Сешанба 30 Апрель 2024 | 21 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Одамлар писанд қилмай қўйган ҳаром амаллар (Давоми)

6328 марта кўрилган

Муҳаммад Солиҳ ал-Мунажжид

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

(Давоми)
53. Бир қатра бўлсин маст қилувчи ичимлик ичиш

Аллоҳ таоло деди: “Эй мўъминлар, ароқ (маст қиладиган ичимлик ичиш), қимор (ўйнаш), бут-санамлар (яъни, уларга сиғиниш) ва (фол очадиган) чўплар шайтон амалидан бўлган ҳаром ишдир. Бас, уларнинг ҳар биридан узоқ бўлингиз, шояд нажот топсангиз!”. Моида: 90. Узоқ бўлиш, яқинига ҳам йўламаслик ҳақидаги фармон, бу нарсанинг ҳаромлигига жуда ҳам кучли далил ҳисобланади. Бунга қўшимча ўлароқ уни кофирларнинг илоҳлари ва санамлари бўлмиш бутлар билан ёнма-ён келтирилиши, "Қуръонда ароқни ҳаром дейилмаган “узоқ бўлинг” дейилган, демак у ҳаром эмас" дегувчиларга ҳужжат қолдирмайди. Ундан ташқари саҳиҳ ҳадисларда ҳам ароқ ичадиган одамларга алоҳида ваъид (азоб хабарлари) келган. Саҳобий Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан марфуъ (Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга етказилган) ҳадисда: “... Маст қилувчи ичимликни ичган кишини “Тийнатул хобал”дан суғоришга Аллоҳ аҳд қилган”, дедилар. “Ё Расулуллоҳ, “Тийнатул хобал” нима? деб сўрашган эди, “Дўзах аҳлининг терлари ёки дўзах аҳлидан оққан қон ва йиринглар” деб жавоб бердилар. (Имом Муслим)

Ибн Аббос ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кимда-ким маст қилувчи ичимликка муккасидан кетган ҳолда ўлса, у Аллоҳга худди бутпараст сингари йўлиқибди”. (Табороний) Яъни маст қилувчи ичимликни ҳалол деб билган кимса бутпараст билан баробардир.

Ҳозирги пайтга келиб маст қилувчи ичимликларнинг турлари кўпайиб кетган. Унга хилма-хил номлар қўйиб олишган: Коньяк, водка, вино, шампан, пиво ва ҳоказо.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабарларини берган тоифа уммат ичида пайдо бўлди: “Умматимдан бир тоифа ароқ ичадилар, лекин номини ўзгартириб оладилар”. (Имом Аҳмад)

Ароқ эмас, “руҳий ичимлик” деб аташ шундай тоифанинг хийла-алдовидир. Аллоҳ таоло деди: “Аллоҳни ва мўъминларни алдамоқчи бўладилар, ваҳоланки, фақат ўзларини алдаётганларини ўзлари билмайдилар”. Бақара: 9.

Шариат ҳар хил ҳийла-найранг ва ўйинларга йўл бермайдиган аниқ чегарани белгилаб қўйган. Ҳадиси шарифда келган: “Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир (ароқдир) ва ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаромдир”. (Имом Бухорий ва Муслим)

Демак, ақлни оздирувчи ва маст қилувчи ҳар қандай нарсанинг ози ҳам кўпи ҳам ҳаромдир. Уни қандай ном билан номлашмасин, унинг номи бир, ҳукми маълумдир.

Маст қилиш ёки кайф қилиш учун эмас, балки чанқоқ босиш учун озгина ичса бўлар деб пиво ичувчилар мана бу ҳадисни яхшилаб ўқиб олсинлар: “Кўпи маст қиладиган нарсанинг озгинаси ҳам ҳаромдир”. (Имом Аҳмад, ибн Можа, Дора Қутний)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам маст қилувчи нарсаларни, қуюқ ёки суюқ бўлсин бир-биридан ажратмаганлар (яъни ҳаммаси ҳаромдир).

Маст қилувчи ичимлик билан даволаниш мумкин эмас. Сабаби Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ азза ва жалла ҳаром нарсани даво қилмаган”, балки “У даво эмас, аксинча дарддир” деган сўзлари билан бу масалага узил-кесил нуқта қўйганлар.

