Якшанба 17 Декабрь 2017 | 28 Рабиул-аввал 1439 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Сатр аврати ва қараш (назар) аврати

420 марта кўрилган

Сатр аврати ва қараш (назар) аврати

Уламолар сатр аврати билан назар аврати ўртасини фарқлашади. Ким бу икки истилоҳ (атамани) тушунмаган бўлса унга муфассир ва фақиҳ уламоларнинг сўзлари тушунарсиз бўлади. Бу шу кунлардаги аксар изланувчи ва ёзувчилар уламоларнинг сўзларини тушунишда хатога йўл қўйишлари сабабидир. Уламолар аёл кишининг бегона эркаклар олдидаги аврати ҳақида гапирганларида икки хил маънони назарда тутадилар:

Биринчи: Сатр аврати; Уламолар жумҳури: «Аёлнинг юзи ва икки кафтидан бошқа ҳамма жойи аврат», дейдилар. Бир гуруҳ фақиҳ олимлар: «Аёлнинг ҳамма жойи аврат» ва шу каби сўзларни айтишади.

Иккинчи: Назар аврати; Уламолар: «Эркак аёлнинг юзи ва икки кафтидан бошқа бирор жойига қарамайди», ёки «У аёлнинг бирор жойига ҳаттоки юз ва кафтларига ҳам қарамайди», дейдилар.

Биринчи аврат сатр аврати бўлиб, уни фақат биров қараётгани учун эмас, аврат бўлгани учун тўсиш фарз. Масалан, қари кампир ёки ёш жувоннинг кўкраги, бўйни ёки сочи ёхуд болдири, қараган одамнинг кўнглини беҳузур қиладиган даражада хунук, энг ғаризаси кучли эркакнида ўзига жалб қилмайдиган бўлган тақдирда ҳам уни очиши мумкин эмас. Чунки, уни аврат бўлгани учун тўсилади, у билан фитналаниш (мафтун бўлиш) нинг бунга алоқаси йўқ.

Иккинчи аврат назар аврати бўлиб, уни очиш ташқи сабаб туфайли ҳаром бўлади. Ташқи сабаб йўқ бўлган пайтда уни очиш ҳаром бўлмайди. У ­– эркакларнинг қараши ва қараш билан фитнага тушишларидир. Уламолар – тўрт мазҳаб имомлари шу жумладан – юз ва икки кафт улар билан фитналаниш ҳосил бўладиган ҳолда назар авратидан экани ва уларни тўсиш фарз бўлишига иттифоқ қилганлар. Чунки, у унга қаралаётган аёлнинг аврати бўлгани учун эмас, қараётган эркак ва унинг фитналаниши сабабли авратдир. Шунинг учун уни ўзи учунмас бошқаси учун тўсилади. Уламоларнинг бу хусусдаги ихтилофлари фитналаниш бўлмайдиган ва эркак учун қарашга рухсат берилган ҳолатлардадир.

Қарашни вожиб қиладиган иккиламчи масалалар кўп бўлиб уларнинг айримлари қуйидагилар:

Эркакнинг уйланмоқчи бўлган аёлга қараши. Икки хусуматчининг бири аёл бўлса ва олди–сотди ёки хусуматда ҳақни исбот қилиш учун аёл гувоҳлик берса, – ҳақлар поймол бўлмаслиги ва бошқа аёл гувоҳлик бериб қўйишининг олдини олиш мақсадида – қозининг аниқлаб олиш учун аёлга қараши. Шунинг учун кўплаб фуқаҳолар назар авратининг ҳукмини баён қилишлари асносида умумий қилиб, битимлар, гувоҳликлар ва хусуматларда: «Унинг юзи ва икки кафтига қараши жоиз», дейдилар. Айримлари: «Аврат бўлмагани учун юзи ва икки кафтига қарайди», деган бўлишлари мумкин. Ёки «Унга (аёлга) у иккисини (юз ва кафтни) тўсиши вожиб эмас», дейдилар. Уларнинг бу сўзлари назар авратида, таълиллари (сабабини баён этишлари) эса сатр авратида. Шунинг учун сиз уламоларни бегоналар олдида юзни очиш ва асоссиз қараш каби масалаларда аёл киши юзини ўрашини вожиб қилаётганларини топасиз.

