар Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятида берган ваъдаси эди: «(Эй мўминлар), Аллоҳ сизларга ўзларингиз оладиган кўпдан-кўп ўлжалар ваъда қилди. Энди мана бу (Ҳудайбия сулҳини ва Ҳайбар жангида қўлга киритадиган ўлжаларингиз)ни эса нақд қилиб қўйди» (Фатҳ: 20).

Исломий қўшиннинг сони

Мунофиқлар ва иймони заиф киишилар Ҳудайбия ғазотида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бўлишдан ўзларини четга тортишгани туфайли Аллоҳ таоло улар хусусида пайғамбарига шундай амр қилди: «Ҳали сизлар (Ҳайбар жангида қўлга киритган) ўлжаларини олиш учун кетаётган вақтингизда (жиҳодга чиқмасдан) қолган кимсалар: «Бизлар ҳам (ўша ўлжалардан олиш учун) сизларга эргашишимизга (йўл) қўйинглар», дерлар. Улар Аллоҳнинг каломини ўзгартирмоқчи бўладилар. Айтинг: «Ҳаргиз бизларга эргашмайсизлар! Аллоҳ илгари мана шундай дегандир». Энди улар: «Йўқ, сизлар бизларга ҳасад-бахиллик қилмоқдасизлар», дерлар. Йўқ, улар камдан-кам нарсаларнигина англарлар» (Фатҳ: 15).

Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хайбарга йўл олишларидан олдин ўзлари билан бирга фақат жиҳодга рағбати бўлган кишиларгина чиқишини эълон қилдилар. Шу боис бу юришга фақат Ҳудайбиядаги дарахт остида байъат қилган бир минг тўрт юз саҳобий чиқдилар.

Мадинага Сибоъ ибн Урфута ал-Ғифорийни халифа қилиб қолдирдилар. Ибн Исҳоққа кўра, Нумайла ибн Абдуллоҳ ал-Лайсийни қолдирганлар. Муҳаққиқлар наздида биринчи сўз тўғрироқ.[3]

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хайбарга чиқиб кетганларида Абу Ҳурайра мусулмон бўлиб Мадинага келди ва Сибоъ ибн Урфутани бомдод намозида топди. Намоздан сўнг у Сибоънинг олдига борди. Сибоъ уруш анжомлари билан таъминлагач, Абу Ҳурайра Хайбарга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларига бориб қўшилди.  Мусулмонлар уни ва шерикларини ўз улушларига шерик қилдилар.

Мунофиқларнинг яҳудларни хабардан огоҳ қилишлари

Мунофиқлар дарҳол яҳудлар фойдасига ишлашга киришдилар. Уларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай Хайбар яҳудларига: «Муҳаммад сизлар билан урушиш учун устингизга бостириб бормоқда, эҳтиётингизни кўринглар! Ундан қўрқманглар, чунки сизлар сон жиҳатидан ҳам, қурол-яроғ жиҳатидан ҳам ундан устунсизлар. Муҳаммаднинг тобелари озчилик, қуроллари ҳам жуда оз» деган мазмунда хабар йўллади. Шундан сўнг Хайбар аҳли Кинона ибн Абул Ҳуқайқ билан Ҳавза ибн Қайсни кўмак сўраб Ғатафонга юбордилар. Чунки, Ғатафон Хайбар яҳудларининг иттифоқчиси ва мусулмонларга қарши кўмакчилари эди. Яҳудлар агар мусулмонлар устидан ғалаба қозонишса, Хайбар мевалари ҳосилининг тенг ярмини Ғатафонга беришни ваъда қилдилар.

Хайбар сари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хайбар йўналишида аввал Иср тоғидан, сўнг Саҳбодан ўтиб, Ражиъ водийсида тўхтадилар. Ғатафонгача бир кеча-кундузлик йўл қолган эди. Ғатафон ҳам урушга ҳозирланиб, яҳудларга мадад бериш учун Хайбар томон йўл олди. Анча йўл босишгач, орқадан қандайдир шоқвин-сурон овозини эшитишиб, мусулмонлар аҳли-оилаларимиз ва мол-мулкларимизга ҳужум қилишган бўлса керак, деган гумонда орқага қайтиб кетишди. Шу қайтганларича Хайбарни мусулмонлар билан ёлғиз қолдиришди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўшинни бошлаб бораётган икки йўл кўрсатувчини – улардан бирининг исми Ҳусайл эди – ўз ҳузурларига чақирдилар, улардан Хайбарга шимол томондан – яъни, Шом тарафдан – кириб бориш ва яҳудларни Шомга қараб қочишлари йўлини тўсиб қўйиш ва шу билан бирга улар билан Ғатафон ўртасини тўсиш учун энг яхши йўлни суриштирдилар.

Улардан бири: «Мен сизни бошлаб бораман, ё Расулуллоҳ», деди. Сўнг қўшинни бошлаб бораркан, йўлда бир чорраҳа устидан чиқдилар. Йўлбошчи: «Ё Расулуллоҳ, бу йўлларнинг ҳар бири орқали мақсадга етиб бориш мумкин», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга бу йўлларнинг номларини бирма-бир айтишни буюрдилар. Улардан бирининг номи Ҳазан (маҳзунлик) экан, унга юрмадилар. Яна бирининг исми Шос (ғализ ер) экан, унга ҳам юрмайдиган бўлдилар. Учинчисининг номи Ҳотиб (ўтинчи ёки ёқилғи) экан, унга юришга ҳам кўнгиллари чопмади. Қолган битта йўлнинг исми Марҳаб (кенглик) экан, ана шу йўлга юришни ихтиёр этдилар.

Йўлда бўлиб ўтган айрим воқеалар

1) Салама ибн Акваъдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Хайбарга йўл олдик ва тунда юриб борарканмиз, кимдир биров Омирга: «Эй Омир, бизга ҳиргойиларингдан эшиттирсангчи», деб қолди. Омир шоир киши эди, одамларнинг олдига тушиб, шеър ўқий бошлади:

 

Аллоҳим, Сен бўлмасанг, ҳидоят не, билмасдик,

Намоз ҳам ўқимасдик, садақа ҳам қилмасдик.

