Ислом Нури
Китоблар
الرحيق المختوم
بحث في السيرة النبوية على صاحبها أفضل الصلاة والسلام
صفي الرحمن المباركفوري
Ар-раҳиқ ал-махтум
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратларига бағишланган асар
Ислом Нури таржимаси
ИККИНЧИ БОСҚИЧ
ЯНГИ ДАВР
Ҳудайбия сулҳи Ислом ва мусулмонлар ҳаётида янги даврнинг бошланиши бўлди. Зотан, Қурайш Ислом душманлари ичида энг қудратлиси, энг ашаддийси ва энг тажовузкори эди. Унинг уруш майдонидан тинчлик-осойишталик воҳасига ўтиши билан Қурайш, Ғатафон ва яҳудлардан ташкил топган катта учликнинг энг кучли қаноти синди. Қурайш Араб жазирасида бутпарастлик тимсоли ва бутпарастларнинг етакчиси бўлиб келгани туфайли унинг чекиниши билан барча бутпарастларнинг шашти анча пасайиб, душманлик кайфиятлари сезиларли даражада камайди. Шунинг учун ҳам ушбу сулҳдан кейин Ғатафондан душманлик ҳаракатлари деярли кўрилмади. Аслида, уларни жанг майдонига асосан яҳудларнинг гиж-гижлаши олиб келганди.
Яҳудларга келсак, улар Мадинадан сургун қилинганларидан кейин Хайбарни макр-ҳийла, фитна ва ғаламислик уясига айлантириб олишган, энг катта шайтонлари ўша ерда тухум қўйиб, бола очишар, зўр бериб фитна оловини ёқишар, Мадина атрофидаги саҳройи арабларни гиж-гижлашар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ва мусулмонларни бутунлай йўқ қилиб юбориш ёки ҳеч бўлмаганда уларга улкан талофот ва зиён-заҳмат етказиш тўғрисида тинимсиз бош қотиришарди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мазкур сулҳдан кейинги энг биринчи одимлари ушбу фитна уясини янчиб ташлаш учун юриш қилиш бўлди.
Ундан ташқари, сулҳдан сўнг бошланган бу янги босқич мусулмонларга ислом даъватини ёйиш ва етказиш учун жуда катта имкониятлар очиб берди. Уларнинг бу соҳадаги ҳаракатлари анча фаоллашиб, даъват йўлидаги ҳаракатлари ҳарбий ҳаракатлардан устун кела бошлади. Шу боис биз ушбу босқични икки қисмга бўлиб ўрганишни мақсадга мувофиқ кўрдик:
1) Даъват соҳасидаги фаолият ёки подшоҳлар ва амирларга мактублар йўллаш;
2) Ҳарбий-жанговор ҳаракатлар.
Биз ҳарбий ҳаракатлар босқичи ҳақида сўз юритишдан аввал подшоҳ ва амирларга мактублар йўлланиши мавзусини ёритиб ўтмоқчимиз. Чунки, исломий даъват табиийки, барча нарсадан муқаддам қўйилади. Аслида, мусулмонлар бошдан ўтказган мусибату аламлар, фитна-ю урушлар, безовталигу беқарорликларнинг ҳаммаси мана шу даъват йўлида бўлган эди.
Подшоҳлар ва амирларга мактублар йўлланиши
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳудайбиядан қайтиб келганларидан сўнг, 6- йилнинг охирларида подшоҳларни Исломга даъват қилиб, мактублар йўлладилар.
Подшоҳларга мактуб йўллашлари олдидан у зотга: «Подшоҳлар фақат муҳр қўйилган хатларни ўқишади», дейилгач, кумушдан узук ясаттириб, унга «Муҳаммад Расулуллоҳ», деб нақш урдирдилар. Ушбу нақш уч сатрга жойлашган бўлиб, бир сатрда «Муҳаммад», яна бир сатрда «Расул», яна бир сатрда «Аллоҳ» калималари битилганди[1]. Мана бу шаклда:
Асҳоблари орасидан билим ва тажрибага эга бўлган кишиларни танлаб олиб, уларни подшоҳлар ҳузурига элчи сифатида юбордилар. Аллома Мансурпурий таҳқиқига кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур элчиларни ҳижрий еттинчи йилнинг муҳаррамида, Хайбарга юриш қилишларидан бир неча кун олдин юборганлар.[2] Қуйида ушбу мактубларнинг матнлари ҳамда уларнинг таъсир ва натижалари билан танишасиз.
1) Ҳабашистон подшоҳи Нажошийга мактуб
Ушбу Нажошийнинг исми Асҳама ибн Абжар бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижрий 6- йилнинг охирида ёки еттинчи йилнинг муҳаррамида Амр ибн Умайя аз-Зомрийни мактуб билан унинг ҳузурига юбордилар. Табарий ушбу мактуб матнини келтирган. Лекин, уни диққат билан ўқиб чиқилса, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳудайбиядан кейин йўллаган мактуб эмаслиги, балки анча илгари, Жаъфар ва шериклари Ҳабашистонга ҳижрат қилган пайтларида Жаъфардан бериб юборган мактуб экани маълум бўлади. Ушбу мактуб сўнггида мазкур муҳожирлар ҳақида битилган қуйидаги сўзлар келади: «Мен сизларга амакиваччам Жаъфарни бир қанча мусулмонлар билан юбордим. Ҳузурингизга етиб боргач, улар сизнинг меҳмонингиз бўлсинлар ва сиз уларга жабр-зулм қилманг».