Бунга ҳанафийлар қарор қилган ҳукм мисол бўлади: Абу Жаъфар ат–Таҳовий «Шарҳ маонил осор» да сатр аврати ҳақида гапираётганда: «Одамлар учун ўзларига маҳрам бўлмаган аёллардан юз ва кафтларига қарашларига рухсат бўлди.», деди.[1] Ҳанафийларда сўз назар аврати ҳақида бўлганда, улар аёл киши ва ундан кейин келувчи одам учун ҳукмни баён қиладилар. Ҳанафийларнинг Дамашқдаги муфтийси Алоуддин Ҳаскафий «Дуррул мухторда» қуйидагиларни айтади: «Навқирон аёл бегона эркаклар орасида юзини очишдан ман қилинади.»[2] Ҳанафий олим Таҳтовий «Ҳошиясида» деди: «Ёш аёл юзини очишдан у аврат бўлгани учун эмас, балки фитна хавфи бўлгани учун ман қилинди.»[3]

Яна бир мисол, Нававий «Мажмуъда» сатр аврати ҳақида гапираётганида юз ва икки кафтни истисно қилгани[4] ҳам бунга мисол бўлади. Имом Рамлий «Ниҳоятул муҳтожда» ёзадилар: Юз ва икки кафтни истисно қилганлардан битталари имом Нававий бўлиб, «Мажмуъда» шундай қилганлар, лекин буни (юз ва кафтни ўрашни) озод аёл ҳаққида фарз қилганлар. Ҳаётлигида уларни сатр қилишнинг фарзлиги аврат бўлгани учун эмас, балки уларга қараш кўпинча фитнага солгани учундир.[5]» иқтибос тугади.

Байҳақий «Маърифатус сунани вал осор» номли асарларида: Имом Шофеийнинг махтуба (совчи қўйилган аёл)нинг юзи ва икки кафти аврат бўлмагани учун уларга қараш жоизлиги ҳақидаги сўзларини келтирганларидан сўнг дедилар: «Рухсат берувчи сабаб бўлмаган ҳолда номаҳрамга қарашдан қайтариқ ҳижоб ояти билан собитдир. Аёллар зийнатларини оятда номлари келган маҳрамларидан бошқаларга кўрсатишлари жоиз эмас.[6]»

Субкий ҳам шундай деган: «Асҳобларимизнинг сўзларига энг яқини, аёлнинг юзи ва икки кафти назарда (қарашда) аврат, намозда эмас.[7]» иқтибос тугади.

Шунинг учун имом Моликнинг мазҳаби аёл кишининг йўлида унга қарайдиган одам бор бўлса, аёл юзини очишининг ҳаром экани, қаровчи йўқ бўлса, очишининг жоизлигидир. Чунки, у сатр аврати билан назар аврати ўртасини ажратади. Ибн Қаттон деди: «Менинг назаримда қуйидагиларни айтиш мумкин: «Моликнинг мазҳаби эркак кишининг бегона аёлга қараши фақат зарурат учунгина жоиз бўлади… (Юз ва кафт) кўринишининг жоизлиги ва ҳаромлиги унинг – Моликнинг – назарида қарашнинг жоизлиги ёки ҳаромлигига боғлиқ. Қайси ўринда қараш жоиз бўлса, ўша ўринда кўринишга ижозат бор.[8]» иқтибос тугади.

Иккаловларининг (Молик ва Шофиийнинг, валлоҳу аълам) очишдан ман қилишлари юз ва икки кафт уларнинг назарида аврат эканини лозим тутмайди, юз ва икки кафт уларнинг назарида аврат эмаслиги уларни (юз ва кафтни) очиш лозимлигини англатмайди.

Кўпинча тўрт мазҳаб имомларининг сўзларидан керакли жойи кесиб олинади. Масалан, уларнинг сатр аврати ҳақидаги сўзлари олинади­–да очиқ–сочиқлик ва ҳусну жамолни кўз–кўз қилиш жоиз эканига далил қилиш учун уни назар аврати ўрнига қўйилади! Бунинг сабаби жоҳиллик ёки ҳавои хоҳиш.

