Шанба 18 Май 2024 | 10 Зулқаъда 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

101-144

3299 марта кўрилган

جَفَّ الْقَلَمُ بمَا هُوَ كَائِن إلى يَوم القِيَامَةِ، ومَا أخْطَأَ العَبْدَ لـَمْ يَـكُنْ لِيُصِيبَهُ، ومَا أصَابَهُ لَمْ يَـكُنْ لِيُخْطِئَهُ

101. Қиёмат кунига қадар нима бўлиши керак бўлса, ўшани қалам ёзган, сиёҳ қуригандир. Бандага нимаики етмаган бўлса, аслида унга етиши керак эмас эди. Унга етган нарса эса, аслида уни четлаб ўтиши мумкин эмас эди.


Бу, яъни сизга Аллоҳ таоло ёзган нарсадан бошқаси етмаслиги, сизга етган иш ёки кўргулик албатта етиши керак бўлгани учун етгани, сиздан четлаб ўтиб кетган иш ёки кўргулик эса сизга етмаслиги керак бўлгани учунгина етмаган эканига ишониш қазо ва қадарга иймон келтиришга киради.

Агар сизга бирон ёқимсиз иш ёки мусибат етса, биласизки, бу нарса лавҳул маҳфузда битилган ва албатта бўлмасдан иложи йўқ эди. Шу ишонч билан тасалли топасиз, жазавага тушишдан қутуласиз, Аллоҳ азза ва жаллага иймон келтирган бўласиз.

Сизга етмаган нарса (яъни омад ё мусибат, бахт ё бахтсизлик) ҳаргиз етмаган бўларди. Сиз бир нарсани талаб қилиб унинг йўлида ҳар қанча ҳаракат қилманг, пул-мол сарфламанг, агар тақдирда битилмаган бўлса асло у нарсага етишолмайсиз. Сабабини қилсангиз, ҳамма нарсани сарф қилиб ҳам унга эришмасангиз, қазо ва қадарга бўлган ишончингиз туфайли сиз бунга таслим бўласиз, сиқилиб, ғамга ботмайсиз. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ўзингга фойдали бўлган нарсага интил, Аллоҳдан мадад сўра ва ожиз бўлма! Агар бирон (кўнгилсизлик) етса: «Агар ундай қилганимда бундай бўларди экан» дема, балки: «Аллоҳ шуни тақдир қилибди, У Ўзи истаган ишини қилди», дегин! Чунки «агар» шайтоннинг иши(га йўл) очади»1 (Муслим ривояти).

Мана шуларни билсангиз, иш сизга осон кўчади, жазавага ҳам тушмайсиз, ҳасратга ҳам ботмайсиз. Барча ишлар Аллоҳнинг қўлида. Тўғри, сиз сабабларни қиласиз, ўзингизга фойдали бўлган ишларга уринаверасиз, лекин натижалар Аллоҳ азза ва жалла тарафидан келади, ўзингиз учун яхшилик нимада эканини сиз билмайсиз. Балки, Аллоҳ азза ва жалла ўша нарсани сизга бермаганининг сабаби – мабодо унга эришган бўлганингизда ундан сизга фойда эмас, аксинча зарар етиши мумкин бўлар эди, Аллоҳ билади, сиз билмайсиз. Шундай экан, Аллоҳнинг қазо ва қадарига рози бўлиш сиз учун энг яхши йўлдир.

Қуръони каримда Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламга хитобан айтади: «Айтинг: Бизга фақат Аллоҳ биз учун ёзиб қўйган нарсагина етур. У бизнинг ҳожамиздир. Бас, иймонли кишилар фақат Аллоҳгагина суянсинлар!» (Тавба: 51).

Кофирларнинг Уҳуд куни ўлдирилган кишилар ҳақида: «Агар биз билан бирга қолганларида ўлмаган ва ўлдирилмаган бўлар эдилар», (Оли Имрон: 156) деб айтган гапларига жавобан Аллоҳ таоло айтди: «Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Агар уйларингизнинг ичига беркиниб олганингизда ҳам ўлдирилиши Аллоҳ томонидан ҳукм қилинган кишилар шубҳасиз ҳалокат жойига келган бўлар эдилар» (Оли Имрон: 154).

Инсоннинг тақдирига битилган нарса жорий бўлмай иложи йўқ. Ҳар қанча эҳтиётини қилмасин, яшириниб ва ўраниб олган бўлмасин, бу нарсалар уни Аллоҳнинг қазо ва қадаридан тўсолмайди. Аллоҳ таоло айтади: «Қаерда бўлсангиз, ҳатто мустаҳкам қалъалар ичида бўлсангиз ҳам ўлим сизларни топиб олур» (Нисо: 78).


وعَلى العَبْدِ أنْ يَعْلمَ أنَّ اللهَ قَدْ سَبَقَ عِلمُهُ فِي كُلِّ كَائِنٍ مِنْ خَـلْقِهِ


102. Банда яна шуни билиши лозимки, махлуқот тарафидан нимаики содир бўлса, ўшани Аллоҳ Таоло аввалдан билган.


Бу қазо ва қадарга иймон келтириш даражаларининг биринчи даражасидир. Яъни, банда ишонади ва эътиқод қиладики, Аллоҳ таоло бўлган-у бўлмаган нарсаларнинг ҳаммасини Ўзининг азалий илми билан билган, уларнинг ҳаммасини ҳали бўлмасиданоқ Ўзининг ҳамма нарсани иҳота қилувчи илми билан билган. Шундай эътиқод қилиш лозим.


فَقَدَّرَ ذلك تَقْدِيراً مُحْكَماً مُبْرَماً


103. Ҳамда уни пухта ва ўзгармас қилиб тақдир этган.


Аллоҳ таоло билган ва пухта ўлчаб, тақдир қилган: «У барча нарсани яратиб, (аниқ) ўлчов билан ўлчаб қўйган зотдир» (Фурқон: 2).

Демак, оламдаги ҳеч бир иш тартиб-интизомсиз эмас, ҳаммаси пухта тартибланган ва Аллоҳнинг қазо ва қадарига бўйсундирилган. Аллоҳ таоло бетартиблик ва беҳуда яратишдан покдир.

لـَيْسَ فِيهِ نـَاقِضٌ، ولا مُعَقِّبٌ، وََ لا مُزيلٌ، ولا مُغَيِّرٌ، ولا نـَاقِصٌ ولا زَائِدٌ مِنْ خَلْقِـهِ فِي سَمَاوَاتِهِ وَأرْضِهِ.


104. Осмонлару ердаги бирон махлуқ ушбу тақдирни бузишга, текширишга, йўқотишга, ўзгартиришга, камайтиришга ёки кўпайтиришга қодир эмас.


Бирон жонзот ўзи билганича тасарруф қилиб, Аллоҳ қазо (ҳукм) қилган ва тақдир қилган нарсани ўзгартиришга қодир эмас. Унинг қазосини қайтарувчи, Унинг ҳукмини текширувчи йўқ. «Аллоҳ ҳукм қилур Унинг ҳукмини текширувчи бўлмас» (Раъд: 41). Ҳеч ким Аллоҳнинг қазосидан бирон нарсани камайтиришга ёки унга бирон нарса қўшиб қўйишга қодир эмас. Бу аллақачон ҳал қилинган ишдир.

Мусулмон киши мана шу эътиқодда бўлса, жуда кўп шак-шубҳа ва гумонлардан қутулади. Лекин, бунинг маъноси қазо ва қадарга, лавҳул маҳфуздаги битикка суяниб, амални тарк қилиш дегани эмас2. Мусулмон киши амал қилишга, ризқ талаб қилишга, сабабларни қилишга буюрилган. Аммо, натижалар Аллоҳ азза ва жалланинг қўлидадир.


وذلِكَ مِن عَقـْدِ الإيمَان، وأصُولِ الْمَعْرِفـَةِ


105. (Тақдир ҳақида) ана шундай эътиқодда бўлиш иймон арконларидан ҳамда Аллоҳни тўғри таниш асосларидандир.


Қазо ва қадар ҳақидаги бу ақида Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога иймон ақидаси ичига киради. Яъни, қазо ва қадарга иймони бўлмаган одам Аллоҳ азза ва жаллага иймон келтирган бўлмайди. Қазо ва қадарга иймон келтириш иккиламчи ёки жузъий масалалардан эмас, балки у ақиданинг асосларидан ва иймоннинг рукнларидан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Иймон - Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, Пайғамбарларига ва Охират кунига ишонишинг ҳамда тақдирнинг яхшиси-ю ёмонига (барчаси Аллоҳ тарафидан эканига) иймон келтиришингдир»3.


والاعْتِرَافِ بِتَوْحِيدِ اللهِ تَعالَى ورُبُوبـِيَّتِهِ، كَما قال تعالى في كِتـَابهِ: وَخـَلـَقَ كُلّ شَيْءٍ فـَقـَدَّرَهُ تـَقـْدِيراً وقال تعالى: وكَانَ أمْرُ اللهِ قـَدَراً مَقـْدُوراً.


106. Ва бу рубубиятда Унинг ягона зот эканлигини эътироф этиш асосларидандир. Аллоҳ Таоло айтади: «У ҳар бир нарсани яратди ва унинг тақдирини аниқ ўлчаб-белгилаб қўйди» (Фурқон: 2). Яна бир оятда эса: «Аллоҳнинг амри-иродаси (албатта содир бўлиши лозим бўлган) тақдири азалий бўлди» (Аҳзоб: 38).


Қазо ва қадарга иймон келтириш рубубият тавҳидига киради. Чунки қазо ва қадар Аллоҳ таолонинг феълларидан, ким уни инкор қилса рубубият тавҳидига иймон келтирган бўлмайди.

«У ҳар бир нарсани яратди ва унинг тақдирини аниқ ўлчаб-белгилаб қўйди» (Фурқон: 2).

«Аллоҳнинг амри-иродаси (албатта содир бўлиши лозим бўлган) тақдири азалий бўлди» (Аҳзоб: 38).

«Албатта Биз ҳар бир нарсани (аниқ) ўлчов билан яратдик» (Қамар: 49).

«(Бирон кимсага) бирон мусибат етмас, магар Аллоҳнинг изни-иродаси билангина (етур)» (Тағобун: 11).

«На Ерга ва на ўзларингизга бирон мусибат етмас, магар (етса) Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда (Лавҳул-Маҳфузда битилган) бўлур» (Ҳадид: 22).

Бу ва бошқа шу маънодаги оятлар қазо ва қадарга иймон келтиришга далолат қилади.


فوَيْلٌ لِمَنْ صَارَ لِلّهِ تَعالَى في القـَدَر خـَصِيمًا, وأحْضَرَ لِلنـَّظـَر فِيهِ قَلْباً سَقِيماً


107. Шундай экан, тақдир борасида касал қалб билан фикр юритиб, ушбу масалада Аллоҳга хусуматчи бўлган кимсага вайл бўлсин.


Қазо ва қадар ишига аралашиб, бу ҳақда шубҳа-гумонлар пайдо қилган одам Аллоҳга хасим (рақиб) бўлган ва У билан талашган бўлади. Қазо ва қадарнинг тўртов даражасига Китобу Суннатда келган равишда иймон келтиришсиз кишининг иймони дуруст саналмайди. Ҳар хил саволлар, шубҳа ва гумонлар гирдобига шўнғиш ярамайди, зеро бундай қилиш Аллоҳ билан талашиш бўлиб қолади. Қазо ва қадар ҳақида чуқур киришган кишилар ҳеч нарсага етиб бормаганлар, балки гангиш ва беқарорлика тушиб қолганлар, ақидалари бузилгани қолган, холос.

Қазо ва қадар каби Аллоҳ таолонинг Ўзига хос бўлган ишларига фикр ва ақл билан етиб бўлмайди. Шундай экан, ақлингизни у ҳеч қачон англаб етолмайдиган ишларга ишлатманг. Ақл чекланган, у ҳамма нарсани идрок қилишга қодир эмас. Уни кучи етмайдиган ишларга ишлатиб овора бўлманг.


لَـقَـدِ الـْتـَمَسَ بـِوَهْمِهِ فِي فـَحْصِ الغـَيْبِ سِرّاً كَـتِـيماً


108. Зеро у ожиз фикри билан ғайбни титкилаб, Аллоҳ беркитган сирни билмоқчи бўлди.


Чунки, қазо ва қадар Аллоҳ азза ва жалланинг бандаларидан сир тутган нарсасидир. Шундай экан, у ҳақда баҳс юритманг. Сиз бунга буюрилмагансиз. Сиз амалга, тоат ва бўйсунишга буюрилгансиз.


وعَادَ بمَا قال فِيهِ أَفـَّاكاً أَثـِيمًا.


109. Ва тақдир тўғрисида гапириб ёлғончи гуноҳкор бўлди.


Яъни, унинг ҳар бир айтган сўзи ва юритган баҳси ёлғон ва бўҳтон бўлди. Чунки у буюрилмаган ишга қўл урди, ўзига тегишли бўлмаган ва ақли етмайдиган нарсага аралашди.


وَالْعَرْشُ وَالْكُرْسِيُّ حَقٌّ.


