Пайшанба 25 Апрель 2024 | 16 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Охирзамон фитналари

6675 марта кўрилган

Шайх Муҳаммад Ҳассон
Ислом Нури таржимаси

الشيخ محمد حسان
ظهور الفتن


بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси, халқлари ичидан танлаб олган элчиси ва дўстидирлар, у зот омонатни адо этганлар, рисолатни етказганлар, умматга холис насиҳат қилганлар, Аллоҳ таоло у зот сабабли зулматларни ёритган, у зот Аллоҳ йўлида то ўлим келгунича ҳақиқий жиҳод қилганлар деб гувоҳлик бераман.

Эй Аллоҳ, Ўзинг у зотни энг яхши мукофотлар билан мукофотлагин.

Эй Аллоҳ, Ўзинг у зотга, аҳли ва асҳобига, то қиёмат у зотни севган ва йўлларига йўлланиб, суннатларини тутган ҳар бир кишига кўпдан-кўп саловоту саломлар йўллагин.

Аммо баъд...

Фозил дўстлар, азиз биродарлар, барчангизга Аллоҳнинг саломи бўлсин, қадамларингизга ҳасанот, даврамизга хуш келибсиз, барчамизни Аллоҳ таборака ва таоло Ўзининг муборак уйида Ўз тоати устида жамлагани каби Ўзининг жаннати ва каромат ҳовлисида ҳам жамласин ва даъватчилар саййиди бўлган Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга қилсин. Зотан, У бунинг эгаси ва бунга қодирдир.

Ақидага оид дарслар туркумидан сизлар билан Аллоҳнинг мадади ила Аллоҳга ва охират кунига иймон хусусида суҳбат олиб бораётган эдик, ўтган суҳбатларимиз қиёмат қойим бўлишидан олдин рўй берадиган баъзи кичик аломатлар ҳақида бўлганди. Бугун ҳам, иншоаллоҳ, ўша аломатлардан рўй берган ва рўй бериб турган баъзилари ҳақида сўзни давом эттирамиз. Эслатиб ўтамизки, ушбу аломатлар то қиёмат қойим бўлгунича қайта-қайта содир бўлиб туриши ҳам мумкин.

Бугун ушбу аломатлардан бири бўлмиш фитналар зоҳир бўлиши ҳақида сўз юритамиз.

Содир бўлган ва бўлишда давом этиб турган бу аломат ҳақида ростгўй ва омонат соҳиби, ўз ҳохиш-ҳаволаридан сўзламайдиган зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хабар берганлар. Сиз билан биз ҳар куни ушбу аломатнинг турли-туман кўринишларига гувоҳ бўлмоқдамиз. Аллоҳ барчамизни зоҳирий ва ботиний фитналардан Ўз паноҳида асрасин.

Ибн Манзур «Лисанул-араб» номли луғат тўпламида айтганидек, "фитна" сўзи "синаш, имтиҳон қилиш, мубтало қилиш" маъносини англатади. Кейинчалик, ёмонлик ва балоларга мубтало бўлиш ва умуман ҳар қандай ёмонликларга ҳамда уларга олиб келувчи гуноҳ, куфр, одам ўлдириш, ўт қўйиш каби номақбул ишларга истеъмол қилиниб кетган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ичида ҳақ билан ботил аралашиб кетган катта фитналар зоҳир бўлиши ва бу фитналар қалблардаги иймонни ларзага келтириши, ҳатто бир киши эрталаб мўмин ҳолда тонг оттириб, кечга бориб кофир бўлиб кетиши ёки кечқурун мўмин бўлиб турган одам кофир ҳолда тонг оттириши қиёматнинг аломатларидан эканини хабар берганлар. Ҳар гал фитна содир бўлганида мўмин киши, шу фитна мени ҳалок қилса керак, деб қолади, ортидан бошқа бир фитна келганида, энди шуниси мени ҳалокатга элтса керак, деб қўрқади, қиёмат қойим бўлгунича ана шу ҳолат давом этаверади, деб хабар берганлар ул ростгўй ва омонатли Зот.

Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Зулматли тун парчалари каби фитналар келиб қолмасидан амаллар қилиб қолишга шошилингиз! (Ўша фитналар келган кунларда) киши мўмин бўлиб тонг оттириб, кечга бориб кофирга айланади ва мўмин бўлиб кеч киргазиб, кофир ҳолда тонг оттиради, дунё матоси эвазига динини сотиб юборади» (Муслим: №118, Термизий: №3196).

