Пайшанба 28 Март 2024 | 18 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Рамазон ёшлар учун ғаниматдир

4699 марта кўрилган

Дорул ватан нашриёти тайёрлаган
Таржимон:  Ислом Нури


Рамазон ойини ажру даромадлр мавсуми қилиб қўйган зот – Аллоҳга ҳамду санолар, нажоту ҳидоят пайғамбарига, у кишининг аҳллари, саҳобалари, шоду хуррамлик кунигача у кишига яхши эргашган барча мўминларга салоту саломлар бўлсин.


Аммо баъд...


Эй навқирон биродарим! Менинг сизга айтаётган гапим биродарнинг ўз биродарига, муҳибнинг ўз ҳабибига, холис, мушфиқ дўстнинг ўз дўстига яхшиликни раво кўриб, нажоту зафарни умид этиб айтаётган гапидир. Шунинг учун қулоғингизни менга тутинг, сўзларимга қалбингизни очинг. Насиҳатгўйнинг айбига қараманг, балки сизни нимага чақираётган нарсада фикрингизни юргизинг. Агар яхшилик бўлса қабул қиласиз, бундан бошқа бўлса мен сизга вакил эмасман (ихтиёрингиз менга топширилган одам эмасман).


Суюкли биродарим! Рамазон ойида – жаннат эшиклари очиладиган, дўзах эшиклари ёпиладиган, шайтонлар занжирланадиган, Аллоҳ солиҳ бандаларини ўтдан озод этадиган бу улуғ ойда – ўзингиз учун нима тайёрладингиз?! Тавба қилмоққа азм этдингизми?! Аллоҳга, яхшиликка қайтишга қарор қилдингизми?! Барча маъсияту мункарлардан қутулиб, еру осмонлар Робби билан янги саҳифа очмоққа ният этдингизми?! Бу ойда кунлик ибодат барномангизга режа туздингизми?! Бу ойнинг туну кунларини нима билан истиқбол қилмоқчисиз?


Саволлар.... Буларга тўла омонат, ростлик ила, ўз-ўзига бу тўғрида очиқ-ойдин жавоб бермоқ зарурдирки, токи бу ой ибодатсиз, тоатсиз, куну соатлари ҳавода тўзғиган заррадек зое бўлган ҳолда кириб-чиқиб кетмасин.


 


Тавбадан бошланг


 


Навқирон дўстим! Тавбадан бошлашга маслаҳат бериш билан сизни айбдор қилаётганим йўқ. Чунки йўлнинг аввали ҳам, ниҳояси ҳам тавбадир. Тавба – Аллоҳ субҳанаҳуга томон юраётган кишиларнинг Аллоҳга ҳижрат ва сафар босқичларининг барчасида муҳтож бўлинадиган ўриндир.


Демак, тавба кўпчилик гумон қилганидек, фақатгина осий ва хатокорларнинг  илтижо қилмоғи лозим бўлган манзилларидан эмас.


Итоат қилувчиларнинг саййиди, обидларнинг имоми бўлганлари ҳолда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Эй одамлар! Аллоҳга тавба қилинглар. Чунки мен Унга бир кунда 100 бор тавба қиламан» (Муслим ривояти).


Аллоҳ бандаларини тавбага буюрганда уларга иймон номи билан нидо қилиб деди:


«Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар! Шоядки (шунда) нажот топсангизлар.» (Нур: 31)


Бизлар барчамиз гуноҳ, хато ва мухолафат соҳибларимиз. Бизлардан хато қилмайдиган, гуноҳ қилмайдиган, осий бўлмайдиган ким бор?!


