Жума 29 Март 2024 | 19 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Уни ўзингиз учун ёмонлик деб билманг

4762 марта кўрилган

الشيخ محمد حسان
لا تحسبوه شرا لكم

Шайх Муҳаммад Ҳассон
Ислом Нури таржимаси

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси, халқлари ичидан танлаб олган элчиси ва дўстидирлар, у зот омонатни адо этганлар, рисолатни етказганлар, умматга холис насиҳат қилганлар, Аллоҳ таоло у зот сабабли зулматларни ёритган, у зот Аллоҳ йўлида то ўлим келгунича ҳақиқий жиҳод қилганлар деб гувоҳлик бераман.

Эй Аллоҳ, Ўзинг у зотни энг яхши мукофотлар билан мукофотлагин.

Эй Аллоҳ, Ўзинг у зотга, аҳли ва асҳобига, то қиёмат у зотни севган ва йўлларига йўлланиб, суннатларини тутган ҳар бир кишига кўпдан-кўп саловоту саломлар йўллагин.

Аммо баъд...

Фозил дўстлар, азиз биродарлар, барчангизга Аллоҳнинг саломи бўлсин, қадамларингизга ҳасанот, даврамизга хуш келибсиз. Аллоҳ таоло юзларингизни ёруғ қилсин, қалбларингизни очсин, дилларингизни покласин. Барчамизни Аллоҳ таборака ва таоло Ўзининг муборак уйида Ўз тоати устида жамлагани каби Ўзининг жаннати ва каромат ҳовлисида ҳам жамласин ва даъватчилар саййиди бўлган Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга қилсин. Зотан, У бунинг эгаси ва бунга қодирдир.

Аллоҳ йўлидаги дўстларим!

«Уни ўзингиз учун ёмонлик деб билманг». Бугунги суҳбатимиз ана шундай номланган. Жароҳатидан қон оқиб турган ушбу оғриқли мавзумизни, одатимизга кўра, бир неча моддаларга бўлиб оламиз:

Биринчи: Борлиқдаги ҳар бир иш қадар, илм ва ҳикмат билан амалга ошгай.

Иккинчи: Тарих бўйлаб саёҳат.

Учинчи: Оқибат тақво эгалариникидир.

Диққат билан қулоқ солишларингизни умид қиламан. Аллоҳ таолодан барчамизни сўзга қулоқ солиб, унинг яхшисига эргашадиган кишилардан қилишини сўрайман. «Зеро, ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилган кишилардир ва ўшалар ақл эгаларидир» (Зумар: 18).


Биринчи: Борлиқдаги ҳар бир иш қадар, илм ва ҳикмат билан амалга ошгай


Севикли дўстларим! Елкаларимизни эзиб турган ва ҳеч бир мусулмонга махфий бўлмаган воқеликнинг алам-аччиқлари орасидан баъзи мусулмон оға-ини ва опа-сингилларнинг қалбларига ўрнашган ноумидлик ҳислари вужудларидан сизиб чиқиб, ҳасрат бўронига айланаётганини, бу бўрон уларнинг тилларидан отилган умидсизлик сўзларини чор-атрофга учириб олиб кетаётганини, айримлар ушбу зулматли бўронлар таъсирида Аллоҳнинг қудрати, илми ва ҳикмати ҳақида шубҳага бораётганини кўрмоқдамиз. Мусулмон киши, гарчи тили билан айтолмаса ҳам, дили ҳасратдан вайрон бўлаёзган, кўпинча, тили билан айтишга хижолати ва ҳаёси йўл қўймаса ҳам, ҳолати тили баралла ҳайқираётган, «Қуддусдаги бегуноҳ гўдаклар чинқириғини Аллоҳ эшитмаяптимикин?! Ақсодаги мазлумларнинг ҳолидан Аллоҳ бехабармикин?! Уларнинг дардли оҳларини, аламли инграшларини Аллоҳ эшитмаяптимикин?! Чеченистонда (Сурияда ва бошқа мусулмон ўлкаларида) тўкилаётган қонларни, тилка-пора бўлаётган жасадларни Аллоҳ кўрмаяптимикин?! Мазлумларнинг фарёдларини эшитмаяптимикин, азобга гирифтор бўлаётган бечораларнинг аҳволидан бехабармикин?! Аллоҳнинг: «Ҳолбуки, куч-қудрат Аллоҳники, Унинг пайғамбариники ва мўминларникидир» (Мунофиқун: 8) деган сўзлари қаерда қолди?! «Аллоҳ ҳаргиз кофирлар учун мўминлар устига йўл бермагай» (Нисо: 141) деган сўзлари қаерда қолди?! «Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларга худди илгари ўтган (иймон-эътиқодли) зотларни (ер юзига) халифа-ҳукмрон қилганидек, уларни ҳам ер юзида халифа қилишни ва улар учун Ўзи рози бўлган (Ислом) динини ғолиб-мустаҳкам қилишни ҳамда уларнинг (аҳволини) хавфу-хатарларидан сўнг тинчлик-хотиржамликка айлантириб қўйишни ваъда қилди» (Нур: 55) деган сўзлари қаерда қолди?! Яна сиз, Аллоҳ кўриб, эшитиб турибди, деб айтасизми?!», деб айтаётган бўлади.

