Жума 26 Апрель 2024 | 17 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Кўз тегиши ҳақ, ундан сақланиш таваккулга зид эмас

3647 марта кўрилган

Савол:

Инсонга кўз тегиши мумкинми? Агар тегса, унинг давоси нима? Кўздан эҳтиёт бўлишнинг таваккулга зидлиги борми?

Жавоб:

Кўз тегиши ҳақидаги бизнинг фикримиз шуки, у шаръан ва ҳиссан собит ва бор нарсадир. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта кофир бўлган кимсалар эслатма-Қуръонни эшитган вақтларида сизни кўзлари билан йиқитаёзурлар» (Қалам: 51). Ибн Аббос ва бошқалар бу оят тафсирида айтишларича, унинг маъноси сизга кўз теккизишга уринишади, демакдир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Кўз тегиши ҳақдир. Агар тақдирдан бирон нарса ўзиб кетса эди, албатта кўз тегиши ўзар эди. Агар сизлардан ювиниб бериш талаб қилинса, ювинингиз!» (Муслим: №5831).

Абу Умома ибн Саҳл ибн Ҳунайфдан ривоят қилинади, унга отаси (Саҳл ибн Ҳунайф) айтиб берган экан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (сафарга) чиқдилар ва Маккага қараб йўл олдилар. Жуҳфадаги Хаззор водийсида эканларида Саҳл ибн Ҳунайф ювинаётиб устки кийимини ечди, Омир ибн Рабиа унга қараб турган эди. Саҳл оппоқ, чиройли одам эди. Омир: «Бугунги кундагидек келинларга хос бундай терини кўрмаганман» деди. Саҳл ўша жойнинг ўзида касал бўлиб қолди ва беморлиги кучайиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга унинг беморлиги ҳақида хабар берилди ва бошини кўтара олмаяпти, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бунга ким айбдор деб ўйлайсизлар?» деб сўрадилар. «Омир ибн Рабиа назар солганди» дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни чақиртирдилар ва аччиқланиб унга: «Нега бировингиз ўз биродарини ўлдиради?! Сени ажаблантирган нарсани кўрган пайтингда баракот сўраб дуо қилсанг бўлмасмиди?! Энди у учун ювиниб бер» дедилар. Омир юз-қўлларини, билакларини, тиззаларини, оёқлари атрофини ва изори ичини бир ишидга ювиб берди, сўнг ўша сувни Саҳлнинг устидан қуйилди. Бир киши сувни унинг бошига ва орқа томонига қуярди. Шундай қилингач Саҳл кечга бориб, ҳеч нарса бўлмагандек одамлар билан бирга йўлга чиқди. (Молик, Аҳмад, Насоий, Ибн Можа ривоятлари).

Воқеълик бунга шоҳид, уни ҳеч инкор қилиб бўлмайди.

Кўз тегиши содир бўлганида қуйидагича шаръий даволарни қўллаш лозим бўлади:

1) Ўқиб, дам солиш. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Руқя фақат кўз ёки истма туфайлидан (ўқилади)» (Бухорий: №..., Муслим: №549). Жибрийл алайҳиссалом Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни руқя қилардилар ва айтардилар:

بِاسْمِ اللَّهِ أَرْقِيكَ مِنْ كُلِّ شَىْءٍ يُؤْذِيكَ مِنْ شَرِّ كُلِّ نَفْسٍ أَوْ عَيْنِ حَاسِدٍ اللَّهُ يَشْفِيكَ بِاسْمِ اللَّهِ أَرْقِيكَ

«Аллоҳнинг исми билан сенга дам соламан, сенга азият бераётган ҳар қандай нарсадан ва ҳар бир жон ҳамда ҳасадчи кўзнинг ёмонлигидан дам соламан. Аллоҳ сенга шифо берсин, Аллоҳнинг исми билан сенга дам соламан» (Имом Муслим ривояти: №5829).

2) Суқланган шахсдан ювиниб беришни талаб қилиш. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юқорида ўтган ҳадисда келганидек, Омир ибн Рабиага шундай қилишни буюрганлар. Кейин ҳалиги сувни кўз теккан одамнинг бошидан қуйилади.

Аммо, суқланган кишининг сийдиги ёки ахлатидан олиш ҳақидаги гапларнинг асоси йўқдир. Шунингдек, унинг изидан (тупроқ) олишнинг ҳам асоси йўқ. Фақат юқоридаги ҳадисда келганидек, унинг аъзоларини ва изорининг ичларини ювган сувини олинади. Рўмоли, дўпписи, эгнидаги кийими ҳам изори қаторида бўлиши мумкин, валлоҳу аълам.

Аввал-бошдан кўздан сақланишга уринишнинг зарари йўқ ва бундай қилиш таваккулга зид бўлмайди. Чунки, таваккул деб Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло мубоҳ қилиб қўйган ёки буюрган сабабларни ушлаш билан бирга Унинг ўзига суянишга айтилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳасан ва Ҳусайнга дам солиб, айтардилар:

أُعِيذُكُمَا بِكَلِمَاتِ اللَّهِ التَّامَّةِ مِنْ كُلِّ شَيْطَانٍ وَهَامَّةٍ وَمِنْ كُلِّ عَيْنٍ لاَمَّةٍ

«Аллоҳнинг мукаммал калималари билан ҳар бир шайтондан, зарарли хашаротдан ҳамда ёмон кўздан сизларга паноҳ тилайман». Сўнгра: «Иброҳим алайҳиссалом Исмоил ва Исҳоқ алайҳиссаломларга шундай дам соларди», дердилар (Бухорий: №3371).

(Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин: Мажмуъул-фатава: 2/117).