Жума 26 Апрель 2024 | 17 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Сатр-ўраниш, либоснинг шариатдаги ва фуқаҳолар луғатидаги истилоҳлари ва улар ўртасини фарқлашнинг лозимлиги

4014 марта кўрилган

Сатр-ўраниш, либоснинг шариатдаги ва фуқаҳолар луғатидаги истилоҳлари ва улар ўртасини фарқлашнинг лозимлиги

Қуръон ва Суннатда сатрнинг маъноларида кўпчилик одамларга тушунарсиз бўлган бир неча лафз ва атамалар келган. Гоҳида айрим фуқаҳолар ана шу истилоҳларнинг баъзиларини унинг ваҳийдаги маъноларига мутобиқ бўлмаган маъноларда қўллайдилар. Илм фанда истилоҳлар кенг қўлланади. Бироқ, маънолар бир-бирига кириб кетмаслиги, ваҳий истилоҳи билан айрим фуқаҳолар истилоҳининг мақсади аралашиб кетмаслиги учун ‒ тил кўпинча ўша маъноларнинг барини ўз ичига олади ‒ истилоҳнинг шариат тили ва фуқаҳолар тилидаги истеъмоли ўртасини фарқлаш лозим бўлади.

Бу атамалар бир нечадир:

Ҳижоб: Ҳижоб сўзи Китоб ва Суннатда икки нарса ўртасини тўсиб турувчи тўсиқ (парда) маъносида қўлланади. У девор, мато ёки тахтадан бўлиши мумкин. У Қуръон ва Суннатда либос ва кийиш маъноларидан биронтасини англатиб келмаган. Уммаҳотул мўъминин (мўминларнинг оналари) ҳақидаги оятда ана шу тўсиқ, парда маъноси мақсад қилинган: «Қачон сизлар (пайғамбар аёлларидан бирон нарса сўрасангизлар) парда ортида туриб сўранглар!» (Аҳзоб:53), Аллоҳ таолонинг Шўро:51- оятидаги сўзи ҳам айни шу маънода: «Бирон одам учун Аллоҳ унга сўзлаши жоиз эмас, магар ваҳий орқали, ё бирон парда-тўсиқ ортидан... (сўзлар)», Марям ҳақидаги сўзи ҳам: «(Эй Муҳаммад ‒ соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сизга нозил қилинган Қуръонда Марямни зикр қилинг: У ўз аҳли-оиласидан четга – кун чиқар томонга бориб олди ва ўз қавми билан ўзи ўртасида, улар уни ибодат қилаётган пайтида кўрмасликлари учун парда тўсиб олди», (Марям:17), Пайғамбари Сулаймон ҳақидаги сўзи ҳам: «У (ўша отларга махлиё бўлиб, кун ботиш олдида ўқийдиган намози қазо бўлгач,) деди: «Дарҳақиқат мен Раббимни эслашдан мол-мулкни севишни афзал кўрибман ‒ бу отлар ҳам шулар жумласидан! Ҳатто (қуёш ҳам) парда ортига беркинибди (яъни ботиб кетибди)!» (Сод: 32), кофирларнинг Набий ‒ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ‒ га айтган гаплари ҳақидаги сўзи ҳам: «... ва сен билан бизларнинг ўртамизда бир тўсиқ бордир. Сен ҳам ўз амалингни қилавер, бизлар ҳам албатта ўз амалларимизни қилувчидирмиз» (Фуссилат: 5), ҳижоб Суннатда ҳам айни шу маънода келган. У бировга хосланган либос эмас, балки у икки нарса ёки икки томон ўртасини тўсувчи нарса.

У гоҳида луғатда эркаклар билан эркаклар ўртасини тўсишга ишлатилади; бунга «саҳиҳайн»даги Набий ‒ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ‒ нинг вафотларининг қиссасидаги Анаснинг ҳадиси мисол бўлади: «Набий ‒ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ‒ қўллари билан Абу Бакрга имомликка ўтинг, деб имо қилдилар ва пардани туширдилар. То вафот этгунларича юра олмадилар»([1]).

Гоҳида эркак ва аёллар ўртасини тўсишга ишлатилади; саҳиҳ ҳадисда келган Умар ‒ розияллоҳу анҳу ‒ нинг сўзи бунга мисол бўлади: «Эй Расулуллоҳ! Сизнинг олдингизга яхши ҳам ёмон ҳам киради, Уммаҳотул мўъмининни ҳижобга буюрсангиз эди! Аллоҳ ҳижоб оятини туширди»([2]).

Гоҳида эса баданнинг маълум қисмини тўсадиган нарсага ишлатилади, бу жуда оз; «Саҳиҳ»да Абу Ҳурайра ‒ розияллоҳу анҳу ‒ дан ривоят қилинган у деди: Расулуллоҳ ‒ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ‒ дедилар: «Ҳар бир Одам боласи туғулганда шайтон унинг биқинига бармоғи билан нўқийди фақат Ийсо ибн Марям бундан саломат қолган, нўқимочи бўлганда пардани нўқиган». Бухорий (3286), Муслим (2366).

Ийсо ‒ алайҳиссалом ‒ нинг қиссаси ҳақида келган ҳадисдаги маъно сўнгги пайтлардаги фуқаҳолар ва ёзувчиларнинг сўзида кўп учрайди. Улар «Ҳижоб» сўзини баданни, хусусан аёлнинг баданини тўсиб турадиган либосга ишлатадилар. Айримлар ўта хослаб юборганлар ва уни бош ва юзни тўсадиган нарса деганлар. Бу хослаш араб тилининг аслига муориз бўлмасада, Китоб ва Суннат тилида ҳам саҳобаларнинг истилоҳида ҳам маъруф эмас. Шундай экан, шариатдаги истилоҳлар ва истеъмоллар бир-бирига киришиб кетмаслиги учун уни ажратиш лозим. Буни ажратмаслик оқибатида аёл бутун баданини тўсиши барча муслималар ҳақида эмас, у фақат Уммаҳотул мўъмининларга хос, зеро Аллоҳ таоло уларни хослаб: «Қачон сизлар (пайғамбар аёлларидан бирон нарса сўрасангизлар) парда ортида туриб сўранглар!», (Аҳзоб:53) деди деювчилар бўлди. Чунки, улар ҳижобни либос деб тафсир қилдилар, бу ўта жоҳилликдир.