Мен айтаманки: Ҳа, Аллоҳ эшитиб ва кўриб турибди, борлиқдаги ҳеч бир нарса Унинг қадари, илми ва ҳикматидан ташқари бўлмайди! Аллоҳнинг қадари ортида сизу биз билмаган ҳикматлар мавжуд, Еру осмондаги ҳеч бир иш Аллоҳнинг илмидан четда эмас, Аллоҳ бандасининг шошилишига қараб шошилмайди, борлиқдаги ҳар бир воқеа-ю ҳодиса ортида Аллоҳ таборака ва таолонинг ҳикмати яширин, ҳар бир бало-ю имтиҳон ортида Аллоҳнинг ҳикмати бор, буни билган билади, билмаган билмайди.

Ақлли инсон бир сўз айтаркан, ортида албатта бирон ҳикмати бўлади, бирон иш қиларкан, уни ҳам албатта бир ҳикмат билан қилади. Шундоқ экан, ҳикматни оддий инсон зотидан бўлган ҳакимларга нисбат берамиз-у, қандай қилиб инсон зотини яратган Зотга нисбат беришни унутамиз?! Аллоҳ таоло айтади: «Ғайб очқичлари Унинг ҳузуридадирким, уларни ёлғиз Ўзигина билур. У қуруқлик ва денгиздаги бор нарсаларни билур. Бирон барг (шохидан узилиб) тушмас, магар У билур. Ер тубларидаги ҳар бир дон, бор ҳўлу қуруқ нарса, албатта, Очиқ Китобда (яъни Лавҳул Маҳфузда) мавжуддир» (Анъом: 59).

Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ сизларни (аввал) тупроқдан, сўнгра нутфадан яратиб, кейин сизларни жуфт-жуфт (яъни эркак-аёл) қилиб қўйди. Ҳар бир аёлнинг ҳомиладор бўлиши ҳам, кўзи ёриши ҳам шак-шубҳасиз Унинг билиши – огоҳлиги билан бўлур. Ҳар бир умр кўрувчининг умри узун қилинмас ва (ё) умридан камайтирилмас, магар (буларнинг барчаси) Китобда (яъни Лавҳул-Маҳфузда битилган бўлур). Албатта бу Аллоҳга осондир» (Фотир: 11).

Аллоҳ таоло айтади: «Албатта Биз ҳар бир нарсани (аниқ) ўлчов билан яратдик» (Қамар: 49).

Ундан ўзга ҳақ илоҳ йўқ бўлган Аллоҳга қасамки, Аллоҳ яратган бу коинотда ҳеч бир иш Унинг илми, қудрати ва ҳикматидан ташқарида бўлмайди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бўлиб ўтган, бўлиб турган ва энди бўлажак ҳар бир нарсани албатта билади! Аллоҳ жалла ва ало Ҳакимдир, Ўзи яратган борлиқда содир бўладиган биронта ҳам иш Унинг ҳикматидан ғойиб эмас, лекин жуда кўпчилик одамлар буни билмайдилар.