Маст қилувчи ичимлик сабабли лаънатланган кимсалар хусусида ушбу ҳадис етарлидир: “Аллоҳ маст қилувчи ичимликни ҳам, уни ичувчини ҳам, қуювчини ҳам, сотиб олувчини ҳам, сотувчини ҳам, тайёрлатувчини ҳам, олиб келувчини ҳам, олиб келтирувчини ҳам лаънатлади”. (Абу Довуд)

Ибн Можанинг ривоятида: “Пулини еювчини ҳам” дейилган.

Сўзимизнинг охирида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ароқхўрларга қарата айтган бир мавъизаларини келтирамиз: “Ким ароқ ичса ва маст бўлса қирқ кун намози қабул бўлмайди, ўлиб қолса дўзахга тушади, (ўлмай туриб) тавба қилса тавбаси қабулдир. Такрор яна ичса ва маст бўлса қирқ кун намози қабул бўлмайди, ўлиб қолса дўзахга тушади, (хушига келгач) тавба қилса тавбаси қабулдир. Такрор яна ичса ва маст бўлса қирқ кун намози қабул бўлмайди, ўлиб қолса дўзахга тушади, тавба қилса тавбаси қабулдир. Шундан кейин яна ичса, Қиёмат кунида Аллоҳ уни Хобал ботқоғидан суғоради”. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ! Хобал ботқоғи нима?” деб сўрашди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Дўзах аҳлидан оққан йиринг қонлардир”, деб жавоб бердилар. (Ибн Можа)

54.Тилла ва кумуш идишларни ишлатиш ва уларда ейиш, ичиш

Ҳозирги кунда деярли барча “Уй анжомлари” дўконларида, уйларда ва меҳмонхоналарда тилла ё кумушдан ёки уларнинг суви югуртирилган идиш-товоқлар учрайди. Бу ҳам майли, ҳозир одамлар бир-бирларига нафис тилла идиш-товоқларни совға қиладиган бўлишган. Баъзилар бундай идишларни уйларида сақламасалар-да, лекин бировларнинг уйларига борганда ёки тўйларда ишлатадилар. Буларнинг бари таъқиқланган (ҳаром қилинган) ишлардир. Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бундай идишларни ишлатувчиларга оғир ваъидлар ворид бўлган. Шулардан: “Кумуш ё олтин идишда ейдиган ё ичадиган киши ўз қорнига жаҳаннам оташини киритаётган бўлади”. (Имом Муслим)

Бу ҳукм барча идиш-товоқлар, яъни ликопча, қошиқ, санчқи, пичоқ, патнис ва бошқа махсус идишларнинг барига тааллуқлидир. Баъзилар эса: “Биз уларни ишлатмаймиз, фақат зийнат учун токчаларга териб қўямиз”, дейишади. Ишлатиб қўйишнинг олдини олиш учун бу иш ҳам жоиз эмасдир дейилган.

55. Ёлғон гувоҳлик бериш

Аллоҳ таоло деди: “Сизлар эса бутлардан иборат нажосатдан сақланинглар, ёлғон гувоҳлик беришдан сақланинглар. Аллоҳга холис ибодат қилинглар, Унга ширк келтирманглар”. Ҳаж: 30-31.

Абдураҳмон ибн Абу Бакра розияллоҳу анҳумодан, у отасидан: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик, шунда ул зот: “Гуноҳларнинг энг катталари ҳақида сизларга хабар берайми? деб уч марта айтдилар кейин дедилар: “Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш”... Ёнбошлаган ҳолда эдилар, ўтириб олдиларда: “Огоҳ бўлинглар, ёлғон гапириш ва ёлғон гувоҳлик бериш” деб такрорлайвердилар, ҳаттоки биз: “Қанийди тўхтасалар эди”, деб қолдик”. (Имом Бухорий)

Такрор-такрор ёлғон гувоҳлик беришдан қайтарганларининг сабаби кишиларнинг унга эътиборсизликлари, унга ундовчи адоват ва ҳасад каби омилларнинг кўплиги, ҳамда зарарининг мўллиги учундир.

