Чоршанба 22 Май 2024 | 14 Зулқаъда 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

121-155

3697 марта кўрилган

121-савол: Мезон-тарозига Қуръондан далил борми, амаллар қандай ўлчанади?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«Биз қиёмат куни учун адолатли мезон-тарозилар қўюрмиз, бирон жонга заррача зулм қилинмас. Агар хардал (ўсимлигининг) уруғидек (яхши ёки ёмон амал қилинган) бўлса, ўшани-да келтирурмиз! Биз Ўзимиз етарли ҳисоб-китоб қилувчидирмиз» (Анбиё: 47).

«(Амалларни тўғри) тортишлик ўша Куни бўлур. Бас, кимнинг тортилган (яхши амаллари) оғир келса, ана ўшалар нажот топувчилардир. Ким­нинг тортилган (яхши амаллари) енгил бўлса, бас, улар (Бизнинг оятларимизни инкор қилиш билан) зулм қилиб ўтганлари сабабли ўзларига зиён қилган кимсалардир» (Аъроф: 8,9).

Аллоҳ таоло кофирлар шаънида айтади: «Улар Раббиларининг оятларини ва У зотга рўбарў бўлишни инкор қилишиб, бутун амаллари беҳуда кетган кимсалардир. Биз Қиёмат кунида улар (қилиб ўтган амаллар) учун тарози қўймаймиз! (уларнинг ҳасанотлардан холи бўлган амалларини тортмаймиз» (Каҳф: 105).

Ва бошқа оятлар.


122-савол: Бунга Суннатдан далил борми, унинг Суннатдаги сифати қандай?

Жавоб: Бу ҳақда кўп ҳадислар бор.

Жумладан: Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда икки шаҳодат калимаси битилган бир парча қоғоз ёмон амаллар битилган 99та кўз илғамас даражадаги улкан китобдан оғир келгани айтилади.1

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ибн Масъуд ҳақида айтдилар: «...Сизлар унинг болдирларининг нозиклигидан ажабланяпсизларми? Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, улар мезон-тарозида Уҳуддан ҳам оғирроқдир».2

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қасамки, қиёмат кунида йўғон, семиз одамни олиб келинади, у Аллоҳнинг олдида искабтопарнинг қанотича ҳам вазнга эга бўлмайди. (Аллоҳнинг бу оятини) ўқинглар: «Биз Қиёмат кунида улар (қилиб ўтган амаллар) учун тарози қўймаймиз! (уларнинг ҳасанотлардан холи бўлган амалларини тортмаймиз» (Каҳф: 105).3

Ва бошқа ҳадислар.


123-савол: Сиротга Китобдан далил борми?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«Ҳеч шак-шубҳа йўқки, Биз ўзимиз унга (жаҳаннамга) киришга лойиқроқ бўлган кимсаларни яхшироқ билувчидирмиз. Сизлардан ҳар бирингиз унга тушувчидирсиз. (Бу) Парвардигорингиз (амрига биноан) вожиб бўлган ҳукмдир. Сўнг тақводор бўлган зотларни (ундан) қутқарурмиз ва золим кимсаларни тиз чўккан ҳолларида (жаҳаннамда) қолдирурмиз» (Марям: 71,72).

«Мўмин ва мўминаларнинг олдиларида ва ўнг томонларида нурлари (яъни қилган яхши амаллари ва номаи аъмоллари йўлларини ёритиб) кетаётганини кўрадиган Кунни (эсланг)!» (Ҳадид: 12).


124-савол: Бунга Суннатдан далил борми, унинг Суннатдаги сифати қандай?

Жавоб: Бу ҳақда кўп ҳадислар бор.

Жумладан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шафоат ҳақидаги ҳадисларида: «Сирот-Кўприкни олиб келиниб, жаҳаннам устига қўйилади», дедилар. Биз: «Ё Расулуллоҳ, сирот нима?» деб сўрадик. «У оёқ тойилиб кетадиган, сирпанчиқ жой, юзасида чангаклар, қисқичлар, илмоқсимон тиканли йўғон тиканаклар бордир. Мўмин киши унинг устидан чақмоқдек, шамолдек, учқур отдек ўтади...», дедилар.4 Абу Саид розияллоҳу анҳу: «Хабарларга кўра, сирот қилдан ингичка ва қиличдан ўткирдир», деганлар.


125-савол: Қасос олинишига Аллоҳнинг Китобидан далил борми?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«Шубҳасиз, Аллоҳ бировга бир зарра вазнича зулм қилмас. Агар заррача яхшилик бўлса, уни бир неча баРабар қилур ва ўз ҳузуридан улуғ ажр ато қилур» (Нисо: 40).

«Бу Кунда ҳар бир жон ўзи қилган амали билан жазоланур. Бу Кунда (ҳеч кимга) зулм қилинмас. Албатта Аллоҳ тез ҳисоб-китоб қилувчи зотдир. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз уларни яқин Кундан (яъни Қиёматдан) огоҳлантиринг! Ўшанда улар юраклари халқумларига тиқилиб, (ўзлари) ғам-ҳасратга тўлиб турурлар. Золим кофир кимсалар учун (у Кунда) на бир дўст ва на итоат қилинадиган (яъни шафоати қабул қилинадиган) оқловчи бўлмас. (Аллоҳ) кўзларнинг хиёнатини (яъни қараш ҳаром қилинган нарсага ўғринча кўз ташлашни) ҳам, диллар яширадиган нарсаларни ҳам билади. Аллоҳ ҳақ (ҳукм) билан ҳукм қилади» (Ғофир: 17-20).

«Уларнинг (яъни барча бандаларнинг) ўрталарида (биронталарига) зулм қилинмаган ҳолда ҳақ (ҳукм) билан ҳукм қилинди» (Зумар: 69).


126-савол: Бунга Суннатдан далил борми, унинг Суннатдаги сифати қандай?

Жавоб: Бу ҳақда кўп ҳадислар бор.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Одамлар ўртасида энг аввал ҳукм (ажрим) қилинадиган нарса қонлар хусусида бўлади».5

«Кимнинг зиммасида биродарига нисбатан бирон зулм бўлса, бугун – биродарига унинг ҳасанотидан олиб берилишидан олдин – ундан қутулиб олсин, чунки у ёқда динор ҳам, дирҳам ҳам бўлмайди. Агар унинг ҳасаноти бўлмаса, биродарининг гуноҳларидан олиб, унинг устига ташланади».6

«Мўминлар дўзахдан ўтиб бўлишгач, жаннат ва дўзах ўртасидаги қантара-кўприкда тўхтатилиб, ўрталарида дунёда бўлган зулмлар учун бир-бирларига қасос олиб берилади. Тозаланиб, покланишгач, уларга жаннатга киришга изн берилади.»7


127-савол: Ҳавзга Китобдан далил борми?

Жавоб: Аллоҳ таоло пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга хитобан деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), албатта Биз сизга Кавсарни ато этдик» (Кавсар:1).


128-савол: Бунга Суннатдан далил борми, унинг Суннатдаги сифати қандай?

Жавоб: Бу ҳақда мутавотирлик даражасига етган кўп ҳадислар бор. Жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«Мен сизлардан аввал ҳавз (Кавсар) олдига бориб тураман».8

«Мен сизлардан олдин бориб турувчидирман, мен сизларга гувоҳдирман, Аллоҳга қасамки, мен ҳозир ҳавзимга қараб турибман.»9

«Ҳавзим (кенглиги) бир ойлик йўлдир, суви сутдан оқ, ҳиди мушкдан-да хушбўй, идишлари самодаги юлдузлар сонича. Ундан ичган одам қайтиб ташна бўлмайди.»10

«(Меърожга чиққанимда) икки лаби узра ғовак марваридли чодирлар бўлган бир анҳор олдига бордим. «Бу нима, эй Жибрил?», деб сўрадим. «Бу Кавсардир», деди11».

Булардан ташқари яна кўп ҳадислар бор.


129-савол: Жаннат ва дўзахга иймон келтиришга далил нима?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«Кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан қўрқингки, унинг ўтини одамлар ва тошлардир. Иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларга хушхабар берингки, улар учун остларидан дарёлар оқиб турувчи боғлар бор» (Бақара: 24,25).

Бу ҳақда саноқсиз оятлар бор.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунги намозларида шундай дуо қилардилар: «Сенга ҳамд бўлсин. Сен ҳақсан. Ваъданг ҳақ, Сен билан учрашмоқ ҳақ, жаннат ҳақ, дўзах ҳақ, пайғамбарлар ҳақ, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақ, Қиёмат ҳақ...» (Бухорий ривояти)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким: «Бир Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, У ёлғиздир, шериги йўқдир, Муҳаммад Унинг бандаси ва расулидир, Ийсо ҳам Унинг бандаси, расули, Марямга ташлаган калимаси ва Ундан бўлган руҳдир, жаннат ҳақдир, дўзах ҳақдир» деб гувоҳлик берса, Аллоҳ уни қилган амалларига қараб жаннатга киритади». (Бухорий (3435) ва Муслим (28) ривоятлари) Бир ривоятда: «Саккиз жаннатнинг хоҳлаган дарвозасидан».


130-савол: Жаннат ва дўзахга иймон келтиришнинг маъноси нима?

Жавоб: Бунинг маъноси - уларнинг яратиб қўйилган ва ҳозирда мавжуд эканини, улар Аллоҳнинг иродаси билан боқий ва туганмас эканини ҳамда бунисининг ичидаги неъматлар ва унисининг ичидаги азобларнинг барчасини қатъий тасдиқлаш, демакдир.