Оятдаги "ҳижоб" кийим турларидан биронтаси эмаслиги билинган бўлса, биз «Аллоҳ Уммаҳотул мўъмининга баданнинг муайян жойини тўсиб турадиган баъзи либос аҳкомларини хослаган» деб айтадиган одамларнинг гаплари заиф эканини билиб оламиз. «Ҳижоб» сўзини луғатда ва баъзи фуқаҳолар истеъмолида либос маъносида ишлатиш мумкин бўлса ҳам, уни Қуръон истеъмолига мутобиқ маънода истеъмол қилиш мумкин эмас.

Шунингдек, луғатда ва айрим олимларнинг истеъмолида «Ламс» сўзи эркакнинг аёл баданига тегиши маъносида келади, бироқ бу маънони зиҳор ҳақидаги Аллоҳнинг сўзига истеъмол қилиш тўғри бўлмайди, чунки у Қуръонда жимо (қўшилиш) маъносида келган: «Ўз хотинларини зиҳор қилиб, сўнгра айтган сўзларидан қайтадиган кимсалар (зиммасида эр-хотин бир-бирларининг баданларига тегишларидан) қўшилишларидан илгари бир қулни озод қилиш бордир.» (Мужодала: 3), валлоҳу аълам.

Химор (рўмол): Химор сўзи Қуръон Каримда Нур сураси 31 оятда келган: «... кўкракларини рўмоллари билан тўссинлар!», خمار химор (рўмол) خمَّرَ يخمر تخميرا нинг ўзаги, маъноси: қоплади, ўради, беркитди. Ароқ ақлни ўраб қўйгани учун хамр деб аталган. Химор аёллар киядиган ва бошига ўраб бошини ва ундан паст қисмини тўсадиган кийим, уни арабчада насиф деб ҳам аталади. Химор уч жойни ўраш учун ишлатилади, шу уч жойнинг ҳар бирини химор (рўмол) ўрайди:

Биринчиси: Бош; бу ҳукм оятнинг зоҳирий маъносидан олинди. Бош ‒ рўмол ўраладиган марказ, яъни унинг ўралиши бошдан бошланади. Баъзи ҳадисларда эркакларнинг салласи химор деб аталган. Бу Муғира([3]), Савбон([4]), Билол([5]) ва Салмонларнинг([6]) ҳадисида келган. Умму Салама бошининг сочлари ўрнига химорига масҳ тортар эди([7]). Ибн Умар ‒ розияллоҳу анҳумо ‒ нинг мавлоси Нофеъдан саҳиҳ ривоятда келган, деди: «Мен гўдаклик чоғимда Софийя бинт Аби Убайдни таҳорат олганини кўрганман, бошига масҳ тортмоқчи бўлганида рўмолни сиридиб орқага тушириб қўярди»([8]). Шунга ўхшаш ривоят Ибн Мусайяб([9]) ва Нахаийдан([10]) саҳиҳ ривоятда келган.

Ато ибн Аби Рабоҳдан собит бўлган, деди: «Агар аёл киши бошига масҳ тортмоқчи бўлса, қўлини рўмолининг остига киргизади ва бошининг олд томонига масҳ тортади, шу кифоя қилади»([11]).

Ибн Сийриндан аёл киши қулоқлари рўмолдан чиқиб турган ҳолда намоз ўқишини кариҳ кўргани собит бўлган([12]).

Иккинчиси: Кўкрак([13]); Бунга Аллоҳ таолонинг «кўкракларини рўмоллари билан тўссинлар!» деган сўзи далил бўлади. Зеро, «кўкраклар» кийимларнинг кўкрак қисмлари бўлиб, одатда кийим кийилаётганда ўша ердан бош чиқарилади. Рўмол билан тўсиш рўмолни бошга ўраб икки учини кўкракнинг қарама-қарши томонларига ташлаш билан бўлади. Ҳадисда: «Чаккасига муштлаган, кўкракларини йиртган биздан эмас»([14]) дейилган. Бу ‒ аёл кишини мусибат пайтида кийимининг кўкрагини йиртишдан қайтариқдир.

Учинчиси: Юз; Рўмол узун мато бўлиб аёл киши уни бошидан бошлаб хоҳлаган еригача туширади, юз ҳам шу жумладан. Ҳишом Ҳафса бинт Сийрин Умму Ҳузайлдан нақл қилган саҳиҳ ривоятда келган, Ҳафса деди: «Маййит аёлга худди тирик аёл каби рўмол ўралади. Кўкрагини ўраган рўмолнинг бир газ миқдори унинг юзига ташлаб қўйилади»([15]).

Фараздақ деди:

Тор жойларда юрган хотин-халажлар

Ёпмайди автарин ўралган рўмол.


Юқорида айтиб ўтганимиздек араблар химорни насиф (ўзбек тилида ҳар иккиси рўмол) деб атайдилар, шариат тилида ҳам шундай; «Саҳиҳда» Анас ‒ розияллоҳу анҳу ‒ ҳадиси келган: «Агар жаннат аҳлидан бўлган бир аёл Ерга кўриниш берса, Еру Осмон ўртасини нурафшон қилган ва хушбўйи билан тўлдирган бўларди. Унинг бошидаги рўмоли дунё ва ундага барча нарсадан яхшироқдир»([16]). Ибн Абу Шайба «Мусаннафида» Ҳасан Басрийнинг мурсалида([17]) Набий ‒ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ‒ химорни насиф деб очиқ тафсир қилинганлари келган([18]).