 

Мағфират эт, йўлингда фидо бўлсин жонимиз

Сабру бардош ато эт жангга кирган онимиз.

 

Қичқириб шиддат билан ташланмоқда ёғийлар,

Парво қилмасмиз ҳарчанд  қичқирмасин боғийлар.

 

اللهم لولا أنت ما اهتديـنا ** ولا تَصدَّقْنا ولا صَلَّيـنـا

فاغـفر فِدَاءً لك ما اقْتَفَيْنا ** وَثبِّت الأقدام إن لاقينـا

وألْـقِينْ سكـينة عــلينا ** إنا إذا صِــيحَ بنا أبينــا

وبالصياح عَوَّلُوا عــلينا **

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким бу?», деб сўрадилар. «Омир ибн Акваъ», дейишган эди: «Аллоҳ уни Ўз раҳматига олсин», дедилар. Шунда бир киши: «Ё Расулуллоҳ, (бу дуоингиз билан унга шаҳидлик) вожиб бўлди, унинг баҳодирлиги билан фойдаланиб туришимизга қўйсангиз эди», деди.[4]

Чунки, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир инсонга хоссатан мағфират ва раҳмат сўрасалар, унинг шаҳид бўлишини яхши билишарди.[5] Дарҳақиқат, бу жангда ҳам шундай бўлди.

2) Хайбардан берироқда, Саҳбо деган жойда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аср намозини ўқигач, егулик чақирган эдилар, фақат толқон олиб келинди. Уни сувга аралаштириб, ҳаммалари шундан едилар. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шом ўқиш учун турдилар ва оғизларини чайқадилар, одамлар ҳам оғизларини чайдилар. Таҳорат қилмасдан намоз ўқидилар,[6] кейин хуфтонни ҳам ўқидилар.[7]

3) Хайбарга яқинлашиб қолганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўхташга буйруқ бердилар, қўшин тўхтади. У зот: «Эй Аллоҳ! Эй етти осмон ва улар соя солган нарсалар Парвардигори, етти (қават) ер ва устидаги нарсалар Парвардигори, шайтонлар ҳамда улар йўлдан оздирганларнинг Парвардигори, шамоллар ва улар ташиган-учирган нарсалар Парвардигори бўлган Аллоҳим! Мен Сендан ушбу шаҳарнинг, унинг аҳлининг ва ундаги нарсаларнинг яхшилигини сўрайман. Ушбу шаҳарнинг, унинг аҳлининг ҳамда ундаги нарсаларнинг ёмонлигидан паноҳ тилайман», деб дуо қилдилар, сўнг: «Аллоҳнинг исми билан, олға!», дедилар.[8]

Ислом қўшини Хайбар остонасида

Мусулмонлар тонготарига бориб жанг бошланган тунни Хайбарга жуда яқин жойда ўтказдилар. Яҳудийлар уларни сезмай қолдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунда бир қавмга етиб келсалар, то тонг отмагунча уларга яқинлашмасдилар. Тонг отгач, ғира-ширада бомдодни ўқиганларидан сўнг мусулмонлар йўлга отландилар. Хайбар аҳли ҳеч нарсадан бехабар, белкурак ва кетмонларини кўтариб, экинзор ерларига қараб чиқиб кела бошладилар. Кутилмаганда бостириб келаётган қўшинга кўзлари тушгач: «Муҳаммад! Худо ҳаққи, Муҳаммад қўшини билан бостириб келмоқда!», деб шовқин кўтаришиб, шаҳарга қараб қочишди.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳу акбар! Хайбар хароб бўлсин! Аллоҳу акбар! Хайбар хароб бўлсин! Биз қачон бир қавмнинг ҳовлиларига (яъни устларига) тушсак, ўша огоҳлантирилган кимсаларнинг кунлари жуда ёмон бўлгай», деб хитоб қилдилар.[9]

Хайбар қалъалари

Хайбар икки қисмга бўлинган бўлиб, биринчи қисми бешта қалъадан ташкил топганди:

1) Ноъим қалъаси;

2) Соъб ибн Муоз қалъаси;

3) Зубайр қалъаси;

4) Убай қалъаси;

5) Назор қалъаси.

Булардан аввалги учта қалъа Натот деб номланган минтақада жойлашган, қолган иккитаси эса Шиқ деб номланган минтақада эди.

Иккинчи, Катиба номи билан маъруф бўлган қисми эса учта қалъадан ташкил топганди:

1) Қамус қалъаси (бу қалъа Бану Назирлик Абул Ҳуқайқ оиласига тегишли эди);

2) Ватиҳ қалъаси;

3) Сулолим қалъаси.

Хайбарда мазкур саккизта қалъадан бошқа ҳам қалъа ва қўрғонлар мавжуд бўлса-да, улар кичик-кичик бўлиб, мустаҳкамликда бу қалъалар даражасида эмасди.

Шиддатли жанглар асосан Хайбарнинг биринчи қисмида бўлиб ўтди. Иккинчи қисмидаги учта қалъа эса жангчилари кўп бўлишига қарамай, жангсиз таслим бўлди.

Ислом қўшини қароргоҳи

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир жойни қўшин учун қароргоҳ қилиб танладилар. Шунда Хубоб ибн Мунзир номли саҳоба келиб: «Ё Расулуллоҳ, бу ерга тушишни сизга Аллоҳ амр этдими ёки ўзингиз шунга раъй қилдингизми?», деб сўради. «Ўзим раъй қилдим», деб жавоб бердилар. «Ё Расулуллоҳ, бу жой Натот қалъасига жуда яқин, Хайбарнинг барча жангчилари ўша ерда. Улар бизнинг аҳволимиздан хабардор бўлиб туришади, биз эса уларнинг аҳволидан воқиф бўлмаймиз. Уларнинг камон ўқлари бизга етиб келиши мумкин, бизнинг ўқларимиз уларга етиб бормайди. Биз уларнинг тунги ҳужумларидан омонликда эмасмиз. Ундан ташқари, бу ер хурмозорлар оралиғида, пастқам ва ҳавоси бузуқ жой экан. Агар сиз лозим кўрсангиз, мана шу камчиликлардан холи бўлган бошқа бирон жойни қароргоҳ қилсак», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг сўзларини маъқул кўриб, қўшинни бошқа жойга кўчирдилар.