Иккита ишкал

Биринчи ишкал: Баъзи ёзувчилар айрим фуқаҳоларнинг: «У учун унинг юзи ва икки кафтига қараши жоиз», деган сўзлари билан «Аёл юзи ва икки кафтини тўсиши вожиб бўлади» деб айтган сўзлари ўртасини жамлашга қийналадилар. Улар қарашнинг жоизлиги очишни лозим қилади, шунингдек ўраш (ёпиш) қарамасликни лозим тутади, деб ҳисоблайдилар.

Иккинчи ишкал: Уларнинг баъзилари Аллоҳнинг кўзни сақлашга буюриши юзни очишни лозим қилади деб ўйлайди. Очиқ нарсадан кўзни сақлашга буюрилади–да! (Юз очиқ бўлмаса, нима учун кўзни сақлашга буюрилади?!) – деб хаёл қилади.

Бу ишкал ҳам аввалгиси кабидир. Бундай ишкал сатр аврати билан назар авратини ажратолмайдиган одамда пайдо бўлади. Бу ишкални кеткизиш учун: шариатда бу ўринга тааллуқли икки ҳукм бор деб айтилади:

Биринчи: Унга қаралаётган аёлга тааллуқли ҳукм: Аёл юзини унга рухсат борлиги учун очиши мумкин; чўри ва ўтириб қолган кекса кампир, озод аёл қозининг ҳузурига гувоҳлик бериш ёки хусумат сабабли келганда қози унинг шахсини аниқламоқчи бўлса, совчилик пайтида ҳамда кофир аёлларнинг юзларини очишлари каби ҳолатлар. Гоҳида озод аёл шаръий буйруққа хилоф равишда юзини очиши мумкин. Ҳамма ҳам буйруққа бўйсунавермайди. Аёлнинг ўзига тегишли ҳукми бор, эркакнинг ҳам ўзига тегишли ҳукми бор. Ким ўзига тегишли ҳукмда бепарволик қилса, бу ўша ҳукм бошқанинг зиммасидан соқит бўлишини лозим қилмайди. Бунинг мисоли тилла ёки кумуш каби молини кўчада қолдирган кишига ўхшайди. Унинг бундай қилиши бу молни ўғирлаш мумкинлигини англатмайди. У одам молини сақлаши, бошқалар эса гарчи у мол ташлаб қўйилган бўлса ҳам у молни ўғирламасликлари вожибдир.

Иккинчи: Қаровчи эркакка тааллуқли ҳукм: У қаровчи эркак сифатида ўзига боғлиқ бўлган нарсада кўзини сақлашга буюрилган. Масалан, чўрилардан мафтун қиладиган жойларига қарамаслик, кампирни кўрса ҳам фитналаниб қолаверадиган одам гарчи капмир учун юзини очиб юришга рухсат бўлсада, унга қараш бу каби одамнинг ҳаққида ҳаром бўлади. Совчилик қилинганда, гувоҳлик берилаётган ва ҳуқуқлар исботланаётган пайтда фақат юзга қараш лозим, ҳеч қачон ундан тажовуз қилиб бўйин ва сочга қараш мумкин эмас.

Аввалги замонда кўчаларда чўрилар озод аёллардан кўпроқ бўлишар эди. Шунинг учун аёл кишига қараш масаласи умумий қилиб айтиб қўйиларди. Чўри доимо, озод аёл гоҳида юзини очишининг жоизлиги ҳар қандай ҳолатда унга қараш жоиз эканини англатмайди. Ҳолат ўзгариб ҳур аёлларнинг чўрилар каби кўчага чиқишлари кўпайган пайтда ҳукмлар ҳам беқарор бўлди, одамлар бу ҳукмларни воқеий ҳаётларида оғир санайдиган бўлиб қолишди.

Мана шу боис фуқаҳолар гарчи уларнинг аксарлари юзни аврат демаган бўлсалар ҳам аёлни юзини ўрашга буюрадилар. Зеро, у ўзига қараётган одам ундан қай даражада фитналанишини билмайди. Қаровчилар кўп, у бўлса битта, одамларнинг ҳаммаси ҳам кўзини сақлайвермайди. Фаразан, аёл кишини – уни кўрса ҳам ундан фитналанмайдиган – фақат битта қария ёки жинсий заиф одам кўрадиган бўлса, унга юзини очиши мумкин, сочини очиши ҳаром. Чунки, юз назар аврати, айни дамда унинг боиси мавжуд эмас, соч эса сатр аврати бўлиб унинг фитнага алоқаси йўқ, қаровчи кўзнинг мавжудлиги кифоя қилади.