Байҳақий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Нажошийга ёзган мактублари матнини Ибн Исҳоқдан қуйидагича ривоят қилади:
«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Бу Муҳаммад Расулуллоҳнинг Ҳабашистон подшоси Асҳама Нажошийга мактубидир. Ҳидоятга эргашган, Аллоҳ ва Расулига иймон келтирган ҳамда бир Аллоҳдан ўзга барҳақ маъбуд йўқ, У ёлғиз ва шериксиз, Унинг жуфти ҳам, фарзанди ҳам йўқ, Муҳаммад Аллоҳнинг бандаси ва элчиси, деб гувоҳлик берган кишиларга салом бўлсин. Мен сизни Исломга даъват қиламан. Мен Аллоҳнинг элчисиман. Исломни қабул қилинг, саломат қоласиз. «Эй аҳли китоб, бизга ҳам, сизга ҳам баб-баробар бўлган бир сўзга келингиз — ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилайлик, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайлик ва бир-бировларимизни Аллоҳдан ўзга худо қилиб олмайлик. Агар улар (яъни аҳли китоблар) ушбу даъватдан юз ўгирсалар, у ҳолда сизлар (эй мўминлар): «Гувоҳ бўлинглар, биз мусулмонлар — ягона Аллоҳга итоат қилгувчилармиз», деб айтингиз!» (Оли Имрон: 64). Агар юз ўгирсангиз, бутун насоро қавмларингиз гуноҳи сизнинг зиммангизга бўлади».[3]
Улуғ муҳаққиқ олим доктор Ҳамидуллоҳ яқин ўтмишда ўзи дуч келган бир мактуб матнини келтиради, – ушбу матн Ибнул Қаййим келтирган матн билан фақат битта калимада фарқ қилади – доктор ушбу матнни чуқур таҳқиқ қилган ва бунда кўпгина замонавий илмий-тадқиқот усулларидан фойдаланган. Ушбу матн кўриниши қуйидагича:
«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Муҳаммад Расулуллоҳдан Ҳабашистон подшоси Нажошийга. Ҳидоятга эргашган кишига салом бўлсин. Аммо баъд...
Мен сизга Ундан ўзга барҳақ маъбуд йўқ бўлган, Угина ёлғиз подшоҳ, барча айб-нуқсондан пок ва саломат, (Ўзи хоҳлаган бандаларини дунё бало-офатлари ва охират азобидан) омон қилувчи, (бандаларнинг амалларини) кўриб-кузатиб турувчи бўлган Аллоҳни мақтайман. Ийсо ибн Марям Аллоҳнинг покиза ва бокира Марямга етказган руҳи ва калимаси эканига, У Одамни ўз қўли билан яратгани каби Марям Ийсога Унинг руҳи ва нафхаси билан ҳомиладор бўлган эканига гувоҳлик бераман. Мен шериксиз ва ягона Аллоҳга даъват қиламан, мудом Унинг тоатида бўлишга, менга итоат қилишга ва менга келган нарсага иймон келтиришга чақираман. Дарҳақиқат, мен Аллоҳнинг элчисиман ва сизни ҳамда итоатингиз остидаги кишиларни Аллоҳ азза ва жаллага даъват қиламан. Мен сизга етказиб қўйдим ва насиҳат қилдим, сиз менинг насиҳатимни қабул қилинг. Ҳидоятга эргашган кишиларга салом бўлсин».[4]
Муҳтарам докторнинг таъкидлашича, бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳудайбия сулҳидан кейин Нажошийга ёзган мактуб матни экан. Далилларга назар ташлагач, ушба матннинг саҳиҳлиги борасида шубҳа қолмайди. Аммо, бу Ҳудайбиядан кейин ёзилган айни ўша мактуб эканига далиллар мавжуд эмас. Байҳақий Ибн Исҳоқдан ривоят қилиб келтирган мактуб матни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳудайбиядан кейин подшоҳ ва амирларга юборган мактубларга жуда ўхшаб кетади. Чунки, ундан «Эй аҳли китоб, бизга ҳам, сизга ҳам баб-баробар бўлган бир сўзга келингиз» деб бошланувчи ояти карима ўрин олган бўлиб, кўп мактублари мазкур оятни ўз ичига олган эди. Ундан ташқари, бу мактубда Нажошийнинг Асҳама деган исми аниқ-равшан битилган. Аммо Доктор Ҳамидуллоҳ келтирган матнга келсак, у менимча, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Асҳаманинг вафотидан кейин унинг ўрнига келган халифасига ёзган мактуб бўлиши эҳтимоли кўпроқ. Унда унинг исми битилмагани сабаби ҳам шу бўлса керак.
Ушбу мактубларнинг тартиби борасида менда уларнинг мазмуни далолат қилаётган ички гувоҳликдан бошқа ҳеч қандай далиллар мавжуд эмас. Қизиғи шундаки, Доктор Ҳамидуллоҳ Байҳақий Ибн Аббос ривояти билан келтирган мактуб матнини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Асҳаманинг вафотидан кейин унинг ўрнига ўтирган подшоҳга ёзган мактуб эканини таъкидлайди. Ҳолбуки, ушбу мактуб матнида Асҳаманинг исми аниқ-равшан қилиб ёзиб қўйилган. Аллоҳ Ўзи билгувчироқ.[5]
Амр ибн Умайя аз-Зомрий Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мактубларини Нажошийга етказгач, у мактубни олиб, кўзларига суртди, сўнг тахтидан ерга тушиб, Жаъфар ибн Аби Толибнинг қўлида мусулмон бўлди. Кейин у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қуйидагича жавоб ёзиб юборди:
«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Муҳаммад Расулуллоҳга Нажоший Асҳамадан. Эй пайғамбар, сизга Ундан ўзга барҳақ маъбуд йўқ бўлган Ягона Аллоҳнинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин. Аммо баъд...
Эй Расулуллоҳ, менга сизнинг Ийсо ҳақида зикр қилиб ўтган мактубингиз етиб келди. Осмон ва ернинг Раббига қасамки, Ийсо сиз зикр қилгандан заррача ортиқ эмасдир, у худди сиз айтгандекдир. Дарҳақиқат, биз сиз олиб келган динни танидик. Амакиваччангиз ва асҳобларингиз бизнинг меҳмонимиз бўлдилар. Мен сизнинг Аллоҳнинг ҳақиқий пайғамбари эканингизга чин дилдан гувоҳлик бераман. Мен дарҳақиқат, сизга ва амакивачангизга байъат бердим ва унинг қўлида бутун оламлар Рабби бўлмиш Аллоҳга таслим бўлдим-бўйсундим».[6]
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Нажошийдан Жаъфар бошчилигидаги Ҳабашистон муҳожирларини жўнатиб юборишни сўраган эдилар. Нажоший муҳожирларни Амр ибн Умайя аз-Зомрийга қўшиб, иккита кемага солиб, кузатиб юборди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хайбарда эканларида у зот ҳузурларига етиб келдилар.[7]
Ушбу Нажоший тўққизинчи ҳижрийнинг ражабида Табук ғазотидан сўнг вафот этди. Унинг вафоти куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда хабар бердилар ва ғойибона жаноза ўқидилар. Унинг вафотидан сўнг ўрнига тахтга ўтирган подшоҳга ҳам мактуб йўлладилар. Бироқ, бу подшоҳ мусулмон бўлганми, йўқми, буниси маълум эмас.
