Душанба 24 Апрель 2017 | 27 Ражаб 1438 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Бугуннинг қуллари

927 марта кўрилган

Муаллиф: Толмас даъватчи Саййид Қутб раҳимаҳуллоҳ
Мутаржим: Абу Жаъфар ал‒Бухорий

Қуллар ‒ ижтимоий ва иқтисодий шароитларгина қул бўлишга мажбурлаган ёки ҳўжайинлари хоҳласа сотадиган ва хоҳласа ҳайвондек муомала қиладиган кимсаларгина эмас. Аксинча, қуллар ‒ ижтимоий ва иқтисодий шароитлар қулликдан озод қилган бўлсада, қуллик сари ўз хоҳишлари билан талпинган кимсалардир…

Қуллар ‒ саройлари, ерлари, етарли пуллари, иш бериш ва ишлаб чиқариш имкони мавжуд, мулклари ва таналарига бирон кимсанинг васийлиги бўлмаган, шундай бўлсада, ҳўжайинларнинг дарвозаси олдида тирбанд турган, қуллик ва хизматкорликка талпинган, бўйинларига кишан, оёқларига занжир солган ҳамда қуллик нишонини ғурур ва фахр билан тақиб юрган кимсалардир…

Қуллар ‒ ичкарида ҳўжайинларнинг хўрланган қулларни этиклари билан қандай тепкилагани, хизматидан огоҳлантиришсиз қандай ҳайдагани, қулларнинг эса ҳўжайинлари олдида бошларини итоаткорона эггани ва ҳўжайинлар уларга тарсакини қандай тушираётгани ва охир оқибат уларни остонадан ташқарига улоқтиришга қандай буюраётганини ўз кўзлари билан кўриб турсаларда, қувилган хизматкорлар ўрнига ўз хизматларини тақдим этиш учун остона олдида тирбанд турган кимсалардир… Ҳўжайин қанчалар кўп таҳқирласа, улар ҳўжайинларига, пашшадек парвона бўлиб, шунча талпинадилар…

Қуллар ‒ ҳурриятдан қўрқадиган кимсалардир. Уларни бир ҳўжайин қувса, бошқа ҳўжайинни қидиришади. Чунки уларда қулликка бўлган кучли эҳтиёж бор. Чунки уларнинг олтинчи ёки еттинчи ҳис этиш туйғуси ‒ қуллик иштиёқи бор! Улар бу туйғуни қондиришлари керак… Уларни биров қул қилмаса, бу туйғулари ташналикни ҳис этади ва улар ўзларини остоналарга ташлаб ёлбора бошлашади. Ҳўжайиннинг бир ишораси билан унга сажда қилиб йиқилишади!…

Қуллар ‒ озод қилинишса ҳур инсонларга эмас, қўрада қолган бошқа қулларга ҳасад қиладиган кимсалардир. Чунки, ҳуррият уларни қўрқитади, эҳтиром ‒ уларга оғирлик қилади. Зеро белларига боғлаган қуллик камари, уларнинг ғурурланган нишонларидир! Хизмат кийимларига тақилган нишонлари эса, улар жонларини фидо қилишадиган қимматбаҳо зийнатлардир!

Қуллар ‒ бўйинларида эмас, кўнгилларида кишанни ҳис этган кимсалардир. Шу боис уларнинг таналари тушаётган қамчи зарбаларини ҳис этмасада, хорли ва хўрлик қамчилари уларни ҳаяжонлантиради… Қулжаллоблар уларни қулоқларидан ўтказилган ҳалқалар билан етакламайди. Аксинча, улар қулжаллобсиз ҳам кетаверадилар. Чунки қуллик уларнинг қонларида гизлидир!

Қуллар ‒ қуллар занжирида ва қулжаллоблар қўрасидагина ўзларини яхши ҳис этадилар. У ердан чиқиб, жамиятдаги жўшқин ҳаёт ичида дарбадар бўлиб, ёруғликка боқишдан қўрқишади ва итоаткорона қайтиб, қўра дарвозасини қоқишади… Дарвозабонларга дарвозаларни очишлари учун ялиниб‒ёлборишади…

Қуллар шундай бўлиш бирга, Ер юзидаги ‒ зўравон, ҳурриятпарвар инсонларга ‒ қаттиққўл, уларга исканжа қилиш билан роҳатланадиган, озорлаш ва азоблаш билан лаззатданадиган, шафқатсиз ва бағритош жаллодлар мисоли ўч оладиган кимсалардир.

Улар ҳур инсонларнинг мақсадларини тушуна олмайдилар. Аксинча, ҳурриятни ‒ давлатга қарши чиқиш, устиворликни ‒ иллат, иззатни эса жиноят деб тушунадилар. Шу боис ичларидаги интиқом олиш туйғусини қуллар карвонида юрмаган иззатли ва ғурурли инсонлар устида амалий татбиқ этадилар.