Жангга тайёрланиш ва ғалаба башорати

Хайбарга кириб келинган кеча – айрим ривоятларда бир неча жанг ва уринишлардан кейин – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эртага бу байроқни бир кишига бераманки, Аллоҳ унинг қўлида фатҳ-ғалаба ато этади, у Аллоҳ ва Расулини яхши кўради, Аллоҳ ва Расули ҳам уни яхши кўрадилар», дедилар. Одамлар тун бўйи байроқни қай биримизга бераркинлар, деб, ҳаяжонланиб тонг оттирдилар. Тонг отгач, ҳаммалари байроқни қўлга киритиш орзусида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига етиб боришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Алий ибн Аби Толиб қаерда?», деб сўрадилар. «Унинг кўзи оғрияпти экан, ё Расулуллоҳ», дейишди. «Унга одам юборинглар», дедилар. Уни чақириб келишгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг кўзларига туфладилар ва дуо қилган эдилар, кўзлари тузалиб, оғриқдан асар ҳам қолмади. Сўнг байроқни унга бердилар. Алий: «Ё Расулуллоҳ, мен улар билан то биздек (яъни мусулмон) бўлмагунларича жанг қиламан», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шошилмасдан, оғир-босиқлик билан улар орасига кириб бориб, энг аввал уларни Исломга даъват қилинг ва зиммаларидаги Аллоҳнинг ҳаққини уларга англатинг. Аллоҳга қасамки, сиз туфайли Аллоҳ бир кишини ҳидоят қилиб қўйиши сиз учун қизил туялар бўлишидан кўра ҳам яхшироқдир», дедилар.

Жангнинг бошланиши ва Ноъим қалъасининг фатҳ қилиниши

Яҳудийлар ислом қўшинини кўриб, шаҳарга қочиб киришгач, қалъаларига кириб яшириндилар ва табиийки, жангга ҳозирлик кўра бошладилар.

Мусулмонлар уларнинг саккизта қалъасидан биринчи бўлиб Ноъим қалъасига ҳужум қилдилар.

Ушбу қалъа стратегик ўрни жиҳатидан яҳудларнинг биринчи мудофаа чизиғи эди. Қолаверса, бу яҳудларнинг минг кишига арзигулик паҳлавонлари бўлмиш Марҳабнинг қалъаси эди.

Алий ибн Аби Толиб мусулмонларни мана шу қалъага бошлаб бориб, яҳудларни Исломга даъват қилди. Улар унинг даъватини рад этдилар ва раислари Марҳаб бошчилигида мусулмонлар қаршисига чиқдилар. Майдонга чиқиб келган Марҳаб яккама-якка олишувга талабгор чақирди. Салама ибн Акваъ айтади: «Хайбарга етиб борганимиздан кейин уларнинг бошлиқлари Марҳаб қуйидаги шеърни ўқиганича қилич ўйнатиб чиқиб келди:

Марҳаб деса бутун Хайбар билади,

Кўз олдига зўр паҳлавон келади.

Уруш қизиб, жанг авжига чиққанда

Марҳаб билан ким тўқнашса, ўлади.

قد عَلِمتْ خيبر أني مَرْحَب ** شَاكِي السلاح بطل مُجَرَّب

إذا الحروب أقبلتْ تَلَهَّب **

Амаким Омир қуйидаги шеърни ўқиганича унга талабгор бўлиб чиқди:

Хайбар билар менинг Омирлигимни

Зўр полвону жангга қодирлигимни.

قد علمت خيبر أني عامر ** شاكي السلاح بطل مُغَامِر

Шундан сўнг иккаласи бир-бирига бир-икки зарба бердилар. Омир Марҳабнинг қиличи зарбасини қалқони билан тўсди. Сўнг у энгашиб туриб, яҳудийнинг болдирига қилич урмоқчи бўлди, чунки унинг қиличи калтароқ эди. Шунда қиличи қайтиб келиб, ўзининг тиззасининг кўзига тегди ва у шу жароҳатдан вафот этди.  У ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Унга иккита ажр бор – шундай деб икки бармоқларини бирлаштирдилар – зеро, у қаттиқ ҳаракат қилувчи мужоҳид эди. Камдан-кам араб кишиси у каби сифатга эга бўлиб юради», дедилар.[10]

Шундан сўнг Марҳаб иккинчи бор яккама-якка олишувга талабгор чорлаб: «Марҳаб деса бутун Хайбар билади...» деб юқоридаги шеърини айтди. Унга Алий ибн Аби Толиб талабгор бўлди. Салама ибн Акваъ айтади: Алий шундай деди:

Онам мени номлаган Шер деб,

Қўрқмас бўлсин мисоли шер деб.

Арслон каби жангга кираман,

Душманларнинг додин бераман.

أنا الذي سمتني أمي حَيْدَرَهْ ** كلَيْثِ غابات كَرِيه المَنْظَرَهْ

أُوفِيهم بالصَّاع كَيْل السَّنْدَرَهْ **

Шундан сўнг Алий Марҳаб билан олишиб, унинг бошини танидан жудо қилди, сўнг унинг қўли билан ғалабага эришилди.[11]

Алий розияллоҳу анҳу уларнинг қалъаларига яқинлашган пайт бир яҳудий қалъа деворидан бошини чиқариб: «Сен кимсан?», деб сўради. «Мен Алий ибн Аби Толибман», деб жавоб берди. «Мусога нозил қилинган нарсага қасамки, сизлар олий-ғолиб бўлдингизлар», деди у (Алийнинг маъноси олий эканига ишора қилиб).

Сўнгра Марҳабнинг укаси Ёсир чиқиб, яккама-якка олишувга талабгор чорлади. Унга Зубайр талабгор бўлиб чиқди. Зубайрнинг онаси Софийя: «Ё Расулуллоҳ, у ўғлимни ўлдирадими?», деган эди: «Йўқ, ўғлингиз уни ўлдиради», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Дарҳақиқат, Зубайр уни қатл қилди.