2) Миср подшоси Муқавқисга мактуб
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Миср ва Искандария ҳукмдори, Муқавқис лақабли Журайж ибн Маттога[8] қуйидаги мактубни йўлладилар:
«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Аллоҳнинг бандаси ва элчиси Муҳаммаддан Қибт ҳукмдори Муқавқисга. Ҳидоятга эргашганларга салом бўлсин. Аммо баъд, мен сизни Исломга даъват қиламан. Исломни қабул қилинг, саломат қоласиз. Исломни қабул қилинг, Аллоҳ сизга икки карра ажр ато этади. Агар бош тортсангиз, бутун Қибт аҳлининг гуноҳи сизнинг зиммангизда бўлади. «Эй аҳли китоб, бизга ҳам, сизга ҳам баб-баробар бўлган бир сўзга келингиз — ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилайлик, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайлик ва бир-бировларимизни Аллоҳдан ўзга худо қилиб олмайлик. Агар улар (яъни аҳли китоблар) ушбу даъватдан юз ўгирсалар, у ҳолда сизлар (эй мўминлар): «Гувоҳ бўлинглар, биз мусулмонлар — ягона Аллоҳга итоат қилгувчилармиз», деб айтингиз!» (Оли Имрон: 64).»
Ушбу мактубни етказиш учун Ҳотиб ибн Аби Балтаъани танладилар. Ҳотиб Муқавқис ҳузурига киргач, унга: «Сиздан илгари ҳам бир подшоҳ ўтган ва қўл остидагиларга ўзини: «Мен сизларнинг энг олий Парвардигорингиздирман», деганди. Шундан сўнг Аллоҳ уни ҳам охират, ҳам дунё азоби билан ушлади ва ундан ўч олди. Сиз бошқалардан ибрат олинг, бошқалар сиздан ибрат олишмасин», деди.
Муқавқис: «Бизнинг ўз динимиз бор, ундан кўра яхшироқ дин бўлмаса, биз асло уни тарк қилмаймиз», деди.
Ҳотиб деди: «Биз сизни бошқа барча динлар ўрнига кифоя қилувчи Ислом динига чақирамиз. Бу пайғамбар одамларни даъват қилди. Унга қарши энг қаттиқ курашган Қурайш бўлди, энг қаттиқ адоват қилганлар яҳудлар бўлдилар, энг яқин муносабатда бўлганлар насронийлар бўлдилар. Қасамки, Мусонинг Ийсо ҳақидаги башорати қандай бўлса, Ийсонинг Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳақларидаги башорати ҳам худди шундай бўлди. Биз сизни Қуръонга даъват қилишимиз сизнинг Таврот аҳлини Инжилга даъват қилишингиздан фарқи йўқ. Ҳар бир пайғамбарнинг давридаги халқлар унинг уммати саналади ва улар унга итоат қилишлари лозим бўлади. Сиз ҳам ушбу пайғамбарнинг даврида яшаб турибсиз. Биз сизни Масиҳнинг динидан қайтармаймиз, балки унга буюрамиз».
Муқавқис деди: «Мен бу пайғамбарнинг ишларига назар солиб, унинг ёмон нарсага буюрмаётганини ва яхши нарсадан қайтармаётганини билдим. Билишимча, у адашган сеҳргар ҳам, алдоқчи фолбин ҳам эмас. Мен унда яширин нарсаларни чиқариш ва махфий суҳбатларнинг хабарини айтиб беришдек нубувват аломатини ҳам топдим. Мен ўйлаб кўраман».
Шундай деб у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мактубларини олиб, фил тишидан ясалган қутичага солиб, жориясига берди. Сўнг арабча ёзадиган котибини чақириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қуйидаги мактубни ёздирди:
«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Муҳаммад ибн Абдуллоҳга Қибт ҳукмдори Муқавқисдан. Сизга салом бўлсин. Аммо баъд... Мен мактубингизни ўқидим, сиз унда зикр қилган нарсани ва сиз нимага чақираётганингизни тушундим. Билдимки, пайғамбар чиқибди. Мен уни Шомдан чиқади, деб ўйлардим. Мен сизнинг элчингизга иззат-икром кўрсатдим. Сизга Қибтда мартабаси баланд бўлган иккита жория ва кийим-кечак жўнатдим. Миниб юришингиз учун бир хачир ҳам ҳадя қилдим. Сизга салом бўлсин».
Унинг қилган иши мана шунга чекланди, ўзи исломни қабул қилмади. Икки жориянинг исмлари Мория ва Сийрин эди. Хачирнинг лақаби Дулдул бўлиб, у то Муовиянинг давригача яшади.[9] Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Морияни ўзларига олиб қолдилар, у ўғиллари Иброҳимга она бўлди. Сийринни эса Ҳассон ибн Собит ал-Ансорийга бердилар.
3) Форс ҳукмдори Кисрога мактуб
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Форс ҳукмдори Кисрога қуйидаги мактубни йўлладилар:
«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Аллоҳнинг элчиси Муҳаммаддан Форс ҳукмдори Кисрога. Ҳидоятга эргашган, Аллоҳ ва Расулига иймон келтириб, ягона ва шериксиз Аллоҳдан бошқа барҳақ маъбуд йўқ эканига ва Муҳаммад Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик берган кишиларга салом бўлсин. Мен сизни Исломга даъват қиламан. Зотан, мен тирикларни огоҳлантириш ва кофирлар сўз (азоб)га лойиқ бўлишлари учун бутун инсониятга юборган Аллоҳнинг элчисиман. Исломни қабул қилинг, саломат қоласиз. Агар бош тортсангиз, бутун мажусийларнинг гуноҳи зиммангизда бўлади».