Мана, сиз билан биз ҳозирда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзлари тасдиғини ўз кўзимиз билан кўриб турибмиз. Қанча одамлар динларини арзимас дунё матосига сотиб юборишмоқда, депутатлик мандатига, мансаб курсисига, даромадли иш-амалга алмаштириб юборишмоқда. Кўпчилик бу йўлда ёлғон гапиришдан, алдаш, тилёғламачилик ва мунофиқлик қилишдан асло уялмайди, мақсадига эришиш учун ҳар қанча пул-молни аямайди, муродига эришганидан сўнг берган ваъдаларининг ҳаммасини унутади. Депутат сайловчиларига ёлғон сўзлайди, ҳоким маҳкумларга (фуқароларга) ёлғон гапиради, олим – Аллоҳ сақлаганлари бундан мустасно – ростликдан тойилиб, ҳукмдорни рози қилиш учун нотўғри фатволар чиқаради. Ҳа, ана шундай, «Зулматли тун парчалари каби фитналар келиб қолмасидан амаллар қилиб қолишга шошилингиз! (Ўша фитналар келган кунларда) киши мўмин бўлиб тонг оттириб, кечга бориб кофирга айланади ва мўмин бўлиб кеч киргазиб, кофир ҳолда тонг оттиради, дунё матоси эвазига динини сотиб юборади».

Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дунё фитналаридан огоҳлантирганлар, «Саҳиҳайн»да Амр ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда у зот айтганлар: «Қасамки, мен сизларга камбағаллик (зарари)дан қўрқмайман, балки дунё сизларга худди аввалгиларга мўл-кўл қилингани каби мўл-кўл қилиб қўйилишидан ва сизлар ҳам улардек дунё йиғишда мусобақалашиб, оқибатда бу уларни ҳалок қилгани каби сизларни ҳам ҳалок қилишидан қўрқаман» (Имом Бухорий (8/12) ва Имом Муслим (4/2273, 2274).

Имом Аҳмад «Муснад»ида, Абу Довуд «Сунан»ида, Ибн Можа «Сунан»ида ривоят қилган, Ҳоким «Мустадрак»да ривоят қилиб, Бухорий ма Муслим шартларига кўра саҳиҳ деган, Заҳабий ва Албоний бунга мувофиқ бўлган, Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қиёмат олдидан зулматли тун парчалари каби фитналар (содир бўлади), киши мўмин бўлиб тонг оттириб, кечга бориб кофирга айланади ва мўмин бўлиб кеч киргазиб, кофир ҳолда тонг оттиради, бу (фитналар пайти)да ўтирган одам тик турган кишидан яхшироқ, тик турган одам юриб кетаётган кишидан яхшироқ, юриб кетаётган одам югураётган кишидан яхшироқдир, бас, (ўша фитналар содир бўлганда) сизлар камонларингизни синдиринг, (камон) ипларингизни бурдадалаб ташланг, қиличларингизни тошга уринг, агар сизларга (бостириб) кирилса, Одамнинг икки ўғлидан (яъни, Қобил ва Ҳобилдан) яхшиси (яъни, қатл қилингани) каби бўлинг!» (Саҳиҳ, Абу Довуд: №4259, Термизий: №2204, Ибн Можа: №3961, Аҳмад: 4/408, Ҳоким: 3/525).

Имом Бухорий Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилиб келтирган ҳадисда онамиз айтадилар: «Бир кеча Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (чўчиб) уйғониб, дедилар: «Субҳаналлоҳ! Шу кечанинг ўзида не-не фитналар нозил қилинди, не-не (раҳмат) хазиналари очилди! Ҳужра соҳибаларини (яъни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларини) уйғотинглар. Дунёда қанча кийинганлар борки, охиратда яланғоч (қолишади)» (Бухорий: №7069, Термизий: №2196).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша кечада ўзлари қоронғу тун зулматлари каби деб сифатлаган кўп фитналарни кўрдилар, шу боис аёлларини уйғотиб, намоз ўқишга чорладилар, кейин: «Дунёда қанча кийинганлар борки, охиратда яланғоч (қолишади)» дедилар. Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ ушбу охиридаги жумла тафсирида бир неча сўзларни зикр қилиб, жумладан шундай дейди: «Яъни, тор либос кияди, шаффоф либос кияди, бу кийимлари авратларини кўрсатиб туради, шунга мувофиқ жазо бўлиши учун Аллоҳ таоло охиратда унинг авратларини очиб қўяди».

Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган мана бу машҳур ҳадисни кўпчилингиз биласиз, деб ўйлайман: «Дўзах аҳлидан икки тури борки, мен ҳали уларни кўрмадим: Биринчиси, қўлларида сигир думига ўхшаш қамчилари билан одамларни уриб юрадиган кимсалар. Иккинчиси, кийиниб олган, лекин яланғоч, ўзлари (ҳақдан) оғган, (бошқаларни ҳам) йўлдан оздирувчи, ҳамда бошлари(даги сочлари)ни туянинг (бир тарафга) мойил бўлган ўркачлари сингари дўппайтириб олган аёллардир. Улар жаннатга кира олмайдилар, унинг ҳидини ҳам топа олмайдилар. Ваҳоланки, жаннатнинг ҳиди фалон масофадан келиб туради» (Имом Муслим ривояти).

Бу ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг абадий мўъжизаларидан ва қиёмат аломатларидан биридир.

Сигир думидан қилинадиган қамчини ҳаммангиз кўрган бўлишингиз керак. Золимлар ва зўравонлар қамоқлардаги кўплаб мазлум мўмин-мусулмонларнинг орқаларини у билан савалаб, қавартириб юбораётган қамчилар худди шунинг ўзидир!

«Дунёда қанча кийинганлар борки, охиратда яланғоч (қолишади)». Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу дунёда ноз-неъматлар билан бурканиб, бироқ ўша неъматларни инъом қилган Зотга шукрини адо этмай ўтган кимсалар охиратда кийимсиз қолишларини айтадилар.

Ушбу ҳадисни шарҳ қилган уламолардан баъзилари, дунёда пул-моли кўплигидан ҳар хил либосларни кийиб юрувчи, бироқ солиҳ амаллардан бенасиб ўтгани боис охиратда Аллоҳ ҳузурида унинг эгнига кийим бўладиган амали бўлмагани учун яланғоч қолади, дейишган.

Аллоҳ таолодан хотин-қизларимизни дунёда ҳам, охиратда ҳам сатрли қилишини сўрайман.

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумо айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан сафарда бирга бўлиб, бир жойга тушиб турган эдик, у зотнинг жарчилари: «Жамоат намозига!» деб нидо қилиб қолди, у зотнинг ҳузурларига тўпландик... (Жарчи шундай нидо қилса, саҳобалар бундан англардиларки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга бирон муҳим хабар айтадилар ёки бирор нозил бўлган шариат ҳукмидан хабар берадилар).

...Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мендан аввал бирон пайғамбар ўтган бўлса, умматини улар учун яхши деб билган нарсага йўллаш ва улар учун ёмон деб билган нарсадан огоҳлантириш унга лозим бўлган. Ушбу умматнинг офияти унинг аввалида қилинди, охирида бало-имтиҳонлар ва сизлар ёқтирмайдиган ишлар етади. Шундай фитналар келадики, кейингисининг олдида аввалгиси енгил бўлиб қолади. Фитна келганда мўмин киши: «Шу мени ҳалок қилса керак» деб ўйлайди, кейин у тарқалиб кетиб, бошқаси келганида: «Шунисида аниқ ҳалок бўлсам керак» дейди. Кимда-ким дўзахдан узоқ қилиниб, жаннатга киритилишни истаса, Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган ҳолда вафот қилсин. Ўзига нима беришларини истаса, одамларга ҳам ўшани берсин» (Муслим: №1844, Абу Довуд: №4248, Насоий: №4202, Ибн Можа: №3956, Аҳмад: 2/161).

Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

Яъни, шундай оғир фитналар асносида ҳар бир мўмин ўз иймонини янгилаб турмоғи лозим, чунки иймон заифлашиб туради. Имом Табароний «Ал-муъжам ал-кабийр»да, Ҳоким «Мустадрак»да Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган, шайх Албоний ҳасан санаган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Шубҳаcиз, иймон ҳар бирингиз қалбида худди кийим эcкиргани каби эcкиради. Аллоҳдан қалбларингизда иймонни янгилаб туришини cўранглар» (Ҳоким: 1/4).