Ноъим қалъаси теварагида шиддатли жанглар кечди. Унда яҳудларнинг талайгина жангчилари ўлдирилгач, уларнинг қаршиликлари анча сусайди ва мусулмонларнинг ҳужумларига бардош беролмай қолдилар. Манбаларга қараганда, ушбу жанг бир неча кун давом этиб, мусулмонлар унда қаттиқ қаршиликка дуч келганлар. Бироқ, охир-оқибат яҳудларнинг қаршиликлари синиб, ушбу қалъани мусулмонларга ташлаб, Соъб қалъасига чекиндилар.

Соъб ибн Муоз қалъасининг забт этилиши

Соъб қалъаси куч-қувват ва мустаҳкамликда Ноъим қалъасидан кейин иккинчи ўринда турарди. Мусулмонлар Ҳубоб ибн Мунзир ал-Ансорий бошчилигида ушбу қалъага ҳужум қилиб, уни уч кун қамал қилиб турдилар. Учинчи куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу қалъанинг забт этилишини сўраб Аллоҳга хос дуо қилдилар.

Ибн Исҳоқ ривоятига кўра, Аслам қабиласидан Бану Саҳм уруғи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, қийналиб қолганликлари ва қўлларида ҳеч вақо йўқлигидан шикоят қилдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Парвардигор! Ўзинг уларнинг аҳволидан, қувватлари қолмаганидан, менинг қўлимда ҳам уларга берадиган ҳеч нарса йўқлигидан хабардорсан. Ўзинг уларга бу қалъалар ичидан энг бойроғини ва озиқ-овқати ва гўшт-ёғи кўпроғини фатҳ қилиб бергин», деб дуо қилдилар. Эртаси куни Аллоҳ таоло Соъб ибн Муоз қалъасини мусулмонларга фатҳ қилиб берди. Хайбарда бу қалъадан кўра озиқ-овқат ва гўшт-ёғи сероброқ қалъа йўқ эди.[12]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуо қилганларидан кейин мусулмонларни мазкур қалъага ҳужум қилишга чорлаганларида ҳужумчиларнинг энг олдинги сафларини Бану Аслам эгаллади. Қалъа олдида яккама-якка олишув ва жанглар кечгач, шу куни кун ботишидан олдинроқ қалъа фатҳ этилди. Мусулмонлар у ерда бир неча манжаниқ ва даббобаларни[13] қўлга киритдилар.

Ибн Исҳоқ ривоятида келган ана шу қаттиқ очлик туфайли қўшин ичидаги баъзи кишилар эшакларни сўйиб, қозонлар остига ўт қалаган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундан хабар топиб, хонаки эшак гўшти ейишдан қайтардилар.

Зубайр қалъасининг забт этилиши

Ноъим ва Соъб қалъалари фатҳ этилгач, Натотнинг барча қалъаларидаги яҳудийлар Зубайр қалъасига кўчиб ўтдилар. Бу қалъа тоғ чўққисида жойлашган мустаҳкам қалъа бўлиб, мустаҳкамлигидан ва чиқиб бориш оғирлигидан унга отлиқлар ҳам, пиёдалар ҳам чиқишга қодир бўлмасдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу қалъани уч кун қамал қилиб турганларидан сўнг яҳудийлардан бир киши келиб: «Эй Абул Қосим, бир ой қамал қилиб турсангиз ҳам, уларнинг парвосига келмайди. Чунки, уларнинг ер остида ичимлик сувлари ва булоқлари бор. Тунда чиқиб, сув ичиб, яна қалъаларига қайтиб кириб олишади. Уларга ичадиган сувлари йўлини тўсиш билангина ғолиб бўлишингиз мумкин», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг сув йўлларини тўсиб қўйдилар. Шундан кейин улар чиқиб, қаттиқ урушдилар, мусулмонлардан бир киши, яҳудийлардан ўн чоғлик одам ўлдирилди. Охир-оқибат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қалъани фатҳ қилдилар.

Убай қалъасининг забт этилиши

Зубайр қалъаси фатҳ этилгач, яҳудийлар Убай қалъасига кўчиб ўтиб, ўша ерни истеҳкомга айлантириб олдилар. Мусулмонлар уларни қамалга олдилар. Яҳудийларнинг паҳлавонларидан икки киши бирин-кетин яккама-якка олишувга талабгор чорлаб чиқдилар. Мусулмонларнинг баҳодирлари талабгор бўлиб чиқиб, уларни қатл қилдилар. Иккинчи бўлиб чиққан олишувчини ўлдирган киши машҳур баҳодир, қизил пешонабоғ соҳиби Абу Дужона Симок ибн Хараша ал-Ансорий эди. Абу Дужона уни ўлдиргач, қалъага қараб интилди. Мусулмон қўшини ҳам унинг ортидан қалъага кириб бордилар. Қалъа ичкарисида бир муддат шиддатли жанг боргач, яҳудийлар қалъадан чекиниб, биринчи қисмнинг энг охирги қалъасига – Назор қалъасига кўчиб ўтдилар.

Назор қалъасининг забт этилиши

Бу қалъа мазкур қисмдаги қалъалар ичида энг мустаҳками бўлиб, яҳудийлар мусулмонлар ҳар қанча куч сарфламасинлар, уни забт эта олмасликларига деярли ишонишарди. Шунинг учун ҳам аввалги тўрт қалъани аёллар ва болалардан бўшатиб қўйишгани ҳолда бу қалъада аҳли-аёллари ва бола-чақаларини ҳам олиб ўтиришган эди. Мусулмонлар қалъани қаттиқ қамал қилиб, ҳар томондан кучли сиқувга олишди. Бироқ, қалъа баланд тоғ устида бўлганидан унга ҳужум қилишга йўл тополмаётган эдилар. Яҳудийлар қалъадан чиқишга ва мусулмонлар билан урушишга журъат қилишмас, бироқ, тепадан туриб мусулмонларга камон ўқлари ва тошлар ёғдириб, қаттиқ қаршилик кўрсатишарди.