Ушбу мактубни олиб боришга Абдуллоҳ ибн Ҳузофа ас-Саҳмийни танладилар. Абдуллоҳ мактубни Баҳрайн ҳокимига етказди. Баҳрайн ҳокими мактубни ўзининг одамлари орқали юборганми, ёки Абдуллоҳ ас-Саҳмийнинг ўзини юборганми, буниси аниқ эмас. Нима бўлганда ҳам, мактуб ўқиб эшиттирилгач, Кисро уни майдалаб йиртиб ташлади ва кибр билан: «Менинг раиятимдан бўлган ҳақир бир қул қандай қилиб ўз исмини менинг исмимдан олдин ёзади?!», деди. Бу хабар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етиб келгач, у зот: «Аллоҳ унинг мулкини парчалаб ташласин», дедилар. Дарҳақиқат, у зот айтганларидек бўлди. Кисро ўзининг Ямандаги омили (ҳокими) Бозонга мактуб йўллаб: «Кучли одамларингдан иккитасини Ҳижозлик бу кимсага юбор, улар уни ҳузуримга етказиб келсинлар», деб буюрди.
Бозон бу иш учун ўзининг иккита одамини танлади. Улардан бири Қаҳрамон Бонавайҳ исмли ҳисобчиси ва котиби, иккинчиси эса Хархисрав исмли форс йигити эди.[10] Бу иккисини мактуб билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига йўллади. Мактубда у зотга шу икки киши билан бирга Кисро ҳузурига етиб боришни буюрганди. Иккаласи Мадинага келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан учрашишди. Улардан бири: «Шаҳаншоҳ (подшолар подшоси) Кисро шоҳ Бозонга мактуб йўллаб, сизни унинг ҳузурига етказиб борадиган одам юборишни амр этган. Бозон мени сизни олиб кетиш учун юборди», деди ва буйруққа бўйсунмасликнинг оқибати ёмон бўлиши билан огоҳлантирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни эртаси куни келишга буюрдилар.
Айни шу дамда Кисрога қарши ўз хонадони ичида катта қўзғолон бошланган, бу қўзғолон унинг қўшини Рум қўшинидан шармандали мағлубиятга учраши оқибатида кўтарилганди. Кисронинг ўғли Шеруя ўз отасини ўлдириб, тахтини қўлга киритди. Бу воқеа еттинчи йил жумодул-увло ойининг ўнинчисида, сешанба кечаси содир бўлди.[11] Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ваҳий орқали ушбу хабардан воқиф бўлдилар ва эртаси куни ҳалиги иккаласига бу ҳақда хабар бердилар. Улар: «Нима деётганингизни биляпсизми ўзи?! Биз сизни бундан кўра енгилроқ нарса билан айблаб турган эдик. Энди мана шу гапларингизни ёзиб, бундан шоҳимизни хабардор қилишимизни истайсизми?!», дейишди. «Ҳа, мана шу гапларимни унга етказинглар ва унга айтингларки, яқин орада менинг диним ва салтанатим Кисронинг мулки етиб борган жойларга етади ва от ва туяларнинг қадами етган ерларгача етиб боради. Унга айтингларки, агар исломни қабул қилса, мен унга ўзининг қўли остидаги барча мулкини бераман ва қавмига подшоҳ қилиб қўяман», дедилар. Иккаласи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларидан чиқиб, Бозон ҳузурига етиб бориб, унга бўлган гапларни айтиб беришди. Бироздан сўнг Шеруянинг ўз отасини қатл қилгани ҳақидаги мактуб етиб келди. Шеруя хатида Бозонга: «Отам сенга у ҳақда мактуб йўллаган киши ҳақида сабр қил, то менинг амрим етмагунича уни безовта қилма!», деб буюрганди.
Ушбу воқеа Бозоннинг ва унга қўшилиб Ямандаги форс аҳлининг Исломга киришларига сабаб бўлди.[12]
4) Рум подшоси Қайсарга мактуб
Имом Бухорий узун бир ҳадис ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Рум подшоси Қайсарга ёзган мактубини келтиради:
«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Аллоҳнинг бандаси ва пайғамбари Муҳаммаддан Рум ҳукмдори Ҳирақлга. Ҳидоятга эргашган кишиларга салом бўлсин. Аммо баъд, мен сизни Исломга даъват этаман. Исломни қабул қилинг, саломат бўласиз, Аллоҳ сизга икки карра ажр беради. Агар юз ўгирсангиз, қўл остингиздагиларнинг гуноҳи ҳам сизнинг зиммангдадир. «Эй аҳли китоб, бизга хам, сизга хам баб-баробар бўлган бир сўзга келингиз - ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилайлик, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайлик ва бир-бировларимизни Аллоҳдан ўзга худо қилиб олмайлик». Агар улар (яъни аҳли китоблар) ушбу даъватдан юз ўгирсалар, у ҳолда сиз (мўминлар): «Гувоҳ бўлинглар, биз мусулмонлар - ягона Оллоҳга итоат қилувчилармиз», деб айтингиз!» (Оли Имрон: 64) [13].
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу мактубни олиб боришга Диҳя ибн Халифа ал-Калбийни танладилар ва унга бу мактубни Қайсарга етказиб бериши учун Бусро ҳокимига етказишни буюрдилар.
Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишича, Абу Суфён ибн Ҳарб розияллоҳу анҳу унга шундай хабар берган экан:
Қурайш карвонида эканида Ҳирақл унга одам юборди. Бу воқеа Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Суфён ҳамда Қурайш кофирлари билан сулҳ тузган даврда бўлиб, улар савдогарчилик билан Шомда эдилар. Қурайшликлар Ийлиё деган жойда Ҳирақл ҳузурига келишди[14]. Ҳирақл уларни ўз мажлисига чорлади. Унинг атрофида Рум зодагонлари бор эди. Сўнгра уларни ва таржимонини чақириб, деди: «Ўзини пайғамбар деб даъво қилаётган одамга қайсинингиз насаб жиҳатидан яқинроқсиз?» Абу Суфён айтади: «Булар ичида унга насабда энг яқинроғи менман», дедим. Ҳирақл: «Уни менга яқинроқ олиб келинглар, шерикларини ҳам яқин келтириб, унинг орқасига қўйинглар», деди. Сўнг таржимонига деди: «Уларга айт, мен бундан (пайғамбарлик даъвосидаги) одам ҳақида сўрайман, агар ёлғон гапирса, ёлғон айтаяпти денглар.» Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, агар мени ёлғончи қилишларидан уялмаганимда у (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳақида албатта ёлғон айтган бўлар эдим. Сўнг у ҳақида мендан энг аввал: «Ораларингизда унинг насаби қандай?» деб сўради. «У бизнинг ичимизда насл-насабли» дедим. «Ундан аввал ҳам сизлардан бирор киши у (айтаётгандек) сўзларни айтганми?» деб сўради. «Йўқ», дедим. «Аждодларидан биронтаси подшоҳ ўтганми?» деб сўради. «Йўқ», дедим. «Унга шарафли инсонлар эргашаяптими, заиф инсонларми?» деб сўради. «Заиф инсонлар», дедим. «Улар кўпайишяптими, озайишяптими?» деб сўради. «Кўпайишмоқда», дедим. «Улардан бирортаси унинг динига кирганидан сўнг у динни ёмон кўриб қайтиб кетаяптими?» деб сўради. «Йўқ», дедим. «Сизлар уни айтаётган шу сўзларини айтишидан олдин ёлғончиликда айблармидингиз?» деб сўради. «Йўқ», дедим. «У хиёнат қиладими?» деб сўради. «Йўқ, ва лекин биз ҳозир у билан сулҳдамиз, бу муддат ичида нима қилади, билмайман» дедим. (Абу Суфён) деди: «Шу сўзлардан бошқа бирор сўзни гап ичига киритишимга имкон бўлмади.» «У билан жанг қилдингизларми?» деб сўради. «Ҳа», дедим. «Жангларингиз (натижаси) қандай бўлди?» деб сўради. «У билан ўртамиздаги жанг тенгма-тенг, гоҳо у ғалаба қозонади, гоҳо биз», дедим. «У сизларни нимага буюради?» деб сўради. «Аллоҳнинг ёлғиз ўзига ибодат қилинглар, унга бирор нарсани шерик қилманглар, ота-боболарингиз айтган нарсаларни тарк қилинглар, дейди ва бизни намозга, тўғриликка, покликка, қариндош-уруғлар билан алоқа қилишга буюради», дедим.
Ҳирақл таржимонга деди: «Унга айт: Мен сендан унинг насаби ҳақида сўраган эдим, унинг ичларингизда насл-насаби тоза одам эканини айтдинг. Пайғамбарлар худди шундай, ўз қавмининг насабида юборилади. Сендан: «Ораларингизда бошқа бирор киши ҳам шу сўзларни айтганми?» деб сўраган эдим, «Йўқ» дединг. Агар аввал ҳам бирор киши шу сўзларни айтган бўлганида, ўзидан аввалгиларнинг сўзига эргашаётган одам экан, дер эдим. «Аждодларидан биронтаси подшоҳ ўтганми?» деб сўраган эдим, «Йўқ», дединг. Агар ота-боболаридан биронтаси подшоҳ бўлса, мен уни отасининг подшоҳлигини талаб қилаётган одам экан, дер эдим. «Сизлар уни шу сўзларни айтишидан олдин ҳам ёлғончиликда айблармидингиз?» деб сўрадим. «Йўқ», дединг. Мен биламанки, у Аллоҳга нисбатан ёлғонни сўзласа, одамларга ёлғон сўзлашни ҳам ҳаргиз тарк қилмаган бўлар эди. «Унга шарафли инсонлар эргашаяптими, заиф инсонларми?» деб сўраган эдим, «Заифлар эргашаяпти», дединг. Ваҳоланки, ўшалар пайғамбарларнинг ҳақиқий тобеълари бўлур. «Улар кўпайишяптими, озайишяптими?» деб сўраган эдим, «Кўпайишяпти», дединг. Иймон иши то камолига етгунича ана шундай бўлиб бораверади. «Бирор киши унинг динига кирганидан сўнг у динни ёмон кўриб қайтиб кетаяптими?» деб сўраган эдим, «Йўқ», деб айтдинг. Иймоннинг тиниқлиги қалбларга аралашганда ана шундай бўлади. «У хиёнат қиладими?» деб сўраган эдим, «Йўқ» деб жавоб бердинг. Шунингдек, пайғамбарлар хиёнат қилмайдилар. «У сизларни нимага буюради?» деб сўрасам, у сизларни Аллоҳнинг ёлғиз ўзига ибодат қилишга, Унга бирор нарсани шерик қилмасликка буюришини, бутларга сиғинишдан қайтаришини ва намозга, тўғриликка, покликка буюришини айтдинг. Агар айтаётган сўзларинг ҳақ бўлса, аниқки, у тез орада мана шу оёқларим турган жойни ҳам эгаллайди. Мен унинг чиқишини билардим, лекин сизлардан бўлади деб ўйламаган эдим. Қасамки, агар унинг ҳузурига етиб боришни билсам, албатта у билан учрашишга енг шимарган бўлар эдим, унинг ҳузурида бўлсам, албатта, унинг оёқларини ювган бўлар эдим».
Шундан сўнг у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мактубларини чорлатиб, уни ўқиди. Ҳирақл мазкур сўзларни айтгач ва хатни ўқиб бўлгач, у ерда шовқин-сурон кучайиб, овозлар кўтарилиб кетди ва бизни чиқариб юборишди. Ташқарига чиққач, шерикларимга: «Абу Кабша[15] ўғлининг иши шу даражада кучайиб кетибдики, ундан Бану Асфар (яъни, Рум) шоҳи ҳам хавфга тушаяпти» дедим. То Аллоҳ мени Исломга мушарраф этгунича ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида «У тез орада албатта зафар қозонади» деб ўйлайверардим.[16]
Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мактублари Қайсарга қандай таъсир қилгани ҳақида Абу Суфён ўз кўзлари билан кўрган воқеа эди. Қайсар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг элчилари бўлмиш Диҳя ибн Халифа ал-Калбийни яхши ҳурматлаб, бир қанча кийим-кечак ва мол-дунёлар билан кузатди. Диҳя йўлда қайтаётиб, Ҳисмо деган жойга етганида Жузом қабиласидан бўлган кишилар унинг йўлини тўсиб, бор-будини қолдирмай тортиб олишди. Шундан сўнг у Мадинага қайтгач, уйига ҳам бормай, тўғри Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, бўлган воқеани айтиб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайд ибн Ҳорисани 500 кишилик қўшин билан Водил-қуродан нарироққа, Ҳисмога юбордилар. Зайднинг қўшини Жузомга ҳамла қилиб, уларни қирғинбарот қилди, аёлларини асир қилиб, чорва ҳайвонларини ҳайдаб кетди. Ғаниматлар 1000та туя, 5000та қўй-эчки ва 100 нафар аёллар ва болаларни ташкил этди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Жузом қабиласи ўртасида тинчлик битими бор эди. Ушбу қабиланинг бошлиқларидан бири Зайд ибн Рифоъа ал-Жузомий зудлик билан (ўзларининг бу ишга аралашмаганлари тўғрисида) ҳужжат-далил тақдим қилди. У ва бир неча қавмдошлари Исломни қабул қилишган ва йўлтасарлар ҳужуми пайтида Диҳяга ёрдам беришган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг сўзларини қабул қилиб, ўлжалар ва асирларни қайтариб беришга буюрдилар.