Аллоҳ субҳонаҳу гуноҳларни кўп кечирувчи зот. Кундузда гуноҳ қилган тавба қилсин деб кечаси қўлини узатади, кечада гуноҳ қилган тавба этсин учун кундузи қўлини чўзади. Тавба қилувчиларнинг тавбаси, осию гуноҳкорларнинг пушаймони билан хурсанд бўлади. Шунинг учун Содиқ ал-Масдуқ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, Аллоҳ субҳанаҳу тавба қилмоқ учун мағриб томондан эни 40 йиллик бўлган эшик қилиб қўйди. Уни то қуёш мағрибидан чиққунгача бекитмайди (Аҳмад ва Термизий ривоят қилди ва Термизий ҳасан, саҳиҳ деди).


Навқирон дўстим! Тавба осон, енгил ишдир. Унда машаққат ва ҳаракат кўрсатиш йўқ. Тавба тийилиш, пушаймон, азмдир. Мухолафат ва гуноҳлардан тийилиш, буларнинг ўтмишда қилганига пушаймон, келгусида уларга қайтмасликка азм.


 


Вақтнинг аҳамияти


 


Навқирон дўстим! Ўтганга пушаймон бўлсангиз, келгусида мухолафат ва гуноҳларни тарк қилсангиз, энди сиз учун умрингизга эҳтимом қилиш ва ўтмиш билан келгуси вақт ўртасида ҳозир турган вақтингизни ислоҳ қилиш вожиб бўлади. Чунки уни зое қилиб қўйсангиз саодату нажотингизни зое қиласиз. Агар уни юқорида зикр қилинган нарсалар билан сақлаб қолсангиз нажот топасиз. Роҳатга, неъматга, лаззатга эришасиз.


Имом Ибн ал-Жавзий дедилар: Кўрдимки, омма халқ вақтни ғалати ўтказадилар. Агар кеча узун бўлса фойдасиз гап ёки қиссалар ўқиш билан, агар кундуз узун бўлса уйқу билан, кундузнинг атрофида эса ё Дажла дарёси бўйида ё бозорларда ўтказадилар. Кўриб туриб уларни кемада гаплашиб кетаётган кишиларга ўхшатдим. Уларда ҳеч бир хабардорлик бўлмаган ҳолда кема уларни олиб кетар эди. Озчиликни вужуд маъносини фаҳмлаган ҳолда кўрдим. Булар сафар озиғини тайёрлаш ва юриш учун ҳозирлик кўриш билан банд. Амал мавсумларида Аллоҳ томон силжинг, силжинг! Вақтни бой беришдан олдин шошилинг, шошилинг!


Яна шундай дедилар: Инсон ўз замони ва вақтининг қадру шарафини билмоғи зарурдир. Ундан биргина лаҳзасини ҳам қурбат-тоатсиз зое қилмасин. Сўзу амалнинг афзалини аввал қилсин. Бадан-тани ожиз бўлмайдиган амал билан ҳеч бўшашмасдан яхшиликда давом этмоқ ниятида бўлсин. Салафлардан кўпи лаҳза-сониялардан фойдаланишга шошардилар. Омир ибн Абду Қайсдан нақл қилиндики, бир киши у зотга деди: «Менга гапирсангиз, сўз айтсангиз». Шунда у зот: «Сен аввал қуёшни тўхтатиб тур», дедилар.


Ўлими олдида намоз ўқиётган салафлардан бирининг ҳузурига киришиб, бу тўғрида у кишини койидилар. Шунда у киши: «Ҳозир саҳифам йиғиштирилиб бекилади», деди.


Инсон (ҳар қанча жидду жаҳд қилган бўлса ҳам) ўлим уни амалдан тўхтатиб, узиб қўйишини билса, ҳаётлигида ўлгандан кейин ажри давом этиб турадиган нарсани қилади.


 


Салаф саъй-ҳаракати, ғайратидан намуналар


 


Навқирон дўстим! Қуйида Аллоҳга тоат-ибодат қилишда улуғ салафларимизнинг саъю кўшишига ишора этадиган айрим нурли кўринишлар ва ёрқин намуналар. Буларда фикр юритсангиз шояд сизда олийҳимматлик ва ибодатга иқбол қилмоқни пайдо қилса:


1)               Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқидилар, ҳатто қадамлари ёрилиб кетди. Шу тўғрида мурожаат қилишганда: «Шукр қилувчи банда бўлмайманми?!», дедилар.