Ёлғон гувоҳлик оқибатида қанча ҳақ-ҳуқуқлар поймол бўлади, қанчадан-қанча бегуноҳлар зулмга гирифтор бўладилар, баъзи одамлар эса ўзлариники бўлмаган нарсаларга эга бўлиб олишади, ҳатто баъзилар ёлғон гувоҳлик билан насабларигача ўзгартириб олишади. Яна шундай одамлар борки, маҳкамаларга мурожаат қилганларида, гувоҳга муҳтож бўлиб қолган пайтида тўғри келган одамга “сиз менга гувоҳ бўлинг, мен ҳам сизга гувоҳ бўлай”, деб ишнинг ҳақиқатини суриштирмай, аниқламай туриб гувоҳликка ўтиб кетаверадилар. Бундай қилиш ҳам гувоҳлик ишига беписандлик бўлади. Маҳкама эшигидан бошқа жойда учрамаган бир одам учун дейлик ер ёки уйга эгалик ҳақида гувоҳликка ёки уни оқлаб гувоҳликка ўтиш, ёлғончилик ва муттаҳамликдан ўзга нарса эмас. Шунинг учун гувоҳликка ўтиш: “... Биз фақат билган нарсамизга гувоҳлик бердик”. Юсуф:81 оятига мувофиқ бўлиши керак.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ёлғон гувоҳлик берувчининг икки қадами (турган еридан) қўзғалмай туриб Аллоҳ унга дўзахни вожиб қилади”, деган сўзларини унутмаслик лозим. (Ибн Можа, Ҳоким)

56. Куй ва қўшиқ эшитиш

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Аллоҳга қасам ичиб: “Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, улар билимсизлик билан (ўзгаларни) Аллоҳнинг йўлидан оздириш учун ва у (йўлни) масхара қилиш учун беҳуда сўз(лар)ни сотиб олур” Луқмон: 6 оятдаги “беҳуда сўз(лар)дан мурод- мусиқадир” деб, айтганлар.

Абу Омир ва Абу Молик Ашъарий розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Умматимдан шундай одамлар бўладики, улар зино, ипак, маст қилувчи ичимлик ва мусиқани ҳалол қилиб олишади...”. (Имом Бухорий)

Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда эса: “Бу уммат ичида ер ютиш, тош ёғилиш, (исёнкорларни) тўнғиз ва маймунларга айлантириб қўйилиши содир бўлади, бу эса маст қилувчи ичимликлар ичишган, ўзларига яллачи аёлларни олишган ва мусиқа асбоблари чалишган пайтда бўлади” (Ибн Абид-Дунё)

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ноғорадан қайтарганлар, найни эса аҳмоқ ва фожирнинг товуши деб сифатлаганлар. Ўтган уламолар, хусусан имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ уд, танбур, най, рубоб ва чанг каби мусиқа асбобларини ҳаром деганлар. Мусиқадан қайтарилган ҳадис остига, скрипка, қонун, пиянино, гитара ва булардан бошқа замонавий мусиқа асбоблари ҳам киришига шак-шубҳа йўқдир, балки замонавий мусиқа асбоблари, баъзи ҳадисларда ҳаромлиги айтилган қадимги мусиқа асбобларидан кўра кўпроқ завқлантириб ва қаттиқроқ таъсир қилади. Мусиқанинг нашваси, маст қилиши, маст қилувчи ичимликлар мастлигидан кўра кучлидир. Мусиқага ашула жўр бўлса, хусусан яллачи аёлларнинг овозлари қўшилса, ҳаромлиги ортиб, гуноҳи ҳам катталашади. Ашуланинг сўзлари ишқ, муҳаббат, севги ва ҳусн-жамол васфи ҳақида бўлса, мусибат янада катталашади. Шунинг учун ҳам уламолар: “Куй-қўшиқ зинонинг чопаридир. У қалбга нифоқ уруғини сепади” деб, огоҳлантиришган. Демак, куй-қўшиқ, мусиқа асримиздаги энг катта фитналардан бирига айлангандир. Ҳозирги кунда соатлар, қўнғироқлар, ўйинчоқлар, компютер ва телефонларга мусиқанинг кириб кетиши, бало устига бало бўлиб, бундан сақланиш, узоқ бўлиш мусулмонлардан жиддийликни талаб қилади. Аллоҳим Ўзи мадад берсин.