Аксарият тарихчилар ушбу ғазотни Ҳудайбиядан олдин бўлган, деб ёзганлар. Аммо, бу тўғри эмас. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қайсарга Ҳудайбиядан кейин мактуб йўллаганлар. Шунинг учун Ибнул Қаййим: «Бу воқеа Ҳудайбиядан кейин бўлганига ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ», дейди.[17]
5) Баҳрайн ҳокими Мунзир ибн Совийга мактуб
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Баҳрайн ҳокими Мунзир ибн Совийни Исломга даъват қилиб, мактуб йўлладилар. Уни Ало ибн Хазрамий етказиб борди. Мунзир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қуйидагича жавоб мактуби йўллади:
«Аммо баъд, эй Аллоҳнинг пайғамбари! Мен сизнинг мактубингизни Баҳрайн аҳлига ўқиб эшиттирдим. Улар ичидан Исломни ёқтириб, қабул қилганлар ҳам бўлди, қабул қилишни истамаганлар ҳам бўлди. Менинг еримда мажусий ва яҳудийлар ҳам мавжуд. Менга улар ҳақидаги амрингизни юборинг».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга шундай ёзиб юбордилар:
«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Муҳаммад Расулуллоҳдан Мунзир ибн Совийга. Сизга салом бўлсин. Мен сизга Ундан ўзга барҳақ маъбуд йўқ бўлган ягона Аллоҳни мақтайман ва Муҳаммад Аллоҳнинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман. Аммо баъд, мен сизга Аллоҳни эслатаман. Ким насиҳат олса, ўзи учун олган бўлади. Ким менинг элчиларимга итоат қилса ва уларнинг буйруқларига бўйсунса, менга итоат қилган бўлади. Ким уларга яхши муносабатда бўлса, менга яхши муносабатда бўлган бўлади. Менинг элчиларим сизни яхшилик билан тилга олишди. Мен сизни ўз қавмингизга вакил-бошлиқ қилдим. Сиз мусулмонларни исломлари билан қўйиб қўйинг, гуноҳ аҳлларини афв қилдим, сиз ҳам улардан қабул қилинг. Сиз модомики, салоҳият (яхшилик) устида бўлар экансиз, биз сизни амалингиздан бўшатмаймиз. Ким яҳудий ё мажусийлигида қолишни истаса, унга жизя лозим бўлади».[18]
6) Ямома ҳокими Ҳавза ибн Алийга мактуб
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ямома ҳокими Ҳавза ибн Алийга қуйидагича мактуб йўлладилар:
«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Муҳаммад Расулуллоҳдан Ҳавза ибн Алийга. Ҳидоятга эргашганларга салом бўлсин. Билингки, диним туя ва отлар (яъни, одам оёғи) етган жойгача етади. Исломни қабул қилинг, саломат қоласиз ва сизни ўз қўл остингиздагиларга бош қилиб қўяман».
Ушбу мактубни етказишга Салит ибн Амр ал-Омирийни танладилар. Салит муҳрланган мактубни олиб, Ҳавза ҳузурига етказиб борди. Ҳавза уни яхши кутиб олиб, иззат-икром кўрсатди. Мактуб ўқиб эшиттирилгач, у қуйидагича жавоб ёзиб юборди: «Сиз нақадар яхши ва гўзал ишга чақирмоқдасиз. Араблар ичида менинг ҳайбатим бор. Ишнинг (яъни, пайғамбарликнинг) бир қисмини менга ажратсангиз, мен сизга эргашаман». У Салитни совға-саломлар билан сийлаб, унга яхши сарполар кийдириб жўнатди.
Салит буларнинг ҳаммасини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келтириб, бўлган воқеаларни айтиб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг мактубини ўқигач: «Агар бир парча ерни сўраса ҳам бермаган бўлардим. Ўзи ҳам, қўлидаги мулки ҳам барбод бўлсин», дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка фатҳидан қайттганларидан сўнг Жибрил алайҳиссалом келиб, Ҳавзанинг ўлганини хабар бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мендан сўнг Ямомадан бир каззоб чиқиб, пайғамбарлик даъво қилади, сўнг уни ўлдирилади», дедилар. Бир киши: «Уни ким ўлдиради, ё Расулуллоҳ?», деб сўради. «Сиз ва дўстларингиз», деб жавоб бердилар. Дарҳақиқат, у зот айтганларидек бўлди.
7) Дамашқ ҳокими Ҳорис ибн Абу Шамир ал-Ғассонийга мактуб
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга қуйидагича мактуб йўлладилар:
«Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Муҳаммад Расулуллоҳдан Ҳорис ибн Абу Шамрга. Ҳидоятга эргашган ва Аллоҳга иймон келтириб, тасдиқлаган кишиларга салом бўлсин. Мен сизни шериксиз, ягона Аллоҳга иймон келтиришга чақираман, шунда мулкингиз сақланиб қолади».
Ушбу мактубни етказишга Бану Асад ибн Хузайма қабиласидан Шужоъ ибн Ваҳбни танладилар. У олиб борган мактубни Ҳорис отиб юборди ва: «Ким мендан мулкимни тортиб оларкан?! Мен унинг устига юриш қиламан», деди ва исломни қабул қилмади.[19] Сўнг у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши уруш қилиш учун Қайсардан изн сўради, Қайсар уни бу фикридан қайтарди. Шундан сўнг Ҳорис Шужоъни кийим-кечак ва совға-саломлар бериб, чиройли кузатиб қўйди.