2)              Абу Бакр, хоссатан намозда ва Қуръон қироат қилганда кўп йиғлагувчи киши эдилар.


3)               Умарнинг юзида йиғининг кўплигидан икки қора чизиқ бор эди.


4)               Усмон Қуръонни бир ракъатда хатм қилар эди.


5)              Алий меҳробида йиғлар, ҳатто соқоли кўзёшлар билан ҳўл бўлиб кетарди. У : «Эй дунё! Мендан бошқани алда, сени қайтиши йўқ бўлган уч талоқ қўйдим», дер эди.


6)               Қатода Қуръонни доимо ҳар ҳафтада, Рамазонда ҳар уч кунда, охирги ўн кунда ҳар кечада хатм қиларди.


7)               Суфён Саврий қўрққанидан қон тўкиб йиғларди.


8)              Саид ибн Мусаййиб масжидни лозим тутган киши эди. Қирқ йил муддат давомида жамоат билан бир намоз ҳам у кишидан фавт бўлмади, ўтиб кетмади.


 


Рамазон ёшлар учун фурсатдир


 


Навқирон дўстим! Дунё тожирлари жидду-жаҳдда қосирлик қилмайдилар, ўзларига кўп манфаат, катта фойда келтирадиган қайсики йўлга юриш ва қайсики фурсатни ғанимат билишда ҳеч бир тоқатларни аяб, олиб, сақлаб қўймайдилар. Шундай экан, сиз нима учун Аллоҳ билан савдо қилмайсиз?! Бас, солиҳ амалларга, тоатга шошилинг, токи Аллоҳ томонидан кўп фойда ва улкан савобларга эришасиз.


Навқирон дўстим! Рамазон иш бошловчилар енг шимариб киришадиган, тақводорлар ўз тайёргарлигини кўрадиган, ҳушёр-огоҳ инсонлар қўлга киритадиган энг улуғ фурсатдир. У қалби саломат, аъзолари тўғри, вақтини зарарли ва фойдасиз ишларда зое қилмайдиган киши учун гуноҳлар кечирилиш, жаннатга эришиш, дўзахдан озод бўлиш ойидир.


Навқирон дўстим! Сизга қуйида бу ой фурсатларини ғанимат билишга, уларни солиҳ амаллар билан обод этишга ёрдам берадиган баъзи ишларни ҳавола қиламан:


1)               Рўза одат эмас, ибодатдир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кимки Рамазонда иймон ва эҳтисоб билан рўза тутса ўтган гуноҳи кечирилур» (Муттафақун алайҳ). «Иймон билан»нинг маъноси – Аллоҳга ва У рўза тутган кишиларга тайёрлаб қўйган нарсаларга ишониб, дегани, «эҳтисоб билан»нинг маъноси – Аллоҳнинг савобини излаб демакдир. Яъни, уни рўза тутишга риё, овоза қилиш, молу обрў талаби ундамади.


2)               Рамазон шукри вожиб бўлган неъмат. Навқирон дўстим, Рамазон кирмасдан ўлим ўз гирдобига олган кишилар тўғрсида ўйлаб кўринг! Амаллари тўхтади, саҳифалари бекилиб йиғиштирилди. На биргина яхшилик касб этишга ва на оз бўлса ҳам бир маъруфни қилмоққа қодирлар. Сиз эса навқирон дўстим, Аллоҳ умрингизни узайтириб бу улуғ ойга етиб келдингиз ва Аллоҳ сизни бу ажру савобларни касб этишга муяссар қилиб қўйди. Аллоҳга қасамки, бу шукри лозим бўлган энг катта неъмат ва буни берганига Аллоҳга ҳамду сано айтмоқ вожиб.