110. Арш ҳам, Курсий ҳам ҳақдир.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло осмонларни яратди, ерни яратди, Курсийни яратди, Аршни яратди. Буларнинг барчаси Аллоҳ азза ва жалланинг махлуқоти. Осмонлар ернинг устида, осмонлар устида денгиз, денгиз устида курсий, курсий устида арш бўлиб, у махлуқотлар ичида энг олий-юқорисидир. Ҳадисда айтилишича: «Етти осмон(нинг) курсийга нисбатан (ҳажми) қалқонга ташлаб қўйилган етти танга кабидир». Яъни, етти осмон ўзининг улканлиги ва ўз ичига олган барча нарсалар билан биргаликда курсийга қиёс қилинса, жангчининг қалқонига ташлаб қўйилган етти тангага ўхшаб қолади. «Унинг курсиси осмонлар ва ердан кенгдир» (Бақара: 255) ояти шуни ифодалайди. Арш курсийдан катта, ҳадисда келганидек, курсий аршга нисбатан олиб қаралганда бепоён саҳрога ташлаб қўйилган битта ҳалқа мисолидадир.

Ушбу махлуқотларнинг нақадар буюк ва улканлиги ёлғиз Аллоҳннинг Ўзигагина маълум.

Арш махлуқотларнинг энг олийси, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло арши устида, махлуқотларидан юқорида.

Курсий аршнинг остида, ривоятларда айтилишича, у икки қадам-пойнинг ўрни. Курсий махлуқ, ундан мақсад – Ибн Аббос розияллоҳу анҳумога нисбат берилган сўзда айтилганидек илм эмас. У киши «Унинг курсиси осмонлар ва ердан кенгдир» оятидаги курсисидан мурод – илми, деганликлари айтилади. Яъни, Унинг илми осмонлару ердан кенг. Маъно саҳиҳ. Бироқ, оятдан мақсад бу эмас. Курсий махлуқ, илм эса Аллоҳ азза ва жалланинг сифатларидан бири, у махлуқ эмас. Арш ва курсийга ҳақиқий маъносида иймон келтириш вожиб. Арш ашъарийлар ва уларга ўхшаганлар айтишганидек мулк эмас, улар «Арш мулкдир» дейишади, Аллоҳ таолонинг «Ўз аршига кўтарилди» (Аъроф: 54) оятини «мулкни истило қилди (эгаллади)» деб айтишади. Ундай эмас, арш махлуқдир: «Илгари У зотнинг арши сув устида эди» (Ҳуд: 7). Аршнинг остида курсий бор, курсийнинг остида осмонлар бор, ер эса осмонлар остида. Ҳадисда айтилганки: «Аллоҳдан сўрайдиган бўлсангиз, олий «Фирдавс» жаннатини сўранглар. Чунки у жаннатнинг энг ўртаси ва энг юқорисидир, жаннат анҳорлари ундан оқиб чиқади, Раҳмон таолонинг Арши унинг устидадир»4. Демак, Фирдавс жаннатларнинг энг олийси, унинг устида Раҳмон таолонинг арши бор.

Аллоҳнинг арши махлуқ, унинг бир тоифа малоикалардан иборат кўтариб турувчилари бор: «Уларнинг устида Парвардигорингизнинг аршини у Кунда саккиз (фаришта) кўтариб турур» (Ал-ҳаққо: 17). Қиёматдан аввал уни тўртта фаришта кўтариб туради, қиёмат бўлганда икки баробар бўлиб, саккизта фаришта кўтаради. Ҳар бир фариштанинг хилқати, буюклиги ва куч-қудрати тасаввурга сиғмас даражададир.5

Арш мулк дейиладиган бўлса, унда, мулкни малоикалар кўтариб туради, деймизми?!


وَهُوَ مُسْتَغْنٍ عَنِ الْعَرْشِ وَما دُونَهُ


111. Аллоҳ Таоло Аршдан ҳам, ундан қуйи нарсалардан ҳам беҳожатдир.


«Сўнгра Ўз аршига ўрнашди» (Аъроф: 54) оятининг маъноси – Аллоҳ таоло аршга бир махлуқ бошқа бир махлуқнинг устига ўрнашгани каби муҳтож, дегани эмас. Балки Аллоҳ азза ва жалла арш устига кўтарилган, ўрнашган, ваҳоланки У аршдан ҳам, ундан қуйидаги нарсалардан ҳам беҳожат.

Барча махлуқотлар Аллоҳ таолога муҳтож: «Албатта Аллоҳ осмонлар ва ерни қулаб тушишдан ушлаб-асраб турур. Аниқки агар улар қуласалар, У зотдан сўнг (яъни Аллоҳдан ўзга) бирон кимса уларни тутиб тура олмас» (Фотир: 41). Аршни тутиб турадиган, осмонларни тутиб турадиган, ерни ва махлуқотларни тутиб турадиган ёлғиз Унинг Ўзидир. У Ўзининг қудрати билан уларни ушлаб-асраб туради. Улар ҳаммаси Унга муҳтож, У эса улардан беҳожатдир.

Бир нарса бошқа нарсанинг устида бўлишидан юқоридаги нарса пастдаги нарсага албатта муҳтожлиги келиб чиқмайди. Мана, осмонлар ернинг устида, бироқ улар ерга муҳтож эмас.


مُحِيطٌ بِكُلِّ شَيْءٍ وَفَوْقَهُ


112. У ҳамма нарсани (илми ва қудрати билан ўраб) иҳота қилган ва (ҳамма нарсадан) юқоридадир.


У ҳамма нарсани иҳота қилган, «Албатта Аллоҳга на Ердаги ва на кўкдаги бирон нарса махфий эмасдир» (Оли Имрон: 5), иҳота қилиши ўша нарсаларни билишидир. Чунки, аслида, У зот ҳамма нарсадан юқоридадир.


وَقَدْ أَعْجَزَ عَنِ الإحاطَةِ خَلْقَهُ


113. Махлуқотларини эса Ўзини иҳота қилишдан ожиз қолдиргандир.


Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уларнинг олдиларидаги нарсаларни ҳам, орқаларидаги нарсаларни ҳам билади. Улар эса У зотни илм (билиш) билан иҳота қила олмайдилар. Аллоҳ таоло айтади: «У уларнинг (барча одамларнинг) олдиларидаги ва орқаларидаги бор нарсани билади. Ва улар У зотнинг илмидан фақат Ўзи истаган нарсаларнигина биладилар» (Бақара: 255). Аллоҳ ҳамма нарсани Ўз илми билан иҳота қилган: «Токи сизлар Аллоҳнинг барча нарсага қодир эканлигини ва Аллоҳ барча нарсани (Ўз) билими билан иҳота қилиб олганини билишларингиз учун (У зот сизларга юқорида зикр қилинган нарсалар ҳақида хабар берди)» (Талоқ: 12).


وَنَقولُ: إِنَّ اللهَ اتَّخَذَ إبراهيمَ خَليلاً، وكَلَّمَ اللهُ موسَى تَكْليماً، إيماناً وتَصْديقاً وتَسْليماً.


114. Аллоҳ Таоло Иброҳим алайҳис-саломни Ўзига халил (яқин дўст) қилган ва Мусо алайҳис-саломга чинакам тарзда гапирган, деб иймон келтирамиз, (шу тўғрида келган саҳиҳ хабарларни) тасдиқлаймиз ва (кайфиятини Аллоҳга ҳавола этиб) таслим бўламиз.


Пайғамбарлар махлуқотларнинг энг афзаллари эканига ва улар ҳам ўзаро бир-бирларидан афзал бўлишларига ишониш ҳам мусулмонларнинг ақидаларидан саналади. Яна улар, Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳис-саломни Ўзига халил қилган, деб эътиқод қиладилар. Унинг Ўзи айтганидек: «Иброҳимни Аллоҳ Ўзига халил-дўст тутган» (Нисо: 125). Халиллик – дўстлик ва муҳаббатнинг энг олий даражасидир. Аллоҳ жалла ва ало Ўзининг мўмин, тақводор, муҳсин бандаларини яхши кўради, дўст тутади, тавба қилувчиларни ва ўзини пок тутувчиларни яхши кўради, лекин халилликка оламда фақат икки киши – Иброҳим алайҳис-салом ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам эришганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ таоло мени худди Иброҳимни халил қилганидек халил қилди»6.

«Мусо билан Аллоҳнинг Ўзи (бевосита) гаплашди» (Нисо: 164). Аллоҳ таоло пайғамбарларнинг баъзиларини баъзиларидан афзал қилди. Гарчи уларнинг ҳаммаси юксак мартаба эгалари бўлсалар-да, афзалликда ўзаро тафовутлари мавжуд: «Ўша пайғамбарларнинг айримларини айримларидан афзал қилдик. Уларнинг ораларида Аллоҳ (бевосита) сўзлаган зотлар бор. Ва (уларнинг) айримларини (Аллоҳ) юксак даражаларга кўтарди» (Бақара: 253). Ҳар бир пайғамбарга Аллоҳ азза ва жалла ўзига хос афзаллик ато этди. Иброҳим ва Муҳаммад алайҳимас салоту вассаломни халиллик билан афзал қилди, Мусо алайҳис-саломни унга бевосита гапириш билан афзал қилди, Мусо У зотнинг каломини эшитди, У субҳанаҳу ва таоло Мусога ҳам баланд овозда нидо қилди, ҳам паст овозда муножот қилди, шуларнинг ҳаммаси Мусо алайҳис-саломга ҳосил бўлди, ушбу фазилат у кишидан бошқа пайғамбарга насиб бўлмаган. Бироқ, бир пайғамбарда бошқаларида бўлмаган бир афзаллик-имтиёз бор бўлишидан у бошқа пайғамбарлардан мутлақ афзал экани келиб чиқмайди. Балки у мана шу хислатдагина бошқа пайғамбарлардан афзал бўлади.


وَنُؤْمِنُ بِالْمَلائِكَةِ وَالنَّبِيِّينَ


115. Фаришталар ва набийларга иймон келтирамиз.


Фаришталарга иймон келтириш иймоннинг иккинчи рукнидир. Фаришталар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан бошқа ҳеч ким билмайдиган ғайб олами вакилларидир. Аллоҳ таоло уларни нурдан яратди, улар доим Аллоҳнинг ибодатига машғул бўладилар. Аллоҳ таоло уларга махлуқотлари ичида амалга ошириб турадиган ишларни топширган. Улардан баъзилари ваҳийга вакил қилинган, баъзилари ёмғир ва набототга вакил қилинган, баъзилари жон олишга вакил қилинган, баъзилари сур чалишга вакил қилинган, баъзилари одамзотнинг амалларини ёдлаб, сақлаб олишга вакил қилинган, баъзилари тоғларга вакил қилинган, баъзилари она қорнидаги ҳомилага вакил қилинган. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келганидек: «Сўнгра унга бир фаришта юборилади ва унга шу инсон аҳволи-тақдирига тааллуқли бўлган тўрт нарсани: ризқи, ажали, амали ҳамда бахтсиз ёки бахтли эканини ёзиш фармон қилинади»7.

Фаришталар ўзларига топширилган ишларни Аллоҳ таоло қандай буюрган бўлса ўшандай адо қиладилар: «(Фаришталар) У зотдан илгари бирон сўз айтмайдилар (яъни Аллоҳ буюрмаган бирон ишни қилмайдилар), Улар (Аллоҳнинг) амри фармони билангина амал қилурлар» (Анбиё: 27), «Улар туну кун сусткашлик қилмасдан (Аллоҳни) поклайдилар» (Анбиё: 20).

Уларнинг хилқатларини Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан бошқа ҳеч ким билмайди,8 уларнинг кўриниши одамзотнинг хилқатидан тамомила фарқ қилади: «Ҳамду-сано осмонлар ва ерни илк яратувчи ҳамда (Ўзи билан бандалари ўртасида) фаришталарни икки, уч, тўрт қанотли элчилар (воситачилар) қилувчи Аллоҳ учундир» (Фотир: 1).

Баъзиларида бундан ҳам кўп (қанотлар мавжуд): «У зот (яратган) маҳлуқотида Ўзи хоҳлаган нарсани зиёда қилур» (Фотир: 1).

Жибрил алайҳис-саломнинг олти юзта қаноти бўлиб, ҳар битта қаноти уфқларни тўсиб қўйгудек даражада улкан. Фаришталарнинг хилқати ва қандайликларини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди.

Инсонлар фариштани ҳақиқий суратида кўришга қодир эмаслар. Фаришта уларга инсон суратида кўриниши мумкин. Жаброил алайҳис-салом ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига инсон шаклида келар, у зот билан суҳбатлашиб ўтирар эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ҳақиқий фаришта суратида фақат икки марта кўрганлар. Бир марта Макканинг Батҳосида уфқ узра кўрган бўлсалар, иккинчи бор Исро ва Меърож кечаси Сидратул Мунтаҳо олдида кўрганлар. Бошқа пайтлар Жибрил алайҳис-салом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига фақат инсон суратида келардилар, кўпинча Диҳятул Калбий розияллоҳу анҳу суратида келардилар.

«...ва набийларга иймон келтирамиз». Набий – шариат ваҳий қилинган, лекин уни таблиғ қилиш (етказиш) буюрилмаган пайғамбар, расул эса шариат ваҳий қилиниб, уни таблиғ қилишга буюрилган пайғамбардир. Набий ва расулларнинг барчасига иймон келтириш вожиб. Ким улардан баъзиларига иймон келтириб, бошқаларини инкор қилса, ҳаммаларини инкор қилган бўлади: «Аллоҳга, фаришталарига, китобларига ва пайғамбарларига иймон келтирган ҳар бир киши (айтди): «Унинг пайғамбарларидан бирон кишини ажратиб қўймаймиз» (Бақара: 285).


وَالْكُتُبِ الْمُنَـزَّلَةِ عَلَى الْمُرْسَلِينَ وَنَشْهَدُ أَنَّهُمْ كانُوا عَلَى الْحَقِّ الْمُبِين.