Қуллар, ўз ҳўжайинларини рози қилиш учун мусобақа қилишганидек, ҳур инсонларни сазойи қилиш воситаларини ўйлаб топишга ҳам белларини маҳкам боғлайдилар! Шундай бўлсада, ҳўжайинлари уларни хизматдан қувишади! Чунки, ҳўжайинларнинг табиати бир ўйинни кўравериб сиқилади ва ўйинчиларни дарвоза олдида турган ўйинчиларга алиштиришади…

Шундай бўлсада, келажак қуллар ва қуллар пойи остида пешоналарини тупроққа белаётган ҳўжайинларга эмас, ҳур инсонларгадир! Келажак ‒ ҳур инсонларникидир!

Чунки, башариятнинг ҳуррият йўлидаги кураши беҳуда кетмайди!

Чунки, вайрон қилинган қуллар қўраси қайта тикланмайди

Чунки, парчаланган қуллик кишанлари қайтадан қуйилмайди!

Қуллар сонининг кўпаяётгани, тўғри. Бироқ, ҳур инсонлар сони ҳам кун сайин ортмоқда. Халқлар бутунлай ҳуррият сари юришга қўшилиб, қуллар карвонидан нафрат этмоқда. Қуллар ҳам, агар хоҳлашса, ҳуррият карвонига қўшилишлари мумкин эди. Чунки қуллар, юқорида айтганимдек, бурунларига ҳалқа қўйишлари учун қўра дарвозаси олдида дарвозани қоқиб туришмаса, жаллодларнинг қуллар тизгинини тута оладиган даражада кучлари қолмайди.

Шундай бўлсада, ҳуррият карвони шахдам одимлар отиб йўлида давом этмоқда. Унга йўл асносида минглаб, миллионлаб одамлар қўшилмоқда! Жаллодларнинг бу карвоннинг йўлини тўсиш ёки улар устига қулбаччаларини юргизиб, сафларни парчалаш учун қилаётган ҳаракатлари беҳуда кетмоқда!

Ҳур инсонлар танасини моматалоқ қилаётган қамчи савашлари беҳудадир!

Ғовларни бузган, қояларни парчалаган ва рўпарасида тиконлардан бошқа нарса қолмаган ҳуррият карвони, энди тўхтамайди!

Бу ‒ интилишдан кейинги интилишдир! Кўҳна тажрибаларнинг барчаси ҳуррият билан қуллик ўртасида бўлиб ўтган курашларда ғалаба ҳурриятга насиб этганини кўрсатмоқда. Баъзида ҳурриятнинг қўллари қонаши мумкин, бироқ, ҳал қилувчи зарбанинг ҳурриятники экани аниқдир. Бу ‒ Аллоҳнинг Ер юзидаги қонуниятидир. Зеро, ҳуррият ‒ келажак чўққисидаги олис ғоя бўлиб, қуллик эса ўтмиш ботқоғига нодир чекинишдир.

Қуллар карвони доимо ҳуррият карвонининг йўлини тўсишга ҳаракат қилади ва у, қўрадаги барча қулларни ўз ичига олсада, ҳуррият карвонида иштирок этаётанларни тор‒мор қилишга кучи етмайди. Ҳуррият карвонида бугунги кунда фақатгина йўлбошчилар бор! Қолган қуллар карвони эса, бутун башариятни ўз ичига олган ҳуррият намойишларига қарши тура олмайди.

Бу нақадар очиқ ҳақиқат бўлсада, ундан кўра устиворликда қолишмайдиган бошқа ҳақиқат ҳам бор: ҳуррият карвони қурбонлар бериши, қуллар карвонининг ҳуррият карвонининг баъзи жабҳаларини яралаши, қуллар қамчиси айрим ҳурларнинг таналарини моматалоқ қилиши ва ҳурриятнинг мажбуриятлари бўлиши керак. Ахир, қулликнинг мажбуриятлари бор экан, ҳурриятнинг озодлик бўлгани учун мажбурияти бўлмасинми?!

Бу ҳам, у ҳам ҳақиқат бўлсада, натижа ‒ маълум, ғоя ‒ равшан, йўл ‒ очиқ ва тажрибалар ‒ кўпдир. (Келинг), қуллар карвони ва улардаги қулларни белларидаги камарлари ва кўкаракларидаги нишонлари билан бир чеккага қўяйлик ва ҳуррият карвонидаги ҳур инсонларга қарайлик: уларнинг бошларини қурбонлик ҳисси, кўкаракларини эҳтиром нишони безаб турибди. Биз, натижанинг бардошлиларга берилишини аниқ била туриб, тиконлар билан тўшалган йўлларда шахдам одимлар отаётган ҳуррият карвонига қўшилайлик!