3)               Уйқу ва уйқусизлик. Суюкли дўстим, Рамазон ойининг кундузини уйқуда, кечасини ўйин билан бедор ўтказсангиз сиёму қиём ажридан маҳрум бўлиб, бу ойдан қўлларингиз қуруқ чиқасиз. Аллоҳга қасамки, Рамазон саноқли кунлар ва кузатиладиган кечалардир. Кириб келади, қарабсизки кетишга шай турибди. Шунинг учун (Аллоҳ сизга раҳм қилсин), бу ойда тоат-ибодатга жидду ҳаҳд қилинг, эртага лаззату наимга эришасиз. Бу ойни ғафлатда бўлиб ўтказишдан ўзингизни сақланг. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Рамазон келиб, гуноҳлари кечирилмасдан чиқиб кетган киши хор бўлди» (Термизий ва Ҳоким ривояти, Албоний саҳиҳ деган).


4)               Қуръон тиловати. Рамазон Қуръон ойидир. Салафлар Рамазон кирса Қуръон ўқишда жидду-жаҳд қилишар, уни барча ибодатдан илгари қўярдилар. Ҳатто баъзиларидан ҳар кеча Қуръонни бир бор хатм қилгани ривоят қилинди. Шундай экан, (Аллоҳ сизга раҳм қилсин), бу ойда Қуръон тиловатига ғайрат қилинг. Шошмасдан тартил, тадаббур ва хушуъ билан ўқинг. Имконингиз борича тиловат ҳукмларига риоя этинг, маҳкам ушланг.


5)               Қиёмул-лайл. Қиёмул-лайл Рамазондан бошқа вақтда суннати муаккададир, Рамазонда эса таъкиди яна-да ошади. У одамлар масжидларда ўқийдиган таровеҳ намозидир. Бу намозга рағбат қилиб, имом билан тўлиқ ўқимоқ лозим. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кимки имоми билан у кетгунча турса кечанинг қиёми унга ёзилур» (Сунан соҳиблари ривоят қилган, Термизий саҳиҳ санаган).


6)               Садақа. Рамазон ойидаги садақа бошқа ойлардагидан кўра имтиёзли, фазилатлидир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазон кирса жўнатилган шамолдан кўра ҳам саховатлироқ бўлар эди. Бас, бу ойда ўзингизда бор нарсадан эҳсону садақа қилишга ҳарис бўлинг.


7)               Рўзадорларни ифторлантириш. Шунингдек, рўзадорларни ифтор қилдиришга, мискин ва камбағалларни таомлантиришга ҳарис бўлинг. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кимки рўзадорни ифторлантирса унга рўзадорнинг ажридек ажр бўлур» (Аҳмад ва Термизий ривояти, Термизий саҳиҳ деди).


8)               Масжидни лозим тутмоқ. Ердаги маконларнинг энг яхшиси масжидлардир. Масжидларда жамоат намозига, бир намоздан кейин бошқа намозни кутиб ўтиришга ҳарис бўлинг. Нафллардан биронтасини тарк қилманг. Чунки улар фарзларнинг кемтигини қоплайди. Аллоҳ таолонинг муҳаббатига сабаб бўлади. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло деди:  «Бандам Менга нафллар билан яқинлашишда давом этар, ҳатто уни яхши кўриб қоламан» (Бухорий ривояти).


9)               Рамазонда умра қилмоқ. Рамазонда умра қилмоқнинг кўп катта фазли бор. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Рамазонда умра қилмоқ ҳажга тенг», ёки дедилар: «Мен билан қилган ҳажга тенг» (Бухорий ривояти).


10)          Охирги ўн кун. Навқирон дўстим, охирги ўн кундаги жидду-жаҳдингиз ундан олдинги ғайратингиздан кўпроқ бўлишига ҳарис бўлинг! Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам охирги ўн кирса аҳлини уйғотар, кечасини тирилтирар, жидду-жаҳд қилар ва пешбандни маҳкам боғлар эдилар (Муттафақун алайҳ).