Насиф ‒ химордир, араблар юзни ўрайдиган матони шундай номлайдилар. Нобиға деди:

Беихтиёр юзидан рўмоли тушди,

Тез олиб, қўл билан оразин тўсди.


Химор шу уч маънода ёки улардан бирида истеъмол қилинади. Аёллар ишлатадиган рўмол (химор) бошни, елкаларни, юз ва кўкракни ўраб туради. Ибн Хузайма «Саҳиҳда» деди: «Химор аёл юзини тўсадиган нарса, уни бошидан юзининг устига ташлаб олади»([19]).

Агар аёл маҳрами учун юзини очса, рўмоли унинг юзи-жағи атрофини ўраб туради. Муслим ибн Абу Ҳурранинг ҳадисида келган, у деди: «Абдуллоҳ ибн Зубайр қамалда қолганида онаси Асмо бинт Абу Бакрнинг олдига кирди ва уни рўмол билан юз ўртаси, пешонаснинг тепасини ўпди», Ҳоким ривояти([20]).

Аслида: Химор (Рўмол) фақат бошда бўлмайди, балки бошдан бошлаб унинг паст томонида ҳам бўлади. Бунга далил; «Саҳиҳ Бухорийда» ривоят қилинган, Оиша ‒ розияллоҳу анҳо ‒ Абдуллоҳ ибн Зубайрга гапирмайман деб назр қилган ‒ назрини эслаб йиғлардилар, кўп йиғлаганларидан кўз ёшлари рўмолларини хўл қилиб юборарди([21]).

Абу Нуайм Исфаҳоний айтди: «Жилбоб-ёпинчиқ рўмолдан юқори чопондан қуйи даражадаги кийим бўлиб, аёл киши у билан боши ва кўкрагини ўраб олади»([22]).

Ғолибо аёл киши юзини ўрамоқчи бўлганда, рўмолнинг кўкрак томондаги қисмини кўтариб юзига ташлайди. Жилбоб-ёпинчиқни эса бошидан ташлаб юзи узра осилтириб олади ёки бошидаги ёпинчиғининг бир қисмини юзига ташлаб олади. Бунинг аксини қилса ҳам бўлади, хусусан, рўмол кенг бўлса, унинг бир қисмини бошидан юзига ташлаб олади.

Ёпинчиқ: Ёпинчиқ Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзида келган: «Эй пайғамбар, жуфтларингизга, қизларингизга ва мўминларнинг аёлларига айтинг, устларига ёпинчиқларини ўрасинлар!» (Аҳзоб: 59).

У рўмол устидан кийиладиган кенг либос бўлиб баданнинг юқори ва ўрта қисмини ўраб туради. Уни бошга ташлаб олинади ва у билан юз ва кўкрак ўралади. «Саҳиҳайнда» ривоят қилинган Оиша ‒ розияллоҳу анҳо ‒ нинг ҳадисида дедилар: «Ёпинчиғим билан юзимни тўсиб олдим»([23]).

Ёпинчиқ (жилбоб) бугунги кундаги абояга([24]) яқин лекин кийим шаклида тикилган бўлмайди. Уни қиноъ ва милоа ҳам деб аталади.

Химор билан жилбоб (рўмол билан ёпинчиқ) ўртасидаги фарқ: Рўмол ёпинчиқнинг остида бўлади, аёл киши рўмолни бошига ўрайди ва у билан баданининг бошдан қуйи қисмини ҳам ўрайди. У баданга ёпишиб турадиган қилиб маҳкам ўралади. Ёпинчиқ бунинг акси ўлароқ рўмол устидан ташланадиган қўшимча ўровчи нарса. Уни юз ва кўкрак устига ‒ аъзонинг ҳажми билинадиган қилиб ‒ тотриб, маҳкамлаб кийилмайди. «Саҳиҳ Муслимда» ривоят қилинган, Умму Сулайм шошиб, йўл-йўлакай рўмолини ўраб чиқиб келди([25]). Рўмол бошда маҳкам турганидан, аввалги аёллар пулларини унинг бир учига тугиб олишарди.

Тарих, воқеълик ва унинг фиқҳга таъсири

Ислом ёйилди, унинг далил ва ҳужжатлари одатлари фарқли, фикрлаш ва дунёқарашлари турли туман бўлган қавмлар ичида тарқалди. Улардан баъзилари бутпараст бўлган бўлса, бошқалари аҳли китоб, айримларининг умуман дини йўқ. Тиллар ўзгарди, ҳатто арабларнинг тили ҳам ўзгарди. Чунки, улардан баъзиларининг тили Қуръон ишлатган сўзларга яқин, баъзи арабларнинг тили Қуръонникидан узоқ эди. Айрим қабила ва халқлар бу иккисининг ўртасида эди. Инсон кўнгли истилоҳ ва атамаларни луғавий ёки одатий истеъмолга яқин бўлган сўзларга боғлашни хуш кўради.

Тил, урф-одат ва қадимги динларнинг одамга таъсири бор. Ғолибо одам ‒ ўзи сезмаган ҳолда ‒ ўзи яшаб турган урф-одат ва воқеликдан чиқишни истамайди. Қуръон ва ҳадис иффат ва сатрланишда фарқли бўлган қавмлар орасида ёйилди. Бу қавмлар ичида эркаклари юзларига ниқоб тутишга, аёллари эса очиқ-сочиқ юришга одатланган қавмлар бор эди. Айрим жамиятларда шариатнинг акси жорий эди; кампир бошига ёпинчиқ ташлаб юзини ёпса, қизи очиқ-сочиқ юрарди. Қачонки, бу қиз ҳам кексайиб ҳайздан қолса, бошига рўмол ташларди. Бу икки ҳолат ўртасида яна сон-саноқсиз ҳолатлар ва урф-одатлар мавжуд.

