Жума 26 Апрель 2024 | 17 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Сеҳрни сеҳр билан даволаш мумкинми?

3736 марта кўрилган

Савол:

Сеҳрнинг шариатда рухсат берилган давоси қандай, асабларни тинчлантирувчи дорилар истеъмол қилиш мумкинми? Маълумот учун, мазкур дорилар таркибида бангивор моддалар бўлиб, руҳий-асабий касалликларни даволашда ушбу дорилар кенг қўлланилади. Унинг (яъни, онамизнинг) қилаётган иши ширк эканини тушунтирганимиздан кейин ва иншооллоҳ, сизнинг жавобингизни унга ўқиб эшиттирганимиздан кейин бизнинг бу борадаги муносабатимиз қандай бўлиши кераклигини аниқлаб берсангиз, уни мушрика деб эътибор қилишимиз керакми? Шуни ҳам айтиш керакки, у ана шундай (яъни, дарди қўзиган) пайт қандайдир васвос бўлиб қолади, шундай ҳолат устида кўрган одам уни мажнуна деб ўйлайди. Бироқ, руҳий ҳолати ўнгланиб, тузук бўлиб қолган пайтида уни ҳеч иккиланмай энг оқила аёллар сирасига киритасиз.

Жавоб:

Аввало, сеҳрни сеҳр билан муолажа қилиш жоиз эмас. Балки, сеҳрни руқя (дам солиш) билан, Қуръон ўқиш билан, руқя ҳақида келган пайғамбарона зикрлар билан, дуо қилиб, Аллоҳдан шифо сўраш билан муолажа қилинади. Ибн Таймиянинг «Ал-калимут-тоййиб», Ибн Қаййимнинг «Ал-вабилус-соййиб», Нававийнинг «Риёзус-солиҳийн» ва «Ал-азкарун-нававия» китобларида шу мавзуга тегишли кўплаб фойдали зикру дуолар мавжуд. Ушбуларни ўқиб, фойдаланишингизни, аҳли оила ва яқинларингизга ҳам шуни тавсия қилишингизни насиҳат қиламиз.

Иккинчидан, онангизга насиҳат қилишда ва унинг ушбу ишини одоб доирасидан чиқмаган ҳолда инкор қилишда давом этинг, унга фақат яхшилик тиланг. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «Биз инсонга ота-онасини (яъни уларга яхшилик қилишни) амр этдик. Онаси унга ожизлик устига ожизлик билан ҳомиладор бўлди (яъни қорнидаги ҳомила каттарган сари онанинг ҳоли қуриб, заифлаша борур) уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (келур). (Биз инсонга буюрдикки), «Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Ёлғиз Ўзимга қайтажаксан!» Агар улар (яъни ота-онанг) сени ўзинг билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга зўрласалар у ҳолда уларга итоат этма! Уларга (гарчи кофир бўлсалар-да), дунёда яхши муомалада бўлгин ва ўзинг менга ижобат-тавба қилган кишиларнинг йўлига эргашгин!» (Луқмон: 14-15).

Учинчидан, агар унинг аҳволи касаллиги кучайган пайтда сиз айтгандек ҳолатда, яъни худди мажнуналардек бўлиб қолса, бу нарса узр деб эътибор қилинади ва шу ҳолатида ундан содир бўлган ишларни Аллоҳ кечириши умид қилинади. Аллоҳнинг Ўзи шифо берувчи ва тўғри йўлга йўлловчидир.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга ҳамда у зотнинг аҳли ва асҳобига саловоту саломлар йўлласин.

(Илмий Тадқиқотлар ва Фатво бериш Доимий Қўмитаси: 1/559).