131-савол: Уларнинг ҳозирда мавжуд эканига далил борми?

Жавоб: Аллоҳ таоло уларнинг ҳозирлаб қўйилганлигини хабар бериб, жаннат ҳақида: «Тақводорлар учун ҳозирлаб қўйилган» (Оли Имрон: 132), дўзах ҳақида: «Кофирлар учун ҳозирлаб қўйилган» (Оли Имрон: 131) деган.

Аллоҳ таоло бизга Одам алайҳиссалом ва унинг жуфтини дарахт мевасидан ейишларидан илгари жаннатда тургизганини хабар берган, шунингдек У зот кофирларнинг эртаю кеч дўзахга тоблаб турилишлари ҳақида хабар берган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Жаннатга боқдим ва унинг аҳлидан кўплари камбағаллар эканини кўрдим, дўзахга боқдим ва унинг аҳлидан кўплари аёллар эканини кўрдим». (Бухорий (3241) ва Муслим (2738) ривоятлари)

«Сизлардан бирингиз вафот этса (борадиган) жойи унга эртаю кеч кўрсатилади. Жаннат аҳлидан бўлса жаннат аҳли(нинг жойи)дан, дўзах аҳлидан бўлса дўзах аҳли(нинг жойи)дан. Унга: «То қиёмат куни Аллоҳ сени қайта тирилтиргунча жойинг шу» дейилади.» (Бухорий (1379) ва Муслим (2866) ривоятлари).

«Намозни салқинлатиб ўқинглар, чунки ҳароратнинг кучайиши жаҳаннамнинг уфуришидандир». (Бухорий (536) ва Муслим (615) ривоятлари).

«Дўзах: «Эй Раббим, (алангаларим) бир-бирини еб юборди» деб Раббига шикоят қилди. Шунда унга икки марта – бир бор қишда ва бир бор ёзда – нафас (олиши)га изн берди. Сизлар ҳис қиладиган энг қаттиқ иссиқ ва сизлар ҳис қиладиган энг қаттиқ совуқ ана шу (нафасдан)дир» (Бухорий (537) ва Муслим (617) ривоятлари)

«Иситма жаҳаннамнинг уфуришидандир, уни сув билан совутинглар». (Бухорий (3264, 5723) ва Муслим (2209) ривоятлари)

«Аллоҳ жаннат ва дўзахни яратгач, Жибрилни жаннатга юборди ва: «Бориб, жаннатни кўргин», деди...» (Аҳмад (2/354), Абу Довуд (4744), Термизий (4/2560) ва Насоий (7/3) ривоятлари)

Қуёш тутилган кунда намозда турганларида жаннат ва дўзах Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга кўндаланг қилинган. (Бухорий (748) ва Муслим (907) ривоятлари)

Жаннат ва дўзах Исро кечасида ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга кўрсатилган. (Бухорий (239) ва Муслим (162) ривоятлари) Бу ҳақда кўплаб саҳиҳ ҳадислар мавжуд.


132-савол: Уларнинг боқий ва асло туганмас эканига далил нима?

Жавоб: Аллоҳ таоло жаннат ҳақида шундай дейди:

«Яна (Аллоҳ) улар учун остидан дарёлар оқиб турадиган, улар абадий қоладиган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Мана шу буюк бахтдир» (Тавба: 100).

«У жойда уларга бирон чарчоқ етмас ва улар у жойдан чиқарилувчи ҳам эмаслар!» (Ҳижр: 48).

«Бу туганмас инъомдир.» (Ҳуд: 108).

«Тугаб қолмайдиган ва ман этилмайдиган кўпдан-кўп (турли-туман) мева-чева (ости)да» (Воқеа: 32,33).

«Шак-шубҳасиз бу Бизнинг (жаннат аҳлига ато этадиган) ризқу-рўзимиздирки, унинг учун тугаб қолиш бўлмас» (Сод: 54).

«Албатта тақводор зотлар (У Кунда) осойишта жойда, боғлар ва чашмалар устида бўлурлар... Улар (жаннатда) биринчи ўлимдан (яъни ҳаёти дунёдан кўз юмганларидан) бошқа ўлимни тотмаслар» (Духон: 51-56).

Ва бошқа оятлар.

Аллоҳ таоло дўзах ҳақида айтади:

«Магар уларни жаҳаннам йўлига равона қилур ва улар у жойда абадий қолажаклар» (Нисо: 169).

«Албатта Аллоҳ кофирларни лаънатлади ва улар учун ўтни тайёрлаб қўйди. Улар на бирон дўст ва на бирон ёрдамчи топмаган ҳолларида у жойда мангу қолурлар» (Аҳзоб: 64, 65).

«Кимки Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига осий бўлса, албатта унинг учун жаҳаннам олови бордир. (Ундай кимсалар) ўша жойда мангу қолурлар» (Жин: 23).

«... ва улар жаҳаннамдан чиқувчи бўлмайдилар» (Бақара: 167).

«Улардан (азоб бирон лаҳза ҳам) енгиллатилмас ва улар (ўша азобда қолиб) бутунлай номурод бўлувчидирлар!» (Зухруф: 75).

«Кофир бўлган кимсалар учун эса жаҳаннам ўти бордирки, на уларга (иккинчи бор ўлиш) ҳукм қилиниб, ўла олурлар ва на улардан (жаҳаннам) азоби енгиллатилур» (Фотир: 36).

«Ҳеч шубҳа йўқки, кимда-ким Парвардигорининг (ҳузурига) жиноятчи-кофир бўлган ҳолда келса, у ҳолда албатта унинг учун жаҳаннам бор бўлиб, у (кофир) у жойда на ўла олур ва на яшай олур» (Тоҳа: 74).

Ва бошқа оятлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

«Дўзах аҳли бўлган дўзахийлар у ерда на ўладилар, на яшай оладилар.» (Муслим (185) ривояти)

«Жаннат аҳли жаннатга, дўзах аҳли дўзахга кириб бўлгач, ўлим олиб келинади ва жаннат билан дўзах ўртасида сўйиб ташланади. Бир фаришта нидо қиладики: «Эй жаннат аҳли, энди ўлим йўқ, эй дўзах аҳли, энди ўлим йўқ.» Шунда жаннат аҳлининг шодликлари зиёда бўлиб, дўзах аҳлининг қайғулари ортади». (Бухорий (6548) ва Муслим (2849) ривоятлари)

Бу ҳақда бошқа ҳадислар ҳам бор.

133-савол: Мўминлар охиратда Раббилари таборака ва таолони кўришларига далил борми?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«У Кунда (мўминларнинг) юзлари яшнаб, Парвардигорларига боқиб турувчидир!» (Қиёмат: 22, 23).

«Чиройли амал қилган зотлар учун жаннат ва зиёда (Аллоҳнинг юзига боқиш) бордир» (Юнус: 26).

Аллоҳ таоло кофирлар ҳақида айтади:

«Ҳеч шак-шубҳа йўқки, улар ўша (Қиёмат) Кунида Раббиларидан тўсилувчидирлар» (Мутоффифун: 15).

Аллоҳнинг душманлари У зотнинг дийдоридан тўсилсалар, демак У зотнинг дўстлари бундан тўсилмасликлари маълум бўлади.

Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ўтирган эдик, у зот 14 кунлик ойга боқиб, дедилар: «Сизлар Раббингизни худди шу (ой)ни кўраётганингиздек аниқ-тиниқ кўрасизлар, Уни кўришда (тиқилинчдан) талашиб-тортишмайсизлар. Агар кун чиқишидан илгари (бомдод) ва кун ботишидан олдин (аср) намоз ўқишдан мағлуб бўлмасликка қодир бўлсаларингиз, шундай қилинглар». (Бухорий (554) ва Муслим (633) ривоятлари)

Суҳайб розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сўнг пардани очади, уларга Раббилари азза ва жалланинг жамолига боқишдан кўра суюмлироқ бирон нарса ато этилмайди», дедилар, сўнг ушбу оятни ўқидилар: «Чиройли амал қилган зотлар учун жаннат ва зиёда (Аллоҳнинг юзига боқиш) бордир» (Юнус: 26).12

Бу ҳақда кўплаб саҳиҳ ва сариҳ ҳадислар борки, биз «Сулламул-вусул» шарҳида 30дан ортиқ саҳобадан 45та ҳадисни зикр қилганмиз.


134-савол: Шафоатга ишонишга далил борми, шафоат ким тарафидан, ким учун ва қачон бўлади?

Жавоб: Шафоат ҳақида Қуръонда кўплаб оятлар келган.

Аллоҳ таоло шафоат Ўзининг мулки эканини, бирон кишига ундан бирон улуш йўқ эканини хабар беради:

«Айтинг: «Барча шафоат-оқлов ёлғиз Аллоҳникидир» (Зумар: 44).

Шафоат қачон бўлади? Аллоҳ таоло унинг фақат Ўзининг изни билангина бўлишини хабар беради:

«Унинг ҳузурида ҳеч ким (бировни) Унинг изнисиз оқлай олмайди» (Бақара: 255).

«(Қиёмат Кунида) бирон оқловчи бўлмас, магар Унинг изну иродасидан сўнггина (оқлай олур)» (Юнус: 3).

«Осмонларда қанчадан-қанча фаришталар бўлиб, ўшаларнинг шафоатлари ҳам бирон фойда бермас, магар Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ва рози бўлган кишилар учун (шафоатга) изн берганидан кейингина (у шафоатнинг фойдаси тегур)» (Ван-нажм: 26).