Назор қалъасини забт этиш қийинлигини кўрган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам манжаниқларни ишга солишга буйруқ бердилар. Мусулмонлар манжаниқлар ёрдамида қалъа деворидан дарча очишга муваффақ бўлишгач, қалъа ичкарисига бостириб кирдилар ва шиддатли жанглардан сўнг яҳудийлар узил-кесил мағлуб бўлдилар. Бошқа қалъалардан чиқиб кетишгани каби чиқиб кетишга имкон тополмай, бола-чақаларини ҳам мусулмонлар қўлида қолдириб, ўз жонларини сақлаб қолиш учун қочиб қолдилар.

Ушбу мустаҳкам қалъа забт этилиши билан Хайбарнинг биринчи қисми –яъни, Натот ва Шиқ қисмидаги қалъалар батамом фатҳ этилди. Мазкур қалъа забт этилгач, яҳудийлар бу ерда жойлашган бошқа кичик-кичик қалъаларнинг барини ташлаб, Хайбарнинг иккинчи қисмига қочиб ўтдилар.

Хайбарнинг иккинчи қисмининг забт этилиши

Хайбарнинг Натот ва Шиқ қисми тўла фатҳ этилгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўшинни Хайбарнинг иккинчи қисмига, яъни Қамус (Бану Назирлик Абул Ҳуқайқнинг қалъаси), Ватиҳ ва Сулолим қалъалари жойлашган Катиба сари йўлладилар. Натот ва Шиқ қисмидан қочиб келганларнинг ҳаммаси шу қалъаларга келиб ўрнашган ва уларни қаттиқ истеҳкомга айлантиришган эди.

Тарихчилар мазкур уч қалъадан бирортасини забт этиш учун жанг кечганми, йўқми, деган савол устида ихтилоф қилганлар. Ибн Исҳоқ ривояти оқимидан Қамус қалъасини забт этиш учун жанг олиб борилгани, ушбу қалъа ҳеч қандай музокараларсиз, фақат жанг билан қўлга олингани очиқ маълум бўлади.[14]

Аммо, Воқидийнинг таъкидлашича, Хайбарнинг ушбу қисмидаги барча қалъалар музокара йўли билан таслим бўлган. Эҳтимол, Қамус қалъасини забт этиш учун жанг бориши мобайнида уни топшириш учун музокара бўлиб ўтгандир. Аммо, қолган икки қалъа мусулмонларга жангсиз, музокара йўли билан таслим бўлди.

Нима бўлганда ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу Катиба ноҳиясини қаттиқ қамалга олдилар ва қамал ўн тўрт кун давом этиб, яҳудийлар шунча кун қалъаларидан ташқарига чиқмадилар. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга қарши манжаниқларни ишга солмоқчи бўлганларида ҳалок бўлишларига ишонч ҳосил қилган яҳудийлар у зотдан сулҳ талаб қилдилар.

Музокара

Абул Ҳуқайқнинг ўғли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга одам чиқариб, қалъадан тушиб, у зот билан сўзлашишга изн сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рози бўлдилар. Шундан сўнг у тушиб келди ва у зот билан музокара олиб бориб, ўзига қарашли бу қўрғонлар аҳлини бола-чақалари билан биргаликда ҳаётлари сақланиб қолиши эвазига қалъаларини жангсиз топшириб, Хайбардан чиқиб кетишга, эгниларидаги кийимларидан бошқа бутун мол-мулк, боғ-роғ, тилла-кумуш, чорва ҳайвонлари ва қурол-аслаҳаларини қолдириб кетишга келишувга эришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар бирон нарсани мендан яширишга уринсангиз, сизлардан Аллоҳнинг ҳам, пайғамбарининг ҳам ҳимояси соқит бўлади», деб огоҳлантирдилар.

Абул Ҳуқайқнинг икки ўғли аҳдни бузганлик учун қатл этилишлари

Ушбу келишувга қарамай, Абул Ҳуқайқнинг икки ўғли кўп мол-дунёларини ва Ҳуяй ибн Ахтобнинг олтин-кумушлари солинган тери халтани яшириб қўйдилар, Ҳуяй уни Бану Назир сургуни пайтида ўзи билан олиб чиққан эди.

Ибн Исҳоқ айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига Кинона ибн Рабиъни олиб келинди. Бану Назирнинг хазиналари унинг олдида эди. Ўша хазиналар ҳақида сўраган эдилар, у улар яширилган жойни билишини инкор этди. Шунда яҳудлардан бири: «Мен Кинонанинг кун бўйи мана бу вайрона ичида айланиб юрганини кўрган эдим», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Агар уларни сенинг ерингдан топиб олсак, сени ўлдирамиз, шунга розимисан?», дегандилар, у: «Ҳа», деди. Ўша вайронани қазишга буюрдилар. У ердан хазинанинг бир қисми топилди. Сўнг қолган қисмини сўраган эдилар, уни топширишдан бош тортди. Шундан сўнг уни Зубайрнинг ихтиёрига бердилар ва то хазинани чиқариб бермагунича унга азоб беришни буюрдилар. Зубайр чақмоқтош вазифасини ўтовчи ёғоч билан унинг кўкрагига ура бошлади, ҳатто у ўлишга яқин бўлди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни Муҳаммад ибн Масламага бердилар, Ибн Маслама уни Ноъим қалъаси девори тагида ўтирганида бошига тегирмон тоши ташланиб, ҳалок қилинган иниси Маҳмуд ибн Масламанинг қасосига қатл қилди.

Ибнул Қаййимнинг зикр қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абул Ҳуқайқнинг икки ўғлини қатл қилишга буюрдилар. Уларнинг молларини яшириб қўйишгани ҳақида эътироф қилган киши Кинонанинг амакиваччаси эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Софийя бинт Ҳуяй ибн Ахтобни асира қилиб олдилар, унга Кинона ибн Абул Ҳуқайқ яқиндагина уйланган эди.