Халқларнинг урф-одатлари секин-аста ўзгариб бораверади. Ўзгартириш гардиши фалакнинг гардишидек уларни айлантириб бораверади. Ўзгартиш замони гоҳида 10 йил бўлса, гоҳида 100 йил, таъсир кучига қараб бўлаверади. Халқларнинг тарихига боқувчи (назар ташлаган) одамга агар бир аср (100 йил) бир кундек қилиб кўрсатилса ва у уларнинг кийимларида, қиёфаларида, емоқ-ичмоқларида, тилларида ва уй-жойларида жадал суратда ўзгариб бораётганларини мушоҳада қилса, унга ана шу асрда яшаганларнинг охиргилари асрнинг бошида яшаганларининг турмуш тарзидан мутлақо фарқли эканликлари аён бўлади. Ҳолбуки, улардан ҳар бири мен ўтганларимизнинг давомчисиман деб ўйлайди, бироқ у ўзи сезмаган ҳолда секин-асталик билан ўзгариб бораётганини ҳис қилмайди. Агар Қуръон қисса қилиб бермаганда ва тарих ёзиб қўймаганда, бугунги кундаги одамлар: биз худди отамиз Одамдек ҳаёт кечиряпмиз деган бўлардилар.

Шунинг учун ҳам халқлар, миллатлар ва давлатларнинг бугунги ҳолатининг эътибори йўқ. Зеро, жоҳилнинг жоҳиллиги у ёқда турсин, олимнинг тушунчасига ҳам воқеъликнинг таъсири бор. Жоҳил кўз очиб аҳли оиласи ва ҳамюртлари устида кўрган либослар ҳақида бу либослар бизга нубувват замонидан бери силсила билан давом этиб, етиб келган деб ўйлайди. Гоҳо айрим фуқаҳо ва ёзувчиларнинг воқеъдан таъсирланишлари уларни бир сўзни бошқасидан устун қўйишларига ёки сўзларнинг юмшоқ ва қаттиқлик даражаларини ўзгартиришларига олиб бориши мумкин. Мен ҳадис китобларни тадқиқ қилувчилардан бирини қўлёзмадаги имом Таҳовийнинг ҳадислардан бирига қилган изоҳини: «юзини очиши ҳаром эди»ни «бошини очиши ҳаром эди»га алиштирганини кўрдим. «Шарҳ мушкилил осор» (5/397). Тадқиқ қилувчининг ҳошияга ўз қилган иши ҳақида ёзиб қўйгани унинг яхшиликни мақсад қилганига далолат қилади. Биз юқорида химор бошга ва баданнинг юқори қисмига ўралишини айтиб ўтдик([26]). Абул Маҳосин Ҳанафий «ал-Муътасар минал мухтасар мин Мушкилил осор» номли китобида имом Таҳовийнинг сўзларини асл ҳолида нақл қилганлар: «юзини очиши ҳаром эди»([27]). Абул Маҳосин ҳижрий саккизинчи асрда яшаган ҳанафий олимлардан.

Яна бир мисол, аҳли илмлардан бири Ибн Ҳажарнинг «Фатҳул Борийда»: «Рўмоллари билан тўсиниб олдилар, яъни юзларини ўрадилар», деб айтган сўзларига шундай изоҳ берган: «Хаттот хато қилган бўлиши, ёки муаллиф "Кўкракларини" дейман, деб шошилишда "Юзларини" деб ёзиб қўйган бўлса керак([28])

Воқеъликнинг кучли босими, фикрий ва информацион ғарблаштиришга ҳаракатлар, кўпчилик мусулмонларнинг Ғарб мамлакатларида яшаши билан бирга кўплаб ёзувчиларнинг кўнгиллари воқеъга тақлид қилишга ва унга мос тушадиган гоҳида муҳкам (равшан), гоҳида муташобиҳ (аниқ мақсад тушунилиши қийин) бўлган оят-ҳидислар, салаф олимларнинг сўзларига моил бўла бошлади. Иш ‒ баъзи ёзувчилар аёл киши юзини ўраши аслида дин буюрган иш эканида шубҳа пайдо қилишга етиб борди. Иш бу ерда тўхтамади, уларнинг айримлари аслида ҳижоб ва аёл ҳамма ерини ўраши дин буюрган амал эмас, у одат холос, ибодат эмас эканида шубҳа тарақата бошладилар. Информация оқилларга таъсир қилганда, у қандай қилиб аҳмоқлар ва нафс-ҳавосига учганларга таъсир қилмасин?!

Инсофли одам воқеълик таъсири қандай бўлмасин, ундан халос бўлиши ва Қуръонни олимлар тили ва У нозил бўлган замонга яқин бўлган саломат қалб билан тилини тушунган ва унга амал қилган кишиларнинг тафсири билан тушуниши лозим. Зеро, Қуръон уларнинг тилида нозил бўлган ва Қуръоннинг сўзлари уларнинг тушунчаларига худди қозонга қопқоғи мос тушгандек мос тушган.

Араблар ва аёлнинг либоси

Набий ‒ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ‒ бирон қабила ёки бирон халқнинг либосини кийишга йўллаганлари собит бўлмаган. Лекин бу нарса Умар ибн Хаттоб ‒ розияллоҳу анҳу ‒ дан собит бўлган. У Озарбайжондаги волийларига: «Маъдий кийимларга маҳкам бўлинглар, ажамларнинг йўлларига эргашманглар, энг ёмон йўл ажамларнинг йўли». Буни Ибн Абу Шайба, Ибн Шабба ва бошқалар саҳиҳ санад билан ривоят қилганлар, унинг асли имом Аҳмаднинг «Муснадларида»([29]).