«(Аллоҳ) ҳузурида фақат Унинг Ўзи изн берган кишиларгагина шафоат-оқлов фойда берур (яъни ана ўша зотларгина шафоатга эришурлар, ё ўзгаларни шафоат қила олурлар)» (Сабаъ: 23).

Шафоат ким тарафидан бўлади? Аллоҳ таоло шафоат Ўзи изн берганидан кейингина бўлишини хабар берганидек, уни фақат Ўзи рози бўлган дўстларига изн беришини ҳам хабар берди:

«Улар сўзлай олмаслар, фақат У Меҳрибон зот изн берган кишигина (сўзлар) ва (фақат) рост сўзни айтур» (Набаъ: 38).

«(У кунда) фақат Раҳмон ҳузурида аҳду-паймон олган кишиларгина шафоат қилишга эга бўлурлар» (Марям: 87).

Шафоат ким учун бўлади? Аллоҳ таоло фақат Ўзи рози бўлган кишиларнигина шафоат қилишга изн беришини хабар берди:

«Улар фақат (Аллоҳ) рози бўлган кишиларнигина шафоат қилурлар – оқлай олурлар» (Анбиё: 28).

«У кунда оқлов фойда бермас, магар Раҳмон изн берган ва сўзидан У зот рози бўлган кишигагина (фойда берур)» (Тоҳа: 109).

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло фақат тавҳид ва ихлос эгаларидангина рози бўлади, аммо бошқалар хусусида шундай дейди:

«Золим кофир кимсалар учун (у Кунда) на бир дўст ва на итоат қилинадиган (яъни шафоати қабул қилинадиган) оқловчи бўлмас» (Ғофир: 18).

«Энди бизлар учун на оқловчилар ва на бирон қадрдон дўст бордир» (Шуаро: 100, 101).

«Энди оқловчиларнинг оқлови уларга фойда бермас!» (Муддассир: 48).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шафоат ҳақидаги ҳадисларида хабар беришларича, у зот Аршнинг остига бориб сажда қиладилар ва Парвардигорларига Унинг Ўзи ўргатган ҳамду-санолар билан мақтов айтадилар, шундан сўнг то у зотга: «Бошингизни кўтаринг, сўзланг, сўзингизга қулоқ солинади, сўранг, сўровингиз берилади, шафоат қилинг, шафоатингиз қабул қилинади» дейилмагунча шафоатни бошламайдилар. (Бухорий (4712) ва Муслим (194) ривоятлари)

У зот яна хабар беришларича, тавҳид аҳлидан бўлган гуноҳкор кишиларнинг барчасини бирданига шафоат қилолмайдилар: «Менга (Раббим) маълум миқдордаги кишиларни шафоат қилишни чеклаб қўяди, мен уларни жаннатга киритаман». (Бухорий (6565) ва Муслим (193) ривоятлари) Сўнг яна қайтиб бориб, сажда қиладилар, яна бир миқдор кишиларни шафоат қилишга изн берилади...

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Ё Росулуллоҳ, қиёмат куни сизнинг шафоатингиз ила энг саодатли бўлувчи инсон ким?» деб сўраганида у зот: «Қиёмат куни менинг шафоатим ила энг саодатли бўлувчи инсон – сидқидилдан, холис: «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб айтган кишидир» деб жавоб берганлар. (Бухорий (99) ривояти)


135-савол: Шафоат неча хил бўлади, энг каттаси қайси?

Жавоб: Энг катта шафоат – Қиёмат майдонидаги улкан шафоат, яъни Аллоҳ таолога бандалари ўртасида ҳукм қилиш учун келишини сўраб воситачи бўлишдир. Бу эса пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга хос шафоатдир ва у Аллоҳ таоло у кишига ваъда қилган мақтовли мақомдир: «Шоядки, Парвардигорингиз сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (яъни, гуноҳкор умматларингизни шафоат қилиб оқлайдиган) мақомда тирилтирар» (Исро: 79).

Яъни, Қиёмат майдонида одамларнинг аҳволи ғоят танглашган, узоқ туриб қолишган, безовталиклари кучайган, қулоқларигача терга ботишган ҳолат юзага келгач, уларнинг ўрталарида тезроқ ҳукм қилишини сўраб Аллоҳга воситачи бўлишларини илтимос қилиб, аввал Одам алайҳиссаломнинг, сўнг Нуҳнинг, сўнг Иброҳимнинг, сўнг Мусонинг, сўнг Ийсонинг ёнларига келадилар. Ҳаммалари: «Жоним, жоним» (яъни, жонимни Аллоҳнинг азобидан қутқариш учун ўзим шафоатчига муҳтожман), деб жавоб беришади. Ниҳоят улар пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келадилар, у зот: «Майли, мен шафоатчи бўлай» дейдилар. (Муслим (193) ривояти)

Иккинчи: Жаннат эшигини очишни сўраб воситачи бўлиш. Биринчи бўлиб жаннат эшигини қоқадиган зот – пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам (Муслим ривояти), жаннатга биринчи бўлиб кирадиган уммат – у зотнинг умматларидир. (Бухорий ва Муслим ривоятлари)

Учинчи: Дўзахга ҳукм қилинган кишиларни дўзахга туширмасликни сўраб шафоатчи бўлиш.

Тўртинчи: Тавҳид аҳлидан дўзахга тушганларни ундан чиқаришни сўраб шафоатчи бўлиш. Улар куйиб, кўмирга айланган ҳолда дўзахдан чиқишади, сўнг ҳаёт дарёсига ташланиб, уруғ лойқа ичида униб чиққанидек униб чиқадилар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари)

Бешинчи: Жаннат аҳлидан бўлган баъзи кишиларнинг даражаларини кўтаришда шафоатчи бўлиш.

Бу учтаси пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларигагина хос эмас. Балки у зот буларда муқаддам бўлиб, ортларидан пайғамбарлар, фаришталар, валийлар ва бошқа улуғ зотлар ҳам шафоат қиладилар. Сўнг Аллоҳ таоло ҳисоби фақат Ўзигагина маълум бўлган жуда кўплаб инсонларни Ўз раҳмати билан дўзахдан озод қилиб, жаннатга киритади.

Олтинчи: Айрим кофирлардан азобни енгиллатиш ҳақидаги шафоат. Бу бизнинг пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга амакилари Абу Толиб ҳақида хос бўлган шафоатдир. (Бухорий (3883) ва Муслим (209) ривоятлари)

Бу борада саноқсиз ояту ҳадислар бор, истаган одам уларни Қуръон ва ҳадис тўпламларидан топиши мумкин.


136-савол: Қилган амаллари билан бирон кимса жаннатга кира оладими ёки дўзахдан қутулиб қоладими?

Жавоб: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «(Тўғриликка) яқинлашингиз, (амалингизни) тўғрилангиз, билингизки, сизлардан бирон киши амали билан нажот тополмайди». Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, сиз ҳамми?» деб сўрадилар. «Ҳа, мен ҳам, фақат Раббим мени Ўзининг фазлу марҳамати билан ўрасагина (нажот топишим мумкин)», дедилар.

Бир ривоятда: «(Амалингизни) тўғрилангиз, (имкон қадар тўғриликка) яқинлашингиз, (Аллоҳнинг фазлу марҳамати билан) хушхабарланингиз, зотан бирон кишини амали ҳаргиз жаннатга кирита олмайди», дедилар. «Сизни ҳамми ё Расулуллоҳ?» деб сўрадилар. «Ҳа, мени ҳам, фақат Раббим мени Ўз раҳмати билан ўраб олсагина (жаннатга кира оламан). Билингизки, амаллар ичида Аллоҳга энг суюмлиси – оз бўлса-да, давомлисидир», дедилар. (Бухорий (6464) ва Муслим (2818) ривоятлари)


137-савол: Мазкур ҳадис билан Аллоҳ таолонинг: «Уларга: «қилиб ўтган (яхши) амалларингиз сабабли сизларга мерос қилиб берилган жаннат мана шудир», деб нидо қилинур» (Аъроф: 43) ояти ўртасини қандай жамлаш мумкин?

Жавоб: Мазкур оят ва ҳадис ўртасида қарама-қаршилик йўқ. Оятдаги (ب) ҳарфи сабабият учун бўлиб, жаннатга кириш солиҳ амаллар сабабли вужудга келиши айтилмоқда. Ҳадисдаги (ب) эса саманият (баҳо ва тўлов маъноси) учун бўлиб, банда кундузлари рўза тутиб, тунларини намоз билан ўтказиб, ҳар қандай гуноҳлардан сақланган ҳолда дунё тургунча яшаган тақдирда ҳам унинг ҳамма қилган амаллари Аллоҳнинг ошкор ва яширин неъматларининг энг кичкинаси муқобилида ўндан бирига ҳам тўғри келмайди. Шундай экан, қандай қилиб жаннатга киришга тўлов бўла олсин?!


138-савол: Қадарга умумий суратда иймон келтиришга далил борми?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«Аллоҳнинг амри иродаси тақдири азалий бўлди» (Аҳзоб: 38).

«Аллоҳ қилинадиган ишни амалга ошириш учун...» (Анфол: 42,44).

«Ва Аллоҳнинг амри иродаси қилинувчи бўлди» (Аҳзоб: 37).

«(Бирон кимсага) бирон мусибат етмас, магар Аллоҳнинг изни-иродаси билангина (етур). Ким Аллоҳга иймон келтирса, У зот унинг қалбини (тўғри йўлга) ҳидоят қилур» (Тағобун: 11).