57. Ғийбат

Мусулмонларни ғийбат қилиш ва уларнинг обрўларини тўкиш аксар давраларнинг эрмак қилиб ўтирадиган писта-бодомига айланиб қолди. Аллоҳ таоло ғийбатни таъқиқлаган ҳамда уни эшитган одам жирканадиган қилиб тасвирлаб берган: “... айримларингиз айримларни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирон киши ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми?! Ана ёмон кўрдингизми?! (Бас, гуноҳи бундан-да ортиқ бўлган ғийбатни ҳам ёмон кўрингиз!)”. Ҳужурот: 12.

Оятнинг мазмунини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу сўзларида баён қилиб берганлар: “Ғийбат нима биласизларми?”. Саҳобалар: “Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ” дейишди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Биродаринг ҳақида, эшитса ёмон кўрадиган сўзларни гапиришингдир”. Сўралдики: “Мен айтаётган гап биродаримда бўлса-чи?” Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Айтганларинг биродарингда бўлса уни ғийбат қилган бўласан, агар бўлмаса бўҳтон қилган бўласан”, дедилар. (Имом Муслим)

Демак, ғийбат мусулмоннинг кетидан у эшитса ранжийдиган гапларни гапиришдир. Бу гап унинг дини ҳақида бўладими, дунёсими ё ахлоқими ёки жисмоний тузилиши ҳақидами барибир.

Ғийбатнинг бир неча кўринишлари бор. Масалан, айбларини гапириш ёки масхара қилиш мақсадида унинг бирор хатти-ҳаракатини ўхшатиш. Аллоҳнинг олдида ўта жирканч ва хунук бир жиноят саналишига қарамай, кўпгина кишилар ғийбат қилишга бепарво бўладилар. Ҳолбуки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда ўта қаттиқ сўз айтганлар: “Судхўрлик етмиш икки хил бўлиб, шунинг энг кичиги киши ўз онаси билан зино қилганга тенгдир. Судхўрликнинг энг каттаси эса – биродарининг обрўсини тўкишдир”. “Силсилаи саҳийҳа 1871” Албоний.

Даврада ўтирган одам ғийбатдан қайтариб, ғийбати қилинаётган биродарини ҳимоя қилиш фарздир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ана шунга тарғиб қилганлар: “Кимда-ким ўз биродарининг шаънини ҳимоя қилган бўлса, Қиёмат кунида Аллоҳ унинг юзини (ўзини) дўзах ўтидан сақлайди”. (Имом Аҳмад)

58. Чақимчилик

Одамлар орасини бузиш мақсадида гап ташиш ўзаро алоқалар бузилишига ҳамда адоват ва хусумат гулханини аланга олишига асосий сабаблардан бири бўлиб келмоқда. Қуръони Каримда бундайларни ёмонлаб шундай дейилган: “(Эй муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яна Сиз ҳар бир тубан қасамхўр, ғийбатчи-ю, гап ташувчи(га).. итоат этманг! (Кулоқ солиб ўтирманг)”. Қалам: 10.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қиладилар: “Қаттот (яширинча гап эшитиб сўнг уни етказадиган) жаннатга кирмайди”. (Имом Бухорий)

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадина боғларидан бирининг ёнидан ўтаётиб, қабрда азобланаётган икки кишининг овозини эшитиб қолдилар ва: «Бу иккиси азобланаяпти ва лекин бу гуноҳ (кўринишидан) катта эмас» дедилар. Кейин: «Бироқ, (у катта гуноҳдир) улардан бири бавлидан (сийдигидан) сақланмас эди, иккинчиси чақимчилик қилиб юрарди». (Имом Бухорий ва Муслим)

Гап ташишнинг энг ёмон хилларидан бири эрни хотинга ёки хотинни эрга ёмонлаб гап ташишдир. Ота-она билан фарзанд ўртасида гап ташиш ҳам кўп ёмон. Бундан мақсад кўпинча орани бузиш бўлади. Шунингдек, ходимларнинг ичларида раҳбар ёки масъул шахсларга гап ташиб бошқаларга зарар етказишга уринадиганлари бўлади. Буларнинг бари ҳаром қилингандир.

