Жума 26 Апрель 2024 | 17 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Рамазони каримни қучишдан олдин

4208 марта кўрилган

Мана Ислом Уммати муборак Рамазон ойи келишини интиқлик билан кутмоқда. Сиз ҳам эй ёш-навқирон биродарим мана шу умматдан бирисиз. Рамазон ойининг кириб келиши мени кўп ўйга солди. Ички бир ҳис мени Рамазон билан табриклаш, бу улуғ ой билан муборакбод этишга ундади. Бироқ кўнглимда кўп орзулар кезиб юрарди, шу табрикни кимга, кишилардан қайси тоифага йўлласам экан дердим. Ўйлаб туриб умид ёшларда эканига инондим. Аллоҳ таолодан кейин улар зафарга эришишда ўз умматларига кўмакчидирлар.

Мен ушбу рисоламни ёш дўстларим билан менинг ўртамда садоқат гарови бўлишини умид этиб ёздим. Шунинг учун рисоладаги мурожаатларимда кўп орзуларим умматнинг мана шу тоифасига қаратилди ва ушбу нидоларим юзага чиқди:

Навқирон биродарим, ушбу илк танишувда сиз билан йўлак четида ёки тўп ўйин майдонида ёҳуд интернет кафеси-ю биллиардхоналарда учрашишга мажбур бўляпман. Токи Рамазон ойи ташрифи муносабати билан дилимда кечган, бутун туйғуларимда яшаган сизнинг улуғ шахсингизга бўлган муҳаббат шуурларимни ўзингизга баён этишим учун вақтингиздан озгина берасиз, ажратасиз деган умиддаман. Сиз гапимни эшитаркансиз ё сўзларимни ўқиркансиз умид қиламанки ҳадафли сўз эшиги орқали мулоқтингизга мени етаклаган нарса фақат муҳаббат туйғуларигина эканлиги илғагайсиз.

Навқирон биродарим, эҳтимол шу кунларда муборак ойларининг истиқболига ошиқ бўлганларнинг ҳиргойиси қулоғингизга кўп чалингандир. Эҳтимол кўпчилик мусулмонлар лабларидаги табассумни ва бу улуғ меҳмон истиқболига бўлган шодиёна тайёргарликни ўз кўзингиз билан кўргандирсиз.

Сиз нима учун бу ҳиргойи? Бу табассумларнинг асл сабаби нима? Бу ой оламида нима янгилик нарса борки бунчалик тайёргарлик кўрилса? деб сўрарсиз.

Сизнинг ҳаққингизданки мен сизга ушбу сўзларни айтсам:

Ҳақиқатан Рамазон ўз хусусиятига эга бир ойдир, ўз фазлига молик вақтдир. Ўз қадру қиммати бор бир замондир. Бу ой тўғрисида озгина фикр қилсангиз эди — Аллоҳ сизни Ўз ҳифзу-ҳимоясига олсин — Рамазон сирларидан баъзиси олам-олам қувонч, шодликка элтишини идрок этардингиз.

Навқирон биродарим, Рамазон келди. Энди ўтган Рамазон билан бу Рамазон ўртасида бир фикр юритиб кўринг. Қанча қанча қавм бу дунёдан кетдилар. Кунларни бирга ўтказган қанча қанча биродарлар охират оламига кетдилар. Бугун улар қабрда гаров ва зулмат асирларидир. Азиз биродарим, нақадар муносиб ишки ана шундай кетишдан олдин ўзингизни текшириб, эътибор берсангиз. Чунки вақт бизга кўрсатдики ана ўшалар кўп орзулар билан яшардилар. Кўп истакларининг рўёбга чиқишига ҳаракат қилардилар. Шу орзулари ва истакларининг баъзисини ҳосил қилиш учун Рамазонни кутардилар. Бироқ ўлим уларга орзуларининг ушалишидан кўра тезроқ келди. Қазою қадар уларга кутилмаганда ҳужум қилди. Реҳлат тўсатдан бўлди.

Барчалари ўз жойларига жойлашдилар. Баъзилари хурсанд, шод. Улар учун жаннатга эшик очилган, жаннатда барча орзу қилган нарсаларини кўриб дедилар: "Илоҳо, қиёматни тезлат!" Бошқалари эса қабр уларга торайиб, қовурғалари бир-бирига кириб кетган, энг ёмон ҳамсуҳбат ёнида яшар. Жасадига осилган илон, чаёнлар манзарасини ўз кўзи билан кўриб, дер: "Илоҳо, қиёмат бўлмасин!"

Навқирон биродарим, юқорида мен зикр қилиб ўтган кишилар дунёдан кетдилар. Аҳлу қариндошлари уларни эсдан чиқарди.

Яна кимларгадир ўша Рамазон келди, улар даҳшатли автоҳалокатларга учраганлар. Улар оқ каравотларда михланиб ётганча кун ўтказганлар. Йиллаб қуёш ва ойни кўрмайдилар. Кеча ва кундузни билмайдилар. Бу йилги рамазон уларга ярани янгиланиши, кўз ёшининг қалқиши ҳамда аччиқ ҳасратдан ўзга нимани олиб келди.

Сиз эса энг кучга тўлган, яшнаган чоғиздасиз.

Айтингчи, сиз бу неъматлар соясида, бунга ўхшаш марҳаматлар муқобилида нима қилмоқчисиз?

Бу йилги Рамазон, мусулмон ўлкаларда кўриниб турган қайғу ҳасратлар ва ашаддий зулмат қоплаган ҳолда кириб келмоқда.