«Икки жамоат тўқнашган куни сизларга етган мусибат Аллоҳнинг изни-иродаси билан бўлди» (Оли Имрон: 166).

«Бирор мусибат келганда: «Албатта биз Аллоҳнинг ( бандаларимиз) ва албатта биз у зотга қайтувчилармиз», дейдиган собирларга хушхабар беринг. Ана ўшаларга Парвардигорлари томонидан саловот (мағфират) ва раҳмат бордир. Ана ўшалар ҳақ йўлни топувчилардир» (Бақара: 156,157).

Ва бошқа оятлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жибрил алайҳиссалом билан қилган савол-жавобларида айтганларидек: «Қадарнинг яхшисига ҳам, ёмонига ҳам иймон келтириш». (Муслим ривояти)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Билгинки, сенга етган нарса ҳаргиз етмай қолмас эди, сенга етмаган нарса ҳаргиз етмас эди».(Термизий (2516), Аҳмад (1/293, 307, 404), Абу Яъло (2556) ва бошқалар ривоятлари)

«Сенга бирор иш етса: «Ундай қилганимда бундай бўлар эди», демагин, балки: «Аллоҳ тақдир қилибди, У истаган ишини қилади», дегин». (Муслим (2665) ривояти)

«Ҳамма нарса, ҳатто нотавонлик ва зийраклик (пухталик) ҳам қадарга боғлиқ». (Муслим (2665) ривояти)

Ва бошқа ҳадислар.


139-савол: Қадарга иймон келтириш даражалари нечта?

Жавоб: Қадарга иймон келтириш 4та даражада бўлади:

Биринчи даража: Аллоҳнинг бутун борлиқни қамраб олувчи, осмонлару ердаги заррача нарса ҳам ундан махфий қолмайдиган Илмига иймон келтириш ва Аллоҳ таоло бутун махлуқотини уларни ҳали яратмасидан туриб билган, уларнинг ризқларини, ажалларини, сўзу амалларини, барча ҳаракату саканотларини, сир-асрору ошкораларини, улардан ким аҳли жаннату, ким аҳли дўзах бўлишини билган деб қатъий ишониш.

Иккинчи даража: Юқорида айтилганлар ёзиб қўйилган эканига, Аллоҳ таоло бўлишини Ўз илми билан олдиндан билган ҳамма нарсани ёзиб қўйган эканига иймон келтириш, Лавҳ ва Қаламга иймон келтириш ҳам шунинг зимнидадир.

Учинчи даража: Аллоҳнинг сўзсиз амалга ошувчи истак-хоҳиши ва шомил-комил қудратига иймон келтириш. Бўлган ва бўлажак нарсалар жиҳатидан бу иккиси ўртасида бир-бирига боғлиқлик бор, бўлмаган ва бўлмаяжак нарсалар жиҳатидан эса ўрталарида боғлиқлик йўқдир. Демак, Аллоҳ таоло истаган нарса Унинг қудрати билан албатта амалга ошади, Аллоҳ истамаган нарса эса У бунга қодир бўлмагани учун эмас, балки У истамагани учунгина бўлмайди: «На осмонлардаги ва на ердаги бирон нарса Аллоҳдан қочиб қутулувчи эмасдир. Зотан У билим ва қудрат эгаси бўлган зотдир» (Фотир: 44).

Тўртинчи даража: Аллоҳ таоло барча нарсани яратувчидир, осмонлару ер ва улар ўртасидаги заррача нарса бўлсин, ҳаммасини яратувчиси, уларнинг ҳаракатларию саканотларини яратувчиси Аллоҳ субҳанаҳунинг ёлғиз Ўзидир, деб иймон келтириш.


140-савол: Биринчи даража – Аллоҳнинг илмига иймон келтиришга далил борми?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«У Аллоҳ шундай зотдирки, ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. (У) ғайб ва шаҳодатни (яъни яширин ва ошкора нарсаларни) билувчидир» (Ҳашр: 22).

«Аллоҳ барча нарсани (Ўз) билими билан иҳота қилиб олганини билишларингиз учун (У зот сизларга юқорида зикр қилинган нарсалар ҳақида хабар берди)» (Талоқ: 12).

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, уларга) айтинг: «Йўқ! Ғайбни билувчи Парвардигоримга қасамки, шак-шубҳасиз у (яъни қиёмат) сизларга келур. Осмонлар ва ердаги бир зарра мисоличалик, ундан ҳам кичик (ёки) катта бирон нарса (Аллоҳ)дан маҳфий бўлмас — албатта очиқ Китобда (яъни, Аллоҳнинг азалий ёзмиши — Лавҳул-маҳфузда у) ёзилгандир» (Сабаъ: 3).

«Ғайб хазиналари Унинг ҳузуридадирким, уларни ёлғиз Ўзигина билур» (Анъом: 59).

«Аллоҳ пайғамбарлик вазифасини қаерга қўйишни яхшироқ билувчидир» (Анъом: 124).

«Албатта, Парвардигорингиз­нинг Ўзи Унинг йўлидан озган кимсаларни жуда яхши билур ва У зот ҳидоят топувчи кишиларни ҳам жуда яхши билур» (Наҳл: 125, Қалам: 7).

«Ахир шукр қилувчиларни Аллоҳ яхшироқ билувчи эмасми?!» (Анъом: 53).

«Ахир Аллоҳ барча одамларнинг дилларидаги нарсаларни жуда яхши билувчи эмасми?!» (Анкабут: 10).

« Эсланг, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Парвардигорингиз фаришталарга: «Мен Ерда (уни ўзлаштириб обод қилишлари учун баъзилари бошқалари ортидан кетма-кет келиб яшайдиган) қавм (Одам ва унинг зурриёти)ни қилмоқчиман», деганида улар айтдилар: «У Ерда бузғунчилик қиладиган, қонлар тўкадиган қавмни қиласанми? Ҳолбуки, биз ҳамду сано айтиш билан Сени улуғлаймиз ва Сенинг номингни мудом пок тутамиз». (Аллоҳ) айтди: «Мен сизлар билмаган нарсаларни биламан» (Бақара: 30).

«Сизлар ўзингиз учун яхши бўлган нарсани ёқтирмаслигингиз ва сиз учун ёмон бўлган нарсани яхши кўришингиз мумкин. Аллоҳ билур, сизлар билмассиз» (Бақара: 216).

Саҳиҳда айтилишича, бир киши: «Ё Расулуллоҳ, ким аҳли жаннат, ким аҳли дўзах экани маъруф – маълумми?» деб сўради. «Ҳа», дедилар. «Ундай бўлса, амал қилувчиларнинг амал қилишларига не ҳожат?» деб сўради. «Ҳар ким ўзи яратилган нарса – ёки ўзига муяссар бўладиган нарса – (яъни, ё жаннат ё дўзах) учун амал қилади», дедилар. (Бухорий (6596) ва Муслим (2649) ривоятлари)

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан мушрикларнинг (вафот этган) болалари ҳақида сўралганда: «(Ҳаёт бўлишганида) нима амал қилган бўлишларини Аллоҳ яхши билувчидир», дедилар. (Бухорий (6597) ва Муслим (2659) ривоятлари)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ таоло аҳли жаннатни улар оталарининг пуштикамарларида эканидаёқ жаннат учун яратган, аҳли дўзахни улар оталарининг пуштикамарларида эканидаёқ дўзах учун яратган». (Муслим (2262) Оиша розияллоҳу анҳодан ривояти)

«Бир киши одамларнинг кўзида аҳли жаннатнинг амалини қилиб юрган бўлади, ҳолбуки у дўзах аҳлидан бўлади. Бир киши одамларнинг кўзида аҳли дўзахнинг амалини қилиб юрган бўлади, ҳолбуки у жаннат аҳлидан бўлади». (Муслим (112) ривояти)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлардан ҳар бир кишининг жаннат ва дўзахдан ўрни маълумдир», дедилар. Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, унда нега амал қиламиз, шунга суянаверсак бўлмайдими?» деб сўрадилар. «Йўқ, амал қилаверинглар, ҳар ким ўзи нима учун яратилган бўлса, ўшанга муяссар қилинади», дедилар. Сўнг қуйидаги оятларни тиловат қилдилар: «Ана энди ким (ўз мол-давлатидаги камбағал-бечораларга берилиши лозим бўлган закот ва бошқа садақотларни) ато этса ва (Аллоҳдан) қўрқса. Ҳамда гўзал оқибатни (яъни жаннат бор эканини) тасдиқ этса. Биз уни осон йўлга муяссар қиламиз. Энди ким (Аллоҳ йўлида хайр-саховат кўрсатишдан) бахиллик қилса ва (ўзини Аллоҳ ҳузуридаги ажр-мукофотлардан) беҳожат билса. Ҳамда гўзал оқибатни (яъни Аллоҳ ваъда қилган жаннатни) ёлғон деса. Биз уни (дунё ва охиратда бахтсиз бўладиган) оғир йўлга «муяссар» қилурмиз!» (Вал-лайл: 7-10). (Бухорий (6605) ва Муслим (2647) ривоятлари)

Ва бошқа ҳадислар.


141-савол: Иккинчи даража – тақдирларнинг ёзиб қўйилган эканига иймон келтиришга далил борми?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«Барча нарсани Биз очиқ Китобда (яъни Лавҳ-ул-Маҳфузда) белгилаб қўйгандирмиз» (Ёсин: 12).

