Жума 26 Апрель 2024 | 17 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Эҳтиёт бўл қизалоғим! Чат(сhat)хоналарда ўғрилар ва бўрилар бор

7781 марта кўрилган

Д. Ҳамдон ибн Муҳаммад ал-Ҳамдон
Арабчадан ўгирувчи Абу Закариё ал-Маданий

Алҳамду лиллаҳ вассолату вассаламу ала расулиллаҳ...

Азиз қизалоғим, менинг ушбу мактубим сенга меҳрибон ота, муҳтарам ака, мушфиқа она орқали етар, эҳтимол уни мажалладан ўзинг ўқирсан. Сендан умидим Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари, саҳобаларнинг қизлари, замони саодатдан то бугунги кунгача яшаган муъмина қизлардан ўрнак олиб яшамоғингдир. Сен иймонда, яхши ишларда, хусусан, ор-номус, иффат, шараф ва ҳаёни сақлашда улардан намуна ол. Ким бўлсин, қандай йўл билан бўлсин, интернет ё телефон орқалими, хат ёки учрашув орқалими ёҳуд бундан бошқа йўллар биланми бирон бегона йигит учун ўз эшигингни очма!

Сен биронта бегонага (маҳрам бўлмаган ҳар бир эркак бегонадир) ҳаётингга киришига изн берсанг, гўёки сен ўрмондан чиққан ёки ҳавонот боғидан қочган оч бўрига уйинг эшигини очган бўласан. Ўйлаб кўр, — Аллоҳ сақласин — ўша бўри уйингиз эшиги олдида турибди, сен унга эшикни очасанми? Агар очсанг оила аъзоларингдан биронтаси ундан соғ қолмайди. Бунисини қорнини ёради, унисини ғажийди, бошқасини ўлдиради... мана шу даҳшатли манзарадан мамнунмисан?!

Чат ёки мессенжер, телефон ёки учрашув орқали сенга боғланаётган йигит инсон қиёфасидаги бўридир. Унинг мақсади ахлоқ, шараф ва ор-номусни овлаш. Ҳаётингнинг вайрон бўлиши, расво ва бадном бўлишинг у учун қизиқ эмас. Оилангнинг обрўси тўкилиши, одамлар олдида ёмон отлиқ бўлиши, саодати ва барқарорлигини йўқотиши уни қизиқтирмайди. Бу маккор ва ғаддор йигитнинг ягона мақсади жинсий ғаризасини ҳаром йўл билан қондириш, холос. У ҳар қанча ширин сўзларни айтмасин, ром қилувчи ибораларни ишлатмасин, мақсадим уйланиш, бахтли оила қуриш деб ҳар қанча қасамлар ичмасин, буларнинг бари ёлғон... Ана шу ўғрилар кундузда кўринмайдилар, улар кўршапалаклар сингари қоронғи зулматда яшайдилар. Улардан тавба қилганлари ёки ўз қилмишидан фахрланадиганлари: “тарбияси бузуқ, тўғри келган одамни —фақат телефон орқали бўлсада— ўз ҳаётига киритаверадиган аҳмоқ, гўл қиз билан ўлганда ҳам турмуш қурмаслигини” очиқ айтадилар

Қизалоғим, сен шуни яхши билгин, агар ана шу инсон қиёфали бўрига сен билан гаплашиш, қандай бўлмасин замонавий алоқа воситалари билан алоқа қилишга имкон берсанг, у жидду жаҳд билан кейинги босқичларга ўтишга, ўзининг разил ниятларига эришиш учун сени алдаш ва авраш учун қўлидан келган барча ҳийла найрангларни ишга солади. Ва ниҳоят у сен билан учрашувга имкон топса, бир лаҳзада сен унинг олдида қассоб қўлидаги қўзичоқдек бўлиб қоласан. Қассоб қўлидаги қўзи нима ҳам қила олади? Ўзини қассобдан ҳимоя қила оладими? Унинг қўлидан қутулиш имкони борми? Сен ҳаётингда  ҳеч бўлмаганда бир марта бўлса ҳам қўй сўяётган, унинг терисини шилаётган қассобни кўрган бўлсанг керак? Бироқ бу икки қассоб бир-биридан осмон билан ерча фарқ қилади. Қўй сўяётган қассоб Аллоҳ таоло учун қурбонлик қилаётгандир, азиз меҳмон учун жонлиқ сўяётгандир, ҳеч бўлмаганда бу қўйни тирикчилик учун сўяётгандир. Аммо анави —бўйнинг узулгур— йигит мусулмонларнинг қиз-жувонларини йўлдан уриш, номус ва шарафларини сўйиш билан Шайтон ал-лаинга қурбат ҳосил қилмоқда.