Ўлжалар тақсимоти

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яҳудларни Хайбардан сургун қилмоқчи бўлганларида улар: «Эй Муҳаммад! Бизга шу ерда қолишга ижозат беринг. Биз бу ерларга ишлов бериб, экин экамиз. Бу ишни биз сизлардан кўра яхшироқ биламиз», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ва асҳобларининг бундай ишларни қилиб берадиган хизматчилари йўқ эди, ўзларининг эса бу ишларга вақтлари бўлмас эди. Шунинг учун то Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари истаган пайтгача ҳар бир экиндан чиққан ҳосилни тенг бўлишиб олиш шарти билан уларни Хайбарда қолдирдилар. Абдуллоҳ ибн Равоҳа ҳосилни чамалаб, бўлиб берарди.

Хайбар ерини 36 бўлакка бўлдилар, ҳар бир бўлак 100та улушдан иборат бўлди ва жами 3600та улушни ташкил қилди. Бунинг тенг ярми, яъни 1800 улуши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва мусулмонларга тегишли эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам оддий бир мусулмоннинг улушича улушга эга бўлдилар. Қолган ярмини, яъни 1800 улушни мусулмонларнинг эҳтиёжлари ва уларнинг бошларига тушиши мумкин бўлган ишларга сарфланадиган бўлди. Мусулмонларнинг улушлари 1800 улушга тақсимланишининг сабаби – бу Аллоҳ таолонинг Ҳудайбия аҳлига ато этган туҳфаси бўлиб, улар жами 1400 киши эдилар. Улар ичида 200 отлиқ ҳам бор бўлиб, ҳар бир отга икки улушдан, пиёда аскарга бир улушдан тайин қилинди. Жами ўлжалар 1800 улушга тақсимланиб, отлиққа уч улуш, пиёдага бир улушдан тегди.[15]

Хайбардан олинган ўлжалар жуда кўп эди. Бунга Имом Бухорий ривоят қилган Ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг: «Хайбарни фатҳ этгунимизга қадар қорнимиз тўйиб овқат емаган эдик» деган сўзларини ҳамда Оиша розияллоҳу анҳонинг: «Хайбар фатҳ этилгач: «Энди хурмога тўядиган бўлдик» дедик» деб айтган сўзларини далил қилиб келтириш мумкин. Муҳожирлар Мадинага қайтганларидан сўнг ансорлар тарафидан уларга совға қилинган хурмозорларни ўз эгаларига қайтариб бердилар. Чунки, энди уларнинг Хайбарда ўз хурмозорлари бор эди. 

Жаъфар ибн Аби Толиб ва ашъарийларнинг етиб келиши

Мана шу ғазот пайтида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакиваччалари Жаъфар ибн Аби Толиб шериклари билан етиб келди. Абу Мусо ва бошқа ашъарийлар ҳам улар билан бирга келдилар.

Абу Мусо айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбар қилиб юборилганлари хабари етганда биз Яманда эдик. Шундан сўнг иккита иним билан бирга қавмимиздан жами 50дан ошиқроқ киши у зотнинг ёнларига ҳижрат қилиб йўлга чиқдик. Минган кемамиз бизни Ҳабашистонга, Нажошийнинг мулкига олиб бориб ташлади. У ерда биз Жаъфар ибн Аби Толиб ва асҳоблари билан учрашдик. Жаъфар бизга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни бу ерга юборганлар ва шу ерда туришга буюрганлар. Сизлар ҳам биз билан тураверинглар», деди. Биз у билан бирга қолдик. Мадинага келишимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Хайбарни фатҳ қилган пайтларига тўғри келди. У зот Хайбардан бизга ҳам улуш ажратдилар. Хайбар фатҳида иштирок этмаган кишилардан фақат бизга – Жаъфар ва асҳобларига ҳамда улар билан кемада бирга келган кишиларга – улуш ажратдилар.[16]

Жаъфар етиб келганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга пешвоз чиқдилар ва пешонасидан ўпиб: «Қасамки, қай бирига кўпроқ хурсанд бўлишимни билмай қолдим, Хайбарнинг фатҳигами, Жаъфарнинг келганигами?», дедилар.[17]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Амр ибн Умайя аз-Зомрийни Нажоший ҳузурига мактуб билан юборганларида ундан Жаъфар ва ҳамроҳларини жўнатиб юборишини сўраган эдилар. Шундан сўнг Нажоший уларни иккита кемага миндириб, жўнатиб юборган эди. Улар ўн олти киши бўлиб, аҳли-аёл ва бола-чақалари ҳам бирга эди. Қолган муҳожирлар илгарироқ Мадинага етиб келишган эди.[18]

Софийяга уйланишлари

Кинона ибн Абул Ҳуқайқни хиёнаткорлиги учун қатл қилдиргач, унинг аёли Софийяни асирлар орасига қўшиб қўйганликларини айтиб ўтган эдик. Асирларни бир жойга йиғилгач, Диҳя ибн Халифа ал-Калбий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, асиралар ичидан биронта жорияни унга беришларини сўради. «Бориб, биттасини танлаб олинг», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. У Софийя бинт Ҳуяйни танлаб олди. Шунда бир киши у зот ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, сиз Диҳяга Қурайза ва Бану Назирнинг саййидаси Софийя бинт Ҳуяйни берибсиз, у фақат сизга муносиб эди», деди. «Диҳяга айтинглар, уни олиб келсин», дедилар. Диҳя Софийяни келтиргач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга кўз ташладилар, сўнг Диҳяга: «Бунинг ўрнига бошқа биронтасини олинг», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Софийяни Исломга даъват қилган эдилар, у мусулмон бўлди. Шундан сўнг уни озод қилиб, уйландилар. Озод этилишини унинг маҳри қилиб белгиладилар. Мадинага қайтишда йўлда Саҳбоъда тўхтадилар. Умму Сулайм Софийяни ювиб-тараб, келинликка тайёрлади. Шу куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам куёв бўлиб тонг оттирдилар. Сўнг хурмо, сарёғ ва толқондан тайёрланган ҳайс деган таом билан валима - зиёфат бердилар. Йўлда уч кунни у билан ўтказдилар.[19]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Софийянинг юзида кўкарган жойни кўриб, бунинг сабабини сўраган эдилар: «Ё Расулуллоҳ, сиз келишингиздан олдинроқ бир туш кўрган эдим. Тушимда ой ўрнидан кўчиб, менинг бағримга келиб тушди. Қасамки, сиз ҳақингизда ҳеч гап йўқ эди. Кўрган тушимни эримга айтиб берган эдим, у: «Ҳали сен Мадинадаги подшоҳни орзу қилиб қолдингми?!», деб юзимга тарсаки туширди», деди.