«Албатта, бу Китобда (яъни Лавҳул-махфузда ёзиб қўйилгандир)» (Ҳаж: 70).

Аллоҳ таоло Фиръавн ва Мусо алайҳиссаломнинг ҳужжатлашганини шундай баён қилди:

«(Фиръавн) деди: «У ҳолда аввалги авлодларнинг ҳоли недир?» (Мусо) айтди: «Улар ҳақидаги билим Парвардигорим ҳузуридаги Китобда — Лавҳул-Маҳфуздадир. Парвардигорим адашмас ва унутмас» (Тоҳа: 51, 52).

«Ҳар бир аёлнинг ҳомиладор бўлиши ҳам, кўзи ёриши ҳам шак-шубҳасиз Унинг билиши – огоҳлиги билан бўлур. Ҳар бир умр кўрувчининг умри узун қилинмас ва (ё) умридан камайтирилмас, магар (буларнинг барчаси) Китобда (яъни Лавҳул-Маҳфузда битилган бўлур). Албатта бу Аллоҳга осондир» (Фотир: 11).

Ва бошқа оятлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Тирик жон борки, унинг жаннатдан ва дўзахдан бўлган ўрни албатта ёзиб қўйилгандир, унинг бахтсиз ё бахтли бўлиши ҳам албатта ёзиб қўйилгандир». (Муслим (2647) ривояти)

Жобир розияллоҳу анҳу айтади, Суроқа ибн Молик ибн Жуъшум келиб деди: Эй, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизга динимизни тушунтиринг, биз ҳудди ҳозир яратилгандекмиз. Бизнинг бугунги кунда қилаётган амалимиз қандай? Қаламлар ёзганидан кейин қуриб қолган (Лавҳул-Маҳфузда ёзилган) ва тақдирда битилган нарсадами ёки энди қиладиган (Лавҳул-Маҳфузга ёзилмаган) нарсамиздами? Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Йўқ, Қаламлар ёзганидан кейин қуриб қолган (Лавҳул-Маҳфузда ёзилган) ва тақдирда битилган нарсада.» Ундай бўлса нимага амал қиламиз? «Амал қилинглар ҳар бир киши (ёзилган нарсасига) эришувчидир.» Бошқа ривоятда: «Ҳар бир амал қилувчи ўз амалига муяссар қилинади.» (Муслим (2648) ривояти)


142-савол: Бу даража ичига неча турли тақдирлар киради?

Жавоб: Бунинг ичига 5 хил тақдирлар киради ва буларнинг ҳаммаси илмга боғлиқ:

Биринчи: Тақдири азалий – яъни, булар осмонлару ер яратилишидан эллик минг йил олдин Аллоҳ таоло Қаламни яратган пайтда ёзиб қўйилгани;

Иккинчи: Одамнинг белидан зурриётларини зарралар мисоли чиқариб: «Мен сизларнинг Парвардигорингиз эмасманми?!» (Аъроф: 172) деб аҳд олган кундаги умрлик тақдир.

Учинчи: си ҳам Она қорнида нутфани яратган кундаги умрлик тақдир.

Тўртинчи: Қадр кечасидаги йиллик тақдир.

Бешинчи: Кундалик тақдир – буларнинг ҳаммасини ўз ўрнида ижро қилиш.


143-савол: Тақдири азалийга далил борми?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«На Ерга ва на ўзларингизга бирон мусибат етмас, магар (етса) Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда (Лавҳул-Маҳфузда битилган) бўлур» (Ҳадид: 22).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

«Аллоҳ халқларнинг тақдирларини осмонлару ерни яратишидан эллик минг йил олдин ёзиб қўйган», «унда арши сувнинг устида эди».13

«Аллоҳ энг биринчи қаламни яратиб, унга: «Ёз!», деди. Қалам: «Эй Раббим, нимани ёзай?», деб сўради. «То қиёматгача барча нарсанинг тақдирини ёз!», деди».14

«Эй Абу Ҳурайра, бўладиган ишларни қалам (ёзиб, сиёҳи) қуриб бўлган».15


144-савол: Аҳду паймон олинган кундаги умрлик тақдирга далил борми?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«Парвардигорингиз Одам болаларининг белларидан (яъни пушти камарларидан то Қиёмат Кунигача дунёга келадиган барча) зурриётларини олиб: «Мен Пар­вардигорингиз эмасманми?», деб, ўзларига қарши гувоҳ қилганида, улар: «Ҳақиқатан Сен Парвардигоримизсан, бизлар бунга шоҳидмиз», деганларини эсланг!» (Аъроф: 172).

«Муватто»да айтилади: Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан: «Парвардигорингиз Одам болаларининг белларидан (яъни пушти камарларидан то Қиёмат Кунигача дунёга келадиган барча) зурриётларини олиб: «Мен Пар­вардигорингиз эмасманми?», деб, ўзларига қарши гувоҳ қилганида, улар: «Ҳақиқатан Сен Парвардигоримизсан, бизлар бунга шоҳидмиз», деганларини эсланг! (Сизлардан бундай гувоҳлик — аҳд-паймон олишимиз) Қиёмат Кунида: «Бизлар бундан бехабар эдик», демасликларингиз учундир» ояти ҳақида сўралганда айтдилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шу ҳақда сўралганда шундай жавоб берганларини эшитганман: «Аллоҳ таборака ва таоло Одамни яратди, сўнг унинг белини қўли билан силаб, ундан зурриёт чиқарди. Сўнг: «Мен буларни жаннат учун яратдим ва улар жаннат аҳлининг амалини қиладилар», деди. Кейин унинг белини силаб, яна зурриёт чиқарди. Сўнг: «Буларни дўзах учун яратдим ва улар дўзах аҳлининг амалини қиладилар», деди».16

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумо ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларида (гўё) иккита китоб билан бизнинг олдимизга чиқиб келдилар ва: «Бу китоблар қандай китоблигини биласизларми?» дедилар. «Йўқ, эй Расулуллоҳ, сиз хабар берсангиз билиб оламиз», дейишди. Ўнг қўлларидаги китобни (кўрсатиб) айтдилар: «Бу оламлар Рабби тарафидан бўлган китобдир. Унда жаннат аҳлининг исмлари, оталарининг ва қабилаларининг номлари то охиригача жамланган, энди уларнинг сони асло зиёда ҳам қилинмайди, камайтирилмайди ҳам.» Кейин чап қўлларидаги китобни (кўрсатиб) айтдилар: «Бу оламлар Рабби тарафидан бўлган китобдир. Унда дўзах аҳлининг исмлари, оталарининг ва қабилаларининг номлари то охиригача жамланган, энди уларнинг сони асло зиёда ҳам қилинмайди, камайтирилмайди ҳам.» Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, агар иш аллақачон ҳал бўлган бўлса, амалга не ҳожат?» деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Амалларингизни) тўғрилангиз, (имкон қадар тўғриликка) яқинлашингиз, зеро жаннат аҳлидан бўлувчи киши қандай амал қилиб юрган бўлса ҳам, охирида аҳли жаннатнинг амали билан хотима топади», дедилар. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўллари билан ишора қилиб, китобларни ташладилар, сўнг: «Раббингиз бандаларининг (оқибатларини) ҳал қилиб бўлган, бир гуруҳ жаннатда, бир гуруҳ дўзахда (бўлур)», дедилар.17


145-савол: Она қорнида нутфанинг илк бор яратилган пайтидаги умрлик тақдирга далил нима?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«У (Аллоҳ) сизларни (яъни оталарингиз Одамни) Ўзи Ердан тупроқдан пайдо қилган пайтиданоқ ва сизлар оналарингизнинг қорнида ҳомила бўлган пайтингизданоқ жуда яхши билувчидир. Бас, сизлар ўзларингизни покламай қўя қолинглар! У тақводор бўлган кишиларни ҳам жуда яхши билувчидир» (Нажм: 32).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизлардан бирингизнинг хилқати онасининг қорнида 40 кун нутфа ҳолида жамланади, сўнг яна шунча вақт алақа ҳолида бўлади, сўнг шунча вақт музға ҳолида бўлади. Кейин унга бир фариштани юборилади, у унга руҳ киргизади (пуфлайди) ва тўртта калимани – ризқини, ажалини, амалини ва бахтсиз ё бахтли бўлишини ёзиб қўйишга буюрилади. Ундан ўзга барҳақ илоҳ йўқ бўлган Зотга қасамки, сизлардан бирингиз аҳли жаннатнинг амалини қилиб боради, ҳатто у билан жаннат ўртасида фақат бир газ масофа қолганида (тақдиридаги) битик унга ғолиб келиб, аҳли дўзахнинг амалини қилади ва охир-оқибат дўзахга тушади. Сизлардан яна бирингиз аҳли дўзахнинг амалини қилиб боради, ҳатто у билан дўзах ўртасида фақат бир газ масофа қолганида (тақдиридаги) битик унга ғолиб келиб, аҳли жаннатнинг амалини қилади-да, охир-оқибат жаннатга тушади».18

Шу маънода бошқа лафзлар билан кўплаб саҳобалардан ривоятлар келган.


146-савол: Қадр кечасидаги йиллик тақдирга далил нима?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди::

«У (кеча)да барча пухта-аниқ иш(лар) айрилур (белгиланур). (Бу кечада тақдир қилинадиган барча ишлар) Бизнинг ҳузуримиздан бўлган Ишдир» (Духон: 4, 5).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтганлар: «Қадр кечасида Уммул-Китобдан (Лавҳул-Маҳфуздан) шу йилда бўладиган ўлим, ҳаёт, ризқ, ёмғир ва ҳатто ҳожилар ҳақида «Фалончи-фалончилар ҳажга боради» деб ёзиб қўйилади».