Бу йигит йўлдан озган, чунки у ақлидан, билимидан, заковати ва саломатлигидан ёмон йўлда фойдаланмоқда. Агар у ақл, билим, заковат ва саломатлик неъматига шукр қилганида, бу нарсалардан маъсият ўрнига Аллоҳга тоат қилишда, мусулмон биродарларга озор берадиган нарсалар ўрнига уларга фойда берадиган ишларда  фойдаланган бўларди. У адашгани боис Аллоҳ таолонинг мана бу сўзига амал қилмади: «Никоҳ (учун лозим бўлган мол-давлатни) топа олмаган кишилар то Аллоҳ уларни Ўз фазлу-карами билан бой-бадавлат қилгунича ўзларини (ҳаромдан, зинокорликдан) пок тутсинлар!!» (Нур: 33). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу буйруғига бўйсинмади: «Ўзингга яхши кўрган нарсангни биродарингга ҳам раво кўр.» (Табароний  Кабир ва Авсатда ривоят қилган) Бунинг акс маъноси ўзингга раво кўрмаган нарсани биродарингга ҳам раво кўрма.

У ҳар қанча разил бўлмасин, бегона одам келиб унинг синглиси ёки онаси билан у бировларнинг қизлари билан қилаётган ишини қилишига асло рози бўлмайди.

Қизалоғим, сен ўзингдан ҳам оилангдан ҳам энг биринчи масъулсан. Сен анави бўғиб ўлдирадиган бироқ емай ташлаб кетадиган бўрилар қаршисида эшикни очмасанг, ўзинг ҳам дининг ва иффатинг ҳам саломат бўлади. Оиланг, унинг шарафи ва саодати сақланиб қолади. Сен оқила, фаросатли ва қатъийятли бўлишга қодирсан. Сенинг маъсият ва гуноҳ қилишга, ўзингни ўзинг улкан мусибатларга ва ечими йўқ муаммоларга йўлиқтиришга ҳам имконинг бор. Иккинчи йўлни танласанг, адашган аҳмоқ қизлар қилгани каби ўз жонигга қасд қилишга қўл урасан ёки шуни ўйлаб қоласан. Аллоҳ таоло дейди: «Ҳамда ўзингизни ўзингиз ўлдирманг! Албатта Аллоҳ сизларга меҳрибон бўлган зотдир. Ким ҳаддан ошиб шундай ишларни қилса, биз уни дўзахга киритажакмиз. Бу Аллоҳ учун осон бўлган ишдир.» (Нисо: 29,30)

Бу ҳолат мана бу оятга ҳам тушади: «Ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, ўша жойда абадий қолгусидир. У Аллоҳнинг ғазаби ва лаънатига дучор бўлган, Аллоҳ унинг учун улуғ азобни тайёрлаб қўйгандир.» (Нисо: 93)

Термизий Жобир ибн Самурадан ривоят қилган асарда айтилишича: бир одам ўзини ўлдирган эди Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга жаноза ўқимадилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким тиғ билан ўзини ўлдирса, қўлида тиғ билан уни қорнига урганича жаҳаннам ўтида абадий қолади. Ким заҳар ичиб ўзини ўлдирган бўлса, жаҳаннам ўтида уни ичганича абадий қолади. Ким ўзини тоғдан ташлаб ўлдирган бўлса, жаҳаннам ўтида думалаган ҳолида абадий қолади»[1] (Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ўзига тиғ урган киши дўзахда ҳам ўзига тиғ уради, ўзини (ўтга) ташлаган одам дўзахга ўзини ташлайди, ўзини бўғган одам дўзахда ҳам ўзини бўғади» (Аҳмад ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3421).

Собит ибн Даҳҳок розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким дунёда ўзини бир нарса билан ўлдирса, қиёмат куни ўша билан азоб берилади» (Муслим ривояти).

Қизалоғим, агар сен ўша иффат ўғриларига қулоқ тутсанг, хозиргина айтилган ваҳимали оқибатларга қўшимча ўлароқ гуноҳи кабиралардан бири бўлмиш ота-онангга оқ бўласан. Сен уларни бу қилмишинг билан ночор аҳволга соласан, уларга сени тарбиялашда катта хатога йўл қўйганларини кўрсатиб қўясан ва уларнинг обрўларига қаттиқ таҳдид соласан. Мана шундай шармандаликдан ва обрўлари тўкилишидан қўрқиш жоҳилият арабларини қизларини тириклайин кўмишга мажбур қилган эди. Ота-онанг аччиқ устида қарғаб юборишлари мумкин ва шу қарғиш туфайли бир умр бахтиз бўлиб ўтарсан. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уч тоифа одамларнинг дуоси албатта ижобат бўлади деганлар ва ота-онанинг фарзандига қилган дуолари шулар жумласидан деб айтганларини доимо ёдингда тут.

Эҳтиёт бўл қизалоғим! Эҳтиёт бўл!

“Даъват” мажалласи, 1902-сон 24-жумодул ууло 1424 ҳижрий сана -24 июл 2003- мелодий сана.

[1] Жаҳаннамда абадий қолиши куфр ва ширк билан ўлган кишининг абадий қолишидек деб тушунилмайди. Балки, узундан-узоқ азобга дучор бўлиш, гуноҳнинг нақадар катталигининг баёни ва уни қилишдан қўрқитиш тушунилади. Чунки қибла аҳлидан бўлган ўзини ўлдирган кишини кофир бўлмаслиги ҳақида бошқа далиллар мавжуд, валлоҳу аълам.