Рамазон келди, ҳолбуки уруш мусулмон юртларда ёрдам берувчи тополмай кўзларида ёш тирқираётган етимни қолдириб кетган. Бу уруш боқувчисидан айрилиб кечаларни ой билан бирга уйқусиз ўтказаётган оилани ҳам қолдирганки, у егулик сўраб ё кийгулик излаб бутун мусулмонларга дардини айтиш учун тонг ёришини кутмоқда.

Сиз эса ўз юртингизда хотиржам, ҳаётингизда ором, барча шодликларингиз билан масрурсиз. Айтингчи, бу муборак ташриф билан сиз нима қилмоқчисиз?

Навқирон биродарим, маъсиятга журъат этиш, унга киришиш хотиманинг ёмон бўлиш сабабларидан биридир. — Аллоҳ сизни асрасин!

Ибнул Қоййим роҳимаҳуллоҳ буни баён этиб шундай дейди: "Гуноҳларнинг жазоларидан яна шуки, улар банда ўз нафсига энг муҳтож бўлган пайтда хиёнат қилади. У ерда бунданда хавфлироқ, аччиқроқ, қўрқинчлироқ нарса борки у ҳам бўлса банданинг қалби ва тили ўлим келиб, Аллоҳ ҳузурига кетаётган вақтда унга хиёнат қилишидир. Калимайи шаҳодатни айтиш имконсиз бўлган ҳолатларни кишилар кўп учратган, ўз кўзлари билан кўришган. Ҳатто улардан бирига "Ла илаҳа иллаллоҳ" де, дейилганда Оҳ! Оҳ! Буни айтолмайман!... деган экан. Яна бошқа бирига айтилганда: "Бу айтаётганинг менга фойда бермайди, мен қилмаган ҳеч бир гуноҳ қолмади" деб, калимайи шаҳодатни айта олмай ўлиб кетган. Бошқасига "Ла илаҳа иллаллоҳ" де, дейилганда "Фойдаси йўқ, Аллоҳ учун бирор марта намоз ўқиганимни билмайман" деб, айтолмай ўлган. Гуноҳда давом этиш —Аллоҳ биз ва сизни асрасин— оқибати ачинарли бўлган бу каби аянчли ҳолатлар билан якунланади.

Кимки бу оқибатлардан ибрат олган бўлса ўз ҳолига боқиб фурсатни бой бермасдан нафсини муҳосаба қилади.

Қанчадан қанча гуноҳлар борки вақт ўтиши билан инсон уни ҳуш кўрадиган бўлиб қолади, унинг одатига айланади, унга боғланиб қолади. Ҳатто эртаю кеч унинг фикрига маҳкум бўлиб, хилватларда у билан гаплашади.

Ана шу ҳол зиёдалашиб, бутун ҳаётида шу билан танилиб қолганда, тўсатдан йўлда бир ҳодиса сабаб ўлим фожиаси бўлади. Бирдан у ўлим талвасасида ўзи боғланиб қолган шаҳватни такрор-такрор айта бошлайди ва шу ҳолатда то жон таслим қилгунча давом этади.

Бундай ютқизиқдан «Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиуун» деймиз.

Навқирон биродарим, Рамазон ўзи ҳақида айтилган буюк ҳадислар билан кириб келмоқда. Мана бу ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар? «Рамазон кирса Жаннат эшиклари очилади, Дўзах эшиклари бекилади, шайтонлар кишанланади.» Жаннат эшиклари очилган бу ойда биз учун нақадар муносиб иш унинг кундузини рўза тутиш билан ғанимат билиб фойдалансакки унинг фазли ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким Рамазонда иймон билан, Аллоҳдан ажр умид этиб рўза тутса ўтган гуноҳлари мағфират қилинади» ва Аллоҳнинг уйларида барча мусулмонлар билан кечалари қиёмул-лайл қилиб фойдалансакки унинг фазли ҳақида ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким Рамазонда иймон билан, Аллоҳдан ажр умид этиб қиёмул-лайл қилса ўтган гуноҳлари мағфират қилинади.»

Агар йўқ, ундоқмас, маъсиятга ҳарис бўлсангиз, тоатдаги камчиликда муқим турсангиз, у ҳолда сиз билан ҳидоят ўртасини тўсиб қўйилишидан қўрқаман ва бу вақтда сиз жуда катта зиён кўрасиз.

О, кошки тоат замонлари ўтиб кетишдан олдин ғафлатидан уйғонадиган кишини билсам! Чунки фойданинг ҳам тижоратнинг ҳам ўз кунлари, ўз вақтлари бор.

Ҳақиқий зиёнкор фазилатларни қўлдан бериб Аллоҳга қуруқ орзулар қилган кимсадир. Эҳтиёт бўлинг! Эҳтиёт бўлинг!

Ва ниҳоят навқирон биродарим, ушбу рисолам сизнинг олдингизда, буни сизга йўллашга ундаган нарса фақат азиз шахсингизга бўлган тўлиб тошган муҳаббат туйғулари ва ушбу сатрлардан сўнг ўтган кунларингиздан яхшироқ бўлишингизга умидларни дилимда алангалатган орзугинадир.

Аллоҳ таоло сизни ҳифзу ҳимоясига олсин. Айбларингизни бекитсин. Сизнинг тавбангиз ва салоҳиятга қайтишингиз билан умматингиз кўзини қувонтирсин. Албатта У энг сахий сўралгувчидир.

Биродарингиз Мишъал ибн Абдулазиз Фаллоҳий

Мактубни Абул Фазл таржима қилди