Ҳасан, Саид ибн Жубайр, Муқотил, Абу Абдурраҳмон ас-Суламий ва бошқалар ҳам шу маънода гапирганлар.19


147-савол: Кунлик тақдирга далил нима?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«У зот ҳар куни иш-амалдадир» (Ар-Раҳмон: 29).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтганлар: «Аллоҳ таоло Лавҳул-Маҳфузни оппоқ дурдан яратди, унинг иккала муқоваси (ғилофи) қизил ёқутдан, қалами нур, китоби нурдир. Унга ҳар куни уч юз олтмиш марта қарайди, ҳар бир қарашда яратади, ризқ беради, ҳаёт ато этади, ўлдиради, азиз қилади, хор қилади, Ўзи истаганини қилади. Бу Аллоҳ таолонинг «У зот ҳар куни иш-амалдадир» (Ар-Раҳмон: 29) оятидир».20

Бу тақдирларнинг ҳаммаси Аллоҳ таоло Қаламни яратган кун унга Лавҳул-Маҳфузга ёзиб қўйишни буюрган ўша азалий тақдирнинг тафсилотлари сифатида кўрилади. Ибн Умар ва Ибн Абос розияллоҳу анҳумолар: «Дарҳақиқат Биз сизларнинг амалларингизни ёздириб қўяр эдик» (Жосия: 29) оятини шундай тафсир қилганлар.

Буларнинг барчаси Аллоҳ таборака ва таолонинг ИЛМ сифатига боғлиқдир.


148-савол: Бахтли ёки бахтсизлик азалдан белгилаб қўйилгани нимани тақозо қилади?

Жавоб: Жамики самовий китоблар ва пайғамбарларнинг суннатлари иттифоқ қилган нарса шуки, тақдирнинг аввалда белгилаб қўйилиши амал қилишдан тўсмайди ва қадарга суяниб қолишни лозим қилмайди, балки жидди-жаҳд ва ҳаракатни, солиҳ амалга ҳарис бўлишни лозим қилади. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига қадарнинг битилгани ва қалам (кишининг тақдирини ёзиб, сиёҳи) қуригани ҳақида хабар берганларида баъзилар: «Тақдиримиздаги битикка суяниб, амални тарк қилаверсак бўлмайдими?» деб сўрашганда: «Йўқ, амал қилаверинглар. Ҳар ким ўзи яратилган нарсага муяссар бўлувчидир» деб жавоб берганлар ва ушбу оятларни ўқиганлар: «Ана энди ким (ўз мол-давлатидаги камбағал-бечораларга берилиши лозим бўлган закот ва бошқа садақотларни) берса ва (Аллоҳдан) қўрқса. Ҳамда гўзал оқибатни (яъни жаннат бор эканини) тасдиқ этса. Биз уни осон йўлга муяссар қилурмиз. Энди ким (Аллоҳ йўлида хайр-саховат кўрсатишдан) бахиллик қилса ва (ўзини Аллоҳ ҳузуридаги ажр-мукофотлардан) беҳожат билса. Ҳамда гўзал оқибатни (яъни Аллоҳ ваъда қилган жаннатни) ёлғон деса. Биз уни (дунё ва охиратда бахтсиз бўладиган) оғир йўлга «муяссар» қилурмиз!» (Вал-лайл: 7-10).

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло тақдирларни ўлчаб қўйган, унинг сабабларини ҳам муҳайё қилиб қўйган, У дунёю охират хусусида Ўзи ўрнатиб қўйган сабабларнинг ҳикматини Ўзи яхши билувчи зотдир. У махлуқларидан ҳар бирини дунёю охиратда нима учун яратган бўлса, ўшанга муяссар қилиб қўйган. Банда агар охиратидаги яхшиликлар унга олиб борувчи сабабларга боғлаб қўйилган эканини билса, ўша сабабларни жойига келтиришга ва уларни адо этишга дунёдаги тирикчилиги сабабларига киришишдан кўра ҳам қаттиқроқ ҳаракат қилади. Буни саҳобалар жуда теран тушунган эдилар, улардан бирлари қадар ҳақидаги ҳадисларни эшитгач, илгаригидан кўра ҳам қаттиқроқ ҳаракатга киришганини айтган эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ўзингга фойдали бўлган нарсага ҳарис бўл, Аллоҳдан мадад сўра ва ожизлик қилма».21

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Нима дейсиз, бизнинг қиладиган даволаримиз, қилдирадиган руқяларимиз Аллоҳнинг қадаридан бирон нарсани қайтарадими?» деб сўралганда: «Ўша ишлар ўзи Аллоҳнинг қадаридан» деб жавоб берганлар.22 Яъни, Аллоҳ таоло яхшилик ва ёмонликни тақдир қилиб, улардан ҳар бирининг сабабларини ҳам муҳайё қилиб қўйган.


149-савол: Учинчи даража – Аллоҳнинг мутлақ хоҳиш-иродасига иймон келтиришга далил нима?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«(Эй инсонлар), сизлар фақат Аллоҳ хоҳлаган вақтдагина хоҳларсизлар (яъни, бирон иш Аллоҳнинг хоҳиш-иродасисиз бўлмас)» (Инсон: 30).

«Ва бирон нарса ҳақида «Мен албатта эртага қилувчиман», дея кўрманг, магар «Инша Аллоҳ – Аллоҳ хоҳласа» денг». (Каҳф: 23, 24).

«Аллоҳ хоҳлаган кишисини адаштирур, хоҳлаган кишисини Тўғри йўлда (барқарор) қилур» (Анъом: 39).

«Агар Аллоҳ хоҳласа эди, ҳаммангизни бир миллат (бир динда— Исломда) қилиб қўйган бўлур эди» (Моида: 48, Наҳл: 93).

«Агар Аллоҳ хоҳлаганида, албатта уларни (яъни барча инсонларни) бир миллат (бир динда — Исломда) қилган бўлур эди» (Шуро: 8).

«Агар Аллоҳ хоҳласа улардан (жанг-жадалсиз ҳам) ғолиб бўлур (яъни уларни йўқ қилиб юборур) эди» (Муҳаммад: 4).

«(У) истаган нарсасини амалга оширувчидир» (Буруж: 16).

«Бирон нарсани (яратишни) ирода қилган вақтида Унинг иши фақатгина «Бўл», демоқлигидир. Бас у бўлур — вужудга келур» (Ёсин: 82).

«Биз бирон нарсани ирода қилсак, унга айтадиган сўзимиз «Бўл», демоқликдир. Бас, ўша нарса бўлур» (Наҳл: 40).

«Аллоҳ кимни ҳидоят қилишни истаса унинг кўнглини ислом учун кенг қилиб қўяр. Кимни адаштиришни истаса, унинг кўнглини худди осмонга кўтарилиб кетаётгандек, тор ва танг қилиб қўяр» (Анъом: 125).

Ва бошқа сон-саноқсиз оятлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«Бандаларнинг қалблари Раҳмон таоло бармоқларидан икки бармоқ ўртасида худди бир қалб кабидир, уларни қандай хоҳласа шундай буриб қўяди».23

Водийда (ҳаммалари бомдоддан) ухлаб қолган пайтларида айтдилар: «Аллоҳ таоло сизларнинг руҳларингизни Ўзи истаган пайт олиб, истаган пайт қайтарди».24

«(Яхши ишларга) воситачи бўлинглар, ажрга эга бўласизлар. Аллоҳ пайғамбарининг тили билан Ўзи истаган нарсани ҳукм қилади».25

«Аллоҳ кимга яхшиликни хоҳласа, уни динда фақиҳ (олим) қилиб қўяди».26

«Агар Аллоҳ таоло бир умматни раҳматига олишни истаса, пайғамбарларини улардан олдин вафот эттиради. Агар Аллоҳ бир умматнинг ҳалокатини истаса, уларга пайғамбарлари ҳаётлик ҳолида азобини туширади».27

Ва бошқа ҳадислар.


150-савол: Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида ва пайғамбарининг тилида бизга хабар берган, шунингдек биз У зотнинг сифатларидан биламизки, У муҳсин, тақводор ва собирларни яхши кўради, иймон келтирган ва солиҳ амаллар қилган кишилардан рози бўлади. Кофирларни, золимларни ёқтирмайди, бандаларининг куфрига рози бўлмайди, бузғунчиликни ёқтирмайди. Ҳолбуки буларнинг ҳаммаси Унинг хоҳиш-иродаси билан вужудга келади. Агар У истаса булардан биронтаси вужудга келмас эди. Зеро, Унинг мулкида У истамаган нарса бўлмайди. Шундай экан, энди: «Қандай қилиб Ўзи рози бўлмайдиган ва ёқтирмайдиган нарсаларнинг вужудга келишини истайди?» деб сўраган одамга қандай жавоб берилади?

Жавоб: Билингки, нас(оят ва ҳадис)ларда ирода сўзи икки маънода келган:

1. Кавний қадарий ирода. Бу хоҳиш-ирода билан яхши кўриш ва рози бўлиш ўртасида мулозамат – лозимлик йўқ. Балки, куфру иймон, тоату исёнлар, рози бўлинган ва яхши кўрилган ишлар ҳам, ёмон кўрилганлари ҳам унинг ичига кираверади. Бу иродадан ҳеч ким на ташқарига чиқа олади, на қочиб қутулади. Аллоҳ таоло айтганидек:

«Аллоҳ кимни ҳидоят қилишни истаса унинг кўнглини ислом учун кенг қилиб қўяр. Кимни адаштиришни истаса, унинг кўнглини худди осмонга кўтарилиб кетаётгандек, тор ва танг қилиб қўяр» (Анъом: 125).