Заҳарланган қўй гўшти воқеаси

Хайбар фатҳ этилиб, уруш ҳаракатлари тинганидан сўнг яҳудийлардан Саллом ибн Мишкамнинг хотини Зайнаб бинт Ҳорис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қовурилган қўй гўшти келтирди. Аввал у зот қўйнинг қайси бўлагини суюб ейишларини сўраб-суриштириб, қўлини яхши кўришларини билгач, ўша қисмига кўпроқ заҳар қўшди, бошқа жойларини ҳам заҳарлаб, кейин у зотга олиб келиб, олдиларига қўйди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам гўштнинг қўл қисмидан олиб, тишладилар. Уни чайнаб кўриб, ютмасдан чиқариб ташладилар ва: «Бу суяк менга ўзининг заҳарли экани ҳақида хабар бермоқда», дедилар. Кейин ҳалиги аёлни чақиртирдилар. У эътироф этди. Ундан: «Нега бундай қилдинг?», деб сўраган эдилар: «Агар подшоҳ бўлса, ундан қутуламан. Агар пайғамбар бўлса, унга хабар берилади, дедим», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни афв этдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларида Бишр ибн Бароъ ибн Маърур исмли саҳоба ҳам бор эди. У ҳам ўша гўштдан бир тишлам еб, ютиб юборган эди, шунинг таъсиридан вафот этди.

Ривоятларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у аёлни кечирганлари ё қатл қилдирганлари ҳақида ихтилофлар бор. Уларнинг хулосаси шуки, аввал уни кечирган эдилар. Кейин Бишр вафот этгач, унинг қасосига аёлни қатл қилдирдилар.[20]

Хайбардаги жангларда ҳар икки тарафдан берилган қурбонлар сони

Хайбарда бўлиб ўтган жангларда мусулмонлардан жами 16 киши шаҳид бўлди. Улардан тўрттаси муҳожирлардан, бир киши Ашжаъдан, бир киши Асламдан, бир киши Хайбар аҳлидан ва қолганлари ансорлардан эди.

Баъзи ривоятларда ушбу жангларда мусулмонлардан 18 киши шаҳид бўлгани айтилади.

Аллома Мансурпурий 19 кишини зикр қилади, сўнг: «Мен чуқур текшириб, 23 кишининг исмидан воқиф бўлдим, улардан биттасини фақат Табарий зикр қилган, яна биттасини фақат Воқидий зикр қилган, бир киши заҳарланган гўшт таъсирида вафот этган, яна бир кишининг Бадрда шаҳид бўлганми ёки Хайбарда экани ҳақида ихтилофлар бор, тўғрироғи у Бадрда шаҳид бўлган», дейди.[21]

Яҳудийлардан эса 93 киши ўлдирилди.

Фадак

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хайбарга борганларида Муҳаййиса ибн Масъудни Фадак яҳудийларини Исломга даъват қилиш учун юборгандилар. Фадак аҳли жавобни пайсалга солиб туришди. Аллоҳ таоло Хайбарни фатҳ қилиб бергач, уларнинг  дилларига қўрқув тушиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга одам юбориб, худди Хайбар аҳли қилганидек, Фадак ҳосилининг тенг ярмини бериш шарти билан сулҳ таклиф қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу таклифни қабул қилдилар. Фадакдан келувчи даромад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларига хос қилинди. Чунки, мусулмонлар уни от чоптириб, жанг билан қўлга киритмадилар.[22]

Водил Қуро

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хайбардан фориғ бўлганларидан сўнг Водил Қурога қараб бурилдилар. У ерда яҳудийларнинг бир жамоаси бўлиб, улар билан бирга арабларнинг бир жамоаси ҳам истиқомат қиларди.

У ерга кириб борганларида яҳудийлар уларни камондан ўқ ёғдириб кутиб олдилар. Шу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуллари Мидъам ҳалок бўлди. Одамлар: «Унга жаннат муборак бўлсин!», дейишган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Йўқ, жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, унинг Хайбар куни ҳали тақсим қилинмаган ғаниматдан олган бир бўлак матоси унга ўт бўлиб ўралмоқда», дедилар. Бу гапдан сўнг бир киши битта ё иккита оёқ кийим ипини келтириб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Битта – ёки иккита – оловли ип», деб қўйдилар.[23]

Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларини жангга тайёрлаб, сафларга тиздилар. Ўз байроқларини Саъд ибн Убодага бердилар, яна бир байроқни Ҳубоб ибн Мунзирга, яна бир байроқни Саҳл ибн Ҳунайфга, яна бир байроқни Аббод ибн Бишрга бердилар. Сўнг қавмни Исломга даъват қилдилар. Улар бош тортишди ва ичларидан бир киши яккама-якка олишувга талабгор чорлаб олдинга чиқди. Унга Зубайр ибн Аввом талабгор бўлиб чиқди ва ўлдирди. Кейин бошқа бирови чиққан эди, уни ҳам ўлдирди. Учинчи бўлиб чиққан жангчига Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳу талабгор бўлиб чиқди ва ўлдирди. Шундай қилиб, улардан бирин-кетин ўн бир киши ўлдирилди. Ҳар биттаси ўлдирилганидан сўнг қолганларини Исломга даъват қилардилар.