Умар ‒ розияллоҳу анҳу ‒ Маъд ибн Аднон қабилаларини назарда тутганлар. Улар Исмоил ибн Иброҳимнинг зурриётлари эканида хилоф йўқ. Бошқа ривоятда ҳам Умар ‒ розияллоҳу анҳу ‒ дан: «Отангиз Исмоилнинг либосидан қолманглар», дегани собит бўлган. Ибн Жаъд саҳиҳ санад билан ривоят қилган([30]).

Мақсад: Фасон ва дағаллик жиҳатидан Маъд ибн Аднон қабиласининг кийимларига ўхшаш кийимларни кийинглар. Набий ‒ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ‒ улар билан бирга яшаган ва у зотга насаб жиҳатдан яқин бўлган кишиларнинг аҳволларини билиш муҳим ишлардан саналади. Зеро, Қуръон нозил бўлган ҳолатни фаҳмлаш унинг мақсадини фаҳмлашга кўмак берадиган нарсалардан биридир. Нафақат араблар, ҳатто Ажам халқларидан баъзилари Маъд ибн Аднон турмуш тарзига кўра ҳаёт кечирар эдилар. Исфаҳон ажамлари шу жумладан. Асмаий улар ҳақида шундай деган: «Исфаҳон ажамлари ажамларнинг Қурайши»([31]), яъни турмуш тарзи, ахлоқи, либоси ва сифатларида.

Маъд ибн Аднон қабилалари Араблардан бўлиб уларнинг энг катталари (авваллари): Рабиа ва Музар, энг қуйилари: Қурайш, Кинона, Асад, Ҳузайл, Тамим, Музайна, Забба, Хузоа, Ҳавозин, Сулайм, Сақиф, Мозин, Ғатафон, Боҳила, Тағлиб ва Бану Ҳанифа. Улар: Қузоа, Жуҳайна, Наҳд, Калб, Хавлон, Балий, Муҳра ва бошқалар деб ҳам айтилган. Бугунги кунда улар жумласига кирадигани кўплаб қабилалар бор, жумладан: Утайба, Аназа, Бану Мурра, Бану Сулайм, Бану Ҳилол, Мутайр, Давосир, Субайъ, Суҳул ва бошқалар.

Маъд ибн Аднон ва кўплаб араб қабилаларининг ‒ бутпараст бўлсин, китобий бўлсин ‒ аёлларидаги асл одат баданнинг аксар қисмини сатр-ўраш бўлган. Уларнинг машҳур мақолларида айтилади: «Жувонга рўмол (химор) ўраш ўргатилмайди». Чунки, у ёшлигидан рўмол ўрашга одатланган, демак, ёши катта бўлганда ўргатишга муҳтож эмас. Уларнинг кўплаб аёллари фақат эҳромга кирган пайтдагина юзларини очганлар. Бу улар ичида ҳанифийя (Иброҳим алайҳссалом дини) дан қолиб кетган ҳаж маросимларидан бири эди.

Хуфоф ибн Нудба Суламий деди:

Ҳаж ойлари унинг ҳусну жамолин

Намоён айлайди, юзин очади.

Атир-упа сепса, эҳромдан чиқиб

Кўкдаги ой каби нурин сочади.

Улар юзни очишда озод аёл билан чўри ўртасини фарқлашарди. Озод аёллар юзларини фақат шиддатли дамларда, жанг пайтларида ва асирга тушиш ва чўрига айланиш хавфи бўлгандагина; душман уларни кўриб, улардан воз кечиб кетиши учун очишар эди.

Сабра ибн Амр Фақъасий деди:

Жуфти ҳалолингиз қўрқув зўридан

Чўридек юзини очиб юради

Ҳолбуки хизматкор чўриларингиз

Ёнингизда худди ҳурдек туради.

Араб насронийларнинг аёллари ҳам ёпиниб юрардилар. Уларнинг шоири Ахтал Тағлибий деди:

Шойи-ипак кийган оппоқ келинчак

Юзига термилган куёв боладек,

Собит ҳам Довғонда хотинлар юзин

Мажбуран очтириб, қарарди секин.

Оразин очишдан бош тортса аёл

Дўқ уриб “очасан” дерди бемалол

У аёл иффатли, хаёли эди,

Осонликча бетин очиб бўлмасди.

Ул зеболар учун қаттиқ ачиниб,

Орим келди, дейди шоир куйиниб.

Арабларда юзни ўраладиган нарсаларнинг бир нечта номи бор, жумладан: «Ғудфа», «васовис», «насиф», «ниқоб», «бурқуъ», «қиноъ», «майсаноний» ва юқорида айтиб ўтилган, юзни ўрайдиганлар қаторига кирадиган; химор, жилбоб ва бошқалар.

Суфурнинг араблар қўллаган маъноси: суфур аёл юзини очиши, ундан мақсад аёл сочи ёки кўкрагини очиши эмас. Зеро, аксар араб ва ажамларда аёл сочини очиб юриши маълум бўлмаган. Тавба ибн Ҳумаййир деди([32]):



Айрим муфассирлар ‒ Муқотил ибн Ҳайён шу жумладан ‒ Аллоҳ таоло ушбу оятда ман қилган аввалги жоҳилият очиқ-сочиқлиги араблар вужудга келишидан олдин бўлган: «... илгариги динсизлик (даври)даги ясан-тусан каби ясан-тусан қилманглар!» (Аҳзоб:33), улар рўмолни бошларига ташлаб олар, уни маҳкам қилиб ўрамасдилар([33]). Шундай бўлсада, (яъни бошларида рўмол бўлсада) Аллоҳ бу ишдан қайтарди, унга қаттиқ қаради ва уни ёмон ишга мисол тариқасида зикр қилди.