Тўрт имомнинг аёл юзини очиши ҳақидаги сўзлари

Имом Молик, Абу Ҳанифа ва Шофеий аёл юзини очиши ҳақида алоҳида гап айтмаганлар. Бу уларнинг китобларида ҳам, уларнинг яқин шогирдларининг “масалалари”да ҳам мавжуд эмас. Бироқ, улар аёлнинг юзи ва икки кафти ҳақидаги масалани намоз ва ҳаж каби ибодат, никоҳ ёки тижорий битим каби муомала бобларидаги аёлга тегишли масалани гапирганларида тилга оладилар. Чунки, уларнинг назарида озод аёллардаги асл–асос ўраниш, иффат ва юзни беркитишдир. Уларнинг ҳамма сўзлари ушбу собит асл–асосдан истисно қилинадиган бобларда бўлган. Имом Муҳаммад ибн Алий ал–Мавзаий шофеий ўз «Тафсирида» дедилар: «Абу Ҳанифа, Молик ва Шофеий каби салафлар ва бошқалар фақат намоз аврати ҳақидагина гапирганлар» сўзларининг давомида: «Улардан бирорталари ёш аёлга заруратсиз юзини очишига, навқирон йигитга ҳам заруратсиз ёш аёлга қарашига рухсат беради, деб ўйламайман.[9]», деганлар. Иқтибос тугади.

Агар аёллардаги асл–асос очиқлик бўлганда эди, масалани тобе ўлароқ ўрганишдан кўра мустақил равишда ўрганишлари таъкидлироқ ва вожиброқ бўлар эди. Улар бу масалада фақат аслга хилоф бўлгани учун, эҳтиёж туғулсагина изланганлар. Намозда юзни очиш, ҳажда ниқоб тақиш, хусуматлар, битимлар ва шунга ўхшаш масалалар шу жумладандир. Чунки, бу бобларда аёл асл–асосдан бошқасига кўчиб ўтмоқда, демак таъкидлашга эҳтиёж бор. Юқорида номлари тилга олинган имомларга улар айтмаган сўзлар нисбатланган, уларга лозим бўлмайдиган ишлар уларга лозим қилинган. Ҳаттоки, фитна бўладими, ёки йўқми аёл бегона эркаклар олдида юзини очса бўлаверади, деб рухсат берганлари уларга ёпиштирилган. Бу улар ҳам, улардан аввалгилар ҳам, уларнинг шогирдларидан бирортаси ҳам, умуман олганда гапи эътиборга олинадиган бирон киши айтмаган ноҳақ сўздир.

Имомларнинг мақсадларини ва сўзларининг сиёқларини ва ўринларини билмаган одам уларнинг сўзларини улар ирода қилмаган маънода қўллайдилар. Уларнинг ҳаммаларининг ёки айримларининг сўзлари фиқҳнинг бир неча ўрнида юзни очишга бевосита боғлиқ бўлмаган ўринларда келади, жумладан: намоз аврати, эҳромдаги аёлнинг ниқоби, битимлар, гувоҳликлар ва совчиликда юзга қарашга эҳтиёж ва шунга ўхшаган ўринлар.

Намоз авратига келадиган бўлсак: бу уламолар энг кўп гапирадиган боблардан бўлиб, улар умумий қилиб аёлнинг юзи ва икки кафтидан бошқа жойи аврат дейдилар. Намоз аврати бир нарса, қараш аврати эса бошқа нарса. Аёл ўз уйида ёлғиз бўлган, уни бирон киши кўрмаган тақдирда ҳам, агар у бошини очадиган бўлса, уламолар иттифоқи билан унинг намози бузилади. Агар у: мени ҳеч ким кўрмаяпти-ку деса, ёки менинг олдимда фақат болам ё эрим бор, холос-ку, деса унинг бу сўзи эътиборга олинмайди. Чунки, аврат намоз учун, улар учун эмас. Намоз авратини назар – қараш авратига аралаштириш шу бобда ёзувчилар қилган олимлар ҳаққидаги энг катта хатолардан ҳисобланади.