Демак, шундай фитналар остида мусулмон инсон Аллоҳга ва охиратга бўлган иймонини янгилаб туришга, зоҳирий ва ботиний фитналар ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ тилаб туришга муҳтождир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: Кимда-ким дўзахдан узоқ қилиниб, жаннатга киритилишни истаса, Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган ҳолда вафот қилсин. Ўзига нима беришларини истаса, одамларга ҳам ўшани берсин».

Имом Муслим Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитналарни санаб туриб, айтганлар:«Улардан учтаси борки, ҳеч нарсани қолдирмайди. Улар ичида ёз шамолига (гармселга) ўхшаган фитналар бўлади, кичик фитналар бўлади, катта фитналар бўлади» (Муслим: 22/2891).

Фитналар турли даражада бўлиб, айримлари ёз шамолидек қаттиқ, айримлари кучсизроқ бўлади.

Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берганларидек, фитналар шу қадар қаттиқ ва кучли бўлганидан, мўмин банда бирор солиҳ кишининг қабридан ўтиб қолса, кошки, унинг ўрнида мен бўлиб қолсам, дейди.

Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «То бир киши бировнинг қабридан ўтаётиб, кошки, мен унинг ўрнида бўлиб қолсайдим, деб айтмагунича қиёмат қойим бўлмайди» (Бухорий: №7115, Муслим: №157, Аҳмад: 2/530).

Бу сўз ҳар биримизнинг қулоғимизга кўп марта чалинмаганми ахир, жуда кўп одамлар фитна ва балоларнинг қаттиқлигига чидаёлмай, ўзига ўлим тилаб қолади. Аллоҳ азза ва жалладан барчамизга чиройли хотима ато этишини сўрайман.

Ҳолбуки, бошқа бир ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир банда бошига тушган бало сабабли ўзига ўлим тилашидан қайтарганлар. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизлардан бирон киши ўзига етган қийинчилик туфайли асло ўлимни орзу қилмасин! Агар жуда бўлмаса: «Парвардигор! Агар ҳаёт мен учун яхши бўлса, яшаттиргин, агар ўлим мен учун яхши бўлса, менга ўлим бергин», десин»(Бухорий: №6351, Муслим: 10/2680, Абу Довуд: №3108, Термизий: №971 ва бошқалар Анас ибн Моликдан ривоят қилганлар).

Иккала ҳадис ўртасини жамлаш шундайки – чунки ўртада қарама-қаршилик йўқ – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам банда ҳаётдан умидсизликка тушиш ва кўнгил совуш туфайли Аллоҳдан ўлим сўрашидан қайтарганлар. Бироқ, киши: «Эй Аллоҳ, мен учун ҳаёт яхши бўлса, мени яшатгин, агар ўлим мен учун яхшироқ бўлса, менга ўлим бергин» деб дуо қилса зарари йўқдир. Аллоҳ таолодан барчамизга иймон билан гўзал хотима ато этишини сўрайман.

 

Демак, севикли дўстларим, зикр қилиб ўтганим бу ҳадисларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитналар зоҳир бўлиши қиёмат аломатларидан эканини баён қилдилар. Мусулмонлар орасида энг кўп тарқалган ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан паноҳ сўраган, унинг келиб чиқиш маконини ҳам хабар берган фитналар машриқ тарафдан эди. Ҳозир мен айтадиган гаплардан воқиф бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақиқатан ҳам ўз ҳавои хоҳишларидан сўзламайдиган зот эканларига яна бир бор амин бўласиз.

Эшитинг, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам содир бўлишидан хабар берган фитналарнинг мутлақ кўпчилигини машриқда чиқади деганлар. Имом Муслим Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган, Имом Бухорий ҳам ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам машриқ тарафга қараб туриб: «Огоҳ бўлинглар, фитна мана шу тарафда, шайтоннинг шохи чиқадиган томонда!», деганлар (Бухорий: №7093, Муслим: №2905).