Баъзи салафлар ‒ Ибн Аббос ‒ розияллоҳу анҳумо ‒ ва бошқалардан‒ аввалги жоҳилият очиқ-сочиқлиги Нуҳ билан Идрис ўрталарида бўлган деган сўзлари келган([34]). Тарихда ундан кейин, бундан кўра баттарроқ оммавий очиқ-сочиқлик бўлганда, албатта Аллоҳ уни зикр қилган бўларди.

Халқлар фитратга қайтиш билан Иблисга эргашиш ўртасида айланиб турадилар. Улар ҳар қачон фитратдан узоқлашсалар Аллоҳ уларни ваҳий билан қайтаради. Аёлларнинг сатрланишлари ҳар замонда пайғамбар ва солиҳ кишиларнинг фитрати ва шариати бўлган. Умар ибн Хаттоб ‒ розияллоҳу анҳу ‒ Аллоҳ таолонинг: «Улардан бири ҳаё билан юриб келиб:...» (Қасас: 25) деган сўзини; кийими билан юзини тўсиб, деб тафсир қилгани собит бўлган([35]).

Аврат сўзининг маъноси

Араблар бу сўзни айб маъносида ишлатишсада, у худди «المسّ» «тегмоқ» калимаси каби бундан бошқа кўплаб муштарак маъноларга ҳам далолат қилади. «المسّ» калимасининг маъноси: «тегмоқ» яъни, икки нарсанинг бир-бирига тегиши, ёпишиши, ушламоқ; Аллоҳ таолонинг мана бу сўзи шу маънода: «Уни фақат таҳоратли — пок кишиларгина ушларлар.» (Воқеа: 79). Ана ундан кейин бу сўзни кенгроқ қўлланиб, маънавий ушлашга ҳам ишлатилади; Аллоҳ таоло деди: «Қачон инсон зотини бирон зиён-мусибат ушласа, (етса) ётган ҳолида ҳам, ўтириб ҳам, туриб ҳам Бизга дуо-илтижо қилур.» Жин тегиши маъносида ҳам келади: «Судхўр бўлган кимсалар (Қиёмат Кунида қабрларидан) турмайдилар, магар жин теккан мажнун каби турадилар.» (Бақара: 275). Жимо маъносида ҳам келади: «Ўз хотинларини зиҳор қилиб, сўнгра айтган сўзларидан қайтадиган кимсалар (зиммасида эр-хотин бир-бирларига тегинишларидан) қўшилишларидан илгари бир қулни озод қилиш бордир.» (Мужодала: 3). Юқоридаги мисолларда лафз битта бўлсада, бир-биридан жуда узоқ бўлган, айри маъноларда келди.

«Аврат» истилоҳи ҳам мана шу қабилдан; у умумий суратда камчилик, айб маъносида истеъмол қилинади. Камчилиги, айби бор одам камчилигини кўриниши ва айби очилиб қолишини ёқтирмагани учун ақлий, шаръий ва урфий жиҳатдан кўрилиши ёқтирилмаган ҳар бир нарса «аврат» маъноси остига дохил бўлди.

Урфдаги истеъмоли: Одамлар ўз уйларини ички томон(и)дан фақат ўз изнлари билангина кўрилишига рози бўладилар, бунинг аксини ёқтирмайдилар. Аллоҳ таоло мунофиқлар тилидан деди: «Уйларимиз очиқ-сочиқ (аврат ҳолида қолган эди),» деб пайғамбардан изн сўрардилар.» (Аҳзоб: 13), яъни, уйларимиз очиқ қолгани учун изнсиз кирилади, ҳолбуки биз буни ёқтирмаймиз, ҳимоя қилувчи ҳам йўқ дейишди. Уйларда айб ва нуқсон бўлмасада, очиқ қолгани учун «аврат» деб аталди. Одам ўз олдига кирилишини ёқтирмайдиган томонни ҳам «аврат» деб аталади. Масалан, уйнинг эшиги, деразаси, эшикнинг тирқиши, шунингдек шаҳар ва маҳалланинг душман ёки ўғридан қўриқлайдиган қоровули бўлмаган томони ҳам аврат деб аталади.

Лабид деди:

«Қуёш тунда қўлин ташласа ерга

Кириш тақиқланган жойларни араб

Сарҳад "аврат"ларин қоплайди зулмат».

Қадим замонлардан дер экан «аврат».

Шариатдаги истеъмоли:Ибодатга оид маъноларда келган; мисол, намоздаги аврат. Уламолар: «Аёл кишининг юзи ва икки кафтидан бошқа ҳамма жойи аврат» дейдилар. Чунки шариат соҳиби гарчи аёл ўз уйида ёлғиз бўлса ҳам намоз ўқиётганда юзи ва икки кафтидан бошқа жойини очишини кариҳ кўради. Аллоҳ таоло эркаклар ва аёллар баданларидан муайян жойларини очишларини кариҳ кўргани учун ўша жойлар аврат деб номланди. Иффатли аёл баданидан бирор жойига эридан бошқа эркак ғариза ва шаҳват билан қарашини ёмон кўргани учун ўша қараладиган жой аврат деб аталди.

Бир аъзо бир ҳолатда аврат, бошқа ҳолатда аврат бўлмаслиги мумкин; бунга чўрининг юзи, озод аёлнинг юзи, қиз боланинг юзи ва кампирнинг юзи мисол бўлади. Балки, бу аъзонинг ҳукми унга қаровчига кўра турли бўлиши мумкин. Масалан, юзга қаровчи кичик ёшли ўғил бола бўлса, у қараётган юз аврат бўлмайди. Агар қаровчи балоғатга етган бола бўлса, унга нисбатан ўша юз аврат бўлади. Аллоҳ таоло деди: «Улар зеб-зийнатларини... ё аёлларнинг авратларидан хабардор бўлмаган гўдакларгагина (кўрсатишлари жоиздир). » (Нур: 31).