116. Пайғамбарларга нозил қилинган китобларга иймон келтирамиз ва уларнинг ҳаммалари очиқ-ойдин ҳақиқат устида бўлганлар деб гувоҳлик берамиз.


Аллоҳ таоло пайғамбарларига бандаларнинг ҳидояти учун туширган китобларга иймон келтириш ҳам иймонинг асос ва рукнларидан саналади. Аллоҳ таоло ушбу китобларни Ўзининг каломи, ваҳйи ва қонун-қоидалари қилиб туширган, уларни умматларга етказишни пайғамбарларига буюрган. Улар ичида Унинг буйруқ ва қайтариқлари ҳамда шариати мужассамдир.

Аллоҳ таоло Ўзининг китобларидан баъзиларининг номини Қуръонда зикр қилган, баъзиларини зикр қилмаган. Биз номи зикр қилинганларига ҳам, зикр қилинмаганларига ҳам бирдек иймон келтирамиз. Улар ичида машҳурлари Мусо алайҳис-саломга нозил қилинган Таврот, Исо алайҳис-саломга нозил қилинган Инжил, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган Қуръон, Довуд алайҳис-саломга нозил қилинган Забур, Иброҳим алайҳис-саломга нозил қилинган саҳифалардир. Биз Аллоҳ таолонинг барча китобларига иймон келтирамиз, улар бандаларнинг манфаатлари учун, ҳидоятга йўлланишлари учун ва улар устида ҳужжат барпо бўлиши учун туширилган эканига ишонамиз. Ким улардан баъзиларини тасдиқлаб, баъзиларини инкор қилса, ҳаммасини инкор қилган бўлади. Чунки, ҳаммаси ҳам Аллоҳнинг Каломи, бирига иймон келтириб бирини инкор қилиш дуруст эмас. Аллоҳ таоло айтади: «Ё китобнинг бир қисмига ишониб, бир қисмини инкор қиласизми? Ораларингдан ким бу ишни қилса, унинг жазоси бу дунёда расво бўлиш, Қиёмат Кунида эса қаттиқ азобга дучор қилинадилар» (Бақара: 85).

Шунингдек Қуръоннинг ҳам ҳаммасига иймон келтиришимиз, ҳаммасига амал қилишмиз фарз. Унинг кўнглимизга ёққанига амал қилиб ёқмаганини ташламаймиз.

Кимда-ким Аллоҳнинг китобларидан бирон китобни инкор қилса, ёки Қуръоннинг бир қисмини ё биронта калимаси ё ҳарфини инкор қилса, у одам Аллоҳ азза ва жаллага кофир бўлган бўлади.


وَنُسَمِّي أَهْلَ قِبْلَتِنَا مُسْلِمِينَ مُؤْمِنِينَ


117. Қибладошларимизни мўминлар, мусулмонлар, деб айтамиз.


Кимда-ким икки шаҳодат калимасини айтган бўлса ва шунда барқарор бўлса, уни мусулмон деб айтамиз. Гарчи ундан баъзи маъсиятлар ва ҳатто гуноҳи кабиралар содир бўлса, лекин гуноҳи ширкка етмаган бўлса, уни исломи ва иймони ноқис ва фосиқ мусулмон деймиз. Гуноҳлари ширк даражасига бормаган бўлса, уни кофирликка ҳукм қилмаймиз. Бу аҳли сунна вал-жамоатнинг эътиқодидир. Улар ширкдан паст гуноҳлар сабабли кишини кофирликка ҳукм қилмайдилар, балки бу билан иймони ноқис бўлади, гуноҳ соҳиби диндан чиқариб юбормайдиган фисқ билан фосиқ бўлди, дейдилар.

Хаворижлар эса кишини гуноҳи кабира сабабли бутунлай кофир санаб, диндан чиқариб юборишади ва дўзахда абадий қолади, дейишади.

Муътазилалар эса гуноҳи кабира соҳибини Исломдан чиқариб юборишади, бироқ куфрга ҳам киритишмайди, уни икки мавқе (Ислом ва куфр) ўртасидаги бир мавқеда, дейишади. Бироқ гуноҳи кабира устида ўлиб кетган кишини худди хаворижлар каби улар ҳам абадий дўзахга ҳукм қилишади.

Муржиалар эса бунинг бутунлай аксича, маъсият иймонга зарар етказмайди, ким Аллоҳ азза ва жаллани тасдиқ ва эътироф қилса, у одам нима ишлар қилишидан қатъий назар мўмин бўлади, дейишади. Исломнинг ҳамма рукнларини тарк қилган киши ҳам улар наздида кофир бўлмайди. Муҳими тасдиқ ва эътиқод бўлса бас, амаллар иймондан эмас, улар иймонни зиёда ҳам қилмайди, камайтирмайди ҳам, иймон келтирган ва тасдиқлаган одам комил иймонли мўмин бўлаверади, дейишади. Бу уч мазҳабнинг ҳаммаси адашган фирқалар жумласидан.

Бир қавм – яъни хаворижлар – ўта қаттиқ йўлни тутдилар, иккинчи бир қавм – муржиалар – эса ўта юмшоқ ва юзаки йўлни ушлаб, гуноҳларнинг ҳеч қандай зарари йўқлигини даъво қилдилар.

Аҳли сунна вал-жамоа эса ўрта йўлни ушлаган, уларнинг мазҳаблари Китобу Суннатдан олинган адолатли йўл бўлиб, унда далиллар ўртасини жамланган. Хавориж ва муътазилалар фақат ваид (огоҳлантирув ва қўрқитув)га оид нас (қатъий далил)ларни олиб, ваъда (афву марҳамат)га оид далилларни тарк қилишди. Муржиалар эса ваъдага оид далилларни олиб, ваъидга оидларини тарк қилишди. Аҳли сунна вал-жамоа ваъдага оид ҳужжатларни ҳам, ваъидга оид ҳужжатларни ҳам олганлар ва улар ўртасини жамлаганлар. Энг тўғри йўл шудир. «Илмда собитқадам бўлган кишилар эса: «У Китобга иймон келтирганмиз. Ҳамма оятлари Парвардигоримиз ҳузуридандир»,— дейдилар» (Оли Имрон: 7), залолат аҳлига ўхшаб бир томонни олиб, бошқа томонни тарк қилмайдилар, «Энди дилларида ҳақ йўлдан оғиш бўлган кимсалар одамларни алдаб фитнага солиш ва ўз ҳавойи нафсларига мувофиқ таъвил-тафсир қилиш учун Унинг муташобиҳ оятларига эргашадилар» (Оли Имрон: 7), муташобиҳ оятларни олишади, бироқ ўша оятларни изоҳлаб берувчи муҳкам оятларни тарк қилишади.

Мусаннифнинг: «мўминлар, мусулмонлар, деб айтамиз» деган сўзлари комили мутлақ маъносида эмас, чунки улар баъзан ислому иймонда ноқис ҳам бўлиб қоладилар, Аллоҳ таоло томонидан ваидга сазовор ҳам бўладилар.


ما دامُوا بِما جاءَ بِهِ النَّبيُّ صلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مُعْتَرِفِينَ، وَلَهُ بِكُلِّ ما قالَهُ وَأَخْبَرَ مُصَدِّقِين.


118. Модомики улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган барча нарсани тан олишар, у зот айтган ҳар бир сўз ва хабарни тасдиқлашар эканлар (биз уларни мўминлар, мусулмонлар, деб айтамиз).


Аммо, агар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган нарсалардан биронтасини инкор қилсалар ёки эътироф этмасалар, ундай кимсаларни кофир деб айтамиз. У зот келтирган нарсалардан баъзисига иймон келтириб, баъзисини инкор қилган кишилар у зот олиб келган нарсанинг ҳаммасига кофир бўлган деб саналади. Демак, хоҳишларимизга мувофиқ келадими, йўқми, уларнинг ҳаммасига иймон келтиришимиз фарз, чунки уларнинг ҳаммаси ҳақ.

Кимда-ким саҳиҳ ҳадислардан биронтасини ёлғон санаса, мисол учун, «Саҳиҳул Бухорий»да бўлган бир саҳиҳ ҳадисни рад қилса ва: «Мен бу ҳадисга ишонмайман, уни тасдиқламайман, чунки у замонавий илм-фанга зид» деса, у одам кофир бўлади. Субҳаналлоҳ! Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари нотўғри бўлармишу, оддий бир инсоннинг унга қарши гапирган сўзи тўғри бўлармиш! Қолаверса, замонавий илм-фан саҳиҳ ҳадисларга доим ҳам зид келавермайди. Масалан, пашшанинг бир қанотида касаллик, иккинчи қанотида даво бўлиши ҳақида айтилган ҳадисни айримлар инкор қилишса-да, замонавий илм-фан бунинг ҳақлигини тан олади, заҳарни унинг зидди билан муолажа қилинади, деб айтади. Пашшада икки нақийз (бир-бирига қарама-қарши нарса) бор, сувга тушиб кетган пашша даво бор бўлган қанотини кўтариб, заҳар бўлган қанотини сувга ботирар экан. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг даво бор бўлган қанотини ҳам сувга ботириб олишни буюрганларки9, шу билан ўзидаги даво ўз заҳрини кесади. Тиббиёт ҳам буни тан олади ва рад қилмайди. Бироқ, бу ҳадис айрим жоҳилларнинг табъига тўғри келмагач, у ҳақда ноўрин гап-сўзлар қилишди, бундай қилиш куфр, Аллоҳ сақласин! Ундай одамларнинг Суннатга нисбатан қабиҳ гаплари бор, уни рад қилишади, унда шак-шубҳалар пайдо қилишади, «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлар дунё ишларингизни билувчироқсиз»10 деганлар, бу эса дунё ишларимиздан», дейишади, уларнинг Суннатга нисбатан тутган ўринлари ана шунақа, ваҳоланки ўзларини исломга чақирувчи даъватчилар деган даъволари бор. Бу гаплари билан улар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни жоҳилга чиқаришади.

«... тан олишар, ... тасдиқлашар эканлар». Тан олиш ва тасдиқлашнинг ўзи кифоя қилмайди, муржиалар мазҳабидагина кифоя қилиши мумкин. Балки шу билан бирга у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган нарсаларга амал қилиш ва бунда ихлосли бўлиш ҳам шарт.


وَلا نَخُوضُ فِي اللهِ، ولا نُمارِي في دِينِ اللهِ.


119. Аллоҳ(нинг зоти) ҳақида чуқур кетмаймиз. Аллоҳнинг динида талашиб баҳслашмаймиз.


Аллоҳ таоло ҳақида баҳсга шўнғимаймиз, балки Унга иймон келтирамиз, исм ва сифатларини эътироф этамиз, уларни таъвил қилмаймиз, зоҳирий маъносидан бошқа маъноларга бурмаймиз, қосир ақлларимизга ва хоҳиш-ҳаволаримизга эргашиб Аллоҳ ва Расули кўзда тутмаган маъноларни бермаймиз. Зеро, бундай қилиш Аллоҳ азза ва жаллага куфр келтириш бўлади.

Шунингдек, Аллоҳнинг дини ҳақида ҳам талашиб тортишмаймиз, «бунисига иймон келтирамиз, бунисига иймон келтиришдан тўхталамиз», деб айтмаймиз. Нима нарса Китобу Суннатда собит бўлган бўлса, у ҳақда баҳсу мунозарага ўрин қолмайди, унга иймон келтирамиз ва таслим бўламиз. Агар у нарсани идрок қилишга ақлимиз етмаётган бўлса, бу бизнинг ақлларимизнинг қосирлигидан. Агар ақлимиз комил бўлса эди, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга эҳтиёжимиз қолмас эди, умуман башариятнинг пайғамбарларга эҳтиёжи тушмас эди. Демак, ақлларимиз қосирлиги туфайли ҳақни ҳақ, ботилни ботил деб тушунтирадиган пайғамбарлар юборилишига зарурат бўлди.


ولا نُجادِلُ في الْقُرْآنِ، وَنَشْهَدُ أَنَّهُ كَلامُ رَبِّ الْعالَمِين


120. Қуръон хусусида тортишмаймиз. У Аллоҳ роббул оламиннинг каломи эканига гувоҳлик берамиз.


«Қуръон хусусида тортишмаймиз» деган сўз кофирлар айтишадиган «У Аллоҳнинг каломи эмас, балки Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзи тўқиб олган» деган сўзларни айтмасликни ҳам ўз ичига олади.

Шунингдек, Қуръон маъноларининг тафсирида мунозарага берилишни ҳам ўз ичига олади. Қуръонни ўзимизча тафсир қилмаймиз, Қуръон фақат Аллоҳнинг Китобида келган нарса билан ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларида келган нарса билан ёки саҳобалар айтган сўзлар билан ёки тобиинлар айтган сўзлар билан ёки у нозил бўлган араб тили тақозо қилган маъноларга кўра тафсир қилинади.

У ҳақда ўзимизнинг қосир ақлимиз билан сўз айтмаймиз. Уни нозил қилган Зотнинг Ўзи ёки уни тушунтириб етказиш топширилган пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёки Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларида шогирд бўлган саҳобаи киромлар ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шогирдларидан ривоят қилган тобиинлар ёки у нозил бўлган тил тафсир қилиб беради. Зеро, у очиқ-равшан араб тилида нозил бўлган. Аммо уни фалон табиб ё фалон муфаккир ё фалон фалакшуноснинг сўзлари билан тафсир қилиш тўғри бўлмайди. Чунки назариялар ўзгариб туради. Бугун бир назария ғолиб бўлса, эртага бошқа бир назария уни йўққа чиқариб тураверади. Чунки уларнинг ҳаммаси инсон ақли маҳсули. Шундай экан, Аллоҳнинг каломини айримлар қилаётгани ва «Қуръоннинг илмий мўъжизакорлиги» деб аташаётгани каби ўзгариб, алмашиб турувчи бундай нарсалар билан тафсир қилинмайди.