Имом Муслим ривоятида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Куфрнинг боши мана шу тарафдан, шайтоннинг шохи чиқадиган тарафдан», деганлар машриққа ишора қилиб.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуо қилиб: «Эй Аллоҳ, бизга соъимизда ва муддимизда барака бергин! Эй Аллоҳ, бизга Шомимизда ва Яманимизда барака бергин», деганларида бир киши: «Ё Расулуллоҳ, Ироқимизда ҳам», деди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта, шайтоннинг шохи ва фитналар қўзғолиши ундадир ва албатта, жафо машриқдадир», дедилар (Саҳиҳ, Табароний «Ал-кабийр»да келтирган, Мунзирий «Ат-тарғиб ват-тарҳиб»да (2/227) зикр қилиб, Табароний ривоят қилганини ва ровийлари ишончли эканини айтган).

Ўз ҳавои ҳоҳишларидан гапирмайдиган зотнинг сўзлари нақадар рост чиққанига эътибор беринг! Ҳофиз Ибн Ҳажар «Фатҳул Борий» китобида айтадилар: «Илк фитналар манбаи машриқ тарафдан бўлиб, бу мусулмонларнинг бўлинишларига сабаб бўлди. Бу эса шайтон яхши кўрадиган ва у билан хурсанд бўладиган ишлар жумласидандир. Шунингдек, бидъатлар ҳам ўша тарафдан чиқди».

Фитналарнинг бошланишига қаранг! Худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берганларидек бўлди. Хаворижлар Ироқдан чиқди, шийъалар, рофизийлар Ироқдан чиқди, ботинийлар, қадарийлар Ироқдан чиқди. Қадар ҳақидаги гапни чиқарган кишиларнинг биринчиси басралик Маъбад ал-Жуҳаний бўлди ва бу гап жуда катта фитна бўронига йўл очди. Муътазилийлар Ироқдан чиқди. Энг кўп куфр гапларнинг ўчоғи машриқ, яъни, шарқ тарафда бўлди. Энг катта фитналар ва энг кўп куфр гаплар машриқ тарафдан, яъни, Форс тарафдан, Чин тарафдан, Русия тарафлардан чиқди. Мажусийлар Форс тарафдан чиқди, зардуштийлар, қодиёнийлар, баҳоийлар, ҳиндуслар, буддистлар каби куфр ва залолат фирқалари бари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган ўша машриқ тарафдан чиқди.

Ҳижрий еттинчи асрда чиққан ва мўр-малахдай ёпирилиб келган мўғуллар ҳам машриқдан чиқди, уларнинг қўли билан қанча қатл ва хунрезликлар содир қилинганини биласиз. Ироқда, яна ҳам аниқроқ айтсак, Бағдодда мўғуллар қиличидан ўтказилган жасадлар уюми ва қон дарёси отларнинг тиззасига етди, Ироқ диёрида жамоат намози 40 кун ман қилиб қўйилди, бирон киши масжидга бориб намоз ўқиш учун уйидан чиқолмади.

Фитналар... То ҳозирги кунларимизгача ҳам машриқ фитналар ўчоғи бўлиб келмоқда. Бу эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳавои хоҳишларидан сўзламасликларига яна бир далил бўлади. Бутун ер юзига таҳдид солаётган худосиз коммунистлар балоси машриқда – Хитойда авж олди. Барча залолат ва куфр фирқалари асосан машриқдан чиқмоқда.

Фитналар ҳақида жуда кўп ҳадислар келган, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматни фитналардан огоҳлантирганлар, бу уммат шундай фитналар ва балои азимларга дучор бўлишини хабар берганлар. Бу алоҳида бир суҳбат мавзусидир, кейинроқ у ҳақда батафсил сўзлаш ниятимиз бор. Аллоҳ таоло барчамизни зоҳиру ботин фитналар балосидан Ўзи асрасин.

Ушбу фитналардан қандай қилиб сақланиш мумкин?

Фитналардан сақланиш фақат Аллоҳ азза ва жаллага ва охират кунига иймон келтириш билан, аҳли сунна бўлган мусулмонлар жамоатини лозим тутиш билан, фитна ўринларидан қочиш билан ҳосил бўлади.

Имом Муслим Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ошкор ва яширин бўлган фитналардан Аллоҳдан паноҳ тиланглар», деганлар (Муслим: №2867).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозларида тириклик ва ўлим фитнасидан, масиҳи дажжол фитнасидан паноҳ сўрардилар. (Бухорий: №832, Муслим: 129/589, Абу Довуд: №880 ва бошқалар Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар). Дажжол фитнаси ер юзи аҳолиси дуч келадиган энг хатарли ва энг даҳшатли фитнадир, Аллоҳ Ўзи асрасин.