Тўрт мазҳаб уламоларидан бир нечталари айтганлар: Аёл намоз ўқиётганда унинг олдида бегоналар бўлса, у юзини тўсади. Шофеийлардан Ширбиний деди: «Агар у (аёл) унга қарашдан сақланмайдиган бегона эркаклар бор жойда бўладиган бўлса, ниқобни кўтариши мумкин эмас», моликийлардан Лахмий, ҳанбалийлардан Ибн Таймия ва бошқалар шундай деганлар, ҳанафийлардан Таҳтовий ва бошқалар бунга ишора қилганлар.

Айрим ёзувчилар «аёлнинг юзи аврат эмас» деган Ибн Қудома имом Аҳмаддан нақл қилган, Мовардий ҳам «Инсоф» китоби намоз авратидаги бобда келтирган ривоятга асосланиб, “Юзни очиш жоиз” деган ривоятни имом Аҳмадга нисбат беришган. Бундай сўзни имом Аҳмад ва ундан бошқа имомларнинг истилоҳларини ва турли боблар ҳамда аврат турлари ўртасини ажратишларидаги фиқҳларини билган одам гапирмайди.

Имом Молик ва Шофеийга нисбат бериладиган «Аёлнинг юзи ва икки кафтидан бошқа ҳамма жойи аврат» деган машҳур сўз шу жумладандир. Имом Моликнинг сўзи «ал–Мудаввана»да, имом Шофеийнинг сўзи «ал–Ум»нинг намоз бобларида келган. Ана шу ерда «Қадамлари (оёқлари)нинг бети (усти) авратдир» дейилган. Анави ёзувчилар намоз авратига боғлиқ очиладиган жойлар; юз ва икки кафтни намоздан ташқарида очилиши учун олишадида, уламоларнинг: «Икки оёқнинг бети авратдир» деган сўзларини ташлашади ва уни намоздан ташқаридаги ҳолатга туширмайдилар, чунки у сатр–да! Бугунги кунда юз ва кафтларини очадиган аёлларда оёқларининг бетини очиб юриш ҳам кенг тарқалган. Намоздаги сатр авратни намоздан ташқаридаги назар аврати ва ўраниш масаласи учун нақл қилиш ўз ўрнида бўлмаслиги билан бирга жаҳолат ва ҳавою ҳохишга далолат қилади, холос.

Эҳромдаги аёлнинг ниқоби ҳақидаги масалага келсак, уламолар бу масалада иттифоқ қилганлар. Бу юқорида айтиб ўтилганидек, худди эркак кишини эҳромдалик пайтида иштон, кўйлак, махси ва пайпоқ каби аъзоларга мослаб тикилган нарсани кийишдан қайтарилишига ўхшайди. Эҳромдаги аёлни ниқоб тақишдан қайтариш Исломдан олдин ҳам бўлган. Тўрт имомдан – Абу Ҳанифа, Молик, Шофеий ва Аҳмад Аёл киши ҳажда юзини ниқобдан бошқа нарса билан тўсиши ҳақидаги сўзлари “жоиз” “зарари йўқ” деган ибора билан нақл қилинади. Зеро, (юзни очиш ҳақидаги) асл–асос таъқиқ ва гуноҳ бўлишидир. Сафо ва Марва оралиғида ҳаракатланиш ҳақидаги Қуръоннинг услуби айни шу бўлганди; Аллоҳ таоло деди: «Энди ким ҳаж ё умра қилиш мақсадида Каъбага келса, бу икки тоғ ўртасида саъй қилишида у учун ҳеч қандай гуноҳ йўқ» (Бақара: 158). Зеро, жоҳилият даврида Сафо ва Марва устига икки санам ўрнатилган бўлиб, одамлар ўша бутлар учун саъй қилишар (икки тоғ оралиғида бориб келишар) ва улар Сафо – Марва оралиғида фақат мана шу икки санам учунгина саъй қилинади деб билишарди. Шунинг учун Исломда саъй қилиш жорий бўлганда улар гуноҳкорликни ҳис қилишди, шунда Аллоҳ саъй қилиш вожиб бўлишига қарамай: «Энди ким ҳаж ё умра қилиш мақсадида Каъбага келса, бу икки тоғ ўртасида саъй қилишида у учун ҳеч қандай гуноҳ йўқ, аксинча, бундай қилиш унга вожибдир» оятини туширди.