8) Умон подшосига мактуб
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умон[20] шоҳи Жайфар ва унинг укаси Абд ибн Жуландийга мактуб йўлладилар:
«Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Муҳаммад Расулуллоҳдан Жуландий ўғиллари Жайфар ва Абдга. Ҳидоятга эргашганларга салом бўлсин. Аммо баъд, мен сизларни Исломга даъват қиламан. Исломни қабул қилинглар, саломат қоласизлар. Зотан, мен тирикларни огоҳлантириш ва кофирлар сўз (азоб)га лойиқ бўлишлари учун бутун инсониятга юборган Аллоҳнинг элчисиман. Агар Исломга иқрор бўлсангизлар, сизларни волий (ҳоким) қиламан. Агар Исломга иқрор бўлишдан бош тортсангизлар, мулкингиз завол топади, менинг отлиқларим сизларнинг диёрингизга кириб боради ва менинг пайғамбарлигим сизларнинг мулкингизга ғолиб бўлади».
Ушбу мактубни олиб боришга Амр ибн Ос розияллоҳу анҳуни танладилар. Амр айтади: Умонга етиб боргач, аввал Абднинг ҳузурига йўл олдим. Чунки, у акасидан кўра ҳалимроқ ва хулқи яхшироқ эди. Мен унга: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сенга ва акангга юборган элчилариман», дедим. У: «Акам ёшда ҳам, мулкда ҳам мендан муқаддамроқ, мен сени унинг ҳузурига олиб бораман, мактубингни у ўқиши керак», деди. Сўнг: «Ўзи сен нимага даъват қилмоқдасан?», деб сўради. Мен: «Шериксиз, ягона Аллоҳга даъват қиламан, ундан ўзга маъбудлардан воз кечишга ва Муҳаммад Аллоҳнинг бандаси ва элчиси деб гувоҳлик беришга чақираман», дедим. У: «Эй Амр, сен қавм саййидининг ўғлисан, отанг қандай фикрда? Чунки, биз ундан ўрнак олсак арзийди», деди. «Отам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга иймон келтирмай ўтиб кетди. Мен унинг ҳам Исломни қабул қилган ва у зотни тасдиқлаган бўлишини истаган бўлардим. Менинг ўзим ҳам то Аллоҳ мени Исломга ҳидоят қилмагунича унинг фикрида эдим», дедим. «Сен унга қачондан эргашдинг?», деб сўради. «Яқиндан бошлаб», дедим. «Исломни қаерда қабул қилдинг?», деди. «Нажоший ҳузурида», дедим ва Нажошийнинг ҳам Исломни қабул қилганини айтдим. «Унинг қўл остидаги қавмлари нима қилди?», деди. «Улар ҳам унга эргашишди», дедим. «Руҳонийлар ва роҳиблар ҳамми?», деди. «Ҳа», дедим. «Оғзингга қараброқ гапир, эй Амр, дунёда ёлғончиликдан ёмонроқ сифат бўлмайди», деди. «Ёлғон гапирмаяпман, бизнинг динимизда ёлғончилик ҳаром саналади», дедим. «Ҳирақл Нажошийнинг мусулмон бўлганини билмаган бўлса керак-да», деди. «Ундай эмас», дедим. «Қаердан биласан?», деди. «Нажоший унга хирож тўлаб турарди. Исломни қабул қилиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашганидан сўнг унга бир дирҳам ҳам тўламасликка қасам ичибди. Бу гап Ҳирақлга етгач, укаси Найёқ: «Қулинг сенга хирож тўламаслигига ва сенинг динингдан бошқа янги бир динни қабул қилишига индамай тураверасанми?!», деганида Ҳирақл: «Биров бир динга рағбат билдириб, уни ўзига ихтиёр қилган бўлса, мен нима ҳам қилардим?! Қасамки, салтанатимдан кўзим қиймайди, бўлмаса аллақачон мен ҳам у қилган ишни қилардим» дебди», дедим. «Ўйлаброқ гапир, эй Амр», деди. «Аллоҳга қасамки, рост гапиряпман», дедим. «Менга айтчи, у (пайғамбар) нимага буюради-ю, нимадан қайтаради?», деди Абд. «Аллоҳ азза ва жалланинг тоатига буюради ва Унинг маъсиятидан қайтаради. Яхшиликка, қариндошлар билан алоқа қилишга буюради, зулму тажовуздан, зинодан, ичкиликдан, бут-санамларга сиғинишдан қайтаради», дедим. «У нақадар яхши ишларга чақирар экан! Агар акам менинг гапимга кўнса, бориб Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга иймон келтирган ва уни тасдиқлаган бўлардик. Аммо акам салтанатини тарк қилиб, бировга қарам бўлишга кўзи қиймайди», деди. Агар Исломни қабул қилса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ўз қавмига подшоҳ қилиб қўядилар, бойлардан закотни олиб, фақирларига беради», дедим. «Бу ажойиб иш-ку! Закот деганинг нима?», деб сўради. Мен унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам молларда белгилаб берган садақотлар ҳақида айтиб бердим. Туялардан ҳам садақот олинишини эшитиб: «Эй Амр, ўт-ўлан еб, сув ичиб юрган шу яйловдаги чорвалардан ҳам садақа олинадими?», деб сўради. «Ҳа», дедим. «Қасамки, ўзининг кўпсонлилигига ва (мусулмонлар қўли етишидан) узоқдалигига ишониб, менинг қавмим бунга кўнмаса керак», деди.
Мен бир неча кун унинг уйида турдим. У акаси билан боғланиб, менинг ҳамма гапларимни унга етказиб турди. Сўнг бир куни акаси мени ўз ҳузурига чақирди. Кириб борганимда ёрдамчилари билагимдан маҳкам тутишди. У: «Қўйиб юборинглар!», дегач, мени қўйиб юборишди. Мен ўтирмоқчи бўлган эдим, ўтиришимга йўл қўйишмади. Мен унга қараган эдим: «Нима хизмат билан келдинг?», деди. Унга муҳрланган мактубни узатдим. У мактубнинг муҳрини бузиб, уни охиригача ўқиб чиқди. Сўнг уни укасига узатди. У ҳам худди акаси каби ўқиди, бироқ акасидан кўра мулойимроқ экани кўриниб турарди. Кейин у: «Қани айтчи, Қурайш қандай муносабат билдирди?», деб сўради. Мен: «Айримлари динга рағбат билдириб, айримлари эса қилич кучи билан мағлуб бўлиб, унга эргашишди», дедим. «Бошқаларчи?», деди. «Одамлар Исломга рағбат билдириб, уни ихтиёр қилишди. Аллоҳ берган ҳидоят ва ўз ақллари билан шу пайтгача ўзларининг залолатда юрганликларини тушуниб етишди. Бу атрофда сиздан бошқа ҳеч ким қолмади, деб ўйлайман. Агар бугун сиз ҳам Исломни қабул қилмасангиз ва унга эргашмасангиз, отлар туёқлари остида қоласиз ва мулкингиз хароб бўлади. Исломни қабул қилинг, саломат қоласиз ва у (пайғамбар) сизни ўз қавмингизга ҳоким қилиб қўяди. Устингизга қўшин киритилишига йўл қўйманг», дедим. Шунда у: «Бугун мени холи қолдир, эртага кел», деди.