Имом Табароний Исмат ибн Қайс розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозларида (мағриб фитнасидан,) машриқ фитнасидан паноҳ сўрардилар. Бир куни у зотдан: «Мағриб фитнаси қандай бўлади, ё Расулуллоҳ?», деб сўралди. «У жуда улкан, жуда улкан», дедилар. Бир лафзда: «У жуда улкан ва ҳамма ёқни ўраб олувчидир», дедилар (Саҳиҳ, Табароний "Ал-кабийр"да (17/187) келтирган, Ҳайсамий "Мажмаъуз-завоид"да (7/220) зикр қилиб: "Табароний ривоят қилган, кишилари ишончли" деган).

Ўйлайманки, ҳозирда барчангиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзларининг нақадар ростлигини ўз кўзингиз билан кўриб турибсиз. Урушлар ва қон тўкишлар ҳақидаги суҳбатимизда бу ҳақда батафсил сўз юритамиз, иншооллоҳ.

Зайд ибн Абдурраҳмон ибн Абу Саломадан ривоят қилинади, у Абу Рабобдан ва унинг бир соҳибидан ривоят қилади, бу икковлари Абу Зар розияллоҳу анҳунинг узоқ намоз ўқиб, қиём, рукуъ ва сужудларини узоқ қилганини ва Аллоҳ азза ва жаллага дуо қилиб, паноҳ тилаганини эшитдилар. Намозни тугатганидан сўнг Абу Зардан: «Нималардан паноҳ тиладингиз? Нималарни сўраб дуо қилдингиз?», деб сўрашди. «Мен бало куни ва аврат куни менга етишидан Аллоҳдан паноҳ тиладим», деди. «Бало куни нимаю, аврат куни нима?», деб сўрашди. Абу Зар деди: «Бало куни шуки, унда икки мусулмон гуруҳ тўқнашиб, бир-бирларини ўлдиришади»...

Шундай ҳолат содир бўлмадими, ахир?! Алий ва Муовия розияллоҳу анҳумо бошчилигидаги гуруҳлар бир-бирига тўқнаш келди, Аллоҳ барча саҳобалардан рози бўлсин ва барчаларининг гуноҳларини мағфират этсин, уларни ва бизларни Ўз жаннатларида бирга қилсин.

Бир нопок кимса уламолардан бирларидан Алий ва Муовия розияллоҳу анҳумо ўртасида содир бўлган фитна ҳақида сўради. Шунда олим унга шундай жавоб берди: «Эй биродар, Муовия хато қилган бўлса, Алий жўмард, Алий ва Муовиянинг парвардигори Ғафур ва Раҳийм Зотдир».

Имом Заҳабий айтади: «У фитнадан бизнинг қўлларимиз саломат бўлган экан, энди тилларимиз ҳам ундан саломат қолсин, рақиблар Аллоҳ ҳузурида жамланади, Аллоҳ азза ва жалладан бизларни ҳам, уларни ҳам кечиришини ва барчамизни Наъим жаннатида бирга қилишини сўраймиз».

Мен саҳобалар ўртасидаги можаролар ҳақида алоҳида бир суҳбатда батафсил сўзлаб ўтганман ва унда айтганманки, мусулмон киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари ҳақида бир сўз айтишда бир неча шартларга қатъий риоя қилмоғи зарур. Бугун мен сизларга мана шу нуқтани таъкидлаб ўтишни истайман.

Айтмоқчиманки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари ҳақида сўзлаш кишидан ақидада софликни, ниятда ихлосни, нақлда омонатни, фаҳмда чуқурликни, ғаразли ва каззоб кимсаларнинг тўқима сўзларини ажрата билишни талаб қилади. Мана шу қоидани яхши ўзлаштириб олинг, бугунги суҳбатимиздан сиз учун энг фойдали ва энг қимматбаҳо жойи шу сўзлар бўлса ажабмас.

Хуллас, Абу Зар айтдиларки: «Бало куни шуки, унда икки мусулмон гуруҳ тўқнашиб, бир-бирларини ўлдиришади. Аврат куни шуки, муслима аёллар асир олинадилар, уларнинг болдирлари очилади, кимнинг болдири каттароқ бўлса, шунга қараб сотиб олинади. Ана шу давр менга етиб келмаслигини сўраб, Аллоҳга дуо қилдим. Эҳтимол, ўша кунларни сизлар кўрарсиз». (Ибн Абдулбар «Ал-истийъоб»да (1/161) келтирган).