«У Аллоҳ роббул оламиннинг каломи эканига гувоҳлик берамиз». Қуръон Аллоҳнинг каломи, Уни Аллоҳ таоло ҳақиқатан сўзлаган, Жибрил алайҳис-салом уни Аллоҳ таолодан эшитган ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга олиб келган, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни умматга етказганлар, уммат эса уни асрлар оша бир-бирига етказиб келмоқда. Биз уни ёзамиз, ўқиймиз, ёдлаймиз. Бироқ, у Аллоҳнинг каломи бўлиб қолаверади, на бизнинг сўзимизга, на Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларига, на Жибрил алайҳис-саломнинг сўзларига айланиб қолмайди.


نَـَزلَ بِهِ الرُّوحُ الأَمِينُ، فَعَلَّمَهُ سَيِّدَ الْمُرْسَلينَ مُحَمَّداً صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَعَلَى آلِهِ وَسَلَّمَ


121. Уни (Аллоҳ ҳузуридан) Руҳул Амийн олиб тушиб, элчилар саййиди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўргатган.


Руҳул Амийн – Жибрил алайҳис-саломдир. Бундай (омонатли фаришта) деб номланишига сабаб – у Аллоҳ тарафидан топширилган ваҳий омонатига ўта омонатдор, уни ўзгартириб, бошқача қилиб олиб келмаган, у зот яҳудлар даъво қилгани ва «Жибрил бизнинг душманимиз» дегани каби хиёнатчи эмас ёки шиаларнинг ҳаддан ошган тоифалари «Рисолат Алий розияллоҳу анҳуга эди, Жибрил хиёнат қилиб, уни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга келтирган» деганларидек эмас. Бундай дейиш Аллоҳни ёлғончи қилиш бўлади, чунки Аллоҳ таоло Жибрилни «Амийн» деб атаган.

Аллоҳ таоло яҳудлар ҳақида қуйидаги оятларни нозил қилган: «Айтинг (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам),: «Ким Жаброилга душман бўлса, (У Аллоҳга душмандир). Зеро у (Жаброил) Аллоҳнинг изни билан қалбингизга ўзидан аввалги китобларни тасдиқ этадиган ва мўминларга ҳидоят ва хушхабар бўлган Қуръонни нозил қилди. Ким Аллоҳга ва унинг фаришталарига, пайғамбарларига, Жаброил ва Мекоилга душман бўлса, бас, албатта Аллоҳ (бундай) кофирларга душмандир» (Бақара: 97, 98).

Ким Жибрилга ёки бошқа бирон фариштага душман бўлса, Аллоҳ унинг душманидир. Худди шунга ўхшаш, ким пайғамбарлардан биронтасига душман бўлса, у одам кофир, ким Аллоҳнинг дўстларидан биронтасига душман бўлса, ҳадисда айтилгани каби у Аллоҳга қарши муҳорабага чиқибди11. Қуръонни Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга Жибрил алайҳис-салом таълим берган. Аллоҳ таоло айтади: «Унга (бу ваҳийни) бир кучга тўлган, соҳиби қудрат (яъни Жаброил алайҳис-салом) таълим бермишдир» (Ван-нажм: 5). Жаброил алайҳис-салом Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга Аллоҳ таолонинг амри билан таълим берган.


وَهُوَ كَلامُ اللهِ تَعالَى لا يُساوِيهِ شَيْءٌ مِنْ كَلامِ الْمَخْلوقِينَ


122. Қуръон Аллоҳнинг каломидир. Махлуқлар каломидан бирон нарса унга баробар бўлмайди.


У Аллоҳнинг каломи, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уни ҳақиқатан гапирган, Жибрил алайҳис-салом уни Аллоҳ таолодан ҳақиқатан эшитган ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга бирон қўшимча ва камчиликсиз етказиб келган.

«Унга олдидан ҳам, ортидан ҳам (ҳеч қандай) ботил-ноҳақлик келмас (яъни Қуръони Каримнинг ҳеч қайси томонидан бирон китоб ё ҳужжат келиб уни ботил қила олмас)» (Фуссилат: 42).

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, мушриклар) сизни Бизнинг шаънимизга, (ваҳийдан) ўзга нарсаларни тўқиб чиқаришингиз учун — Биз сизга ваҳий қилган оятлардан алдаб-буриб юборишларига оз қолди. У ҳолда, (яъни, уларнинг йўриқларига юрсангиз), сизни дўст қилиб олган бўлур эдилар. Агар Биз сизни (ҳақ йўлда) қилмаганимизда, сиз уларга бир қадар мойил бўлишингизга оз қолди. У ҳолда (яъни, уларга мойил бўлиб қолсангиз эди) албатта Биз сизга дунё (азобини) ҳам, охират (азобини) ҳам икки ҳисса қилиб тотдирган бўлур эдик, сўнгра ўзингиз учун Бизга қарши бирон мададкор топа олмаган бўлур эдингиз» (Исро: 73-75).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръонни бирон зиёда ва нуқсонсиз ҳолда етказиб берганлар: «Агар (пайғамбар) Бизнинг шаънимизга (Биз айтмаган) айрим сўзларни тўқиб олганида. Албатта Биз унинг ўнг қўлидан ушлаган, сўнгра албатта унинг шоҳтомирини узиб ташлаган бўлур эдик» (Ал-ҳааққа: 44-46).

У Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг каломи, Аллоҳ ҳузуридан қандай нозил бўлган бўлса ўшандай ҳолда турибди, Аллоҳ таоло уни зиёда ва нуқсонлардан Ўзи асраган: «Албатта бу эслатмани (яъни Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва шубҳасиз, Ўзимиз уни сақловчимиз» (Ҳижр: 9).


وَلا نَقولُ بِخَلْقِهِ، وَلا نُخالِفُ جَماعَةَ الْمُسْلِمِينَ


123. Қуръонни махлуқ демаймиз ва мусулмонлар жамоаси (эътиқоди)га мухолиф бўлмаймиз.


Биз жаҳмияларга ўхшаб Қуръонни махлуқ демаймиз, бундай дейиш куфр ва Аллоҳнинг каломини (яъни калом сифатини) инкор қилиш, Аллоҳни нуқсон билан ва сўзламаслик билан сифатлаш бўлади. Сўзламайдиган зот нуқсонли бўлади ва илоҳ бўлолмайди.

Шунинг учун Сомирийнинг қавми бузоқнинг шаклини: «Бу сизларнинг илоҳингиз ва Мусонинг илоҳи» дейишганда Аллоҳ жалла ва ало: «Ахир унинг ўзларига бирон сўз қайтара олмаётганини ва бирон зиён ҳам, фойда ҳам етказишга қодир эмаслигини кўрмайдиларми?!» (Тоҳа: 89), деди. Уларга бирон сўз қайтара олмаслиги унинг гапирмаслигига, бу эса уларнинг унга сиғинишлари ботил эканига далил бўлади.

Бошқа бир оятда айтади: «У (яъни, бузоқнинг шакли) ўзларига сўзламаслигини ва ҳидоят ҳам қила олмаслигини билмадиларми?!» (Аъроф: 148). Сўзлаш комилликка далолат қилувчи сифатлардан, сўзлай олмаслик эса нуқсонли сифатлардан. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло нуқсонли сифатлардан пок, комиллик сифатлари билан сифатланган зотдир.

«Мусулмонлар жамоаси эътиқодига мухолиф бўлмаймиз». Мусулмонлар жамоаси Қуръоннинг ҳақиқатан нозил қилинган эканига, махлуқ эмаслигига, Ундан бошланиб, Унга қайтишига иймон келтирадилар. Мусулмонларнинг Қуръон ҳақидаги ақидалари шудир.

Шунингдек, мусулмонлар жамоасига улар иттифоқ қилган дин ишларида хилоф қилмаймиз. Аллоҳ таоло айтади: «Ким ҳақ йўлни аниқ билганидан кейин пайғамбарга хилоф иш қилса ва мўминларнинг йўлларидан бошқа йўлга эргашиб кетса, биз уни кетганича қўйиб берамиз. Сўнгра жаҳаннамга дохил қиламиз. Нақадар ёмон жойдир у!» (Нисо: 115).

(«Ундан бошланиб, Унга қайтишига иймон келтирадилар» бунинг маъноси) Қуръоннинг бошланиши Аллоҳдан, залолат аҳли айтганидек уни Жибрил лавҳул маҳфуздан олмаган, балки бевосита Аллоҳдан эшитган.

Охир замонда Қуръон Аллоҳ ҳузурига кўтарилиб кетади, у мусҳафлардан ҳам, одамларнинг қалбларидан ҳам суғуриб олинади ва ер юзида қолмайди. Бу эса қиёматнинг аломатларидандир.


ولا نُكَفِّرُ أَحَداً مِنْ أَهْلِ الْقِبْلَةِ بِذَنْبٍ، ما لَمْ يَسْتَحِلَّهُ


124. Аҳли қибладан ҳеч бир кишини қилган гуноҳи туфайли – башарти шу гуноҳни қилиш ҳалол деб эътиқод қилмаса – кофир демаймиз.


Юқорида ҳам айтиб ўтганимиздек, қилган гуноҳи диндан чиқарувчи куфр ёки ширк бўлмаса, бу билан мусулмон кишини кофирликка ҳукм қилмаймиз. Балки уни иймони ноқис ва ваъидга (азоб билан огоҳлантирилишга) кўндаланг бўлувчи, Аллоҳнинг хоҳишига ҳавола қилинган мўмин, деб эътиқод қиламиз. Фақат шарти шуки, у ўша гуноҳини ҳалол санаб олмаган бўлсин. Аммо, агар Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол санаса, кофир бўлади. Масалан, судхўрликни ё ароқхўрликни ё ўлимтикни ё тўнғиз гўштини ё зинони ҳалол санаса, бундай одамни кофир дейилади. Шунингдек, бунинг аксини қилган, яъни Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ҳаром деган одам ҳам кофир бўлади. «Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг аҳборларини ва роҳибларини ҳамда Масиҳ ибни Марямни Парвардигор деб билдилар» (Тавба: 31). Оятнинг тафсирида улар аҳбор ва роҳиблари уларга Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ҳалол ва ҳалол қилган нарсаларни ҳаром қилиб беришганда улар итоат қилишганлари, мана шу уларни парвардигор қилиб олиш экани айтилади12.

Аммо бир гуноҳни ҳалол санамасдан, ҳаромлигини эътироф этган ҳолда қилса, гарчи гуноҳи кабира бўлса ҳам, куфр ва ширкка етмаган бўлса, у одамни кофир дейилмайди. Иймони ноқис мўмин дейилади ёки гуноҳи сабабли фосиқ, иймони сабабли мўмин дейилади.

«Қилган гуноҳи туфайли кофир демаймиз» деган сўз мутлақ маънода эмас. Намозни қасддан тарк қилувчи киши кофир бўлади,13 бунга Китобу Суннат далолат қилади.


ولا نَقُولُ: لا يَضُرُّ مَعَ الإِيمانِ ذَنْبٌ لِمَنْ عَمِلَهُ


125. Шунингдек, агар кишида иймон бўлса, қилган гуноҳининг унга зарари бўлмайди, деб ҳам айтмаймиз.


Чунки, бу сўз муржиалар сўзидир. Улар эътиқодича, киши қалби билан тасдиқлаган бўлса, у иймони комил мўмин бўлади, амаллари қандай бўлиши эътиборли эмас. Намоз ўқимайдиган, рўза тутмайдиган, ҳаж қилмайдиган, закот бермайдиган, тоат-ибодатлардан биронтасини қилмайдиган одамни ҳам қалбидаги тасдиғи туфайлигина мўмин санайдилар. Бу катта залолатдир.

Аслида, гуноҳлар ҳар қандай ҳолда ҳам иймонга зарар етказади, айрим гуноҳлар иймонни бутунлай кетказиб қўяди, айримлари кетказмаса ҳам, уни нуқсонли қилади ва соҳибини ваъидга лойиқ қилади.


وَنَرْجُو لِلْمُحْسِنِينَ مِنَ الْمُؤْمِنِينَ أَنْ يَعْفُوَ عَنْهُمْ وَيُدْخِلَهُمُ الْجَنَّةَ بِرَحْمَتِهِ، وَلاَ نَأْمَنُ عَلَيْهِمْ، وَلاَ نَشْهَدُ لَهُمْ بِالْجَنَّةِ


126. Аллоҳ Таоло солиҳу тақводор мўминларнинг (хато-камчиликларини) афв этишини ва Ўз раҳмати билан уларни жаннатга киритишини умид қиламиз. Шу билан бирга улар борасида тўла хотиржам ҳам бўлмаймиз ва уларни жаннатий бўлди, деб аниқ айтмаймиз.