Шунинг учун ҳам мен суҳбатимиз номини «Уни ўзингиз учун ёмонлик деб билманг, балки бу сиз учун яхшиликдир» деб танладим.

Бинобарин, ҳар бир меҳнат ва синов-имтиҳон остида Аллоҳнинг Ўзига маълум бўлган яхшиликлар бордир, лекин кўпчилик буни билмайди. Аллоҳ таоло айтади: «Сизларга ёқмаса-да, жанг қилишингиз фарз қилинди. (Зотан) сизлар ўзингиз учун яхши бўлган нарсани ёқтирмаслигингиз ва сиз учун ёмон бўлган нарсани яхши кўришингиз мумкин. Аллоҳ билур, сизлар билмассиз» (Бақара: 216). Ҳа, Аллоҳнинг сўзини тасдиқлайсизми: «Аллоҳ билур, сизлар билмассиз»! Ҳеч нарса Аллоҳнинг илмидан четда эмас. Аллоҳга қасамки, ҳеч биримиз заиф-бечораларга уларни яратган Зотдан кўра раҳмлироқ эмасмиз, хорланаётган ва азобга дучор бўлаётган кишиларга Аллоҳдан кўра меҳрибонроқ эмасмиз. Лекин, бу ишлар остида Аллоҳнинг ҳикматлари борки, уларни ёлғиз Унинг Ўзи билади. Аллоҳ таоло айтади: «Сизлар ўзингиз учун яхши бўлган нарсани ёқтирмаслигингиз ва сиз учун ёмон бўлган нарсани яхши кўришингиз мумкин. Аллоҳ билур, сизлар билмассиз» (Бақара: 216). Аллоҳ таоло халқларни Ўзининг ҳикмати ва адли билан яратди ва борлиқда ўзгармас ва алмашмас раббоний қонуниятни ўрнатиб қўйди, бу қонуният ҳеч қачон халқлардан бирортасининг зарарига бошқасининг тарафини олмайди. Бало-офатлар билан синаш ва халқларни бир-бири билан даф қилиб туриш ҳам Аллоҳнинг мазкур ўзгармас қонунияти жумласидандир. Аллоҳ таоло айтади: «Бас, Аллоҳнинг изни билан уларни енгдилар. Ва (Толутнинг аскарларидан бўлган) Довуд Жолутни ўлдирди. Ва Аллоҳ унга (Довудга) подшоҳлик, пайғамбарлик ва Ўзи хоҳлаган нарсаларидан таълим берди. Агар Аллоҳ одамларнинг айримларини айримлари билан даф қилиб турмас экан, шубҳасиз, ер фасодга дучор бўлади. Лекин Аллоҳ барча оламлар устида фазлу карам соҳибидир» (Бақара: 251). Аллоҳ таоло айтади: «Агар Аллоҳ хоҳласа улардан (жанг-жадалсиз ҳам) ғолиб бўлур (яъни уларни йўқ қилиб юборур) эди, лекин У зот сизларнинг айримларингизни айримларингиз билан имтиҳон қилиш учун (сизларни жангга буюрди)» (Муҳаммад: 4).

Асли молбоқар бўлган америкаликлар Аллоҳни ожиз қилишга қодир, деб ўйлайсизми?! Маймун ва тўнғизларнинг оғалари бўлмиш яҳудлар Қодир ва Малик зотни ожиз қолдира оладими?! Йўқ, асло!! Гап шундаки, бу ерда Аллоҳнинг ўз халқлари ичида ўрнатиб қўйган ўзгармас қонунияти – бандаларни бир-бирлари билан даф қилиш ва бир-бирлари билан имтиҳонга солиш қонунияти ишламоқда. «(Эй инсонлар, У) сизларнинг қайсиларингиз чиройлироқ-яхшироқ амал қилувчи эканлигингизни имтиҳон қилиш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир. У қудратли ва мағфиратлидир» (Мулк: 2).