«Кимники Аллоҳ Ўзи адаштиришни истаса, сиз унинг учун Аллоҳ томонидан ҳеч нарса қила олмассиз. Улар Аллоҳ кўнгилларини поклашни истамаган кимсалардир» (Моида: 41).

2. Аллоҳ яхши кўрган ва рози бўлган ишларга хос бўлган диний шаръий ирода. Аллоҳ бандаларига буйруқ ва қайтариқларини шу иродага кўра қилади. Аллоҳ таоло айтганидек: «Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди» (Бақара: 185).

«Аллоҳ сизларга шариат ҳукмларини баён қилишни, сизларни илгари ўтган (ҳақ йўлдаги) зотларнинг йўлларига ҳидоят қилишни ва тавбаларингизни қабул қилишни истайди. Аллоҳ билим ва ҳикмат эгасидир» (Нисо: 26).

Ва бошқа оятлар.

Бу иродага эргашган одам учун аввал бу хусусда кавний ирода ҳам ўтган бўлади. Шунда тоат-ибодатли мўмин кишининг ҳаққида кавний ирода билан шаръий ирода бирлашади, осий, фожир одамнинг ҳаққида эса ёлғиз кавний ироданинг ўзи бўлади. Аллоҳ субҳанаҳу бандаларини умумий равишда Ўзи рози бўладиган ишларга чақирди ва бу ишларнинг ижобатига улар ичидан Ўзи истаган кишиларнигина йўллади: «Аллоҳ тинчлик диёри —жаннатга даъват қилур ва Ўзи хоҳлаган зотларни тўғри йўлга ҳидоят қилур» (Юнус: 25).

Демак, Аллоҳ субҳанаҳу даъватни умумий, ҳидоятни эса Ўзи истаган кишиларга хос қилди: «Албатта Парвардигорингизнинг Ўзи Унинг йўлидан озган кимсаларни жуда яхши билувчидир ва У ҳидоят топган зотларни ҳам жуда яхши билувчидир» (Ван-нажм: 30).


151-савол: Қадарга иймон келтиришнинг тўртинчи даражаси – Аллоҳ барча нарсани яратган эканига иймон келтиришга далил нима?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«Аллоҳ барча нарсанинг Яратувчисидир. У барча нарсанинг устида вакил-ҳомийдир» (Зумар: 62).

«Сизларга осмону заминдан ризқу-рўз берадиган Аллоҳдан ўзга биронта яратувчи борми?! Ҳеч бир барҳақ илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзигина ҳақдир» (Фотир: 3).

«Булар Аллоҳ яратган нарсалардир. Энди (эй мушриклар,) сизлар Менга Ундан ўзга «худолар» нималарни яратганини кўрсатинглар-чи!» (Луқмон: 11).

«Аллоҳ сизларни яратган, сўнгра ризқу-рўзингизни берган, сўнгра жонингизни оладиган, сўнгра сизларга (қайта) ҳаёт берадиган зотдир. Сизлар (сиғинаётган) бутларингиз орасида мана шуларнинг биронтасини қила оладиган кимса борми?!» (Рум: 40).

«Ҳолбуки сизларни ҳам, қилиб олган (бут)ларингизни ҳам Аллоҳ яратган-ку?!» (Соффат: 96).

«Жонга ва уни расо қилиб-яратиб унга фисқ-фужурини ҳам, тақвосини ҳам илҳом қилиб-ўргатиб қўйган зотга қасамки» (Ваш-шамс: 7,8).

«Аллоҳ кимни ҳидоят қилса, бас, ўша ҳидоят топувчидир. У зот кимни йўлдан оздирса, бас, ана ўшалар зиён кўрувчилардир» (Аъроф: 178).

«Лекин Аллоҳ сизларга (иймони комил, тақво имтиҳонидан ўтган зотларга) иймонни суюкли қилди ва уни дилларингизга чиройли кўрсатди ҳамда сизларга куфрни, (Аллоҳ ва пайғамбарга) итоатсизликни ва исённи ёмон кўрсатиб қўйди» (Ҳужурот: 7).

Ва бошқа оятлар.

Имом Бухорий «Холқу афъалил-ибад» китобида Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилган марфуъ ҳадисда айтилади: «Албатта ҳар бир ясовчи – ҳунармандни ҳам, у ясаган нарсаларни ҳам Аллоҳ яратади».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Эй Парвардигор, нафсимга тақво ато эт, уни покла. Сен энг яхши покловчи Зотсан. Сен унинг валийси (эгаси) ва хожасисан».28

Ва бошқа ҳадислар.


152-савол: Аллоҳ субҳанаҳу ҳамма нарсанинг яратувчиси экан, у ҳолда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ҳамма яхшилик Сенинг қўлингда, ёмонлик эса Сенга (мансуб) эмас»29 деган сўзларини қандай тушунилади?

Жавоб: Бунинг маъноси шуки, Аллоҳ азза ва жалланинг барча иш-феъллари У зот тарафидан содир бўлиши ва У зотнинг улар билан сифатланиши жиҳатидан барчаси соф яхшиликдир, улар ичида бирон бир ёмонлик йўқдир. Зотан, Аллоҳ таоло ҳикмат соҳиби, адолат эгаси, Унинг барча феъллари ҳикмат ва адолатдир. Нарсаларни Ўзининг ҳузурида маълум бўлганидек ўзига лойиқ ўринларга қўяди. Тақдир қилинган ишнинг ўзида бўлган ёмонлик бандани ҳалокатларга элтувчи бўлгани учун ва бу унинг қўллари касб қилган гуноҳ ишга тўла жазо бўлгани учун унга (бандага) изофа қилинади (нисбат берилади). Аллоҳ таоло айтганидек: «(Эй инсонлар), сизларга не бир мусибат етса, бас ўз қўлларингиз қилган нарса гуноҳ сабабли (етур). Яна У кўп (гуноҳларнинг жазосини бермасдан) афв қилиб юборур» (Шўро: 30).

«Уларга Биз зулм қилмадик, лекин улар (ўзларига) зулм қилувчи бўлдилар» (Зухруф: 76).

«Шубҳасиз, Аллоҳ инсонларга бирон зулм-адолатсизлик қилмас. Балки, инсонлар ўзларига ўзлари зулм қиладилар» (Юнус: 44).


153-савол: Ўзларига нисбатланадиган ишларда бандаларнинг қудрат ва хоҳиш-иродалари борми?

Жавоб: Ҳа, бандаларга ўз ишлари устида қудрат бор, уларда истак ва хоҳиш-ирода бор, феъл-амаллари ҳақиқатан ўзларига нисбат берилади. Улар шунга кўра мукаллаф бўлганлар, шунга кўра ажр ёки иқобга лойиқ бўладилар, Аллоҳ таоло уларни куч-тоқатларидан ташқари нарсага буюрмади. Бу нарсани уларга Китоб ва Суннатда баён қилди. Бироқ улар Аллоҳ қодир қилган нарсагагина қодир бўлишади, фақат Аллоҳ хоҳлаган вақтдагина хоҳлашади, Аллоҳ уларни фоил-бажарувчи қилиб қўйишлиги туфайлигина бирон ишни қила олишади. Ўзларини вужудга келтира олишмагани каби феъл-амалларини ҳам вужудга келтириша олмайди. Қудратлари, истак, хоҳиш-иродалари ва феъллари Унинг қудрати, хоҳиш-иродаси ва феълига тобеъдир. Чунки уларнинг яратувчиси ҳам, қудрат, хоҳиш-ирода ва феълларини яратувчиси ҳам Унинг Ўзидир. Уларнинг хоҳиш-иродалари, қудрат ва феъллари Аллоҳнинг хоҳиш-иродаси, қудрати ва феълларининг айни ўзи эмас, худди улар Унинг ўзи бўлолмаганлари каби — Аллоҳ бундан пок ва олийдир. Балки уларнинг Аллоҳ тарафидан яратилган феъллари улар воситасида вужудга келади, уларга лойиқ ва ҳақиқатан уларга нисбат берилади. Аллоҳ ҳақиқатан фоил - қилувчи, банда эса ҳақиқатан мунфаил - ҳаракат қилувчи. Аллоҳ ҳақиқатан ҳодий – ҳидоятга йўлловчи, банда ҳақиқатан муҳтадий – ҳидоятга йўлланувчи. Шунинг учун икки феълдан ҳар бирини унинг бажарувчисига нисбатлади: «Кимни Аллоҳ ҳидоят қилса, бас, ўшагина ҳидоят топувчидир» (Каҳф: 17). Ҳидоятни Аллоҳга нисбатлаш ҳақиқат, ҳидоятланишни бандага нисбатлаш ҳам ҳақиқат. Ҳодий муҳтадийнинг айни ўзи бўлмагани каби ҳидоят қилиш ҳам ҳидоятланишнинг ўзи эмас. Шунингдек, Аллоҳ Ўзи истаган кишини ҳақиқатан адаштиради ва бу банда ҳақиқатан адашган бўлади. Ҳоказо, Аллоҳнинг бандалари устидаги барча тасарруфлари шундайдир. Кимки фоилликни ҳам, мунфаилликни ҳам бандага нисбат берса кофир бўлади, Аллоҳга нисбат берса ҳам кофир бўлади. Ким фоилликни ҳақиқатан холиққа, мунфаилликни ҳақиқатан махлуққа нисбатласа, у ҳақиқий мўминдир.