Ўша куни намоз вақти бўлганида асҳоблари билан намоз ўқир, кейин яна қайтиб, уларни Исломга  ва Аллоҳу Расулига даъват қилардилар. Кечгача ана шундай жанг олиб бордилар. Эртаси куни яна жанг бошланиб, кун найза бўйи бўлмасидан улар таслим бўлишиб, Водил Қурони куч билан фатҳ қилдилар. Аллоҳ уларнинг мол-мулкларини мусулмонларга ўлжа қилиб берди. У ердан кўплаб матолар ва уй жиҳозларини қўлга киритдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Водил Қурода тўрт кун турдилар. У ердан олинган ўлжаларни асҳобларига тақсим қилиб бердилар. Экинзор ерларни ва хурмозорларни яҳудийлар қўлига топшириб, уларни ҳам Хайбар аҳли каби омил (ишчи) сифатида қолдирдилар.[24]

Таймоъ

Таймоъ яҳудийлари Хайбар, Фадак ва Водил Қуронинг таслим бўлганини эшитишгач, мусулмонларга ҳеч қандай қаршилик кўрсатмай, аксинча, ўзлари сулҳ таклифи билан келдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг таклифларини қабул қилдилар. Шундай қилиб, улар ўз уйларида қолдилар.[25] Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга қуйидаги васиқани ёзиб бердилар: «Бу Муҳаммад Расулуллоҳ Бану Одияга ёзиб берган ҳужжатдир. Улар бизнинг зиммамизда (ҳимоямизда) бўлиб, жизя тўлаб турадилар. Уларга тажовуз қилинмайди, улар сургун ҳам қилинмайдилар. Улар туну-кун омонликдадирлар». Ушбу ҳужжатни Холид ибн Саид ёзди.[26]

Мадинага қайтишлари

Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага қараб йўл олдилар. Йўлда одамлар бир водийга тушиб келаётганларида баланд овозда: «Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Ла илаҳа иллаллоҳ», деганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Овозларингизни пасайтиринглар! Зеро, сизлар кар ё ғойиб зотга дуо қилмаяпсизлар, балки эшитувчи ва яқиндаги Зотга дуо қилмоқдасизлар», дедилар.[27]

Мана шу сафарларидан қайтишларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунда йўл босиб, тонгга яқин ухлагани ётдилар. Билолга: «Бу кеча бизга қўриқчи бўлинг» (яъни, бизни намозга уйғотинг), дедилар. Билолнинг ҳам туясига суяниб ўтирганича кўзи илиниб қолди. Шу ухлаганларича қуёш қиздира бошлаганда уйғондилар. Биринчи бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйғондилар. Кейин бу водийдан чиқиб, бир мунча юрганларидан сўнг тўхтаб, бомдод намозини ўқидилар. Баъзи ривоятларда бу воқеанинг ушбу сафардан бошқа бир сафарда бўлгани ҳам айтилган.[28]

Хайбар жанги тафсилотларини яхшилаб ўрганилгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қайтиб келишлари 7-ҳижрий сафар ойининг охирларига ёки рабиул-аввал ойига тўғри келгани маълум бўлди.


 

[1] Қаранг: Саҳиҳул Бухорий: Зоту Қарад ғазоти ҳақидаги боб: 3/603, Саҳиҳ Муслим: Зу Қарад ва бошқа ғазотлар ҳақидаги боб: 2/ 113-115, Фатҳул Борий: 7/ 460, 461, 463, Зодул маод: 2/ 120. ушбу ғазотнинг Ҳудайбиядан кейин бўлганига имом Муслим Абу Саид ал-Худрийдан ривоят қилган бошқа бир ҳадис ҳам далолат қилади. Қаранг: Китобул-ҳаж: 2/1001.

[2] Юқоридаги икки манба ва Зодул маод: 2/120.

[3] Фатҳул Борий: 7/465, Зодул маод: 2/133.

[4] Саҳиҳул Бухорий: 2/603, Саҳиҳ Муслим: 2/115.

[5] Саҳиҳ Муслим: 2/115.

[6] Саҳиҳул Бухорий: 2/603.

[7] Мағозий ал-Воқидий: Хайбар ғазоти: 112-с.

[8] Ибн Ҳишом: 2/329 ва бошқалар.

[9] Саҳиҳул Бухорий: 2/603, 604.

[10] Саҳиҳ Муслим: 2/115, Саҳиҳул Бухорий: 2/603.

[11] Манбалар ўртасида Марҳабни ўлдирган киши ҳақида, у ўлдирилган ва қалъа фатҳ этилган кун тўғрисида ихтилофлар мавжуд. Биз мазкур воқеа ривожини Имом Бухорий ривоят қилган ҳадислар оқимидан чиқариб олдик.

[12] Ибн Ҳишомдан қисқартма: 2/332.

[13] Манжаниқ – тош отар, даббоба эса девор тешар оғир қуроллар бўлиб, ҳозирги тўп ва танкларнинг қадимий кўринишларидир.

[14] Ибн Ҳишом: 2/331–337.

[15] Зодул маод: 2/137.

[16] Саҳиҳул Бухорий: 1/443, Фатҳул Борий: 7/484–487.

[17] Зодул маод: 2/139, Табароний, «Ал-муъжамус-сағир»: 1/19

[18] Хузорий, «Тарихул-умамил-исломийя» : 1/128.

[19] Саҳиҳул Бухорий: 1/54, 2/604, 606, Зодул маод: 2/137.

[20] Қаранг: Зодул маод: 2/139, 140, Фатҳул Борий: 7/497. Ушбу қисса Бухорий (1/449, 2/610, 860) ва Ибн Ҳишомда (2/337, 338) муфассал ва мухтасар шаклда ривоят қилинган.

[21] Раҳматан лил-аламийн: 2/268-270.

[22] Ибн Ҳишом: 2/337, 353.

[23] Саҳиҳул Бухорий: 2/608.

[24] Зодул маод: 2/146, 147.

[25] Зодул маод: 2/147.

[26] Ибн Саъд: 1/279.

[27] Саҳиҳул Бухорий: 2/605.

[28] Ибн Ҳишом: 2/340. Бу жуда машҳур воқеалардан бўлиб, ҳадис китобларининг деярли барчасида ривоят қилинган. Қаранг: Зодул маод: 2/147.

◄◄◄Аввалгига қайтиш

Мундарижа

Кейингига ўтиш►►►

 ЮқоригаÎ