Бу муайян бир шахсни жаннат аҳлидан ёки дўзах аҳлидан деб гувоҳлик бериш ҳақидаги баҳсдир. Биз аниқ далилсиз бирон кишини жаннатий ёки дўзахий деб гувоҳлик бермаймиз. Фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаннат аҳлидан ёки дўзах аҳлидан деб гувоҳлик берган кишилар бундан мустасно, биз ҳам уларга гувоҳлик берамиз. Бу муайян шахслар ҳақидаги гап. Аммо, умумий суратда кофирларни дўзахда, мўминларни жаннатда бўлади, деб эътиқод қиламиз. Хусусий суратда эса бирон кишига далилсиз ҳукм қилмаймиз, лекин яхши одамга жаннат бўлишини умид қиламиз, ёмон одамга дўзах хавфи бор деймиз. Мусумонларнинг эътиқоди шудир.


وَنَسْتَغْفِرُ لِمُسِيئِهِِمْ، وَنَخافُ عَلَيْهِمْ، وَلاَ نُقَنِّطُهُمْ.


127. Ёмон амаллар қилган мўминлар ҳаққига Аллоҳдан мағфират сўраб дуо қиламиз. Улар(нинг оқибати) борасида қўрқиб турамиз ва (айни пайтда) уларни умидсизлантирмаймиз.


Аллоҳдан ёмон амал қилувчи кишининг гуноҳини кечиришини сўраймиз. Чунки у бизнинг биродаримиз, гуноҳ қилаётган бўлса-да унинг ҳаққига мағфират ва тавфиқ сўраб дуо қиламиз. Бу зиммамиздаги иймоний биродарлик ҳаққидир: «Ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўмин-мўминалар(нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг!» (Муҳаммад: 19).

Гуноҳкорни хавориж ва муътазилаларга ўхшаб Аллоҳнинг раҳматидан умидсизлантирмаймиз, балки уни ваъидга (азоб билан огоҳлантирилишга) кўндаланг бўлувчи, Аллоҳнинг хоҳишига ҳавола қилинган, агар тавба қилса Аллоҳ тавбасини қабул қилади, деймиз:

«Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар. Зеро, Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофир қавмгина ноумид бўлур» (Юсуф: 87).

«Парвардигорининг фазлу раҳматидан фақат гумроҳ кимсаларгина ноумид бўлурлар» (Ҳижр: 56).

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Менинг (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) ўз жонларига жиноят қилган бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз!» (Зумар: 53).

Хаворижлар ва уларнинг маслакларини тутган кимсалар одамларни Аллоҳнинг раҳматидан умидсизлантирадилар ва гуноҳлари сабабли – гарчи ширкдан паст гуноҳлар бўлса-да – уларни диндан чиқариб юборадилар.


وَالأَمْنُ وَالإِياسُ يَـنْقُلانِ عَنْ مِلَّةِ الإسلامِ


128. Зеро, (Аллоҳнинг макри ва азобидан) хотиржам бўлиш ҳам, (Унинг раҳматидан) умидни узиш ҳам кишини диндан чиқаради.


Аллоҳнинг азобидан қўрқув ва раҳматидан умидворлик – бу иккиси исломий ақиданинг улкан асосларидан. Қўрқув ва умидворлик бир-бирига чамбарчас боғланган бўлиши лозим. Бирини қўйиб, иккинчиси билангина кифояланиш кифоя қилмайди. Аллоҳ таоло пайғамбарлари васфида айтади: «Дарҳақиқат улар (яъни мазкур пайғамбарлар) яхши ишларни қилишга шошар ва Бизга рағбат ва раҳбат (қўрқув) билан дуо-илтижо қилар эдилар» (Анбиё: 90). Рағбатдан мурод – умидворлик, раҳбатдан мурод – қўрқувдир.

Аллоҳ таоло айтади: «Улар (илоҳ деб) илтижо қиладиган ўша кимсаларнинг ўзлари ҳам Парвардигорга қай бирлари яқинроқ бўлиш учун йўл изларлар. У зотнинг раҳматидан умидвор бўлурлар, азобидан қўрқурлар. Парвардигорингизнинг азоби қўрқинчлидир» (Исро: 57). Яъни, улар умидворлик ва қўрқувни ўзларида жамлайдилар.

Аллоҳ таоло айтади: «Ёки кечалари сажда қилган ва қиёмда-тик турган холда тоат-ибодат қилувчи, охиратдан қўрқадиган ва Парвардигорининг раҳматидан умид қиладиган киши (билан куфру исёнга ғарқ бўлган кимса баробар бўлурми)?!» (Зумар: 9).

Умидворлик ва қўрқув билан бирга муҳаббат ҳам бўлиши шарт. Яъни, Аллоҳга муҳаббат, Ундан қўрқув ва Унинг раҳматидан умидворлик бирга бўлиши лозим.

Ким муҳаббатгагина чекланса, у сўфий бўлади. Сўфийлар Аллоҳ азза ва жаллага муҳаббат билан ибодат қилишади, бироқ Ундан қўрқув ва умидворлик ҳисси уларда бўлмайди. Улардан бири айтганки: «Мен Аллоҳга на Унинг жаннатини умид қилиб ва на дўзахидан қўрқиб ибодат қиламан, мен Унга фақат муҳаббатим туфайли ибодат қиламан». Бу очиқ залолат, Аллоҳ сақласин!

Ким Аллоҳга фақат қўрқув билан ибодат қилса, у хаворижлардан бўлади. Хаворижлар қўрқитув ва ваъид томонини олишади ва шунинг учун гуноҳлар сабаб кишини кофирга чиқаришади.

Ким Аллоҳга фақат умидворлик билан ибодат қилса, у муржиалардан бўлади. Муржиалар фақат умид томонини олишади ва хавф томонини тарк қилишади.

Тавҳид аҳли эса Аллоҳ таолога ҳар уччала хислатни жамлаган ҳолда, муҳаббат, қўрқув ва умидворлик билан ибодат қиладилар. Улардаги қўрқув умидсизликка олиб келиб қўймайди, Аллоҳнинг раҳматидан умидсизлик куфрга айланиб кетади: «Зеро, Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофир қавмгина ноумид бўлур» (Юсуф: 87).

«Парвардигорининг фазлу раҳматидан фақат гумроҳ кимсаларгина ноумид бўлурлар» (Ҳижр: 56).

Шунингдек, умидворлик билан бирга Аллоҳнинг макридан хотиржамлик ва қўрқмаслик бўлса, бу адашган муржиаларнинг мазҳабидир. «Улар Аллоҳнинг «макри»дан хотиржам бўлиб қолдилар­ми? Бас, Аллоҳнинг «макри»дан фақат зиён кўрувчи қавмгина хотиржам бўлур» (Аъроф: 99). Хавсиз умидворликнинг ўзи куфр, умидворликсиз фақат хавфнинг ўзи ҳам куфрдир. Шунинг учун мусанниф: «хотиржам бўлиш ҳам, умидни узиш ҳам кишини диндан чиқаради», дейдилар.

Шунинг учун салафлардан баъзилари айтганки: Банда қўрқув ва умидворлик ўртасида бўлиши лозим. Бу иккиси қушнинг икки қанотига ўхшайдики, бир қаноти ишламай қолса қуш учолмай қулаб тушади. Худди шунга ўхшаш, банданинг қўрқув ва умидворлиги қушнинг икки қанотидек доим бирга бўлиши керак.


وسَبِيلُ الْحَقِّ بَيْنَهُما لأَهْلِ الْقِـبْلَةِ.


129. Қибла аҳли учун ҳақ йўл шу икки нарса ўртасидадир.


Ҳақ йўл шу иккиси ўртасида – яъни қўрқув ва умидворлик ўртасидадир. Қибла аҳлидан мурод – мусулмонлардир. Каъбага қараб намоз ўқиганлари учун қибла аҳли деб номландилар. Намозида Каъбага юзланмайдиган одам мусулмон ҳисобланмайди. Чунки, Каъбага юзланишни Аллоҳ буюрган. Аллоҳнинг амрига бўйсуниш фарз. Мўмин киши Аллоҳнинг амру фармонлари доирасидан чиқмайди. «Сиз илгари қараган қиблани Биз фақатгина ким пайғамбарга эргашиб, ким орқасига қайтиб кетишини билиш учун қилганмиз, холос» (Бақара: 143).


ولا يَخرُجُ العَبْدُ مِنَ الإيمَانِ إلا بـِجُحُودِ ما أَدْخَلـَهُ فـِيهِ.


130. Банда ўзини иймонга олиб кирган нарсани инкор қилиш билангина диндан чиқади.


Бу гапга унча қўшилмаймиз. Чунки, диндан чиқаришни фақат инкорнинг ўзига чеклаш муржиаларнинг фикридир. Исломни бузувчи нарсалар кўп. Инкор қилиш ҳам диндан чиқаради, Аллоҳга ширк келтириш ҳам диндан чиқаради, динни ёки диндаги бирон нарсани масхара қилиш ҳам диндан чиқаради, ҳаромни ҳалол санаш ёки ҳалолни ҳаром санаш ҳам диндан чиқаради. Бундан ташқари ҳам кишини диндан чиқарадиган талайгина нарсалар борки, уламолар уларни муртадлик ҳақидаги бобларда зикр қилганлар.

Шайхулислом Муҳаммад ибн Сулаймон уларнинг энг муҳимларидан ўнтасини зикр қилган, аслида улар ундан ҳам кўпроқ. Исломни бузувчи нарсаларни фақат инкорга чеклаш хато. Олимлик даъвосидаги айрим ёзувчилар одамларни динда бўшаштириш мақсадида ҳозирда айни шу фикрни ёйишга уринишмоқда. Инкор қилмадими, бас, улар наздида у одам мусулмон. Бутга сажда қилиб туриб: «Мен инкор қилувчи эмасман, тавҳидни тан оламан» деса, унинг ишини оддий бир гуноҳга ҳисоб қилишади. Аллоҳдан бошқага атаб жонлиқ сўйса ёки Аллоҳни сўкса ёки пайғамбарни сўкса ёки динни сўкса: «Бу одам мусулмон, чунки (мусулмонликни) инкор қилгани йўқ», дейишади. Бу жуда қўпол хато. Бу нарса динни тамоман вайрон қилади. Бундай хатарли сўзлардан ҳазир бўлиш лозим.


وَالإيمانُ: هُوَ الإقْرارُ بِاللِّسانِ، والتَّصْديقُ بِالْجِنانِ


131. Иймон тил билан иқрор бўлиб, қалб билан тасдиқлашдир.


Бу муржиаларнинг таърифи, улар иймонни тил билан иқрор бўлиб, қалб билан тасдиқлашга чеклайдилар.

Тўғри сўз шуки, иймон – тил билан айтиш, дил билан эътиқод қилиш ва аъзолар билан амал қилишдир. Амаллар иймон ҳақиқати ичига дохилдир, иймондан айри нарса эмас. Ким тил билан айтиш ва қалб билан тасдиқлашга чекланиб, амалга беэътибор қараса, у саҳиҳ иймон аҳлидан бўлмайди.

Демак, иймон – уламолар айтганларидек, тил билан айтиш, дил билан тасдиқлаш ва аъзолар билан амал қилишдир, у тоат билан зиёда бўлади, маъсият билан камаяди.

Аллоҳ таоло айтади:

«Фақат Аллоҳ (номи) зикр қилинганида қалбларига Қўрқинч тушадиган, Унинг оятлари тиловат қилинганда иймонлари зиёда бўладиган ва Парвардигорларигагина суянадиган кишилар (ҳақиқий) мўминдирлар» (Анфол: 2).

«Бас, у (сура) иймон келтирган зотларнинг иймонларини албатта зиёда қилур» (Тавба: 124).

«Токи.. иймон келтирган зотларнинг иймонлари эса янада зиёда бўлгай» (Муддассир: 31).

Ушбу оятлар иймоннинг зиёдаланиши ва камайишига далил бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Сизлардан ким бир мункарни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин. Агар қодир бўлмаса тили билан (ўзгартирсин), унга ҳам қодир бўлмаса қалби билан (ёмон кўрсин), мана шу иймоннинг энг заифидир»14. Бу ҳам иймоннинг камайишига далилдир.

Бир ривоятда: «Бундан кейин хардал уруғичалик ҳам иймон йўқ!».15 Бу иймон камайиб бориб, ҳатто хардал (хантал, горчица) уруғи вазнича бўлиб қолишига далилдир.

Саҳиҳ ҳадисда келадики: «Жаннат аҳли жаннатга, дўзах аҳли дўзахга киради, сўнгра Аллоҳ таоло: «Кимнинг қалбида хантал уруғи мисқолича иймон бўлса, уни (дўзахдан) чиқаринглар!» деб амр этади»16.

Демак, иймон – тил билан айтиш, дил билан эътиқод қилиш ва аъзолар билан амал қилишдир, у тоат билан зиёда бўлади, маъсият билан камаяди. Бу унинг Китобу Суннатдан олинган саҳиҳ таърифидир.

У ҳанафийлар айтганидек, фақат тил билан айтиш ва қалб билан тасдиқлаш эмас.

Карромиялар айтганидек, фақат тил билан айтиб қўйиш ҳам эмас.

Ашъарийлар айтганидек, қалб билан тасдиқлаб қўйишгина ҳам эмас.

Жаҳмиялар айтганидек, кўнгилда билиб қўйишгина ҳам эмас.

Муржиалар тўрт тоифа бўлиб, улар ичида ҳақдан энг узоғи жаҳмиялардир. Улар сўзича Фиръавн ҳам мўмин бўлади, чунки у қалби билан таниган, иблис ҳам мўмин бўлади, чунки у ҳам қалби билан Раббини таниган.

