Душанба 29 Апрель 2024 | 20 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Фаровонлик неъматми ё ниқмат*?

2033 марта кўрилган

Одамлар учун яшаш қулайликлари қанча кўпайса, улар дунё халқлари билан қанча кўп алоқа қилсалар, уларга ёмонлик эшиклари шунча кўп очилади. Дабдаба ва фаровон ҳаёт инсонни бузади. Чунки инсон дабдабага ва жасадини яйратишга эътибор қаратса, қалбини парвариш қилишни эсдан чиқаради. Унинг энг катта мақсади эртага қуртларга ем бўладиган, сасиб кетадиган жасадни парваришлаш бўлиб қолади. Мана шу айни балодир. Бугунги кунда одамларга зарар берган нарса мана шудир. Кимга қулоқ солманг, албатта ундан: Қасримиз (уйимиз) қандай бўлсайкин? Мошинамиз қанақа марка бўлсайкин? Қанақа мебел олсак экан? Нима овқат есак экан? – деяётганини эшитасиз!

Бу бало оддий одамлар қолиб, шаръий илм ўрганаётганларга ҳам етган. Улардан айримлари дунё топишга восита бўладиган бирор мансаб ё мартабага эришиш учун ўқийди. Гўёки инсон улуғ вазифа учун яралмагандек! Аслида дунё ва унинг ноз-неъматлари восита, холос. Аллоҳ субҳонаҳу ва таолодан сизу бизларни дунёдан воситадек фойдаланишимизга муваффақ қилишини сўрайман.

Шайхул Ислом Ибн Таймия – раҳимаҳуллоҳ – қуйидаги маънода сўз айтганлар: “Одам мол-дунёни худди эшакни миниш учун, хожатхонани хожат ўташ учун ишлатгани каби ишлатиши керак.” Мана шундай қилганлар мол-дунёнинг ҳақиқатини ва унинг ҳақиқий қадрини билган одамлар.

Сиз мол-дунёни, пул топишни асосий мақсадингиз қилиб олманг. Мол-дунёни эшакни мингандек миниг, агар сиз мол-дунёни минмасангиз у сизни минади ва фикр-зикрингиз дунё топиш бўлиб қолади.

Шунинг учун ҳам айтамиз: Одамларга дунё эшиклари қанча кўп очилса ва улар унга қарай бошласалар, улар қанча дунё топсалар охиратдан шунчасини бой берадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳга қасам, мен сизларга камбағаллик етишидан қўрқмайман. Аксинча, худди сизлардан олдингиларга мўл-кўл дунё ато этилганидек сизларга ҳам мўл-кўл бойлик берилишидан, улар бу борада кимўзар ўйнаганларидек сизлар ҳам кимўзар ўйнашингиздан, охир-оқибат, дунё уларни ҳалок қилганидек сизларни ҳам ҳалок қилишидан қўрқаман”, деганлар (Бухорий (3158) ривояти). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари нақадар тўғри! Айни мана шу нарса бугун одамларни ҳалак қилди. Бугун улар дунёвий ишлардан кимўзар ўйнаш билан ҳалаклар. Гўёки дунё улар учун эмас, улар дунё учун яратилгандек. Улар ўзлари у учун яратилган нарсани қўйиб, ўзлари учун яратилган нарса билан овора бўлиб қолдилар. Бу йўлдан озишнинг бир кўринишидир, Аллоҳ сақласин!

*Ниқмат – бало, азоб.

Риёзус солиҳийн шарҳидан иқтибос. Муҳаммад Солиҳ Усаймин Абу Закарийя ал-Маданий арабчадан ўгирди