Мен яна укасиникига бордим. У менга: «Эй Амр, мен унга агар салтанатга бўлган ўчлиги ғолиб келмаса, Исломни қабул қилади, деб умид қиламан», деди. Эртаси куни ҳузурига борсам, киришга изн бермади. Укасининг олдига қайтиб бориб, у билан учраша олмаганимни айтдим. У мени акаси билан учраштирди. Шунда Жайфар менга: «Мен сен даъват қилган иш ҳақида ўйлаб кўрдим. Агар мен бировга унинг қўшини бу ерга етиб келмасдан туриб ўз мулкимни топшириб қўйсам, у ҳолда арабларнинг энг заифи бўлган бўламан. Агар қўшини етиб келса ҳам шундай жангга йўлиқадики, бу у кўрган жанглардек бўлмайди», деди. Мен: «Хўп, мен эртага йўлга чиқаман», дедим. Менинг қайтаётганимни билгач, укаси у билан холи қолиб: «Биз унга бас келолмаймиз, у кимга элчи юборган бўлса, ҳаммаси унга ижобат қилибди», деди. Эртаси куни у мени ҳузурига чорлаб, ўзи ҳам, укаси ҳам Исломни қабул қилдилар, пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни тасдиқладилар, менга садақот (закотлар)ни йиғишга ва улар ўртасида ҳукм қилишга имкон яратиб бердилар, қаршилик билдирганлар устидан менга ёрдамчи бўлдилар.[21]
Ушбу ҳикоянинг оқими мазкур ака-укаларга мактуб юборилиши бошқа подшоҳларга мактублар юборилишидан анча кейин бўлганига далолат қилади. Бу воқеа фатҳдан ҳам кейинроқ бўлган бўлиши керак.
Ушбу мактублар орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ер юзи подшоҳларининг кўпларига ўз даъватларини етказдилар. Улардан баъзилари иймон келтиришди, баъзилари инкор қилишди. Лекин, шундай бўлса-да, у зот у кофирларнинг фикрларини машғул қилдилар ва ўз динлари ва номларини уларга танитиб қўйдилар.
[1] Саҳиҳул Бухорий: 2/872, 873.
[2] Раҳматан лил-аламийн: 1/171.
[3] Байҳақий: Далалилун-нубувва: 2/308, Ҳоким: Мустадрак: 2/623.
[4] «Расул акрамки сиёсий зиндаги (урду тилида): 108, 109, 122-125-саҳифалар, «Зодул маод»да: «Ҳидоятга эргашган кишиларга салом бўлсин» деган ибора ўрнида «Сиз Исломни қабул қилинг» ибораси келган (3/60).
[5] Доктор Ҳамидуллоҳ: «Расул акрамки сиёсий зиндаги»: 108-114, 121-131-саҳифалар.
[6] Зодул маод: 3/61.
[7] Ибн Ҳишом: 2/359.
[8] Алома Мансурпурий «Раҳматан лил-оламийн» китобида келтирган маълумот бўйича унинг исми шундай. Аммо, Доктор Ҳамидулло фикрича, унинг исми Бинямин бўлган экан. Қаранг: «Расул акрамки сиёсий зиндаги»: 141-саҳифа.
[9] Зодул маод: 3/61.
[10] Тарих Ибн Халдун: 2/37.
[11] Фатҳул Борий: 8/127, Тарих Ибн Халдун: 2/37.
[12] Хузарий: «Тарихи умами исломийя» : 1/147, Фатҳул Борий: 8/127–128.
[13] Саҳиҳул Бухорий: 1/ 4, 5.
[14] Ўша кунлари Рум подшоси Қайсар Аллоҳ унга Форс устидан ғалаба ато этгани шукронасига Ҳимсдан Ийлиёга – Байтул Мақдисга – келганди (Қаранг: Саҳиҳ Муслим: 2/99). Форсликлар Кисро Абруязни ўлдириб, Рум билан сулҳга эришишган ва ўз истилолари остида бўлган Рум ерларини Қайсарга топширишган, насоролар Масиҳ алайҳиссалом осилган деб ишонишадиган хочни ҳам унга қайтариб беришган, Қайсар 629 йил (7-ҳижрий) ўша хочни ўз ўрнига ўрнатиш ва эришилган улкан ғалаба муносабати билан Аллоҳга шукроналик бажо келтириш учун Ийлиёга (Байтул Мақдисга) келган эди.
[15] Абу Кабша – Важз ибн Ғолиб ал-Хузоий бўлиб, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг она томондан боболари Ваҳб ибн Абдуманофнинг она томондан бобосидир. Абу Кабша аввалда мушрик бўлиб, кейин Шом диёрига бориб, насронийликни қабул қилганди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари олиб келган янги дин билан Қурайшнинг динига қарши чиққач, у зотни ўша бобокалонларига ўхшатишар ва айблаш мақсадида унга нисбатлашар эди (Байҳақий, «Далоилун-нубувва»: 1/82, 83, Абу Ҳотим, «Ас-сийратун-набавия»: 44-с).
[16] Саҳиҳул Бухорий: 1/4, Саҳиҳ Муслим: 2/97-99.
[17] Зодул маод: 2/122, «Талқиҳу фуҳум аҳлил-асар» ҳошияси: 29-с.
[18] Зодул маод: 3/61, 62.
[19] Зодул маод: 3/63, Хузарий, Муҳозарот тарихил-умамил-исломийя: 1/146.
[20] Аксар ўзбекча нашрларда Умон салтанатини ҳам Иордания-Урдун пойтахти Аммонни ҳам Уммон деб атайдилар. Тўғриси эса, салтанати Умон, Урдун пойтахти Аммондир.
[21] Зодул маод: 3/62, 63.