Ашъарийларнинг иймон қалб билан тасдиқлаш, деган сўзларига кўра, Абу Лаҳаб, Абу Толиб, Абу Жаҳл ва бошқа мушриклар ҳаммаси мўмин бўлади. Чунки, улар кўнгилларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақлигига ишонишар ва тасдиқлашар эди. Лекин кибрлари ва ҳасадлари ҳақни тан олишларига ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишларига йўл қўймаган эди.

Яҳудлар дилларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Аллоҳнинг элчиси эканларини эътироф этишарди, лекин ҳасад ва кибр уларни ҳаққа эргашишдан ман қилди:

«Биз китоб ато этган кимсалар (яҳудий ва насронийлар) уни (Муҳаммад пайғамбарни) ўз фарзандларини таниган каби танийдилар. (Яъни ўзларининг илоҳий китобларида у ҳақда ўқиганлар). Ва албатта улардан бир гуруҳи билганлари ҳолда ҳақиқатни беркитадилар» (Бақара: 146).

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), уларнинг гаплари шак-шубҳасиз сизни маҳзун қилишини билурмиз. Зотан, улар сизни ёлғончи қилмайдилар, балки бу золимлар Аллоҳнинг оятларини инкор қиладилар» (Анъом: 33). «Сизни ёлғончи қилмайдилар» дегани «сизни тасдиқлайдилар» деганидир.

Абу Толиб айтган эди (шеър мазмуни):

«Муҳаммаднинг дини барча динлардан яхшироқ экани менга маълум, агар маломат ва ҳақоратдан қўрқмасайдим, аниқки, ўзимни унга қучоқ очган кўрардим».


وَجَمِيعُ ما صَحَّ عَنْ رَسولِ اللهِ صلّى الله عليه وسلم مِنَ الشَّرْعِ والبَيانِ كُلُّهُ حَقٌّ.


132. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шариат ва унинг баёни ҳақида нақл қилинган саҳиҳ ҳадисларнинг барчаси ҳақдир.


Шундай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисларнинг барчаси ҳақ деймиз. Баъзилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисларни мутавотир ва оҳодга ажратиб, фақат мутавотирларини олишади ва: «Оҳод ҳадислар зонни ифода қилади, илмни ифода қилмайди.», дейишади. Бу ботил, нотўғри гап. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисларнинг мутавотири ҳам, оҳоди ҳам илмни ифода қилади ва ақида учун асос бўлишга ярайди. Аллоҳ таоло айтади: «Пайғамбар сизларга нимани олиб келса, уни олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар» (Ҳашр: 7).

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан нақл қилинган саҳиҳ ҳадисга ҳамма нарсада амал қилинаверади, шарти шуки, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонидан саҳиҳ йўл билан ривоят қилинган бўлсин. Баъзи тоифалар борки, суннат ҳақида шубҳа-гумонлар пайдо қилишади. Улардан баъзилари: «Суннатга мутлақо амал қилмаслик керак, Қуръонга амал қилиш кифоя», дейишади17. Айримлари борки: «Фақат мутавотир ҳадислар олинади», дейишади. Ҳар икки гап ботилдир.

Мусулмон киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳар бир саҳиҳ ҳадисни ҳақ деб эътиқод қилиши вожиб. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўп ҳолларда хабари воҳид (оҳод, яъни бир кишининг хабари) билан амал қилганлар. Ой кўриш масаласида ҳам шундай бўлган. Ибн Умар розияллоҳу анҳу келиб, ҳилолни кўрганини айтганида одамларни рўза тутишга буюрганлар. Бир аъробий келиб, ҳилолни кўрганини айтганида унга: «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадун расулуллоҳ» деб гувоҳлик берасанми?», деганлар. У: «Ҳа», дегач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларни рўза тутишга буюрганлар18. Ҳолбуки, у бир кишининг хабари эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам битта-битта шахсларни элчи қилиб юборардилар, бир жамоа одамни юбормасдилар. Ҳамма Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг элчиси олиб келган хабарга амал қилаверар эди.

(Муоз розияллоҳу анҳуни Яманга юборганларида уларга аввало ақидани етказишни агар қабул қилсалар, аҳкомларни етказишни буюрганлар, бу ҳадис машҳур. ИНТдан)

والإيمانُ واحِدٌ, وأهْلُهُ في أصْلِهِ سَواءٌ


133. Иймон (барча учун) бир нарсадир ва мўминлар иймоннинг аслида баробардирлар.


Бу фикр тўғри эмас. Чунки, иймон битта нарса эмас, иймон аҳли баробар ҳам эмас. Балки, иймон тафовутни қабул қилади, зиёдалашади ва камаяди. Фақат муржиалар ундай ҳисобламайди.

Қалб билан тасдиқлашда ҳамма одам баробар эмас. Абу Бакр Сиддиқнинг иймони қайсидир бир фосиқ мусулмоннинг иймони билан бир хил эмас. Чунки, фосиқ мусулмоннинг иймони жуда заиф бўлади, Абу Бакр Сиддиқнинг иймони эса бутун умматнинг иймонига тенг келади19. Демак, одамлар иймоннинг аслида баробар эмаслар.

Шунингдек, амал жиҳатидан ҳам одамлар ҳаммаси бир хилда тенг эмас. Улар ичида Аллоҳ таоло айтгани каби кишилар бор: «Сўнгра Биз бу Китобга бандаларимиздан Ўзимиз танлаган зотларни (яъни сизнинг умматингизни) ворис қилдик. Бас уларнинг орасида ўз жонига жабр қилувчи ҳам бор, уларнинг орасида ўртача амал қилувчи ҳам бор ва уларнинг орасида Аллоҳнинг изну иродаси билан мудом яхшиликларга шошилувчи ҳам бордир» (Фотир: 32).

Яъни, гуноҳи ширкка етиб бормаган осий ўз жонига жабр қилувчидир. Чунки, у ўзини хатарга йўлиқтирувчидир. Фарзларга амал қилиб, ҳаромлардан сақланувчилар ўртача амал қилувчилардир. Аллоҳнинг изну иродаси билан мудом яхшиликларга шошилувчилар фарзлардан ташқари мустаҳаб амалларни ҳам қилувчи, ҳаром ва макруҳлардан тийилувчи, эҳтиёт юзасидан баъзи мубоҳлардан ҳам сақланувчи кишилардир. Демак, умматнинг ҳаммаси баробар эмас, улар уч тоифага: ўз жонига жабр қилувчилар, ўртача амал қилувчилар, яхшиликларга шошилувчиларга бўлинади. Бу эса иймоннинг тафовутли бўлишига далил бўлади.


والتَّفاضُلُ بَيْنَهُمْ بِالْخَشْيَةِ وَالتُّقَى، ومُخالَفَةِ الْهَوَى، ومُلازَمَةِ الأَولَى.


134. Улар бир-бирларидан фақат (Аллоҳдан) қўрқиш, тақво қилиш, ҳавойи нафсига эргашмаслик ҳамда авлороқ (яъни тақво эгаларига лойиқ бўлган) йўлни тутиш билан афзал бўлишлари мумкин.


Бунинг ўзи кифоя қилмайди. Чунки, бунинг маъноси – амалларни иймон жумласидан чиқариш, қалби билан тасдиқлаб, тили билан айтган киши комил мўминдир, одамлар бу борада бир-биридан афзал бўлмайди, демакдир. Бу эса тўғри эмас. Чунки, одамлар ўртасидаги афзаллик мусанниф зикр қилган нарсалар билан ва солиҳ амаллар билан ҳосил бўлади.


وَالْمُؤْمِنُونَ كُلُّهُمْ أَوْلِياءُ الرَّحْمٰنِ وَأَكْرَمُهُمْ عِنْدَ اللهِ أَطْوَعُهُمْ وَأَتْبَعُهُمْ لِلْقُرْآنِ


135. Барча мўминлар Раҳмон Таолонинг дўстларидир. Аллоҳ ҳузурида мўминларнинг энг мукаррами кўпроқ тоат қилувчи ва Қуръонга кўпроқ эргашувчи мўминдир.


Мусанниф бу сўзларида ҳақ. Мўминларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг дўстлари, яъни яхши кўрган кишиларидир. Аллоҳ таоло мўминларни яхши кўради, тақводорларни яхши кўради, муҳсинларни яхши кўради, тавба қилувчиларни яхши кўради, ўзларини пок тутувчиларни яхши кўради, У кофирларни ёмон кўради, фосиқларни ёмон кўради. Демак, Аллоҳ таоло амалларга қараб яхши кўради ва ёмон кўради.

Ҳар бир мўмин Аллоҳнинг дўсти бўлиши мумкин, дўстликда бир-бирларидан фарқли ҳам бўладилар, баъзилари баъзиларидан афзал ҳам бўладилар. Аллоҳ таоло айтади: «Огоҳ бўлингизким, албатта Аллоҳнинг дўстларига (охиратда) бирон хавф-хатар йўқдир ва улар ғамгин бўлмайдилар. Улар иймон келтирган ва (Аллоҳдан) қўрқувчи бўлган зотлардир» (Юнус: 62, 63). Баъзиларнинг Аллоҳ билан дўстлиги комил суратда бўлади, баъзиларнинг Аллоҳ билан дўстлиги ноқис бўлади, айримлар эса Аллоҳдан узоқ ва Аллоҳнинг душмани ҳам бўлади.

Иймон ва тақво соҳиби бўлган ҳар бир киши Аллоҳнинг дўсти бўлади. Лекин, дўстлик амалларга қараб тафовутли бўлади. Кимнингдир дўстлиги комил бўлади. Кимнингдир дўстлиги бир тарафлама бўлади, яъни у фосиқ мўмин бўлади-да, тоати билан Аллоҳга дўст, маъсияти билан Аллоҳнинг душмани бўлади.

Кофир ва мушриклар эса Аллоҳга бутунлай душман бўлади.

Кимда-ким – қабрапаратслар айтаётгани каби – фақат қабрига сағана ёки гумбаз ўрнатилган кишиларгина Аллоҳнинг валийлари бўлади, улардан бошқалар валий бўлолмайди, деса, бекор айтибди.


وَالإيمانُ: هُوَ الإيمانُ بِاللهِ، ومَلائِكتِهِ، وكُتُبهِ ورُسُلِهِ، واليَوْمِ الآخِرِ، والقَدَرِ: خَيْرِهِ وشَرِّهِ، وحُلْوِهِ ومُرِّهِ، مِنَ اللهِ تَعالَى.


136. Иймон Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, элчиларига, Охират кунига ва тақдирнинг яхшию ёмони, ширину аччиғи Аллоҳ Таоло тарафидан эканлигига ишонмоқдир.


Иймоннинг таърифи, юқорида ўтганидек, тил билан айтиш, қалб билан тасдиқлаш ва аъзолар билан амал қилишдир, у тоат билан зиёда бўлади, маъсият билан камаяди. Аммо мусаннифнинг ушбу сўзлари иймоннинг рукнлари бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жибрил алайҳис-саломнинг саволига жавобан ана шундай деган эдилар. «Менга иймон ҳақида хабар беринг», деди. «Иймон - Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, Пайғамбарларига ва Охират кунига ишонишинг ҳамда тақдирнинг яхшиси-ю ёмонига (барчаси Аллоҳ тарафидан эканига) иймон келтиришинг»20, дедилар.

Унинг кўп тармоқлари бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Иймон етмишдан ортиқ бўлакдир – ёки олтмишдан ортиқ бўлакдир – афзали «Ла илаҳа иллаллоҳ» дейиш, энг қуйи бўлаги йўлдан озорни четлатишдир»21. Лекин мазкур олти рукн у барпо бўладиган асослардир.

Юқорида Аллоҳга иймон келтириш, малоикаларга иймон келтириш, пайғамбарларга иймон келтириш, китобларга иймон келтириш ҳақида сўз ўтди.


وَنَحْنُ مُؤمِنونَ بِذلِكَ كُلِّهِ


137. Биз шуларнинг барчасига иймон келтирамиз.


Зотан, буларнинг барчасига иймон келтириш фарз. Ким бу арконлардан бирортасини инкор қилса, мўмин саналмайди. Чунки, у иймон рукнларидан бир рукнни камайтирган бўлади.


لا نُفَرِّقُ بَيْنَ أحَدٍ مِن رُسُلِه، ونُصَدِّقُهُمْ كُلَّهُمْ عَلَى ما جاءوا بِهِ.


138. Аллоҳнинг элчиларидан ҳеч бирларини ажратмаймиз ва (Аллоҳ ҳузуридан) олиб келган барча хабарларида уларга ишонамиз.


Юқорида ҳам ўтдики, пайғамбарларнинг аввалидан охиригача, Қуръонда номлари келганига-ю келмаганига, барчасига иймон келтириш фарздир. Биз Аллоҳ таоло томонидан бандаларига юборилган ҳамма пайғамбарларга иймон келтирамиз. Ким улардан баъзиларига иймон келтириб, бошқаларини инкор қилса, ҳаммасини инкор қилган бўлади. Биргина пайғамбарни инкор қилган киши ҳам ҳамма пайғамбарларни инкор қилган бўлади: «Албатта, Аллоҳ ва пайғамбарига ишонмайдиган, Аллоҳ билан пайғамбарларининг ораларини ажратишни истайдиган (яъни Аллоҳга ишониб, пайғамбарларини инкор қиладиган) ва «айрим пайғамбарларга ишонамиз, айримларига ишонмаймиз», дейдиган ҳамда ора йўлни тутишни истайдиган кимсалар – ана ўшалар ҳақиқий кофирдирлар» (Нисо: 150, 151).