Эй мўмину муваҳҳидлар! Аллоҳ таолонинг мана бу сўзларини ўқимаганмисиз, ахир:

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Парвардигорингиз (бошқа) юртларда ўхшаши яратилмаган, баланд устун(ли қаср)лар эгаси бўлган Ирам (шаҳридаги) Од (қабиласи)ни қандай (ҳалокатга дучор) қилганини кўрмадингизми? (Қуро) водийсида харсанг тошларни кес(иб ўзларига уйлар солиб ол)ган кимсалар бўлмиш Самуд (қабиласини қандай ҳалокатга дучор қилганини-чи)? Қозиқлар (яъни Ерга қозиқдек қоқилган баланд эҳромлар ва қасрлар) эгаси бўлган Фиръавнни (қандай ҳалокатга дучор қилганини-чи)? Улар юртларида ҳадларидан ошиб, у жойларда бузғунчиликни кўпайтириб юборган эдилар. Бас, Парвардигорингиз уларнинг устига турли азоб-офатни ёғдирди! Шак-шубҳасиз Парвардигорингиз (барча нарсани) кузатиб турувчидир» (Вал-фажр: 6-14).

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Парвардигорингиз фил эгаларини қандай (ҳалок) қилганини кўрмадингизми? У зот уларнинг (Каъбатуллоҳни вайрон қилиш учун қўллаган барча) ҳийла-найрангларини барбод қилмадими? У зот уларнинг устига сополдан бўлган тошларни отадиган тўп-тўп қушларни юбориб, уларни (қурт-қумурсқалар томонидан) чайнаб ташланган сомон каби (илма-тешик) қилиб юборди!» (Фил: 1-5).

Лекин, Роббимиз жалла ва алонинг нусрати (ёрдами) қачон ўртага чиқади? Қачонки, бандалар Аллоҳнинг динига ёрдам берганида!

«Албатта Аллоҳ Ўзига (яъни динига) ёрдам берадиган зотларни ғолиб қилур. Шубҳасиз Аллоҳ кучли, қудратлидир» (Ҳаж: 40).

Қачон холис иймон аҳли вужудга келса, шундагина мўминларга нусрат бериш ҳақида ваъда берган Зот уларни ғолиб қилади!

«Иймон келтирган зотларни ғолиб қилиш Бизнинг зиммамиздаги ҳақ бўлган» (Рум: 47).

«Ҳолбуки куч-қудрат Аллоҳники, Унинг пайғамбариники ва мўминларникидир» (Мунофиқун: 8).

«Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларга худди илгари ўтган (иймон-эътиқодли) зотларни (ер юзига) халифа-ҳукмрон қилганидек, уларни ҳам ер юзида халифа қилишни ва улар учун Ўзи рози бўлган (Ислом) динини ғолиб-мустаҳкам қилишни ҳамда уларнинг (аҳволини) хавфу-хатарларидан сўнг тинчлик-хотиржамликка айлантириб қўйишни ваъда қилди» (Нур: 55)

Ғалаба, иззат-шараф, ер юзида ҳукмрон қилинишга бўлган ваъда мўминлар учундир. Қачонки, мазкур ваъда қилинган нарсалар берилмаётган экан, билингки, мазкур ваъдага лойиқ бўлган холис мўмин пойдевор ҳали мавжуд эмас экан. Гарчи, нусрат берилувчи тоифага мансуб айрим шахслар мавжуд бўлса-да – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳеч бир замон ва макон бундай кишилардан холи бўлмаслигини ваъда берганлар – уммат ўзининг бор куч-тоқатини сарф қилиши ва қўлидан келган ҳамма ишни қилиши, шундан сўнг умматнинг қалби сабабларга боғланиб қолмаслиги, балки ўша сабабларни сабаб қилиб қўювчи Зотга боғланиши лозим бўлади. Ўша Зотнинг ўзигина ҳамма нарсага қодирдир.

Шеър (мазмуни):


Қани зўравонлар, золимлар қани?!

Куч-қудрат соҳиби ҳокимлар қани?!


Фиръавнлар қаерда, Ҳомонлар қани?!

Жаҳонни титратган ҳоқонлар қани?!


Барчаси қуриди, битди, йўқолди,

Фақат ёмонлик-ла хотирда қолди.


Қани, ким қоларкан мангу, ким ўлмас?!

Шоҳлар ҳам ўлимдан қочиб қутулмас!


Инсу жин, шоҳ-гадо, золиму мазлум,

Ўлимнинг шарбатин тотишга маҳкум.

(Давоми бор)