Кўпинча уламоларнинг аёл кишининг ҳаждаги либоси ҳақида айтган сўзлари аёл киши юзини очиши ҳақидаги бобда нақл қилинади, ҳолбуки улар масаланинг асли ҳақида гапирмаган бўладилар. “Ундай қилса бўлади, бундай қилса бўлади” маъносидаги рухсатга далолат қиладиган иборалар «Аёл кишининг ҳамма жойи, ҳаттоки тирноғи ҳам аврат» эканини очиқ айтадиган имом Аҳмаднинг гапларида ҳам мавжуд. Масалан, у эҳромдаги аёл юзини ниқобдан бошқа нарса билан ўрашининг ҳукмини баён қилаётган ўринда: «У учун юзига юқоридан (рўмол каби нарсани) тушириб олиши мумкин», деган. Имом Аҳмаднинг ибораси бошқа имомларнинг иборалари кабидир; улар бегона эркаклар олдида юзни ўраш ҳақидаги умумий ҳукм ҳақида эмас, балки хос ҳукм ҳақида гапирмоқдалар. Фиқҳ китобларида бунинг мисоллари жуда кўп, улар айтадиларки: «Мусофир сув топа олмаса таяммум қилиши мумкин» ҳолбуки, сув топилмаса намоз олдида таяммум қилиш вожиб бўлади.

Араблар эҳромдаги аёлга юзнинг ҳаммасини ниқоб ва бошқа нарса билан ўрашни ҳаром қилган эди. Хуфоф ибн Нудба Суламий деди:

Ҳаж ойлари унинг ҳусну жамолин

Намоён айлайди, юзин очади.

Атир-упа сепса, эҳромдан чиқиб

Кўкдаги ой каби нурин сочади.

Сўнгра Ислом буни бекор қилишни олиб келди ва қалбларида топадиган ноқулайлик ҳиссини аритди. Оиша онамиз ҳам аёлларни бу масалада огоҳлантирар эдилар. Улар Оиша онамиздан ўша ўрайдиган нарсамиз ниқоб ҳукмига кириб қолмайдими? – деб сўрашар эди. Ибн Саъд Исмоил ибн Холиддан, у онаси ва опасидан ривоят қилди, улар иккиси Тарвия куни Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳузурига кирган эканлар. Мажлисда ҳозир бўлган аёллардан бири ундан “мен учун эҳромдалик ҳолимда юзимни ўрашим ҳалол бўладими? – деб сўради. Оиша онамиз рўмолларини кўкракларидан кўтариб бошларининг устига қўйдилар (яъни, кўкраклари устида турган рўмолининг бир учини олиб юзлари узра кўтариб бошларига қўйдилар, юзларини ўрадилар)[10].

Фиқҳ имомларидан баъзилари бу масалада улар (олимлар) аёлни ниқоб тақишдан ман қилган пайтларида аёл ҳажда юзини очиши ва одамларга кўринаверишига рухсат беряптилар деган нотўғри тушунча пайдо бўлишини бартараф қиладилар. Шофиий олим Имроний «Ал–Баён»да дейди: «Биз бу билан аёл одамларга кўринишини ирода қилмаймиз»[11].



[1] «Шарҳ маонил осор» (4/332).

[2] «Дуррул мухтор» (1/438).

[3] «Ҳошиятут Таҳтовий ала мароқил фалоҳ» 241 бетга қаранг.

[4] «Мажмуъ» (3/174) га қаранг.

[5] «Ниҳоятул муҳтож» (2/457) га қаранг.

[6]«Маърифатус сунани вал осор» (10/23) га қаранг.

[7] Хатиб Ширбиний унинг бу сўзларини «Муғни ал–муҳтожда» (4/209) да нақл қилган.

[8] «Анназару фи аҳкамин назар» 50, 51 бетларга қаранг.

[9] «Тайсирул баян лиаҳкамил Қуръан» (2/1001) га қаранг.

[10]Ибн Саъд «Табақот ал-куброда» (10/456) ривоят қилган.

[11] «Ал–баяну фи мазҳабил имам аш–Шафиий» (4/154).