59. Одамларнинг уйларига берухсат қараш

Аллоҳ таоло деди: “Эй мўъминлар, ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва эгаларига салом бермагунингизгача кирмангиз”. Нур: 27.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам рухсат сўрашдан мақсад уй эгаларининг авратларига кўз тушиш олдини олиш эканлигини баён қилиб шундай дедилар: “Рухсат сўраш кўзни деб (яъни кўз тушмаслиги учун) жорий қилинган”. (Имом Бухорий)

Бугунги кунда биноларнинг яқинлиги, уйларнинг уланиб кетганлиги, дераза ва эшикларнинг қарама-қарши жойлашганлиги қўшниларни бир-бирига очилиб қолиш эҳтимолини кучайтирди. Кўпчилик кўзини олиб қочмайди. Баъзан тепа қаватда жойлашганлар дераза ва балконларидан пастдаги қўшниларининг уйларига қараб ўтирадилар. Бу эса қўшничилик ҳаққига хиёнат ва унга беҳурматлик бўлиб, ҳаромга бошлайдиган бир восита ҳамдир. Кўп бало ва бузуқ ишларга мана шу иш сабабчи бўлган. Бунинг оғир жиноят эканлигига, шариатда бировнинг уйига ўғринча мўралаган кишининг кўзи кўр қилинишга буюрилгани етарли далил бўла олади: “Ким бирор қавмнинг уйига рухсатсиз қараса, улар унинг кўзини ўйишга ҳақлари бор”. (Имом Муслим)

Бошқа бир ривоятда: “Кўзини ўйиб олсалар, ҳеч қандай тўлов ва қасос йўқ”. (Имом Аҳмад)

60. Уч киши бўлганда биридан яшириб, иккисининг пичирлашиши

Бу иллат мажлисларнинг офати мусулмонларнинг бир-биридан ажратиб ташлаш, бир-бирларига нисбатан шубҳа-гумон уйғотиш мақсадидаги шайтоннинг макрларидан биридир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бунинг ҳукми ва иллатини баён қилиб, шундай деганлар: “Уч киши бўлсанглар, то одамларга аралашмагунингизча бири қолиб иккиси пичирлашмасин. Чунки бу уни (учинчини) ранжитади”. (Имом Бухорий)

Бу ҳадис учтаси бир бўлиб олиб тўртинчисини ажратиб қўйган ёки ундан кўп сонли кишиларга ҳам тааллуқлидир. Икки киши учинчилари тушунмайдиган тилда сўзлашишлари ҳам худди шунинг ўзидир. Шубҳа йўқки, икки кишининг ўзаро пичирлашуви учинчилари учун бир нав ҳақорат бўлади ёки уни “улар менга ёмонлик қилишмоқчи эканми”, деган гумонга солади.

61. Кийимни ерга судраб юриш

Шундай ишлар борки одамлар наздида арзимас иш ҳисоблансада, Аллоҳнинг наздида оғир ишдир. Шулардан бири кийимни тўпиқдан пастгача тушириб узун кийиш. Баъзилар кийимни ерга текказиб юрсалар, айримлар ҳатто орқасига осилтириб судраб юради.

Абу Зарр розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадисда: “Уч тоифа одамлар борки, Аллоҳ қиёмат кунида уларга гапирмайди, уларга қарамайди, уларни покламайди ва уларга аламли азоб бўлади. Кийимини узун қилиб ерга судраб юрувчи, миннатчи ва ёлғон қасам билан молини ўтказувчи кимсалар” дейилган. (Имом Муслим)

“Мен кийимимни кибр қилиб узайтирганим йўқ” дегувчи одам ўзини номақбул тарзда оқлаган бўлади. Чунки ҳадисдаги ваъид умумийдир, кибрни мақсад қилинганми йўқми барибир. Бунга ушбу ҳадис ҳам далолат қилади: “Изорнинг (шим, шалвар) тўпиқдан пасти дўзахдадир”. (Имом Аҳмад)

Агар кибрланиб шундай қилса азоби қаттиқроқ ва оғирроқ бўлади: “Ким кибр қилиб кийимини судраб юрса Қиёмат кунида Аллоҳ унга қарамайди”. (Имом Бухорий)

Чунки у икки ҳаром иш; кибр ва кийим судрашни жамлагандир. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис ҳар қандай кийимни узунлатиб тушириб олиш гуноҳ эканига далолат қилади: “Исбол (кийимни узун қилиб судраш) лўнги, кўйлак ва саллада (бўлади). Кимки булардан биронтасини манманлик билан ерга судраб юрса, Аллоҳ унга Қиёмат кунида қарамайди”. (Абу Довуд )

Аёл кишига шамол ёки бошқа бирор сабаб бўлиб оёқлари очилиб қолмаслиги учун эҳтиёт юзасидан бир-икки қарич ерга судраб юришга рухсат берилган. Лекин баъзи келинларнинг куйлаклари каби бир неча метр ёки орқасидан этагини кўтариб юриш даражасигача кийиш шубҳасиз бу ҳаддан ошишдир.