154-савол: «Аллоҳ таоло бандаларининг иймонли, ҳидоятли ва тоат-ибодатли бўлишини суяр экан, у ҳолда ҳамма бандаларини ана шундай қилиб қўйишга қодир эмасмиди?» деган саволга қандай жавоб берилади?

Жавоб: Ҳа, У албатта бунга қодир, Ўзи айтганидек:

«Агар Аллоҳ хоҳласа эди, ҳаммангизни бир миллат (бир дин-Исломда) қилиб қўйган бўлар эди» (Моида: 48, Наҳл: 93).

«Агар Парвардигорингиз хоҳласа эди, бутун Ер юзидаги барча кишилар иймон келтирган бўлар эдилар» (Юнус: 99).

Ва бошқа оятлар.

Лекин уларга нисбатан бундай қилмаганлиги Унинг ҳикмати тақозосига кўра, рубубияти, илоҳияти, исм ва сифатларининг талабларидан келиб чиқиб бўлган. Энди агар биров: «Нега бандаларидан баъзилари тоатли, баъзилари осий?» деса, у худди «Нега Унинг исмлари ичида Зорр (зарар етказувчи) ва Нофеъ (фойда етказувчи), Муътий (ато этувчи) ва Монеъ (ман қилувчи), Хофиз (пасайтирувчи) ва Рофеъ (юксалтирувчи), Мунъим (Инъом қилувчи) ва Мунтақим (интиқом олувчи) исмлари бор?» деган одам кабидир. Чунки, Аллоҳ таолонинг феъллари Унинг исмларининг тақозоси ва сифатларининг асаридир. Феълларида У зотга эътироз билдириш Унинг исм ва сифатларига эътироз билдириш, ва ҳатто Унинг илоҳияти ва рубубиятига эътироз билдириш бўлади: «Бас, арш эгаси бўлмиш Аллоҳ улар сифатлаётган (шериклардан) покдир. У Ўзи қиладиган бирон нарса ҳақида масъул бўлмас, улар (яъни бандалар эса қиладиган ҳар бир иш-амаллари хусусида) масъул бўладилар» (Анбиё: 22, 23).


155-савол: Қадарга иймон келтиришнинг диндаги ўрни қай даражада?

Жавоб: Қадарга иймон келтириш тавҳид низоми, унинг яхшисига етказадиган ва ёмонидан тўсадиган сабабларга иймон келтириш эса шариат низомидир. Қадарга иймон келтирган ва шариатга бўйсунган кишининг дини низом-тартибга ва тўғри йўлга тушади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қадарга иймон келтириш вожиблигини таъкидлагач, «Унда тақдиримиздаги битикка суяниб, амални тарк қилаверсак бўлмайдими?» деб сўраган одамга: «Амал қилаверинглар, ҳар ким ўзи нимага яратилган бўлса шунга муяссар қилинади» деганлар30.

Кимки шариатга зид, деган даъво билан қадарни рад қилса, Аллоҳнинг илми ва қудратини Ундан рад қилган ва бандани ўз ишларига мустақил ва қилмишларини ўзи яратган, деб даъво қилган бўлади. Демакки, Аллоҳ таоло билан бирга бошқа яратувчининг ҳам борлигини исботлаган, балки барча махлуқлар холиқдир, деган бўлади.

Ким шариатга қарши ҳужжат қилиш, у билан шариатга қарши курашиш учун қадарни исботласа, бандадан Аллоҳ унга берган ва шу билан уни мукаллаф санаган қудрат ва ихтиёрни рад қилса ва Аллоҳ таоло бандаларга уларнинг тоқатларидан ташқари нарсани таклиф қилган деб даъво қилса, бу одам Аллоҳга зулмни нисбатлаган ва бу борада Иблис -лаъанаҳуллоҳ- унинг имомига айланган бўлади. Зеро, Иблис айтади: «Қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли мудом Сенинг тўғри йўлинг устида уларни (Одам болаларини) кутиб ўтираман. Сўнгра уларга олдиларидан ва ортларидан, ўнгу сўлларидан келиб (тўғри йўлдан оздираман) ва (оқибатда) уларнинг кўпларини (берган неъматларингга) шукр қилган ҳолларида топмайсан» (Аъроф: 16).

Аммо ҳақиқий мўминлар қадарнинг яхшисига ҳам, ёмонига ҳам иймон келтирадилар, буларнинг ҳаммасини яратувчиси Аллоҳдир, деб эътиқод қиладилар, шариатнинг буйруқ ва қайтариқларига бўйсунадилар, уни махфию ошкор ишларида ўзларига ҳакам қиладилар, ҳидоят ва адаштириш Аллоҳнинг қўлида, У истаган кишисини Ўз фазли билан ҳидоят қилади, истаган кишисини Ўз адли билан адаштиради, У Ўз фазли ва адлини қўядиган ўринларни яхши билувчидир: «Албатта Роббингизнинг Ўзи Унинг йўлидан озган кимсаларни жуда яхши билувчидир ва У ҳидоят топган зотларни ҳам жуда яхши билувчидир» (Ван-нажм: 30), бу ишларида У зотнинг етук ҳикмати ва кучли ҳужжати бордир, савоб ва иқоб-азоб қадарга биноан эмас, шариатни ижро қилиш ва қилмаслик эътибори билан бўлади, деб ишонадилар, мусибатлар пайтида ўзларига қадар билан таскин берадилар, бирон яхшиликка рўпара бўлсалар ҳақни эътироф этиб, уни ўз эгасига нисбатлайдилар: «Улар: «Бизларни бу (неъматларга) йуллаган зот Аллоҳга ҳамду сано бўлгай. Агар бизни Аллоҳ ҳидоят қилмаганида ҳаргиз йўл топа олмас эдик»... дейдилар» (Аъроф: 43).

Фожир кимса каби: «Менга (бор молу-давлатим) фақат ўзимдаги билим сабаблигина ато этилгандир» (Қасас: 78), демайди.

Бирон ёмонлик қилиб қўйсалар, Одам алайҳиссалом ва жуфтлари айтганидек: «Парвардигоро, бизлар ўз жонимизга жабр зулм қилдик. Агар бизларни мағфират ва раҳм қилмасанг, шубҳасиз, зиён кўрувчилардан бўлиб қолурмиз», (Аъроф: 23) дейдилар.

Шайтони ражим айтганидек: «Парвардигорим, қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли албатта уларга...» (Ҳижр: 39), демайдилар.

Бирон мусибат етса: «Албатта биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз у зотга қайтувчилармиз» (Бақара: 156), дейдилар.

Кофирлар айтган каби сўзларни айтмайдилар: «Эй мўминлар, куфр йўлини тутган ва бошқа ерларга сафар қилиб ёки ғазотга чиқиб кетган дўстлари ҳақида: «Агар биз билан бирга қолганларида ўлмаган ва ўлдирилмаган бўлар эдилар», дейдиган кимсаларга ўхшамангиз! (Бу гапларини) Аллоҳ уларнинг дилларидаги ҳасрат қилиб қўяди. Ахир тирилтирадиган ҳам, ўлдирадиган ҳам Аллоҳ-ку?! Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўрувчидир» (Оли Имрон: 156).

1 Аҳмад (2/213), Термизий (2639), Ибн Можа (4300) ва бошқалар ривояти.

2 Аҳмад (1/114), Абу Яъло (1/539) ривоятлари.

3 Бухорий (4729) ва Муслим (2785) ривоятлари.

4 Бухорий (7434) ва Муслим (182) ривоятлари.

5 Бухорий (6532) ва Муслим (1678) ривоятлари.

6 Бухорий (2449) ривояти.

7 Бухорий (2440) ривояти.

8 Бухорий (6575) ва Муслим (2297) ривоятлари.

9 Бухорий (6590) ва Муслим (2296) ривоятлари.

10 Бухорий (6579) ва Муслим (2292) ривоятлари.

11 Бухорий (6581) ривояти.

12 Муслим (181) ривояти.

13 Муслим (2653) ривояти).

14 Абу Довуд Таёлисий (577), Термизий (3319), Аҳмад (5/317) ва Абу Довуд (4700) ривоятлари.

15 Бухорий (5076) ривояти.

16 Молик (2/898, 899), Абу Довуд (4703), Термизий (3075), Аҳмад (1/44) ва бошқалар ривояти.

17 Термизий (2141), Аҳмад (2/167), Ибн Абу Осим (348) ривоятлари.

18 Бухорий (6594) ва Муслим (2643) ривоятлари.

19 Ибн Жарир ат-Табарий, мазкур оят тафсири.

20 Ҳоким (2/519) ва Ибн Жарир (27/35) ривоят қилганлар.

21 Муслим (2665) ривояти.

22 Аҳмад (3/421), Термизий (2065) ва Ибн Можа (3437) ривоятлари.

23 Муслим (2654) ривояти.

24 Бухорий (7471) ва Муслим (681) ривоятлари.

25 Бухорий (6027) ва Муслим (2628) ривоятлари.

26 Бухорий (71, 3116) ва Муслим (1037) ривоятлари.

27 Муслим (2288) ривояти.

28 Муслим (2772) ривояти.

29 Муслим (771) Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.

30 Бухорий (6605) ва Муслим (2647) ривоятлари.