Яҳудлар кофирлардир. Чунки, улар икки улуғ пайғамбарни – Исо алайҳис-салом ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни инкор қилишди. Насоролар ҳам кофирлардир. Чунки, улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарликларини инкор қилишди. Ҳозирги даврда: «Яҳуд ва насоролар ҳам мўмин-мусулмон, улар ҳам самовий дин аҳллари, динлар ўртасини яқинлаштириш ва улар ўртасида сўзлашувлар олиб бориш лозим» деб айтилаётган гаплар залолатдир, ҳақ билан ботил орасини, иймон билан куфр ўртасини аралаштиришдир. Чунки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар қилиб юборилганларидан кейин оламда Исломдан бошқа саҳиҳ дин йўқдир: «Кимда-ким Исломдан ўзга дин истаса, бас (унинг «дини» Аллоҳ ҳузурида) ҳаргиз қабул қилинмайди ва у охиратда зиён кўрувчилардандир» (Оли Имрон: 85).

Ислом ўзидан олдинги динларнинг ҳаммасини мансух-бекор қилди, инсу-жин, яҳуду насоро, арабу-ажам, ҳамма-ҳаммаси Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишга буюрилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашмаган одамнинг иймони эътиборга олинмайди.


وأَهْلُ الْكبائِرِ مِن أمّةِ محمدٍ صلى الله عليه وسلم في النّارِ لا يَخْلُدُونَ، إذا ماتوا وهُمْ مُوَحِّدونَ


139. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларидан кабира гуноҳларни қилганлар модомики тавҳид ақидасида жон берган бўлсалар, дўзахда абадий қолмайдилар.


Гуноҳи кабиралар ширкдан паст ва сағира гуноҳлардан юқори бўлган гуноҳлардир. Гуноҳи кабирага шундай таъриф бериш мумкин: У – қилувчисига жазо тайин қилинган ёки Аллоҳнинг ғазаби ё лаънати ё дўзахига олиб бориши айтилган ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни қилувчидан ўзларини пок санаган гуноҳдир. Масалан, «Бизга хиёнат қилган одам биздан эмас»22, «Бизга қарши қурол кўтарган одам биздан эмас»23 деганлари каби.

Унинг эгаси иймондан чиқиб кетмайди, балки иймони ноқис мўмин бўлади ёки фосиқ дейилади. Бу аҳли сунна вал-жамоа мазҳабидир. Улар ширкка етиб бормаган кабира гуноҳлар сабабли кофир санамайдилар, шу билан бирга гуноҳи кабира соҳибига мутлақ мўминлик номини ҳам бермайдилар, балки унинг иймонини чеклаб: «иймони сабабли мўмин, гуноҳи кабираси сабабли фосиқ» дейдилар.

Уни муржиалар айтганидек комил иймонли ҳам дейилмайди, хавориж ва муътазилалар айишганидек Исломдан бутунлай чиққан ҳам дейилмайди.

Демак, ширкдан паст бўлган гуноҳи кабира соҳиби хусусида одамлар уч тоифага бўлинишади:

1) Хавориж ва муътазилалар уни Исломдан чиқариб юборишади. Лекин фарқи шуки, хаворижлар уни куфрга киритишади, муътазилалар эса Исломдан чиқаришгани билан куфрга киритишмайди, балки уни икки манзил ўртасидаги бир манзилда, дейишади.

2) Муржиалар уни модомики қалбида иймонни эътиқод қилса – баъзиларининг наздида эса тилида айтса – иймони комил мўмин, дейишади ва маъсиятлар – гарчи гуноҳи кабира бўлса-да – унинг иймонини камайтирмайди, деб даъво қилишади.

3) Аҳли сунна вал-жамоанинг фикри шуки: ширкдан паст бўлган кабира гуноҳнинг соҳиби кофир эмас, мўмин, бироқ иймони ноқис.

Буни яхши англаш ва зеҳнга жойлаб олиш зарур. Ҳозирги замонда ёмонлик аҳлининг ёмонлиги ортган, иржоъ (муржиалик) мазҳабини ёйиш ва ривожлантиришга ва бу билан ўзларининг залолатларини ниқоблашга уринувчилар кўпайган.

Булар бугунги кунда толиби илмлар билиши энг зарурий бўлган вазифалардан.


وإنْ لمَ يَكونوا تائِبِينَ، بَعْدَ أنْ لَقُوا اللهَ عارِفِين (مؤمنين), وهُمْ في مَشِيئَتِهِ وحُكْمِهِ، إنْ شاءَ غَفَرَ لَهُمْ و عَفا عَنْهُمْ بِفَضْلِهِ، كما ذَكَرَ عَزَّ وجَلَّ في كِتابِهِ: وَيَغْفِرُ ما دُونَ ذٰلِكَ لِمَنْ يَشاءُ (النساء:48,116) وَإِنْ شاءَ عَذَّبَهُمْ في النّارِ بِعَدْلِهِ


140. Аллоҳни таниган, (иймон келтирган) ҳолларида Унга йўлиқсалар, гарчи гуноҳларидан тавба қилмаган бўлсалар ҳам, Улар Аллоҳнинг иродаси ва ҳукмига ҳавола бўладилар. «Ширкдан бўлак гуноҳларни истаган бандасидан кечиради» (Нисо: 48, 116) деб марҳамат қилганидек, агар Аллоҳ хоҳласа, уларни фазли-карами ила кечиради. Хоҳласа адли билан уларни дўзахда азоблайди.


Ҳа, тўғри гап шу: Ширкка етиб бормаган гуноҳи кабира эгалари кофир бўлиб қолмайдилар, агар улар ушбу гуноҳларидан тавба қилмаган ҳолатда дунёдан ўтиб, Аллоҳ ҳузурига борсалар, Аллоҳ таолонинг хоҳиш-иродасига ҳавола бўладилар. Хоҳласа, уларни гуноҳлари миқдорича азоблайди, сўнг иймон ва тавҳидлари сабабли дўзахдан чиқариб, жаннатга киритади, улар дўзахда абадий қолишмайди. Бунга далил Аллоҳ таолонинг сўзики: «Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмайди ва ширкдан бўлак гуноҳларни истаган бандасидан кечиради» (Нисо: 48, 116).

Лекин, «Аллоҳни таниган, (иймон келтирган) ҳолларида» деган сўзи изоҳталабдир, агар аввал айтгани каби «тавҳид устида бўлган ҳолларида» деганда яхшироқ бўларди.

Агар хоҳласа, улар устида Ўз ваъидини амалга оширади, лекин улар дўзахда абадий қолмайдилар.

Бу аҳли сунна вал-жамоанинг сўзидир ва тўғри сўз ҳам шудир. Хаворижлар айтганидек, улар ҳар қандай ҳолда ҳам дўзахга тушиб, унда абадий қолмайдилар. Хаворижлар наздида дўзахга тушган одам ундан қайтиб чиқмайди. Муржиалар айтганидек, улар дўзахга умуман кирмайдилар ҳам эмас. Биз уларнинг дўзахдан қутулиб қолишларига кафолат бермаймиз, улар Аллоҳнинг хоҳиши остида бўлади, деймиз.

Истаса, Ўз фазли билан уларни афв қилади, истаса адли билан уларни азоблайди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уларга зулм қилмайди, балки уларни амаллари Аллоҳнинг азобига дучор этади. Зотан, Аллоҳ таоло гуноҳсиз одамни азобламайди, гуноҳкор билан гуноҳсиз мўминни тенг қилиб қўймайди:

«Ахир Биз мусулмонларни жиноятчи-кофир кимсаларга баробар қилурмизми?! Сизларга нима бўлди? Қандай ҳукм чиқармоқдасизлар?!» (Қалам: 35, 36).

«Ёки Биз иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни ерда бузғунчилик қилиб юрган кимсалар каби қилиб қўюрмизми?! Ёки Биз тақводор зотларни фисқу-фужур қилиб юрган кимсалар каби қилиб қўюрмизми?! (Йўқ! Асло ундоқ бўлмас!)» (Сод: 28).

«Балки ёмонлик-гуноҳлар касб этган кимсалар Биз уларни ҳам иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар каби қилишимизни ва ҳаётлари ҳам, мамотлари ҳам (яъни дунёлари ҳам, охиратлари ҳам мўминлар билан) баробар бўлишини ўйлагандирлар?! Нақадар ёмон (нотўғри) ҳукм қилурлар-а?!» (Жосия: 21).


ثُمَّ يُخْرِجُهُمْ مِنْها بِرَحْمَتِهِ وَشَفاعَةِ الشَّافِعِينَ مِنْ أَهْلِ طاعَتِهِ


141. Сўнгра Ўз раҳмати билан ва итоатгўй-солиҳ бандалари орасидаги шафоат қилувчилар шафоати билан уларни дўзахдан чиқаради.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган саҳиҳ хабарларда айтилишича, гуноҳкор муваҳҳидлар (тавҳид аҳли) ё Аллоҳнинг фазлу марҳамати билан ё эса Аллоҳнинг изни билан шафоат қилувчи кишиларнинг шафоатлари сабабли дўзахдан чиқариладилар. Шафоат ҳақ, бироқ у фақат Аллоҳнинг изни билан бўлади ва шафоат қилинувчи киши тавҳид аҳлидан бўлиши, кофир, мушрик ва мунофиқлардан бўлмаслиги шарт қилинади.


ثُمَّ يَبْعَثُهُمْ إلَى جَنَّتِهِ.


142. Сўнгра уларни жаннатига киритади.


Уларни дўзахдан чиқарганидан кейин жаннатига киритади. Ҳадисда айтилишича, улар дўзахдан куйиб кўмирга айланган ҳолда чиқадилар, сўнг «оби ҳаёт» деб номланган анҳорга ташланадилар. Шунда уларнинг бадан ва этлари униб чиқади. Покланиб, тозаланганларидан сўнг уларга жаннатга киришга изн берилади ва улар жаннатга кирадилар.24


وَذلِكَ بِأَنَّ اللهَ تَعالَى تَوَلَّى أهْلَ مَعْرِفَتِهِ، ولمَ يَجْعَلْهُمْ في الدَّارَيْنِ كَأَهْلِ نَكْرَتِهِ الَّذِينَ خابوا مِنْ هِدايَتِهِ، ولمَ يَنالُوا مِنْ وِلايَتِه.


143. Чунки Аллоҳ Таоло Ўзини (ҳаққи-рост) таниган (яъни иймон келтирган) бандаларининг дўстидир. Аллоҳни танимаган, Унинг ҳидоятидан ва Унга дўст бўлиш шарафидан насибадор бўлмаган кимсалар билан Ўз дўстларини Аллоҳ Таоло икки дунёда ҳам баробар қилмайди.


Аллоҳ таоло айтади:

«Балки ёмонлик-гуноҳлар касб этган кимсалар Биз уларни ҳам иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар каби қилишимизни ва ҳаётлари ҳам, мамотлари ҳам (яъни дунёлари ҳам, охиратлари ҳам мўминлар билан) баробар бўлишини ўйлагандирлар?! Нақадар ёмон (нотўғри) ҳукм қилурлар-а?!» (Жосия: 21).

«Ёки Биз иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни ерда бузғунчилик қилиб юрган кимсалар каби қилиб қўюрмизми?! Ёки Биз тақводор зотларни фисқу-фужур қилиб юрган кимсалар каби қилиб қўюрмизми?! (Йўқ! Асло ундоқ бўлмас!)» (Сод: 28).

Бу ва шу мазмундаги бошқа оятлар далолат қиладики, Аллоҳ таоло тоат аҳли билан маъсият аҳлини, иймон аҳли билан куфр аҳлини баробар қилиб қўймайди, балки ҳар бирларига ўз амалларига яраша жазо ва мукофотларини беради. Аллоҳни танимаган, Унинг ҳидоятидан ва Унга дўст бўлиш шарафидан насибадор бўлмаган кимсалар билан Ўз дўстларини Аллоҳ Таоло икки дунёда ҳам баробар килмайди, балки улар ўртасини дунёда ҳам, охиратда ҳам ажратиб, тоат аҳлини маъсият аҳлидан, иймон аҳлини куфр аҳлидан афзал ва имтиёзли қилади. Дунёда уларни сифатлар, хулқ-атвор ва феъл-амалларида фарқли қилади. Тоат аҳли бўлмиш Аллоҳнинг дўстларининг иш-амаллари Аллоҳнинг душманларининг иш-амалларига, сўз ва тасарруфларига ўхшамайди. Одамларнинг ҳатти-ҳаракатларини, гап-сўзларини кузатсангиз, тақводор мўминларнинг гапларию ишлари билан фосиқу осийларнинг, кофир динсизларнинг гап-сўзу ишлари орасидаги фарқлар яққол кўзга ташланиб туради. Бу шу дунёнинг ўзидаги фарқларидир.

Охиратда ҳам Аллоҳ таоло улар ўртасини фарқли қилади, бирларини жаннати билан иззат-икром қилса, иккинчиларини дўзахи билан азоблайди. Зеро, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳикмат соҳиби бўлган Зот, ҳеч бир ишини ноўрин қилмайди. У Ўз раҳматини унга сазовор бўлган кишиларга туширади, азобини ҳам фақат унга лойиқ бўлганлар устига туширади.

Мусаннифнинг «уни таниган бандаларининг» деган сўзи изоҳталаб, бундан Аллоҳни танишнинг ўзи иймонга кифоя қилади, деган маъно тушуниб қолиниши мумкин. Бу эса муржиаларнинг ғулув кетган тоифаларининг сўзидир. Бунинг ўрнига «тоат аҳлининг» деса яхшироқ бўларди.