11)          Қадр кечаси. Навқирон дўстим! Рамазондан охирги ўн кунида қадр кечасини қидиринг, айниқса унинг тоқ кечаларида. Кечаларни намоз, қиём, Қуръон тиловати, зикр, дуо ва бошқа тоат-ибодат билан тирилтиринг. Чунки шу кечадаги ибодатнинг савоби қадр кечаси бўлмаган минг ойдаги ибодатнинг савобидан афзал, ортиқдир.


12)          Кўзни ерга қаратмоқ. Кўзни ерга қаратмоқ амал қилиш нодир бўлган ибодатдир. Нима учун шу улуғ фарзни тирилтирмайсиз?!


13)          Зикр. Барча ҳолларда Аллоҳни эсловчи бўлинг. Зокирлар дунё ва охират яхшилигига эришдилар.


14)          Дуо. Дуо – ибодатдир. У банданинг барча ҳолларда Роббига муҳтожлиги ва заруратига далилдир. Аллоҳ таоло ўз сўзида дуони ибодат деб атади:  «Парвардигорларингиз: «Менга дуо-илтижо қилинглар. Мен сизларга (қилган дуоларингизни) мустажоб қилурман», деди. Албатта Менга ибодат қилишдан кибр-ҳаво қилган кимсалар яқинда бўйинларини эгган ҳолларда жаҳаннамга кирурлар.» (Фурқон: 60)  


          Навқирон дўстим! Сиз дуо ибодатидан қаёқдасиз?!


15)          Эътикоф. Бу – масжидни лозим тутиб, Аллоҳ тоатига ёлғиз ажралишдир. Эътикофингиз кун-соатларини арзимас ишлар ҳақида гаплашиш ва беҳудалик билан зое кетказмангки, эътикоф ўтирмаган киши сиздан афзал бўлиб қолмасин.


16)          Таом ва ичимлик. Ичимлик ва таомни кўп истеъмол қилишдан ўзингизни асранг. Чунки бу бўшашиш, сустлик ва ибодатдан дангасалик қилишга олиб боради.


17)          Четлашиш вожиб бўлган мункарлар.


—     Рамазоннинг кундузида чекишдан чекиниб, уни ташламоғингиз азмингизнинг кучлилигига далилдир. Нима учун ундан кечаю кундузда бутунлай воз кечмайсиз?!


—     Мусиқа эшитмоқдан ўзингизни сақланг. Чунки у дилни бузади,  камғайратлик ва овсарликни ундиради.


—      Рамазон ойини сериаллар, филмлар, мусобақалар ва арзимас барномаларни томоша қилишга асирликдан қутулмоққа бир фурсат қилиб олинг.


—      Ўзингизни кўп кулиш ва ҳазиллашишдан узоқ қилинг. Чунки бу иккиси қалби қаттиқлик ва Аллоҳнинг зикридан ғафлатни пайдо қилади.


—     Бекорчи, ёмон кимсалар билан ҳамсуҳбат бўлманг, акс ҳолда уларга ўхшаб қоласиз.


—     Ердаги маконларнинг энг ёмони бозорлардир. Ҳожатсиз у ерларда бўлишдан ўзингизни сақланг.


—     Бегона аёллар билан алоқа боғлаш ва улар билан хилватда бўлиш зарар, фасод ва оммавий азобнинг энг катта сабабларидан. Бундан сақланинг!


—    Тил сабабли бўладиган мункарлардан ўзингизни асранг. Чунки улар рўзанинг савобини жуда камайтириб юборади.


Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қайси рўзадорки, ёлғон гапни, унга амални, жаҳлни тарк қилмаса, таому шаробини ташламоғида Аллоҳга кераклилиги йўқ».


Аллоҳ таоло пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига салавоту саломлар йўлласин.