Абу Зар розияллоҳу анҳу қўрққан ўша аврат куни келмадими, ҳозирда?! Бугун муслима хотин-қизларнинг авратлари очилган, кўчада очиқ-сочиқ юришибди. Ўзини мусулмон санайдиган аёллар кўкракларини, сочларини, болдирларини, билакларини очиб юрибди. Фитна тарқатиб, авратларини кўрсатиб юрибди. Хотин-қизларнинг харидоргирлиги, Абу Зар айтганларидек, уларнинг болдирларига қараб баҳоланадиган бўлди ҳозирда. Исботи керакми?! Хабарингиз бўлса, ҳозирда «Дунё гўзали» деган конкурс ўтказилади. Ушбу конкурс ғолибини қайси ўлчов ва андозалар асосида аниқлайдилар, деб ўйлайсиз?! Ҳа, юқорида биз айтган худди шу ўлчов билан, баданининг ўлчамига қараб, бел ва болдирларига қараб аниқлашади! Модалар намойишида ҳам шу ўлчовлар асосида иш олиб боришади. Узоққа бормайлик, ҳар куни кўчаларда елка ва болдирлари очиқ қанчадан-қанча мусулмонлик даъвосидаги хотин-қизларга кўзимиз тушади. Ва ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ! Аллоҳ таолодан муслима аёлларни ҳаққа чиройли суратда қайтаришини сўраймиз, У бунинг эгаси ва бунга қодирдир.

Аллоҳга қасамки, биз бугун Абу Зар розияллоҳу анҳу қўрққан ва паноҳ тилаган аврат кунларига шоҳид бўлиб турибмиз. Мусулмонлик даъвосидаги аёллар соҳилларда ва оммавий чўмилиш жойларида ярим-яланғоч ҳолда кўринишади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Эй Аллоҳ! Алиймга (олимга) эргашмайдиган, ҳалимдан ҳаё қилмайдиган, тиллари арабларнинг тили, диллари эса ажамларники бўлган қавмлар замони менга етмасин ёки мен у замонга етмай»(Ҳоким «Мустадрак»да (4/555) келтириб: "Бу ҳадиснинг исноди икки шайх шартига кўра саҳиҳдир", деган, Заҳабий унга мувофиқ келган, Байҳақий «Шуъабул-иймон»да (№7740) келтирган).

Ҳозирда умматнинг кўпчилиги олимларга эргашмайди, билъакс, нодонларга эргашади. Уммат ҳозирда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида хабар берилган рувайбизаларга эргашади.

Аҳмад «Муснад»ида, Ҳоким «Мустадрак»ида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган, Албоний «Саҳиҳул-жомиъ»да саҳиҳ санаган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳали одамларга шундай алдамчи замонлар келадики, унда ёлғончининг гапини рост деб кўрилади, ростгўйни ёлғончига чиқарилади, хиёнатчига омонат қўйилади, омонатдор хиёнатчига  чиқарилади, унда рувайбиза гапдонлик қилади», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, рувайбиза ким?», деб сўралди. «Қадрсиз одам, – бир лафзда "ақлсиз одам" – омманинг ишига тааллуқли гапларни гапиради», деб жавоб бердилар (Аҳмад: №2/291), Ҳоким «Мустадрак»да (4/512) келтириб: "Бу ҳадиснинг исноди икки шайх шартига кўра саҳиҳдир", деган, Заҳабий унга мувофиқ келган).

Ана, рувайбизалар ҳаммани оғзига қаратган, уммат олимларга эмас, нодонларга эргашган, эргашибгина қолмай, балки уларни иззат-икром қилган. Аслида, уммат иззат-икром кўрсатаётган ўша нодонлар, Аллоҳнинг шариати амал қилса эди, шаръий жазо олишга лойиқ бўлган кимсалардир. Қасамки, уммат бугун шаръий жазога лойиқ кимсаларга эргашиб, ўшаларни икром қилиб юрибди. Бу аччиқ аламли воқеъликдир. Уммат бугун уламоларга эргашмаяпти, аҳли илмлардан уялмаяпти, умматнинг дили ажамлар (яъни, ғайридинлар) дилига айланди, умматнинг дили ғарбликлар дилига эш, тили ҳам ғарбликлар тилига ёндош. Ва ла ҳавла ва ла қуввата ила биллаҳ..