Айрим араб тилини ва шаръий истилоҳларни тушунмайдиганлар ‒ аврат сўзи юз ва жинсий аъзога далолат қилишда муштарак бўлгани учун ‒ аврат истилоҳини аёлнинг ҳижоби ва ўранишини қадрсизлаш ҳамда уни масхаралаш учун восита қилиб олди. Бу ‒ «المسّ» «ал-массу» истилоҳининг истеъмолларини фарқлай олмайдиган одам сингаридир. У Қуръонни ушлаш билан «Уни фақат таҳоратли — пок кишиларгина ушларлар.» (Воқеа:79) ва эр-хотиннинг қўшилиши ўртасини фарқламайдиган одамга ўхшайди: «(эр-хотин) қўшилишларидан илгари...» (Мужодала: 3, 4).

Намоздаги аврат, сатрланиш ва бегона назардан сақланиш аврати ва кўплаб ёзувчиларнинг бу иккиси ўртасини қориштириб юборганлари

Аллоҳ таоло кийиниш борасида айрим ибодатлар учун унинг ўзига хос аҳкомларни қилди. Улар намозда ва ҳажда эркак ва аёллар учун қўйилган аҳкомлардир. Аллоҳ аёллар учун муайян васфдаги кийимларни, эркаклар учун муайян васфдаги кийимларни кийиш ҳукмини жорий қилди.

Намозда: Эркаклар ҳақида бир қанча ҳадислар келди, жумладан «Саҳиҳайнда» Расулуллоҳ ‒ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ‒ дедилар: «Сизлардан бирингиз елкасида бирон нарса бўлмаган ҳолда битта кийимда (изор-лўнгида) намоз ўқимасин»([36]). Эркакнинг авратидан қанчаси очилиб қолса намози бузилиши ҳақида ихтилоф бор; жумҳур уламолар: «Эркакнинг аврати киндикдан тиззагача» деганлар. Аёллар ҳақида ҳам кўплаб ҳадислар келган, жумладан «Сунанда» Оиша ‒ розияллоҳу анҳо ‒дан келган ҳадисда Пайғамбар ‒ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ‒ дедилар: «Аллоҳ ҳайз ёшидаги аёлнинг намозини рўмол ўраган бўлсагина қабул қилади»([37]).

Намозда бўлсин, ҳажда бўлсин ҳар икки жинснинг кийимларига нисбатан ҳар ибодатнинг ўзига хос аҳкомлари бор. Икки жинсдан униси ё буниси, ёлғиз бўлсин ёки биров билан бирга бўлсин, ёпишга буюрилган жойларини ёпиши вожиб бўлади. Намоз ва ҳаждан ташқаридаги кийим ҳақида келган ҳар бир ҳукм мустақилдир, унинг бу иккисига мутлақо алоқаси йўқ.

Кўплаб ёзувчилар уламолардан аёл кишининг намоздаги либоси ҳақида: «Аёлнинг юзи ва икки кафтидан бошқа ҳамма жойи аврат», деган сўзларини нақл қиладилар ва уни қарашга тааллуқли жойга қўядилар. Улар намоз ва ўраниш аврати билан бегоналарнинг қарашига тааллуқли аврат ўртасини фарқламайдилар. Аёл кишига намоз ўқиётганда юз ва икки кафтидан бошқа ҳамма жойини тўсиши фарз, гарчи у уйда ёлғиз ўзи бўлса ҳам ёки уни эри ёхуд маҳрамларидан биронтаси кўриб турган бўлса ҳам.У ‒ мени фақат эрим кўряпди-ку деб, сочини очиб намоз ўқиса намози бузилади. Чукни, унинг юз ва икки кафтидан бошқа ҳамма жойини ўраши намоз учун эди, эри ёки бошқа бировннинг кўриб тургани учун эмасди. Бу намоз аврати, назар аврати эмас. Олимлардан баъзилари тамйиз ёшидаги қизча намозда худди балоғат ёшидаги аёллар каби ўранишини айтганлар, ҳолбуки у учун бегона эркаклар олдига чиқишда назар аврати йўқ. Яъни у кичик бўлгани боис бегона эркаклардан ҳижобланиши фарз эмас.

Тўрт мазҳаб фуқаҳолари аёл киши намозда бўлса-ю унинг олдида бегона эркаклар ҳам бўлса, у юзини тўсади, деб айтганлар. Шофеийлардан Хатиб Ширбиний деди: «Аёл бегона эркак бор жойда бўлса, ниқобини олиб қўйиши мумкин эмас»([38]). Моликийлардан Лахмий, ханбалийлардан Ибн Таймия ва бошқалар, ҳанафийлардан Таҳтовий ва бошқалар бунга ишора қилганлар.

Нақл қилувчиларнинг энг кўп хатолари имомларнинг намоз авратидаги сиёқлари билан назар авратидаги сиёқлари ўртасини фарқламасликларидадир. Улар фуқаҳоларнинг намоз авратида айтган сўзларини оладилар-да сиёққа қараб ўтирмасдан уларни назар авратига тааллуқли жойга қўядилар. Эҳтимол улардан баъзилари Пайғамбар ‒ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ‒ замонида аёллар масжидда эркакларнинг орқаларида туриб, улар билан бирга намоз ўқиганлар, демак намоздан кейин эркаклар аёлларни кўрганлар, деб ўйлашлари мумкин. Бу икки жиҳатдан хато:

Биринчи: Намоз тугаганда саҳобалар салом берганларида уларнинг юзлари қибла томонга қараган бўлган. Пайғамбар ‒ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ‒ саҳобаларни то аёллар чиқиб кетмагунларича қимирламай ўтиришга буюрар эдилар. Саҳиҳ Бухорийда Умму Салама ‒ розияллоҳу анҳо ‒ дан келган ривоятда, деди: «Аёллар Расулуллоҳ ‒ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ‒ даврларида фарз намоздан салом берсалар, туриб кетардилар, Расулуллоҳ ‒ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ‒ ва намоз ўқиган эркаклар Аллоҳ хоҳлаганча муддат қимирламасдилар. Расулуллоҳ ‒ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ‒ турсалар, эркаклар ҳам турардилар»([39]).