62. Эркакларнинг тилла билан зийнатланишлари

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қиладилар: “Олтин ва ипак умматимнинг аёлларига ҳалол, эркакларига ҳаром қилинди”. (Имом Аҳмад)

Бугунги кунда бозорлар, магазинлар эркаклар учун хилма-хил тилла соат, кўзойнак, тугма, ручка, занжир, узуклар ёки тилла суви юритилган молларга тўлган. Баъзи мусобақалардаги: “Мукофот эркакларнинг тилла соати” деб эълон қилиниши ҳам мункар ишлардандир.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қиладилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишининг қўлида тилла узукни кўриб уни ечиб олиб отиб юбордилар ва: “Сизлардан бир киши дўзахдан бир бўлак чўғни қасд қилади-да, уни қўлига тақиб олади”, дедилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам кетганларидан кейин ҳалиги одамга: “Узугингни ол (сотиб) фойдаланарсан!”, дейишди. “Йўқ”, деди у, “уни ҳеч қачон олмайман, чунки уни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам отиб юбордилар”. (Имом Муслим)

63. Аёлларнинг калта, юпқа ва тор кийим кийишлари

Ҳозирги вақтда Ислом душманларининг мусулмонларга қарши қўллаётган қуролларидан бири шаклу-шамоили хилма-хил модалар ва кийим-кечаклар бўлиб қолди. Бундай кийимлар мусулмонларнинг орасида ҳам кенг тарқаб ривожланиб кетди. Бу кийимларнинг кўпи ўзининг калталиги, шаффофлиги ва торлигидан ҳаттоки аёллар ва маҳрамларнинг олдида ҳам кийишга ярамайди.

Охири замон хотинларининг эгнида ана шундай кийимларнинг пайдо бўлиши ҳақида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳадисларида хабар бериб ўтганлар: “Мен кўрмаган икки тоифа борки, улар дўзах аҳлидандир: Сигирнинг думига ўхшаш қамчилари бўлиб, у билан одамларни урадиган тоифа ҳамда кийим кийган яланғоч, йўлдан урувчи, йўлдан озган аёллар. Уларнинг бошлари (сочни бошнинг тепасига йиғиб олгани учун) туянинг ўркачи кабидир. Улар жаннатга кирмайдилар, унинг ҳидини ҳам топмайдилар. Ҳолбуки, унинг ҳиди фалон йиллик масофадан келиб туради”. (Имом Муслим)

Баъзи аёлларнинг куйлакларининг этакларини орқасидан ёки ёнидан узун қилиб кесиб олишлари мазкур ҳадис остига тушади. Бундай аёллар ўтирганларида уятли жойлари кўриниб қолиши билан бирга ғайри динларга, уларнинг модаларига, шарманда кийим-кечакларига тақлид қилаётганларини унутмасинлар! Шунингдек, баъзи кийимлардаги бемаъни суратлар; масалан, қўшиқчиларнинг, груҳларнинг суратлари, ароқ идишлар ва сигаретлар суратлари, жонли нарсалар, хоч(крест)нинг ҳамда нопок клуб ва жамиятлар рамзларининг суратлари, шунингдек ажнабий тиллардаги уятсиз иборалар акси туширилган кийимларни кийиш ҳам ҳаром.

64. Эркак ва аёлларнинг соч улатиши

Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳумо дедилар: “Бир аёл Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, мени узатиладиган қизим қизамиққа чалиниб, сочи тўкилиб кетди, соч улатиб олсам бўладими?” деб сўради. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ соч уловчини ва улатувчини лаънатлади”, дедилар. (Имом Муслим)

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу бундай деганлар: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошига бирон нарса улаган аёлни ёмон кўрар эдилар”. (Имом Муслим)

Сочга ҳар хил нарсалар улаб олиш ёки баъзи артистларнинг театр ва томошаларда кийиб оладиган париклари ҳам шу кабидир.

(Давоми бор)