اللّهُمَّ يا وَلِيَّ الإسلامِ وأَهْلِهِ، ثَبِّتْنا علىَ الإسلامِ حتّى نَلْقاكَ بِهِ.


144. Эй Аллоҳ, эй Ислом ва мусулмонлар дўсти бўлган Зот! Ўзингга йўлиққунимизга қадар, бизни Исломда собит қилгин!


Бу мусанниф раҳимаҳуллоҳнинг энг гўзал сўзларидан!

Ғоят улкан ва аҳамиятли масалалар ҳақида сўз юритгач, Аллоҳ таолодан ҳақда собитқадам қилишини ва юқорида айтиб ўтилган залолат аҳли билан бирга ва залолат сўзларнинг эгаларидан қилиб қўймаслигини сўрадилар. Бу эса илм ва ҳикматдан далолатдир. Зеро, инсон илми билан мағрурланмаслиги, «мен тавҳидни биламан, ақидани биламан, бас, энди менга хатар йўқ», демаслиги, аксинча, ҳар доим ёмон оқибат ва залолатдан хавфланиб, залолат аҳлига алданиб қолишдан қўрқиб туриши лозим. Қанча мўътадил одамлар бўладики, фитналар кучайган пайтда йўлдан чиқиб кетиб қолади, ҳадисда айтилганидек, эрталаб мусулмон бўлиб, кечга бориб кофир бўлиб қолади ёки кечқурун мусулмон бўлган киши кофир бўлиб тонг оттиради, динини дунё матосига алмаштириб юборади.25

Фитналар вақтида инсон Парвардигоридан саботни сўраши, «Мен ориф (билувчи)ман, намоз ўқийман, менга ҳеч қандай хатар йўқ» демаслиги лозим26. Тўғри, сиз ориф, намозхон бўлишингиз мумкин, бироқ бу дегани сиз энди барча хатардан холисиз дегани эмас. Ёки сиз Иброҳим алайҳис-саломдан ҳам афзалмисиз?! У зот Парвардигорига: «Мени ва болаларимни бутларга ибодат қилишдан йироқ қилгин», (Иброҳим: 35) деб илтижо қилган эдилар. Иброҳим алайҳис-саломдек зот бутларга ибодат қилиб кетишдан қўрқиб паноҳ тиладилар, ваҳоланки у киши бутларни ўз қўллари билан синдириб, вайрон қила олган, бу йўлда азоб ва хўрликларга дучор бўлган зот эдилар. Ана шундай зот ҳам хотиржам бўлмадилар, «мен энди қутулдим» демадилар, балки Аллоҳдан ўзларига ва фарзандларига бутпарастликдан паноҳ сўрадилар. Демак, инсон доимо Парвардигори азза ва жалладан хавфда бўлиши лозим. Қанчадан-қанча ҳидоятда бўлган кишилар адашиб кетиб қолишган, қанчадан-қанча тўғри юрган одамлар йўлдан чиқиб кетишган, қанчадан-қанча мўминлар кофир ва муртад бўлиб кетишган ва аксинча қанчадан-қанча адашган одамлар борки, Аллоҳ уларни ҳидоятлаб қўйган, қанчадан-қанча кофирлар борки, Исломни қабул қилишган. Ҳа, иш Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг қўлидадир.

1 Муслим (2664) ривояти.

2 Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бақеъ ал-Ғарқад (қабристони)да жанозада эдик, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам келиб ўтирдилар, биз ҳам у зотнинг атрофига ўтирдик, сўнг дедилар: «Тирик жон борки, унинг жаннатдан ва дўзахдан бўлган ўрни албатта ёзиб қўйилгандир, унинг бахтсиз ё бахтли бўлиши ҳам албатта ёзиб қўйилгандир». Шунда бир киши: «Ё Расулуллоҳ, тақдиримиздаги битикка суяниб, амални тарк қилаверсак бўлмайдими? Қайси биримиз саодат аҳлидан бўлсак, барибир саодат аҳлининг амалини қилади, ким шақоват (бахтсизлик) аҳлидан бўлса, шақоват аҳлининг амалини қилади?» деб сўради. У зот: «(Йўқ, амал қилаверинглар.) Саодат аҳли саодат аҳлининг амалига муяссар қилинади, шақоват аҳли эса шақоват аҳлининг амалига муяссар қилинади» деб жавоб бердилар, сўнг: «Ана энди ким (ўз мол-давлатидаги камбағал-бечораларга берилиши лозим бўлган закот ва бошқа садақотларни) ато этса ва (Аллоҳдан) қўрқса. Ҳамда гўзал оқибатни (яъни жаннат бор эканини) тасдиқ этса. Биз уни осон йўлга муяссар қилурмиз. Энди ким (Аллоҳ йўлида хайр-саховат кўрсатишдан) бахиллик қилса ва (ўзини Аллоҳ ҳузуридаги ажр-мукофотлардан) беҳожат билса. Ҳамда гўзал оқибатни (яъни Аллоҳ ваъда қилган жаннатни) ёлғон деса. Биз уни (дунё ва охиратда бахтсиз бўладиган) оғир йўлга «муяссар» қилурмиз!» (Вал-лайл: 7-10) оятларини ўқидилар (Бухорий (1362) ва Муслим (2647) ривоятлари.

3 Бухорий (50) ва Муслим (10) ривоятлари.

4 Бухорий (2790, 7423) ривояти.

5 Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берганларидек Аршни кўтариб турувчи фаришталардан бирининг елкасидан қулоғининг юмшоғигача бўлган оралиқ 500 йиллик масофадир. Елкасидан қулоғигача 500 йиллик масофа бўлган буюк махлуқни тўлалигича тасаввур қилишни ақл бовар қилмайди. Бизнинг назаримизда жуда улкан кўринган ер шари етти қават осмон ва улардаги барча сайёралар Курсийдан кичик бўлса ёки ҳадисда келганидек қалқонга ташлаб қўйилган етти дирҳамчалик бўлса, бунданда саҳиҳроқ ҳадисда келганидек еру осмонлар Курсий олдида кенг майдонга ташлаб қўйилган бир халқадек, Курсий ҳам Арш олдида худди шундек бўлса, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло беҳожат бўлган ҳолда Арш устида бўлса. Бу азамат, бу буюклик инсоннинг қалбига дахшатни солади, Аллоҳнинг буюклигидан қалби титрайди ва унга бўлган иймони кучайиб, тақвоси зиёдалашади. (Ислом Нуридан)

6 Муслим (532) ва Бухорий (466, 467) ривоятлари.

7 Бухорий (3208) ва Муслим (2643) ривоятлари.

8 Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мен сизлар кўрмаган нарсаларни кўраман, сизлар эшитмаган нарсаларни эшитаман. Осмон ингради, инграшга лойиқ ҳам эди. Унда тўрт бармоқ ўрнича жой борки, бир фаришта Аллоҳга сажда қилиб пешонасини қўйгандир...» (Аҳмад (5/173), Термизий (2317), Ибн Можа (4190), Ҳоким «Мустадрак»да (2/510-551) ривоятлари.

9 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар бирортангизнинг ичимлигига пашша тушиб қолса, уни бир ботириб, сўнг олиб ташласин. Чунки унинг бир қанотида касаллик, бошқа қанотида шифо бор» (Бухорий (3320, 5782) ва Муслим (2363) ривоятлари.

10 Муслим (2363) ривояти.

11 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло айтади: Кимда-ким Менинг дўстимга душманлик қилса, Мен унга (қарши) уруш эълон қиламан. Бандам Мен унинг зиммасига фарз этган амаллардан кўра суюклироқ нарса билан Менга нисбатан қурбат-яқинлик ҳосил қилмаган. Бандам Менга нафл ибодатлар билан яқинлашаверади ҳатто уни яхши кўриб қоламан. Агар уни яхши кўрсам, Мен унинг эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, тутадиган қўли ва юрадиган оёғи бўламан. Агар Мендан сўраса, (сўраган нарсасини) унга бераман. Агар Мендан паноҳ тиласа, уни паноҳимга оламан» (Бухорий (6502) ривояти).

12 Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бордим, бўйнимда тилладан ясалган салиб (хоч) бор эди. «Эй Адий, бу бутни ташланг!», дедилар. У зотнинг «Бароа» сурасидаги «Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг аҳборларини ва роҳибларини ҳамда Масиҳ ибни Марямни Парвардигор деб билдилар» (Тавба: 31) оятини ўқиётганларини эшитдим. У зот дедилар: «Аслида, улар уларга (роҳибларига) сиғинишмас эди, лекин уларга бир нарсани ҳалол қилиб беришса ҳалол санашар, ҳаром қилиб беришса ҳаром санашар эди» (Термизий (3095) ривояти).

13 Бурайда ибн Ҳасиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Биз билан улар (яъни, кофирлар) ўртасидаги аҳд (фарқ) намоздир, ким намозни тарк қилса, кофир бўлади» (Аҳмад (5/346, 355), Термизий (2621), Насоий (1/231), Ибн Можа (1079) ривоятлари.

14 Муслим (49) ривояти

15 Муслим (50) ривояти.

16 Бухорий (7510) ва Муслим (192) ривоятлари.

17 Миқдом ибн Маъдий Кариб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Огоҳ бўлингларки, менга Қуръон ва яна ўшанча нарса берилди. Огоҳ бўлингларки, менга Қуръон ва яна ўшанча нарса берилди. Огоҳ бўлингларки, бир киши жойида қорнини қаппайтириб, ёнбошлаб олиб: «Қуръонни маҳкам ушланглар. Унда нимани ҳалол деб топсангиз ҳалол сананглар, нимани ҳаром деб топсангиз ҳаром сананглар...» дейди» (Аҳмад (4/130), Абу Довуд (3804, 4604) ривоятлари.

18 Термизий (691), Абу Довуд (2340), Ибн Можа (1652), Ибн Хузайма (1923), Ибн Ҳиббон (870), Ҳоким (1/424) ривоятлари.

19 Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Биз Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида одамларнинг энг яхшиси деб Абу Бакрни, сўнг Умар ибн Хаттобни, сўнг Усмон ибн Аффонни кўрардик» (Бухорий (3655) ривояти. Бир лафзда: «Биз Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида Абу Бакрга ҳеч кимни тенг кўрмасдик, сўнг Умарга, сўнг Усмонга (бировни тенг кўрмасдик, улардан) сўнг бошқа саҳобаларни бир-биридан афзал санамасдик» (3698).

Муҳаммад ибн Ҳанафиядан ривоят қилинади: «Мен отамдан (ҳазрат Алий розияллоҳу анҳудан): «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин одамларнинг энг яхшиси ким?» деб сўрадим. «Абу Бакр», дедилар. «Ундан кейинчи?», деб сўрадим. «Умар», дедилар. Кейин Усмон дейишидан қўрқиб: «Кейин сизми?», деб сўрадим. «Мен мусулмонлардан оддий бир кишиман, холос», дедилар (Бухорий (3671) ривояти).

20 Бухорий (50) ва Муслим (10) ривоятлари.

21 Бухорий (9) ва Муслим (35) ривоятлари.

22 Муслим (101) ривояти.

23 Бухорий (6874) ва Муслим (98, 100, 101) ривоятлари.

24 Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Жаннат аҳли жаннатга, дўзах аҳли дўзахга киради, сўнгра Аллоҳ таоло: «Кимнинг қалбида хантал (горчица) уруғи мисқолича иймон бўлса, уни (дўзахдан) чиқаринглар!» деб амр этади. Қорайиб кетган ҳолатда дўзахдан чиқарилиб, ҳаёт дарёсига ташланадилар, сўнг селдан кейин униб чиққан дон каби униб чиқадилар. Кўрганмисиз, у сарғайиб, эгри-бугри бўлиб чиқиб келади» (Бухорий (5060) ва Муслим (184, 185) ривоятлари).


25 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Зулматли тун бўлаклари каби фитналар келишидан олдин амал қилиб қолишга шошилинглар. Унда инсон мўмин ҳолда тонг оттириб, кофир ҳолда кунни кеч қилади. Ё эса кечқурун мўмин ҳолда бўла туриб, кофир ҳолда тонг оттиради. Динини дунё матосига сотади» (Муслим (118) ривояти).

26 Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй қалбларни айлантириб қўювчи зот! Қалбимни динингда мустаҳкам қилгин» деб дуо қилардилар. Биз: «Ё Расулуллоҳ, биздан (қалбларимиз ўзгариб қолишидан) хавф қиласизми, ахир биз сиз келтирган динга иймон келтирган бўлсак?!» деб сўрадик. «Ҳа, қалблар Аллоҳ таолонинг бармоқларидан икки бармоқ ўртасидадир, уларни Ўзи истаган томонга айлантириб қўя олади», дедилар (Термизий (2145), Ибн Можа (3834), Ҳоким (1/525, 526, 4/321) ривоятлари, Заҳабий Ҳокимга мувофиқ бўлган, Термизий: «ҳасан ҳадис» деган.

Муслим Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилиб келтирган ҳадисда Раcулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Одам фарзандлари қалбларининг бари Раҳмон азза ва жалланинг икки бармоғи ўртаcида худди бир дона қалб миcолидир. Уни хоҳлаган тарафга буриб қўюр. Эй қалбларни хоҳлаган тарафга буриб қўювчи Зот, қалбларимизни Ўзингга тоат-ибодат қилиш тарафига бургин!» (Муслим (2654) ривояти).