Қадрли ёшлар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мана бу ҳадисларини эшитсангиз, ҳолатнинг нақадар хатарноклигини англайсиз.

Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: «Фитналар қалбларга худди бўйранинг чўплари каби бирин-кетин кўндаланг қилинади. Қайси қалб уларни шимиб олса, унда битта қора доғ ҳосил бўлади, қайси қалб уларни инкор этса, қалбида бир нурли оқ белги ҳосил бўлади. Шу ҳолда бориб қалблар икки хил бўлади: худди садафдек силлиқ оқ (нурли) қалб, еру осмон турар экан, бундай қалбга фитна-фасодлар таъсир қилмайди, яна бири қоп-қора, худди тўнтарилган қумғондек бўлган қалб, на маъруфни (эзгуликни) танийди, на мункарни (ёмонликларни) инкор этади, фақат ҳавои-нафcига ўрнашиб қолган нарcанигина тан олади» (Муслим: №144/231, Аҳмад: 5/386, 405).

Бизларни ҳам ана шундоқ оппоқ ва тиниқ, еру осмон турар экан, фитналар асло таъсир қилмайдиган қалб эгаларидан қилгайсан, эй раҳмлиларнинг раҳмлироғи бўлган Зот!

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтганлар: «Мен сизларга қаро тундек фитналар келишидан қўрқаман, унда кишининг қалби ҳам бадани ўлганидек ўлади». Ё Аллоҳ! Нақадар оғир фитналар! Мен сизларга қаро тундек фитналар келишидан қўрқаман, унда кишининг қалби ҳам бадани ўлганидек ўлади!! Ҳа, Аллоҳга қасамки, ҳозирда қанча-қанча қалблар ўлиб кетмоқда, эгалари эса бехабар ва ғофил юришибди! Қалблар ўлмоқда, фитналар иймон нурини қалблардан тўсиб қўймоқда. Аллоҳ таоло айтганидек: «Йўқ, (ундоқ эмас)! Балки уларнинг дилларини ўзлари касб қилувчи бўлган гуноҳлари қоплаб олгандир!» (Мутоффифун: 14).

Фитналар қалбларга бўйра чўпларидек бирма-бир кўндаланг қилинади. Агар қалб фитнани шимиб олса, унда битта қора доғ ҳосил бўлади. Агар банда тавба қилмаса ва Аллоҳга қайтмаса, унинг қалби кейинги фитнани ҳам шимиб олади ва қалбдаги доғ яна ҳам катталашади. Агар шундан кейин ҳам Аллоҳга тавба қилмаса, учинчи фитна кўндаланг қилинади, уни ҳам шимиб олгач, қалбдаги доғ яна ҳам катталашиб, охир-оқибат қалбни бутунлай доғ қоплаб олади ва қалб қора қурумдек бўлиб, иймон нуридан бутунлай тўсилиб қолади. Абу Нуъайм ва Дайламий ривоят қилган, Албоний саҳиҳ санаган, Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Қалб борки, унинг ой юзини тўсувчи булутга ўхшаш бир булути бўлади. Ой нур сочиб турганда тўсатдан уни булут ўраб, қоронғилатиб қўяди. Булут очилгач, яна ёрита бошлайди» (Абу Нуъайм "Ҳилятул-авлия"да (2/196), Дайламий "Ал-фирдавс"да (4/6173) ривоят қилганлар, Албоний «Ас-силсилатус-саҳиҳа»да (2268) саҳиҳ санаган).

Қалб ҳам худди шундай, уни гуноҳлар доғи ўраб олганида, маъсият булутлари қоплаб олганида, бу қалин ва қора булутлар иймон нурини қалбдан тўсиб қўяди. Банда тавба қилса ва Аллоҳга қайтса, ҳалиги булут очилиб, қалбга иймон ёруғлиги қайтади.

Севикли дўстларим! Бугунча шу билан кифояланаман, иншооллоҳ, келгуси суҳбатларимизда Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳунинг фитналар ҳақидаги ҳадисига тўхталиш ниятимиз бор.

Шу сўзларни айтарканман, ўзим учун ва сизлар учун Аллоҳга кўпдан-кўп истиғфорлар айтаман.

Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.

 

7.01.13