Иккинчи: Аёл эркаклар олдида намоз ўқиса, юзини тўсиши жоиз. Чунки, аёл намозда юз ва икки кафтини очиши намоз фарзларидан эканига иттифоқ қилинган эмас. Лекин юз ва икки кафтдан бошқа жойларни беркитиш фарз. Беркитиш фарз бўлган нарса билан очиш жоиз бўлган нарса ўртасини фарқлаш лозим. Аёл киши намозда эканида бегона эркак ўтиши, чанг ва бадбўй ҳид сабабли юзини ўраши мумкин, бу унинг намозини бузмайди.



([1]) Бухорий (681), Муслим (419).

([2]) Бухорий (402), Муслим (2399) мухтасар ривоят қилган.

([3]) Абдурраззоқ «Мусаннафида» (740),Дорақутний «Сунанда» ривоят қилган.

([4]) Аҳмад «Муснадда» (5/281 рақам 22419), Баззор (4173) ривоят қилган.

([5]) Муслим ривоят қилган (275).

([6]) Ибн Абу Шайба «Мусаннафида» (229, 1881 ва 37253), ундан Ибн Можа (563) ва Баззор (2505) ривоят қилган.

([7]) Ибн Абу Шайба «Мусаннафида» (224 ва 250) ривоят қилган.

([8]) Молик «Муваттоъда» (1/35), у орқали Абдурраззоқ «Мусаннафида» (51) ва Ибн Абу Шайба «Мусаннафида» (43) ривоят қилган.

([9]) Абдурраззоқ «Мусаннафида» (50) ривоят қилган.

([10]) Ибн Абу Шайба «Мусаннафида» (252) ривоят қилган.

([11]) Ибн Абу Шайба «Мусаннафида» (247) ривоят қилган.

([12]) Абдурраззоқ «Мусаннафида» (5051) ривоят қилган.

([13]) Кийимнинг юқори олд қисми, кокетка.

([14]) Бухорий (1294) ва Муслим (103) Абдуллоҳ ибн Масъуд ‒ розияллоҳу анҳу ‒ дан ривоятлари.

([15]) Абдурраззоқ «Мусаннафида» (6220) Ибн Абу Шайба «Мусаннафида» (11219) ривоят қилган, лафз Абдурраззоқники.

([16]) Бухорий (2796, 6568) ва Муслиммухтасар шаклда (1880) ривоятлари.

([17]) Мурсал ‒тобеий Расулуллоҳ ‒ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ‒ дан ривоят қилган ҳадис. Яъни, тобеий ўзи билан Расулуллоҳ ‒ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ‒ ўрталаридаги саҳобийнинг номини айтмай ривоят қилган ҳадис.

([18]) Ибн Абу Шайба «Мусаннафида» (35156) ривоят қилган.

([19]) «Саҳиҳ Ибн Хузайма» (4/203).

([20]) Ҳоким «Мустадракда» (4/525,526) ривоят қилган.

([21]) «Саҳиҳ Бухорий» (6073).

([22]) «Мустахраж Аби Нуайм» (1997).

([23]) Бухорий (4141, 4750) ва Муслим (2770) ривоятлари.

([24]) Абоя инқилобдан олдин 20 аср бошларида Ўрта Осиёда аёллар ёпинган паранжи шаклидаги ёпинчиқ. Бугунги кунда Арабистонлик аёллар ёпинадилар. У билан ёпиниш услуби ҳам айни паранжиникига ўхшайди, фақат чиммат ўрнига ниқоб тутилади. Асосан қора рангда бўлади.

([25]) «Саҳиҳ Муслим» (2603).

([26]) Қаранг: «Раддул муҳтор» (2/79), «Ҳошияту Таҳтовий алад-Дуррил мухтор» (1/191).

([27]) «ал-Муътасар» (1/261).

([28]) «Фатҳул Борий» (8/490).

([29]) Ибн Абу Шайба «Мусаннафида» (25366, 33593) ва Аҳмад (1/43 рақам: 301) ривоят қилган.

([30]) Ибн Авона «Мустахражида» (8514), Бағавий «Жаъдийётда» (995) ва Ибн Ҳиббон «Саҳиҳида» (5454) ривоят қилган.

([31]) Абу Тоҳир Салафий ундан «Фазоил Фурс» китобида нақл қилган. «Иқтизоус сиротил мустақим» (1/403) га қаранг.

([32]) ибн Қутайба бу байтни «аш-Шеър ваш-шуаро»да (1/445) ва Азҳарий «Таҳзибул луғада» (3/294) унга нисбатлаган. Бу байт Халил ибн Аҳмад «ал-айн» номли асарида нисбати айтилмаган, унда «жиъту» ўрнига «зурту» келган.

([33]) «Тафсир ибн Касир» (11/152) га қаранг.

([34]) ибн Жарир тафсирида (19/98, 99), Ҳоким «Мустадракда» (2/548) ва Байҳақий Ҳокимдан «Шуабул иймонда» (5068) ибн Аббос ‒ розияллоҳу анҳумодан ‒ ривоят қилган. «Фатҳул Борий» (8/520) га қаранг.

([35]) Ибн Абу Шайба «Мусаннафида» (32503) ва Ҳоким «Мустадракда» (2/407) да ривоят қилган.

([36]) Бухорий (359) ва Муслим (516) Абу Ҳурайрадан ривоят қилган.

([37]) Абу Довуд (641), Термизий (377) ва Ибн Можа (655) ривоят қилган.

([38]) «ал-Иқноъ фи ҳалли алфози Аби Шужоъ» (1/124)га қаранг.

([39]) Бухорий (866) ривоят қилган.